Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:05

Халқаро янгиликлар

Хитойда 5,5 магнитудали зилзила рўй берди

Хитойнинг жануби-ғарбий минтақасида 5,5 магнитудали зилзила рўй берди.

Давлатга қарашли ахборот агентликлари хабарига кўра, Юннан вилоятида якшанба куни тушдан кейин рўй берган табиий офатда камида 30 одам жароҳат олган, 700 га яқин уй вайрон бўлган, 2500 уйга зарар етган.

Зилзила оқибатида талафот кўрилгани ҳақида маълум қилинмади.

Синхуа ахборот агентлиги хабарига кўра, зилзила эпимаркази тўққиз километр ер остида бўлган.

Табиий офатдан камида 55 минг одам зарар кўрган.

Бошпанасиз қолган аҳолига ҳукумат томонидан чодирлар, иссиқ кийимлар ва бошқа ёрдам тарқатилган.

Карзай икки афғон бола ўлган НАТО ҳужумини қоралади

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай етти ёшга тўлмаган икки афғон боласи толиблар жанггариси деб янглиш ўлдирилган НАТО вертолёти ҳужумни кескин қоралади.

Урузгон вилояти жанубидаги ҳужум пайшанба куни болалар мол боқиб, ўтин териб юрган пайтда уюштирилган.

НАТО етакчилигидаги Халқаро тинчликпарвар кучлар фожиа масъулиятини “тўлиқ ўз зиммасига олди”.

Урузгон валоятига 1100 нафар аскар жойлаштирган Австралия ҳам воқеа учун узр сўради.

Ҳужумни Австралия вертолёти уюштирганми ёки АҚШ вертолёти, буниси ҳозирча маълум қилинмади.

НАТО Афғонистондаги жанговор қўшинларини келаси йил охиригача олиб чиқишни режалаган.

Туркманистон мактабларида ўқиш муддати икки йилга узайтирилди

Туркманистон Президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов мамлакат ўрта мактабларида таълим олиш муддатини 10 йилдан 12 йилга узайтириш ҳақидаги фармонга имзо чекди.

Бердимуҳаммедов 2013-2014 ўқув йилида амалга жорий қилинадиган янги тизимдан кўзланган мақсад технологик “Know-how” ва “кенг дунёқараш”га эга бўлган битирувчилар етиштириш эканини айтди.

Янги тартибга мувофиқ олти ёшга тўлган туркманистонлик болалар бошланғич мактабда тўрт йил, ўрта мактабда олти йил ўқийди ва танланган фанлар бўйича икки йил таълим олади.

Туркманистоннинг марҳум президенти Сапармурод Ниёзов даврида болалар мактабга тўққиз ёшдан борар эди.

Ци Жинпинг Хитой коммунистларини коррупцияга қарши курашишга чақирди

Хитой раҳбари лавозимини эгаллаши кутилаётган Ци Жинпинг.
Хитой раҳбари лавозимини эгаллаши кутилаётган Ци Жинпинг мамлакатни бошқараётган Коммунистик партияни сақлаб қолиш учун расмийларини коррупцияга қарши курашишга чақирди.

Якшанба куни эълон қилинган баёнотида Ци агар партия аъзолари исрофгарчилик ва порахўрликка қарши кўпроқ чора кўрмаса, саккиз йилдан кейин партиянинг 100 йиллик юбилейи нишонланмаслиги мумкинлигини айтган.

Ўтган йил ноябр ойида Коммунистик партия Бош котиби этиб тайинланган Ци Жинпинг 5 март куни бошланадиган партия қурултойида Хитой раҳбари Ху Цзинтаонинг ўрнини эгаллаши кутилмоқда.

Цининг иккинчи беш йиллик раҳбарлик муддати тугаши арафасида 2021 йилда Хитой Коммунистик партияси ташкил этилганининг 100 йиллик юбилейи нишонланади.

АҚШ Давлат котиби Миср раҳбарлари билан учрашмоқда

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри Мисрга ташрифини тугатмоқда.

Миср раҳбарлари билан музокара чоғида Керрининг сиёсий барқарорликни таъминлаш ва ислоҳотлар ўтказишга чақириши кутилмоқда.

3 март куни Жон Керри Миср Президенти Муҳаммад Мурсий ва ҳарбий қўмондонлар билан сўзлашув олиб бориши режаланган.

Шанба куни Давлат котиби Ташқи ишлар ва сиёсий мухолифат аъзолари билан учрашди.

Жон Керри агар Миср сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор бўлишни хоҳласа, Мурсийнинг исломчилар етакчилигидаги ҳукумати сиёсий рақиблари билан келишмовчиликни ҳал қилиши кераклигини урғулади.

АҚШ Давлат котиби Мисрдан сўнг Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатарга сафар қилади.

Сурия президенти Британияни танқид қилди

Сурия Президенти Башар Ал-Ассад .
Сурия Президенти Башар Ал-Ассад Британиянинг Сурия можаросига аралашувини “соддалик” деб танқид қилди.

The Sunday Times газетасига интервю берган Ал-Ассад Британияни “юзаки ва ғўр” давлат дея бахолади.

Британия Ғарбий Европа, АҚШ ва қатор араб давлатлари сингари Сурияда янги ҳукумат тузишда президент Ал-Ассад иштирок этишини рад қилган Сурия мухолифатини дастаклаган.

Айни пайтда Британия Сурия мухолифатига қуроллар етказиб бериш ҳақидаги Европанинг чеклови бекор қилинишини қўллаб-қувватламоқда.

Бироқ ўтган ой Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари қуроллар ўрнига Сурия мухолифатига гуманитар ва “техник ёрдам”ни кўпайтиришга келишиб олдилар.

Арманистонда президентликка собиқ номзод тарафдорлари намойиш ўтказди

Арманистон президентлигига собиқ номзод Раффи Ованнисян.
Арманистон президенти лавозимига собиқ номзод Раффи Ованнисян тарафдорлари 18 феврал кунги сайловларда ўз лидерлари ғалаба қозонганини эълон қилиш мақсадида Ереван марказида намойиш ўтказди.

Озодликнинг арман хизмати хабарига кўра, кечаги намойишга бир неча минг одам йиғилган.

Арманистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, мухолифатдаги “Мерос” партияси лидери Ованнисян амалдаги давлат раҳбари Серж Саргсяннинг ғалабаси ҳалол йўл билан қўлга киритилмаганини иддао қилиб, уни истеъфога кетишга чақирган.

Расмий маълумотларга кўра, Саргсян сайловларда 58 фоиз овоз олган. 37 фоиз овоз йиққан Ованнисян эса иккинчи ўринни эгаллаган.

Бу орада Amnesty International халқаро ташкилоти Арманистон расмийларини президентлик сайлови чоғида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича барча ҳолатларни текширишга чақирди.

Аввалроқ халқаро кузатувчилар Арманистонда сайлов бўйича муайян даражада олға силжиш борлигини қайд этгандилар.

Мисрдаги тўқнашувда бир намойишчи ҳалок бўлди

Шанба куни Мисрда намойишчилар яна полиция билан тўқнашди.

Мансура шаҳрида полициячиларга ҳужум уриниши чоғида бир киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам яраланди.

Порт-Саид шаҳрида эса намойишчилар полиция участкасини ёқиб юборди.

Мисрдаги норозилик намойишлари иқтидордаги исломий ҳукумат сиёсатига қарши ўтказилмоқда.

Кеча Қоҳирага АҚШ Давлат котиби Жон Керри етиб келди. Унинг ўзаро зидлашаётган икки томонни иқтисодий ислоҳотлар масаласи бўйича муросага келишга чақириши кутилмоқда. Бу муроса Мисрнинг Халқаро валюта жамғармасидан тақрибан беш миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам олиши учун зарур.

НАТО Афғонистонда икки ўсмир англашилмовчилик боис ўлдирилганини айтмоқда

Афғонистондаги халқаро кучлар вакиллари 28 феврал куни Урузғон вилоятида ўтказилган амалиёт чоғида икки бола тасодифан ўлдирилганини билдирди.

НАТО маълумотларига кўра, ҳарбийлар ўсмирларни жанггари деб ўйлаб, уларни отиб қўйганлар.

Америкалик генерал Жозеф Данфорд нобуд бўлган болаларнинг оилаларига таъзия изҳор қилди.

Аввалроқ содир бўлган бу воқеа ҳақида Урузғон шимолида жойлашган австралиялик ҳарбийлар қўмондонлиги маълум қилганди.

Жанггариларга қарши амалиётлар чоғида тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар сони ошиб бораётгани туфайли Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ва коалиция кучлари ўртасидаги муносабат мунтазам равишда кескинлашиб бормоқда.

Португалияликлар ҳукумат жорий этган солиқларга қарши намойиш ўтказди

Шанба куни Португалия шаҳарлари кўчаларига юз минглаб одам ҳукумат истеъфосини талаб қилиб чиқди.

Намойишчилар ҳукумат қўллаётган кескин тежаш чораларига қарши норозилик билдирдилар.

Маълумотларга кўра, биргина пойтахт Лиссабондаги намойишга 200 минг одам йиғилган.

Намойишлар мамлакат тарихида энг юқори солиқлар жорий қилинганига жавобан ўтказилди.

Бюджетдаги танқисликни камайтириш бўйича чоралар кўриш Португалиянинг халқаро молиявий ёрдам олишидаги асосий шарт бўлиб ҳисобланади.

Михаил Горбачёв бугун 82 ёшга тўлди

Собиқ Совет Иттифоқининг биринчи ва оҳирги президенти, қайта қуриш ва ошкоралик меъмори Михаил Горбачёв бугун 82 ёшга тўлди.

Россия президенти Владимир Путин бугун Горбачёвни туғилган куни билан қутлар экан, замонавий рус жамиятини барпо этишда қўшган ҳиссаси учун унга миннатдорчилик билдирди.

Кузатувчилар, 20-асрнинг тарихий воқеалари - совуқ урушнинг тугаши, темир парданинг олиб ташланиши ҳамда Афғонистондан Совет қўшинларининг олиб чиқилишида Горбачёв хизмати борлигини урғулашади.

Москвада болалар ҳимоясига марш ўтказилди

Бугун Москвада болалар ҳимоясига ўтказилган маршда 12 минг одам қатнашди.

Марш қатнашчилари россиялик болаларнинг хорижликлар тарафидан асраб олинишига қарши эканликларини билдиришди.

Улар қўлларига “Кирил биз сен билан” деган ёзувли боғич боғлаб юриш қилдирлар. Кирил Шатто бир ой аввал Техасда вафот этган Макс Шаттонинг укасидир.

Феврал ойи оҳирларида АҚШнинг Техас штатидаги Гардендейл шаҳрида Россиядан асраб олинган уч яшар Макс Шатто ўлими сабабларини ўрганган америкалик терговчилар бола бахтсиз ҳодиса туфайли ҳалок бўлган деган ҳулосага келганлар.

Россиялик айрим расмийлар эса асраб олинган бола “шавқатсизлик” қурбони бўлганини иддао этишмоқда ва уни асраб олган америкалик онаси Лора Шаттони “қотиллик”да айблашган.

Туғилганидаги исми Максим Кузмин бўлган Макс ва унинг икки яшар укаси Кирил Техаснинг Эктор округидаги Гардендейл шаҳрига уч ойча аввал келишган эди.

Улар ўтган йил кузида Россиянинг Псков вилоятидаги болалар уйидан америкалик Алан ва Лора Шаттолар тарафидан асраб олингандилар.

Ўтган йилнинг декабр ойида эса Россияда мамлакат болаларнинг АҚШ фуқаролари томонидан асраб олинишини тақиқловчи қонун қабул қилинди.

Макс Шатто бахтсиз ҳодиса натижасида ҳалок бўлган

Техасда россиялик асранди бола бахтсиз ҳодиса натижасида ҳалок бўлган.

Феврал ойи оҳирларида АҚШнинг Техас штатидаги Гардендейл шаҳрида Россиядан асраб олинган уч яшар Макс Шатто ўлими борасида америкалик терговчилар текширув ўтказиб шундай хулосага келганлар.

Россиялик айрим расмийлар асраб олинган бола “шавқатсизлик” қурбони бўлганини иддао этишган ва уни асраб олган америкалик онаси Лора Шаттони “қотиллик”да айблашганди.

Туғилганидаги исми Максим Кузмин бўлган Макс ва унинг икки яшар укаси Кирил Техаснинг Эктор округидаги Гардендейл шаҳрига уч ойча аввал келишган эди.

Улар ўтган йил кузида Россиянинг Псков вилоятидаги болалар уйидан америкалик Алан ва Лора Шаттолар тарафидан асраб олингандилар.

Ўтган йилнинг декабр ойида эса Россияда мамлакат болаларнинг АҚШ фуқаролари томонидан асраб олинишини тақиқловчи қонун қабул қилинди.

Чавесга кимёвий муолажа қилинмоқда

Венесуэла президенти оғир касал эканига қарамай ўзини анча тетик хис этмоқда. Бу ҳақда мамлакат вице-президенти Николас Мадуро маълум қилди.

Жаноб Мадуронинг таъкидича, ҳозир Чавесга кимёвий муолажа қилинмоқда.Ўз баёнотида Мадуро шунингдек, Чавеснинг аллақачон вафот этгани ҳақидаги миш-мишларни рад этди.

У хориждаги венесуэлалик мухолифатчиларни бўхтон тарқатиб, мамлакатдаги вазиятни издан чиқаришга уринаётганликда айблади.

Россия Сурияга қурол сотиш шартномасини бажармоқда

Россия Сурия билан аввал келишилган қурол етказиб бериш тўғрисидаги шартномаларни бажармоқда. Бу ҳақда Россия ҳарбий техник ҳамкорлик хизмати раҳбари Александр Фомин маълум қилди.

Унга кўра, Сурия АҚШ ва Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари томонидан қамал қилинаётгани боис қуролларнинг асосий қисми манзилига етиб бормаяпти, йўлда россиялик ҳарбийлар ва денгизчилар ҳибс қилинмоқда.

Жума куни Россия Ташқи ишлар вазири расмийси Александр Лукашевич “Сурия дўстлари”нинг Рим йиғинида қабул қилинган қарорни Москва экстремистларни ҳамда Сурияда ҳокимиятни зўравонлик билан босиб олишни қўллаб қувватлаш сифатида баҳолашини билдирган эди.

Европа ва бир қатор араб давлатларидан иборат бўлган “Сурия дўстлари" Сурия мухолифатига бериладиган ноҳарбий ва ҳарбий ёрдам миқдорини кўпайтириш ҳақида қарор қабул қилган. Йиғинда, шунингдек, Сурия президенти Башар Асадга қурол етказиб бериш қораланган эди.

Обама тежамкорлик жараёни осон бўлмаслигидан огоҳлантирди

АҚШ президенти Барак Обама 1 мартдан кучга кирган федерал бюджет маблағларини тежаш дастури жуда оғриқли кечиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Обама жума куни Конгресс лидерлари билан тежамкорлик дастури оқибатларини муҳокама қилди. Дастурга биноан жорий йилнинг 1 октябригача 85 миллиард доллар тежаб қолиниши шарт. Бунинг учун эса барча давлат ташкилотлари бюджети 5 фоизга, Пентагон бюджети эса 8 фоизга қисқартирилиши керак бўлади.

Тежамкорлик дастури демократлар ҳукумати ва Конгрессдаги республикачи кўпчилик 11 триллион 700 миллард долларлик бюджет камомадини қисқартириш йўллари борасида келиша олмагани туфайли амалга киритилди.

Россия Қирғизистонга ҳарбий ёрдам рўйхатини ўрганмоқда

Россия Қирғизистонга ёрдам сифатида бериладиган ҳарбий-техника рўйхатини аниқламоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши маълумот берди.

Хабарда айтилишича, Қирғизистон томони ҳарбий ёрдам сўраб тузилган рўйхатни Россияга жўнатган.

Россиядаги “Новости” агентлигининг Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Бусурманкул Табалдиевга таяниб хабар беришича, расмий Бишкек Кремлдан артилерия, танк каби оғир ҳарбий техника берилишини илтимос қилган.

Россия Қирғизистонга ҳарбий ёрдам кўрсатиши ҳақида ўтган йилнинг сентябр ойида президент Владимир Путиннинг Бишкекка расмий сафари чоғида келишилган эди.

Тожикистон ХСТга аъзо бўлди

Тожикстон расман Халқаро Савдо ташкилоти аъзоси мақомига эга бўлди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 12 йиллик сўзлашувлардан сўнг Тожикистон ниҳоят кутилган натижага эришган ва ташкилот аъзолигага қабул қилинган.

Халқаро савдо ташкилоти Тожикистонни аъзоликка қабул қилиш ҳақида ўтган йилнинг декабр ойида қарор қабул қилган. Мазкур қарорда Тожикистоннинг Халқаро савдо ташкилотидаги расмий аъзолиги 2013 йилнинг 2 мартидан бошланиши белгиланган эди.

Тожикистон Халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлган 159-давлат ҳисобланади.

Жон Керри Ражаб Тоййиб Эрдўғонга эътироз билдирмоқчи

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
Исми келтирилмаган АҚШ мулозимига кўра, давлат котиби Жон Керри Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг сионизм “инсониятга қарши жиноят” деган фикрлари юзасидан хавотир билдириш ниятида.

Керрини Римдан Анқарага олиб кетаётган самолёт бортидан гапирган мулозим Эрдўғоннинг баёнотини “ўта ҳақоратли”, дея атаган.

Эрдўғон чоршанба куни Венада БМТ томонидан ўтказилган халқаро анжуманда чиқиш қилиб, исломофобия “худди сионизм, антисемитизм ва фашизм каби” инсониятга қарши жиноят, деб кўрилиши лозим, дея таъкидлади.

Пайшанба куни бунга муносабат билдирган Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяҳу Эрдўғоннинг баёнотини “жоҳил ва ёлғон”, дея атади.

Оқ уй Эрдўғоннинг сўзларини қоралаб, баёнот эълон қилди.

Туркия бир пайтлар мусулмон давлатлар орасида Исроилнинг ягоан иттифоқчиси саналган, лекин кейинги йилларда муносабатлар совуқлашган.

АҚШ жиддий молиявий муаммога юзма-юз келди

Бугун Қўшма Шталар давлат бюджети 85 миллиард долларга қисқартирилишини кўзда тутадиган қонун кучга кириши мумкин. Лекин президент Барака Обама мазкур қонунни имзолаш олдини олиш учун сўнгги дақиқагача кутишга қарор қилди.

Оқ уй маъмурияти ва Конгрессдаги Республикачилар партияси вакиллари ўртасида АҚШнинг 11,7 триллион долларга тенг қарзи юзасидан муросага эришилмагани боис, секвестр деб аталадиган жараён ҳаракатга келтирилиши эҳтимоли юқори бўлиб қолмоқда.

Бюджет қисқартируви икки йил аввал қабул қилинган қонун шартларидан биридир ва демократлар ва республикачилар бу масалада муросага эриша олмаса, жиддий оқибатлари бўлиши мумкин.

Секвестр 1 март билан 1 октябр оралиғида мамлакатдаги идоралар бюджети 5 фоиз АҚШ Мудофаа вазирлиги бюджети 8 фоизга қисқартирилишини назарда тутади.

Оқ уй матбуот вакили Жэй Карни президент Барак Обама бу қонунни сўнгги дақиқагача, яъни Вашингтон вақти билан соат 23:59 дақиқа 59 сониягача имзоламасликка қарор қилганини маълум қилди.

Мадуро: Уго Чавес ҳаёти учун курашмоқда

Кубада бир неча ой давомида саратон хасталигидан даволанган президент Уго Чавес ўтган ойда Венесуэлага қайтариб олиб келинди.
Венесуэла Президенти Уго Чавес "ҳаёти учун курашмоқда". Бу ҳақда мамлакат вице-президенти Николас Мадуро маълум қилди.

Пайшанба куни давлат телевидениесида чиқиш қилган Жаноб Мадурога кўра, Чавеснинг аҳволи "ниҳоятда оғир". Кубада бир неча ой давомида саратон хасталигидан даволанган президент Уго Чавес ўтган ойда Венесуэлага қайтариб олиб келинди.

У декабр ойидан буён жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ. Янги йилдан сўнг жаноб Чавес саломатлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди.

Венесуэла расмийларига кўра, жарроҳлик амалиётидан кейин Уго Чавес аҳволи оғирлашишига ўткир ўпка инфекцияси сабаб бўлган.

Чавес ўтган йилнинг октябрида президент иккинчи муддатга президент этиб сайланган эди. Уни қасамёдга келтириш маросими январ ойига белгиланган, лекин соғлиғи туфайли қолдирилган эди.

Халқаро трибунал собиқ генерални оқлади

Ҳаага халқаро трибунали пайшанба куни Югаславия армияси бош штабининг собиқ бошлиғи генерал Момчило Перишични оқлади.

2011 йилда 68 ёшли Перишич Хорватия ва Боснияда 1993-1995 йилларда ҳарбий жиноятлар содир этганликда айбланиб, 27 йилга қамалган эди.

Трибуналнинг апелляция тузилмаси Перишич оғир жиноятлар содир этган Босния ва Хорватия серблари армиясига шахсан кўмак кўрсатгани ҳақида далиллар етарли эмаслигини эълон қилди. Перишич ҳам ўз айбига иқрор бўлган эмас.

Суд Момчило Перишични дарҳол қамоқдан озод қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Бағдоддаги портлашларда камида 22 одам ўлди

Бағдодда 28 феврал куни содир этилган портлашлар оқибатида камида 22 одам ўлгани ва ўнлаб одамлар яралангани айтилмоқда. Портлашлар асосан шиалар яшайдиган мавзеларда содир этилган.

Бағдод шимоли-ғарбида бўлган портлаш энг фожиали бўлгани айтилмоқда. Футбол майдонига яқин ердаги ресторан олдида иккита бомба портлаши оқибатида 15 одам ҳалок бўлган.

Портлашлар учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ.

Қирғизистонда олтин кони юзасидан жиноят иши очилди

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакатдаги энг йирик «Қумтор» олтин конида коррупция билан боғлиқ иш очди.

"Тазабек" ахборот агентлигининг билдиришича, мазкур конда 1992-2009 йиллари ишлаган ширкатлар билан шартнома имзолаган амалдорлар коррупцияда гумон қилинмоқда. Тахминий айбдорлар рўйхатида собиқ президентлар Аскар Акаев ва Қурманбек Бакиев ҳам бор.

Reuters маълумотида айтилишича, “Қумтор” Қирғизистон ялпи ички маҳсулотининг 12 фоизи ва экспортининг 50 фоизини таъминлайди.

Миллионер Тито Марсга учадиган сайёҳлар учун пул тўламоқчи

Америкалик мулти-миллионер Денис Тито Марсга учириладиган илк сайёҳлар жуфтлиги учун пул тўлашга розилигини билдирди.

72 яшар миллионернинг ўзи 2001 йилда 20 миллион АҚШ доллари тўлаб, фазога учган ҳамда ер юзидаги биринчи фазогир сайёҳ бўлган эди.

Эндиликда у келажак авлодларни фазо сайёҳлигига ундаш учун Марсга илк сайёҳлар парвозига кетадиган ҳаражатни зиммасига олганини айтмоқда.

Унинг режасига кўра, 2018 йилга бориб Марсга йўлланадиган кемада бир аёл ва эркак сайёҳ 501 кунлик саёҳатга йўл олади. Миллионер бунда бир-бири билан яхши яшаган оилавий жуфтлик танланишини афзал кўрмоқда.

Сайёҳлар Марсга учиб боради, аммо қизил сайёрага қўнмасдан яна ортга қайтади.

Ҳозирча Тито бу парвоз учун қанча маблағ сарфланишини айтгани йўқ. Аммо экспертлар тахминича, бу ерда гап 1 ярим миллиарддан 2 миллиард АҚШ долларигача бўлган ҳаражат ҳақида бормоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG