Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 17:08

Халқаро янгиликлар

БМТ: Ўтган ой Ироқда мингдан зиёд одам ҳалок бўлган

БМТ маълумотларига кўра, май ойи Ироқда 2008 йилдан буёнги энг қонли ой бўлган.

Ўтган ой Ироқда мингдан зиёд одам зўравонлик қурбони бўлган. Уларнинг ярмидан кўпи пойтахт Бағдодда ҳалок бўлган.

Қурбонларнинг кўпчилиги тинч аҳоли вакилларидир. БМТ бош котибининг Ироқдаги вакили Мартин Коблер Бағдод ҳукуматини мамлакатда қон тўкилишларга чек қўйиш учун зарурий чораларни кўришга чақирди.

Эрдўғон: Истанбул марказий боғини қайта таъмирлаш давом этади

Туркия бош вазири Режап Тайип Эрдўғон аҳоли норозилигига қарамай Истанбул марказидаги Гези боғини қайта таъмирлаш давом эттирилишини билдирди.

Аммо, Эрдўғон ҳукумат ҳали ҳам тарихий аҳамиятга эга боғда савдо маркази қуриш ниятидами, йўқми, бу ҳақда аниқ гап айтмади.

Жума куни маҳаллий парк ўрнига савдо маркази қуриш лойиҳасига қарши юздан зиёд намойишчи Таксим майдонига чиққан, полиция уларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаганди.

Жаноб Эрдўғонга кўра, шаҳар марказида тартиб тўлалигича сақлангунга қадар полиция у ерда қолажагини билдирди.

Халқаро Амнистия ташкилоти Туркияда намойишчиларга қарши куч қўлланилганини қоралаб чиқди.

Покистонда янги парламент қасамёдга келтирилди

Покистон Миллий Ассамблеяси депутатлари лавозимларига киришишлари учун бугун қасамёд қабул қилдилар.

Покистон тарихида илк бор фуқаролардан иборат ҳукумат ўз муддатини тўлиқ до этиб, ҳокимиятни сайланган фуқаролик ҳукуматига топширди.

11 май кунги сайловда ғолиб чиққан Покистон мусулмонлар лигаси келаси ҳафта бош вазир Навоз Шариф етакчилигидаги янги ҳукуматни тузишга киришади.

Истанбулда полиция ва намойишчилар тўқнашди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида полиция ва намойишчилар ўртасида бугун яна тўқнашув рўй берди.

Турк полицияси Таксим майдонига йиғилган намойишчиларни тарқатиб юбориш учун уларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланди.
Айрим намойишчилар эса полициячиларга тош отди.

Юзлаб одам икки кундан буён Истанбулнинг Гези боғида дарахтларнинг кесилиши ва савдо маркази қурилишига қарши Тақсим майдонида намойиш ўтказаётган эди.

Кейинчалик улар “ҳукумат истеъфога чиқсин”, деган сиёсий талабларни илгари сура бошлашди.

Намойишчилар 2002 йилдан буён иқтидорда қолаётган Ражаб Эрдўғон ҳукуматини яккаҳокимликни мустаҳкамлаб бораётганликда айблашяпти.

Ўшдаги муштлашувда бир киши нобуд бўлди

Ўш шаҳрида милиция одам ўлимига сабаб бўлган жанжал бўйича жиноий иш қўзғатиб, томонларни сўроқ қилмоқда. Бу борада Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси маълум қилади.

Айтилишича, шу йилнинг 30 май куни Ўш шаҳрининг Саидқосим Аҳмедов кўчасидаги хусусий машина устахонасида ўзбек миллатига мансуб уста ва қирғиз миллатига мансуб мижоз кўрсатилган хизмат ҳақи бўйича келиша олмай, ўзаро жанжаллашиб, муштлашиб кетишган.

Можаро пайтида уста Сардор Ориповнинг отаси Ҳотамжон ака ҳушини йўқотиб, Ўш шаҳар касалхонаси реанимация бўлимига олиб кетилган, бироқ ўзига келмай, оламдан ўтган.

Милиция ходимлари воқеа юзасидан Ўш шаҳрида яшовчи уч фуқарони қўлга олган. Уларга нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 104-моддаси (Кишига қасддан оғир тан жароҳати етказиш) бўйича жиноят иши очилган.

Ҳозирда оламдан ўтган 47 ёшли Ҳотамжон Ориповнинг ўлими сабаблари текширилмоқда.

Ўш милицияси мазкур воқеа маиший характерга эга эканини, унга миллий тус бериш учун асос йўқлигини айтмоқда.

Россияда тамакига қарши қонун кучга кирди

Бугундан эътиборан Россиянинг жамоатчилик жойлари, жумладан таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт муассасалари ҳамда жамоатчилик транспортида чекиш тақиқланади.

Корхоналарда бундан буён фақат махсус ажратилган жоойлардагина чекиш мумкин.

Шунингдек, янги қонун Россияда тамаки махсулотлари рекламасини ҳам тақиқлайди.

Қонунни бузувчилар 1500 рубллик жаримага тортилишлари мумкин.

Қирғиз бош вазири Жети-Ўғуз туманига ташриф буюрди

Қирғизистон бош вазири Жонтўра Сотиболдиев намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берган мамлакат шимолидаги Жети-Ўғуз туманига ташриф буюрди.

Ҳозир мазкур туманда фавқулодда холат эълон қилинган. Жума кунги тўқнашувлар пайти 50дан зиёд одам дароҳатланди, 80 одам тартибсизликларни келтириб чиқарганликда гумонланиб ҳибсга олинди.

Жети-Ўғуз туманида бир неча кундан бери чодир тикиб олган 1000га яқин киши "Қумтор" олтин кони бўйича Қирғизистон Канада ширкати билан имзолаган шартномадан норозилик билдириб, фойданинг каттароқ қисмига эгалик қилишга чақиришаётганди.

Намойишчилар билан учрашган бош вазир Сотиболдиев уларни эътирозлари ўрганиб чиқилишини ваъда қилди.

Бугун пойтахт Бишкек шаҳрида ҳам ўнлаб одам Жети-Ўғуздаги намойишчиларни қўллаб ҳукумат биноси қаршисида пикет ўтказди.

Германия аҳолиси бир ярим миллионга камайган

Германия статистика маркази жума куни аҳолини рўйхатга олиш бўйича ўтказилган сўров натижаларини эълон қилди.

2011 йилда ўтказилган сўровга кўра, ҳозир мамлаката 80 миллион 300 минг одам яшайди.

Бу эса хукумат тахмин қилганидан 1,5 миллионга камдир.

Аҳолини рўйҳатга олиш Германияда сўнгги бор 1990 йилда ўтказилган эди.

Оклахама штатида торнадодан беш одам нобуд бўлди

АҚШнинг Оклахама штатида кеча кечқурун минтақага ёпирлиган торнадодан беш киши ҳалок бўлди, элликдан зиёд одам жароҳат олди.

Ҳалок бўлганлар орасида бир ёш бола ҳам бор. Бир қанча одам бедарак кетган, деб ҳисобланмоқда.

Ҳозир штатда 60 минта уй электрсиз қолган. 20 май куни Оклахама штатининг Мур шаҳрида торнадодан 24 одам нобуд бўлган эди.

Истанбулда аксилҳукумат намойишлар давом этмоқда

Туркиянинг Истанбул шаҳрида аксилҳукумат намойишлари давом этяпти. Юзлаб одам бугун Босфор кўпригида норозилик юриши қилди.

Халқаро Амнистия ташкилоти турк полицияси намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўллаганини танқид қилиб чиқди.

Истанбул шаҳрида полиция Таксим майдонига йиғилган намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган. Оқибатда камида ўн одам жарохатланди, икки нафар намойишчи касалхонага ётқизилганди.

Юзлаб одам Истанбулнинг Гези боғида дарахтларнинг кесилиши ва савдо маркази қурилишига қарши Таксим майдонида тўрт кундан буён намойиш ўтказаётган эди.

Қирғиз-тожик чегарасида яна бир можаро рўй берди

Жума куни кечга яқин қирғиз-тожик чегарасидаги “”Оқсой” назорат пункти чегарачилари Тожикистоннинг Ворух қишлоғида яшовчи кишини Қирғизистон ҳудудидан ўтин олиб кетаётган пайтда ушлаганлар. Ворухлик киши чегара заставасига олиб кетилаётган пайтда у яқинларини ёрдамга чақирган ва пировардида икки ўртада муштлашув содир бўлган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилади.

Мазкур воқеадан сўнг Тожикистоннинг Хўжали қишлоғида яшовчи кишилар Оқсой-Исфара йўлини тўсиб, қирғизистонликларнинг автомашиналарини икки томонга ўтказмай қўйганлар. Айни пайтда оқсойликлар Ворух-Исфара йўлини тўсиб қўйганлар.

Боткен вилояти расмийлари бу ердаги вазият икки мамлакатнинг чегарачилари томонидан назорат қилинаётганини билдирган.

Шу йилнинг 27 апрел куни ҳам оқсойликлар ва ворухликлар ўртасида ўзаро низо чиққан. Бунга қирғизистонликлар томонидан Тожикистоннинг Ворух анклавини айланиб ўтувчи Оқсой-Тамдиқ йўлини қураётгани сабаб бўлганди. Тожикистон томони йўл чегаранинг баҳсли ҳудудида қурилаётганини иддао қилган.

Вашингтон ва Берлин Москвани Сурияга ракета етказиб беришдан огоҳлантирди

Россиянинг S-300 ракета комплекси.
АҚШ ва Германия Россияни президент Башар Ассад режимига ҳаво ҳужумига қарши мудофаанинг илғор системаларини етказиб беришдан, бу Суриядаги зиддиятни бартараф қилиш бўйича уринишларга зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Сурияга Россия S-300 ракета комплексларининг етказиб берилиши Вашингтон ва Москванинг бу мамлакатда ўзаро жанг олиб бораётган томонлар ўртасида тинч музокаралар ташкил этиш уринишларига зид келишини билдирди.

Керри бу баёнотни Вашингтонда Германия ташқи ишлар вазири Гидо Вестервелле билан жума кунги учрашувдан кейин берди.

Ўз навбатида, Вестервелле Ассад режимига ракета етказиб берилиши “мутлақо хато” бўлишини қайд этди.

Россия ва АҚШ яқин ҳафталар ичида Женевада Суриядаги зиддиятни бартараф қилиш бўйича тинч музокаралар уюштиришга уринмоқда.

НАТОга аъзо мамлакатлар Афғонистон бўйича саммит ўтказади

АҚШ президенти Барак Обама (ў) 31 май куни НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен (ч) билан учрашди.
НАТО мамлакатлари Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш масаласини муҳокама қилиш учун кейинги йилда саммит ўтказишни режаламоқда.

Жума куни Вашингтонда НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен билан учрашган АҚШ президенти Барак Обама ана шундай баёнот берди.

АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари 2014 йилда Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга ҳозирланмоқда.

2014 йилда ўтказилажак НАТО саммитининг санаси ва ўтказиладиган жойи ҳозирча маълум эмас.

Ушаков: Россия Сурияга қурол етказиш бўйича шартнома талабларини бажармоқда

Россия Сурияга қурол етказиш бўйича имзолаган шартнома шартларини бажармоқда, лекин Москванинг Дамашқ билан ҳарбий соҳада янги келишув имзолаш режаси йўқ.

Бу ҳақда Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

Аввалроқ, Россиянинг ҳарбий учоқлар ишлаб чиқарувчи МИГ корпорацияси бош директори Сергей Коротков Москвада Сурия делегацияси билан мазкур мамлакатга МИГ-29 қирувчи учоқларини етказиб бериш бўйича музокаралар бораётганини айтганди.

Кортоков Сурияга ўнлаб МИГ-29 ҳарбий учоқлари етказиш режаланганини ҳам қўшимча қилган.

Бир кун аввал Сурия президенти Башар ал–Ассад ўз давлати Россиянинг S300 русумли мудофаа ракеталарининг илк қисмини қабул қилиб олгани ва тез орада яна қўшимча қурол-аслаҳа келишини айтганди.

Турк полицияси намойишчиларга қарши кўздан ёш чиқарувчи газ қўллади

Туркиянинг Истанбул шаҳрида полиция шаҳар марказидаги Таксим майдонига йиғилган намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.

Оқибатда камида ўн одам жарохатланди, икки нафар намойишчи касалхонага ётқизилди.

Юзлаб одам Истанбулнинг Гези боғида дарахтларнинг кесилиши ва савдо маркази қурилишига қарши Таксим майдонида тўрт кундан буён намойиш ўтказаётган эди.

Қирғизистоннинг Жети-Ўғуз туманида фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Қирғизистоннинг Иссиқ кўл вилояти Жети- Ўғуз туманида рўй берган намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар ортидан фавқулодда ҳолат эълон қилинди.

Қириз расмийларига фавқулодда ҳолат 10 июнгача амалда бўлади. Хабарларга кўра, тумандаги тўқнашувлардан 55 одам, жумладан 13 милиционер жабр кўрган.

Озодлик мухбирига кўра, полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган.

Жети-Ўғуз туманида бир неча кундан бери чодир тикиб олган 1000га яқин киши "Қумтор" олтин кони бўйича Қирғизистон Канада ширкати билан имзолаган шартномадан норозилик билдириб, фойданинг каттароқ қисмига эгалик қилишга чақиришаётганди.

Обамага таҳдидли мактуб жўнатилди

АҚШ президенти Барак Обамага таҳдидли мактуб жўнатилган. Бу ҳақда пайшанба куни АҚШ махфий ҳизматлари маълум қилди.

Ичига шубҳали модда солинган мактуб текширув пайти аниқланган.

Аввал айни хилдаги мактуб Ню Йорк мэри Майкл Блумбергга ҳам жўнатилганди. Бу юзадан тергов олиб борилмоқда.

Тодашевнинг отаси ўғлининг ваҳшийларча ўлдирилганини иддао қилмоқда

Шу ой бошида Орландо шаҳрида тергов пайти АҚШ Федерал қидирув бюроси ходимлари тарафидан отиб ўлдирилган чеченистонлик Ибрагим Тодашевнинг отаси ўғли ваҳшийларча ўлдирилганини иддао қилмоқда.

Москвада ўтказилган матбуот анжумани пайти Абдулбаки Тодашев ўғлининг ўқ тешиб ўтган жасади фотосуратларини намойиш этди.

27 ёшли Тодашев 15 апрел куни Бостон марафони пайти содир этилган теракт бўйича сўроқ қилинаётганди.

АҚШ Федерал қидирув бюроси ходимларини Тодашевнинг Бостон портлашлари уюштирувчиларидан бири Тамерлан Царнаев билан алоқалари қизиқтираётган эди.

Хабарларга кўра, Тодашев Федерал қидирув бюроси ходимларига ташланган пайт отиб ўлдирилган.

АҚШда Саудия элчисига суиқасд қилмоқчи бўлган эронлик 25 йилга қамалди

Ню Йорк суди Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчисига суиқасд уюштирмоқчи бўлганликда айбланган Мансур Арбабсиарни 25 йилга қамоқ жазосига ҳукм этди.

АҚШ ва Эрон фуқароси бўлган Арбабсиар ўтган йили унга нисбатан қўйилган айбловларни бўйнига олган эди.

Тергов маълумотларига кўра, 58 ёшли эронлик эмигрант 2011 йили Саудия Арабистони элчиси Адел ал-Жубайрга нисбатан суиқасд уюштирмоқчи бўлган, бироқ АҚШ махфий хизматлари тарафидан ҳибсга олинган.

АҚШ расмийлари элчига нисбатан режалаштирилган суиқасд Эрон махфий хизматлари ёрдамида тайёрланганини айтишмоқда.

Мансур Арбабсиар ҳимояси унинг руҳий касал эканини иддао қилиб, унга нисбатан 10 йилдан ошмаган қамоқ жазосини тайинлашни сўраган эди.

Қумтор муаммоси: Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси фавқулодда йиғин ўтказди

Қирғизистон вазилар маҳкамаси мамлакатдаги энг катта олтин конига олиб борадиган йўл намойишчилар тарафидан тўсиб қўйилгани юзасидан фавқулодда сессия ўтказди.

Сўнгги хабарларга кўра, намойишчилар пайшанба куни Канаданинг Centerra Gold ширкати тарафидан ишлатилувчи Қумтор конини электр таъминотидан узиб қўйишган.

Юзлаб намойишчи Канада ширкатининг атроф муҳитга зарар етказаётгани ва мамлакатга кам солиқ тўлаётганини иддао қилиб, Қумтор конини миллийлаштириш кераклигини талаб қилмоқда.

Вазирлар маҳкамаси йиғинидан сўнг Қирғизистон ҳукумати намойишчиларни мамлакатдаги “барқарорликни қўллаш”га ва чет эллик сармоядорларни чўчитмасликка чақирди.

Қумтор кони электр таъминотидан узилиши натижасида атрофдаги бир нечта қишлоқлар ҳам электрсиз қолган.

Centerra Gold ширкати баёнотида электр таъминотининг узилиши ва конга элтувчи ягона йўлнинг тўсиб қўйилиши салбий “молиявий оқибатларга” олиб келишини билдирди.

Қизил Хоч халқаро қўмитаси Афғонистондаги ишини вақтинча тўхтатди

Қизил Хоч халқаро қўмитаси ташкилоти Афғонистон бўйлаб барча амалиётларини вақтинча тўхтатаётганини эълон қилди.

Ташкилот матбуот котибининг Озодлик радиоснинг Афғон хизматига билдиришича, ташкилотнинг Жалолобод шаҳридаги ваколотхонаси ҳужумга учраганидан сўнг бундай қарор қабул қилинган.

Чоршанба куни қуролланган икки киши тарафидан уюштирилган ҳужум натижасида ваколатхона соқчиси ҳалок бўлган. Икки соатгача давом этган отишмада иккала ҳужумчи ҳам ўлдирилган.

Қизил Хоч халқаро қўмитасининг Афғонистондаги амалиётлари қанча вақтга тўхтатилгани аниқ эмас.

Ташкилот матубот котибига кўра, Қизил Хоч қўмитаси ҳужум ортида кимлар турганини аниқлаш учун ҳукумат ва жангарилар билан музокаралар олиб боради.

France-Presse ахборот агентлигига кўра, Афғонистонда 1987 йилдан бери фаолият юритиб келаётган Қизил Хоч халқаро қўмитаси ушбу мамлакатда илк бор ҳужумга учрамоқда.

Қўмита Афғонистон бўйлаб қарийб 1800 нафар ходимга эга. Улардан 36 нафари Жалолобод шаҳридаги ҳужумга учраган ваколатхонада иш юритади.

Башар Ассад фуқаролар урушида ғолиб чиқишига ишонади

Сурия президенти Башар Ассад мамлакатда икки йилдан бери давом этаётган фуқаролар урушида ҳукумат кучлари ғолиб бўлишига ишонишини айтди.

Пайшанба кун Ливаннинг Ал-Манар телевидениесига берган интервюсида президент Ассад Исроилнинг келажакда Сурияга нисбатан амалга ошириши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаво ҳужуми жавобсиз колмаслигини ҳам таъкидлаб ўтди.

Башар Ассадга кўра, Россия келшилган шартномаларга асосан ҳарбий техниканинг бир қисмини аллақачон Сурияга олиб келган. Бироқ президент қандай турдаги техника олиб келинганини очиқламади.

Пайшанба кунги интервюда президент Ассад расмий Дамашқ Женевада уюштирилаётган тинчлик конференциясида қатнашишга “принципда рози” эканини такрорлаб ўтди.

Айни дамда Туркияда йиғин ўтказаётган Сурия Миллий Коалицияси мухолиф гуруҳи мамлакатда қон тўкилиши давом этар экан ушбу конференцияда қатнашишдан бош торишини маълум қилди.

Сочи олимпиадаси қурилишларида миллиардлаб доллар ўғирлангани иддао қилинди

Борис Немцов (ч) ва Леонид Мартинюк.
“Сочи Олимпиадаси объектлари қурилишида ўғриликлар кўлами 25-30 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади”.

Бу рақам пайшанба куни Москвада тақдим қилинган “Субтропикларда қишки олимпиада” номли ҳисоботда келтирилган.

Мазкур ҳисоботни Россия мухолифати лидерларидан бири Борис Немцов ва “Солидарность” ҳаракати аъзоси Леонид Мартинюк билан тайёрлаган.

Немцовга кўра, Сочи олимпиадаси аллақачон сарфланган бюджет маблағи бўйича рекорд ўрнатган.

Спорт мусобақаларини ташкиллаштириш учун аввал эълон қилинган 12 миллиард долларлик бюджет шу кунгача тўрт марта кўпайган.

Ҳисоботда Россия мухолифати етакчилари энг йирик шартномалар президент Владимир Путинниг дўстларига тегишли бўлган ширкатларга тендерсиз берилганини иддао қилган.

Покистонлик толиблар қўмондонига янги ўринбосар сайланди

Покистонлик толиблар қўмондонининг янги сайланган ўринбосари Хон Саид.
Покистонлик толиблар ўз етакчилари ўринбосари Вали Раҳмон Масъуд ўрнига янги қўмондон сайлади.

Раҳмон Масъуд АҚШнинг пилотсиз учқичи чоршанба куни Шимолий Вазиристон вилоятида амалга оширган ҳаво ҳужумида нобуд бўлган эди.

Толиблар сафидаги манба пайшанба куни Озодлик радиоси Покистон хизматига Таҳрики Толибон Покистон номи билан танилган покистонлик толиблар Раҳмонни дафн қилган.

Маросимдан кейин Хон Саид гуруҳнинг иккинчи юқори лавозимли раҳбари этиб сайлаган. “Сажна” лақаби билан танилган Хон Саид анча вақтдан бери Раҳмонниг ўринбосари бўлиб ишлаган.

38 яшар Саид 2011 йилда Покистоннинг Карачи портида амалга оширлган ҳужумга алоқадор экани айтилади.

Шунингдек, Саиднинг 2012 йилда Банну шаҳридаги қамоқхонадан 400 нафар маҳбус қочиб кетишига алоқаси бўлгани тахмин қилинган.

Қирғизистонда намойишчилар Қумтор кони йўлини тўсиб қўйди

Қумтор олтин кони.
Қирғизистондаги олтин қазиб чиқарадиган энг йирик Қумтор конга олиб борадиган йўл тўсиб қўйилди.

Қирғизистондаги Тоғ-металлургия касаба иттифоқи марказий қўмитаси раиси Элдор Тожибоев конга олиб борадиган асосий йўл очилмаса, кон фаолиятини бир неча кунгина давом эттириши мумкинлигини айтди.

Пайшанба куни Тожибоев кондаги озиқ-овқат ва ёнилғи атиги олти кунга етиши мумкинлигини урғулади.

Юзлаб намойишчи кон атроф-муҳитга зарар етказганини иддао қилиб товон пули тўлаш талаби билан сешанба кунидан бери йўлни тўсиб қўйган.

Намойишчиларга қўшилган мухолифат сиёсатчилари ва фаоллар Бош қароргоҳи Канадада жойлашган Centerra Gold ширкатидан атроф-муҳитга зарар етказмайдиган инфратузилма ва маҳаллий аҳоли учун тиббий муассасалар қуриб беришни талаб қилмоқда.

Феврал ойида Қирғизистон парламенти ҳукуматга Қумтор кони бўйича 2009 йилда имзоланган шартнома бўйича уч ой ичида қайта музокара ўтказиш вазифасини топширган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG