Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 16:55

Халқаро янгиликлар

Францияда қозоқ банкири Мухтор Аблязов устидан маҳкама бошланди

Франция судида қувғиндаги қозоқ банкири Мухтор Аблязов устидан илк маҳкама бошланди.

Аблязов чоршанба куни Ницца шаҳридаги уйида қўлга олинган эди. Франция жанубидаги Экс-ан-Прованс шаҳри апелляция суди бош прокурори Соланж Леграс хоним Озодликка маҳкамада Аблязовга экстрадиция ҳақида сўров келгани маълум қилинганини айтди.

Леграсга кўра, экстрадиция сўрови Россия ва Қозоғистон келган. Франция прокурори Украина ҳам экстрадиция ҳақида сўров тақдим этмоқчи эканини қўшимча қилди.

Остона расмийлари Мухтор Аблязовни молиявий фирибгарликда айблаган.

Россия ва Украина ҳам Аблязовни у бошқарган Қозоғистон банкининг шу давлатлардаги бўлимларида содир этилган молиявий жиноятлар бўйича қидирувга берган.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг танқидчиси бўлган Мухтор Аблязов ўзига қўйилаётган айбловларни рад қилиб келади.

Прокурор Леграс Мухтор Аблязов гаров эвазига озод қилиниши эҳтимолдан ҳоли эканини билдирди.

Тожикистон Россия билан имзоланган шартномани ратификация қилади

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мамлакат парламенти Россия ҳарбийларининг Тожикистон ҳудудида қолиши муддатини 2042 йилгача узайтириш ҳақидаги келишувни ратификация қилишини айтди.

Раҳмон буни пайшанба куни Москвага расмий ташрифи чоғида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашувдан кейин эълон қилди.

Тожикистон президенти айтган шартнома икки давлат ўртасида 2012 йилда имзоланган.

Бироқ Тожикистон парламенти уни ратификация қилишни пайсалга солиб келаётган эди.

Россия давлат Думаси келишувни жорий йил май ойида маъқуллаган.

Тожикистонда Россиянинг 6000 нафар ҳарбийси бор.

Россия Эдвард Сноуденга вақтинчалик бошпана берди

АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Эдвард Сноуден.
АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Эдвард Сноуденга Россия Федерацияси Миграция хизматининг вақтинча бошпана берилганлик тўғрисидаги ҳужжати топширилди.

Буни Сноуденга юридик ёрдам кўрсатаётган адвокат Анатолий Кучерена маълум қилди.

Сноуден 23 июнь куни Хонг Конгдан учиб келганидан бери Москванинг “Шереметьево” аэропорти транзит ҳудудида яшаётган эди.

Қўшма Штатлар Сноуденни мамлакат махсус хизматларининг электрон кузатув дастурларига оид махфий маълумотларни ошкор қилганликда айблаб, уни қайтариб беришни талаб қилмоқда.

Вашингтон расмийлари Сноуденга Россияда вақтинча бошпана берилгани АҚШ-Россия муносабатларига салбий таъсир қилиши мумкин деган фикрда.

Ироқда сўнгги беш йилда рекорд даражада кўп одам нобуд бўлди

Ироқ суннийларнинг норозилик намойишларидан бири.
Ироқдаги БМТ вакили Георгий Бузтин июл ойида Ироқда 1057 киши нобуд бўлганини эълон қилди.

Бу Ироқда сўнгги беш йил давомида одам энг кўп ўлдирилган ой сифатида қайд этилди.

Пайшанба куни БМТ вакили Ироқнинг сиёсий раҳбарларини “мантиқсиз қон тўкилиши олдини олиш учун зудлик билан чоралар кўриш”га чақирди.

2008 йил апрелда Ироқда шиалар ва суннийлар ўртасида келиб чиққан мазҳаблараро зўравонликлар натижасида 1428 киши ўлдирилган.

Таҳлилчилар фикрича, Ироқ ҳукумати ва хавфсизлик кучларида шиалар ҳукмронлик қилаётгани озчиликни ташкил қилган араб суннийлари ҳафсаласини пир қилган.

Ўз навбатида бу зўравонликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Ироқда 2012 йил охирида аксар аҳолиси суннийлар бўлган минтақаларда бошланган норозиликлар ҳозиргача давом этмоқда.

АҚШ Давлат котиби Покистон раҳбарлари билан учрашди

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Вашингтон Покистон билан хавфсизлик масалалари бўйича “стратегик мулоқот”ни қайта бошлаётганини билдирди.

Керри буни Покистон Бош вазирининг Миллий хавфсизлик ва ташқи ишлар бўйича маслаҳатчиси Сартож Азиз билан пайшанба куни ўтказган қўшма матбуот конференциясида эълон қилди.

Жон Керри икки томон ўзаро муносабатлардаги “оғриқли масалалар” ечимини топишига умид қилаётганини айтди.

Пайшанба куни эрталаб Жон Керри Покистон Бош вазири Навоз Шариф билан учрашди.

Давлат котиби Навоз Шарифни куз фаслида АҚШ президенти Барак Обама билан учрашиш учун Вашингтонга таклиф қилди.

Мисрда намойишчилар куч билан тарқатиладиган бўлди

Армия қўллаб-қувватлаётган Миср раҳбарияти мамлакат полициясига ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсийнинг намойиш ўтказаётган минглаб тарафдорларини тарқатиб юборишга рухсат берди.

Чоршанба куни Миср вазирлар кабинети полицияга Қоҳирада 82 киши ўлганидан бери намойишлар ўтказаётган Мурсий тарафдорларини тарқатиб юбориш ҳақида буйруқ берди.

Кабинет Мурсийнинг Мусулмон Биродарлиги ҳаракати уюштираётган иккита намойишни миллий хавфсизликка таҳдид деб топди.

Ички ишлар вазирлигига мазкур таҳдидни бартараф қилиш вазифаси топширилди.

АҚШ Давлат департаменти Миср раҳбариятини тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақирди.

Қозоқ мухолифатчиси Мухтар Аблязов Францияда ҳибсга олинди

Мухтар Аблязов
Қувғиндаги таниқли қозоқ мухолифатчиси ва миллиардер Мухтар Аблязов чоршанба куни Франция ҳукумати тарафидан ҳибсга олинди.

Бу ҳақда маълум қилган мухолифатчи адвокатига кўра, Аблязов Ницца шаҳридаги уйдан “тиш-тирноғигача қуролланган” маҳсус хизматлар тарафидан олиб кетилган.

Авокатнинг айтишича, собиқ банкирга нисбатан экстрадиция аризаси киритилган, бироқ уни айнан қайси мамлакат – Украина, Россия ёки Қозоғистон – киритгани ҳозирча номаълум.

Мухолифатчи ва собиқ банкир Мухтар Аблязов 2009 йилда Қозоғистонни тарк этиб, Буюк Британияда қочқинлик мақомини олган эди.

Аблязов ватанида 5 миллиард доллар маблағни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланмоқда.

Мухолифатчининг рафиқаси Алма Шалабаева 6 ёшли қизи билан жорий йилнинг май ойи охирида Италия ҳукумати тарафидан Қозоғистонга депортация қилинган эди.

АҚШ Конгресси Эронга нисбатан янги санкция жорий этмоқчи

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси чоршанба куни Эронга нисбатан янги санкцияларни кўзда тутган қонун лойиҳасини маъқуллади.

400 конгресмен маъқуллаган ва икки нафари қарши чиққан қонун лойиҳаси бир йил давомида Эрон нефти экспортини бир миллион баррелга камайтириш, 2015 йилгача эса Эрон нефти экспортини дунё бўйлаб бутунлай тўхтатишни мақсад этган.

Кузатувчиларга кўра, Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан навбатдаги санкцияси АҚШнинг Хитой ва Ҳиндистон билан муносабатларига таъсир қилиши мумкин. Сабаби бу икки мамлакат Эрон нефтининг йирик импортёри ҳисобланади.

Шу билан бирга, мазкур қонун лойиҳасида Эронда ер ости бойликларини қазиб олиш ва қурилиш соҳаларида иш олиб бораётган ширкатларга нисбатан ҳам жарималар кўзда тутилган.

Ушбу санкциялар Эронни ўз ядровий дастуридан воз кечишга ундашга қаратилгани айтилмоқда.

Қўшма Штатлар Эронни атом қуроли яратишга уринаётганликда айблаб келади. Ўз навбатида Теҳрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини айтиб келади.

Афғонистонда тинч аҳоли талафоти кўпаймоқда

БМТ жорий йилнинг дастлабки олти ойи давомида Афғонистонда тинч аҳол орасидаги талафотлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоизга кўпроқ бўлганини маълум қилди.

Ташкилотга кўра, жорий йил биринчи ярмида Афғонистондаги зўравонликлар оқибатида, тинч аҳоли вакилларидан 1300 дан зиёд одам нобуд бўлгани, қарийиб 2 ярим минг киши жароҳатланган.

Ўтган ойдан бошлаб Афғонистон хавфсизлигини таъминлаш масъулияти тўлалигича афғон армияси зиммасига ўтган эди. Келаси йил оҳирига бориб НАТО қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши кутиляпти.

Жон Керрининг Покистонга ташрифи кутиляпти

АҚШ Давлат котиби Жон Керри бугун расмий ташриф билан Покистонга келади.

АҚШ дипломатияси раҳбари Покистонга мазкур мамлакатда Навоз Шариф етакчилигидаги янги ҳукумат келиши ортидан илк бор ташриф буюрмоқда.

Жаноб Керри ташриф давомида бош вазир Навоз Шариф ва ҳукуматнинг бошқа расмийлари билан учрашади.

АҚШ Эронга қарши янги санкция қўлламоқчи

АҚШ Конгрессида Эронга қарши янги санкцияларни кўзда тутадиган қонун лойиҳаси мухокама этилмоқда.

Республикачилар кўпчиликни ташкил этувчи Конгресснинг Вакиллар палатаси депутатлари Эрон нефти экспортини йилига бир миллион баррелга камайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг бугун овозга қўйилиши кутиляпти.

Кузатувчиларга кўра, Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан навбатдаги санкцияси АҚШнинг Хитой ва Ҳиндистон билан муносабатларига таъсир қилиши мумкин. Сабаби бу икки мамлакат Эрон нефтининг йирик импортёри ҳисобланади.

Қўшма Штатлар Эронни атом қуроли яратишга уринаётганликда айблаб келади. Ўз навбатида Теҳрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини айтиб келади.

АҚШ сенаторлари Мисрга йўл олмоқда

Америкалик икки сенатор Жон Маккейн ва Линдси Грэм келаси ҳафтада Мисрга йўл олмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама улардан Мисрга бориб, у ерда ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийларни янги сайловлар ўтказишга кўндиришни сўраган.

Оқ уй сенаторларнинг Мисрга бўлажак сафари ҳақида изоҳ бермади.

Шу ой бошида Мисрнинг қонуний сайланган президенти Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилиб, мамлакатда ҳарбийлар бошқарувни қўлга олган эди.

АҚШ оддий аскари 128 йилга қамалиши мумкин

Брэдли Меннинг суд жараёнида.
Wikileaks сайтига сир сақланувчи маълумотларни тақдим этган оддий аскар Брэдли Меннингдан АҚШ суди душман билан ҳамкорлик қилиш айбловини олиб ташлади. Бироқ сешанба куни ўтган судда Меннинг жосуслик, ўғрилик, компьютер товламачилиги каби 19 айблов юзасидан айбдор деб топилди.

АҚШ армиясидаги разведка бўлинмаси таҳлилчиси бўлган Меннинг Wikileaks сайтига Америка қуролли кучларининг Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий амалиётлари ҳамда дипломатик ёзишмаларга оид 700 минг саҳифадан кўпроқ маълумотларни тақдим этганини тан олди.

Менингга билдирилган айбловлар бўйича жазо муддати 128 йилни ташкил қилади. Мазкур иш юзасидан суд тинглови 31 июл куни бошланади.

Жон Керри Исроил-Фаластин музокаралари давом этишини айтди

Жон Керри.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри Исроил ва Фаластин ўртасидаги сулҳ музокараларининг навбатдаги босқичи икки ҳафтадан сўнг Яқин Шарқда ўтишини маълум қилди.

Жон Керри 29 ва 30 июль кунлари Исроил ва Фаластин вакилларининг дастлабки учрашуви “ижобий ҳамда конструктив” ўтганини таъкидлаб, ҳар икки тараф сулҳ шартномасига эриша олиш салоҳиятига эга эканин айтди.

Сешанба куни Исроил адлия вазири Ципи Ливни ва Фаластин раҳбарияти расмийси Саэб Эрекат АҚШ президенти Барак Обама томонидан Оқ уйда қабул қилинган эди.

Исроил-Фаластин музокаралари 2010 йилдан бери биринчи марта ўтказилмоқда. Сулҳ музокаралари Исроил томонидан Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида яҳудийлар учун уйлар қурила бошлагани муносабати билан тўхтаб қолган эди.

Москвада 470 муҳожир қўлга олинди

Москва полицияси сешанба куни ўтказилган рейд давомида учта бозордан 470 муҳожирни қўлга олди.

Полиция муҳожирларга қарши рейдни ўтган ҳафта якунида “Матвеевский” бозоридан бошлаган эди. Бу бозорда 15 ёшли қизни зўрлашда гумонланаётган шахсни қидираётган полициячиларга ҳужум қилинган. Бир полициячи ҳужум пайтида қаттиқ тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.

Москва полицияси расмийси балоғатга етмаган қизни зўрлаганликда ва полициячига ҳужум қилганликда гумонланган шахслар қўлга олинганини билдирди.

Москва бозорларида асосан постсовет давлатлари ва Россиянинг Шимолий Кавказ республикаларидан келган юз минглаб муҳожирлар тирикчилик қилади.

Покистонда янги президент сайланди

Мамнун Хуссейн.
Покистонда 30 июлда ўтган президентлик сайловининг дастлабки натижаларига қараганда Мамнун Хуссейн ғолиб бўлди.

Овоз беришда Покистон парламентининг икки палатаси депутатлари ва тўрт вилоятдаги қонун чиқарувчи йиғинларнинг вакиллари иштирок этди. Янги президент жорий йил сентябрида ваколати якунланадиган давлат раҳбари Осиф Али Зардорийнинг ўрнини эгаллайди.

Мамнун Хуссейн Бош вазир Навоз Шарифнинг “Покистон мусулмон лигаси” партиясидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган эди. Мухолифатдаги “Покистон халқ партияси” президент сайловига байкот эълон қилган.

Афғонистонда 24 соат ичида 50 жанггари ўлдирилди

Афғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот вакили генерал Зоҳир Азимий.
Афғонистон расмийлари сўнгги 24 соат ичида мамлакатда ўтказилган ҳарбий амалиётлар чоғида 50 жанггари ўлдирилганини маълум қилди.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги сешанба куни тарқатган баёнотда ўлдирилганлар орасида ўзбек, араб, чечен миллатига мансуб хорижлик жанггарилар борлиги айтилган.

Расмий баёнотда мамлакатнинг шарқий вилоятлари Нангарҳор, Пактико ва Лаҳор вилоятларида ўтказилган кенг кўламли амалиётларнинг "мақсадга мувофиқ тарзда муваффақиятли" ўтгани таъкидланган.

Душанба кунги баёнотида ҳам афғон расмийлари ўтган ҳафта давомида мамлакат шарқида ўтказилган амалиётлар натижасида 83 жанггари ўлдирилганини маълум қилган эди.

Ҳозир Афғонистон полицияси ва ҳарбийлари 2014 йилдан бошлаб мамлакат хавфсизлигини сақлаш ваколатини хорижий кучлардан қабул қилиб олишга ҳозирлик кўрмоқда.

Толибон Покистон қамоқхонасидан 250 маҳбусни қочирди

Толиблар гуруҳи Покистоннинг Дера-Исмоил-Хон шаҳридаги қамоқхонага ҳужум қилиб, 250 дан ортиқ маҳбусни қочириб юборди.

Бу қамоқхонада Толибон ва бошқа экстремистик гуруҳларга мансубликда айбланиб қамалган маҳбуслар жазо муддатини ўтайди.

Покистон полицияси расмийси Сухайл Холиднинг айтишича, ҳужум 30 июлга ўтар кечаси уюштирилган. Аввалига бир неча бомба портлаган ва кейин ҳужумчилар қамоқхонани грантомёт, пулемётлардан ўққа тутган.

Ҳужумчилардан камида 8 нафари полиция кийимида бўлгани айтилди.

Расмий хабарларга қараганда, қочирилган маҳбуслар орасида "ўта хавфли террорчилар" бор.

Покистондаги Толиблар гуруҳининг матбуот вакили Шаҳидуллоҳ Шаҳид бу ҳужум учун масъулиятни гуруҳ ўз зиммасига олишини маълум қилди.

Дера-Исмоил-Хон шаҳри Покистоннинг қабилалар назорати остидаги қисмига яқин ва бу шаҳар Ал-Қойда ҳамда бошқа жанггари гуруҳлар макон тутган ҳудуд саналади.

Эштон Мисрдаги сиёсий гуруҳларни муросага чақирди

Мисрда ҳокимиятдан ағдарилган президенти Муҳамад Мурсий билан сўзлашувлар ўтказган ЕИнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича расмийси Катрин Эштон томонларни муросага келиб, қонли тўқнашувларни зудликда тўхтатишга чақирди.

Мисрга борган Эштон 29 июл куни оқшом мамлакат армияси ҳарбий вертолётида Мурсий сақланаётган яширин манзилга олиб борилди ва ўша ерда сўзлашувлар бўлди.

Бу ҳақда Катрин Эштон матбуот котибининг Твиттерда берган хабарига кўра, Эштон ва Мурсий ўртасидаги икки соатлик мулоқот мунозарали кечган.

ЕИ мулозими Катрин Эштон Миср армияси генерали Абдул Фотиҳ Сисий ва муваққат президент Адли Мансур билан ҳам музокаралар ўтказди.

Эштоннинг Мисрга сафари арафасида — шанба-якшанба кунлари Мурсийга тарафдор намойишчилар билан Қоҳирада бўлган тўқнашувлар чоғида 70 дан ортиқ одам ўлди.

Швейцарияда поезд ҳалокатга учради

Швейцарияда икки йўловчи ташувчи поезднинг тўқнашуви оқибатида дастлабки маълумотларга қараганда 44 одам жароҳатланди. Уларнинг 4 нафари оғир аҳволда.

Тўқнашув душанба куни маҳаллий вақт билан кеч соат 7 да Швейцария пойтахти Берндан 50 километр узоқликда содир бўлган.

Бир неча кун олдин Испанияда тезюрар поезд ҳалокатга учраши оқибатида 79 киши ҳалок бўлган эди.

Покистонда қамоқхонага ҳужум қилинди

Покистоннинг Дера шаҳрида Толибон ва бошқа экстремистик гуруҳларга мансубликда айбланиб жазо муддатини ўтаётган маҳбуслар сақланувчи қамоқхонага ҳужум уюштирилди.

Покистон махсус хизматларининг билдиришича, ҳужум бир нечта бомба портлашидан бошланган. Шундан сўнг ҳужумчилар қамоқхонани грантомёт ва пулемётлардан ўққа тутган. Ҳужум 30 июлга ўтар кечаси уюштирилган.

Ҳужумчилардан камида 8 нафари полиция кийимида бўлган.

Хабарларга қараганда, айни пайтда Покистон махсус хизматлари ҳужумчиларни таъқиб қилмоқда ва қамоқхона ҳудудини қамал қилинган.

Қирғиз мухолифатчиси 11 йилга қамалди

Қирғизистонда мухолифат лидерларидан бири Наримон Тулеев коррупцияда айбланиб 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Парламент депутати Наримон Тулеев Бишкек шаҳрига ҳокимлик қилган пайтда шаҳар бюджетига 925 минг доллар миқдорида зиён келтирганликда айбдор деб топилди. Мазкур иш юзасидан суд ҳукми 29 июль куни кечқурун ўқилди.

Тулеев билан бирга судланган Бишкек шаҳар тузилмаларининг собиқ беш раҳбари 5 йилдан 13 йилгача қамоққа ҳукм қилинди.

Наримон Тулеев ўзига нисбатан билдирилган айблов ва суд жараёнини сиёсий буюртма сифатида баҳоламоқда.

АҚШ генерали Душанбега келди

АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Ллойд Остин 29 июл куни Душанбега расмий сафар билан келди.

Тожикистон Мудофаа вазирлигининг билдиришича, АҚШ генерали президент Эмомали Раҳмон билан музокаралар ўтказади ва мудофаа вазири Шерали Хайруллоев билан учрашади.

Ташрифнинг бошқа тафсилотлари ошкор қилинмади.

Ўтган ҳафтада генерал Ллойд Остин расмий ташриф билан Тошкентда бўлган эди.

Ассад қўшинлари ўз мухолифлари қароргоҳини эгаллади

Сурия расмий матбуоти берган хабарга кўра, президент Ассад ҳукумати қўшинлари мухолиф кучлар назоратида қолаётган муҳим нуқталардан бири - Хомс шаҳридаги Ҳолидия туманини ўз назоратига олган.

Душанба куни берилган расмий хабарларда бир ой муқаддам Ҳизбуллоҳ гуруҳи кўмагида бошланган изчил ҳужумлар натижасида Хомс шаҳрининг исёнчилар қўлида қолаётган Ҳолидия тумани эгаллангани айтилди.

Аммо Британияда жойлашган суриялик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари гуруҳи расмий маълумотни қисман инкор қилар экан, Ҳолидиянинг айрим ҳудудлари учун ҳануз ҳукумат ва исёнчи гуруҳлар ўртасида жанг бораётганини айтмоқда.

Ҳолидия тумани 2011 йилдан буён суриялик инсёнчи гуруҳлар назоратида қолмоқда.

БМТ тўплаган маълумотларга кўра, 28 ойдан бери давом этаётган қуролли низо чоғида 100 мингдан ортиқ одам қурбон бўлган.

ЕИ мулозими Эштон Миср муваққат президенти билан учрашади

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Катрин Эштоннинг бугун Миср армияси ва ҳукумати расмийлари билан Қоҳирадаги вазиятни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Мисрда қонуний сайлов йўли билан президентликка келган Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан куч билан олинганидан буён Қоҳирадаги вазият беқарор қолмоқда.

Бугун Мисрда ЕИ мулозими Эштон мамлакат армияси генерали Абдул Фотиҳ Сисий ва муваққат президент Адли Мансур билан музокаралар ўтказади.

Бундан ташқари, ЕИ мулозимининг Мусулмонлар биродарлиги ташкилоти вакиллари билан ҳам сўзлашиши айтилган.

Эштоннинг Мисрга сафари арафасида — шанба-якшанба кунлари Мурсийга тарафдор намойишчилар билан Қоҳирада бўлган тўқнашувлар чоғида 70 дан ортиқ одам ўлгани хабар қилинди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG