Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 15:47

Халқаро янгиликлар

Фаластиннинг Прагадаги элчиси портлаш оқибатида ўлди

Фаластиннинг Чехия Республикасидаги элчиси ўз резиденциясида рўй берган портлаш оқибатида ўлди.

Полиция Жамол Ал-Жамол чоршанба куни эрталаб оғир яраланганидан кейин касалхонада оламдан ўтганини маълум қилди.

Фаластин Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда Жамол эски бинодан янги бинога олиб келинган сейфни очганидан бир неча дақиқа кейин портлаш рўй бергани билдирилган.

Фаластин элчихонаси матбуот котиби Набил Ал-Фаҳил Чехия радиосига портлаш содир бўлган пайтда Жамол оиласининг ҳамма аъзолари уйда бўлганини айтди.

Воқеа юзасидан текширув олиб бораётган полиция Жамолга ҳужум уюштирилганини тасдиқловчи далиллар топилмаганини билдирди.

Покистон суди Парвез Мушаррафга ҳибсга олиш билан таҳдид қилди

Покистон собиқ президенти Парвез Мушарраф.
Покистон суди мамлакат собиқ раҳбари Парвез Мушаррафга давлатга хиёнат айлови бўйича маҳкамага келмаса, ҳибсга олиш билан таҳдид қилди.

Чоршанба куни собиқ президентнинг адвокатлари Мушаррафга таҳдид бўлгани учун у Исломобод шаҳридаги маҳкамага бора олмаганини билдирди.

Хабарларга кўра, полиция Мушарраф яшайдиган уй яқинидан бомба топган.

Бироқ суд Мушаррафга пайшанба куни маҳкамага келиши кераклиги ҳақида буйруқ берди.

Полиция Мушарраф судга борадиган йўлдан уч марта бомба топган.

70 яшар собиқ генерал Парвез Мушарраф 2007 йилда Покистонда фавқулодда ҳолат эълон қилгани учун давлатга ҳиёнат қилганликда айбланмоқда.

Айбдор деб топилга у ўлим жазосига ёки умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Мушарраф ўзига қўйилаётган барча айблов сиёсий асосга эга эканини айтиб уларни рад қилган.

2013 йил Ироқда тинч аҳоли энг кўп ўлган йил бўлди

БМТ ва Iraq Body Count нодавлат ташкилоти 2013 йил Ироқда тинч аҳоли энг кўп ўлган йил бўлганини билдирди.

БМТнинг Ироқдаги миссияси маълумотига кўра, ўтган йил мамлакат бўйлаб амалга оширилган ҳужумларда 7818 одам қурбон бўлган.

Бироқ қароргоҳи Британияда жойлашган Iraq Body Count нодавлат ташкилоти қайдларига кўра, ўтган йил Ироқда 9475 киши ўлган.

Ироқда қанча одам нобуд бўлгани ҳақида икки ташкилот маълумоти бир хил эмас.

Шунга қарамай, икки ташкилот ҳисоботида 2013 йил Ироқда 2008 йилдан бери тинч аҳоли энг кўп ўлган йил сифатида эътироф қилинган.

АҚШ биржалари 2013 йилни рекорд натижалар билан якунлади

АҚШ биржалари 2013 йилнинг охирги кунини янги рекорд кўрсаткичлар билан якунлади.

2013 йил инвесторлар учун сўнгги 20 йил ичида энг яхши йил бўлгани айтилмоқда.

Саноатининг турли соҳаларида фаолият олиб бораётган АҚШ нинг 30 та энг йирик ширкати акциялари қиймати акс этган Dow Jones биржаси 2013 йилни 16576,66 кўрсаткич билан якунлади.

Охирги 12 ой мобайнида Dow Jones биржасида ўсиш 27 фоизни ташкил қилди. Бу 1995 йилдан бери қайд этилган энг яхши натижадир.

Яна иккита фонд биржаси йилни бундан ҳам яхши кўрсаткич билан якунлади. S&P 500 ва Nasdaq биржаларида ўсиш 29 ва 40 фоизни ташкил этди.

Михаэл Шумахер касалхонада бехуш ҳолда қолмоқда

Михаэл Шумахер.
Формула-1 мотопойгаси бўйича етти марта жаҳон чемпиони Михаэл Шумахер янги йилни касалхонада бехуш ҳолда қаршилади.

Чоршанба куни унинг менежери Сабин Кехм мухбирларга Шумахернинг аҳволи ҳануз оғир ва ўзгаришсиз қолаётганини билдирди.

Сешанба куни шифокорлар икки соат давом этган жарроҳлик амалиётидан сўнг унинг аҳволида бир оз яхшиланиш кузатилганини маълум қилган эди.

29 декабрь куни 44 ёшли Шумахер Алп тоғларининг Францияга қарашли қисмида чанғи учаётиб, йиқилганида боши билан тошга урилган.

Қутқарувчилар воқеа жойига етиб келган пайтда у хушида бўлган.

Формула-1 пойгасида 91 марта ғалаба қозонган Михаел Шумахер энг муваффақиятли мотопойгачи ҳисобланади.

Шумахернинг дунёдаги минглаб ишқибозлари, жумладан, АҚШ собиқ Президенти Билл Клинтон ҳам унга тез орада соғайб кетиш тилагини билдирди.

АҚШнинг Колорадо штатида марихуана сотадиган дўконлар ишга тушади

1 январдан АҚШ Ғарбидаги Колорадо штатида марихуана мамлакатда илк бор қонуний равишда дўконларда сотилади.

Марихуана чакана савдоси фақат рўйхатга олинган дўконларда амалга оширилади.

21 ёшдан катта бўлган ҳар бир шахс 28,3 граммдан ортиқ бўлмаган миқдорда марихуана сотиб олиши мумкин.

2012 йилда Колорадо штати аҳолиси марихуана сотишни ёқлаб овоз берганидан сўнг банг маҳсулоти сотадиган дўконлар очишга бир йил тайёргарлик кўрилди.

Ҳозирда АҚШнинг ўнлаб штати ва бир қатор хориж давлатлари ўзининг марихуанага тегишли қонунларини қайта кўриб чиқмоқда.

2014 йилда Уругвай дунёда мамлакатлари орасида биринчи бўлиб марихуана сотилишини тартибга солди.

Волгоград: Владимир Путин террор ҳужумларини кескин қоралади

Россия Президенти Владимир Путин.
Россия Президенти Владимир Путин бомба ҳужумлари оқибатида 34 киши нобуд бўлган Волгоград шаҳрига борди.

Чоршанба кунги нутқида Путин Волгоградда амалга оширилган ҳужумларни “разиллик” дея атади.

Бир кун олдин Хабаровск шаҳрида телевидение орқали россияликларни Янги йил байрами билан табриклаган Россия раҳбари “террорчилар буткул йўқ қилинмагунича уларга қарши аёвсиз кураш ва таъқиблар давом этиши”ни таъкидлаган эди.

Путин террор ҳужумлари ва Хабаровскда рўй берган кенг кўламли сув тошқинларини 2013 йилнинг энг оғир муаммолар қаторида тилга олди.

Волгоградда амалга оширилган террор ҳужумлари шаҳардан 700 километр нарида жойлашган Сочи шаҳрида 7 февраль куни бошланадиган Қишки Олимпиада ўйинлари пайтида хавфсизлик таъминланиши борасида хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Президент Янукович украиналикларни миллий бирликка чақирди

Украина Президенти Виктор Янукович.
Украина Президенти Виктор Янукович Янги йил табригида украиналикларни миллий бирликка чақирди.

Янукович 2013 йилни мустақил Украина тарихидаги “энг оғир йил” деб атади.

Ноябрь ойида Янукович Европа Иттифоқи билан ассоциация ҳақида келишув имзолашни рад қилганидан кейин пойтахт Киев ва бошқа шаҳарларда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари уюштирилди.

Норозилик акцияларида қатнашган ўн минглаб мухолифат ва Европа Иттифоқи тарафдорлари президент истеъфога чиқишини талаб қилдилар.

Виктор Янукович Янги йил табригида Украина Европа Иттифоқи, Россия ва Хитой билан ҳамкорликни кенгайтиришини билдирди.

Айни пайтда, президент Украина миллий манфаатларига путур етказмасликка ваъда берди.

"Гуантанамо"нинг охирги учта уйғур маҳбуси Словакияга жўнатилади

АҚШнинг Куба оролидаги Гуантанамо қамоқхонаси.
АҚШ Куба оролидаги Гуантанамо қамоқхонасининг охирги учта маҳбуси Словакияга жўнатилишини эълон қилди.

Словакия Ички ишлар вазирлиги уч нафар уйғур маҳбус мамлакатга топширилишини тасдиқлади.

Вазирлик уйғур маҳбусларга терроризм билан боғлиқ айбловлар эълон қилинмаганини баён қилди.

Аввал Словакия Гуантанамо қамоқхонасида сақланган Миср, Жазоир ва тунислик уч маҳбусни қабул қилган эди.

АҚШ Президенти Барак Обама 2009 йилда Гуантанамо қамоқхонасини ёпишга ваъда берган эди.

Россия раҳбари террорчиларни йўқ қилишга ваъда берди

Россиянинг Волгоград шаҳрида содир этилган иккита ҳужумда 34 киши нобуд бўлгани ортидан президент Владимир Путин Россияда террорчиларни йўқ қилишга ваъда берди.

Сешанба куни Хабаровск шаҳрига борган Путин телевидение орқали россияликларни Янги йил билан табриклади.

Путин ўз нутқида Россияда террорчилар буткул йўқ қилингунига қадар улар аёвсиз ва мунтазам таъқиб этилишини таъкидлади.

Россия раҳбари террор ҳужумлари ва Хабаровскда рўй берган кенг кўламли сув тошқинларини 2013 йилдаги энг оғир муаммолар қаторида тилга олди.

Хабаровск аҳолиси билан учрашган Владимир Путин вилоят мисли кўрилмаган сув тошқинлари оқибатини енгишга муваффақ бўлганини айтиб, уларга ва Узоқ Шарқнинг бошқа минтақалари аҳолисига миннатдорлик билдирди.

Дунё мамлакатлари Янги йилни кутиб олмоқда

Австралиянинг Сидней шаҳридаги мушак томошаси.
Австралия, Янги Зелландия ва Россиянинг Узоқ Шарқ минтақаси ва Осиёнинг бошқа давлатларида Янги 2014 йил кутиб олинди.

Янги Зелландия пойтахти Оклендда минглаб одам ажойиб мушакбозлик гувоҳи бўлди.

Австралиянинг Сидней шаҳрида эса Янги йил кириши билан бир неча тонна мушак отилди.

Айни пайтда, Индонезиянинг Аче вилояти маъмурияти аҳолини Янги йилни кўчаларда нишонламаслик ҳақида огоҳлантирди.

Расмийлар буни марказий ҳукумат томонидан амалда қўллашга рухсат берилган Исломий қонунларга зид экани ва гуноҳкор бўлиш билан изоҳлади.

Эрон расмийси: Женева музокараларида “яхши муваффақият”га эришилди

Эроннинг ядровий дастури бўйича бош музокарачиси Аббос Арқчи.
Эроннинг ядровий дастури бўйича бош музокарачиси Аббос Арқчи Женева шаҳридаги сўзлашувларда “яхши муваффақият”га эришилганини маълум қилди.

Сешанба куни Эрон давлат телевидениесига интервью берган Арқчи дунёнинг олти етакчи давлати – АҚШ, Британия, Франция, Россия, Хитой ва Германия вакиллари билан душанба кунги музокаралар тонгги тўрт яримга қадар чўзилиб кетганини айтди.

Эрон вакили учрашув сешанба куни кечки пайт давом этишини қўшимча қилди.

Ўтган ой эришилган муваққат келишувни амалга ошириш борасидаги сўзлашувлар бир ҳафталик танаффусдан сўнг 30 декабрь куни бошланган эди.

24 ноябрь куни Эрон узоқ муддатли келишувга эришиш бўйича сўзлашувлар давом этар экан, ўз ядровий дастурининг айрим жиҳатларини олти ойга тўхтатиши эвазига Эронга қарши жорий қилинган санкциялар юмшатилишига розилик билдирган.

Ўтган беш ҳафта давомида томонлар ўртасида икки марта музокаралар давраси бўлиб ўтди.

Волгоградда содир этилган портлашларда ўлганлар сони 34 кишига етди

Россия расмийлари Волгоград шаҳрида содир этилган иккита ҳужумда ўлганлар сони 34 кишига етганини билдирди.

Душанба куни Волгоград шаҳридаги троллейбусда худкуш ўзини портлатган пайтда 16 киши ҳалок бўлган.

Вазирлик маълумотига кўра, портлаш пайтида жароҳат олган 65 киши ҳозир касалхонада қолмоқда.

31 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги якшанба куни Волгорад марказий вокзали биносида амалга оширилган портлашда яраланган яна уч киши касалхонада оламдан ўтганини билдирди.

Бу билан вокзалдаги ҳужумда ўлганлар сони 18 кишига етди.

Россия Президенти Владимир Путин Волгограддаги портлашлардан кейин мамлакат бўйлаб хавфсизлик чораларини кучайтириш ҳақида буйруқ берди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, худкуш бомбачилар томонидан амалга оширилгани гумон қилинаётган портлашлардан кейин машиналарни текшириш, шунингдек, одам гавжум жойлар ва жамоат транспортида эҳтиёт чоралари кучайтирилган.

Волгограддаги портлаш учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Тергов идоралари ходимлари портлашлар ортида Шимолий Кавказдаги исломчи жангари гуруҳлар турганини тахмин қилмоқда.

Кремл матбуот хизмати Волгограддаги портлашларда ўттиздан зиёд одам нобуд бўлгани муносабати билан қатор давлатлар раҳбарлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳам Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга таъзия изҳор қилганини билдирди.

Исроил 26 нафар фаластинлик маҳбусни қамоқдан озод қилди

Фаластинликлар қатор жиноятлар, жумладан, қотиллик ва терроризмда айбланиб узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган фаластинликлар Исроил қамоқхонасидан озод этилганини катта хурсандчилик билан нишонламоқда.

АҚШ қўллаб-қувватлаган тинчлик музокараларига туртки бериш мақсадида сешанба куни эрталаб Исроил 26 нафар фаластинлик маҳбусни қамоқдан озод қилди.

Томонлар ўртасида эришилган келишувда Исроил 104 нафар фаластинликни озод этиши назарда тутилган.

Октябрь ойи охирида ҳам 26 нафар фаластинлик маҳбус озодликка чиқарилган эди.

Рамаллоҳда бир гуруҳ маҳбусни Фаластин Мухторияти Президенти Маҳмуд Аббус кутиб олди.

Аббос фаластинлик барча маҳбуслар озод бўлмагунча, Исроил билан тинчлик шартномаси имзоламасликни ваъда қилди.

АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Исроил ва Фаластин раҳбарлари билан музокаралар олиб бориш мақсадида шу ҳафтада Яқин Шарққа сафар қилишни режаланган.

Путин Россия бўйлаб хавфсизлик чораларини кучайтиришни буюрди

Россия Президенти Владимир Путин Волгоградда иккин кун ичида содир этилган иккита портлаш оқибатида 30дан ортиқ одам ҳалок бўлиши ортидан бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чораларини кучайтириш тўғрисида топшириқ берди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, худкуш бомбачилар томонидан амалга оширилгани гумон қилинаётган портлашлардан кейин машиналарни текшириш кўлами оширилади, хусусан, одам гавжум жойлар ва жамоат транспортида эҳтиёт чоралари кучайтирилади.

Душанба куни эрталаб Волгоградда троллейбус ичида амалга оширилган портлаш оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлди. Бир кун аввал Волгорад марказий вокзали биносида содир этилган портлашда эса 17 киши нобуд бўлган эди.

Россия Тергов қўмитаси матбуот вакили Владимир Маркин троллейбусда ҳаракатга келтирилган портловчи мослама бир кун аввалгисига ўхшаш бўлгани иккала портлаш бир-бири билан боғлиқ эканига ишора қилади, дея баёнот берди.

Ҳозирча портлашлар учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ, лекин терговчилари бунинг ортида Шимолий Кавказдаги исломчи жангари гуруҳлар турганини гумон қилмоқда.

Женевада Эрон билан қудратли олтилик ўртасида музокаралар давом этмоқда

Душанба куни Женевада Эрон билан дунёнинг олти қудратли давлати ўртасида Теҳроннинг ядровий дастури борасида музокаралар давом этади.

Музокаралар кун тартибидан ўтган ойда ядровий бўҳронни ҳал қилиш борасида эришилган битим шартларини амалга тадбиқ этишга оид масалалар ўрин олган.

Теҳрон 24 ноябрь куни ўз ядровий дастурининг бир қисмини олти ой муддатга тўхтатишга рози бўлганидан бери икки давра музокаралар ўтказилди. Қудратли давлатлар олтилиги бунинг эвазига Эронга нисбатан жорий қилинган санкцияларни юмшатишни ваъда қилган.

Эроннинг Меҳр хабар агентлигига якшанба куни мамлакатнинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Аббос Арақчининг масала хусусида бир ой ичида келишиб олинишига умид қилаётгани борасидаги сўзаридан иқтибос келтирди.

Бироқ, дея қўшимча қилди Арақчи, “битимнинг баъзи жиҳатларини талқин қилишда келишмовчиликлар бўлгани боис” сўзлашувлар жараёни "секинлик билан бормоқда".

Шу ойнинг бошларида Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан жорий қилинган санкцияларга доир қора рўйхатни кенгайтиргани боис Эрон вакиллари музокараларнинг биринчи босқичини тарк этган эди.

Волгограддаги иккинчи портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17га етди

Бу Волгоградда икки кун ичида иккинчи портлаш бўлди.
Россиянинг Волгоград шаҳрида душанба куни эрталаб троллейбусда рўй берган портлаш оқибатида 14 одам ҳалок бўлди. 23 киши, жумладан, 1 яшар чақалоқ жароҳатлангани айтилмоқда.

Бу Волгоградда икки кун ичида иккинчи портлаш бўлди. Якшанба куни шаҳарнинг марказий вокзали биносида худкуш бомбачи амалга оширган портлаш оқибатида 17 киши ҳалок бўлган эди.

Россия Тергов қўмитаси матбуот вакили Владимир Маркин троллейбусда ҳаракатга келтирилган портловчи мослама бир кун аввалгисига ўхшаш бўлгани иккала портлаш бир-бири билан боғлиқ эканига ишора қилади, дея баёнот берди.

Ҳозирча портлашлар учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олгани йўқ, лекин терговчилари бунинг ортида Шимолий Кавказдаги исломчи жангари гуруҳлар турганини гумон қилмоқда.

Портлашлар Россиянинг Сочи шаҳрида 2014 йилги Қишки Олимпия ўйинлари бошланишига олти ҳафта қолган пайтда амалга оширилмоқда.

Михаэл Шумахер касалхонада кома ҳолатида қолмоқда

Михаэл Шумахер.
Формула-1 пойгаси бўйича жаҳон чемпиони Михаэл Шумахер оғир аҳволда касалхонада қолмоқда. Шумахер якшанба куни Франциядаги тоғ-чанғи курортида ҳалокатга учраганидан кейин Гренобл шаҳридаги касалхонага кома ҳолатида олиб борилиб, зудлик билан жарроҳолик операцияси ўтказилган эди.

Шумахернинг дўстлари, жумладан, Ferrari командаси бўйича жамоадоши Филипе Масса, Формула-1 пойгачиси Жэнсон Баттон ва теннис бўйича собиқ чемпион Борис Беккерлар ижтимоий тармоқлар орқали унга соғайишни тиладилар.

Хабарларга кўра, 44 ёшли Шумахер якшанба куни Алп тоғларининг Француз бўлгасида чанғида тушаётиб, йиқилгани оқибатида боши билан тошга урилган. Унинг менежерига кўра, Шумахер бошида шлеми бўлган. Қутқарувчилар воқеа жойига етиб келган пайтда у хушида бўлган.

Шумахер Формула-1 пойгасида 91 марта ғалаба қилиб, энг муваффақиятли пойгачи ҳисобланади.

Волгограддаги террорчилик хуружи қурбонлари сони 16 кишига етди

Волгоградда содир этилган террорчилик хуружи қурбонлари сони, худкуш шахсни ҳисобга олмаганда, сўнгги маълумотларга кўра, 16 кишига етди.

Икки киши олинган жароҳатлар туфайли касалхонада вафот этган. Яна 37 киши шифохоналарда қолмоқда.

Волгоград вилоят ҳукумати вице-премьери Василий Галушкинга кўра, маҳаллий аксилтеррорчилик комиссияси мажлисида ҳудудда террорчилик хавфи юқори бўлган сариқ даражани жорий қилишга қарор қилинган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг Интерфаксга маълум қилишича, Волгоград темир йўл вокзалидаги террорчилик хуружини эркак киши амалга оширган. Агентлик манбаси портлаш чоғида унинг ёнидан бир қиз ўтиб кетаётган бўлгани, бу ҳолат даставвал террор амалиётини аёл киши амалга оширган, деган тахминларга асос бўлганини қўшимча қилди. Шимолий Кавказ федерал округидаги ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи бошқа бир манба ҳам темир йўл вокзалига ўрнатилган видеокамералар ёзувини ўрганиш портлашни эркак киши амалга оширганини тахмин қилишга асос беришини айтган. “Бироқ бу маълумот яна текширилиши керак”, дея таъкидлаган агентлик манбаси.

Жабрланганларга ёрдам бериш учун Москвадан Волгоградга зарур ашёлар ва мутахассислар билан Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг самолёти етиб келган.

Якшанба куни содир бўлган портлаш кучи камида 10 килограмм тротил эквивалентини ташкил этгани айтилмоқда. Ҳодиса юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг икки моддаси – террорчилик хуружи ҳамда қурол ва ўқ-дори ноқонуний айланмаси бўйича жиноий иш очилган.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Волгоград темир йўл вокзалида содир этилган терактни қоралаб чиқди. У НАТО Россия билан террорчиликка қарши курашда ҳамкорликни давом эттиришини билдирди.

Шу йилнинг октябр ойи охирида Волгоград шаҳрининг Красноармейская туманида кетаётган автобусда худкуш аёл ўзини портлатиб юборганди. Ўшанда олти йўловчи ва худкуш ўлган, ўнлаб одам жароҳат олган эди.

Озарбайжонлик фаоллар Бокуда норозилик акцияси уюштиришга уринишди

Заур Аҳмадовнинг дафн маросими, Боку, 2013 йилнинг 29 декабри.
Озарбайжонлик фаоллар ўзини ёқиб юборганидан кейин ҳалок бўлган уруш фахрийси дафнидан сўнг Бокуда норозилик акцияси уюштиришга уриндилар.

29 декабрь куни элликка яқин ёш йигит-қиз Боку марказида норозилик намойиши ўтказишга ҳаракат қилдилар, бироқ уларнинг акциясига милиция тўсқинлик қилди. Милиция томонидан ўн киши қўлга олинди, деб хабар қилади Озодлик радиосининг озарбайжон хизмати.

Намойиш ўтказишга уриниш амалдорлар лоқайдлигига қарши норозилик ўлароқ Бокудаги ҳукумат биноси олдида ўзига ўт қўйган Заур Аҳмадов дафн этилган куни бўлиб ўтди.

Аҳмадов ўтган асрнинг 90-йилларида Тоғли Қорабоғда бўлиб ўтган уруш фахрийси эди ва у ҳукумат амалдори томонидан ўзига нисбатан адолатсизлик қилинганига қарши норозилик билдираётганди. Ўзини ёқиб юбориш актидан сўнг Аҳмадовнинг дўстлари ҳукуматдан унинг хотини ва беш боласига 100 минг манат (тақрибан 127 минг АҚШ доллари – таҳр.) миқдорида товон пули тўлаб берилишини талаб қилиб чиққанлар.

Саудия Арабистони Ливанга қурол-аслаҳа учун $3 млрд ажратмоқчи

Саудия Арабистони Ливан қуролли кучлари учун ҳарбий техника сотиб олишга 3 миллиард доллар ажратишни ваъда қилди.

Ливан президенти Мишель Сулаймон бу пуллар Франциядан қурол-аслаҳа сотиб олишга сарф бўлажагини билдирди.
Якшанба куни Саудия Арабистонда музокаралар олиб борган Франция президенти Франсуа Олланд ўз мамлакати бу борада ёрдамга тайёр эканини маълум қилди.

Ливан хавфсизлик кучлари мамлакатда қўшни Суриядаги фуқаролик уруши билан боғлиқ экстремистик зўравонликка қарши туришга уринмоқдалар. Ўтган ҳафта пойтахт Байрутда содир бўлган портлаш оқибатида Сурия ҳукумати ва унинг иттифоқчиси бўлган Ҳизбуллоҳ шиа жанггариларининг танқидчиси, сунний сиёсатчи Муҳаммад Шаттаҳ ҳамда яна камида тўрт киши ҳалок бўлганди.

Саудия Арабистони Сурия режимига қарши курашаётган исёнчиларни энг кўп дастак бераётган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади.

Пойгачи Шумахер жиддий жароҳат билан касалхонага ётқизилди

Франциядаги тоғ-чанғи курортида якшанба куни жароҳат олган машҳур пойгачи Михаэл Шумахернинг аҳволи оғир ва у комада.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Гренобль шаҳар касалхонаси вакилларига кўра, пойгачи зудлик билан нейрожарроҳлик операциясига ётқизилиши лозим.

Маълумотларга кўра, 44 ёшли Шумахер кеча Франциянинг Мерибель курортида чанғи учаётиб йиқилган ва боши билан тошга урилган.

Михаэл Шумахер Формула-1 пойгасида етти марта жаҳон чемпиони бўлган.

АҚШ Давлат котиби Исроил ва Фаластин раҳбарлари билан музокара қилади

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри тинчлик шартномаси борасида Исроил ва Фаластинга босимни кучайтириш мақсадида Яқин Шарққа сафар қилишни режаламоқда.

Давлат департаменти Жон Керри 1 январь куни Исроил ва Фаластинга жўнаб кетишини маълум қилди.

Давлат котиби ташрифи давомида Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва Фаластин Мухторияти Президенти Маҳмуд Аббос билан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

Апрел ойига қадар дастлабки келишувни имзолашга томонларни кўндириш учун Жон Керри сўнгги ойлар давомида Яқин Шарққа бир неча марта сафар қилди.

Шунга қарамай, Исроил-Фаластин тинчлик музокараларида олдинга силжиш бўлгани маълум қилинмади.

Волгоград шаҳридаги ҳужумда камида 18 одам нобуд бўлди

Россия жанубида жойлашган Волгоград шаҳрининг темир йўл вокзалида содир этилган портлаш оқибатида камида 18 одам ҳалок бўлди, қирқдан зиёд одам жароҳат олди.

Терроризмга қарши курашиш миллий қўмитаси якшанба кунги ҳужум худкуш аёл томонидан амалга оширилгани тахмин қилинаётганини билдирди.

Айни пайтда, Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази қурбонлар сони кўпайиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Ҳозирда портлаш содир этилган жой ўраб олинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Волгоград бўлими портлаш оқибатида жароҳат олган одамларга тиббий ёрдам кўрсатилаётганини билдирди.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Ҳуқуқ тартибот органларининг тезкор ходимлари текширув-суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Исроил 26 фаластинликни озодликка чиқариши эълон қилинди

Исроил қамоқхонасидан озод қилинган фаластинлик маҳбуслар,Ғазо с., 2013 йил 30 октябрь.
Исроил тинчлик музокараларига туртки бериш мақсадида 26 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Шанба куни кечқурун Исроил ҳукумати Исроил фуқаросини ўлдирганлик учун узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган фаластинликлар рўйхатини эълон қилди.

Расмийларга кўра, маҳбусларларнинг ҳаммаси 19 йилдан 28 йилгача бўлган жазо муддатини ўтаган.

Улар 1993 йилда Исроил-Фаластин тинчлик музокаралари бошланишидан олдин содир этган жиноятлари учун қамалган.

Исроил ва Фаластин АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг босими остида июль ойида тинчлик музокараларини қайта бошлаганидан бери бу Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларнинг учинчи марта озодликка чиқарилишидир.

30 октябрь куни Исроил 26 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG