Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:02

Халқаро янгиликлар

Путин Интернетни чеклаш нияти йўқлигини билдирди

Россия президенти Владимир Путин Хавфсизлик кенгашининг бугунги йиғинида ҳукумат Итернетга тўсиқ қўйиб¸ уни ялпи назоратга олмаслиги¸ лекин экстремизм ва болалар порнографиясини тарқатувчи сайтларни ëпишини билдирди.

Айни пайтда Путин Интернет ва ахборот заҳираларини ҳимоялаш чора-тадбирлари ишлаб чиқарилиши лозимлигини таъкидлади.

Путиннинг бу баëноти арафасида россиялик провайдерларнинг ҳарбий ҳаракатлар ëки мамлакат ичкарисида норозилик намойишлари бошланиб кетган тақдирда Интернетдан узиб қўйилиши ҳақида хабарлар тарқади.

Матбуотда пайдо бўлган бу хабарларга муносабат билдирган Россия Алоқа вазири Николай Никофоров¸ ҳукумат аксинча Ғарб Россияни Интернетдан узиб қўйган тақдирда қўлланиладиган тадбирлар режасини ишлаб чиққанини билдирди.

Ҳуқуқ фаоллари ахборот устидан тўлиқ назорат ўрнатиш мақсадида Кремлнинг Россияни халқаро Интернет тармоғидан узиб қўйиши эҳтимоли хусусида хавотир билдирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўп туз ейиш оқибатидан огоҳлантирди

Ташкилот мутахассислари хулосасига кўра¸ у ëки бу шаклда тузни меъëридан ортиқ истеъмол қилиш йилига 2¸5 миллион одамнинг юрак-қон томири касалликлари билан бевақт ҳаëтдан кўз юмишига сабаб бўлмоқда.

Юқумли бўлмаган касалликлар билан кураш стратегиясига мувофиқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2030 йилга бориб туз ейишни 30 фоизга камайтиришни мақсад қилган.

Ташкилот мутахассислари таъкидича¸ туз ейишни камайтириш миллионлаб одам ҳаëтини сақлаб қолишга ëрдам беради.

Мазкур стратегия муносабати билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳукуматларни мулоқот ва махсус норма жорий қилиш орқали озиқ-овқат саноатини егуликлар таркибидаги натрий миқдорини камайтиришга рағбатлантиришга чақирди.

Бундан ташқари ташкилот ҳукуматлардан аҳолини туз зараридан огоҳлантириш ва ишлаб чиқарувчилардан озиқ-овқат таркибидаги туз миқдорини маҳсулот ëрлиғида кўрсатишни талаб қилишни сўрамоқда.

Мутахассисларга кўра¸ кундалик истеъмол қилинадиган тузнинг 80% фоизини одамлар нон¸ пишлоқ¸ қайла¸ дудланган гўшт каби қайта ишланган ëхуд пишган овқатлардан олади.

Овқат таркибидаги натрийнинг кўплиги эса қон босими ошиши ва инсулът каби касалликларга мойилликни оширади.

Мутахассислар тавсиясича¸ истеъмол қилинадиган туз миқдори кунига 10 граммдан ошмаслиги лозим.

Йенс Столтенберг НАТО нинг янги раҳбари сифатида иш бошлади

Йенс Столтенберг.

Норвегия собиқ Бош вазири Йенс Столтенберг бугундан бошлаб НАТОнинг 13-бош котиби сифатида иш бошлади.

55 яшар Столтенберг бу вазифани даниялик Андерс Фог Расмуссендан қабул қилиб олди.

Меҳнат партияси етакчиси сифатида Столтенберг 8 йил давомида Норвегия Бош вазири бўлиб ишлади.

Столтенберг бош вазирлиги даврида Норвегия Афғонистонга қўшин юборди¸ Ливия ҳаво ҳудудини назорат қилган НАТО ҳаво кучларига қўшилди.

Шунингдек Столтенберг 2010 йилда Россия билан денгиз сарҳадларини аниқлаш бўйича 40 йиллик тортишувга барҳам берган келишув имзоланишига эришди.

Россиянинг Украина ҳудудида ҳарбий куч қўллашини "қабул қилиб бўлмас" деб баҳолаган Столтенбергнинг НАТО Бош котиби сифатида асосан Афғонистондан НАТО қўшинларини олиб чиқиш ва Россия-Украина можаросига сиëсий ечим топиш билан машғил бўлиши кутилмоқда.

ЕИ Россияга жорий этилган санкцияларни ўз кучида қолдирди

EU раиси Херман Ван Ромпей.

Европа Иттифоқи Украинадаги айримачиларни қўллаганлиги учун Россияга нисбатан жорий этган санкцияларни бекор қилмасликка қарор қилди.

Европа Иттифоқи вакиллари 30 сентябрда Брюсселда учрашиб, Украинадаги сўнгги вазиятни муҳокама қилди. Европа Иттифоқи Россияга нисбатан энг охирги санкцияалрни сентябрнинг бошларида жорий этган эди.

ЕИ раиси Херман Ван Ромпей 30 сентябрда Россияга нисбатан санкцияларни юмшатиш масаласи кўриб чиқилиши эҳтимоли бўлганини, бироқ Украина шарқидаги россияпараст айримачилар ҳамда Киев ўртасидаги тинчлик режаси тўлиқ амалга оширилиши учун Москва суст ҳаракат қилаётгани бунга тўсқинлик қилганини айтди.

Британия "Исломий давлат" гуруҳига қарши биринчи амалиётни ўтказди

Британия мудофаа вазири Майкл Фаллон 30 сентябрь куни инглиз ҳарбий самолётлари “Исломий давлат” гуруҳининг Ироқдаги кучларига қарши биринчи зарбаларни берганини билдирди.

Ҳукуматга мойил “Пешмерга” курд қуролли кучлари раҳбарияти британияликларнинг ҳаво зарбалари ёрдамида Сурия билан чегарадош бўлган Робия шаҳри жанггарилардан озод қилингани ва курдлар назоратига ўтганини маълум қилди.

Британия кучлари Ироқнинг Анбар ва ал Фаллуджа вилоятларида ҳам “Исломий давлат” гуруҳи жанггариларига қарши амалиёт ўтказгаани айтилмоқда.

“Исломий Давлат” гуруҳига қарши АҚШ етакчилигидаги коалиция ташкил қилинган эди.

Россияда 9 ойда миллатчилар томонидан 14 одам ўлдирилди

Россияда йил бошидан бери 14 одам миллатчилар томонидан ўлдирилди.

Бу ҳақда 30 сентябрда ҳисобот эълон қилган Москвадаги “Сова” ташкилотининг билдиришича, 77 одам миллатчилар томонидан оғир жароҳатланган.

Ташкилот йил бошидан бери 31 миллатчи одамларга зўравонлик қилгани учун қамалганини билдирди.

Ҳисоботда айтилишича, Марказий Осиё ва Кавказдан келган меҳнат муҳожирлари, жинсий озчилик вакиллари миллатчиларнинг асосий қурбонлари бўлмоқда.

“Сова” ташкилоти ўтган йили Россияда милдлатчилар томонидан 20 одам ўлдирилганини билдирган эди.

Бағдоддаги портлашларда ўнлаб одам ҳалок бўлди

Бағдодда 30 сентябрда портлатилган автомашиналар.

Ироқ пойтахти Бағдод мавзеларида автомобилларга ўрнатилган бомба портлашлари ва зўравонликлар оқибатида 30 сентябрь куни камида 25 одам ҳалок бўлди.

Ироқ полицияси портлашлар асосан шиалар яшайдиган мавзеларда содир этилганини билдирди.

Расмий маълумотда айтилишича, Бағдоднинг Ал Хуррия мавзесида иккита автомашинага ўрнатилган бомба портлаши натижасида камида 20 одам ўлган ва 35 одам яраланган.

Бағдод шимолидаги мавазелардан бирида жангарилар минемётдан ўқ отгани оқибатида беш одам ҳалок бўлган ва 15 одам яраланган.

АҚШ етакчилигидаги коалиция “Исломий Давлат” жанггариларига зарба берди

АҚШнинг F-15E русумидаги учқичлар.

“Исломий Давлат” гуруҳига қарши АҚШ етакчилигидаги коалиция Сурия-Туркия чегарасида жойлашган қуршовда қолган шаҳар яқинидаги нишонларга зарба берди.

Қароргоҳи Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти Кобан шаҳридан шарқ ва ғарб томондаги “Исломий Давлат” жанггариларига ҳаводан ҳужум уюштирилганини билдирди.

Ташкилот маълумотига кўра, 29 сентябрь кунги жангларда икки томондан 57 киши ўлган.

“Исломий Давлат” жанггарилари аксар аҳолиси курдлар, шунингдек, туркман, араб ва арманлар ҳам яшайдиган Кобан шаҳрини босиб олиш учун сентябрь ойи ўртасидан бери ҳужум қилмоқда.

Ҳаво зарбаларига қарамай, жанггарилар сўнгги кунларда Кобан шаҳрига яқинлашишга муваффақ бўлган.

Донецк аэропортига яқин ҳудуд артиллериядан ўққа тутилди

Украина шарқида жойлашган Донецк аэропорти яқинида артиллерия овозлари эшитилгани хабар қилинди.

Киев расмийлари 30 сентябрь куни Россия тарафдори бўлган айирмачилар Донецк аэропортидаги Украина ҳарбийлари эгаллаган позицияларни “Град” русумидаги ракеталар билан нишонга олганини айтди.

Бироқ айирмачилар ўз назоратида бўлган Донецк шаҳри ҳукумат кучлари томонидан ўққа тутилганига жавобан ўт очилганини таъкидлади.

Хабарларга кўра, ҳукумат кучлари ва айирмачилар 5 сентябрь куни имзоланган ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги шартномага бошқа минтақаларда риоя қилмоқда.

Украина шарқида ҳукумат кучлари ва Россия тарафдори бўлган айирмачилар ўртасида апрель ойидан бери давом этаётган қуролли тўқнашувларда шу кунгача уч мингдан ортиқ одам нобуд бўлди, юз минглаб одам ўз уйларини ташлаб хавфсиз жойларга қочишга мажбур бўлди.

Афғонистон ва АҚШ хавфсизлик бўйича шартнома имзолади

Афғонистон ва АҚШ анчадан бери ортга суриб келинаётган "Икки томонлама хавфсизлик шартномаси"ни имзолади.

30 сентябрь кунги маросимда шартномани икки давлат номидан Афғонистон президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ҳаниф Атмар ва АҚШ элчиси Жеймс Каннингҳэм имзо чекди.

Бу келишув жорий йил 31 декабригача Халқаро кучлар Афғонистондан олиб чиқилганидан кейин АҚШнинг 10 минг нафар аскари Афғонистонда қолишига имкон яратади.

29 сентябрь куни Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғанининг матбуот котиби собиқ президент Ҳамид Карзай имзолашдан бош тортган "Икки томонлама хавфсизлик шартномаси" имзоланишини маълум қилган эди.

Шу каби бошқа шартнома яқин кунларда НАТО билан ҳам имзоланиши кутиляпти.

Бу келишув Британия, Германия, Италия ва Туркиядан бўлган 4000дан 5000 нафаргача бўлган аскарининг 2014 йилдан кейин ҳам Афғонистонда қолишига қонуний асос бўлади.

Украинада Россия расмийларига қарши жиноий иш очилди

Украина Бош прокурори Виталий Ярема.

Украиналик прокурорлар мамлакат шарқидаги айирмачилар ва “террорчи” гуруҳларни қўллаб-қувватлаганлик айби билан Россия ҳуқуқ-тартибот органига қарши жиноий иш очилганини маълум қилди.

Ундан олдин Россия Украина сиёсатчилари, ҳарбий қўмондонлари ва миллатчи ташкилотларни Украина шарқидаги рус тилида сўзлашувчи аҳолига қарши “геноцид” содир этганликда айблаган эди.

30 сентябрь куни Украина Бош прокурори Виталий Ярема “геноцид” иддаосини ўрганаётган Россия Тергов қўмитаси расмийларига қарши жиноий иш қўзғатилганини айтди.

Украина шарқида ҳукумат кучлари ва Россия тарафдори бўлган айирмачилар ўртасида апрель ойидан бери қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.

Уруш ҳаракатлари оқибатида уч мингдан ортиқ одам нобуд бўлди, юз минглаб одам ўз уйларини ташлаб хавфсиз жойларга қочишга мажбур бўлди.

Урушаётган томонлар 5 сентябрда имзоланган оташкесим аксар зўравонликларга чек қўйди.

Қирғизистонда етти аёл Ҳизбут-Таҳрирга аъзоликда гумонланиб ушланди

Қирғизистон жанубида жойлашган Жалолобод вилоятида бир гуруҳ аёл фаолияти тақиқланган диний ташкилотга аъзоликда айбланиб қўлга олинди.

30 сентябрь куни Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Ноокен туманида ўтказилган махсус амалиёт давомида 20-25 ёшлардаги етти нафар аёл қўлга олинганини билдирди.

Милиция маълумотига кўра, улар Ҳизбут-Таҳрир ташкилоти фаолларидан бўлиб, маҳаллий одамларни гуруҳ сафига жалб қилиш билан шуғулланган.

Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Ҳизбут-Таҳрир ҳамма мусулмон давлатларини Исломий халифатга бирлаштиришни мақсад қилган.

Қирғизистон ҳукумати Ҳизбут-Таҳрир аъзоларини “экстремистлар” деб, ташкилот фаолиятини таъқиқлаган.

Ҳизбут-Таҳрир Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари, жумладан Ўзбекистон ва Россияда ҳам таъқиқланган.

Россия ва Қозоғистон атом энергетикаси соҳасида шартнома имзолади

Россия Президенти В.Путин (ў) ва Қозоғистон Президенти Н.Назарбоев.

Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистон ва Россиянинг чегарадош вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик форумида қатнашиш учун Қозоғистон ғарбидаги Атирау шаҳрига борди.

Путин бир кунлик интеграция форумидан ташқари қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

Сўзлашувда икки томонлама савдо-иқтисодий алоқалар, шунингдек, Божхоналар иттифоқи ва Евроосиё ҳамкорлик иттифоқи борасида 10 октябрь куни Беларус пойтахти Минскда бўладиган кўп томонлама учрашувга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилиши кутилмоқда.

Россия ва Қозоғистон атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик ҳақида шартнома имзолади.

Россия, Қозоғистон ва Беларус Божхоналар иттифоқига аъзо. Россия етакчилигидаги Евроосиё ҳамкорлик иттифоқи эса 2015 йил 1 январдан ўз фаолиятини бошлаши режаланган.

Афғонистон ва АҚШ хавфсизлик ҳақидаги пактни имзолайди

АҚШ ва Афғонистон ўртасидаги хавфсизлик пактини Кобул номидан кеча қасамёдга келтирилган президент Ашраф Ғани имзолайди.

Қўшма Штатлар ва Афғонистон 30 сентябрь куни анчадан бери кутилаётган икки томонлама хавфсизлик шартномасини имзолайди. Бу жорий йил 31 декабридан кейин ҳам АҚШнинг 10000 нафар аскари Афғонистонда қолишига имкон яратади.

Янги президент Ашраф Ғанининг матбуот котиби 29 сентябрь куни давлат раҳбари ўз салафи Ҳамид Карзай позициясини ўзгартириб, иккитомонлама шартномага қўл қўйишини тасдиқлади.

Вашингтон номидан шартномани АҚШ президенти Барак Обаманинг маслаҳатчиси Жон Подеста имзолаши айтилмоқда.

Шунга ўхшаш бошқа бир шартнома жорий ҳафтада НАТО билан ҳам имзоланиши кутиляпти. Бу эса асосан Британия, Германия, Италия ва Туркиядан бўлган 4000 нафардан 5000 нафаргача бўлган аскарнинг 2014 йилдан кейин ҳам Афғонистонда қолишига имкон беради.

Ал-Муаллим: Сурия ҳудудига ҳаво зарбаси берилиши нормал ҳол

Сурия ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллим.

Сурия ташқи ишлар вазири Валид ал-Муаллим расмий Дамашқ террорчиликка қарши курашда халқаро ҳамжамият билан бирга эканини билдирди. 29 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган ал-Муаллим жаҳон “Исломий давлат” гуруҳи, шунингдек, Жабҳатун-Нусра ва Ал-Қоидага алоқадор бошқа террорчи гуруҳларга қарши кураш масаласига алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлади.

Ўз чиқишидан кейин Ассошиэйтед Пресс агентлигига сўзлаган Валид ал-Муаллим Қўшма Штатлар ҳар сафар ҳаво зарбаси бериш олдидан Сурияни огоҳлантирмаётганини айтди.

“Бу нормал ҳол. Биз ИШИДга қарши курашяпмиз. Улар ҳам ИШИДга қарши курашяптилар”, деди Сурия ташқи ишлар вазири.

Ал-Муаллим АҚШ учқичлари Сурия ҳудудига илк зарбани беришдан 24 соат олдин Вашингтон Дамашқни бундан хабардор қилганини тасдиқлади. Аввалроқ Россия ва Эрон вакиллари АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Сурия ҳудудини бомбардимон қилиш билан халқаро қонунларни бузаётгани, бу каби амалиётлар фақат БМТ мандати ёки Сурия ҳукумати илтимосига кўра амалга оширилиши лозимлигини айтиб чиққанди.

Вацлав Ҳавел мукофоти озарбайжонлик ҳуқуқ фаолига берилди

Озарбайжонлик ҳуқуқ фаоли Анар Маммадли.

Европа Иттифоқи парламент ассамблеяси Вацлав Ҳавел номидаги инсон ҳуқуқлари бўйича мукофотни бу йил озарбайжонлик ҳуқуқ фаоли Анар Маммадлига топширди.

Бу йил иккинчи маротаба топширилаётган 79 минг долларлик мукофот айни пайтда қамоқда бўлган озарбайжонлик ҳуқуқ фаолининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фидокорона ишлари учун берилди.

Анар Маммадли ўтган йилнинг декабрь ойида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганлик айблови билан ҳибсга олинган ва шу йил майида беш ярим йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Вацлав Ҳавел мукофотига бу йил бутун дунё бўйлаб 56 нафар номзод кўрсатилганди.

2013 йили мазкур мукофот белоруссиялик ҳуқуқ фаоли Алесь Беляцкийга берилганди.

Ленин ҳайкали қулатилган Харьковда оммавий тартибсизликлар содир бўлди

Бўйи 20 метр келадиган Ленин ҳайкали 28 сентябрь куни қулатилганди.

Якшанба куни Ленин ҳайкали қулатилган Харьковда кеча оммавий муштлашувлар бўлиб ўтди.

Твиттер микроблогидаги хабарлардан бирига кўра, Харьковнинг Озодлик майдонида душанба куни содир бўлган тартибсизликлар чоғида бир неча киши жароҳатланган.

Интерфакс ахборот агентлигининг ёзишича, 29 сентябрь оқшомида футбол ишқибозлари Харьков бош майдонида Ленин ҳайкалини қайта тиклаш тарафдорларини ҳайдаб юборганлар. Ўзаро муштлашув чоғида бир кишининг боши ёрилган.

Бу орада Харьков мэри Геннадий Кернес қулатилган Ленин ҳайкали ўз ўрнига қайта тикланишини билдирди.

Бу йил Украинанинг Житомир, Сумск, Днепропетровск, Николаевск, Чернигов ва Кировоград вилоятларида жойлашган бир неча шаҳар ва қишлоғида Ленин ҳайкали бузиб ташланган.

ХМТ: Европага денгиз орқали ўтишда ҳалок бўлганларнинг 75 фоизи африкалик ва яқин шарқликлардир

Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларидан Ўртаер денгизи орқали кемаларда Европага ўтиб кетишга уринган муҳожирлардан бу йил 3 мингдан зиёд одам ҳалок бўлди.

Бу ҳақда душанба куни БМТ билан тиғиз ҳамкорлик қилувчи Халқаро миграция ташкилоти маълум қилди.

ХМТ маълумотига кўра, денгиз йўли орқали Европага кетишда нобуд бўлган мигрантларнинг 75 фоизини айнан Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларидан бўлган муҳожирлар ташкил қилади.

Яқинда Мальта соҳилига яқин жойда 500 га яқин муҳожирни олиб кетаётган кема чўкиб кетганди. Ундаги йўловчиларнинг аксариятини суриялик, фаластинлик ва мисрликлар ташкил қилган. Улар орасидан омон қолган 11 киши кема мазкур хатарли сафарни уюштирган одам савдогарлари томонидан атайлаб чўктирилганини таъкидлаган.

Норозиликлар давом этаётган Ҳонг Конг кўчаларидан полиция кучлари қайтарилди

Ҳонг Конгдаги талабалар 26 сентябрьдан бери демократик ўзгаришлар талаби билан норозилик намойишларини ўтказмоқда.

Ҳонг Конг расмийлари шаҳар кўчаларида қолаётган норозилар талабини қондириш рамзи ўлароқ, полиция кучларини қайтараётганини билдирди.

Ҳукумат вэбсайтида 29 сентябрь куни эълон қилинган баёнотда: “Кўчага чиққан фуқаролар тинчлангани боис, полиция махсус кучлари қайтарилди”, дея таъкидланган.

Баёнотда шунингдек намойишчилардан “эгаллаб олинган автомобил йўлларини иложи борича тезроқ бўшатиш” сўралган.

Якшанба куни полиция махсус кучлари намойишчиларга қарши кўз ёшини оқизувчи газ қўллади.

Ҳонг Конгдаги талабалар 26 сентябрьдан бери демократик ўзгаришлар талаби билан норозилик намойишларини ўтказмоқда. Норозилар Ҳонг Конг ҳукуматидан сайлов тизими ислоҳотларини муҳокама қилиш учун улар билан учрашишни талаб қилмоқда.

Демократия тарафдорлари бўлган норозилар расмий Пекиннинг 2017 йилда Ҳонг Конг шаҳар ҳокими сайловидан олдин ислоҳотларни чеклаш қарорига қарши чиқмоқда.

Афғонистон: Ашраф Ғани президент, Абдуллоҳ Абдуллоҳ бош вазир бўлди

Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғани.

Ашраф Ғани Афғонистоннинг янги президенти сифатида қасамёдга келтирилди ва Абдуллоҳ Абдуллоҳни ҳукуматнинг ижроия раиси лавозимига тайинлади.

Президент лавозими учун курашган собиқ рақиблар 29 сентябрь куни ўтказилган маросимда қасамёд келтирди. Бу Афғонистон тарихида илк бор ҳокимиятнинг демократик тарзда алмашишидир.

Ашраф Ғани сайлов олди кампанияси ваъдаларидан бири бажариб, афғонистонлик ўзбекларнинг нуфузли етакчиси Абдурашид Дўстумни вице президент этиб тайинланди.

Иқтидордан кетаётган Ҳамид Карзай 2001 йилдан бери Афғонистон президенти курсисида бўлди.

Ғани 21 сентябрь куни, президент сайловидан уч ой ўтиб, овоз беришнинг ғолиби дея эълон қилинди.

Президент Ғани АҚШ Афғоснитонда чекланган ҳарбий ҳозирлигини сақлаб қолишига имкон берувчи келишувни имзолашга ваъда берган.

Афғонистон президент сайлови иштирокчилари бир неча ойдан бери ғалаба қилганлик даъвоси билан бир-бирини сайлов натижаларини қалбакилаштирганликда айблаб келди.

Эрон президенти Каспий саммитида иштирок этиш учун Россияга борди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Каспийбўйи давлатлари лидерларининг саммитида иштирок этиш учун Россиянинг Астрахань шаҳрига борди.

Бугун очиладиган мазкур анжуманда Эрон президентидан ташқари Озарбайжон, Россия, Туркманистон ва Қозоғистон лидерлари ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Каспийбўйи минтақасида жойлашган беш давлат раҳбарлари Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми бўйича келишувга эришиш устида бир неча йилдан буён ишлаяпти.

Каспий денгизининг амалдаги ҳуқуқий мақоми 1921 ва 1940 йилларда Эрон ва Совет Иттифоқи ўртасида тузилган шартномалар билан белгиланган. Совет Иттифоқи тарқаб кетганидан кейин пайдо бўлган Озарбайжон, Туркманистон ва Қозоғистон каби давлатлар бу шартномалар бўйича ўзларини мажбуриятли ҳисобламайди.

Миллиардлаган долларлик қийматга эга йирик нефть ва табиий газ заҳиралари тақдири бу беш давлат лидерлари музокараларига боғлиқ.

Астрахандаги саммит Каспийбўйи давлатлари раҳбарларининг сўнгги 12 йил ичида ўтказилаётган тўртинчи учрашуви бўлиб ҳисобланади.

Харьковда Лениннинг улкан ҳайкали қулатилди

Харьковда Ленин ҳайкалини йиқиш жараёни, 2014 йилнинг 28 сентябри.

Украинанинг иккинчи йирик шаҳри бўлмиш Харьковда якшанба куни намойишчилар Ленин ҳайкалини қулатишди.

Украинадаги Ленин ҳайкаллари ичида энг каттаси бўлган бу ҳайкалнинг бўйи 20 метр келарди.

Ҳайкал қулатилишидан олдинроқ Харьковда саккиз минг чоғли намойишчи Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб намойишга чиққанди.

Украина ахборот агентликларининг хабар қилишларича, намойиш иштирокчилари қўлларида “Ичингдаги Москва қулини ўлдир”, “Украинага ишонаман!” ва шу каби бошқа шиорларни кўтариб олгандилар. Улар Украина куч ишлатар тузилмаларидан айирмачилик кўринишларига қарши фаолроқ курашишни талаб қилганлар.

Россия чегарасидан 20 километр нарида жойлашган Харьков шаҳри жорий йилнинг март ва апрель ойларида россияпараст намойишчилар ва Киевга содиқ бўлган украиналиклар ўртасидаги тўқнашувларга саҳна бўлганди.

Ленин ҳайкалини йиқиш бўйича аввалги уринишларга россияпараст айирмачилар монеълик қилган.

Сурияда “Исломий Давлат” нефть заводларига ҳаводан зарба берилди

АҚШ қирувчи учқичлари ИД позицияларига зарба бериш учун учишга ҳозирланмоқда.

АҚШ етакчилигидаги коалиция учқичлари “Исломий Давлат” жанггарилари босиб олган ва гуруҳни молиялаштириш учун фойдаланилаётган Суриядаги нефть манбаларини бомбардимон қилди.

Маълумотларга кўра, 28 сентябрь куни коалиция учқичлари Суриянинг Тал Абяд шаҳри яқинидаги нефтни қайта ишлайдиган заводларга ҳаводан зарбалар берган.

Бу орада “Исломий давлат” гуруҳи жанггарилари Анбар вилоятидаги учта туманни эгаллаб олган.

28 сентябрь куни Фаллужада ҳам Ироқ хавфсизлик кучлари ва жанггарилар ўртасида тўқнашув содир бўлиб, унда 13 фуқаровий шахс ҳалок бўлган.

Ироқ расмийлари Фаллужа ташқарисидаги Амирия деган жойда жанггарилар ҳужуми қайтарилгани, “Исломий давлат” гуруҳи позицияларига берилган ҳаво зарбалари оқибатида 12 нафар жанггари ўлдирилганини билдирганлар.

Японияда вулқон 30 дан зиёд киши ҳаётига зомин бўлди

Япониянинг марказий қисмида жойлашган Онтакэ вулқони портлаши натижасида 31 киши нобуд бўлди, 40 зиёд одам тан жароҳати олди.

Полиция маълумотларига кўра, кишилар ўлимига юрак тўхташи ва ҳаво етишмаслиги сабаб бўлган, бироқ япон мулозимлари расмий хулоса чиқарилгунига қадар буни бевосита вулқон портлаши билан боғлашдан тийилиб турибдилар.

Айрим маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлардан фақат тўрт кишигина вулқон портлаши қурбони ўлароқ эътироф этилмоқда.

Шанба куни бошланган Онтакэ вулқони портлаши натижасида ўнлаб одам бу ердан бошқа жойга кўчирилган.

Нагано префектурасидаги Онтакэ вулқони Токио ғарбидан тақрибан 200 километр нарида ерлашган. Катталиги жиҳатдан Японияда иккинчи турувчи бу вулқон 3067 метр баландликда жойлашган.

Донецк вилоятида оммавий қабр топилгани айтилмоқда

“Нижняя Крынка” посёлкаси яқинидаги оммавий қабр экани айтилаётган жойни ўрганаётган ЕХҲТ вакиллари.

Украина шарқидаги Россия тарафдори бўлган айирмачилар Донецк вилоятининг “Нижняя Крынка” посёлкаси яқинида оммавий қабр топилганини билдирди.

Ҳозир ўша жойни ўнга яқин халқаро кузатувчи ўрганмоқда. Қабрда қанча одам кўмилгани ҳозирча маълум эмас.

Бу маълумотни ўзини “Донецк Халқ Республикаси” деб эълон қилган Республика вакили Андрей Пургинга таяниб ИТАР ТАСС агентлиги хабар қилди.

Расмий манбалар оммавий қабр топилганини ҳозирча тасдиқламади.

Сентябрь ойи охирида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кузатувчилари Донецк вилоятида учта оммавий қабр топилганини маълум қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG