Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:11

Халқаро янгиликлар

БМТ: Афғонистонда 2014 йилда тинч аҳоли орасида талафотлар 19 фоизга ошган

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонда 2014 йилда тинч аҳоли орасида талафотлар сони ошганини қайд этган.

Афғонистондаги БМТ миссияси ҳужжатлаштирган маълумотларига кўра, жорий йил бошидан буён мамлакатда 3188 одам ҳалок бўлган, 9429 одам жароҳатланган.

Шунингдек, БМТ ҳисоботида бу йил Афғонистонда ҳалок бўлган аёл ва ёш болалар орасида ўлим холлари 14 фоизга ошгани айтилади.

Экспертлар Афғонистонда аҳоли орасида ўлим холатлари кўпайишининг асосий мамлакатда давом этаётган қуролли тўқнашувлар ва босқинлар эканини айтишади.


ЕИнинг Қримга қарши санкциялари кучга кирди

Европа Иттифоқининг Украина бўхрони боис Қримга қарши жорий этган навбатдаги санкциялари бугундан кучга кирди.

Мазкур санкциялар Европа ширкатларининг Россия аннексия қилган Қримга сармоя киритишини ҳамда ярим орол билан савдо-сотиқ қилишини тақиқлайди.

Эндиликда Европадаги ширкатлар Қримдаги ширкатлар билан олди-берди қилолмайди, ярим оролга сармоя олиб киролмайди.

Шунингдек, Европадаги сайёҳлик ширкатлари Қрим ва Севастополда ўз ҳизматларини таклиф этолмайди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ЕИ санкциялари юзасидан чиқарган баёнотида Брюсселни "Қрим аҳлини Россияга қўшилгани учун жазолашга уринаётганлик"да айблади.

Бундан аввал Қўшма Штатлар ҳам Қримга товарлар ва технологиялар экспорти, сармоя киритиш ҳамда у ердан озиқ-овқат махсулотларини импорт қилишни чекловчи санкцияларни эълон қилди.

Sony Pictures "Интервью" фильми намойишининг муқобил йўлларини кўриб чиқмоқда

Sony Pictures ширкати Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инга қарши суиқасд уриниши ҳақидаги “Интервью” фильми намойишининг муқобил йўлларини кўриб чиқаётганини билдирмоқда.

Аввалроқ ширкат кибер ҳужумлар боис кинокомедия прокатини тўхтатган эди.

Фильм намойиши 25 декабрь кунига белгиланганди. Sony Pictures раҳбари Майкл Линтонга кўра, кўплаб кинотеатрлар фильмни намойиш этишдан бош тортган.

– Биз фильм намойишидан бутунлай воз кечганимиз йўқ, - деб айтди Линтон.

АҚШ президенти Барак Обама 19 декабрь кунги матбуот анжуманида Sony Pictures кинокомедия намойишидан воз кечиб, хато қилганини таъкидлади.

Жаноб Обама ўз чиқишида Шимолий Кореянинг ҳаракатларига жавобий чоралар кўрилишини қайд этди.

АҚШ Федерал тергов бюроси, аввалроқ, Sony Pictures сайтига қилинган кибер ҳужум ва террорчилик таҳдидлари ортида Шимолий Корея турганини билдирганди.

Обама 2015 йилги ҳарбий бюджетни тасдиқлади

АҚШ президенти Барак Обама 2015 йилга мўлжалланган ҳарбий бюджетни маъқуллади.

Оқ уй раҳбари имзолаган ҳужжатга мувофиқ, Пентагоннинг келаси йилги бюджети 496 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Шунингдек, АҚШнинг чет мамлакатлар, жумладан Афғонистондаги ҳарбий кампаниялардаги иштироки учун қўшимча 64 миллиард доллар ажратилган.

Бюджет лойиҳасида “Исломий давлат” радикал гуруҳларига қарши ҳарбий амалиётларни кенгайтириш, ироқлик ва курд ҳарбий отрядларига ёрдам бериш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, президент Барак Обама Конгрессни Кубадаги терроризмда гумонланаётган махбуслар сақланадиган Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш уринишларини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Конгрессда кўпчиликни ташкил этувчи республикачилар Гуантанамо қамоқхонасининг ёпилишига қаршилик қилиб келишади.

АҚШ Қрим билан савдо-сотиқни чекловчи санкцияларни жорий қилди

АҚШ президенти Барак Обама Қримдаги айрим шахслар ва корхоналарга нисбатан санкцияларни имзолади.

Мазкур санкциялар Қримга товарлар ва технологиялар экспорти, сармоя киритиш ҳамда у ердан озиқ-овқат махсулотларини импорт қилишни чеклашни ҳам кўзда тутади.

АҚШ Молия вазирлигига кўра, санкциялар рўйхатига ҳаммаси бўлиб Россия ва Украинанинг 24 фуқароси, шунингдек россиялик тадбиркор Константин Маловеев раҳбарлигидаги Marshall Capital Partners сармоя ширкати ва бошқа корхоналар кирган.

Жаноб Обамага кўра, бундай чоралар Қўшма Штатлар ярим оролнинг Россия тарафидан аннексия қилинишини тан олмаслигининг ифодасидир.

– Яна бир бор Россияни Қримни аннексия қилиш уринишларидан қайтишга ва Украина шарқидаги айирмачиларни дастаклашни бас қилишга, Минскда эришилган келишувга амал қилишга чақираман, - деди Барак Обама.

Покистон хавфсизлик кучлари бир кунда 60га яқин жангарини ўлдирди

Покистон ҳарбийлари мамлакат шимоли-ғарбида уюштирилган пистирма натижасида 32 жангари ўлдирилганини маълум қилди. 19 декабрь куни тарқатилган баёнотда айтилишича, ҳукумат кучлари Хайбар минтақасининг Тироҳ водийсидан Афғонистон томон кетаётган жангарилар нишонга олинган.

Ҳарбийларнинг билдиришича, ҳукумат қўшинларидан уч киши жароҳатланган.

Бу хабар бугун аввалроқ ҳукумат ҳарбийлари Хайбар вилоятида амалга оширилган ҳаво ҳужумлари ва қуруқликдаги амалиёт натижасида 27 жангари йўқ қилингани тўғрисидаги хабарга қўшимча бўлди.

Шу ҳафта, 16 декабрь куни Хайбар Пахтунгхва минтақасидаги Пешовар шаҳрида ҳарбийлар тасарруфидаги мактабга жангариларнинг ҳужуми оқибатида 132 болар ва 9 ўқитувчи ўлдирлган эди.

Бу воқеанинг эртасига Покистон Бош вазири Навоз Шариф террорчиликда айбдор деб топилганларга нисбатан ўлим ҳукмига мораторийни бекор қилишини эълон қилди.

“Эхо Москвы” билан ман-санга борган Михаил Лесин ишдан кетди

Михаил Лесин оилавий сабабларга кўра, ишдан кетаётганини эълон қилди.

Россиянинг Газпро-Медиа ширкати раҳбари Михаил Лесин истеъфо берди. Президент Владимир Путиннинг собиқ маслаҳатчиси ва Russia Today телеканали асосчиси бўлган Лесин оилавий сабабларга кўра ишдан кетаётганини эълон қилди.

Россиядаги энг йирик медиа ширкат вакилларига кўра, Сочи Олимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси президенти Дмитрий Чернишенко Газпром-Медиа раҳбарлигига номзод қилиб кўрсатилган.

Лесиннинг ишдан кетиши АҚШ Федерал қидирув бюроси унинг Калифорния кўчмас мулк агентлиги билан олди-бердиларини текшира бошлаган пайтга тўғри келмоқда. Лесин АҚШ расмийлари томонидан пул ювганликда гумон қилинмоқда.

Газпром-Медиа тасарруфига НТВ телеканали, Итоги газетаси, “Эхо Москвы” радиоканали акциялари назорат пакети ва бошқа ахборот воситлари киради. “Эхо Москвы” Россия ҳукуматини танқид қилишда давом этаётган саноқли агентликлардан биридир.

Ўтган ойда Лесин “Эхо Москвы” бош муҳаррири Алексей Венедиктов билан зиддиятга киришган эди. Венедиктов Лесиннинг кутилмаганда ишдан кетишини “бемаврид”, дея атади.

Россия прокуратураси Алексей Навальнийга 10 йил қамоқ жазоси берилишини сўради

Алексей Навальний укаси Олег билан суд залида. 19 декабрь, 2014 йил.

Россия прокуратураси мухолифат етакчиси Алексей Навальнийга 10 йил қамоқ жазоси берилишини сўради. Президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Навальний ўзи ва укаси Олегга қўйилаётган айбловларни Кремльнинг мухолифат овозини ўчириш ҳаракати, дея баҳоламоқда. Алексей ва Олег Навальнийлар қаллоблик йўли билан Франциянинг Yves Rocher косметика фирмасидан 27 миллион рубль (450 минг АҚШ доллари) миқдоридаги пулни ўзлаштирганлик ва пул ювганликда айбланмоқда.

Прокуратура вакиллари 19 декабрь куни судда қилган чиқишида судланувчиларнинг айби исботлангани ва Алексей Навальнийга 10 йил, укаси Олегга эса 8 йил қамоқ жазоси берилишини сўради.

Навальний коррупцияга қарши курашчи ва 2011-2012 йиллардаги аксилҳукумат намойишлар ташкилотчиси сифатида танилган.

У ҳозирда бошқа айблов бўйича беш йиллик шартли қамоқ жазосини ўтамоқда ва уй қамоғига олинган. Навальний ўзига қўйилган барча айбловлар сиёсий мотивларга асосланганини айтиб келади.

ЕИ раиси: Россияга нисбатан "қатъий ва масъулиятли" стратегия ишлаб чиқилиши керак

Европа Комиссияси Президенти Дональд Туск Европа Иттифоқининг Россия билан муносабатларини белгилаб берувчи стратегияси ойларга эмас, йилларга мўлжалланган бўлиши лозим, дея баён қилди.

Туск бу ҳақда 19 декабрь куни Брюсселда ЕИ саммити якунларига бағишланган матбуот анжуманида гапирди.

Польша собиқ бош вазири Туск Россия ва президент Владимир Путин билан муносабат қилиш ҳамда Украина бўҳронини ҳал этишда “қатъий ва масъулиятли” стратегия ишлаб чиқилиши лозим, дея таъкидлади.

Европа Иттифоқи ташқи сиёсат масалалари бўйича мутасаддиси Фредерика Могерини Кремль Қримни аннексия қилганидан кейин ЕИ ва АҚШ жорий қилган санкциялар натижасида Россияда иқтисодий қийинчиликлар пайдо бўлганидан хурсанд бўлмаётганини таъкидлади. Лекин, деди Могерини, Путин ва Россия мулозимлари “дунёга бўлган муносабатларини кескин ўзгартириб, ҳамкорлик руҳида иш тутишлари керак”.

Пентагон "Исломий давлат" раҳбарларидан айримлари ўлдирилганини иддао қилмоқда

Ироқ хавфсизлик кучлари "Исломий давлат"га қарши жанг пайтида.

Пентагон АҚШ ва иттифоқчиларнинг ҳаво зарбалари оқибатида “Исломий давлат” гуруҳининг олий ҳамда ўрта бўғин лидерларидан бир нечаси ҳалок бўлганини иддао қилмоқда.

Пентагон матбуот котиби контр адмирал Жон Кирби 18 декабрда қилган баёнотида “Исломий давлат” раҳбарларининг йўқ қилиниши мазкур гуруҳни тушкунликка солади ва Ироқ хавфсизлик кучларига қарши ҳужумларни сусайтиради, деб билдирди.

"Wall Street Journal" Вашингтон расмийларига таянган ҳолда ҳаво ҳужумларида “Исломий давлат” гуруҳининг Ироқдагиамалиётлари қўмондони Абдул Босит, гуруҳ раҳбари Абу Бакр ал Бағдодийнинг ўринбосари Ҳожи Мутаз, гуруҳнинг Мосулдаги бошқарувчиси Радвин Толиб ўлдирилганини маълум қилган.

"Боко Ҳарам" яна 35 одамни ўлдирганликда гумонланмоқда

"Боко Ҳарам" гуруҳи жанггариси.

Нигерия шимоли шарқида жанггари гуруҳ 35 одамни ўлдирди ва юздан ортиқ аёллар ҳамда болаларни гаровга олди.

Нигерия расмийларининг пайшанба куни маълум қилишича, жанггарилар ўтган якшанба куни Гумскири қишлоғига ҳужум қилиб, одамларни ўлдирган, бир қатор уйлар, дўконлар ва касалхонага ўт қўйган, шундан сўнг юздан ортиқ одамни юк машиналарига юклаб олиб кетган.

Мазкур ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олган эмас. Бироқ Нигерия ҳукумати ҳужумда “Боко Ҳарам” исломий гуруҳини гумонламоқда. Бу гуруҳ апрель ойида Чибок шаҳридаги мактаблардан бирида 200 ўқувчи қизни гаровга олган эди.

Сўнгги беш йил давомида “Боко Ҳарам” жанггарилари минглаб одамларни ўлдиргани айтилади.

Яманда бомба портлашидан 7 киши ҳалок бўлди

Яманнинг Қизил денгиз бўйида жойлашган Ходейда портида 18 декабрь куни бомба ўрнатилган икки автомашина портлаши оқибатида 7 одам ҳалок бўлди.

Биринчи автомашина мазкур худудни ўз назоратига олган шиа қўзғолончилари штаб квартираси олдида портлатилган. Иккинчи автомашинадаги бомба эса эса Ходейда университети яқинида ишга туширилган.

Мазкур портлашлар учун масъулиятни “Ал Қоидага” алоқадор гуруҳлардан бири ўз зиммасига олмоқда. Яманда сентябрь ойида шиа қўзғолончилари пойтахт Санога ҳужум қилганидан бери вазият мураккаблашган.

БМТ Шимолий Корея ишини Ҳаага судига топширишни тавсия қилди

Шимолий Кореяни 1948 йилдан бери бошқариб келаётган Ким сулоласининг учинчи вакили Ким Чен Ун.

БМТ Бош Ассамблеяси 18 декабрь куни Хавфсизлик кенгашига Шимолий Корея раҳбариятини Ҳаага халқаро жиноят судига тортиш тавсия қилинган резолюцияни қабул қилди.

Мазкур резолюция тавсия характерига эга бўлиб, уни БМТдаги 116 давлат вакили қўллади, 20 давлат қарши чиқди ва 53 давлат бетараф қолди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Бош Ассамблеяси 18 ноябрь куни Корея Халқ Демократик Республикаси олий раҳбариятини халқаро жиноий судловга тортиш бўйича жараённи бошлаш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлаган эди.

Шимолий Корея раҳбарлари инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузганликда айбланмоқда. Резолюция матни БМТга Япония томонидан таклиф қилинган.

БМТ маълумотларига қараганда, Шимолий Кореяда ҳукумат томонидан одамларни қийноққа солиш, озиқ-овқатдан маҳрум қилиш, мажбурий абортлар, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва оммавий қатлиомлар одатий ҳолатга айланган. БМТ ҳисоботида айтилишича, Шимолий Кореяда 80 мингдан 120 минггача сиёсий маҳбус бор.

ЕИ Россия билан таранглашган муносабатларни муҳокама қилади

Европа Иттифоқи етакчилари бугун Брюсселда бошланадиган саммитда ЕИнинг Россия билан муносабатлари таранглашувига доир масалани муҳокама қилиши кутилмоқда.

Икки кунлик саммитда янги санкцияларни жорий қилиш масаласи кўтарилмаслиги айтилмоқда. Дипломатлардан бири Франс Прессга ЕИ “чораларни кучайтириш кайфиятида эмас”, дея билдирди. Яна бир дипломатнинг “Путинни ортиқча провокация қилмоқчи эмасмиз”, деган сўзларидан иқтибос келтирилмоқда.

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Москванинг Украинадаги ҳаракатлари боис Россияга нисбатан санкциялар жорий қилган.

Саммит иштирокчиларининг шунингдек ЕИда иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга қаратиган 315 евролик сармоя режасини ҳам муҳокама қилиши кутилмоқда.

Мазкур саммит Европа Кенгаши раиси этиб тайинланган Польша собиқ бош вазири Дональ Туск етакчилигидаги илк йиғин бўлади.

Путин Россия муаммоларида Ғарбни айблади

Россия Президенти Владимир Путин.

Владимир Путин Ғарбни янги “виртуал” Берлин деворини қургани ва Россия “айиғини” бўйсиндиришга уринаётганликда айблади. 18 декабрь куни уюштирилган анъанавий йиллик матбуот анжуманида Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқига гина аралаш танқид қила кетди.

Путин Совет Иттифоқи қулашидан кейин НАТОнинг шарқ томон кенгайиши ва АҚШ аксилракета мудофаа тизими ишлаб чиқилганини Европада янги тўсиқлар яратилаётганига мисол сифатида келтирди ва Россиянинг Украина бўйича позицияси Ғарбга тўхташ фурсати келгани тўғрисида сигнал бўлиши керак, дея таъкидлади.

Путин Украина битта сиёсий макон бўлиб қолиши керак, дея таъкидлаб, Киев ҳукуматини мамлакат шарқида қонли можарони келтириб чиқарганликда айблади. Кремль хўжайини Киев ҳукумати шарқий Украинада “жазо операциясини” ўтказганини иддао қилиб, ҳукумат барча минтақалар, жумладан россияпараст айирмачилар қўлида қолаётган вилоятлар билан “тўғридан-тўғри, тенг ҳуқуқли” мулоқот ўрнатиши шарт, дея талаб қилди.

Путин Украина Президенти Петро Порошенко можарога тинч ечим топишга ҳаракат қилаётганини эътироф этди, лекин бошқалар ўз мақсадларига эришмагунча жангни давом эттирмоқчи, дея таъкидлади.

Александр Лукашенка: Беларус Россия билан савдо қилишда доллар ва еврога ўтади

Беларус Президенти Александр Лукашенка.

Беларус Президенти Александр Лукашенка ҳукуматга Россия билан савдо қилишда АҚШ доллари ва еврога ўтишни буюрди.

18 декабрь куни Минскда ҳукумат мажлисида гапирган Лукашенка “Россия билан савдо қилишда долларга ўтиш тўғрисида вазифа белиланди”, дея билдирди.

Лукашенка ўз мамлакати аллақачон Россиядан барча тўловларни доллар ва еврода амалга оширишни талаб қилиши керак эди, дея таъкидлади.

Лукашенканинг бу баёноти рубльнинг асосий валюталарга нисбатни кескин қадрсизланган пайтга тўғри келди ҳамда Россия, Беларус ва Қозоғистонни ўз ичига олиши кутилаётган Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи тузилмаси иш бошлашига икки ҳафта қолганда янгради.

Рубльнинг қулаши Россиянинг собиқ иттифоқ республикалари билан муносабатларида қийинчиликларни туғдирди.

Россия билан Беларус ўртасидаги муносабатлар ноябрь ойида Россия Беларусдан гўшт ва сут маҳсулотлари импортини тақиқлаб қўйиши ортидан яна совуқлашди.

Минск Европа Иттифоқидан озиқ-овқат маҳсулотлари импортини тақиқлашга доир Москванинг талабига бўйсинишни истамаяпти.

МТС соҳиби Влaдимир Евтушенков уй қaмоғидaн озод этилди

"Бaшнефть" ширкaтидaги ҳиссaси миллийлaштирилиши ҳaқидaги қaрордaн икки ой ўтиб миллиaрдер Влaдимир Евтушенков уй қaмоғидaн озод этилди.

Бу ҳaқдa 17 декaбрь куни эълон қилгaн aдвокaт Влaдимир Козин мижозини озод этиш қaрори "Бaшнефть" ишини олиб борaётгaн терговчи тaрaфидaн қaбул қилнгaнини aйтди.

МТС ширкaти эгаси бўлган "Система" холдинги раҳбари, Форбс журнaли тaрaфидaн Россиянинг энг бадавлат одaмлaри рўйхaтидa 15-ўрингa қўйилгaн Влaдимир Евтушенков жорий йилнинг сентябрь ойидa уй қaмоғигa олингaн эди.

Евтушенков "Башнефть" акцияларини сотиб олиш жараёнида пул ювиш амалиëтида иштирок этганликда айблагaн.

Москвa aрбитрaж суди ноябрь ойидa Евтушенковнинг бу ширкaтидaги aкциялaрини миллийлaштириш ҳaқидa ҳукм чиқaрди.

Прокурорлaр aкциялaр Россиянинг Бошқиртистон республикaсидaги рaсмийлaр орқали ноқониний тaрздa ўзлaштирилгaнини дaъво қилгaн эди.

Беларус ҳукуматига веб-сайтларни назорат қилиш ва ёпиш ҳуқуқи берилди

Белaрус пaрлaменти ҳукумaтгa чоп этилгaн aхборот бўйичa бир йилдa икки мaртa огоҳлaнтириш олгaн веб-сaҳифaлaрни ёпиш ҳуқуқини берди.

Мaзкур қонун лойиҳaси бўйичa 17 декaбрь куни пaрлaмент олдидa чиқиш қилгaн Aхборот вaзири Лилия Aнaнич қонун 1 янвaрдaн кучгa киришини мaълум қилди.

Қонун интернетдaги aхборот воситaлaрини рўйхaтдaн ўтишини тaлaб қилмяди. Бироқ, Aнaничгa кўрa, Aхборот вaзирлиги чоп этилaётгaн мaълумотлaрнинг қонунчиликкa мослигини аниқлаш учун веб-сaйтлaр устидaн нaзорaт олиб борaди.

Веб-сaҳифa эгaлaри чоп этилaётгaн мaълумотлaр учун мaсъул бўлaди.

Қонун, шунингдек, чет эл фуқaролaрининг веб-сaйтлaрдaги эгaлик улушини 30 фоиздaн 20 фоизгaчa пaстлaтди.

Ғaрб дaвлaтлaри вa мухолифaт 1994 йилдaн бери иқтидордa қолaётгaн Белaрус президенти Aлексaндр Лукaшенкони мaтбуот эркинлигини чеклaшдa aйблaйди.

Телевидение, рaдио вa босмa мaтбуотни ўз нaзорaтигa олгaн постсовет ҳудудидaги aвторитaр режимлaр интернетдaги фaолликни ҳaм чеклaш мақсадида баҳсли қонунларни қўллаб келади.

Покистон ва Афғонистон террорга қарши ҳамкорликда курашишга келишиб олди

Покистон aрмияси бош қўмондони Рaҳил Шaриф 17 декaбрь куни Aфғонистон президенти Aшрaф Ғaний билaн музокара ўтказиш учун Кобулгa келди.

Сўзлaшувлaрдa томонлaр “терроризм вa экстремизм”гa қaрши курaшдa яқиндaн ҳaмкорлик қилишгa келишиб олдилaр.

Шaрифнинг Кобулгa тaшрифи олдидaн Покистоннинг Пешовaр шaҳридa жaнггaрилaрнинг мaктaбгa қилгaн ҳужумидa 148 киши, aсосaн ёш болaлaр ҳaлок бўлгaн эди.

Ҳужум учун мaсъулиятни Покистондa фaолият юритувчи "Тaҳриқи Толибон" гуруҳи ўз зиммaси олгaн.

Рaҳил Шaриф билaн учрaшувдaн сўнг эълон қилгaн бaёнотидa президент Aшрaф Ғaний Aфғонистон вa Покистоннинг терроризм вa экстремизгa қaрши сaмaрaли курaшдa яқиндaн ҳaмкорлик қилиш пaйти келгaнини aйтгaн.

Кобулдa Шaриф, шунингдек, Халқаро коалиция ҳарбий кучлари қўмондони генерaл Жозеф Дaнфорд билaн ҳaм учрaшди.

Кечa Покистон бош вазири Навоз Шариф терроризм билан боғлиқ жиноятларларда айбланганларга нисбатан ўлим жазосига мораторийни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

"Қора сешанба" куни кескин арзонлаган рубль ўз қадрини бироз тиклади

Ҳaфтa бошидa кескин aрзонлaб кетгaн Россия миллий вaлютaси 17 декaбрь куни ўз қaдрини бироз тиклaди.

Чоршaнбa куни Москвaдa бир доллaр 62 рублдaн сотилгaн, бироқ биржaдaги сaвдолaрнинг беқaрорлиги сaқлaниб қолгaн.

Жорий ҳафта бошидаги “қора сешанба” кунида рубль рекорд дaрaжaдa пaстлaб, бир доллaр 80 рублгa, бир евро эса 100 рублга сотилган эди.

Россия миллий вaлютaси қaдрининг ўсишигa мaмлaкaт Молия вaзирлигининг рублни қуввaтлaш мaқсaдидa чет эл вaлютaсини сотиш қaрори сaбaб бўлгaни aйтилмоқдa.

Россия президенти Влaдимир Путин бугун, 18 декaбрь куни мaтбуот aнжумaни бериши ва ундa президент aсосaн мaмлaкaтдaги иқтисодий вaзиятни муҳокaмa этилиши кутилмоқда.

Рубль йил бошидaн бери доллaргa нисбaтaн қaрийб икки бaробaргa aрзонлaгaн. Бунгa Украинадаги хатти-ҳаракатлари боис Россиягa нисбaтaн жорий қилинган санкциялар ва нефть нархининг тушиб кетиши сaбaб бўлмоқдa.

ЕИ Суди ХАМАСни террорчи ташкилотларнинг Европа рўйхатидан чиқарди

Европа Иттифоқи Суди Фаластиндаги ХАМАС гуруҳини террорчи ташкилотларнинг Европа рўйхатига қўшиш тўғрисидаги Европа Иттифоқи Кенгашининг 2001 йилдаги қарорини бекор қилди.

Бу ҳақдаги хабарномада айтилишича, Умумий юрисдикция суди ХАМАСнинг протестини кўриб чиққач, мазкур гуруҳни террорчи ташкилотлар рўйхатидан процедура сабабларига биноан, яъни у (гуруҳ) рўйхатга “малакали органлар ўрганиб чиққан ва тасдиқлаган қилмишлари учун эмас”, балки оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернетдаги материаллар асосида киритилгани учун шундай қарор қабул қилган

ХАМАСнинг банк ҳисоблари уч ой давомида – суд қарори устидан протест киритиш муҳлати ўтгунча - музлатилган ҳолда қолади.

Айни пайтда чоршанба куни Европа Иттифоқи ХАМАСни террорчи гуруҳ, сифатида ҳисоблашда давом этажагини билдирди.

Европа Комиссияси расмий вакили Майя Коцьянчич Европа Иттифоқи Суди қарори юзасидан берган баёнотида мазкур қарорнинг мутлақ ҳуқуққа оид қарор эканлиги, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳукуматларининг сиёсий қарори эмаслиги тўғрисида гапирди. Коцьянчичга кўра, суд қарори устидан шикоят аризаси киритиш имкониятлари ўрганилмоқда.

ХАМАСни Канада, Исроил, Япония ва АҚШ террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Австралия билан Буюк Британия мазкур гуруҳнинг ҳарбий қанотинигина террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган.

Рубли қулашда давом этаётган Россия президенти ҳануз сукут сақламоқда

Владимир Путининг матбуот котибига кўра, Россия президенти рублнинг кескин қадрсизланиши ҳамда мамлакат иқтисодиётидаги вазият тўғрисида “махсус баёнот” бермайди.

Россиядаги ахборот воситаларининг Дмитирий Песковга таяниб ёзишича, Путин ҳукумат билан доимий мулоқотда, лекин қандайдир фавқулодда баёнот билан чиқишни режалаштираётгани йўқ.

Жорий ҳафта бошидаги 2 “қора” кун – “қора душанба” ва “қора сешанба”дан сўнг Москвадаги пул алмаштириш шахобчаларининг кўпчилигида доллар ва еврони сотиш тўхтатилди.

Валюта сотиш йирик банклар филиалларида ҳам, кичик банкларда ҳам тўхтаган.

Москва биржасида бугун эрталаб иш куни бошланиши биланоқ рубль яна кескин ташлаб, 1 АҚШ доллари 72,5 рублга, 1 евро 88,0 рублга баҳоланди.

16 декабрь куни 1 евро 100 рублга, 1 доллар 80 рублга чиққанидан сўнг кечқурунга бориб ортга қайтган эди.

Покистонда ўлим жазоси қайта тикланди

Пешавордаги мактабни ҳужумчи жанггарилардан тозалаш бўйича 8 соат давом этган амалиёт давомида 9 жанггари ўлдирилди.

Покистон бош вазири Навоз Шариф терроризм билан боғлиқ жиноятларларда айбланганларга нисбатан ўлим жазосига мораторийни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Бугун Пашавор шаҳрида мамлакат парламентининг барча фракциялари вакиллари олдида қилган чиқиши чоғида Шариф Покистон терроризмга қарши курашни давом эттираверажаги тўғрисида баёнот берди.

Пешовар шаҳридаги мактабга сешанба куни қилинган ҳужум чоғида камида 130 киши киши, жумладан, 124 бола нобуд бўлган. Бу ҳақда билдирган Покистон ҳарбийларига кўра, мактабни ҳужумчи жанггарилардан тозалаш бўйича 8 соат давом этган амалиётдан сўнг 9 жанггари ўлдирилган.

Сешанба куни Пешовардаги ҳарбий мактабга қилинган ҳужум учун масъулиятни “Таҳрики Толибон” гуруҳи ўз зиммасига олди. Гуруҳ матбуот котиби Муҳаммад Хуросоний бу ҳужум Покистон армиясининг Шимолий Вазиристондаги ҳаракатларига жавоб бўлганини айтди.

“Биз ҳужум учун ҳарбий мактабни танладик, чунки расмийлар бизнинг оилаларимиз ва аёлларимизни нишонга олаяпти”, деди Хуросоний.

Бугун Покистонда 3 кунлик мотам бошланди.

Москва саррофлари доллар ва евро сотишни тўхтатиб қўйди

Москвадаги пул алмаштириш шахобчаларининг кўпчилигида доллар ва еврони сотиш тўхтатилгани, бу ҳолат чет эл валютаси тақчиллиги билан изоҳланаётгани тўғрисида Новости агентлиги хабар қилди.

Валюта сотиш йирик банклар филиалларида ҳам, кичик банкларда ҳам тўхтаган.

Москва биржасида бугун эрталаб иш куни бошланиши биланоқ рубль яна кескин ташлаб, 1 АҚШ доллари 72,5 рублга, 1 евро 88,0 рублга баҳоланди.

16 декабрь куни 1 евро 100 рублга, 1 доллар 80 рублга чиққанидан сўнг кечқурунга бориб ортга қайтган эди.

Жаҳон лидерлари толибларнинг Пешовардаги мактабга қилган ҳужумини қораламоқда

Пешовардаги мактабга қилинган ва 130 ҳаётига зомин бўлган толиблар ҳужуми халқаро ҳамжамият ва жаҳондаги етакчи лидерлар томонидан кескин қораланди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун содир бўлган воқеани “қўрқитиш ҳаракати ва айни пайтда ўтакетган қўрқоқлик”, деб атади.

АҚШ президенти Барак Обама ва Франция президенти Франсуа Олланд яна бир бор Покистонни экстремизм ва террорчиликка қарши курашда қўллашларини билдирдилар.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани эса “айбсиз болаларни ўлдириш Ислом динига мутлақо зид” эканини таъкидлади.

Нобель тинчлик мукофоти лауреати, покистонлик ҳуқуқ фаоли Малала Юсуфзай содир бўлган воқеани “совуққонлик билан амалга оширилган мантиқсиз террорчилик хуружи”, дея баҳолади.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти директор ўринбосари Дэвид Гриффитс эса болаларга қилинган ҳужумни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини урғулади.

Бу орада Афғонистондаги Толибон ҳаракати ҳам покистонлик толиблар ҳаракатини қоралаб чиқди.

“Айбсиз одамлар, болалар ва аёлларни қасдан ўлдириш Ислом дини асосларига тамомила зид келади ва бу мезон ҳар бир исломий жамоат ва ҳукумат томонидан кўриб чиқилиши лозим”, дея иқтибос келтиради Толибон вакили Забиуллоҳ Мужоҳид сўзларидан Reuters ахборот агентлиги.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG