Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:13

Халқаро янгиликлар

270 ўшлик Сурия ва Афғонистондаги жангларда қатнашиш учун кетгани хабар қилинди

Kyrgyzstan-Osh, Kadyraliev, 24Nov14

Ўш шаҳрининг биргина Шаҳид тепа мавзеидан Сурия ва Афғонистонга тақрибан 80 киши кетган.

Бу ҳақда 22 декабрь куни Қирғиз Республикасининг 2014 – 2020 йилларга мўлжалланган диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси муҳокамасига бағишлаб Ўшда ўтказилган йиғилишда маълум қилингани тўғрисида turmish.kg сайти хабар қилди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, сайтнинг хабар қилишича, шаҳарнинг Достук микрорайонидан 20, Ўш райони мавзесидан 60, Шаҳид тепадан 80, Черемушки микрорайонидан 20, Турон шаҳарчасидан 40 ва Амир Темур шаҳарчасидан 50 киши, ҳаммаси бўлиб Ўшдан тақрибан 270 киши Сурия ва Афғонистонда давом этаётган жангларда иштирок этиш учун кетган.

Ўшликларнинг айтишича, шаҳарнинг тилга олинган мавзеларида асосан этник ўзбеклар истиқомат қилади.

Халқаро ташкилот "Ислом Давлати" асирга олган хотин-қизлар тўғрисида ҳисобот эълон қилди

Amnesty International Инсон ҳуқуқлари ташкилотининг янги ҳисоботида Ироқдаги диний озчилик – язидларлардан бўлган хотин-қизлар ўзини “Ислом Давлати”, деб атаётган гуруҳ томонидан ўтган ёзда асирга олинганидан сўнг зўрлангани ва жинсий зўравонликнинг бошқа шакллари билан даҳшатли қийноқларга солингани айтилган.

23 декабрда эълон қилинган ҳисобот август ойида, Синжар шаҳри Ислом Давлати томонидан босиб олинган пайтда, асир олинган хотин-қизлардан 40 дан зиёди билан ўтказилган интервьюлар асосида тайёрланган.

Ҳисоботда айтилишича, собиқ асиралар орасида 10 – 12 яшар қизчалар ҳам бўлган. Улар асирликда қийноққа солинган, зўрланган, зўрлик билан никоҳга киритилган, сотилган ёхуд Ислом Давлати гуруҳи жанггариларига совға қилинган.

Зўраланишдан қўрққан баъзи асиралар ўз жонига қасд қилиб ўлган. Кўпчилиги эса, исломни қабул қилишга мажбур бўлган.

Шимолий Кореяда Интернет ишдан чиқди

Шимолий Кореяда душанба кун бўйи Интернет ишламади. Associated Press ахборот агентлигига кўра, мамлакатда Интернетга кириш имконияти мутлақ йўқотилган. Мазкур воқеага АҚШ ҳукуматининг алоқаси бор-йўқлигига оид саволга на Оқ Уй ва на Давлат департаменти жавоб берди.

Президент Обама жума куни АҚШ ҳукумати Sony Pictures Entertainment Inc. ширкатининг Интернет ресурслари бузилганига яраша жавоб беражаги тўғрисида баёнот берган эди. Обама қўпорувчиликда Шимолий Кореяни айблаган эди.

АҚШ президенти жавобнинг қай шаклда бўлажаги тўғрисида гапирган эмас ва шунинг учун Шимолий Кореяда Интернет ишдан чиққани АҚШ ҳукуматининг иши, дейиш қийин.

Давлат департаменти расмий вакили Мари Харф АҚШ эҳтимолий жавоб чоралари тўғрисидаги оператив маълумотларни шарҳламаслигини, баъзи чоралар очиқланиши, баъзилари очиқланмаслиги мумкинлиги тўғрисида баёнот берди.

Аввалроқ АҚШ Федерал тергов бюроси Шимолий Кореяни Sony Pictures Entertainment ширкатига қарши компьютер ҳужуми ўтказганликда айблаган эди. Бюро баёнотида айтилишича, Шимолий Корея Америка бизнесига зарар етказишга, амаерикаликларнинг фикр билдириш эркинлигига тўсқинлик қилишга уринган.

Украина блокларга қўшилмаслик мақомидан воз кечди

Украина парламенти мамлакатнинг блокларга қўшилмаслик мақомини бекор қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Мазкур ҳужжатни Верхоная Радага 18 декабрда президент Порошенко тақдим этган эди.

“Россия Федерациясининг Украинага қарши агрессияси, Қрим мухтор республикасининг ғайриқонуний аннексияси, давлатимизга қарши “гибрид уруш” олиб борилаётгани, Украина шарқидаги вазиятга ҳарбий аралашув, Россия томонидан мунтазам равишда ҳарбий, сиёсий, иқтисодий ва информацион босим ўтказилаётгани Украина мустақиллиги, суверенлиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг самаралироқ кафолатларини излаш заруратини шарт қилиб қўйди”, дейилади қонун лойиҳасига илова қилинган тушунтирмада.

Москва Киевнинг бу қадамини Россияга нисбатан нодўстона ҳаракат, деб баҳолади.

Дмитрий Медведевга кўра, Украинанинг блокларга қўшилмаслик мақомидан воз кечиши, ўз моҳиятига кўра, Киевнинг НАТОга кириш нияти ифодасидир ва Украинани “Россиянинг потенциал ҳарбий рақибига айлантиради”

Ҳар тўрт мигрантдан бири Янги йил байрамидан кейин Россиядан кетади

Рублнинг кескин қадрсизланиб кетиши ва Россия қонунларига киритилган ўзгартишлар меҳнат муҳожирларининг яқин вақт ичида Россиядан қайтишига сабаб бўлади.

Россиядаги мигрантлар федерацияси раҳбари Муҳаммад Аминнинг бу фикрини куни кеча Интерфакс ахборот агентлиги тарқатди.

Муҳаммад Аминнинг фикрича, меҳнат муҳожирларининг 25 фоизидан кўпроғи Янги йил байрамидан сўнг Россиядан бошқа мамлакатларга кўчмоқчи.

Меҳнат муҳожирларини Россияни тарк этишга бир томондан рублнинг қадрсизланиши мажбур қилаётган бўлса, иккинчи томондан 1 январдан бошлаб меҳнат муҳожири рус тили, Россия тарихи ва қонунларидан имтиҳон топшириши талаб қилиниши мажбур қилаяпти.

Украина юзасидан навбатдаги музокаралар эртага бошланади

Украина, Россия, Франция ва Германия раҳбарлари Украина бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичини 24 ва 26 декабрь кунлари Белорусь пойтахти Минскда ўтказишга келишиб олди.

Украина президентининг билдиришича, 22 декбарда Россия президенти Владимир Путин, Франция президенти Франсуа Олланд ва Германия канцлери Ангела Меркел иштирокидаги телефон мулоқотидан сўнг мана шундай қарор қабул қилинган.

Украина президенти Петро Порошенкога кўра, суҳбат давомида давлат лидерлари Украинада ўқ отилишини тўхтатиш юзасидан сентябрь ойида Минскда эришилган келишувларни амалга тадбиқ этиш йўналишидаги ҳаракатларни давом эттириш шартлигини алоҳида таъкидлаганлар.

Бугун Қирғизистон Божхона иттифоқига қўшилиш шартномасини имзолайди

Бугун Москвада ўтадиган Евросиё иқтисодий кенгаши саммитида Қирғизистон Божхона иттифоқи ҳамда Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш тўғрисидаги шартномаларни имзолайди.

Мазкур саммитда иштирок этиш учун Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 22 декабрда Москвага келган.

Қирғизистон ҳукумати ва парламенти кеча Москвада имзоланадиган ҳужжатлар лойиҳаларини маъқуллаган.

Москва еткачилигидаги Божхона иттифоқи 2015 йилдан ўз номини Евросиё иқтисодий иттифоқи шаклида ўзгартиради. Мазкур ташкилотга Россия, Қозоғистон ва Белорусь томонидан асос солинган эди.

Кудрин 2015 йилда Россияда иқтисодий бўҳрон давом этишини башорат қилди

Алексей Кудрин.

Россия собиқ молия вазири Алексей Кудрин “мамлакатда бугунги кунда бошланган иқтисодий бўҳрон 2015 йилда тўлақонли равишда ўзини намоён қилади”, деб билдирди.

Айни пайтда Фуқаролик ташаббуслари қўмитасига раҳбарлик қилаётган Кудрин 22 декабрда, агар бир баррель нефть нархи 2015 йилда 80 долларга кўтарилса, Россия учун энг оптимистик башорат ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизга озайиши эканини айтди. Агар бир баррель нефть нархи ҳозиргидай 60 доллардан ошмаса, у ҳолда Россия ялпи ички маҳсулотининг камайиши 4 фоизни ташкил қилади.

“Бугун мен тўлақонли иқтисодий бўҳрон арафасида турибмиз ва биз бу бўҳронни 2015 йилда янада аниқроқ ҳис этамиз”, деб хулоса қилди Алексей Кудрин.

Украина ва Қозоғистон ҳарбий ҳамкорликни қайта тиклашга келишди

Украина ва Қозоғистон президентлари Киевда 22 декабрда ўтган учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорликни қайта тиклашга келишиб олди.

Нурсултон Назарбоев ҳамда Петро Порошенко, шунингдек, Украина шарқидаги вазиятни Минск келишувларига таянган ҳолда барқарорлаштириш масаласини муҳокама қилган.Томонлар Қозоғистон кўмирини Украинага сотиш масаласида ҳам келишувга эришган.

Нурсултон Назарбоев Порошенкога Донбасс масаласини ҳал этишда ҳамкорликда ҳаракат қилишни таклиф қилди. Порошенко бу таклифни қўллаб-қувватлади. Украина президенти Назарбоевга “Украина мустақиллиги ва ҳудудий яҳлитлигини қатъий тарзда изчиллик билан қўллаб-қувватлаш позициясида тургани” учун миннатдорчилик билдирди.

Бугун Нурсултон Назарбоев Москвада Владимир Путин билан учрашади. Кремль матбуот хизматининг билдиришича, президентлар энергетика, иқтисодиёт ва саноат соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.

AI: "Исломий давлат" язидий қизларни жинсий қулликда сақламоқда

Ироқ- қочқин язидийлар лагери.

Amnesty International 23 декабрда эълон қилинган янги ҳисоботида "Исломий давлат" гуруҳи жанггарилари томонидан ироқлик язидий аёллар ва қизлар зўрлангани, жинсий қулликда сақланаётгани ҳақида маълумот тарқатди.

Ҳисоботда айтилишича, мазкур аёллар ўтган йилнинг ёзидан бери "Исломий давлат" жанггариларининг қуллари сифатида яшаб келмоқда.

Amnesty International ҳисоботи ўтган йилнинг августида Ироқнинг Синжар шаҳри "Исломий давлат" гуруҳи томонидан эгаллаб олингач асирга олинган мингга яқин язидийлар орасида бўлган 40 нафар собиқ асир берган кўрсатмаларга асосланган.

Ҳисоботда, жумладан, 10-12 ёшли қизлар ҳам қул сифатида сақланаётгани, улар мунтазам жинсий зўравонликка учраётгани, қизларни жанггарилар бир-бирларига совға тариқасида улашаётгани ҳақида ҳам гап боради.

Amnesty International зўрланишдан қўрққан айрим асиралар ўз жонига қасд қилгани, кўпчилик асирлар эса исломни қабул қилишга мажбур бўлганини ёзган.

Покистонда 500 маҳкумнинг қатл қилиниши кутилмоқда

Пешоварда щлдирилган щыувчиларнинг сурати

Яқин кунлар ичида Покистонда террорчиликда айбланиб қамалган маҳкумлардан тахминан 500 нафарини ўлимга маҳкум қилиш режалаштирилмоқда.

Бу ҳақда хабар қилган Покистон ички ишлар вазири Чаудхри Нисор Али Хонга кўра, президент уларни авф қилишни рад қилган.

“Қатл яқин икки ҳафтада амалга оширилади”, деди Чаудхри.

Покистон бош вазири Навоз Шариф 16 декабрь куни Пешавор шаҳридаги ҳарбий мактабга қилинган ҳужум оқибатида 132 ўқувчи ва 9 ўқитувчи ўлдирилганидан сўнг терроризм билан боғлиқ жиноятларларда айбланганларга нисбатан ўлим жазосига мораторийни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Шундан буён олти маҳкум қатл этилгани хабар қилинди.

Покистан 2008 йили ўлим жазосини қўллашга мораторий жорий этган, лекин судьялар вақти-вақти билан терроризм билан боғлиқ жиноятларда айбдор, деб топилганларга ўлим жазоси тайинлаш тўғрисида ҳукм чиқариб келаётган эди.

Лекин эълон қилинган мораторий туфайли ўлимга маҳкум этилганлар устидан ҳукм ижро этилмасди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ва маҳаллий гуруҳлар ҳисоб-китобича, шу кунда мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган ўлимга маҳкум қилинган 8000 нафар атрофидаги маҳбуснинг қарийб 800 нафари терроризм билан боғлиқ жиноятлари учун қамалган.

Афғонистон ўзбекистонлик ўн террорчи аёлни қидирмоқда

Ўзбекистонлик аёллар "ҳудкушлик белбоғи"ни ясашганликда гумонланмоқда

Ўзбекистонлик ўн нафар аёл Афғонистон шимолидаги Сорипул вилоятида террорчилик билан шуғулланганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда IRIB World Service хабар қилди.

Сорипул вилоят полиция бошқармасининг матбуот котиби Муҳаммад Козимнинг агентликка айтишича, ҳозирда хавфсизлик кучлари бу аёлларни қўлга олиш чораларини кўрмоқда.

Муҳаммад Козимга кўра, аёллар ҳудкушларнинг белбоғига боғланадиган миналарни тайёрлаш билан шуғулланиб келишган. Аёлларнинг Покистонда тайёргарликдан ўтгани айтилмоқда.

Беларусь ва Қозоғистон президентлари Киевга сафар қилмоқда

Украина президенти Петро Порошенко Беларусь президенти Александр Лукашенко билан, Киев, 2014 йилнинг 21 декабри.

Беларусь президенти Александр Лукашенко якшанба куни Киевга учиб борди. Душанба куни Украина пойтахтига Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳам етиб бориши кутилаяпти.

Сешанба куни ҳар иккала президент юқорида даражадаги учрашувда иштирок этиш учун Москвага йўл оладилар.

Украина президенти Петро Порошенко Лукашенко ва Назарбоевнинг Киевга сафарини “ўз вақтида амалга оширилган, муҳим ва рамзий” сафар, деб атади.

Жума куни Беларусь президентининг Киевга сафари ҳақида ҳали эълон қилинмай туриб, Лукашенко Москвани кескин танқид қилиб чиққанди. РБК агентлигининг ёзишича, Лукашенко, жумладан, Беларусдан Россияга гўшт маҳсулотлари импортига тақиқ қўйилишига нисбатан норозилик изҳор қилган.

Обама: Путин йирик молиявий бўҳрон қаршисида қолган

АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама Украинадаги бўҳрон туфайли Россия президенти Владимир Путин уни ва Ғарбни “доғда қолдирди”, деган фикрларга қўшилмайди.

СNN телекомпаниясига берган интервьюсида Оқ уй раҳбари Путин сиёсати Москва учун катта иқтисодий муаммоларни юзага келтирган санкцияларга сабаб бўлганини қайд этди.

Обамага кўра, Россия президенти ҳозир йирик молиявий бўҳрон қаршисида қолган. АҚШ президенти бундай ҳолат кимнингдир “Американи доғда қолдиргани”ни англатмаса керак, деб ҳисоблайди.

Покистонда ҳарбий мактабга қилинган ҳужумга алоқадор бир неча шахс ҳибс этилди

Сешанба куни Пешовардаги мактабга қилинган ҳужумда 132 ўқувчи нобуд бўлганди.

Покистон расмийлари 21 декабрь куни Пешовардаги ҳарбий мактабга қилинган ҳужумга алоқадор бир неча кишини ҳибсга олганлар. Бу ҳақда Покистон ички ишлар вазири Чаудхри Нисор Али Хон билдирди.

Покистон бош полициячисига кўра, мактабга ҳужум юзасидан тергов жадал суръатда олиб борилмоқда.

Вазир мазкур террорчилик хуружи юзасидан қанча одам ҳибсга олингани ва уларнинг ким эканини очиқламади.

16 декабрь куни бир гуруҳ жанггарилар томонидан Пешовардаги мактабга қилинган ҳужум оқибатида 141 киши, жумладан, 132 нафар ўқувчи нобуд бўлганди. Мазкур ҳужум учун масъулиятни “Таҳрики Толибон” гуруҳи ўз зиммасига олган.

Тунисда президент сайловининг 2-босқичи ўтмоқда

Бугун Тунисда президент сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилмоқда. Президентлик учун кураш "Нидаа Тунис" партияси етакчиси, 87 яшар Қоид Ассабсий билан амалдаги президент Мунсиф Мазрукийлар ўртасида кечмоқда.

23 ноябрь куни ўтказилган биринчи босқич натижасига кўра, Ассабсий 39 фоиз, Мазрукий эса 33 фоиз овоз тўплаган.

Сайловда беш миллион уч юз минг тунислик овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайлов куни хавфсизликни таъминлаш учун юз минг аскар ва полициячи жалб қилинган.

Тунисдаги жорий сайлов 2011 йилда бўлган инқилобдан кейинги учинчи эркин сайловлар бўлмоқда.

2011 йилда "араб баҳори"га туртки бўлган Тунис инқилоби чоғида авторитар режим ўрнатган раҳбар Зайн ал-Обидин бин Али қулатилган эди.

Октябрь ойида Тунисда умумхалқ сайловлари ўтказилган ва унда "Нидаа Тунис" партияси парламентдаги кўпчилик ўринни эгаллаган эди. 2011 йилги сайловларда ғалаба қозонган "Нахда" исломий партияси эса мағлубиятини тан олган.

Дам олиш кунлари рубль яна арзонлади

Россия Марказий Банки белгилаган ҳисобга кўра, 20 декабрь куни рублнинг долларга нисбатан қиймати 60,6 рублни ташкил қилган. Бу жума кунига нисбатан роппа-роса 1 рублга қимматдир.

"Қора сешанба" номини олган 15 декабрь куни кескин арзонлаган рубль ўтган ҳафта давомида ўз қадрини бироз тиклагани кузатилганди.

Ўтган душанбада рубль рекорд дaрaжaдa пaстлaб, бир доллaр 80 рублгa, бир евро эса 100 рублга сотилган эди.

Россия миллий вaлютaси қaдрининг ўсишигa мaмлaкaт Молия вaзирлигининг рублни қуввaтлaш мaқсaдидa чет эл вaлютaсини сотиш қaрори сaбaб бўлгaни aйтилмоқдa.

Рубль йил бошидaн бери доллaргa нисбaтaн қaрийб икки бaробaргa aрзонлaгaн. Бунгa Украинадаги хатти-ҳаракатлари боис Россиягa нисбaтaн жорий қилинган санкциялар ва нефть нархининг тушиб кетиши сaбaб бўлмоқдa.

Белорус Россия билан долларда савдо қилишга келишди

18 декабр куни Беларус Президенти Александр Лукашенка ҳукуматга Россия билан савдо қилишда АҚШ доллари ва еврога ўтишни буюрган эди.

Белорус Россияга экспорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг олди-бердиси фақат АҚШ долларида амалга оширилишига эришди.

Бу ҳақда хабар қилган Белорус Бош вазири ўринбосари Михаил Русийга кўра, Россия томони "шу тарзда ишлаш қулайлигини инобатга олиб, рози бўлган".

Русийнинг айтишича, савдонинг долларда амалга оширилиши натижасида шартномаларни ҳар куни янгилашда қутилиб, томонларнинг "бир-бирига шубҳа қилишига" ўрин қолмаган.

18 декабр куни Беларус Президенти Александр Лукашенка ҳукуматга Россия билан савдо қилишда АҚШ доллари ва еврога ўтишни буюрган эди.

Лукашенканинг бу баёноти рубльнинг асосий валюталарга нисбатни кескин қадрсизланган пайтга тўғри келди ҳамда Россия, Беларус ва Қозоғистонни ўз ичига олиши кутилаётган Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи тузилмаси иш бошлашига икки ҳафта қолганда янгради.

Рубльнинг қулаши Россиянинг собиқ иттифоқ республикалари билан муносабатларида қийинчиликларни туғдирди.

Россия билан Беларус ўртасидаги муносабатлар ноябрь ойида Россия Беларусдан гўшт ва сут маҳсулотлари импортини тақиқлаб қўйиши ортидан яна совуқлашди.

Минск Европа Иттифоқидан озиқ-овқат маҳсулотлари импортини тақиқлашга доир Москванинг талабига бўйсинишни истамаяпти.

Хориж компаниялари Россия билан савдо-сотиқни тўхтатди

Кийим-кечак билан савдо қилувчи йирик хорижий компаниялар рубль девальвацияси боис Россия билан савдо-сотиқни тўхтатиб қўйишди.

"Ведомости" нашрининг ёзишича, Zara, Oysho ва Bershka брендлари қарашли бўлган Испаниянинг Inditex концерни ҳамда Calvin Klein, Armani Jeans, Michael Kors ва TopShop тармоқларини бошқарувчи BNS Group Россия билан савдони тўхтатган.

BNS Group бош директори Денис Богатиревга кўра, компания янги йилнинг биринчи ҳафтасига қадар Россия билан савдо-сотиқни тўхтатиб туришга қарор қилган.

Хорижлик тадбиркорлар рублни валютага конвертация қилиш жараёнини тўхтатиб туришни афзал кўрмоқда. Бунинг натижасида буюртма ва жўнатмалар ҳам тўхтатилган.

Рублнинг ҳозирги курсида валюта конвертацияси амалга оширилса, янги коллекциялар харидига пул қолмаслиги борасидаги хавотирлар хорижий компанияларни Россия билан савдони тўхтатиб туришга мажбур қилмоқда.

Аввалроқ Американинг General Motors автомобил концерни ҳам рубль курсининг нобарқарорлиги боис Россиядаги дилерларга машина жўнатилмаслиги ҳақида хабар берган эди. Айни пайтда компания Россиядаги заводларида ишлаб чиқаришни давом эттирмоқда.

Россияни вино ичимлиги билан таъминлайдиган йирик компаниялардан бири Simple ҳам рубль барқарорлашмагунча савдони тўхтатиб туришга қарор қилган.

Белорусда мустақил Интернет нашрлари тўсиб қўйилди

Белорусда 19 декабрдан бошлаб мустақил Интернет нашрларига тўсиқ қўйилди. Бу ҳақда хабар қилган “Белорус партизани” нашрига кўра, ҳукумат валюта харид қилганлик учун 30 фоизлик солиқ жорий қилгани ҳақида хабар қилган мустақил нашрлар тўсиб қўйилган.

Тўсиқ қўйилган "БелаПАН" нашри раҳбари Алесь Липайга кўра, домен номи тўсилиши ҳақида бирор огоҳлантириш бўлмаган.

“Белтелеком” мустақил Интернет нашрларининг тўсилишига бирор алоқаси йўқлигини айтиш билан чекланмоқда.

Шунингдек, Белорусда савдо қонунчилигини бузганликда айбланиб, 20 декабрдан бошлаб 13 та Интернет-дўкон ҳам ёпилган.

Томскда уч минг кишилик намойиш ўтказилди

Бугун Томск шаҳри марказида "ТВ-2" телеканалини қўллаб ўтказилган пикетда уч мингдан зиёд одам иштирок этди.

“Томск ҳукумати халқ билан сўзлаш” номи остида ўтган намойишга Томск губернатори, шаҳар мэри, Давлат думаси спикерлари таклиф қилинган. Бироқ расмийлардан ҳеч ким намойишга келмаган.

Ўтган ҳафта ҳам Томскда "ТВ-2" телеканали ёпилишига қарши беш минг кишилик намойиш ўтказилган. Ҳозиргача акция иштирокчилари телеканал қўлловчиларининг 10 мингдан зиёд имзосини тўплашган.

1991 йилдан буён фаолият юритаётган "ТВ-2" телеканали 2015 йилнинг 1 январидан эфирга чиқишни тўхтатиш ҳақида буйруқ олган.

БМТ: Афғонистонда 2014 йилда тинч аҳоли орасида талафотлар 19 фоизга ошган

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистонда 2014 йилда тинч аҳоли орасида талафотлар сони ошганини қайд этган.

Афғонистондаги БМТ миссияси ҳужжатлаштирган маълумотларига кўра, жорий йил бошидан буён мамлакатда 3188 одам ҳалок бўлган, 9429 одам жароҳатланган.

Шунингдек, БМТ ҳисоботида бу йил Афғонистонда ҳалок бўлган аёл ва ёш болалар орасида ўлим холлари 14 фоизга ошгани айтилади.

Экспертлар Афғонистонда аҳоли орасида ўлим холатлари кўпайишининг асосий мамлакатда давом этаётган қуролли тўқнашувлар ва босқинлар эканини айтишади.


ЕИнинг Қримга қарши санкциялари кучга кирди

Европа Иттифоқининг Украина бўхрони боис Қримга қарши жорий этган навбатдаги санкциялари бугундан кучга кирди.

Мазкур санкциялар Европа ширкатларининг Россия аннексия қилган Қримга сармоя киритишини ҳамда ярим орол билан савдо-сотиқ қилишини тақиқлайди.

Эндиликда Европадаги ширкатлар Қримдаги ширкатлар билан олди-берди қилолмайди, ярим оролга сармоя олиб киролмайди.

Шунингдек, Европадаги сайёҳлик ширкатлари Қрим ва Севастополда ўз ҳизматларини таклиф этолмайди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги ЕИ санкциялари юзасидан чиқарган баёнотида Брюсселни "Қрим аҳлини Россияга қўшилгани учун жазолашга уринаётганлик"да айблади.

Бундан аввал Қўшма Штатлар ҳам Қримга товарлар ва технологиялар экспорти, сармоя киритиш ҳамда у ердан озиқ-овқат махсулотларини импорт қилишни чекловчи санкцияларни эълон қилди.

Sony Pictures "Интервью" фильми намойишининг муқобил йўлларини кўриб чиқмоқда

Sony Pictures ширкати Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инга қарши суиқасд уриниши ҳақидаги “Интервью” фильми намойишининг муқобил йўлларини кўриб чиқаётганини билдирмоқда.

Аввалроқ ширкат кибер ҳужумлар боис кинокомедия прокатини тўхтатган эди.

Фильм намойиши 25 декабрь кунига белгиланганди. Sony Pictures раҳбари Майкл Линтонга кўра, кўплаб кинотеатрлар фильмни намойиш этишдан бош тортган.

– Биз фильм намойишидан бутунлай воз кечганимиз йўқ, - деб айтди Линтон.

АҚШ президенти Барак Обама 19 декабрь кунги матбуот анжуманида Sony Pictures кинокомедия намойишидан воз кечиб, хато қилганини таъкидлади.

Жаноб Обама ўз чиқишида Шимолий Кореянинг ҳаракатларига жавобий чоралар кўрилишини қайд этди.

АҚШ Федерал тергов бюроси, аввалроқ, Sony Pictures сайтига қилинган кибер ҳужум ва террорчилик таҳдидлари ортида Шимолий Корея турганини билдирганди.

Обама 2015 йилги ҳарбий бюджетни тасдиқлади

АҚШ президенти Барак Обама 2015 йилга мўлжалланган ҳарбий бюджетни маъқуллади.

Оқ уй раҳбари имзолаган ҳужжатга мувофиқ, Пентагоннинг келаси йилги бюджети 496 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Шунингдек, АҚШнинг чет мамлакатлар, жумладан Афғонистондаги ҳарбий кампаниялардаги иштироки учун қўшимча 64 миллиард доллар ажратилган.

Бюджет лойиҳасида “Исломий давлат” радикал гуруҳларига қарши ҳарбий амалиётларни кенгайтириш, ироқлик ва курд ҳарбий отрядларига ёрдам бериш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, президент Барак Обама Конгрессни Кубадаги терроризмда гумонланаётган махбуслар сақланадиган Гуантанамо қамоқхонасини ёпиш уринишларини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Конгрессда кўпчиликни ташкил этувчи республикачилар Гуантанамо қамоқхонасининг ёпилишига қаршилик қилиб келишади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG