Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2019, Тошкент вақти: 02:55

Халқаро янгиликлар

Алексей ва Олег Навальный "Ив Роше" иши бўйича айбли деб топилди

Россияда аксил-Путин чиқишлари билан танилган Алексей Навальный ва унинг укаси Олег “Ив Роше” иши бўйича айбли деб топилди.

Сешанба куни Москва суди Алексей Навальныйга шартли жазо белгилади, унинг укаси Олегга эса уч ярим йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

Москванинг Замоскворецкий тумани судьяси Елена Коробченко Алексей ва Олег фирибгарлик ва пул ювишда айбдор деб топилгани, Олег умумий режимли қамоқда уч ярим йиллик жазо муддатини ўташи, Алексейга эса шартли жазо тайинланганини эълон қилди.

Олег Навальний суд залидан қўлига кишан солиб қамоққа олиб кетилди. Алексей суд ҳукми кучга киргунга қадар уй қамоғида ушлаб туриладиган бўлди.

AirAsia учоғи йўқолган ҳудудда ўнлаб жасадлар топилди

Индонезиялик қутқарувчилар AirAsia ширкати учоғи йўқолган Яван денгизида қирқдан ортиқ одамнинг жасадини топганлар.

Жасадларда қутқарув жилетлари бўлмаган. Ҳозирда денгизда топилган жасадлар текширилмоқда.

Бундан аввал қутқарувчилар айни худудда йўқолган учоқнинг қолдиқлари, деб гумон қилинган буюмларни пайқашган эди.

Бортида 162 одам билан Сингапурга парвоз қилаётган учоқ якшанба куни Сурабая шаҳри аэропортидан кўтарилганидан 42 дақиқа ўтиб радардан ғойиб бўлган эди.

Йўловчиларнинг аксар кўпчилиги индонезияликлар, уч нафари жанубий кореялик, бир нафари малайзиялик ва яна бир йўловчи сингапурлик экани билдирилган.

Нефть нархи 57 долларга тушди

Бир баррель Brent маркали нефтнинг нархи 57 АҚШ долларига тушди. Айни пайтда Россияда бир АҚШ долларининг қиймати 54.96 рублни ташкил этмоқда.

Нефт нархининг тушиши Россия иқтисодига салбий таъсир қилади. Россия давлат бюджетининг ярмига яқинини ёқилғи маҳсулотлари экспортидан келаётган тушумлар ташкил этади.

Таъкидлаш жоиз, нефть нархи шу йил ўрталаридан буён 35 фоизга арзонлади.

Индонезияда йўқолган учоқ қолдиқлари топилган

Бортида 162 одам билан Сингапурга парвоз қилаётганида ғойиб бўлган учоқни қидираётган индонезиялик қидирувчилар Ява ороли яқинида йўқолган AirAsia ширкатига қарашли учқич бўлаклари экани ишонилаётган объектларни пайқаганлар.

Бу қолдиқлар айнан қидирилаётган AirAsia учоғига тегишли эканини тасдиқлаш ҳозирча имконсиз.

Индонезияда йўқолган Airbus А320-200 учоғини қидириш уч кундан буён давом этмоқда.

Учоқ якшанба куни Сурабая шаҳри аэеропортидан кўтарилганидан 42 дақиқа ўтиб радардан йўқолган эди.

Украина президенти мамлакатнинг NATOдан ташқари нейтрал давлат мақоми бекор қилинган қонунни имзолади

Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко мамлакатнинг NATOдан ташқаридаги нейтрал давлат мақоми бекор қилинган қонунни имзолади ва украиналиклар NATOга қўшилиш йўлида ҳаракат қилиш керакми ёки йўқми деган саволни ҳал қилишлари кераклигини маълум қилди.

Порошенко мамлакат NATO талабларига мослаштирилгач, бундай савол кун тартибига қўйилишини ҳамда бунинг учун 5-6 йил талаб қилинишини айтди.

29 декабрда қонунни имзолаш пайтида Киевда ўтган матбуот анжуманида Порошенко бу масалада референдум ўтказилишини назарда тутган ҳолда, “Украина 2020 йил стартегияси доирасида мамлакат NATOга қўшилиши ёки қўшилмаслигини аниқлайди”, деб билдирди.

Украинада 2010 йилда мамлакатнинг исталган ҳарбий итттифоққа қўшилишини тақиқловчи қонун қабул қилинган эди. 2014 йилнинг 23 декабрида Украина Олий Радаси бу қонунни бекор қилган.

АҚШ Бокуда Озодлик бюроси ёпилишидан ташвиш билдирди

Бокудаги Озодлик бюроси муҳрлаб қўйилди.

АҚШ Давлат департаменти Озарбайжон пойтахти Бокуда Озод Европа-Озодлик радиоси бюросининг ёпилиши ҳамда радио мухбирлари сўроқ қилингани муносабати билан мамлакатда юзага келган инсон ҳуқуқлари вазиятидан ташвиш билдирди.

Давлат департаменти расмийси Жефф Ратке 29 декабрда Вашингтонда ўтган брифингда “Сўроқлар пайтида адвокат ёллашгга тўсқинлик қилингани ташвишланишга сабаб бўлган омиллардан яна биридир”, деб билдирди.

Ратке Қўшма Штатлар Бокуни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсонларнинг асосий ҳуқуқларига риоя қилиш масаласида халқаро мажбуриятларга амал қилишга чақиришини таъкидлади.

Озод Европа-Озодлик радиосининг Боку бюроси АҚШ Давлат котиби Жон Керри президент Илҳом Алиев билан телефон суҳбати чоғида Озарбайжондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан ташвиш билдирганидан сўнг беш кун ўтиб ёпиб қўйилган эди.

29 декабрда ЕХҲТ Боку бюросининг ёпиб қўйилишини “Озарбайжондаги мустақил матбуот ҳамда сўз эркинлигига берилган қақшатқич зарба” сифатида баҳолаб, баёнот тарқатган.

Бугун Москва суди Навальнийга ҳукм чиқариши кутилмоқда

Алексей Навальний.

Россия суди мухолифатчи Алексей Навальнийга нисбатан очилган товламачилик иши юзасидан ҳукмни 30 декбарда эълон қилишини билдирди.

Суд аввалроқ ҳукм 15 январда чиқарилишини билдирган ва Навальний тарафдорлари шу куни кўп минг кишилик намойиш ўтказишга тайёргарлик кўраётган эди. Суд ўз қарорини ўзгартириши муносабати билан 29 декабрда Навальнийнинг Фейсбукдаги тарафдорларидан 4 минг киши бугун Кремлга яқин жойда намойиш ўтказишга келишиб олган.

Навальний Россиянинг икки ширкатидан 31 миллион рубл миқдоридаги маблағни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланмоқда. Мухолифатчининг тарафдорлари Кремль Навальнийга нисбатан мазкур жиноят ишини сохталаштирган деб ишонади.

Агар суд Навальнийни айбдор деб топса, у 10 йилгача қамалиши мумкин. Кремлнинг танқидчиси бўлган Алексей Навальний ва унинг акаси февраль ойидан бери уй қамоғида қолмоқда.

Россия элчиси минтақа чегараларида жанггарилар тўпланаётганидан огоҳлантирди

Замир Кабулов.

Россиянинг Афғонистондаги элчиси Замир Кабулов рус матбуотига берган интервьюсида тожик ва туркман чегарасида “исломчи” гуруҳлар тўпланаётгани ҳақида гапирди.

Кабуловнинг айтишича, Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда 4-5 мингга яқин, Туркманистон чегаралари олдида эса 2500 жанггари бор.

Элчига кўра, мазкур ҳудудларда ҳар бирида 50дан ортиқ одам машқ ўтай оладиган камида учта террорчиларни тайёрлаш лагери фаолият кўрсатмоқда.

Кабулов лагерларда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган “жиҳодчи”лар тайёргарликдан ўтказилаётганини қўшимча қилди.

Испания суди қозоқ мухолифатчисини ҳибсга олди

Муратбек Кетебаев.

Испания суди қозоқ мухолифатчиси Муратбек Кетебаевни ҳибс қилиш ҳақида қарор чиқарди. Мухолифатчининг ватанига экстрадиция қилиниш эҳтимоли бор.

Муратбек Кетебаев 27 декабрда Интерпол ордери асосида Қозоғистон илтимоси билан Мадридда қўлга олинган. Суд 57 ёшли Кетебаевни гаров эвазига озодликда қолдириш таклифини рад этган ҳолда, мухолифатчини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.

Қозоғистондаги “Алга” партияси ҳаммуассиси Муратбек Кетебаев 2011 йилда мухолифатга босим кучайганидан сўнг Қозоғистонни тарк этган эди. Унга 2013 йилда Польша томонидан қочқинлик мақоми берилган.

Қозоғистон Кетебаевни 2011 йилдаги Жанозен шаҳрида юз берган тартибсизликларда ҳамда 2012 йилда Олмаотада террорчилик ҳаракатларини содир этишни режалаштирганликда айбламоқда. Кетебаев бу айбловларни рад этиб келади.

Италия кемасидаги ёнғинда беш киши ҳалок бўлди

Италияга қарашли "Норман Атлантик" йўловчи кемасида содир бўлган ёнғинда беш киши ҳалок бўлди.

Душанба куни кемада яна тўрт кишининг жасади топилди. Аввалроқ ҳалок бўлганлар сони бир нафар экани ва тўрт киши жароҳатлангани хабар қилинганди. Йўловчилардан яна бири юрак хуружи ташҳиси билан шифохонага ётқизилган.

Греция қирғоқларида сузаётган кема бортидаги 391 йўловчи қутқарилди, 87 йўловчи эса ҳануз бортда қолмоқда. Йўловчилар вертолётлар ёрдамида эвакуация қилинмоқда. Хабарларга кўра, қутқариш жараёнига кучли шамол ҳалақит қилаяпти.

Грециянинг Патра портидан Италиянинг Анкона портига қараб сузаётган кеманинг автомобиллар жойлашган палубасида якшанба куни ёнғин чиқди.

Кемада йўловчилардан ташқари 200та автомобил ҳам бўлган.

Бокуда Озодликнинг 20 ходими сўроқ қилинди

Озарбайжон пойтахтида Озод Европа/Озодлик радиоси Боку бюросининг 20 нафар ходими гувоҳ сифатида прокуратурада сўроқ қилинди. Уларнинг барчаси тергов сирини ошкор қилмаслик ҳақида тилхат ёзгач, уйларига қўйиб юборилди.

Радио ходимларини ҳимоя қилиши тақиқланган адвокат Ялчин Иманов журналистларнинг жиноий ишга тортиши асоссиз, деб ҳисоблайди.

Имановга кўра, икки кундирки радио журналистлари босим ва тазйиққа учрамоқда.

26 декабрь куни радио офисида Озарбайжон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари тинтув ўтказган ва бюронинг бир қанча ходимини сўроқ қилган эди.

Ҳуқуқ тизимларининг йигирмадан ортиқ вакили рейд давомида Озодлик бюросининг ишга тааллуқли ҳужжатлари сақланган сейф¸ шунингдек, компьютер ва расмий муҳрни мусодара қилди.

Ҳукуматдаги "Ени Озарбайжон" партияси аъзоси Сиявуш Наврўзов, радио бюросида ўтказилган рейдни оқлар экан, буни миллий хавфсизлик боис амалга оширилганини таъкидлади.

"Халқаро махсус хизматлар билан ишлайдиган ҳар қандай ташкилотда тинтув ўтказилиши лозим", деди Сиявуш Наврўзов.

Прокуратура ходимлари бу ҳаракатнинг Озод Европа/Озодлик радиолари Озарбайжон хизмати устидан хориждан молияланаëтган юридик шахс сифатида бораëтган тергов билан боғлиқ экани ва бу рейд маҳкама буйруғи асосида ўтказилаëтганини билдирди.

Маҳаллий матбуот "жосусликни барҳам топтириш учун бюрони ёпиш зарурлиги" ҳақида ёзди.

Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Озод Европа ва Озодлик радиосининг Боку бюросига қилинган рейдларни мамлакатда эркин матбуот ва плюрализмни йўқ қилишга уруниш дея, қоралади.

АҚШ ҳам Озодлик радиоси Озарбайжон хизматининг Бокудаги бюросидаги рейдлар юзасидан хавотир билдирди.

Хорватияда президент сайловининг иккинчи босқичи бўлади

Хорватия президентлигига номзодлар Иво Йосипович ва Колинда Грабар-Китарович

28 декабрь куни Хорватияда ўтган президент сайловида қатнашган тўрт номзоднинг ҳеч бири сайловчиларнинг 50 фоизлик овозини тўплай олмади.

11 январга белгиланган иккинчи босқичда амалдаги президент Иво Йосипович билан “Хорватия демократик иттифоқи” партияси раиси Колинда Грабар-Китарович беллашади.

Икки номзоддан қай бири кўп овоз тўпласа, ўша президентлик курсисини эгаллайди.

Сайловнинг биринчи босқичида сайловчиларнинг 36 фоизи иштирок этгани хабар қилинди.

Европа Иттифоқининг янги аъзоси бўлган Хорватия иқтисоди ЕИда энг паст ҳисобланади.

Малайзиянинг йўқолган учқичи денгиз тубидалиги тахмин қилинмоқда

Малайзиянинг йўқолган учқичини қидириш ишларига бошчилик қилаётган Индонезия қутқарув-қидирув агентлиги раҳбари Бамбанг Соелисто AirAsia учқичи денгиз тубида ётгани ҳақидаги тахминни билдирди.

Индонезиядан Сингапурга парвоз пайтийўқолган Малайзия учқичини қидириш ишлари душанба куни эрталабдан давом эттирилди.

Бортида 162 йўловчи бўлган AirAsia ширкатига қарашли A320-200 учқичини қидириш ишларига Индонезиядан ташқари Австралия, Малайзия ва Сингапур ҳам қўшилди.

A320-200 учқичи 28 декабрь куни Индонезиянинг Сурабай шаҳри аэропортидан учганидан бир соат ўтгач, у билан алоқа узилган. AirAsia авиаширкати вакилларига кўра, лайнер экипажи билан учқич Калимантан ва Белитунг ороллари ўртасидаги Ява денгизи устида учаётган пайтда охирги марта алоқада бўлинган.

Бу жорий йилда Малайзия учқичи йўқолиши билан боғлиқ учинчи ҳодисадир. Шу йил 8 мартида Malaysia Airlines авиаширкатининг Куала-Лумпурдан Пекинга учиб бораётган лайнери йўқолиб қолганди. Унинг бортида 239 киши бўлган.

17 июль куни эса Амстердамдан Куала-Лумпурга учиб кетаётган "Боинг 777" учқичи Украина шарқида уриб туширилганди. Ўшанда Малайзия қарашли бу учқич бортидаги 298 кишининг ҳаммаси нобуд бўлган.

Ўш аэропортидан ўғирланган тадбиркор Аравон туманидан топилди

Ўш аэропортида талончилик қилганлардан бирининг милиция вакиллари томонидан тузилган фотороботи.

Шанба куни Ўш халқаро аэропортидан қуролли босқинчилар томонидан ўғирлаб кетилган тадбиркор шаҳар ташқарисидан топилди. Бу ҳақда 29 декабрь куни Қирғизистон ахборот агентликлари Ўш милициясидаги манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатдилар.

Маълумотларга кўра, ўғирланган киши “Аслан Тур” ширкати директори Руслан (фамилияси кўрсатилмаган) бўлиб чиққан.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Суюн Умурзақовнинг жабрланувчи тадбиркор сўзларига таянган ҳолда айтишича, талончилар Русланнинг бошига қоп кийдириб олиб кетганлар. Даставвал улар бир гаражга бориб, машинани алмаштиришган. Машина бир муддат юриб, ўнғир-чўнқир кўчалардан кетаётган пайтда тадбиркор босқинчиларга фаол қаршилик кўрсата бошлаган ва машинадан сакраб тушиб қолган. Шундан сўнг улар ортга қайтиб, Русланни дўппослашган, кейин эса уни ўша ерда қолдириб, кўздан ғойиб бўлишган.

Ўш милицияси ходимлари босқинчилардан айримларининг шахси аниқлангани, бироқ тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирча очиқланмаслигини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 27 декабрь куни автомат ва тўппончалар билан қуролланган беш киши Ўш аэропортида қирғизистонлик тадбиркорларга тегишли пулни ўғирлаб, бир кишини гаровга олиб кетгандилар.

АҚШ президенти Афғонистондаги халқаро коалиция ҳарбий миссияси якунланганини олқишлади

АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистонда хизмат ўтаган америкалик ҳарбийларга миннатдорчилик билдирди ва улар қўшган улкан ҳисса туфайли Қўшма Штатлар тарихида энг узоқ давом этган уруш масъулиятли якунига етаётганини айтди.

Ўз баёнотида Обама 28 декабрь куни Халқаро коалиция кучлари ҳарбий миссияси тугагани муносабати билан Кобулда ўтказилган маросимни олқишлади.

Кечаги маросимда Афғонистондаги хавфсизликка кўмак бўйича халқаро кучлар қўмондони, генерал Жон Кэмпбелл ISAF байроғини ўраб, унинг ўрнига мамлакатдаги хавфсизлик учун масъулиятни ўз зиммасига олган афғон кучларига кўмак миссияси байроғини ёйди. “Собит кўмак” деб номланган бу миссияда 13,5 минг ҳарбий иштирок этади ва уларнинг аксариятини америкаликлар ташкил қилади.

2010 йили Афғонистонда АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳарбийлари сони 140 мингга етарди.

АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари 2001 йил 11 сентябрида Нью-Йорк ва Вашингтонда содир этилган террор хуружларидан кўп ўтмай “Толибон” ҳукумати ағдарилиши билан бошланганди.

Афғонистонда бўлиб ўтган 13 йиллик уруш пайтида халқаро коалициянинг 3,5 мингдан зиёд аскари ҳалок бўлган. Улардан 2224 нафари америкалик ҳарбийлар эди.

Боку расмийлари Озодлик журналистларига босимни тўхтатмаяпти

28 декабрь куни Озарбайжон пойтахтида Озодлик радиоси Боку бюросининг 12 нафар ходими сўроқ учун расмийлар томонидан қўлга олинди ва айблов эълон қилинмай, душанба куни сўроққа келиш шарти билан қўйиб юборилди.

Бу воқеа прокуратура ходимлари хориждан молиялаштирилувчи Озодлик радиоси Боку бюросида тинтув ўтказганидан икки кун ўтиб содир бўлди.

Маълумотларга кўра, озарбайжонлик расмийлар сўроқ пайтида журналистларнинг адвокати иштирок этишига рухсат бермаган. Унга Озодлик билан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганини айтганлар.

Азадлиғ радиосида ишлайдиган ва аввал ишлаган 8 нафар ходим 29 декабрь куни сўроққа чақирилган. Уларга, агар ўз ихтиёри билан сўроққа келмасалар, куч билан олиб борилишлари уқтирилган.

Озод Европа/Озодлик радиоси раҳбарларидан бири Ненад Пежич Озарбайжон расмийлари радио журналистлари ва уларнинг оила аъзоларини “террор” қилаётганини айтиб, уларнинг бу хатти-ҳаракатларини қоралади.

Индонезиядан Сингапурга парвоз чоғи йўқолган Малайзия учқичини қидириш давом этмоқда

Ғойиб бўлган учқич бортидаги йўловчиларнинг аксариятини индонезияликлар ташкил қилади.

Индонезия вице-президенти Юсуф Калла бортида 162 нафар йўловчи билан Индонезиядан Сингапурга учган Малайзия учқичи қулаб тушган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурди.

- Индонезия ҳукумати Миллий қидирув-қутқарув хизмати, ҳарбий ҳаво кучлари, флот ва армияга ҳамда маҳаллий ҳокимият органларига бу учқични денгиз ёки қуруқликда қидириш учун барча куч ва зарур жиҳозларни сафарбар этиш ҳақида топшириқ берди, - деди Юсуф Калла.

Малайзиянинг AirAsia ширкатига қарашли A320-200 учқичи 28 декабрь куни Индонезиянинг Сурабай шаҳри аэропортидан учганидан бир соат ўтгач, у билан алоқа узилган. AirAsia авиаширкати вакилларига кўра, лайнер экипажи билан учқич Калимантан ва Белитунг ороллари ўртасидаги Ява денгизи устида учаётган пайтда охирги марта алоқада бўлинган.

Кеча қоронғу тушгани ва об-ҳаво ёмонлиги боис учқични қидириш ишлари тўхтатилганди. Қидирув ишлари душанба эрталабдан қайта жонланиши айтилмоқда.

Бу жорий йилда Малайзия учқичи йўқолиши билан боғлиқ учинчи ҳодисадир. Шу йил 8 мартида Malaysia Airlines авиаширкатининг Куала-Лумпурдан Пекинга учиб бораётган лайнери йўқолиб қолганди. Унинг бортида 239 киши бўлган.

17 июль куни эса Амстердамдан Куала-Лумпурга учиб кетаётган "Боинг 777" учқичи Украина шарқида уриб туширилганди. Ўшанда Малайзия қарашли бу учқич бортидаги 298 кишининг ҳаммаси нобуд бўлган.

Малайзиянинг йўқолган учқичини қидириш тўхтатилди

Бугун эрталаб йўқолган Малайзиянинг AirAsia авиакомпаниясига қарашли самолётни қидириш ишлари қоронғу тушгани боис тўхтатилди.

A320-200 учқичини қидириш ишларига Индонезия бошчилик қилмоқда. Сингапур ғойиб бўлган учқични қидириш ишларида иштирок этиш учун ҳарбий самолётларини жўнатди.

Қидирув ишлари 29 декабрь куни эрталабдан давом эттирилиши хабар қилинди.

Бортида 162 йўловчи бўлган A320-200 учқичи Индонезиянинг Сурабай шаҳри аэропортидан учганидан бир саот ўтиб, у билан алоқа узилган.

AirAsia авиакомпаниясига кўра, учқич Калимантан ва Белитунг оролллари ўртасидаги Ява денгизи устида учаётган пайти охирги марта у билан алоқа бўлган.

Самолёт учувчилари оби-ҳаво ёмонлиги боис, учқич йўналишини баландроққа ўзгартиришни сўраганидан сўнг учқич радар экранларидан ғойиб бўлган.

AirAsia авиакомпаниясига кўра, самолёт бортидаги йўловчиларнинг аксари Индонезия фуқаролари бўлиб, жами 156 индонезиялик ушбу самолётга чиққан. Самолёт бортида уч нафар жанубий кореялик ҳам бор. Шунингдек, Сингапур, Малайзия, Буюк Британия ва Франциянинг биттадан фуқароси ушбу самолёт йўловчилари рўйхатида бор.

Грецияда Италияга қарашли кема ёнди

Бугун Греция қирғоқларида Италияга қарашли «Норман Алтантик» йўловчи кемасида ёнғин содир бўлди.

Грециянинг Патра портидан Италиянинг Анкона портига қараб сузаётган кема бортида 466 нафар йўловчи бўлган.

Расмийлар йўловчиларнинг барчаси эвакуация қилингани, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқлигини хабар қилди.

Ёнғин кеманинг автомобиллар жойлашган палубасида чиққани айтилмоқда.

Кема ҳалокатга учрагани ҳақида сигнал бергач, яқин атрофдаги бошқа кемалар ёрдамга келган.

Хабарларга кўра, қутқариш жараёнига кучли шамол ҳалақит қилаяпти.

Боку ҳукумати Озодлик мухбирларига қўрқитиш тактикасини қўлламоқда

Озод Европа ва Озодлик радиосининг Боку бюроси

Озод Европа ва Озодлик радиосининг Боку бюроси журналистларининг адвокатлари Озарбайжон ҳукуматини радио мухбирларига нисбатан мисли кўрилмаган даражада қўрқитиш ва ваҳимага солиш тактикасини қўллаётганликда айблади.

Якшанба куни радионинг тўрт ходими прокуратурага чақиртирилган. Шанба куни ҳам бюронинг ўнлаб ходимлари, шу жумладан, тўлиқ контракт асосида ишловчи ходимлари прокуратурага сўроққа чақиртирилган. Душанба куни яна саккиз журналистнинг сўроққа чақиртирилиши айтилган.

Радио журналистлари агар улар прокуратурага ўз хоҳиши билан бормаса, уларга нисбатан куч қўлланилаётганини айтишди. Журналистлар сўроқ адвокатлар иштирок ўтишини таъминлашни талаб қилишмоқда.

Озод Европа/Озодлик радиоси раҳбарларидан бири Ненад Пеич Озарбайжон ҳукуматини радио журналистлари ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан босим қўллаб, уларни қўрқитаётганликда айблади.

26 декабрь куни радио офисида Озарбайжон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари тинтув ўтказган ва бюронинг бир қанча ходимини сўроқ қилган эди.

Ҳуқуқ тизимларининг йигирмадан ортиқ вакили рейд давомида Озодлик бюросининг ишга тааллуқли ҳужжатлари сақланган сейф¸ шунингдек, компьютер ва расмий муҳрни мусодара қилди.

Прокуратура ходимлари бу ҳаракатнинг Озод Европа/Озодлик радиолари Озарбайжон хизмати устидан хориждан молияланаëтган юридик шахс сифатида бораëтган тергов билан боғлиқ экани ва бу рейд маҳкама буйруғи асосида ўтказилаëтганини билдирди.

Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Озод Европа ва Озодлик радиосининг Боку бюросига қилинган рейдларни мамлакатда эркин матбуот ва плюрализмни йўқ қилишга уруниш дея, қоралади.

АҚШ ҳам Озодлик радиоси Озарбайжон хизматининг Бокудаги бюросидаги рейдлар юзасидан хавотир билдирди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, ҳозирда камида 15 нафар журналист, жумладан, Озодлик билан ҳамкорлик қилиб келган таниқли озарбайжонлик журналист Ҳадича Исмоилова қамоқда қолмоқда.

26 декабрь куни Боку суди Исмоиловага белгиланган икки ойлик қамоқ жазосини уй қамоғига ўзгартириш ҳақида журналист адвокатларининг сўровини рад этди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг 2014 йил бўйича матбуот эркинлиги индексида Озарбайжон 180 мамлакат орасида 160-ўринда турибди.

Малайзиянинг яна бир учқичи ғойиб бўлди

Бугун эрталаб Индонезиядан Сингапурга учаётган Малайзиянинг AirAsia авиакомпаниясига қарашли самолёт радар экранларидан ғойиб бўлди.

Бортида 162 йўловчи бўлган A320-200 учқичини қидириш ишлари бошланди.

Учқич Индонезиянинг Сурабай шаҳри аэропортидан учганидан бир саот ўтиб, у билан алоқа узилган.

Жорий йилнинг 8 март куни Малайзияга қарашли яна бир самолёт- Boeing-777 учқичи ҳам ном-нишонсиз йўқолган эди.

Куала-Лумпурдан Пекинга парвоз қилаётган учқич бортида 227 йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган Boeing 777 учқичи ҳам ҳавога кўтарилганидан бир саот ўтиб радар экранларидан ғойиб бўлган эди.

Жорий йилнинг 17 июль куни эса Малайзияга қарашли бошқа бир Boeing-777 самолёти Украина шарқида уриб туширилди.

Киев ва Ғарб расмийлари бортидаги 298 одамнинг бари нобуд бўлган мазкур учқичнинг Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар томонидан БУК ракета тизими билан уриб туширганини таъкидлаб келмоқда.

Айни пайтда Россия Тергов қўмитаси Малайзияга қарашли MH17 йўловчи учқичининг Украина шарқида ким томонидан¸ қандай уриб туширилганини тасдиқловчи “самимий” гувоҳи борлигини иддао қилмоқда.

Ҳалокат юзасидан ўтказилаëтган мустақил текширув муаллифлари ҳозирча бир-бирига қарши бу иддаоларга муносабат билдирмади.

"Интервью" фильмининг чекланган намойишидан кўрилган даромад 1 миллион доллардан ошди

Sony Pictures суратга олган Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инга қарши суиқасд уриниши ҳақидаги “Интервью” фильмининг чекланган намойишидан сўнгги бир неча кун ичида бир миллион долардан ошиқроқ даромад қозонилган.

Бу ҳақда ширкат шанба куни маълум қилди.

Ширкат шу ой ўрталарида кибер ҳужумлар боис кинокомедияни катта прокатга чиқаришни тўхтатган эди.

Фильм намойиши 25 декабрь кунига белгиланган ва фильмнинг байрам кунлари намойишидан 20 миллион доллардан кўпроқ даромад кутилаётган эди.

Sony Pictures фильмни YouTube, Google Play ва Xbox Video сайтларида намойишини йўлга қўйган.

Бундан аввал АҚШ президенти Барак Обама 19 декабрь кунги матбуот анжуманида Sony Pictures кинокомедия намойишидан воз кечиб, хато қилганини таъкидлаганди.

АҚШ Федерал тергов бюроси, аввалроқ, Sony Pictures сайтига қилинган кибер ҳужум ва террорчилик таҳдидлари ортида Шимолий Корея турганини билдирган.

Юлия Тимошенконинг қизи Евгения эрга тегаяпти

Украинанинг собиқ бош вазири Юлия Тимошенконинг 34 ёшли қизи Евгения бугун турмушга чиқяпти.

Евгения Тимошенко Одессади туғилган америкалик тадбиркор Артур Чечёткин билан никоҳ қуряпти.

Уларнинг тўйи бугун Киевдаги Олимпия спорт саройида бўлади.

Юлия Тимошенко тўйга келувчи меҳмонларга совға-салом олмасдан, тўёналарни Баткавшина партияси хомийлик қилаётган ҳарбий қисмга ҳайрия қилишни тавсия этди.

Visa ва MasterCard Қримда ишламайди

АҚШнинг Қримга қарши санкциялари боис Visa ва MasterCard ярим оролда ишламайди.

Мазкур халқаро тўлов тизимлари Қримдаги Россия банлари билан ишлашни тўхтатди.

Шу ой ўрталарида АҚШ ва Европа Иттифоқи Қримда фаолият юритаётган шахслар ва ташкилотларга нисбатан қўшимча чеклов чораларини киритган эди.

Янги чоралар Америка ва Европа ширкатларига Қримда жойлашган ширкатлар билан савдо-сотиқ қилишни тақиқлайди.

Шунингдек сайёҳлик ширкатларига эса Қрим ёки Севастополда сайёҳлик хизматини таклиф қилиш тақиқланади.

Аввалроқ Россия Марказий банки ўзининг тўлов тизимини йўлга қўйишини билдирганди.

Банк келаси йилнинг декабр ойидан ўз кредит карталарини чиқаришни мўлжалламоқда.

Украина армияси ва айирмачилар асирлар билан алмашишди

Украина шарқида ҳукумат кучлари ва россияпараст айирмачилар асирлар билан алмашишди.

Украина президенти матбуот ҳизматига кўра, асирлар билан алмашинув жума куни рўй берган.

Киев ҳукумати россияпараст айирмачилар ҳибсда ушлаб турган 145 нафар украин ҳарбийсининг озод этилиши эвазига қамоқдаги 222 айирмачини қўйиб юборган.

Асирлар билан алмашиш ҳақида томонлар Минскда бўлиб ўтган сўнгги музокаралар пайти келишишган эди.

Айни пайтда Украина шарқида ҳарбий тўқнашувлар давом этмоқда. Сентябр ойидан бери 1300 одам тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG