Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:23

Халқаро янгиликлар

Покистонда Парвез Мушаррафга суиқасдда айбланган шахс осилди

Покистонда 2003 йилда мамлакат раҳбари бўлган Парвез Мушаррафга суиқасд уюштиришга уринишда айбланган шахс осиб ўлдирилди.

Бу мамлакатда 2008 йилда тўхтатилган, шу ой бошида ҳарбий мактабга уюштирилган террор ҳужумидан сўнг эса қайта тикланган ўлим жазоси қўлланиб, осилган еттинчи маҳкумдир.

Шу ой бошида ҳарбий мактабга уюштирилган ҳужумда 140 ўқувчи қурбон бўлди.

31 декабрь куни Пешоварда осилган маҳкум, 40 яшар Ниёз Муҳаммад 2003 йилда уюштирилган суиқасдни ташкил қилишда айбдор, деб топилган.

Ўшанда Равалпинди шаҳрида уюштирилган суиқасд режаси хато боис, амалга ошмай қолган эди.

Шу ой ичида Покистонда етти киши осилди ва буларнинг 6 нафари Мушаррафга нисбатан амалга ошмай қолган суиқасдга алоқадорликда айбланган шахслардир.

Халқаро ташкилотлар мамлакат раҳбариятининг 500 га яқин маҳбусни келгуси ҳафталар ичида қатл қилиш ҳақидаги қароридан ташвиш билдирмоқда.

Навальний Москва суди ҳукми устидан арз қилди

Кремлга мухолиф Алексей Навальний Москва судининг уни уй қамоғида сақлаш ҳақидаги ҳукми устидан судга ариза киритди.

Россия мухолифати етакчисининг адвокати Вадим Кобзев ўз ҳимояланувчисининг шикоят аризада 30 декабрь куни ўқилган ҳукмни "ноқонуний ва асоссиз", деб билишини таъкидлаганини айтмоқда.

Навальний шу йилнинг февраль ойидан буён уй қамоғида сақланаётган экан.

30 декабрь куни Москванинг Замоскворецкий туман суди ака-ука Навальнийларни “Ив Роше” компанияси иши бўйича айбдор, деб топди. Алексей Навальний 3,5 йил шартли жазо олди, укаси Олег эса 3 йилу 6 ойга қамоққа ташланди.

Мухолифатчи Навальний тарафдорларининг 31 декабрь куни Манежнаяда бошлаган норозилик акцияси эса полиция томонидан тарқатиб юборилди.

Хабарларга кўра, митингни тарқатиш чоғида полиция камида 170 кишини қўлга олган, бошқа норозилар тарқаб кетган. Сўнгра майдон полициянинг махсус топшириқлар бажарувчи отряди томонидан ўраб олинган.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини Навальнийга қарши суд ҳукми “сиёсий мотивга эга” эканини билдирган.

AirAsiaнинг денгизга қулаган самолёти қолдиқлари қидирилмоқда

Ўнлаб кема ва самолётлар AirAsia ҳаво компаниясига қарашли самолёт қолдиқлари ва қурбонларнинг жасадларини қидиришда давом этмоқда.

Индонезияга оид қутқарувчилар камида 6 кишининг жасадини топди ва улар Ява денгизи остида ётган улкан қолдиқларни суратга олди. Аммо, бу ҳудудда об-ҳаво ёмон бўлгани боис, қутқарув ва қидирув амалиётлари кечикмоқда.

The Wall Street Journal газетасининг хабар қилишича, суратларда самолётнинг тумшуғи билан денгиз тубига қулагани акс этган ва бу об-ҳаво ёмонлиги боис, учувчилар сўнгги сонияларга қадар ҳам нима қилишга қарор беролмаганидан далолат сифатида баҳоланмоқда.

Малайзиянинг арзон чипталари билан ном қозонган AirAsia ҳаво компаниясига қарашли самолёт 28 декабрь куни радарлардан ғойиб бўлган ва сўнгра унинг сувга қулапгани маълум бўлган. Самолёт бортида 162 киши бор эди.

Гуантанамодан озод қилинган 5 маҳбус Қозоғистонга йўлланди

АҚШ ҳарбийлари Гуантанамо қамоқхонасида сақлланаётган 5 маҳбусни озод қилди ва Қозоғистонга йўллади. 3 нафари яманлик, 2 нафари тунислик бўлган бу маҳбуслар 10 йилдан ортиқ Гуантанамода сақланган.

Улар Ал-Қойдага алоқадорликда гумон қилиниб, Покистон ҳудудида қўлга олинган. 30 декабрь куни тарқатилган баёнотда Пентагон маъмурияти бу шахсларга оид ҳужжатлар АҚШнинг бир неча агентликлари томонидан текширилгач, бир овоздан уларни қамоқдан чиқариш мумкинлигига қарор берилгани айтилган.

Бу маҳбуслар бирор жиноят содир этмагани аниқланган, аммо АҚШ хафсизлиги нуқтаи назаридан ўз юртига юборилиши мумкин эмас, дея қарор берилган ўнлаб маҳбуслардан бир нечасидир.

Пентагон маъмуриятининг маълум қилишича, ҳозир қамоқхонадаги жами маҳбуслар сони 127 кишига тушган.

Қозоғистон ҳукумати исломий экстремизмга қарши хақаро миқёсдаги курашда фаол иштирок этмоқда ва Гуантанамо қамоқхонаси маҳбусларидан 5 нафарини қабул қилгани бунга яна бир далил сифатида баҳоланди.

Москва полицияси Навальний тарафдорлари митингини тарқатиб юборди

30 декабрь куни мухолифат лидери Алексей Навальнийга нисбатан чиқарилган суд ҳукмидан норози бўлиб, Кремль яқинидаги Манеж майдонига йиғилган минглаб одам полиция томонидан тарқатиб юборилди.

Хабарларга кўра, митингни тарқатиш чоғида полиция камида 170 кишини қўлга олган, бошқа норозилар тарқаб кетган. Сўнгра майдон полициянинг махсус топшириқлар бажарувчи отряди томонидан ўраб олинган.

Эслатиб ўтамиз, президент Путин сиёсатига қарши чиқишлари билан танилган мухолифатчи Алексей Навальний ва унинг укаси Олег 30 декабрь куни Москва суди томонидан “Ив Роше” иши бўйича “пул ювиш”да айбдор, деб топилганди.

Суд Алексей Навальнийга шартли жазо белгилаган, укаси Олегга эса уч ярим йиллик қамоқ жазоси тайин қилган.

Кечаги суддан сўнг Алексей Навальний ҳам Манеж майдонига бормоқчи бўлган, бироқ йўлда уни полиция ушлаб, уйига олиб бориб қўйган.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини Навальнийга қарши суд ҳукми “сиёсий мотивга эга” эканини билдирган.

Украина бош вазири Қрим эрта ё кеч Киев назоратига қайтарилишига ишонади

Украина бош вазири Арсений Яценюк.

Украина бош вазири Арсений Яценюк Қрим яримороли эртами-кечми Украинага қайтарилишига ишонади.

- Украиналикларнинг ҳозирги авлоди Қримни қайтадан Киев назорати остига олинганини кўрмасалар ҳам, уни бизнинг болаларимиз ёки набираларимиз қайтариб олади. Қримнинг Россияга қўшиб олинишини дунёда ҳеч ким тан олмаяпти, - деди Яценюк 30 декабрь куни Киевда ўтказилган матбуот анжуманида.

Бош вазир фикрича, “Украина Қримни қай йўл билан қайтариб олиши мумкин?” деган саволга “дарров айтиладиган, осон жавоб”нинг ўзи йўқ.

Украина бош вазири Украина ва Россия ўртасидаги иккитомонлама мол айланмаси 2014 йили 50 фоизга қисқаргани ва бу кетишда яқин орада Россия Украинанинг асосий савдо ҳамкори бўлмай қолиши мумкинлигини қўшимча қилди.

АҚШ конгрессмени Боку бюросидаги рейдлар юзасидан чуқур ташвиш билдирди

Конгрессмен Элиот Энгель.

АҚШ Конгресси Намоёндалар палатасидаги етакчи демократлардан бири Элиот Энгель Озодликнинг Боку бюросида ўтган ҳафта ўтказилган рейдлар ва журналистларнинг сўроқ қилиниши юзасидан чуқур ташвиш изҳор қилди.

30 декабрдаги баёнотида Энгель Озарбайжон расмийларини Озодлик журналистларининг таъқиб этилишига чек қўйиш ҳамда бюронинг қайта иш бошлаши учун имкон яратишга чақирган.

26 декабрь куни Бокуда прокуратура вакиллари Озодликнинг маҳаллий бюросида тинтув ўтказиб, ҳужжатлар, компьютерларнинг қаттиқ дисклари ва бошқа ашёларни мусодара қилганди.

27 ва 28 декабрь кунлари Озодликнинг бир неча журналисти сўроққа чақирилиб, терговга оид маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисидаги тилхатга имзо чектирилганидан кейин қўйиб юборилган.

Шундан сўнг радио журналистлари пайдарпай сўроққа чақириб турилибди.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари фаоллари Озарбайжон расмийлари сўнгги бир неча ой мобайнида ноҳукумат ташкилотлари ва мустақил оммавий ахборот воситаларини овозини ўчиришга уринаётганликда айблаб келади.

Алексей ва Олег Навальный "Ив Роше" иши бўйича айбли деб топилди

Россияда аксил-Путин чиқишлари билан танилган Алексей Навальный ва унинг укаси Олег “Ив Роше” иши бўйича айбли деб топилди.

Сешанба куни Москва суди Алексей Навальныйга шартли жазо белгилади, унинг укаси Олегга эса уч ярим йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

Москванинг Замоскворецкий тумани судьяси Елена Коробченко Алексей ва Олег фирибгарлик ва пул ювишда айбдор деб топилгани, Олег умумий режимли қамоқда уч ярим йиллик жазо муддатини ўташи, Алексейга эса шартли жазо тайинланганини эълон қилди.

Олег Навальний суд залидан қўлига кишан солиб қамоққа олиб кетилди. Алексей суд ҳукми кучга киргунга қадар уй қамоғида ушлаб туриладиган бўлди.

AirAsia учоғи йўқолган ҳудудда ўнлаб жасадлар топилди

Индонезиялик қутқарувчилар AirAsia ширкати учоғи йўқолган Яван денгизида қирқдан ортиқ одамнинг жасадини топганлар.

Жасадларда қутқарув жилетлари бўлмаган. Ҳозирда денгизда топилган жасадлар текширилмоқда.

Бундан аввал қутқарувчилар айни худудда йўқолган учоқнинг қолдиқлари, деб гумон қилинган буюмларни пайқашган эди.

Бортида 162 одам билан Сингапурга парвоз қилаётган учоқ якшанба куни Сурабая шаҳри аэропортидан кўтарилганидан 42 дақиқа ўтиб радардан ғойиб бўлган эди.

Йўловчиларнинг аксар кўпчилиги индонезияликлар, уч нафари жанубий кореялик, бир нафари малайзиялик ва яна бир йўловчи сингапурлик экани билдирилган.

Нефть нархи 57 долларга тушди

Бир баррель Brent маркали нефтнинг нархи 57 АҚШ долларига тушди. Айни пайтда Россияда бир АҚШ долларининг қиймати 54.96 рублни ташкил этмоқда.

Нефт нархининг тушиши Россия иқтисодига салбий таъсир қилади. Россия давлат бюджетининг ярмига яқинини ёқилғи маҳсулотлари экспортидан келаётган тушумлар ташкил этади.

Таъкидлаш жоиз, нефть нархи шу йил ўрталаридан буён 35 фоизга арзонлади.

Индонезияда йўқолган учоқ қолдиқлари топилган

Бортида 162 одам билан Сингапурга парвоз қилаётганида ғойиб бўлган учоқни қидираётган индонезиялик қидирувчилар Ява ороли яқинида йўқолган AirAsia ширкатига қарашли учқич бўлаклари экани ишонилаётган объектларни пайқаганлар.

Бу қолдиқлар айнан қидирилаётган AirAsia учоғига тегишли эканини тасдиқлаш ҳозирча имконсиз.

Индонезияда йўқолган Airbus А320-200 учоғини қидириш уч кундан буён давом этмоқда.

Учоқ якшанба куни Сурабая шаҳри аэеропортидан кўтарилганидан 42 дақиқа ўтиб радардан йўқолган эди.

Украина президенти мамлакатнинг NATOдан ташқари нейтрал давлат мақоми бекор қилинган қонунни имзолади

Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко мамлакатнинг NATOдан ташқаридаги нейтрал давлат мақоми бекор қилинган қонунни имзолади ва украиналиклар NATOга қўшилиш йўлида ҳаракат қилиш керакми ёки йўқми деган саволни ҳал қилишлари кераклигини маълум қилди.

Порошенко мамлакат NATO талабларига мослаштирилгач, бундай савол кун тартибига қўйилишини ҳамда бунинг учун 5-6 йил талаб қилинишини айтди.

29 декабрда қонунни имзолаш пайтида Киевда ўтган матбуот анжуманида Порошенко бу масалада референдум ўтказилишини назарда тутган ҳолда, “Украина 2020 йил стартегияси доирасида мамлакат NATOга қўшилиши ёки қўшилмаслигини аниқлайди”, деб билдирди.

Украинада 2010 йилда мамлакатнинг исталган ҳарбий итттифоққа қўшилишини тақиқловчи қонун қабул қилинган эди. 2014 йилнинг 23 декабрида Украина Олий Радаси бу қонунни бекор қилган.

АҚШ Бокуда Озодлик бюроси ёпилишидан ташвиш билдирди

Бокудаги Озодлик бюроси муҳрлаб қўйилди.

АҚШ Давлат департаменти Озарбайжон пойтахти Бокуда Озод Европа-Озодлик радиоси бюросининг ёпилиши ҳамда радио мухбирлари сўроқ қилингани муносабати билан мамлакатда юзага келган инсон ҳуқуқлари вазиятидан ташвиш билдирди.

Давлат департаменти расмийси Жефф Ратке 29 декабрда Вашингтонда ўтган брифингда “Сўроқлар пайтида адвокат ёллашгга тўсқинлик қилингани ташвишланишга сабаб бўлган омиллардан яна биридир”, деб билдирди.

Ратке Қўшма Штатлар Бокуни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсонларнинг асосий ҳуқуқларига риоя қилиш масаласида халқаро мажбуриятларга амал қилишга чақиришини таъкидлади.

Озод Европа-Озодлик радиосининг Боку бюроси АҚШ Давлат котиби Жон Керри президент Илҳом Алиев билан телефон суҳбати чоғида Озарбайжондаги инсон ҳуқуқлари вазиятидан ташвиш билдирганидан сўнг беш кун ўтиб ёпиб қўйилган эди.

29 декабрда ЕХҲТ Боку бюросининг ёпиб қўйилишини “Озарбайжондаги мустақил матбуот ҳамда сўз эркинлигига берилган қақшатқич зарба” сифатида баҳолаб, баёнот тарқатган.

Бугун Москва суди Навальнийга ҳукм чиқариши кутилмоқда

Алексей Навальний.

Россия суди мухолифатчи Алексей Навальнийга нисбатан очилган товламачилик иши юзасидан ҳукмни 30 декбарда эълон қилишини билдирди.

Суд аввалроқ ҳукм 15 январда чиқарилишини билдирган ва Навальний тарафдорлари шу куни кўп минг кишилик намойиш ўтказишга тайёргарлик кўраётган эди. Суд ўз қарорини ўзгартириши муносабати билан 29 декабрда Навальнийнинг Фейсбукдаги тарафдорларидан 4 минг киши бугун Кремлга яқин жойда намойиш ўтказишга келишиб олган.

Навальний Россиянинг икки ширкатидан 31 миллион рубл миқдоридаги маблағни ноқонуний ўзлаштирганликда айбланмоқда. Мухолифатчининг тарафдорлари Кремль Навальнийга нисбатан мазкур жиноят ишини сохталаштирган деб ишонади.

Агар суд Навальнийни айбдор деб топса, у 10 йилгача қамалиши мумкин. Кремлнинг танқидчиси бўлган Алексей Навальний ва унинг акаси февраль ойидан бери уй қамоғида қолмоқда.

Россия элчиси минтақа чегараларида жанггарилар тўпланаётганидан огоҳлантирди

Замир Кабулов.

Россиянинг Афғонистондаги элчиси Замир Кабулов рус матбуотига берган интервьюсида тожик ва туркман чегарасида “исломчи” гуруҳлар тўпланаётгани ҳақида гапирди.

Кабуловнинг айтишича, Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда 4-5 мингга яқин, Туркманистон чегаралари олдида эса 2500 жанггари бор.

Элчига кўра, мазкур ҳудудларда ҳар бирида 50дан ортиқ одам машқ ўтай оладиган камида учта террорчиларни тайёрлаш лагери фаолият кўрсатмоқда.

Кабулов лагерларда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган “жиҳодчи”лар тайёргарликдан ўтказилаётганини қўшимча қилди.

Испания суди қозоқ мухолифатчисини ҳибсга олди

Муратбек Кетебаев.

Испания суди қозоқ мухолифатчиси Муратбек Кетебаевни ҳибс қилиш ҳақида қарор чиқарди. Мухолифатчининг ватанига экстрадиция қилиниш эҳтимоли бор.

Муратбек Кетебаев 27 декабрда Интерпол ордери асосида Қозоғистон илтимоси билан Мадридда қўлга олинган. Суд 57 ёшли Кетебаевни гаров эвазига озодликда қолдириш таклифини рад этган ҳолда, мухолифатчини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.

Қозоғистондаги “Алга” партияси ҳаммуассиси Муратбек Кетебаев 2011 йилда мухолифатга босим кучайганидан сўнг Қозоғистонни тарк этган эди. Унга 2013 йилда Польша томонидан қочқинлик мақоми берилган.

Қозоғистон Кетебаевни 2011 йилдаги Жанозен шаҳрида юз берган тартибсизликларда ҳамда 2012 йилда Олмаотада террорчилик ҳаракатларини содир этишни режалаштирганликда айбламоқда. Кетебаев бу айбловларни рад этиб келади.

Италия кемасидаги ёнғинда беш киши ҳалок бўлди

Италияга қарашли "Норман Атлантик" йўловчи кемасида содир бўлган ёнғинда беш киши ҳалок бўлди.

Душанба куни кемада яна тўрт кишининг жасади топилди. Аввалроқ ҳалок бўлганлар сони бир нафар экани ва тўрт киши жароҳатлангани хабар қилинганди. Йўловчилардан яна бири юрак хуружи ташҳиси билан шифохонага ётқизилган.

Греция қирғоқларида сузаётган кема бортидаги 391 йўловчи қутқарилди, 87 йўловчи эса ҳануз бортда қолмоқда. Йўловчилар вертолётлар ёрдамида эвакуация қилинмоқда. Хабарларга кўра, қутқариш жараёнига кучли шамол ҳалақит қилаяпти.

Грециянинг Патра портидан Италиянинг Анкона портига қараб сузаётган кеманинг автомобиллар жойлашган палубасида якшанба куни ёнғин чиқди.

Кемада йўловчилардан ташқари 200та автомобил ҳам бўлган.

Бокуда Озодликнинг 20 ходими сўроқ қилинди

Озарбайжон пойтахтида Озод Европа/Озодлик радиоси Боку бюросининг 20 нафар ходими гувоҳ сифатида прокуратурада сўроқ қилинди. Уларнинг барчаси тергов сирини ошкор қилмаслик ҳақида тилхат ёзгач, уйларига қўйиб юборилди.

Радио ходимларини ҳимоя қилиши тақиқланган адвокат Ялчин Иманов журналистларнинг жиноий ишга тортиши асоссиз, деб ҳисоблайди.

Имановга кўра, икки кундирки радио журналистлари босим ва тазйиққа учрамоқда.

26 декабрь куни радио офисида Озарбайжон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари тинтув ўтказган ва бюронинг бир қанча ходимини сўроқ қилган эди.

Ҳуқуқ тизимларининг йигирмадан ортиқ вакили рейд давомида Озодлик бюросининг ишга тааллуқли ҳужжатлари сақланган сейф¸ шунингдек, компьютер ва расмий муҳрни мусодара қилди.

Ҳукуматдаги "Ени Озарбайжон" партияси аъзоси Сиявуш Наврўзов, радио бюросида ўтказилган рейдни оқлар экан, буни миллий хавфсизлик боис амалга оширилганини таъкидлади.

"Халқаро махсус хизматлар билан ишлайдиган ҳар қандай ташкилотда тинтув ўтказилиши лозим", деди Сиявуш Наврўзов.

Прокуратура ходимлари бу ҳаракатнинг Озод Европа/Озодлик радиолари Озарбайжон хизмати устидан хориждан молияланаëтган юридик шахс сифатида бораëтган тергов билан боғлиқ экани ва бу рейд маҳкама буйруғи асосида ўтказилаëтганини билдирди.

Маҳаллий матбуот "жосусликни барҳам топтириш учун бюрони ёпиш зарурлиги" ҳақида ёзди.

Париждаги Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Озод Европа ва Озодлик радиосининг Боку бюросига қилинган рейдларни мамлакатда эркин матбуот ва плюрализмни йўқ қилишга уруниш дея, қоралади.

АҚШ ҳам Озодлик радиоси Озарбайжон хизматининг Бокудаги бюросидаги рейдлар юзасидан хавотир билдирди.

Хорватияда президент сайловининг иккинчи босқичи бўлади

Хорватия президентлигига номзодлар Иво Йосипович ва Колинда Грабар-Китарович

28 декабрь куни Хорватияда ўтган президент сайловида қатнашган тўрт номзоднинг ҳеч бири сайловчиларнинг 50 фоизлик овозини тўплай олмади.

11 январга белгиланган иккинчи босқичда амалдаги президент Иво Йосипович билан “Хорватия демократик иттифоқи” партияси раиси Колинда Грабар-Китарович беллашади.

Икки номзоддан қай бири кўп овоз тўпласа, ўша президентлик курсисини эгаллайди.

Сайловнинг биринчи босқичида сайловчиларнинг 36 фоизи иштирок этгани хабар қилинди.

Европа Иттифоқининг янги аъзоси бўлган Хорватия иқтисоди ЕИда энг паст ҳисобланади.

Малайзиянинг йўқолган учқичи денгиз тубидалиги тахмин қилинмоқда

Малайзиянинг йўқолган учқичини қидириш ишларига бошчилик қилаётган Индонезия қутқарув-қидирув агентлиги раҳбари Бамбанг Соелисто AirAsia учқичи денгиз тубида ётгани ҳақидаги тахминни билдирди.

Индонезиядан Сингапурга парвоз пайтийўқолган Малайзия учқичини қидириш ишлари душанба куни эрталабдан давом эттирилди.

Бортида 162 йўловчи бўлган AirAsia ширкатига қарашли A320-200 учқичини қидириш ишларига Индонезиядан ташқари Австралия, Малайзия ва Сингапур ҳам қўшилди.

A320-200 учқичи 28 декабрь куни Индонезиянинг Сурабай шаҳри аэропортидан учганидан бир соат ўтгач, у билан алоқа узилган. AirAsia авиаширкати вакилларига кўра, лайнер экипажи билан учқич Калимантан ва Белитунг ороллари ўртасидаги Ява денгизи устида учаётган пайтда охирги марта алоқада бўлинган.

Бу жорий йилда Малайзия учқичи йўқолиши билан боғлиқ учинчи ҳодисадир. Шу йил 8 мартида Malaysia Airlines авиаширкатининг Куала-Лумпурдан Пекинга учиб бораётган лайнери йўқолиб қолганди. Унинг бортида 239 киши бўлган.

17 июль куни эса Амстердамдан Куала-Лумпурга учиб кетаётган "Боинг 777" учқичи Украина шарқида уриб туширилганди. Ўшанда Малайзия қарашли бу учқич бортидаги 298 кишининг ҳаммаси нобуд бўлган.

Ўш аэропортидан ўғирланган тадбиркор Аравон туманидан топилди

Ўш аэропортида талончилик қилганлардан бирининг милиция вакиллари томонидан тузилган фотороботи.

Шанба куни Ўш халқаро аэропортидан қуролли босқинчилар томонидан ўғирлаб кетилган тадбиркор шаҳар ташқарисидан топилди. Бу ҳақда 29 декабрь куни Қирғизистон ахборот агентликлари Ўш милициясидаги манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатдилар.

Маълумотларга кўра, ўғирланган киши “Аслан Тур” ширкати директори Руслан (фамилияси кўрсатилмаган) бўлиб чиққан.

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Суюн Умурзақовнинг жабрланувчи тадбиркор сўзларига таянган ҳолда айтишича, талончилар Русланнинг бошига қоп кийдириб олиб кетганлар. Даставвал улар бир гаражга бориб, машинани алмаштиришган. Машина бир муддат юриб, ўнғир-чўнқир кўчалардан кетаётган пайтда тадбиркор босқинчиларга фаол қаршилик кўрсата бошлаган ва машинадан сакраб тушиб қолган. Шундан сўнг улар ортга қайтиб, Русланни дўппослашган, кейин эса уни ўша ерда қолдириб, кўздан ғойиб бўлишган.

Ўш милицияси ходимлари босқинчилардан айримларининг шахси аниқлангани, бироқ тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳозирча очиқланмаслигини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 27 декабрь куни автомат ва тўппончалар билан қуролланган беш киши Ўш аэропортида қирғизистонлик тадбиркорларга тегишли пулни ўғирлаб, бир кишини гаровга олиб кетгандилар.

АҚШ президенти Афғонистондаги халқаро коалиция ҳарбий миссияси якунланганини олқишлади

АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистонда хизмат ўтаган америкалик ҳарбийларга миннатдорчилик билдирди ва улар қўшган улкан ҳисса туфайли Қўшма Штатлар тарихида энг узоқ давом этган уруш масъулиятли якунига етаётганини айтди.

Ўз баёнотида Обама 28 декабрь куни Халқаро коалиция кучлари ҳарбий миссияси тугагани муносабати билан Кобулда ўтказилган маросимни олқишлади.

Кечаги маросимда Афғонистондаги хавфсизликка кўмак бўйича халқаро кучлар қўмондони, генерал Жон Кэмпбелл ISAF байроғини ўраб, унинг ўрнига мамлакатдаги хавфсизлик учун масъулиятни ўз зиммасига олган афғон кучларига кўмак миссияси байроғини ёйди. “Собит кўмак” деб номланган бу миссияда 13,5 минг ҳарбий иштирок этади ва уларнинг аксариятини америкаликлар ташкил қилади.

2010 йили Афғонистонда АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳарбийлари сони 140 мингга етарди.

АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари 2001 йил 11 сентябрида Нью-Йорк ва Вашингтонда содир этилган террор хуружларидан кўп ўтмай “Толибон” ҳукумати ағдарилиши билан бошланганди.

Афғонистонда бўлиб ўтган 13 йиллик уруш пайтида халқаро коалициянинг 3,5 мингдан зиёд аскари ҳалок бўлган. Улардан 2224 нафари америкалик ҳарбийлар эди.

Боку расмийлари Озодлик журналистларига босимни тўхтатмаяпти

28 декабрь куни Озарбайжон пойтахтида Озодлик радиоси Боку бюросининг 12 нафар ходими сўроқ учун расмийлар томонидан қўлга олинди ва айблов эълон қилинмай, душанба куни сўроққа келиш шарти билан қўйиб юборилди.

Бу воқеа прокуратура ходимлари хориждан молиялаштирилувчи Озодлик радиоси Боку бюросида тинтув ўтказганидан икки кун ўтиб содир бўлди.

Маълумотларга кўра, озарбайжонлик расмийлар сўроқ пайтида журналистларнинг адвокати иштирок этишига рухсат бермаган. Унга Озодлик билан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганини айтганлар.

Азадлиғ радиосида ишлайдиган ва аввал ишлаган 8 нафар ходим 29 декабрь куни сўроққа чақирилган. Уларга, агар ўз ихтиёри билан сўроққа келмасалар, куч билан олиб борилишлари уқтирилган.

Озод Европа/Озодлик радиоси раҳбарларидан бири Ненад Пежич Озарбайжон расмийлари радио журналистлари ва уларнинг оила аъзоларини “террор” қилаётганини айтиб, уларнинг бу хатти-ҳаракатларини қоралади.

Индонезиядан Сингапурга парвоз чоғи йўқолган Малайзия учқичини қидириш давом этмоқда

Ғойиб бўлган учқич бортидаги йўловчиларнинг аксариятини индонезияликлар ташкил қилади.

Индонезия вице-президенти Юсуф Калла бортида 162 нафар йўловчи билан Индонезиядан Сингапурга учган Малайзия учқичи қулаб тушган бўлиши мумкин, деган тахминни илгари сурди.

- Индонезия ҳукумати Миллий қидирув-қутқарув хизмати, ҳарбий ҳаво кучлари, флот ва армияга ҳамда маҳаллий ҳокимият органларига бу учқични денгиз ёки қуруқликда қидириш учун барча куч ва зарур жиҳозларни сафарбар этиш ҳақида топшириқ берди, - деди Юсуф Калла.

Малайзиянинг AirAsia ширкатига қарашли A320-200 учқичи 28 декабрь куни Индонезиянинг Сурабай шаҳри аэропортидан учганидан бир соат ўтгач, у билан алоқа узилган. AirAsia авиаширкати вакилларига кўра, лайнер экипажи билан учқич Калимантан ва Белитунг ороллари ўртасидаги Ява денгизи устида учаётган пайтда охирги марта алоқада бўлинган.

Кеча қоронғу тушгани ва об-ҳаво ёмонлиги боис учқични қидириш ишлари тўхтатилганди. Қидирув ишлари душанба эрталабдан қайта жонланиши айтилмоқда.

Бу жорий йилда Малайзия учқичи йўқолиши билан боғлиқ учинчи ҳодисадир. Шу йил 8 мартида Malaysia Airlines авиаширкатининг Куала-Лумпурдан Пекинга учиб бораётган лайнери йўқолиб қолганди. Унинг бортида 239 киши бўлган.

17 июль куни эса Амстердамдан Куала-Лумпурга учиб кетаётган "Боинг 777" учқичи Украина шарқида уриб туширилганди. Ўшанда Малайзия қарашли бу учқич бортидаги 298 кишининг ҳаммаси нобуд бўлган.

Малайзиянинг йўқолган учқичини қидириш тўхтатилди

Бугун эрталаб йўқолган Малайзиянинг AirAsia авиакомпаниясига қарашли самолётни қидириш ишлари қоронғу тушгани боис тўхтатилди.

A320-200 учқичини қидириш ишларига Индонезия бошчилик қилмоқда. Сингапур ғойиб бўлган учқични қидириш ишларида иштирок этиш учун ҳарбий самолётларини жўнатди.

Қидирув ишлари 29 декабрь куни эрталабдан давом эттирилиши хабар қилинди.

Бортида 162 йўловчи бўлган A320-200 учқичи Индонезиянинг Сурабай шаҳри аэропортидан учганидан бир саот ўтиб, у билан алоқа узилган.

AirAsia авиакомпаниясига кўра, учқич Калимантан ва Белитунг оролллари ўртасидаги Ява денгизи устида учаётган пайти охирги марта у билан алоқа бўлган.

Самолёт учувчилари оби-ҳаво ёмонлиги боис, учқич йўналишини баландроққа ўзгартиришни сўраганидан сўнг учқич радар экранларидан ғойиб бўлган.

AirAsia авиакомпаниясига кўра, самолёт бортидаги йўловчиларнинг аксари Индонезия фуқаролари бўлиб, жами 156 индонезиялик ушбу самолётга чиққан. Самолёт бортида уч нафар жанубий кореялик ҳам бор. Шунингдек, Сингапур, Малайзия, Буюк Британия ва Франциянинг биттадан фуқароси ушбу самолёт йўловчилари рўйхатида бор.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG