Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:14

Халқаро янгиликлар

Қирғизистонда экстремистик гуруҳга одам ёллаганлар қўлга олинди

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги фаолияти тақиқланган экстремистик диний ташкилотга яширинча одам ёллаш амалиёти фош қилинганини билдирди.

4 декабрь куни Вазирлик матбуот котиби Бакит Сеитов Иссиқкўл вилоятининг Жети-Ўғуз туманида уч нафар шахс Ҳизбут-Таҳрир ал-Исломий гуруҳига одам ёллаш билан шуғулланганини айтди.

Унга кўра, Ички ишлар вазирлиги ходимлари ўтказган рейд давомида кўп сондаги экстремистик китоблар мусодара қилиниб одам ёллаш амалиёти барбод қилинган.

2003 йилда Қирғизистон Олий суди Ҳизбут-Таҳрир ташкилоти фаолиятини тақиқлаган.

Шунга қарамай, ташкилот аъзолари қишлоқларда фаолият юритиб келаётгани айтилади.

Владимир Путин Ғарбни Россияни парчалашга уринаётганликда айблади

4 декабрь куни Федерал парламент аъзолари олдида қилган йиллик чиқишида Россия Президенти Владимир Путин ўтган йил давомида Россия фақат “етук, якдил миллат” дош бера оладиган синовларга дуч келганини таъкидлади.

Кремл раҳбари Қуддус шаҳри яҳудий ва мусулмонлар учун муқаддас бўлгани каби Қрим ярим ороли Россия учун муқаддас эканини урғулади.

Путин Россия Украинани қардош мамлакат сифатида ҳурмат қилишини аммо Украина шарқидаги “фожиа” Россия юритаётган сиёсат “тўғри” эканини кўрсатганини айтди.

Владимир Путин Ғарб давлатларини Россияни 1990 йилларда Югославия каби парчалашга уринаётганликда айблаб, “улар Гитлер каби муваффақиятсизликка учради” деди.

АҚШнинг ракета ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш режасини танқид қилган президент Путин Россия янги қуролланиш пойгаси гирдобига тортилмаслигини таъкидлади.

Россия президенти Ғарб жорий қилган санкциялар Россияга путур етказишга қаратилганини бироқ у иқтисод ривожига туртки беришини урғулади.

Ҳориждан пул маблағлари мамлакатга келишини таъминлаш учун президент Путин капиталга амнистия эълон қилиш таклифини илгари сурди.

Нью-Йоркда суд полициячини оқлагани ортидан норозилик намойиши ўтказилди

Нью - Йоркда суд қўлга олиш жараёнида қора танлини бўғиб ўлдирган оқ танли полициячини оқлагани муносабати билан норозилик намойиши бўлиб ўтди.

Суд қарори Нью - Йоркнинг Стэйтен Айленд туманида содир этилган воқеадан 4 ой ўтиб чиқарилди. 29 ёшли оқ танли полициячи тамаки маҳсулотларини ноқонуний сотаётган 43 ёшли Эрик Гарнерни қўлга олиш жараёнида тақиқланган ҳаракатани амалга ошириб, қора танлини бўғиб қўйган.

АҚШ адлия вазири Эрик Холдер федерал прокуратура мазкур иш бўйича ўз терговини бошлаганини ва полициячига фуқароларнинг ҳуқуқини бузиш айби билдирилиши мумкинлигини айтди.

Бир неча кун олдин Миссури штатида 18 ёшли қора танлини отиб ўлдирган полициячининг суд томонидан оқланиши Фергюсон шаҳрида тартибсизликларга сабаб бўлган эди.

Обама: Путин иқтисодий вазият мажбур қилгандан сўнггина сиёсатни ўзгартиради

АҚШ президенти Барак Обама Россия раҳбари Владимир Путин иқтисодий вазият мажбур қилмагунига қадар ўз сиёсатини ўзгартирмайди, деб ҳисоблайди.

Чоршанба куни Вашингтонда ишбилармонлар олдида чиқиш қилган Обама Путин миллатчиликка асосланган эскирган сиёсатни олиб бораётгани ва бу билан қўшни давлатларни қўрқитаётгани айтди. АҚШ раҳбарига кўра, бундай сиёсат ортиданРоссия иқтисодиёти катта зарар кўрмоқда.

Обама 2008-2012 йилларда Путин парда ортидан бошқариб турганига қарамай, Россиянинг ўша пайтдаги президенти Дмитрий Медведев билан самарали ҳамкорлик қилганини таъкидлаб ўтди.

Лукашенко Россияни шартномаларни бузганликда айблади

Белорус президенти Александр Лукашенко 3 декабрь куни ўтган ҳукумат йиғилишида Россияни Божхона иттифоқи доирасида эришилган барча шартномаларни бузганликда айблади.

Россия Белоруснинг 22 ишлаб чиқарувчисидан гўшт ва гўшт маҳсулотлари сотиб олишни тақиқлаб қўйган эди. Россия томони бундай ҳаракатни Белорус гўшт маҳсулотларида одам учун зарарли моддалар аниқлангани билан изоҳлаган.

Лукашенко эса Москванинг бу қарорини “Россияда озиқ-овқат нархларининг кўтарилишини ва бундан фойда олишни истаган товламачилар”ўйлаб топган тадбюир сифатида баҳолаган.

Белорус Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқига аъзо давлат ҳисобланади.

Тожикистонда Эмомали Рахмоннинг бюстлари ишлаб чиқарилади

Тожикистон рассомлар иттифоқи Бадиий жамғарма билан ҳамкорликда Тожикистон президенти Эмомали Рахмоннинг бюстларини тайёрлашни бошлади.

Тайёрланган бюстлар ҳукумат йиғилишида кўриб чиқилади ва бюстлардан бири расман тасдиқлангач, ишлаб чиқаришга берилади.

Эмомали Рахмоннинг амалдорлар иш столига қўйиш учун мўлжалланган 30 сантиметрли бюстлари бир неча минг нусхада Хитойда ишлаб чиқарилиши айтилмоқда.

Мисрда "Мусулмон биродарлар"нинг 188 тарафдори ўлимга ҳукм қилинди

"Мусулмон биродарлар"га нисбатан ўтказилган суд жараёнларидан бири.

Миср суди “Мусулмон биродарлар” ҳаракатининг яна 188 тарафдорини ўлимга ҳукм қилди.

Судланувчилар 2013 йилда полиция бўлимига ҳужум қилганликда айбдор деб топилди. Ўлим ҳукми Миср олий муфтийси томонидан тасдиқланганидан сўнг кучга киради.

Миср президенти Муҳаммад Мурсий ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан ағдарилгач, “Мусулмон биродарлар” ҳаракати мамлакат бўйлаб кўп минг кишилик норозилик намойишлари ўткизган эди. Шу кунгача “Мусулмон биродарлар” ҳаракатининг мингдан ортиқ аъзоси ўлим жазосига ҳукм қилинган.

Ироқ Бағдодийнинг хотини қўлга олинганини инкор қилди

Абу Бакр ал Бағдодий.

Ироқ ҳукумати Ливанда “Исломий давлат” гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал Бағдодийнинг хотинларидан бири қўлга олингани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

Ироқ Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Ливанда Бағдодийнинг хотини эмас, балки террорчиликда айбланиб Бағдодда ўлим жазосига ҳукм қилинган шахснинг синглиси Сажу ал Дулаймий қўлга олинган.

Сешанба куни Ливан расмийлари ал Бағдодийнинг хотинларидан бири қўлга олинганини билдирган эди.

“Исломий давлат” гуруҳи Сурия ва Ироқдаги бир қатор ҳудудларни ўз назоратига олган ва бу ҳудудда ҳалифат эълон қилган эди.

Обама мудофаа вазири лавозимига Эштон Картерни танлаган

АҚШ президенти Барак Обама мамлакат мудофаа вазири лавозимига Эштон Картерни танлаган.

60 ёшли Картер АҚШ Мудофаа вазири муовини лавозимида ишлаб келмоқда.

Унинг Пентагон раҳбарлигига тайинлангани ҳақда яқин кунларда расман эълон қилиниши кутиляпти.

Картер ўтган ҳафта мудофаа вазири лавозимидан истеъфо берган Чак Ҳейгел ўрнини эгаллайди.

Обама маъмуриятидаги тўртинчи мудофаа вазири бўлиши кутилаётган Эштон Картер Ироқ ва Сурияда исломий радикал гуруҳлар бўй кўтарган, Украинада Россия агрессияси кучайган бир пайтда Пентагон раҳбарлиги лавозимини қабул қилиб олади.

Керри: “Исломий давлат”ни яксон этиш йилларга чўзилиши мумкин

АҚШ Давлат котиби Жон Керри “Исломий давлат” радикал гуруҳини яксон этиш йилларга чўзилиши мумкинлигини таъкидлади.

“Иломий давлат”га қарши коалиция таркибига кирувчи олтмиш давлат вакиллари иштирокида НАТО ташкилотининг Брюсселдаги қароргоҳида ўтаётган йиғинда жаноб Керри исломий радикал гуруҳга қарши кампания аллақачон самарасини бера бошлаганини айтди.

Брюсселдаги йиғинда Ироқ бош вазири, Европа ҳамда бир қатор араб мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари қатнашмоқда.

Йиғинда жанггариларнинг Ироқ ва Сурияга сизиб кириши олдини олиш йўл-йўриқлари ва ҳамда “Исломий давлат”га қарши ҳарбий стратегия ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Эрон, Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарлари янги темир йўлни очишди

Бугун Қозоғистон, Эрон ва Туркманистон раҳбарлари Ашхободда учрашмоқда.

Нурсултон Назарбоев, Ҳасан Рухоний ва Қурбонқули Бердимуҳаммедовлар уч мамлакатни боғловчи темир йўлнинг очилишида қатнашмоқда.

Қозоғистон, Туркманистон, Эрон орқали ўтувчи 935 километрга узайган Ўзен-Берекет-Горган темир йўли Каспий минтақаси ўлкаларида яшовчи йўловчилар узоғини яқин қилиши ва карго қатновлари учун қулайлик яратиши айтилмоқда.

Қозоғистон расмийлари мазкур темир йўлнинг ишга туширилиши уч мамлакат орасида юк олиб ўтиш ҳажмини ошириши ва 2020 йилга бориб мазкур йўл орқали олиб ўтиладиган юк ҳажми йилига 20 миллион тоннага етишини башорат қилган.

Россия рубли қадрсизланишда янги рекордни қўйди

Россия рублининг қадрсизланиши давом этмоқда. Чоршанба кунги биржа савдоларида 1 доллар - 55 рублни, 1 Евро эса 67 рубл 50 копейкани ташкил қилган.

Ғарбнинг Россияга қарши жорий этган жазо чоралари мамлакат иқтисодида акс эта бошлаган.

Шунингдек,жаҳон бозорида нефт нархининг тушиши ҳам Россия миллий валютасини қурбини туширмоқда.

Сўнгги икки ой мобайнида Россия рубли доллар ва еврога нисбатан 32 фоизга қадрсизланди.

Бу Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистон иқтисодларига ҳам таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ойлик даромадларининг камайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Украина ва НАТО Қримдаги сиёсати туфайли Россияни қоралади

НAТО aъзолaри вa Киев “Украина шaрқидaги вaзиятни aтaйин беқaрорлaштирaётгани” ҳaмдa мaрт ойидa aннексия қилингaн Қримдa ҳaрбий кучлaрини кенгaйтирaётгaни учун Москвaни қорaлaди.

2 декабрь куни Брюсселдa ўтгaн йиғиндaн сўнг эълон қилингaн бaёнотдa НAТОгa aъзо 28тa дaвлaт вa Укрaинa “Россияни Қримдaги ҳaрбий кучлaри сонини оширaётгaни учун қорaлaшини” билдирдилaр.

Шунингдек, бaёнотдa Россиянинг Қорa денгиздaги ҳaрбий кучлaрини кенгaйтириш режaси НAТО вa Укрaинaни тaвишгa солaётгaни aйтилaди.

Мaмлaкaтлaр Кремлнинг хaлқaро қонунчиликкa зид рaвишдa Укрaинa шaрқидaги aйирмaчилaрни ҳaрбий техникa, жумлaдaн, тaнклaр, энг олдинги ҳaво мудофaa тизимлaри вa бошқa оғир теҳникa билaн тaъминлaётгaнига қарши эканини билдирдилaр.

Киев вa НAТО дaвлaтлaри келтирaётгaн дaлиллaргa қaрaмaй Россия шу кунгaчa 4300 кишининг ёстиғини қуритгaн Укрaинa шaрқидaги қуролли тўқнaшувлaргa aрaлaшмaётгaнини aйтиб келaди.

Украина парламенти янги ҳукуматни тасдиқлади

Укрaинa пaрлaменти Бош вaзир Aрсений Яценюк етaкчилигидaги янги ҳукумaт тaркибини тaсдиқлaди.

Верховнaя Рaдaдaги 420 депутaтдaн 288тaси янги ҳукумaтни қўллaб овоз бергaн.

Укрaинaдa беш ҳaфтa aввaл муддaтидaн олдин ўткaзилгaн пaрлaмент сaйловлaридa европaпaрaст пaртиялaр ғaлaбa қозонгaн эди.

Бештa пaртия бир ойлик муддaт ичидa қaтор ислоҳот дaстурлaрини aмaлгa оширишни мaқсaд этгaн коaлиция ҳукумaтини тушизгa вaъдa бергaн.

Aрсений Яценюк Укрaинa Бош вaзири лaвозимидa жорий йилнинг феврaль ойидaн бери ишлaб келмоқдa. У бу лaвозимгa россияпaрaст президент Виктор Януковичнинг Россияга қочишидaн кўп ўтмaй тaйинлaнгaн.

Aввaлроқ Верховнaя Рaдa президент Петро Порошенко тaрaфидaн тaйинлaнгaн Тaшқи ишлaр вaзири Пaвло Климкин вa Мудофaa вaзири Степaн Полторaкни ўз лaвозимлaридa қолишигa овоз берди.

Қaйт этиш жоиз, Киевнинг янги ҳукумaтигa Укрaинa фуқaролигини олгaн уч нaфaр чет эллик мутaҳaссислaр кирди. Литвaлик Aйвaрaс Aбрaмовичус Иқтисодий тaрaққиёт вa Сaвдо вaзири, aмерикaлик Нaтaля Яреско Молия вaзири вa грузиялик Aлексaндр Квитaшвили Соғлиқни сaқлaш вaзири этиб тaйинлaнгaн.

Қозоғистон ва Эрон раҳбарлари Ашхободга сафар қилмоқда

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев бугун Ашхободда Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан учрашди.

Икки томонлама алоқалар музокаралар марказида бўлиши айтилган.

Қозоғистон президенти маъмурияти матбуот ҳизматига кўра, Назарбоев эртага Эрон раҳбари Ҳасан Рухоний ва Туркманистон раҳбари Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан бирга уч мамлакатни боғловчи темир йўлнинг очилишида қатнашади.

Қозоғистон, Туркманистон, Эрон орқали ўтувчи Ўзен-Берекет-Горган темир йўли Каспий минтақаси ўлкаларида яшовчи йўловчилар узоғини яқин қилиши ва карго қатновлари учун қулайлик яратиши айтилмоқда.

Чехлар президент Земанни миллатни шарманда қилаётганликда айбламоқда

Чехия президенти Милош Земан Жанубий Моравия минтақасига сафари пайти бир гуруҳ одам уни миллатни шарманда қилаётганликда айблаб, истеъфосини талаб қилди.

iDnes нашрига кўра, юз элликдан зиёд одам Брно шаҳридаги Мудофаа университети биноси олдида президент Милош Земанга қизил карточка кўрсатиб, норозилик билдирган.

Норозилар Брнога сафар қилган президент Земан истеъфосини талаб қилиб, “Уят”, “Даф бўл”, деган ёзувли плакатларни кўтариб турган.

Чехияликлар президент Земанни Украина масаласида Россияга ён босаётганликда айблашмоқда.

Чехиядаги айрим каналлар хатто, президент Земанга эфирни тақиқлаб ҳам қўйган.

1 декабрь куни Прагада ҳам уч юзга яқин одам Земанга қарши норозилик намойишида қатнашди.

Милош Земан ўтган йили Ўзбекистон диктатори Ислом Каримовни Прагага таклиф қилгани учун ҳуқуқ фаоллари танқидига учраганди.

70 ёшли Милош Земан ўтган йили президентлик сайловида ғолиб чиққан ва икки муддат президент бўлган Вацлав Клаус ўрнини эгаллаган эди.

Обама қизларини адабсизликда айблаган Элизабет Лаутен истеъфо берди

АҚШда президент Барак Обаманинг икки қизини Facebook тармоғида танқид қилган республикачи конгрессмен ёрдамчиси Элизабет Лаутен лавозимидан истеъфо берди.

Конгрессмен Стивен Финчер идораси бу ҳақда маълум қилди. Финчернинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдачиси бўлган Лаутен президент Обаманинг 16 ёшли қизи Малиа ва 13 ёшли қизи Сашани “ҳурматсизлик ва ўз даражаларига номуносиблик”да айблагани учун узр сўради.

Лаутен АҚШда Шукроналик куни арафасида Оқ уйдаги куркани авф этиш маросимида қатнашган президент қизларини сипо кийинишга ва телеэфир вақтида афтини буриштирмасликка,чақирган эди.

Конгрессмен ёрдачисининг бу гаплари ижтимоий тармоқларда танқидларга учради. Республикачилар партияси ходимаси эса ўз пости учун узр сўрашга ва уни ўчириб ташлашга мажбур бўлди.

Путин "Жанубий оқим" лойиҳаси амалга оширилмаслиги мумкинлигини билдирди

Россия президенти Владимир Путин Европа иттифоқи позициясидан келиб чиқиб, “Жанубий оқим” газ қувири лойиҳаси тўхталишини маълум қилди.

Путин 1 декабрь куни Анкарада Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон билан учрашганидан сўнг журналистлар олдида қилган чиқишида , “Жанубий оқим” ўрнига Туркия ва Россия ҳамкорликда жанубий Европа учун газ сақлайдиган хаб лойиҳасини амалга ошириши мумкинлигини айтди.

“Жанубий оқим” Қора денгиз орқали Болгария, Греция, Италия, Сербия, Венгрия ва Австрияга газ етказиб бериш режалаштирилган лойиҳа эди. Путинга кўра, Европа Иттифоқи мазкур лойиҳани амалга оширишга қизиқиш билдирмаяпти. “Газпром” сўнгги уч йилда “Жанубий оқим” лойиҳаси учун 4 миллиард 660 миллион доллар сарфлаган эди.

Путин, шунингдек, Россия Туркияга йилига арзон нархда 3 миллиард куб метр газ сотишга рози бўлганини билдирди.

Молдовада европапараст партиялар ғалабага эришди

Молдовадаги европапараст партиялар коалицион ҳукуматни шакллантириш бўйича маслаҳатлашувларни бошлади.

Молдовада якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларида, дастлабки натижаларга қараганда, европапараст Либерал-демократик партия, Демократик партия ва Либерал партия сайловчиларнинг 45,5 фоиз овозини олган. Россияпараст Социалистик партияга 20,7 фоиз, мўътадил коммунистлар партиясига эса 38,5 фоиз овоз берилган.

30 ноябрда ўтган парламент сайловида сайловчиларнинг 56 фоизи иштирок этгани айтилмоқда.

Молдованинг иқтидори тугаётган европапараст ҳукумати ЕИ билан Ассоциация келишувни имзолаб, молдоваликлар учун Европа Иттифоқига виза олиб ташланишига эришган.

Россияда Стив Жобс хотирасига ўрнатилган ёдгорлик хорижга сотилади ёки вайрон этилади

Санкт Петербургдаги Стив Жобс ёдгорлиги.

Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида Apple ширкати асосчиси Стив Жобс хотирасига ўрнатилган ҳайкал ким ошди савдосида сотиладиган бўлди.

Стив Жобс ҳаёти ҳақидаги маълумотларни рус, инглиз, испан, хитой тилида ўзида жамлаган икки метрли интерактивiPhone 4 ҳайкали Москва ва Ғарб ўртасидаги қарама-қаршиликлар ҳамда Россияда фаол гейларга қарши курашкучайгани сабаб бир ой олдин олиб ташланган эди.

2013 йилда мазкур ҳайкални ўрнатган ширкат бошлиғи Максим Долгополов 1 декабрь куни журналистларга ким ошди савдосида ҳайкалнинг бошланғич нархи юз минг доллар қилиб белгиланганини айтди. Унга кўра, ҳайкал фақат Россиядан бошқа мамлакатга олиб чиқиб кетилиш шарти билангина сотилади. Сотувдан тушган маблағ эса россиялик IT тадқиқотчиларига стипендия сифатида берилади.

Долгополовнинг айтишича, ёдгорликни чет элга сотиш имкони бўлмаса, у ҳолда ҳайкал вайрон этилади.

Стив Жобс хотирасига ўрнатилган ҳайкал Apple янги раҳбари Тим Кук гей эканини ошкор этганидан сўнг олиб ташланган эди.

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури суриялик қочқинларнинг ярмига ёрдамни тўхтатди

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури молиявий инқироз туфайли суриялик 1 миллион 700 минг қочқинга озиқ-овқат етказиб бериш лойиҳасини тўхтатиб қўйди.

БМТ дастури расмийлари қиш мавсумида озиқ-овқат билан таъминлаш лойиҳасининг тўхтатиб қўйилиши суриялик қочқинлар учун ўта ҳалокатли бўлишидан халқаро ҳамжамиятни огоҳлантирди.

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури расмийлари суриялик қочқинларни озиқ –овқат билан таъминлаш учун биргина декабрь ойида 64 миллион доллар талаб қилинишини айтмоқда.

Сурияда Башар Ассад режимига қарши қуролли исён бошланганидан бериўтган уч йил мобайнида 3 миллион 200 минг суриялик ўз ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

ЕИ мулозими рубльнинг тушиб кетганини санкциялар самарасига йўйди

Рубль жорий йилда 40 фоиздан ортиқроққа арзонлади.

Европа Иттифоқининг кенгайиш масалалари бўйича комиссари Россия рублининг кескин қадрсизланаётгани Москвага нисбатан Ғарб жорий қилган санкциялар самара бераётганидан даракдир, дея баён қилди.

ЕИнинг Қўшничилик ва кенгайиш бўйича бош музокарачиси Йоҳаннес Ҳан бу ҳақда душанба куни Брюсселдаги матбуот брифингида гапирди. 1 декабрь куни Россия рубли 8 фоизга қадрсизланиб, АҚШ долларига нисбати 53,29 рубль, еврога нисбати эса 66,50ни ташкил қилди.

“Менимча, бу тегишли санкцияларнинг таъсири эканига аниқ мисолдир ва бу Россиянинг вазиятни нормаллаштириш томон илк қадамларни қўйишига ҳисса қўшади, деб умид қиламан”, дея таъкидлади ЕИ мулозими.

Рубль жорий йилда 40 фоиздан ортиқроққа арзонлади ва мутахассислар бунинг асосий сабабини Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари боис, Москвага нисбатан Ғарб томонидан жорий этилган санкциялар ҳамда нефть нархининг кескин тушиб кетганидан кўрмоқда.

Россия давлат бюджети даромадининг ярми нефт ва газ экспортидан тушади.

НАТО бош котиби: Украина шарқида айирмачиларни қўллаб-қувватлаётган Россия Европа ва бошқа минтақаларда ҳарбий фаолликни оширди

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТО раҳбари Россияни Украина шарқидаги айирмачиларга катта миқдорда қурол-аслаҳа юборганлик ҳамда Европа ва дунёнинг бошқа минтақаларида ҳарбий фаолликни оширганликда айблади.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида Украина ҳукумати билан россияпараст айирмачилар ўртасида ўт очишни тўхтатиш битими кундалик равишда бузилаётганига қарамасдан, “барқарор тинчлик ўрнатиш уринишлари давом эмтмоқда”, дея билдирди.

- Украина ичкариси ва атрофида ҳарбий ҳозирлик кучаяётгани, Россиянинг мукаммал қуроллари, ускуналари ва қўшинлариининг зўравон айирмачиларга етказиб берилаётганини, ҳамда Россиянинг Европа атрофида ва бошқа минтақаларда ҳарбий ҳаракатлари ошаётганини кўриб турибмиз,- деди НАТО раҳбари.

Россия ва айирмачилар сентябрда Минскда имзоланган ўт очишни тўхтатиш битимига амал қилмаяпти, дея қўшима қилди у. Апрел ойидан бери Украина шарқидаги қуролли можарода 4300дан ошиқ одам нобуд бўлди ва бунинг оқибатида Россия билан Ғарб ўртасидаги муносабатлар ўта совуқлашди.

Ғарб ва Киев ҳукумати Москвани Луганск ва Донецк вилоятларидаги россияпараст айирмачиларга қурол ва қўшинлар билан кўмаклашаётганликда айблаб келади, Кремль бу айбловларни рад этади.

Россия ҳарбий фаоллигини оширганига мисол сифатида Столтенберг жорий йилда НАТО учқичлари ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида Россия учоқларини тўхтатиш учун 400 марта кўтарилганини билдирди. Бу эса ўтган йилги бу каби ҳодисалардан 50 фоизга кўпроқдир.

Молдова сайловида европапараст партиялар олдинда кетмоқда

Молдова парламент сайловида ҳозирча мутлақ ғолиб аниқлангани йўқ.

Молдовада якшанба куни бўлиб ўтган парламент сайловларида ҳозирча европапараст партиялар олдинда кетмоқда. Лекин берилган овозларнинг деярли барчаси санаб бўлинганига қармай, ҳеч бир партия мутлақ кўпчилик овоз ололмагани ва ҳукумат тузиш борасида музокаралар ўтказишга тўғри келиши кўриниб турибди.

Шу пайтгача санаб бўлинган 90 фоиздан ортиқроқ овозлар натижасига кўра, Европа тарафдори бўлган учта партия – Либерал демократик партия, Демократик партия ва Либерал партия одинда кетмоқда. Мазкур партиялар ҳозирча жами 44,5 фоиз овоз тўплаган.

Россия-параст Социалистлар партияси ва Коммунистлар партияси тўплаган овозлар қўшилса 39 фоизни ташкил қилмоқда.

30 ноябрь кунги овоз беришда иштирок этган молдовалик сайловчилар сони 56 фоизга яқин бўлди.

Молдованинг иқтидори тугаётган европапараст ҳукумати ЕИ билан Ассоциация келишувни имзолаб, молдоваликлар учун Европа Иттифоқига виза олиб ташланишига эришди. Лекин шунга қарамасдан Молдова ҳокимият тизимида коррупция кенг тарқалгани маълум.

Ҳужумлар ортидан Кобул полицияси раҳбари истеъфо берди

Кобул милиция бошқaрмaлигининг собиқ раҳбари генерaл Зоҳир Зоҳир.

Aфғонистон пойтaхтидa жaнггaрилaр уюштираёган ҳужумлaр сони ўсиши ортидaн Кобул милиция бошқaрмaлиги рaҳбaри истеъфогa кетди.

Сўнгги икки ҳaфтa ичидa Кобулда 9та ҳужум амалга оширилган. Ҳужумлар чет элликлaр истиқомaт қилувчи уйлaр, элчиликлaргa тегишли aвтомобиллaр вa AҚШ ҳaрбийлaрини нишонгa олгaн.

Генерaл Зоҳир Зоҳир 29 ноябрь куни AҚШ ҳaйрия тaшкилотининг Кобулдaги биносигa уюштирилгaн ҳужумдa бир aфғонистонлик вa уч нaфaр Жaнубий Aфрикa фуқaроси ҳaлок бўлгaни ҳaқидaги хaбaрдaн кўп ўтмaй истеъфогa чиқди.

Мaзкур ҳужумдa ҳaйрия тaшкилотининг етaкчиси, унинг 17 ёшли ўғли вa 14 ёшли қизи ҳaлок бўлгaни aйтилмоқдa.

Толибон ҳaрaкaти мaтбуот котиби Зaбиуллоҳ Мужоҳид Твиттер орқaли ҳужум қилингaн уй мaҳфий нaсроний миссионерлaр қуруҳигa тегишли экaнини билдирди.

Aфғон рaсмийлaрининг билдиришичa, ҳужумгa учрaгaн ҳaйрия тaшкилоти номи “Тaълим вa тaрaққиёт бўйичa ҳaмкорлик” бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG