Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:07

Халқаро янгиликлар

Беларус Россия билан чегарасида божхона назоратини қайта тиклади

Россия Федерал божхона хизмати расмий вакили Елена Грачнинг ТАСС ахборот агентлигига билдиришича, Беларус ҳукумати Россия билан чегарадаги барча божхона назорати пунктлари ишини қайта тиклаган.

Бу икки давлат ўртасида божхона назорати 2011 йил, 1 июлида Божхона иттифоқи тузилганидан сўнг бекор қилинган эди.

Хабарларда айтилишича, Беларус ҳукматининг божхона назоратини қайта тиклаши Москванинг Минскни Европа товарларини Россияга реэкспорт қилаётганликда айблашига жавобдир.

Александр Лукашенко Беларусда ишлаб чиқарилган бир қатор товарларнинг Россияга экспорти тўхтатиб қўйилганини ғайриқонуний, деб атаган.

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходими чегарада ҳибсга олинди

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходими Қирғизистон – Қозоғистон чегарасида ҳибсга олинди.

Қирғизистондаги ахборот воситалари, ўз манбаларига таянган ҳолда, исми ошкор этилмаётган ходимнинг 9 декабрда махфий ҳужжатлар билан қўлга олингани тўғрисида хабар қилди.

Воқеанинг бошқа тафсилотлари маълум қилинмади.

Ўтган ойда Қирғизистон ҳукуматининг ташқи алоқалар бўлими мудири Алтинбек Муралиев махфий материалларни йиққанликда ҳамда уларни чет давлат махфий хизматларига тақдим этганликда гумон қилиниб, қўлга олинган эди.

Мамлакат собиқ бош вазири Амангелди Муралиевнинг ўғли Алтинбек 1990 йиллар бошида Туркияда ўқиган ва кейин бир неча йил Туркиянинг Бишкекдаги элчихонасида ишлаган.

9 декабрь кунги воқеанинг Алтинбек Муралиевнинг ҳибсга олиниши билан алоқаси бор-йўқлиги маълум эмас.

Андрей Макаревич инсон ҳуқуқлари соҳасидаги нуфузли мукофотга лойиқ топилди

“Машина времени” гуруҳи етакчиси Андрей Макаревич Москва Ҳельсинки гуруҳининг “Маданият ва санъат воситалари билан инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” номинациясидаги мукофотига лойиқ, деб топилди.

Тилга олинган мукофотнинг бу йилги лауреатлари қаторида марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига ҳуқуқий ёрдам бериб келаётган “Гражданское содействие” қўмитаси раиси Светлана Ганнушкина ҳам бор.

Андрей Макаревич Москва Ҳельсинки гуруҳи мукофотлари ҳар йили, 10 декабрь куни нишонланадиган Инсон ҳуқуқлари кунида топширилади.

“Маданият ва санъат воситалари билан инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” номинациясидаги мукофот шу пайтгача россиялик таниқли маданият ва санъат арболари: Юрий Шевчук, Виктор Шендерович, Михаил Угаров, Владимир Синельников ва Лия Ахеджаковаларга берилган.

8 ойлик ҳомиласи бор аёл Сурияга жиҳодга кетди

Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Қизилқия шаҳридан сўнгги пайтларда 4 киши Сурияга жиҳодга кетгани тўғрисида АkiPress агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар қилди.

“Сўнгги пайт”нинг қайси ойдан бошланиши хабардла айтилмаган.

Сурияга кетганлар орасида бўйида 8 ойлик ҳомиласи бор аёл ҳам борлиги хабар қилинди.

2013 йилдан буён Қизилқия шаҳридан ҳаммаси бўлиб 50 киши Сурияга кетган бўлиб, улардан 8 нафари ўлган. Жиҳодга кетганларнинг 30 нафари этник ўзбеклар, 7 нафари қирғизлар, қолгани этник тожиклардир.

Бугун Украина шарқида “Сукунат куни”

Украина президенти Петро Порошенко

Украина ҳарбийлари ва россияпараст сепаратчилар президент Порошенконинг 4 декабрь кунги фармони билан мамлакат шарқида эълон қилинган “Cукунат куни” талабларига риоя қилаётганликлари тўғрисида айтмоқдалар.

Украина Қуролли Кучлари расмий вакилининг 9 декабрь куни маълум қилишича, ҳукумат кучлари ҳарбий ҳаракатларни тўхтатган ва "Сукунат куни"га тайёр. Унинг айтишича, айни пайтда, агар сепаратчилар ҳужум қилса, ҳарбийлар жавобан ўт очишга ҳам тайёр.

Донецк ва Луганск областларининг бир қисмини назорат қилаётган россияпараст сепаратчилар ҳам “Сукунат куни” талабларига риоя қилаётганлари тўғрисида баёнот бердилар.

Могерини Анқарада Туркиядан ўтаётган хорижлик жанггарилар масаласини муҳокама қилди

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Федерика Могерини ЕИга аъзо давлатлар радикал исломий жанггарилар сафига қўшилиш мақсадида Яқин Шарққа йўл олган чет элликларни тўхтатиб қолиш учун Туркия каби халқаро шериклар билан тиғиз ҳамкорликда ишлаши лозимлигини билдирди.

8 декабрь куни Анқарада брифинг берган Могеринига кўра, унинг турк расмийлари билан учрашуви чоғида Туркия орқали Сурия ва Ироққа ўтиб кетаётган хорижлик жанггарилар масаласи муҳокама қилинган.

Учрашув пайтида ЕИ мутасаддиси Анқарани Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларига путур етказмасликка ҳам чақирган.

Туркия Украинадаги бўҳрон туфайли Ғарб томонидан Россияга қарши жорий этилган санкцияларга қўшилмаган. Европа Иттифоқи эса Анқарани санкцияларга қўшилиш ёки, ҳеч бўлмаганда, санкция рўйхатига тушган молларни Россияга етказиб бериш орқали вазиятдан фойдаланмасликка чақириб келмоқда.

Могерини ўзининг Анқарага сафари Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги алоқаларнинг стратегик жиҳатдан муҳимлигидан далолат беришини билдирди. Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралар 2005 йилдан буён давом этиб келмоқда.

Украинада бир йил ичида Лениннинг 500 дан зиёд ҳайкали олиб ташланди

Украинадаги "Ленин қулатиш" тадбирларидан бири, Харьков, 2014 йилнинг 29 сентябри.

Украинада бир йил мобайнида Лениннинг 504 та ҳайкали олиб ташланди. Бу ҳақда Украина Миллат хотираси институти томонидан душанба куни тарқатилган хабарномада айтилади.

“Украина Миллат хотираси институти ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда Украинада Лениннинг яна 1700 дан зиёд ҳайкали ўз ўрнида турибди”, дейилади хабарномада.

Институт масъуллари 8 декабрь куни Киев марказидаги Ленин ҳайкали ағдарилганига роппа-роса бир йил тўлганини эслатганлар.

Шундан сўнг бутун мамлакат бўйлаб оммавий равишда “Ленин қулатиш” ҳаракати бошланиб кетган. Ленин ҳайкаллари Запорожье, Донецк, Луганск ва Симферополдан ташқари барча вилоят марказларидан олиб ташланган.

Украина Миллат хотираси институти ходими Павел Подобеднинг айтишича, Совет Иттифоқи эндигина қулаган пайтларда Украинада Леннинг 5500 дан ортиқ ҳайкал қад ростлаб турган. Ҳозир эса улар сони 3800 тага камайган.

Россия Украинага газ таъминоти тикланишини ваъда қилмоқда

Россия 11 декабрдан яна Украинага газ етказиб бера бошлашни ваъда қилган. Бу ҳақда душанба куни “Укртрансгаз” ширкати матбуот котиби Максим Белявский маълум қилди.

Газ нархи ва тўланмаган қарзларга оид мунозаралар туфайли Россия Украинага олти ойдан буён газ бермай қўйганди.

Маълумотларга кўра, Украина 5 декабрь куни Россиянинг “Газпром” ширкати ҳисобига 1 миллиард куб метр газ учун аванс сифатида 378 миллион доллар ўтказиб берган.

Россиянинг Украинага газ етказа бошлаши кутилмоқда

Украина энергия вазири 8 декабрь куни Россия табиий газ етказиб беришни тиклаши ктилаётганини билдирди. Володимир Демчишин бу ҳақда 7 декабрь куни телевидение орқали қилган чиқишида билдирди. Унинг айтишича, Киев ҳукумати Россиянинг Газпром ширкатига 378 миллион АҚШ доллари миқдорида декабрь ойи учун аванс тўловини ўтказиб берган.

Газпром мазкур тўлов 6 декабрь куни амалга оширилганини тасдиқлади. Бу июнь ойида газ нарзи ва қарз устида чиққан баҳс ортидан Москва томонидан узиб қўйилган газ таъминотини тиклаш учун йўл очиб берди.

Россия Украинада газ ҳақини олдиндан тўлаб қўйишини талаб қилмоқда. Октябрь ойида Нафтогаз билан Газпром ўртасида имзоланган келишув шартларига кўра, газ таъминоти тўлов амалга оширилган вақтдан 48 соат ичида йўлга қўйилиши керак.

Россия дипломатлари Ғарб санкциялари ортида Путинни ағдариш мақсади турганини айтмоқда

Россиянинг юқори мартабали дипломати Москва президент Владимир Путинни ҳокимиятдан ағдаришга қаратилган Ғарб санкциялари олдида чекинмаслигини баён қилди. Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков 8 декабрь куни парламент эшитувларида қилган чиқишида Москва “асосий масалалар борасида Қўшма Штатлар билан муроса қилишга тайёр эмас”, лекин “манфаатлар мувозанати” ўрнатилиши тарафдоридир, дея таъкидлади.

Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилган ва шарқий Украинада айирмачиларни қўллаб-қувватлаётгани учун Россияга нисбатан иқтисодий санкцияларни жорий қилган.

Давлат Думаси вакиллари олдида қилган чиқишида рус дипломати АҚШ санкцияларининг мақсади “Россияда ҳокимият алмашинувини амалга ошириш учун ижтимоий ва иқтисодий шароитни яратишдир”, дея таъкидлади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам 22 ноябрь куни қилган чиқишида Ғарб Россияда “режим алмашинувига эришмоқчи”, дея баён қилган эди.

ЕИ Туркиядан "Исломий давлат" ва Россия босим ўтказишда ҳамкорлик истамоқда

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат масалалари бўйича мутасаддиси Федерика Могерини Туркияга сафар қилмоқда. Анқарадаги музокраларда ЕИ расмийси Туркиянинг “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашда ҳамкорликни ошириши масаласини кўтаради. Бундан ташқари, Могерининг Туркия ҳукуматидан ЕИ Россияга қарши жорий қилган санкцияларга путур етказмасликни талаб қилиши кутилмоқда.

Икки кунилик ташриф чоғида Могерини бошлиқ ЕИ мулозимлари Туркия ҳукуматидан мамлакат ҳудуди орқали Сурияга хорижий жангариларнинг ўтишини тўхтатиш масаласини муҳокама қилади. Могерини 8-9 декабрь кунлари амалга ошаётган ташриф “ЕИ-Туркия муносабатларининг стратегик аҳамиятини намойиш қилади”, дея баён қилди.

Туркиянинг ЕИга аъзо сифатида қабул қилиниши масаласи 2005 йилдан бери музокара қилиб келинади.

Анқара Ғарб томонидан Украина бўҳрони муносабати билан Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларга қўшилмаган. ЕИ Туркиянинг бу санкцияларни қўллаб-қувватлаши ёки, ҳеч бўлмаганда, уларга путур етказмаслигини истамоқда.

Ўтган ҳафта Россия Президенти Владимир Путиннинг Туркияга сафари чоғида Москва Жанубий Оқим газ қувури лойиҳасидан воз кечиши ва муқобил газ қувурини қуриш бўйича Туркия билан шерикчилик қилишини эълон қилди.

АҚШ ҳарбийлари Покистонга уч жанггарини топширди

Таҳрики Толибон вакили Латиф Мақсуд.

Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар Исломободда уч жанггарини Покистон расмийларига ўтказиб берди. Бу ҳақда ҳарбийларнинг 7 декабрь куни тарқатилган баёнотида айтилади.

Покистон куч ишлатар тузилмаларида ишлайдиган, аммо исми ошкор этилишини истамаган мулозимга кўра, топширилган жанггарилардан бири ўтган йили ўлдирилмиш Таҳрики Толибон лидери Ҳакимулло Мақсуднинг яқин ёрдамчиси Латиф Мақсуд бўлган. АҚШ ҳарбийлари Латиф Мақсудни 2013 йил октябрида ушлагандилар.

Покистонлик толибларнинг Исломободга топширилиши АҚШ мудофаа вазири Чак Ҳейгелнинг Афғонистонга сафари билан бир пайтга тўғри келди.

АҚШ мудофаа вазири: Афғонистонда америкалик ҳарбийлар миссияси битгани йўқ

АҚШ мудофаа вазири Чак Ҳейгел.

АҚШ мудофаа вазири Чак Ҳейгел 7 декабрь куни Афғонистондаги америкалик ҳарбийлар олдида чиқиш қила туриб, уларнинг бу мамлакатдаги миссияси якунига етмаганини урғулади.

Афғонистоннинг Жалолобод шаҳри яқинидаги Гамбери базасида чиқиш қилган Ҳейгел эндиликда ҳарбий амалиётларда бевосита иштирок этмай, афғон ҳарбийларини ўқитиш билан шуғулланадиган америкалик ҳарбийларнинг иши бундан буён енгиллаб қолмаслигини қўшимча қилди.

Пентагон раҳбарига кўра, Қўшма Штатлар 13 йиллик афғон кампанияси чоғида эришилган муваффақиятларнинг йўққа чиқишини истамайди.

Бу Ҳейгелнинг АҚШ мудофаа вазири сифатида Афғонистонга қилган сўнгги сафари бўлди. Чак Ҳейгел ўтган ой вазирликдан истеъфо берган. АҚШ президенти Барак Обама унинг ўрнига собиқ депутат Эштон Картерни тайинлаган.

Сурия расмийлари Исроилни Дамашқ яқинида авиарейд ўтказганликда айблади

Сурия армияси мулозимлари Исроилни ҳукумат кучлари томонидан Дамашқ яқинида ушлаб турилган икки ҳудудга авиарейдлар ўтказганликда айблаб чиқди. Исроил ҳаво зарбаларига дучор бўлган объектлардан бири пойтахтдаги халқаро аэропорт бўлган.

Сурия Қуролли кучлари қўмондонлигининг давлат телевидениеси орқали ўқиб эшиттирилган баёнотида ҳаво зарбалари учоқларга шикаст етказган бўлса-да, ундан ҳеч ким нобуд бўлмагани қайд этилади. Баёнотда Исроил армияси президент Башар Ассадни ҳокимиятда четлатишга уринаётган Суриядаги аксилҳукумат кучларини қўллаётгани ҳам таъкидланади.

Қароргоҳи Британияда бўлган Сурия инсон ҳуқуқлари гуруҳи Исроил томонидан ҳаво зарбалари берилган иккинчи ҳудуд ҳарбий объект бўлгани ҳақида маълумот тарқатди. Ҳуқуқ фаоллари баёнотида ҳаво зарбалари берилган Дамашқ аэропорти ҳам фуқаровий, ҳам ҳарбий мақсадларда фойданилгани айтилади.

2011 йили бу мамлакатда ички ҳарбий низо бошланганидан буён Исроил Сурия ҳарбий объектларига бир неча марта ҳаводан зарба берган. Бу зарбаларнинг асосий қисми замонавий қуроллар жойлаштирилган ҳарбий объектларга қаратилган. Исроил бу қуроллар “Ҳизбуллоҳ” экстемистик гуруҳи учун мўлжалланган, деб ҳисоблайди.

Исроилнинг Сурия ҳудудидаги объектларга аввалги авиарейди шу йил март ойида ўтказилганди.

Германия раҳбари Россияни Шарқий Европа давлатлари ички ишларига аралашаётганликда айблади

Германия Канцлери Ангела Меркел.

Германия Канцлери Ангела Меркел Россияни Европа Иттифоқи (ЕИ) билан яқинлашишга ҳаракат қилаётган Шарқий Европа мамлакатларининг ички ишларига аралашаётганликда айблади.

7 декабрь куни Германияда чиқадиган "Die Welt am Sonntag" кундалигига интервю берган Меркел хоним Молдова, Грузия ва Украина Европа Иттифоқи билан ассосиацияга киришиш тўғрисида келишув имзолашга қарор қилгани ва Россия бу мамлакатларга “муаммолар яратаётгани”ни айтди.

Германия Канцлери Молдованинг Днестр ўлкаси, Грузиянинг Абхазия ва Жанубий Осетия ўлкалари, шунингдек, Украина шарқидаги воқеаларга Россиянинг аралашувини тилга олди.

Молдова Европага интеграциялашиш йўлини танлаганига норозилик тариқасида Россия Молдовадан вино, мева ва гўшт импорт қилишни тақиқлади.

Ўтган ой Россия Абхазия билан “стратегик ҳамкорлик” ҳақида шартнома имзолади.

Европа Иттифоқи ва НАТО бу келишувни кескин танқид қилди.

Ироқ полицияси идорасига ҳужумда ўнга яқин одам нобуд бўлди

Ироқ пойтахти Бағдоддан шимол томонда жойлашган полиция идорасига қарши амалга оширилган ҳужумда камида етти одам нобуд бўлди.

7 декабрь куни эрталаб Ал-Салман қишлоғидаги ҳужум худкуш шахс портловчи моддалар юкланган машинани полиция идораси биносини ўраб турган девор олдида тўхтатиб портлатгани билан бошланган.

Ҳужум оқибатида яна 11 киши тан жароҳати олгани айтилмоқда.

Полиция расмийларига кўра, ўлганларнинг камида беш нафари полиция ходимлари ва камида уч киши кўчада турган фуқаролар бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Сурия ҳукумати қўшинлари “Исломий Давлат” ҳужумини қайтарди

Сурия қўшинлари “Исломий Давлат” гуруҳи жангарилари 6 декабрь куни мамлакат шарқида уюштирган ҳужум қайтарилганини маълум қилди.

Дейр ал-Зор минтақасидаги ҳаво базасига бир неча кундан бери ҳужум қилаётган жангарилар шанба куни эрталаб кенг кўламли ҳужумган ўтган.

Сурия ҳарбийлари мазкур базадан минтақадаги "Исломий Давлат" жанггариларига қарши ҳаводан ҳужум уюштиришда фойдаланиб келаётган эди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти тўқнашувларда икки томондан ўнлаб одам ўлганини хабар қилди.

Жон Керри Эрон америкалик журналистга айблов эълон қилганига таассуф билдирди

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри тўрт ой муқаддам Эронда ҳибсга олинган Washington Post газетаси мухбирига нисбатан расман айблов эълон қилинганидан “тассуф” билдирди.

6 декабрь куни Washington Post газетаси Жейсон Резаян ўзига нисбатан айблов эълон қилинганини тушунгани ҳақидаги ҳужжатга имзо чекканини маълум қилди.

Бироқ журналистга нисбатан қандай айбловлар эълон қилингани ҳозирча аниқ эмас.

АҚШ Давлат котибининг 7 декабрь кунги баёнотида Резаяннинг иши қандай кўрилаётгани, жумладан, унга адвокатдан фойдаланишга рухсат берилмаганидан ҳайратга тушгани билдирилган.

Жон Керри бу Эрон ва халқаро қонунларга зид эканини таъкидлаб Резаянни зудлик билан қўйиб юборишга чақирди.

Резаян устидан суд бошланишидан бир неча кун олдин Ғарб расмийларига унинг ҳибсда қолиши муддати узайтирилгани маълум бўлди.

Келиб чиқиши эронлик бўлган, икки фуқароликка эга бўлган америкалик Жейсон Резаян 22 июль куни журналист рафиқаси билан бирга қўлга олинган. Кейинроқ рафиқаси қўйиб юборилган.

АҚШ Покистонда уюштирган дрон ҳужумда камида тўрт киши ўлди

АҚШнинг одамсиз бошқариладиган учқичи Покистоннинг Афғонистонга чегарадош қабилалар яшайдиган минтақасида амалга оширган ҳужумида жанггари эканликда гумонланган камида тўрт киши ўлди.

7 декабрь куни Покистон ҳарбийлари Шимолий Вазиристон вилоятининг Датта Ҳел туманидаги уйга ҳаводан уютирилган ҳужумда яна икки киши ярадор бўлганини билдирди.

Тўрт нафар покистонлик ҳарбий Рейтерс агентлигига ҳужум натижасида Ал-Қоиданинг юқори лавозимли аъзоси Умар Фаруқ ўлганини айтди.

Устод Фаруқ номи билан танилган Умар Фаруқ Ал-Қоиданинг минтақавий бўлими матбуот хизмат бошлиғи бўлган.

Фаруқ Покистон ва Афғонистон ҳудудларида фаолият юритган.

Бир кун олдин Покистон ҳукумати кучлари Ал-Қоиданинг юқори лавозимли раҳбарларидан бири Аднан ал-Шукрижумани ўлдирган эди.

АҚШ Вице-президенти Эронга қўшимча санкциялар қўллашни инкор қилди

АҚШ Вице-президенти Жозеф Байден.

АҚШ Вице-президенти Жозеф Байден Теҳроннинг мунозарали ядровий дастури боис Эронга қарши қўшимча санкциялар жорий қилиш чақириқларини рад қилди.

Байден ўз қарорини муаммони тинч йўл орқали ечиш имконияти ҳали ҳам мавжуд экани билан изоҳлади.

Вашингтондаги Брукингс институтида сўзлаган Байден Эронга нисбатан жорий қилинган санкциялар аллақачон бу мамлакат иқтисодиёти ривожланиши, шунингдек, ядровий дастур амалга оширилишини ҳам секинлатиб қўйганини қўшимча қилди.

АҚШ, Британия, Россия, Франция, Хитой ва Германия Эронни яширинча ядровий қурол яратишга уринаётганликда айблаб келмоқда.

Теҳрон бу айбловни инкор қилиб, ўз ядровий дастури тинч мақсадни кўзлаганини таъкидлаб келмоқда.

Яманда Ал-Қоида гаровга олган америкалик журналист ҳалок бўлган

Яманда Ал-Қоида гуруҳи гаровга олган америкалик журналист Люк Сомерс қутқариш амалиёти пайти яраланган ва нобуд бўлган.

Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел Қобулга сафари чоғида журналистларга маълум қилди.

Жаноб Ҳейгелга кўра, гаровга олинган журналистни ҳаёти хавф остидалиги боис уни қутқариш ҳақида қарор олинган.

4 декабрь куни Ямандаги Ал-Қоида гуруҳи агар Вашингтон улар шартига кўнмаса Сомерсни ўлдириши ҳақида огоҳлантирилган видеони эълон қилган эди.

Люк Сомерс 2013 йилнинг сентябрь ойида Яманнинг Сана шаҳрида олиб қочиб кетилганди.

"Газпром" Украинадан газ тўловини олганини тасдиқлади

Россиянинг газ гиганти “Газпром” Украинага 2014 йил декабр ойи учун узатиладиган газга 378 миллион АҚШ долларилик тўлов олганини тасдиқлади.

Бу ҳақда ширкат вакили Сергей Купраянов маълум қилди.

Бундан аввал Украинанинг “Нафтогаз” ширкати бир миллиард куб метрлик газ учун “Газпром”га пул ўтказганини билдирганди.

Брюссель шаҳрида 30 октябрь куни ўтказилган уч тарафлама музокараларда Украина 2015 йилнинг март ойи оҳирига қадар ҳар минг куб метр Россия газини 385 доллар нархда сотиб олишга рози бўлган эди.

Обама АҚШ Мудофаа вазири лавозимига Эштон Картерни тавсия этди

АҚШ президенти Барак Обама Сенатдан Мудофаа вазири лавозимига Эштон Картер номзодини тасдиқлашни сўрамоқда.

60 ёшли Картер АҚШ Мудофаа вазири муовини лавозимида ишлаб келмоқда. У Пенатгон тузилмасини ҳар тарафлама яхши билади.

Санат тасдиқласа Картер ўтган ҳафта мудофаа вазири лавозимидан истеъфо берган Чак Ҳейгел ўрнини эгаллайди.

Обама маъмуриятидаги тўртинчи мудофаа вазири бўлиши кутилаётган Эштон Картер Ироқ ва Сурияда исломий радикал гуруҳлар бўй кўтарган, Украинада Россия агрессияси кучайган бир пайтда Пентагон раҳбарлиги лавозимини қабул қилиб олади.

Бокуда мустақил журналист Ҳадича Исмоилова ҳибсга олинди

Бокуда Озарбайжон президенти оиласи бизнеси ҳақидаги мақолалари билан танилган мустақил журналист Ҳадича Исмоилова қамоққа олинган.

Бокунинг Сабоил тумани суди Исмоиловани икки ойлик қамоққа хукм этган.

Озодлик мухбири Ҳадича Исмоилова ўзини ўзи ўлдирмоқчи бўлган озарбайжонлик журналист Тўрали Мустафоев иши бўйича ҳибсга олинган.

Исмоиловага журналистни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш айби қўйилмоқда.

Исмоилова 5 декабрь куни тумани судига чақиртирилган эди.

Ҳадича Исмоилова Озарбайжон президенти Илхом Алиев оиласи бизнес империяси ҳақидаги мақолалари билан танилган журналистдир.

У бир қанча халқаро мукофотлар соҳибидир. Кузатувчилар ва ҳуқуқ фаоллари Исмоилованинг қамоққа олиниши унинг касбий фаолияти билан боғлиқ, демоқдалар.

Назарбоев Ғарбни Россия билан муроса қилишга чақирди

Франция ва Қозоғистон президентлари Нурсултон Назарбоев ва Франсуа Олланд.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Франция президенти билан музокаралар чоғида Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан санкциялари унчалик самара бермаётгани ва Европа мамлакатлари Украина бўҳрони борасида Москва билан муроса қилиш йўлларини қидириши лозимлигини билдирди.

Қозоғистон пойтахти Остонада Франсуа Олланд билан қўшма матбуот анжуманида гапирган Назарбоев томонлар “бўҳронни бартараф қилиш учун” бир нуқтага келишлари лозим, дея таъкидлади.

Украина устида чиққан қарама-қаршилик, деди Назарбоев “ҳеч кимга ёрдам бермади, аксинча халқаро сиёсий вазият ҳамда Европа, Осиё ва бутун дунё иқтисодига салбий таъсир кўрсатди”. Қозоқ етакчисининг таъкидлашича, “санкциялар ёрдамида бир-бирини бурчакка тақаш ҳеч қандай натижа бермайди” ва Ғарб санкциялари Россияга унчалик таъсир қилмайди, чунки Россиянинг иқтисоди жаҳон иқтисодига “жуда ҳам интеграциялашмаган”.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG