Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:05

Халқаро янгиликлар

Қоҳирада Миср собиқ президенти устидан маҳкама қайта бошланди

Миср пойтахти Қоҳирада ҳокимиятдан ағдарилган президент Муҳаммад Мурсий устидан маҳкама хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолда қайта бошланди.

Мурсий ва Мусулмонлар Биродарлиги ҳаракатининг яна 14 аъзоси 2012 йилда президент саройи олдида бир неча намойишчи ўлган норозилик акциясини келтириб чиқарганликда айбланмоқда.

Ўтган йил июлида рўй берган оммавий норозиликдан кейин Миср ҳарбийлари томонидан ҳокимиятдан ағдарилган Мурсийга бошқа судда тўртта жиноий айблов қўйилган.

Улар орасида сиёсий рақиблари ўлдирилишига сабаб бўлган зўравонликлар келтириб чиқарганлик, хорижий гуруҳлар билан фитна уюштирганлик ва маҳбусларнинг қамоқдан қочишини уюштирганлик каби айбловлар ҳам бор.

Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан бери ҳибсда сақланмоқда.

31 январь куни Мусулмонлар Биродарлиги тарафдорлари ўтириб норозилик акцияси ўтказишга уринган пайтда полиция билан тўқнашув содир бўлди.

Жон Керри: Украиналиклар озодликни хоҳлайди

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри Украина халқи демократия учун кураш олиб бормоқда, деди.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида Хавфсизлик бўйича бўлиб ўтаётган халқаро анжуманда сўзлаган Керри “демократия ва Европа йўлини танлаш учун кураш ҳеч қаерда Украинадагидек долзарб эмаслиги”ни урғулади.

Давлат котиби кўчаларда зўравонликлар рўй берганига қарамай, “украиналикларнинг аксари озод ва фаровон давлатда яшашни хоҳлаши”ни ва “уларнинг хоҳиш-идораси амалга ошишида халқаро ҳамкорлар ёрдам бериши”ни қўшимча қилди.

1 февраль куни Украина мухолифати лидерларининг АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан анжумандан ташқари учрашиши режаланган.

Сиёсий, дипломатик ва ҳарбий лидерлар иштирок этаётган Мюнхен анжуманида Сурия ва Украинадаги бўҳрон, Эроннинг ядровий дастури, АҚШнинг электрон кузатувлари ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда. Анжуман якшанба куни ўз ишини тугатади.

АҚШ ҳарбийлари МОдан $ 100 миллионлик маҳсулот сотиб олмоқчи

АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги Афғонистондаги эҳтиёжи учун 100 миллион долларлик маҳсулотларни Марказий Осиё Республикаларидаги ишлаб чиқарувчилардан сотиб олишни режаламоқда.

Буни АҚШнинг Тожикистон пойтахти Душанбедаги элчихонасига таяниб Озодлик мухбири хабар қилди.

АҚШ ҳарбийлари Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилардан қурилиш материаллари, электр товарлар, тиббиёт маҳсулотлари, маиший техника, полиграфия ва бошқа зарурий маҳсулотлар сотиб олишни режалаган.

“Марказий Осиё Бизнес-Портали” номли мазкур лойиҳадан кўзланган мақсад минтақавий рақобат ривожига ҳисса қўшиш ва маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Мюнхен анжуманида НАТО Бош котиби ва Россия ТИ вазири баҳслашди

НАТО Бош котиби А.Расмуссен (ч) ва Россия ТИ вазири С.Лавров.
НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина келажаги ва НАТОнинг ракета ҳужумидан мудофаа режаси борасида баҳслашди.

Германиянинг Мюнхен шаҳрида ўтаётган Хавфсизлик бўйича анжуманда шанба куни сўзлаган Расмуссен Украина келажак йўлини ўзи танлаши кераклигини айтди.

Бироқ Лавров Европа сиёсатчиларини Украинада беқарор вазият юзага келишида ёрдам бераётганликда айблади.

Лавров “Украинада норозиликларни кучайтириш демократия принципларига мос келмайди”, деди.

НАТО раҳбари иттифоқ ва Россия стратегик ҳамкор бўлишига қарамай, ўзаро ҳамкорлик борасида мавжуд имкониятлардан фойдаланмаётганини урғулади.

Россияда Интернет сайларга киришни чеклаш тартиби осонлашди

1 февралдан бошлаб “Роскомнадзор” ташкилотига Россиядаги Интернет сайтларни блок қилиш ҳуқуқини берадиган қонун кучга кирди.

Агар Бош прокурор ёки ўринбосарлари бирор сайтда экстремизм ва оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришга чақириқ мавжуд деган хулоса чиқарса, “Роскомнадзор” ўша сайтга блок қўйиши мумкин.

ИТАР-ТАСС хабарига кўра, Интернет сайтларига кириш учун чеклов дарҳол амалга оширилади.

Россияда болалар порнографияси, наркотиклар тайёрлаш ва истеъмол қилиш, шунингдек, ўз жонига қасд қилишни ўргатадиган сайтлар блок қилинган.

1 февралга қадар Россияда Интернет сайтлари фақат суд қарори асосида блок қилинар эди.

Украина мухолифати етакчилари АҚШ Давлат котиби билан учрашади

Украина мухолифати етакчилари Арсений Яценюк (ў) ва Витали Кличко.
1 феврал куни Украина мухолифати лидерларининг АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан учрашиши кутилмоқда.

Мазкур учрашув Хавфсизлик бўйича Германияда бошланган халқаро анжуман йиғилишидан ташқари бўлиб ўтади.

Жума куни Украина мухолифатини қўллаб-қувватлашини айтган Жон Керри Украинада юзага келган бўҳронни ҳал қилиш учун президент Виктор Янукович норозиларга ёнбосиш борасида етарлича таклифлар илгани сурмагани баён қилди.

31 январь куни Янукович намойишчилар эгаллаб олган ҳукумат биноларининг ҳаммасини тарк этиши эвазига норозиликлар пайтида қўлга олинган фуқароларни амнистия қилиш тўғрисидаги ҳужжатга имзо чеккан эди.

Бироқ мухолифат вакиллари амнистия шартларини рад қилган.

Роҳат Алиевга қарши қотиллик бўйича иш очилиши мумкин

Қозоғистон прокуратураси президент Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Алнур Мусаевга қарши Олтинбек Сарсинбаевнинг ўлимига алоқадорлик айблови бўйича иш очишни сўраб тақдимнома киритди.
Аввалроқ Роҳат Алиев 2006 йилда содир этилган шов-шувли сиёсий қотиллик бўйича гумонланувчи, дея эълон қилинган эди.
Қозоғистон Бош прокуратураси ва АҚШнинг Остонадаги элчиси Жон Ордуэй эълон қилган баёнотга кўра, мухолифат етакчиси Олтинбек Сарсинбаевнинг ўлдирилиши юзасидан ўтказилаётган тергов доирасида Алиевнинг қотилликка алоқадорлигига ишора қилувчи далиллар прокурорлар тарафидан кўриб чиқилган.
Айтилишича, қозоқ терговчилари АҚШ Федерал тергов бюросидан қўлёзма анализи Алиевнинг қотиллик буюртмачиси бўлганига ишора қилади.
Сарсинбаев ва унинг икки ҳамкорининг жасадлари 2006 йилнинг февралида Олмаота яқинида қатл қилинган ҳолда топилган эди.
Қозоғистон парламенти аппаратининг собиқ раҳбари Эржон Отембаев қотилликка алоқадорликда айбланиб, 20 йилга қамоққа ҳукм қилинган.
Қотиллик содир этилган пайтда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида бўлган Роҳат Алиев 2007 йилдан бери Европада муҳожиратда яшайди.

"Женева-2" музокаралари якунланаяпти

Бугун Женевада Сурия ҳукумати ва Сурия мўътадил мухолифатининг музокараларининг биринчи босқичи якунланаяпти.
Музокаралар жаҳон матбуотида “Женева-2” деган номи билан машҳур бўлиб, у БМТ ва Араб давлатлари лигасининг махсус вакили Лахдар Браҳимий воситачилигида ўтаяпти.
Томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш борасида бирор келишувга эришмадилар.
Пайшанба куни Башар Ассад ҳукумати вакиллари ва Сурия мухолифати мамлакатдаги можора учун масъулиятга ким жавобгар деган саволни муҳокама қилишди.
Браҳимийга кўра, томонлар терроризм жиддий муаммо эканини тан олишган, бироқ бунга қарши курашиш борасида бирор тўхтамга кела олишмаган.
Браҳимий 10 февралга белгиланган музокораларнинг иккинчи босқичида кутилган натижага эришишга умид билдирди.

Украинада ўғирланган намойишчи Дмитрий Булатов топилди

Дмитрий Булатов.
22 январ куни ўғирлаб кетилган намойишчи Дмитрий Булатов жумага ўтар кечаси Киев яқинидаги қишлоқлардан бирига ташлаб кетилган.

Мунтазам калтакланганини айтган 35 яшар Булатовга кўра, уни ўғирлаб кетган шахслар намойишларни ким молиялаштираётганини билиш мақсадида уни қийнашган.

- Мени чормих қилишди. Қўлларимни тешишди. Қулоғимни кесиб ташлашди. Юзимни тилишди. Бутун баданимни илма-тешик қилишди. Худога шукур, тирик қолдим,- дейди Булатов.

Булатов ҳозирда Киевдаги “Борис” шифохонасида даволанмоқда.

Булатовни Киев яқинидаги Вишенки қишлоғига машинада олиб келиб, ташлаб кетишган. У Киевга ўзи етиб келган. Вишенки қишлоғи яқинидан Юрий Вербицкийнинг ўлиги топилган ва яна бир фаол Игорь Луценко ҳам ўғирлаб кетиб, шу ерга ташлаб кетилган эди.

Дмитрий Булатов Автомайдон автомобилчилар ҳаракатининг лидерларидан бири. У Киевда евроинтеграция тарафдорларининг акцияларида фаол иштирок этиб келаяпти. Дмитрий 22 январдан бошлаб йўқолиб қолди. Ўша куни "Беркут" аскарлари бир қанча намойишчиларни ҳибсга олганди. Булатовнинг йўқолиши бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Францияда Сурияга "жиҳодга" кетган 80 кишига нисбатан тергов ўтказилмоқда

Франциядаги L'Express нашри прокуратурадаги манбаларига таянган ҳолда Парижда президент Башар Ассадга қарши жангларда иштирок этиш учун кетган француз “жиҳодчи”лари билан боғлиқ 33 иш тергов қилинаётганини билдирди.

Мазкур жиноят ишлари бўйича 80 одам айбланмоқда, уларнинг олти нафари ўсмирлардир.

Тулуза шаҳрида 30 январь куни Сурияга кетаётган пайтида Туркияда қўлга олинган 15 ва 16 ёшли ўсмирга нисбатан суд жараёни қайта жонлантирилди. Улар террорчилик ҳаракатига алоқадорликда айбланмоқда.

Сурияда фуқаролик уруши бошланган 2011 йилнинг март ойидан бери то шу кунгача Франциянинг юзлаб фуқаролари жангларда иштирок этиш учун Сурияга кетгани аниқланган. Улар асосан Францияга Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадан кўчсиб келган муҳожирлар ёки мухожирларнинг иккинчи авлодлари экани айтилмоқда.

Украинада камида 230 намойишчи қўлга олинган

Украинада оммавий норозилик намойишлари пайтида 230 одам қўлга олинди, уларнинг 140 нафари ҳибс қилинган. Бу ҳақда пайшанба куни Украина бош прокуратураси маълум қилди.

Бироқ мухолифатнинг Миллий қаршилик кўрсатиш штаби норозилардан 300 киши ҳибсда сақланаётганини билдирмоқда. Мухолифат барча қўлга олинганларни ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан озод этилишини талаб қилмоқда.

Чоршанба куни Украина парламенти норозлик намойишларида қатнашганларни авф этиш тўғрисида қонун қабул қилган эди. Мазкур қонуннинг қабул қилиниш жараёнида мухолифат иштирок этмади. Қонун норозилар томонидан босиб олинган ҳукумат бинолари озод этилган тақдирдагина кучга киради. Аммо мухолифат қонун шартини бажаришдан бош тортмоқда. Мухолифат ҳокимият алмашган тақдирдагина биноларни бўшатишини эълон қилган.

Қирғизистонда қийноқларга қарши марказ иш бошлади

Қирғизистонда 30 январь куни Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий марказ иш бошлади.

Марказ директори Бақит Рисбековнинг айтишича, Қирғизистонда қийноқ кенг қўлланилади. Шунинг учун марказ ходимларига ҳибсхона ва қамоқхоналарга огоҳлантиришсиз кириб боришга рухсат берилади.

Жорий йилда марказ фаолиятини молиялаштириш учун республика бюджетидан 12 миллион 330 минг сўм ажратилди.

Қирғиз муфтийси жинсий озчиликларга қарши фатво эълон қилди

Қирғизистоннинг муваққат муфтийси Мақсат Ҳожи Токтомушев бир жинсли муносабатларга қарши фатво эълон қилиб, Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг янги ҳисобтида берилган хулосаларни савол остига олди.

Пайшанба куни Қирғизистон мусулмонлари идораси вебсайтида эълон қилинган баёнотида Токтомушев Исломда бир жинсли муносабатлар мутлақо тақиқланганини қайд этди. Гомосексуализм Қирғизистонда 1998 йилда жиноятлар сирасидан чиқарилган.

ҲРУнинг чоршанба куни Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари жинсий озчиликларни камситишига доир ҳисоботига жавобан муфтий мамлакат расмийлари ва парламентини “инсонпарварлик ғояларини баҳона қилиб, жамиятда беқарорлик уруғини тарқатаётган баъзи ташкилотларнинг фаолиятига алоҳида эътибор қаратиш”га чақирди.

ҲРУ эълон қилган ҳисоботда Қирғизистонда полиция гей ва бисексуал эркакларни асоссиз ҳибсга олгани, жинсий зўрлагани, уларга таҳдид қилгани каби ҳолатлар келтирилган. ҲРУ вакиллари Қирғизистон расмийларини жинсий озчилик вакиллари ҳимоя қилишга чақирди.

Янукович ўз ҳукумати норозилар талабини тўлиқ бажарганини иддао қилиб, Украина мухолифатини айбламоқда

Украина Президенти Виктор Янукович ҳукумат мамлакатда вужудга келган бўҳронни ҳал қилиш учун ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни бажаргани таъкидлаб, мухолифат вакилларини қарама-қаршиликни авж олдиришни давом эттираётганликда айблади.

Пайшанба куни президент маъмурияти тарафидан эълон қилинган баёнот орқали Янукович ҳокимият вакиллари хатоларга йўл қўйганини эътироф этди ва халқнинг эҳтиёж ва талабларини “яхшироқ тушунишга” ваъда берди.

Януковичнинг баёноти мухолифат иқтидордаги партия тарафидан парламент орқали қабул қилинган амнистия тўғрисидаги қонунни рад этилиши ортидан эълон қилинди. Ҳибсга олинган намойишчиларга нисбатан амнистия қўлланиши учун улар эгаллаб олган ҳукумат бинолари бўшатилиши шарт қилиб қўйилган.

Норозилар талабига бўйсиниш ўлароқ Янукович сешанба куни ҳукуматни истеъфога чиқарди ва парламент намойишларни тақиқловчи қонунни бекор қилди.

Мухолифат бу чораларни етарли эмас, дея рад қилмоқда.

Янукович маъмуриятининг пайшанба куни маълум қилишича, президент “ўткир нафас йўли касаллиги билан оғриб қолглани ва иситмаси ошиб кетгани” туфайли касаллик таътили олган. Президент қачон ишга қайтиши аниқлаштирилгани йўқ.

Москва вилоятида жасадлари топилган уч муҳожирнинг бири Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди

Москва вилоятида уч нафар меҳнат муҳожири осилган ҳолда топилди. Улардан бири Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди.

Москва вилояти полициясиниг пайшанба куни маълум қилишича, 20 яшар ўзбекистонлик жасади тунда Оксино қишлоғида топилган. Шунингдек пайшанбага ўтар кечаси Строкино вилоятида молдовалик 23 яшар муҳожирнинг жасади ҳам осиғлиқ ҳолда топилган.

Чоршанба куни Голицино шаҳарчасида Украина фуқаросининг жасади топилган эди.

Учала муҳожир осиб ўлдирилган. Терговчиларнинг дастлабки тахминларига кўра, уларнинг ҳаммаси ўз жонига қасд қилган.

Терговчилар: Волгоградда портлашларни амалга оширганлар шахслари аниқланди

Волгограддаги портлашларда 34 киши нобуд бўлди.
Россия расмийлари ўтган ойда Волгоградда 34 кишининг ўлимига сабаб бўлган иккита портлашни амалга оширган худкушлар шахси аниқланганини айтмоқда.

Миллий аксилтеррор қўмитасининг пайшанба куни яна маълум қилишича, худкуш ҳужумига алоқадорликда гумонланаётган икки шахс қўлга олинган.

Қўмита вакилларига кўра, худкушлар шахслари Аскер Самедов ва Сулейман Магомедов, деб аниқланган ва улар Доғистондаги террор гуруҳига аъзо бўлган.


Расмийларга кўра, худкушларнинг шахслари портлашлардан кейин тез орада аниқланган, лекин "хавфсизлик сабаблари" боис уларнинг исмлари эълон қилинганмаган.

Баёнотда яна айтилишича, уларга кўмаклашганликда гумонланаётган ака-ука Магомеднаби ва Тагир Батировлар чоршанба куни Доғистондан қўлга олинган.

Волгограднинг Марказий вокзали ва шаҳар троллейбусида амалга оширилган портлашлар Сочида келаси ҳафта бошланаётган Қишки Олимпия ўйинлари олдидан яна ҳуружлар рўй бериши мумкинлигига доир хавотирларни кучайтирган.

Женевада Сурия тинчлик музокаралари давом этмоқда

БМТ ва Араб давлатлари лигасининг махсус вакили Лахдар Браҳимий пайшанба куни ҳам Сурия тинчлик музокараларида воситачилик қилишда давом этди. Чоршанба кунги музокаралардан сўнг Браҳимий урушаётган томонлар ўртасидаги “аста-секин эримоқда”, дея баёнот бериб, сўзлашувларнинг сўнгги икки куни давомида “сезиларли” натижаларга эришилмаганидан огоҳлантирди.


Женевада давом этаётган музокараларнинг жорий босқичи жума куни якунланади. Сурия мухолифати ва ҳукумати вакиллари Браҳимий воситачилигида ўтаётган музокараларда кичик натижалар кўрилаётганини билдиришди. Иккала томон халқаро ҳамжамият томонидан 2012 йилда қабул қилинган “Женева коммюникесини” кўриб чиқишни ваъда қилди.

Бу ҳужжатда қуролли қарама-қаршиликни тўхтатиш чоралари белгилаб берилган ва у сайловлар ўтказилгунига қадар Сурия муваққат ҳукуматини тузишни тақазо қилади.

Лекин мухолифат вакиллари Сурия Президенти Башар Ассад ўтиш даври ҳукуматига киритилмаслигини талаб қилаётган бўлса, ҳукумат вакиллари Ассад истеъфога кетмаслигини айтмоқда.

Украина мухолифати ҳокимиятнинг амнистия қонунини қабул қилмаяпти

Украина мухолифати етакчилари аксилҳукумат намойишчиларига эълон қилинган амнистия қонунини қоралади. Амнистия эълон қилиниши учун намойишчилардан улар эгаллаб олган ҳукумат биноларини тарк этиш шарт қилиб қўйилмоқда.

Мухолифат етакчиси Виталий Кличко мазкур қонун “жамиятдаги ҳароратни тушириш ўрнига баттар ошириб юборади”, дея таъкидлади. Бу қонун, деди Кличко, ҳукумат бинолари бўшатилгунига ҳокимият вакилларига ҳибсдагиларни “гаровда” ушлаб туришларига имконият беради.

Намойишчилар ҳам қонунни номақбул дея қоралади. Парламент чоршанба куни қабул қилган амнистия қонуни учун президент Виктор Януковичга доир Минтақалар партияси овоз берди. Мухолифатчи депутатлар овоз беришда иштирок этмади.

Аксилҳукумат намойишчилари Киевда бир нечта муҳим бино, жумладан шаҳар ҳокимиятини эгаллаб олган. Шунингдек Украина пойтахтида икки ойдан бери давом этаётган намойиш иштирокчилари шаҳар марказида баррикадалар қурган.

Украина парламенти норозиларни авф этиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Украина парламенти чоршанба куни ярим тунга яқин норозилик акцияларида иштирок этгани учун қўлга олинганларни авф этиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

Мазкур қонун учун парламентнинг 232 депутати овоз берган. Қонунга овоз бериш жараёнида мухолифат иштирок этгани йўқ.

Қабул қилинган қонунда қонун норозилар эгаллаб олган маъмурий бинолар ва маҳаллий бошқарув органлари биноларини тарк этганидан сўнггина кучга кириши қайд этилган. Бундан ташқари норозилик пайтида оғир жиноятларни содир этганларга нисбатан амнистия қўлланилмайди.

Мухолифат мазкур қонун ҳеч қандай шартларсиз қабул қилинишини талаб этаётган эди.

Кеча Украинанинг биринчи президенти Леонид Кравчук мамлакатни сиёсий инқироздан чиқариш режасини парламентга тақдим этган. Кравчук мамлакат конституциясини ислоҳ қилиш бўйича комиссия тузиш ҳамда Украинанинг иккинчи президенти Леонид Кучма билан биргаликда мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги музокараларга гарант сифатида воситачилик қилиш таклифини илгари сурган.

Браҳимий Женева музокараларидан сезиларли натижа кутмаяпти

Лаҳдар Браҳимий.
Сурия масаласи бўйича халқаро вакил Лаҳдар Браҳимий Женевада Сурия ҳукумати ва мухолифати вакиллари ўртасида ўтказилаётган музокараларнинг биринчи босқичидан сезиларли натижалар кутмаётганини билдирди.

Шу билан бирга, Браҳимий музокаралардан кўнгли тўлганини ҳам қўшимча қилди. Унга кўра, муз ҳам аста –секин эрийди. Браҳимий томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар жиддийлигича қолаётганини айтди, аммо тарафлар музокараларни давом эттириш ниятидан қайтмаганлар.

Браҳимий Россия ва АҚШ тарафлар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этишга кўмаклашишидан умидвор эканини билдирди.

Сурия мухолифати Башар Ассаднинг истеъфога кетишини ва муваққат ҳукумат ташкил этилишини талаб қилмоқда. Суриянинг амалдаги ҳукумати вакиллари бу талабни қабул қилишдан бош тортмоқда.

Россияда "Дождь" телеканали ретрансляциясидан бош тортилмоқда

Россиянинг “НТВ-Плюс” оператори “Дождь” телеканали ретрансляцияси тўхтатилганини расман тасдиқлади.

Ширкат тарқатган маълумотда айтилишича “Дождь” телеканалида намойиш этилган Ленинград қамалига бағишланган кўрсатув “НТВ-Плюс” обрўсига путур етказиши мумкинлиги эътиборга олинган ҳолда мана шундай қарор қабул қилинган.

Чоршанба куни “НТВ-Плюс”дан ташқари “Триколор”, “Акадо” ва “Дом.ру” операторлари ҳам “Дождь” телеканали ретрансляциясини тўхтатган эди. Бунга телеканал сайтида бир неча кун аввал "Ленинградни фашист қўшинларига топшириш орқали шаҳар аҳолиси ҳаётини қутқариб қолиш мумкинмиди?" деган савол билан сўров ўтказилгани сабаб бўлган.

Россия Журналистлар иттифоқи “Дождь” телеканали ретрансляцияси тўхтатилишини қоралади. Журналистларнинг Москва хартияси аъзолари бу борада ташвиш билдириб, жамоатчилик билан ошкора муҳокама этилиши тақиқланган мавзулар бўлмаслиги керак, деган фикрини эълон қилди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков эса чоршанба куни “Дождь” телеканали Ленинград қамали ҳақидаги сўрови билан муайян чегараларни бузиб ўтганини билдирган.

Кравчук Украинани қутқариш режасини тақдим этди

Украинанинг биринчи президенти Леонид Кравчук мамлакатни сиёсий инқироздан чиқариш режасини парламентга тақдим этди.

Бугун Олий Рада мажлисида нутқ сўзлаган Кравчук мамлакат конституциясини ислоҳ қилиш бўйича комиссия тузиш ҳамда Украинанинг иккинчи президенти Леонид Кучма билан биргаликда мухолифат ва ҳукумат ўртасидаги музокараларга гарант сифатида воситачилик қилиш таклифини илгари сурди.

Собиқ президент, шунингдек парламентни ҳисбга олинган намойишчиларни озод этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси учун овоз беришга чақирди.

–Украинада сиёсий инқироз юзага келганини бутун дунё кўриб турибди. Мамлакатда икки ҳокимиятчилик юзага келган. Намойишчиларнинг норозилик чиқишлари қўзғалонга айланиб кетди, - деди Кравчук.

Бугун Украина Олий Радасида ҳибсга олинган фаолларни авф этиш ҳақидаги қонун кўриб чиқиляпти.

Раданинг кечаги мажлисида бу борада депутатлар келишаолмаган эди. Украина раҳбарияти намойишчилар ишғол этган маъмурий биноларни бўшатишидан сўнг авф этилишини таклиф этган эди. Мухолифат эса қонун ҳеч қандай шартларсиз қабул қилинишини талаб этмоқда.

Кеча Украина президенти Виктор Янукович бош вазир Микола Азаров раҳбарлигидаги ҳукуматни тарқатиб юборди.

Тожикистон ва Қирғизистон баҳсли ҳудуддан қўшинларини чиқара бошлади

Қирғизистон ва Тожикистон икки мамлакат орасидаги баҳсли чегара ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқишга киришган. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси матбуот вакили Гулмира Бўрибоева Озодликка маълум қилди.

Бўрибоевага кўра, баҳсли ҳудуддан қўшинларни олиб чиқиш сешанба оқшомида бошланган ва бир неча кунга чўзилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Исфара шаҳарларига яқин чегара ҳудудида икки мамлакат чегарачилари ўртасида ўртасида отишма юз бериб, иккала томондан ҳам чегарачилар жароҳатланганди.

Ушбу ҳодиса ортидан икки мамлакат баҳсли чегара ҳудудига қўшин киритди.

Сўнгги зиддият рўй берган ҳудудни ҳам ҳар икки томон ўзиники деб ҳисоблайди.

Мазкур ҳудудда Қирғизистон йўл қуришга киришгани икки мамлакат ўртасида зиддиятларни кучайтириб юборган эди.

Шумахер бир ойдан буён комада қолмоқда

Франциянинг Мерибел қишки оромгоҳида чанғи учаётганида тошга боши билан урилиб, қулаб тушган машҳур автопойгачи Михаэл Шумахер бир ойдан буён кома холатида ётибди.

Шифокорлар Формула-1 бўйича етти карра жаҳон чемпионининг аҳволини “барқарор”, демоқдалар.

44 ёшли Шумахер роппа-роса бир ой аввал Франциянинг Алп тоғларида 14 ёшли ўғли билан чанғи учаётганида тошга урилиб, бош суягидан оғир жароҳат олганди.

Ўтган бир ой ичида Шумахер икки марта операция қилинди. Шифокорлар спортчининг соғайишига умид қилмоқдалар.

ЮНЕСКО: Дунёда бошланғич таълим сифати ёмонлашди

БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти – ЮНЕСКО жаҳонда болаларга таълим бериш сифати тушиб кетгани ҳақида бонг урди.

Ташкилот эълон этган ҳисоботга кўра, дунёда қарийб 250 миллион бола ўқиш, ёзиш ва ҳисоблашни билмайди.

Жаҳондаги мамлакатларнинг учдан бирида малакали ўқитувчилар етишмайди.

Ўзбекистонда эса аҳоли саводхонлиги даражаси дунëдаги энг олдинги давлатлардан бири экани таъкидланади. Ўзбекистонлик болаларнинг 100 фоизи мажбурий таълимга жалб қилинган.

Лекин, мустақил кузатувчилар сўнгги йилларда Ўзбекистонда болаларга таълим бериш савияси тушиб кетганини айтишади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG