Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:19

Халқаро янгиликлар

Россия парламенти Украинада Россия қуролли кучларидан фойдаланишга рухсат берди

Россия Бош вазири Д.Медведев (ў) ва Федерация Кенгаши раиси В.Матвиенко.
Россия парламентининг юқори палатаси Федерация кенгаши Украинанинг Қрим мухтор республикасида Россия қуролли кучларидан фойдаланишни бир овоздан ёқлаб овоз берди.

Шанба куни Россия Президенти Владимир Путин Қримда Россия қуролли кучларидан фойдаланишни сўраб Федерация кенгашига мурожаат қилган эди.

Путин Россия қўшинлари Украинадаги сиёсий вазият “нормаллашгунига қадар” керак бўлиши мумкинлигини билдирган.

Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко депутатлар президент Путинни АҚШдан Россия элчисини чақиртириб олишни сўраш ниятида эканини билдирди.

Ўтган ҳафта Вашингтон Россияни Украинадаги бўҳронга аралашмасликка қайта-қайта чақирган эди.

Жума куни АҚШ Президенти Барак Обама Украинага бостириб кириш оқибатлари борасида Россияни огоҳлантирди.

БМТ Бош котиби вакили Тошкентда МО элчилари билан учрашди

БМТ Бош котибининг МОдаги превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари М.Енча.
БМТ Бош котибининг Марказий Осиёдаги превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Мирослав Енча Тошкентда минтақа давлатлари элчилари билан учрашди.

Енчанинг ташаббуси билан бўлиб ўтган учрашувда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бўрибой Жексембин, шунингдек, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон Республикаларининг Ўзбекистондаги дипломатик идоралари раҳбарлари қатнашди.

CA-NEWS агентлиги хабарига кўра, мулоқот чоғида Марказий Осиёдаги сув-энергетика билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилган.
Мирослав Енча элчилар билан Афғонистондаги сиёсий вазият, чегараларни мустаҳкамлаш, терроризм, экстремизм ва наркотик моддаларнинг ноқонуний савдосига қарши кураш каби минтақа хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилган.

25 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ Бош котибининг Марказий Осиёдаги превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Мирослав Енчани қабул қилди.

Вазирлик маълумотига кўра, мулоқот чоғида халқаро ва минтақавий муаммолар ҳамда Марказий Осиёдаги сув ресурслари билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилган.

Россия парламенти президент Путиннинг сўровини муҳокама қилмоқда

РФ Президенти Владимир Путин.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакат парламентининг юқори палатаси Федерация кенгашидан Украинанинг Қрим мухтор республикасида Россия қуролли кучларидан фойдаланишга рухсат сўради.

Кремл эълон қилган баёнотга кўра, президент Путин Қримдаги этник руслар ҳамда Украинанинг Қрим Мухтор Республикасидаги базага жойлаштирилган Россия ҳарбийларини ҳимоя қилиш учун мамлакат қуролли кучлардан фойдаланишга рухсат сўраб парламентга мурожаат қилган.

Ҳужжатда Путин Украинадаги сиёсий вазият “нормаллашгунига қадар” қўшинлардан фойдаланишга рухсат сўраган.

Шанба куни эрталаб Украина Мудофаа вазири Игорь Тенюх Россияни “огоҳлантирмасдан ва рухсатсиз, давлат чегаралари принципларига риоя қилмай” Украинанинг Қрим Мухтор Республикасига жума куни 6000 аскар ва 30 та бронемашина киритганликда айблаган эди.

Украина президенти Қримнинг янги Бош вазирини тан олишдан бош тортди

Украина Президенти вазифасини вақтинча бажараётган А.Турчинов.
Украина Президенти вазифасини вақтинча бажараётган Александр Турчинов россияпараст Сергей Аксёнов Қрим Мухтор Республикасига янги Бош вазири этиб тайинланганини тан олишдан бош тортди.

1 март куни Турчинов Аксёновнинг Қрим Бош вазири этиб тайинлангани ноқонуний дея эълон қилинган ҳужжатга имзо чекди.

Аксёнов 27 февраль куни Қрим Мухтор Республикасига янги Бош вазири этиб тайинланган эди.

Украина президентининг бундай қарор қабул қилишига Сергей Аксёнов тинчликни сақлашда ёрдам сўраб Россияга мурожаати қилгани сабаб бўлди.

Киев Россияни Украинага 6000 қўшин киритганликда айблади

Украина Мудофаа вазири Игорь Тенюх Россияни “огоҳлантирмасдан ва рухсатсиз, давлат чегаралари принципларига риоя қилмай” Украинанинг Қрим Мухтор Республикасига жума куни 6000 аскар ва 30 та бронемашина киритганликда айблади.

Тенюхнинг ушбу баёноти шанба куни пойтахт Киевда Европа тарафдори бўлган янги Украина ҳукумати мажлисига янгради.

1 март куни Қрим Мухтор Республикасининг россияпараст Бош вазири Сергей Аксёнов Россиянинг Қора денгиз флоти қўшинлари минтақанинг муҳим объектларини қўриқлаётганини билдирди.

Айни пайтда, Қрим пойтахти Симферопол халқаро аэропорти атрофидаги ҳаво ҳудуди ёпиб қўйилди.

Жума куни Россия аскарлари экани тахмин қилинган қуролли ҳарбийлар Қримдаги аэропортларга жойлаштирилган эди.

Украина ҳарбий манбаларига кўра, ҳозирда Россия қўшинлари Севастополь шаҳри яқинидаги Белбек ва Кировский шаҳри аэропортларини ҳам назорат қилмоқда.

Покистон полициясининг 11 ходими жанггарилар ҳужуми қурбони бўлди

Покистонда полиомиелитга қарши эмлаш кампанияси олиб бораётган шифокорларни қўриқлаб кетаётган 11 нафар полиция ходими портлаш қурбони бўлди.

Покистон расмийларига кўра, шанба кунги ҳужум қабилалар яшайдиган Ҳайбар минтақасининг Пешавор шаҳри яқинида амалга оширилган.

Биринчи портлаш тиббиёт ходимларини қўриқлаб кетаётган полиция автомобили Жамруд шаҳри яқинидаги Лашора қишлоғидан ўтиб кетаётган пайтда рўй берган.

Иккинчи портлаш маҳаллий полиция воқеа жойига етиб келганидан сўнг рўй берган.

Кучли портлаш оқибатида 11 нафар полиция ходими ўлган, олти киши жароҳат олган.

Портлашдан кейин тирик қолган полиция ходимлари билан жанггарилар ўртасида келиб чиққан отишма бир неча соат давом этган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Россия Қрим Бош вазирининг ёрдам ҳақидаги мурожаати эьтиборсиз қолмаслигини билдирди

Қрим пойтахти Симферопол аэропортига жойлаштирилган ҳарбийлар.
Россия Президенти Владимир Путиннинг идораси Россия Украинанинг Қрим Мухтор Республикаси Бош вазири Сергей Аксёнов тинчликни сақлашда ёрдам беришни сўраб Россияга қилган мурожаати эътиборсиз қолмаслигини билдирди.

Хабарларга кўра, россияпараст Аксёнов шанба куни президент Путинга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилган.

Бош вазир Аксёнов Қримдаги ҳамма ҳарбийлар, милиция, чегара ва хавфсизлик хизматлари фақат унинг буйруғига бўйсуниши кераклигини эълон қилган.

Қрим Бош вазири бундан норози бўлган қўмондонлар истеъфога чиқиши кераклигини таъкидлаган.

Жума куни Россия аскарлари экани тахмин қилинган қуролли ҳарбийлар Қримдаги муҳим аэропортларга жойлаштирилди.

Шанбага ўтар кечаси бортида юзлаб россиялик ҳарбийлар бўлган транспорт самолётлар ўша аэропортларга қўнгани хабар қилинди.

Украина президенти вазифасини вақтинча бажараётган Александр Турчинов Россияни Қримга бостириб кирганликда айблади.

Турчинов Россияни “провокациялар”ни тўхтатишга ва ўз ҳарбийларини олиб чиқишга чақирди.

АҚШ президенти Барак Обама Россия ҳарбийларининг Украинага ҳар қандай интервенцияси учун Москва жавобгар бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

Обама Россияни Украина ички ишларига аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди

АҚШ президенти Барак Обама.
АҚШ президенти Барак Обама Россиянинг Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлари ҳақидаги хабарлардан жиддий ташвиш билдирди.

28 февраль куни Оқ уйда журналистлар олдида сўзлаган Обама бундай ҳаракатлар учун албатта жавобгарлик бўлиши ҳақида огоҳлантирди.

- (Интервенция) Украина халқи томонидан ҳал этилиши керак бўлган масалаларга жиддий аралашувдир. Бу Россиянинг Украина мустақиллиги, суверенлиги ва чегараларини ҳурмат қилиш ҳақидаги ваъдаларига ва халқаро қонунларга зиддир, дея баёнот берди АҚШ президенти.

АҚШ маъмуриятининг юқори лавозимли расмийси Обама ва Катта Саккизлик гуруҳига аъзо давлатлар раҳбарлари июнь ойида Сочида ўтадиган Саммитига бойкот эълон қилиши мумкинлигини билдирди.

Хабарларга кўра, Россия армияси аскарлари экани тахмин қилинган қуролли аскарлар жума куни эрталаб Украинага қарашли Қримнинг иккита аэропорти назоратини ўз қўлига олган.

Россияга қарашли вертолётлар Крим пойтахти Симферопол осмонида парвоз қилган.

Оқ Уйдаги чиқишида президент Обама бир неча кун олдин Россия Президенти Владимир Путин билан сўзалшганини ва унга Украинадаги вазиятни барқарорлаштириш учун биргаликда ҳаракат қилишни таклиф этганини айтди.

Янукович Ростовда матбуот анжумани ўтказди

Виктор Янукович Ростовдаги анжуман пайти ўзини ҳануз легитим президент экани ва Украинани таҳдид хавфи боис тарк этганини айтди.

У Украинани фашистпараст кучлар эгаллаганини даъво қилиб, бу кучларга қарши курашишини таъкидлади.

Иқтидордан ҳайдалган Янукович ушбу кураш учун Россиядан ҳарбий ёрдам сўрамаслигини айтди. Айни пайтда Янукович ўз ҳаёти ва оиласи хавфсизлиги учун кафолат олган тақдирда Украинага қайтишини айтди.

Янукович Украинадаги янги ҳукумат, Олий Радани нелегитим дея атаб, украиналиклар зўравонлик ва хунрезлик хавфи остида эканини айтди.

Шунингдек, у Украинадаги инқилобий ўзгаришларда "радикал мухолифатни қўллаб-қувватлаган ғарб мамлакатлари"ни айблади.

У мамлакатдаги бўҳрон пайти барқарорликни таъминлаш имконига эга эмаслигидан “уялиши”ни айтиб, украиналиклардан кечирим сўради.

Шунингдек, Янукович Россия президенти Владимир Путин билан учрашмагани, у билан фақат телефон орқали гаплашганини айтди.

Рус мухолифатчиси Навальний уй қамоғига олинди

Бугун суд қарорига кўра, Россия мухолифати етакчиларидан бири Алексей Навальний уй қамоғига олинди.

Москванинг Басманний туман суди Навальнийга ўз квартирасидан ташқарига чиқмасликни тайинлаб, телефон, почта ва Интернетдан фойдаланишни ҳам тақиқлади.

Суднинг ушбу қарори “Ив Роше” (Yves Rocher) ширкати билан боғлиқ тергов боис қабул қилинган.

2012 йилда Россия Федерациясининг Тергов қўмитаси ака-ука Олег ва Алексей Навальнийлар “Ив Роше” (Yves Rocher) ширкатининг Россия бўлимидан 26 миллион рубл ўғирлагани иддаоси бўйича тергов-суриштирув бошлаган.

Терговчилар фикрича, ака-ука Навальнийлар “Ив Роше” ширкатига тегишли бўлган юкларнинг ташилишини сунъий равишда оширилган нархда амалга оширган.

Ўтган йилнинг октябр ойида “Кировлес” ширкатидан 16 миллион рубл ўмарганликда гумонланган Алексей Навальний шартли равишда беш йилга озодликдан маҳрум этилган.

Толибон уч туркман чегарачисини ўлдирди

Чоршанба куни тунда Туркманистоннинг қўшни Афғонистоннинг Бадгис вилояти билан чегарасида Толибон жангарилари камида уч нафар туркман чегарачисини отиб ўлдирди.

Бу ҳақда хабар қилган Афғонистоннинг Бадгис вилояти губернатори матбуот хизмати маълумотига кўра, воқеа туркман чегарачилари икки давлат чегарасида патруллик қилаётган пайтда содир бўлган.

Туркманистон расмийлари воқеани тасдиқлаганича йўқ. Толибон ҳаракати ҳам туркман чегарачиларига қилинган ҳужум борасида бирор изоҳ бергани йўқ.

Қримда аэропорт қамал қилинди

Қримда қуролли шахслар "Кримаэрорух" авиация ташкилотини қамал қилишди.

Озодлик радиосининг Украин хизмати маълумотига кўра, самолётда ташланган Россия Қуролли кучларининг махсус хизмати ҳарбийлари Симферополь аэропортини қамал қилган.

Қрим ахборот агентлиги –КИАнинг Симферополь аэропорти хавфсизлик хизматига таяниб хабар қилишича, аэропорт ходимлари ичкарида йўловчиларни қўриқлаяпти, бино ташқарисини эса қуролланган ҳарбийлар эгаллаган.

Хабарларга кўра, Россия Қора денгиз флотининг ҳарбий кемалари Севастополь яқинига жойлашиб, Украина давлат чегара хизмати кемаларининг ҳаракатланишига имкон бермаяпти.

Интернетда пайдо бўлган видеоларда, Россиянинг 10 та вертолёти Севастополнинг Бельбек аэропорти томон учаётгани тасвирлангани хабар қилинди.

Украина Ички ишлар вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Арсен Аваковга кўра, аэропорт номаълум ҳарбийлар томонидан ишғол қилинган.

Аввалроқ Қора денгиз флоти Белбек аэропортининг қамал қилинишига алоқаси йўқлигини билдирган эди.

Айни пайтда Украина парламенти АҚШ, Буюк Британия ва Россияни Украина суверенитетини кафолатлашга чақирди.

“Рус бирлиги” партияси лидери Аксёнов Қрим Бош вазири бўлди

Украинанинг Қрим мухторияти Бош вазири этиб “Рус бирлиги” партияси лидери Сергей Аксёнов тайинланди.

Аксёнов журналистлар билан учрашувда ҳуқуқий жиҳатдан Виктор Янукович ҳануз Украина президенти сифатида қолаётганини таъкидлади.

У шунингдек, Россиянинг молиявий кўмагига умид қилаётганини айтди.

Пайшанба куни эрталаб Қрим парламенти амалдаги ҳукуматга ишончсизлик билдириб, Анатолий Могилёвни лавозимидан бўшатган эди.

Маҳаллий депутатлар ҳам мухторият ваколатларини кенгайтириш бўйича референдум ўтказишни 25 майга белгилашди.

Қуролли гуруҳ Симферополь аэропортига бостириб кирди

Бир гуруҳ қуролланган кишилар 28 февралга ўтар кечаси Украинанинг Қрим маъмурий маркази бўлмиш Симферополь шаҳри аэропортига бостириб киришди.

Бу ҳақда хабар берган Украинанинг “Интерфакс” ахборот агентлигига кўра, аэропортга кирганлар Қримдаги ҳукумат ва парламент биносини эгаллаб, у ерда Россия байроғини тиккан кишилар каби кийинган ва қуролланган.

“Украинская правда” газетасининг воқеа жойидаги манбасига асосланиб хабар қилишича, 150га яқин қуролланган кишилар аэропортнинг ички қатновлар терминалида туришибди. Ҳозирча улар ўз талабларини билдирмаган.

Симферополь аэропорти оддий тартибда ишлаётгани айтилмоқда. Озодлик радиоси воқеа тафсилотларини ўрганишда давом этади.

Доҳадаги портлашда камида 12 киши ҳалок бўлди

Қатар пойтахти Доҳадаги турк ресторанида рўй берган портлашда камида 12 киши ҳалок бўлди.

Хабарларга кўра, пайшанба куни рўй берган портлашга газ балони сабаб бўлган. Воқеада камида 30 киши турли ҳил жароҳат олгани айтилмоқда.

Қатар Бош вазири Шайх Абдуллоҳ бин Нассер Ал-Тани воқеа рўй берган ҳудудда “хавсизлик чоралари” кўрилгани ва портлаш сабаблари ўрганилаётганини билдирди.

НАТО ҳарбийлари йил охирида Афғонистонни буткул тарк этиши мумкин

НАТО жорий йилнинг оҳирида ҳарбийларини Афғонистондан буткул олиб чиқиш режасини тузишни бошламоқда.

Бу ҳақда НАТО мудофаа вазирлари пайшанба куни Брюсселда ўтган йиғин давомида маълум қилишди.

Ташкилот мудофаа раҳбарларига кўра, президент Ҳамид Карзайнинг АҚШ билан икки томонлама Хавфсизлик келишувига қўл қўйишдан бош тортаётгани келажакда бундай келишув имзоланиши эҳтимолини пасайтирмоқда.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен “керакли” қонуний асосларсиз НАТО ҳарбийлари 2014 йилдан сўнг Афғонистонда қола олмаслигини билдирди.

Ҳарбий алянс 2014 йилдан сўнг Афғонистон қуролли кучларига ёрдам кўрсатиш учун ўз ҳарбийларининг бир қисмини мамлакатда қолдиришни режалаётган эди.

Апрелда ўтадиган сайловлардан сўнг президентликдан кетиши кутилаётган Ҳамид Карзай бундай келишувга қўл қўйиш учун Вашингтондан жиддий ëн беришлар талаб қилмоқда.

Виктор Янукович Ростов-на-Донуда матбуот анжумани ўтказади

Виктор Янукович Украина президентлигидан қувилганидан сўнг ўзининг илк матбуот анжуманини ўтказиши кутилмоқда.

Россия матбуоти хабарига кўра, Янукович пайшанба куни тунда Россия жанубидаги Ростон-на-Дону шаҳрида учиб келган ва жума куни Тошкент вақти билан соат 18:00да матбуот билан учрашади.

Пайшанба куни эълон қилган ёзма баёнотида Виктор Янукович Россия ҳукуматидан ўзини “экстремистлар”дан ҳимоя қилиб беришни сўраганини эътироф этган эди.

Киевда эса сиёсий ўзгаришлар давом этмоқда. Янукович ҳукуматига қарши чиққан мухолифат лидерларидан бири Арсений Яценюк янги ҳукуматга Бош вазир этиб тайинланди.

Яценюкнинг айтишича, Янукович президентлиги даврида 70 миллиард доллар Украина молиявий тизимидан офшор ҳудудларга олиб чиқилган ва 37 миллиард долларлик қарз нималарга сарфлангани ноаниқ қолмоқда.

Халқаро валюта фонди молиявий қийинчиликларга дуч келган Украинанинг янги ҳукуматига қарз бериш масаласини муҳокама қилиш учун Киевга ўз мутаҳассасисларини юбораётганини маълум қилди.

НАТО раҳбари Қримдаги воқеалардан хавотир билдирди

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Қримда ҳукумат ва парламент биноларининг босиб олинишдан хавотир билдирди. Пайшанба куни қилган чиқишида Расмуссен бу ҳодисани “хавфли” ва “масъулиятсиз”, дея атади.

НАТО раҳбари Қримда юзага келган вазиятдан “чуқур ташвиш” бидирди. Расмуссен бу ҳақда Брюсселда Украина муваққат мудофаа вазири иштирокидаги учрашувда гапирди.

Пайшанба куни бир гуруҳ қуролланган кишилар Украинанинг Қрим минтақасида ҳукумат ва парламентни эгаллаб олиб, бинолар томларига Россия байроғини тикди.

Арсений Яценюк Украина бош вазири этиб тайинланди

Украина Бош вазири Арсений Яценюк.
Евромайдон мухолифат намойишлари етакчиларидан бири Арсений Яценюк Украина коалицион ҳукумати раҳбарлигига тасдиқланди.

Яценюк номзоди пайшанба куни парламентда тузилган янги коалиция тарафидан илгари сурилди. Бош вазирликка номзоди кўрсатилганидан кейин парламент вакиллари олдида қилган чиқишида, Яценюк мамлакат юз тутган иқтисодий бўҳронни бартараф қилиш учун “оғриқли” қарорларни қабул қилишга тўғри келишидан огоҳлантирди.

Халқаро Валюта жамғармаси ва Европа Иттифоқи билан Украинага молиявий ёрдам кўрсатиш борасида сўзлашувларни бошлаш янги ҳукуматнинг энг устувор вазифаларидан бири бўлади, деди у.

У шунингдек Россия Украина учун шунчаки қўшни эмас, “ҳамкор” бўлиб қолади, дея қўшимча қилди.

Бишкекда жинсий озчиликларга қарши намойиш ўтказилди

АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси олдида жинсий озчиликларга қарши ўнлаб фаол иштирокчида пикет ўтказилди. Пайшаба кунги намойиш иштирокчилари қирғизистонлик таниқли жинсий озчиликлар ҳимоячиси Илья Лукашнинг портретини ёқиб, у ва бошқа гей-фаоллар гомосексуализмни тарғиб қилиш орқали “қирғизларнинг оилавий қадриятларини бузишмоқда”, дея хитоб қилишди.

Лукаш Қирғизистон ҳукуматини очиқчасига жинсий озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қиз ўғирлаш одатига чек қўйишшга чақириб келади.

Ўтган ойда Қирғизистон муваққат муфтийси Мақсат Ҳожи Токтомишев бир жинсли алоқаларни қоралаб фатво эълон қилган эди.

Нурсултон Назарбоев "деструктив унсурлар"га қарши бирлашишга чақирмоқда

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев.
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев қозоғистонликларни “провокаторларнинг” фитналарига қарши бирлашишга чақирди.

Чоршанба куни Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши мажлисида қилган чиқишида Назарбоев, “конституциявий тузум, суверенитетимиз ва ҳудудий яҳлитлигимиз янги деструктив унсурлар томонидан савол остига олинмоқда”, дея таъкидлади. “Таъсир ўтказиш усуллари ва информацион технологиялар ўзгармоқда”, деган сўзларидан Назарбоев “деструктив унсурлар”, деганда Интернет ва ижтимоий тармоқларни назарда тутганини англаш мумкин.

Назарбоевнинг бу баёноти Украинанинг Қрим минтақасида россияпараст ва ғарбпараст украиналиклар ўртасида таранглик кучайган пайтда янграмоқда.

Украинада давом этаётган бўҳрон вазиятида Қозоғистонда россияпараст кайфиятлар кучаймоқда.

Россия Давлат думаси раиси ўринбосари Владимир Жириновский ва мухолифат етакчиларидан бири Элдуард Лимонов очиқчасига Марказий Осиёнинг беш давлатини Россия Федерацияси округи сифатида қўшиб олиш ғоясини илгари сурди.

Бу баёнотларга Қозоғистон ва Қирғизистондан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон муносабат билдиргани йўқ.

Ўзини президент деб ҳисобловчи Янукович Россиядан паноҳ сўраганини тан олди

Виктор Янукович ўтган ҳафта Украиандан қочганидан бери қаердалиги номаълум қолмоқда.
Украинанинг иқтидордан қувилган президенти Виктор Янукович украиналикларга мактуб йўллаб, ўзини ҳали ҳам легитим давлат раҳбари деб ҳисоблашини таъкидлади. У шунингдек, Россия ҳукуматидан ўзини “экстремистлар”дан ҳимоя қилиб беришни сўраганини эътироф этди.

Россия агентликлари номи келтирилмаган расмийларга таянган ҳолда, Москва Россия ҳудудида Януковчининг шахсий хавсизлигини таъминлашга розилик берганини хабар қилмоқда.

Ёзма мурожаатида Янукович Украина парламенти қабул қилаётган ҳар қандай қарор ноқоуний бўлишини таъкидлади. Украинанинг асосан этник руслардан иборат жануби-шарқий минтақалари мамлакатдаги қонунсизликни қабул қилмайди, деди Янукович.

Пайшанба куни бир гуруҳ қуролланган кишилар Украинанинг Қрим минтақасида ҳукумат ва парламентни эгаллаб олиб, бинолар томларига Россия байроғини тикди.

Украинанинг муваққат президенти Олександр Турчинов жамоатчиликни босиқликка чақирди. У Қримда Ҳарбий флоти жойлашган Россияни ўз қўшинларини базалар ҳудудидан чиқармаслик тўғрисида огоҳлантирди. “Қўшинларнинг ҳар қандай ҳаракати Украинага нисбатан агрессия деб қабул қилинади”, деди у.

АҚШ ва НАТО Карзай кўнмаётган келишув Афғонистоннинг янги президенти томонидан имзоланишига ишонч билдирди

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри Афғонистоннинг кейинги президенти Қўшма Штатлар аскарларининг 2014 йилдан кейин ҳам мамлакатда қолишига йўл очиб берадиган икки томонлама хавфсизлик келишувини имзолайди, дея баёнот берди.

Керри чоршанба куни Вашингтонда қилган чиқишида, президент Ҳамид Карзай бўлмаганида “бугун бошқача йўл тутган бўлар эдик”, дея таъкидлади. Қўшма Штатлар Карзайнинг ўтган йили музокара қилинган келишувни имзолашдан бош тортаётгани хусусида таассуф билдирмоқда.

Керрининг айтишича, Афғонистон президентлигига номзодларнинг аксари келишувни имзолшга тайёрлигини билдирган.

Афғонистонда президент сайлови 5 апрель кунига белгиланган.

Айни пайтда, НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен чоршанба куни Брюсселда қилган чиқишида Карзай мазкур келишувни имзолашига ишонмаслигини таъкидлаб, “янги президент уни имзолашига умид қилган ҳолда, қўшинларни мамлакатда қолдириш режаларидан воз кечмаймиз”, дея баёнот берди.

Қрим ҳукумати ва парламентини эгаллаб олган қуролли гуруҳ бинолар томларига Россия байроқларини тикди

Украина муваққат президенти Олександр Турчинов Қримда ҳукумат ва парламент биноси қуролланган кишилар томонидан босиб олиниши муносабати билан чиқиш қилиб, жамоатчиликни босиқликка чақирди. Пайшанба куни ҳукумат биноларини эгаллаб олган гуруҳ бинолар томларига Россия байроғини тикди.

Украина Олий Радаси депутати, Қрим татарлари етакчиси Мустафо Жамилевнинг Озодликка айтишича, биноларни эгаллаб олганлар ҳарбий кийимда бўлган, лекин ҳеч қандай белгилари йўқ.

Шу билан бирга, Жамилевнинг айтишича, қуролланган гуруҳ ичида Севастополдаги Россия Ҳарбий флоти аскарлари борлиги тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.

“Қрим татарлари провокацияларнинг олдини олиш мақсадида ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядлари ташкил қилинди”, дея билдирди Жамилев.

Президент Турчинов Симферополдаги бинолар босиб олиниши ортида “ҳарбий киймдаги жиноятчилар” турибди, дея билдирди. У шунингдек, Россияни Қримда “ҳарбий агрессия” бошлашдан огоҳлантирди.

Қрим Бош вазири Анатолий Могилёвнинг айтишича, биноларни 50 чоғли эркакдан иборат гуруҳ эгаллаб олган, лекин ҳозирча ҳеч қандай талабни илгари сургани йўқ.

Президент Виктор Янукович ҳокимиятдан ағдарилиши ортидан Украинанинг асосан этник руслар истиқомат қиладиган Қрим минтақасида айирмачилик кайфияти борасида хавотир билдирилмоқда.

Лондонда ҳарбийни ўлдирган икки мусулмонга ҳукм ўқилди

Ўнгдан чапга: Майкл Адеболажо ва Майкл Адебовал.
Британия суди ўтган йили Лондонда британ ҳарбийсини калтаклаб ўлдирган икки мусулмонни қотиликда айбдор деб топиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суд ҳукмига асосан 29 ёшли Майкл Адеболажо умрбод қамоқ жазосига, 22 ёшли Майкл Адебовал 45 йилга кесилди. Ҳукм ўқилаётган пайтда айбдорлар суд залида бўлмаган. Улар судья ҳукм матнини қўлга олиши биланоқ бақира бошлаганлари учун залдан чиқарилган.

Мазкур икки шахс 2013 йил май ойида оддий аскар Ли Ригбини ўлдирганликда айбланиб қўлга олинган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG