Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:03

Халқаро янгиликлар

Фукушима атом станцияси ҳалокатидан уч йил ўтиб аҳоли уйига қайтмоқда

Уч йил муқаддам Япониядаги Фукушима атом станциясида юз берган ҳалокат боис уйларини тарк этган 350 киши бугун уйларига қайтишга рухсат олди.

Ҳозирча, фалокат рўй берган заводдан 20 километр олисликда бўлган кичиккина Тамура шаҳарчаси аҳлига қайтишга изн берилди. Ҳукумат вакиллари бу шаҳардаги радиация миқдори яшаш учун хавфсиз, деган хулосага келди.

2011 йилда содир бўлган ҳалокат боис Фукушима атом станцияси теграсида яшаётган 160 минг одам кўчирилган. Уларнинг аксарияти ҳануз вақтинчалик уйларда яшамоқда.

Россияда йил бошидан бери 7 киши неонацистлар қурбони бўлди

Россияда 2014 йил бошидан буён 7 киши неонацист миллатчи гуруҳлар ҳужумлари қурбони бўлди.

"Сова" таҳлил марказига таяниб рус матбуот берган хабарларда камида яна 29 киши бундай ҳужумларда тан жароҳати олгани айтилди.

Ҳуқуқ фаоллари тўплаган маълумотларга кўра, ҳужумлар Россиянинг Москва, Петербург шаҳарлари, Москва, Владимирск, Иркутск, Сахалинск вилоятлари, Карелия, Татаристон ва Пермь ўлкаларида кўп содир бўлмоқда.

Ультра-ўнг миллатчи гуруҳлар ҳужуми март ойида ўта кучайгани қайд этилди. Ўтган йили мамлакатда ксенофоб кайфияти асосида содир этилган жиноят қурбонлари сони 20 кишига етган, яна 170 киши турли даражада тан жароҳати олган.

2014 йил бошидан буён Россия маҳкамаларида бу жиноятда айбланган 25 киши турли муддатларга қамоқ жазосига тортилди.

Олий Рада НАТО давлатлари билан ҳарбий амалиёт ўтказишга қарор қилди

Украина парламенти НАТО давлатлари билан ҳарбий машғулотлар ўтказиш таклифини маъқуллади.

Олий Рада аъзоларидан 235 нафари НАТО давлатлари билан бир неча босқичли ҳарбий амалиётларни ўтказиш режасини ёқлаб овоз берди. Машғулотлар шу йилнинг майидан ноябрига қадар Украинанинг жанубий ва ғарбий қисмида ўтказилиши кутилмоқда.

Айни пайтда Россия Федерация Кенгаши Украина билан Қора денгиз флоти ижараси бўйича мавжуд келишувни тугатиш қарорини маъқуллади. Душанба куни Россия Давлат Думаси ҳам бу келишувни бир овоздан маъқуллаган эди.

2010 йилда 2042 йилгача бўлган муддатга имзоланган келишувда Севастополдаги денгиз флотини йилига 98 миллион доллар миқдорида Россияга ижарага бериш ва Киевга берилаётган рус гази нархини арзонлатишга келишилган эди.

Россия полициясига оломон орасида отиш ҳуқуқи берилиши мумкин

Россия полициясига издиҳомда нишонни тўлиқ бартараф қилиш учун унга ўқ узиш ҳуқуқи берилиши мумкин.

Давлат Думаси депутати Александр Хинштейнга асосланиб "Известия" газетасининг ёзишича, депутатлар апрель ойида "Полиция тўғрисида"ги қонунга шу мазмундаги ўзгартишларни киритиш масаласини муҳокама қилади.

Ҳозирги қонунда эса полициячиларга тасодифий ўлимлар олдини олиш учун одамлар йиғилган жойларда қурол ишлатиш тақиқланган. Бундан ташқари, мавжуд қонунчиликка биноан қурол ишлатишдан олдин полициячи ўзининг ҳуқуқ-тартибот идораси ходими эканини айтиши ва қонунбузарга полиция талабини бажариш учун фурсат бериши лозим.

Александр Хинштейн фикрича, бундай талаблар полиция ходимлари "қўл-оёқларини боғламоқда ва ўта зарур пайтда ҳам қурол ишлатишига тўсқинлик қилмоқда".

Россия полициячиларига ўзини ҳимоя қилиш имконини бериш мақсадида ваколатларини кенгайтириш масаласи ўтган йили ҳам муҳокамага қўйилган, аммо қабул қилинмаган эди.

Газпром Украинага сотиладиган газ нархини 40 фоизга оширди

Россиянинг йирик "Газпром" ширкати Украинага сотилаётган газ нархини бирданига 40 фоизга оширди.

Бундан буён ҳар минг куб метр газ учун Украина томони 385,5 АҚШ долларидан тўлаши лозим. Бунга қадар бу нарх 268,5 АҚШ доллари эди.

"Газпром" раҳбари Алексей Миллер сешанба куни Москвада қилган чиқишида Украинанинг шу вақтгача йиғилиб қолган қарзи миқдори 1 миллиард 700 миллион долларга етганини айтди.

Киевга сотилаётган газ нархининг бирданига 40 фоизга қимматлаши икки давлат ўртасида Қримнинг Москва томонидан аннексия қилингани ортидан муносабатлар ўта кескинлашган бир паллада амалга оширилди.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Қрим юзасидан норасмий йиғилиш ўтказди

Мустафо Жамилев.
Литва ташаббуси билан ўтказилган учрашувда Қрим татарлари лидери, Украина парламенти депутати Мустафо Жамилев иштирок этди.

Литванинг БМТдаги элчиси ўринбосари Рита Казрагейннинг билдиришича, мазкур йиғин Кенгаш аъзоларига қрим татарларининг хавотирлари ва Қримдаги этник озчиликлар ҳуқуқлари юзасидан биринчи фикрларни эшитиш учун бир имконият бўлди.

Россия Кенгаш йиғинига бакот эълон қилди. Россиянинг БМТдаги миссияси тарқатган хабарда душанба куни ўтказилган мазкур йиғин Қримдаги вазиятга ҳолис баҳо берилишига йўл қўмаслик мақсадида уюштирилган пропагандистик шоу сифатида баҳоланган.

Рита Казрагейн Россиянинг бу баёнотига муносабат билдирар экан, Хавфсизлик Кенгашининг кўпчилик аъзолари Қримда ўтган референдумни ноқонуний деб билишларини ва Қримнинг аннесия қилинишини тан олмасликларини айтди.

Бугун NATO давлатлари ташқи ишлар вазирлари Украина бўҳронини муҳокама қилади

Бугун NATOга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Украина бўҳрони масаласини муҳокама қилиш мақсадида йиғилиш ўтказади.

Укрнаина таркибида бўлган Қрим Мухтор Республикасаи Россия томонидан аннексия қилинганидан бери ташкилотга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари биринчи марта йиғилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлари Украинадаги вазият туфайли ҳарбий машғулотлар режасини ҳамда альянснинг шимолий Европадаги аъзолари хавфсизлигини таъминлаш масаласини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Учрашувда Украина ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Андрей Дешчица ҳам қатнашиши айтилмоқда. Вазирлар у билан Украина армияси самарадорлигини ошириш мақсадида ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қиладилар.

NATOга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Россия билан муносабатларга ҳам аниқлик қиритиб олишни режалаштирган. Бироқ бу масала юзасидан сешанаба куни баёнот берилиши ёки берилмаслиги номаълум.

Германиянинг "Люфтганза" авиаширкати учувчилари иш ташлайди

Германиянинг энг йирик "Люфтганза" авиаширкати учувчиларнинг уч кунлик иш ташлаши оқибатида ушбу ҳафтада 3800 авиарейс қолдирилишини билдирди.

Учувчилар касаба уюшмаси ўтган ҳафтада иш берувчи билан ойлик масаласидаги баҳсларга чек қўйиш мақсадида иш ташлаш эълон қилган эди.

“Люфтганза” иш ташлаш оқибатида кўриладиган зиён бир неча ўн миллион еврони ташкил қилишини билдирди.

2010 йилда ўтказилган бир кунлик иш ташлаш оқибатида “Люфтганза” 2000 авиарейсни қолдиришга мажбур бўлган ва 48 миллион евро зиён кўрган эди.

Бугун Қирғизистонда янги ҳукмрон коалиция тузилгани эълон қилинади

Қирғиз парламентидаги фракция лидерлари (чапдан ўнгга) Феликс Кулов, Чинибай Турсунбеков ва Ўмурбек Текебаев янги коалиция тўғрисидаги шартномани имзоламоқда.
Бугун Қирғизистон парламентида янги ҳукумрон коалиция тузилгани расман эълон қилинади.

31 март куни шаклланган коалицияга парламентдаги беш фракциядан учтаси- “Ата Мекен”, Социал демократлар ва "Ар Намис" фракциялари қўшилди. "Ата Журт" ва "Республика" фракциялари эса мухолифатда қолди.

Аввалги ҳукумрон коалиция 18 март куни Бош вазир Жонтўра Сотибалдиевни истеъфога чиқаришни талаб қилган Ата Мекен партияси ташаббуси билан тарқаб кетган эди.

Ҳукмрон коалиция Қирғизистон Бош вазирини тайинлайди ва ҳукуматни шакллантиради.

Украина чегараси яқинида рус қўшинлари сони камайгани айтилмоқда

Украина Мудофаа вазирлиги мамлакат чегаралари олдидаги Россия қўшинлари сони камаяётганини билдирди. Вазирлик матбуот вакили Олексий Дмитравшкивскийнинг Фарнс Пресс агентлигига айтишича, кейинги кунларда “Россия қўшинлари секин-аста чегараолди минтақаларидан чекинмоқда”.

Дмитрашкивский чегара олдидаги қўшинларнинг қанчаси олиб чиқилгани ёки қанчаси у ерда қолаётганини тасдиқлай олмаслигини қўшимча қилди.

Рейтерс агентлиги Украина Мудофаа вазирлиги расмийларининг қўшинларнинг камайгани ротация билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Россия ўтган бир ой давомида Украина билан чегараолди минтақаларга ўн минглаб қўшин ташлагани Қримнинг аннексия қилиниши ортидан Украинанинг бошқа минтақалари ҳам босиб олиниши мумкин, деган хавотирларга сабаб бўлди.

Тувалу ороли Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олиш қарорини қайтариб олди

Тинч океанида жйолашган Тувалу ороли аҳолиси 10 минг кишини ташкил қилади.
Полинезиядаги Тувалу орол давлати 2011 йилда Грузиянинг айирмачи Абхазия ва Жанубий Осетия минтақаларини мустақил давлат сифатида тан олиш тўғрисидаги қарорини қайтариб олди.

Грузия Ташқи ишлар вазири Майа Панжикидзе Тувалу Ташқи ишлар вазири Таукелина Финикасо билан учрашув чоғида икки томонлама дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида келишув имзолади.

Имзоланган протоколдан иқтибос келтириб, Тувалу дипломати Финикасо ўз мамлакати Грузиянинг халқаро тан олинган Абхазия ва Жанубий Осетияни ўз ичига олувчи сарҳадлар ичидаги ҳудудий яҳлитлигини қўллаб-қувватлайди, дея билдирди.

Ўтган йили Тбилиси Жунбий Тинч Океанидаги Вануату орол давлати билан ҳам шундай келишувни имзолаган ва бу мамлакат ҳам Грузиянинг айирмачи минтақаларини давлат сифатида тан олиш қарорини қайтариб олган эди.

Абхазия ва Жанубий Осетия 2008 йилда Россия билан Грузия ўртасидаги қисқа уруш ортида Москва томонидан мустақил давлат сифатида тан олинган эди.

Икки минтақа мустақиллиги Никарагуа, Венесуэла ва Тинч Океанидаги Науру орол давлати томонидан тан олинган.

Покистон суди Парвез Мушаррафга давлатга ҳиёнат қилганлик айбини эълон қилди

Покистоннинг собиқ президенти Парвез Мушарраф.
Покистоннинг собиқ президенти Парвез Мушаррафга нисбатан расман давлатга ҳиёнат қилганлик айби илгари сурилди. Мушарраф душанба куни Исломободда ўтказилган махсус трибуналда ўзига қўйилган бешта айбловнинг ҳаммасини рад қилди.

Уч ҳакамдан иборат трибунал Мушарарф судга келмайдиган тақдирда уни ҳибсга олиш тўғрисида буйруқ берган эди. Собиқ президент устидан суд декабрь ойида бошланганидан бери у бир нечта суд эшитувига келмагани боис уни ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилган.

Ҳиёнат тўғрисидаги суднинг очилиши Покистон ҳукумати билан катта нуфузга эга ҳарбийлари ўртасида тўқнашувлар чиқиши мумкинлигига доир хавотирларни келтириб чиқарди.

Мушаррафга қўйилаётган айбловларга у президентлиги даврида 2007 йилда мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, судьяларни ишдан олгани асос бўлган.

Мушарраф 2008 йилда ҳокимиятдан кетган эди. Ўтган йилгача муҳожиратда яшаган Мушарраф ўтган йили сайловларда қатнашиш мақсадида ватанига қайтган эди.

Украина Дмитрий Медведевнинг Қримга боргани юзасидан Россияга норозилик билдирди

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев.
Украина Россия Бош вазири Дмитрий Медведевнинг Қримга ташриф буюрганини "халқаро қонунларнинг қўпол тарзда бузилиши", дея қоралади. Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россияга "қатъий норозилик" изҳор этилган нота юборди.

Дмитрий Медведев Украинадан тортиб олинган Қрим минтақасига душанба куни сафар қилган энг юқори лавозимли Россия расмийси бўлди.

Медевдев ўзининг Twitter саҳифасида Симферопольга етиб боргани ва “бугун ҳукумат Қримни ривожнатириш масаласини муҳокама қилишини” ёзди.

Хабар агентликларига кўра, Медведев вазирлар ва бош вазир ўринбосарлари иштрирокидаги делегация раҳбари сифатида Қримга борган ва у ерда Қримни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш масаласини муҳокама қиладиган йиғинда раислик қилиши кутилмоқда.

Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши халқаро ҳамжамият томонидан тан олингани йўқ ва Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи ҳамда БМТ Бош ассамблеяси буни ноқонуний дея қоралаган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров якшанба куни кечаси Парижда учрашиб, Украина бўҳронини муҳокама қилишди.

БМТ глобал илиқлашув инсоният учун янги таҳликаларни туғдиришидан огоҳлантирмоқда

БМТ глобал илиқлашув инсониятни кўплаб янги таҳликалар билан юзма-юз келишига олиб боришидан огоҳлантирмоқда.

БМТнинг навбатдаги илмий тадқиқотига доир ҳисоботда шу ҳақда гап боради. Ҳисобот муаллифлари иқлимдаги радикал ўзгаришлар эндигина бошланаётганидан огоҳлантирмоқда.

Унда айтилишича, иқлим ўзгариши инсоният аллақачон юз тутаётган қашшоқлик, касалликлар, озиқ-овқат хавфсизлиги, зўравонликлар ва қочқинларга доир ижтимоий муаммоларни янада ёмонлаштиради.

Бошқа томондан иқлим ўзгариши иқтисодий ўсиш ва экин экиш самарорлиги каби ҳолатларнинг жамият тараққиётига бўлган нафи камайишидан ҳам огоҳантимоқда жаҳон ташкилоти.

Ҳисобот муаллифларнинг башорат қилишларича, биринчи навбатда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси катта хавф остида қолмоқда.

Ҳисобот Япониянинг Йокоҳама шаҳрида ўтказилган анжуман якунида душанба куни эълон қилинди.

Туркиядаги маҳаллий сайловларда Эрдўғон партияси олдинда бормоқда

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз тарафдорлари билан ғалабани қутламоқда.
Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз партияси маҳаллий сайловларда ғалаба қозонганини айтиб, сайловчиларга миннатдорчилик билдирди.

Якшанба куни ўтказилган сайловнинг дастлабки натижалари Эрдўғон бошчилигидаги Адолат ва тикланиш партияси 46 фоиздан кўпроқ, унинг асосий рақиби бўлган Жумҳурият халқ партияси эса 26 фоиздан зиёдроқ овоз олганини кўрсатмоқда.

Сайлов арафасида коррупция билан боғлиқ жанжаллар Эрдўғон партиясига салбий таъсир кўрсатди ва бу сайловлар, таҳлилчилар фикрича, Адолат ва тикланиш партияси учун жиддий синов бўлди.

Таҳлилчилар 30 март кунги маҳаллий сайловларни август ойида Туркия президенти лавозими учун ўтказиладиган сайловда Эрдўғон қандай натижага эришиши мумкинлигини кўрсатиб бера оладиган ўзига хос референдум ўлароқ баҳолагандилар.

Керри ва Лавров Парижда Украина бўҳронига оид музокаралар ўтказди

АҚШ Давлат котиби Жон Керри (ч) ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров (ў), Париж, 2014 йилнинг 30 марти.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан тўрт соат давомида учрашиб, Украина бўҳрони хусусида музокара ўтказди. Керрининг айтишича, дўстона руҳда ўтган сўзлавшувларда томонлар Украина бўҳронини ҳал қилишнинг энг тўғри йўли дипломатия бўлиши тўғрисида келишиб олишган.

Украина бўйича ҳеч қандай қарор украиналиклар иштирокисиз қабул қилинмайди, деди Керри. Унинг айтишича, учрашувда Лавровга Қўшма Штатлар Россиянинг Қримдаги ҳаракатларини ноқонуний ва нолегитим, деб ҳисоблашини яна бир бор таъкидлаган.

Керри Россия қўшинлари Украина чегараси олдида тўпланаётгани хусусида Вашингтон “жиддий ташвиш” билдираётгани ва бу ҳолат қўрқув ва таҳдид муҳитини яратаётгани тўғрисидаги масалани кўтарганини таъкидлади.

Лавров Украинанинг федерация сифатида, баъзи минтақаларга кенг миқёсдаги автономия берилган ҳолда бирлаштирилиши керак, деган талабни илгари сурди. Ундан аввал Лавров Россиянинг ўн минглаб қўшинни Украина чегаралари олдига олиб келганига қарамасдан ўз мамлакати Украинага бостириб киришни режалаётганини йўқлигини таъкидлаган эди.

Мисрда президентлик сайловлари май ойи охирига белгиланди

Миср Олий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, бу мамлакатда президентлик сайловлари 26-27 май кунлари бўлиб ўтади.

Собиқ президент Муҳаммад Мурсий ўтган йил июль ойида ҳокимиятдан ағдарилган эди.

Мурсийнинг ҳокимиятдан ағдарилишида асосий роль ўйнаганлардан бири генерал Абдул Фаттоҳ Сиси президентлик сайловида қўли баланд келиши мумкин бўлган номзод ўлароқ кўрилмоқда. Сайловда муваффақият қозониши мумкин бўлган яна бир номзод 2012 йилги президентлик сайловларида учинчи ўринни эгаллаган Ҳамдин Саббоҳийдир.

Мисрда давлат раҳбари лавозимига номзодларни рўйхатга олиш 31 мартдан бошланади. Бу жараён уч ҳафта, яъни 20 апрелгача давом этади. 3 майдан эса Мисрда сайловолди кампаниясига старт берилади.

Хитой раҳбари Бельгияга сафарини бошлади

Хитой Президенти Си Цзиньпин.
Хитой Президенти Си Цзиньпин Европага уч кунлик сафарининг сўнгги босқичи доирасида Бельгияга борди.

Якшанба куни Хитой раҳбарини Бельгия Бош вазири Элио Ди Рупо кутиб олди.

Си Цзинпин Бельгия қироли Филип ва қиролича Матилда билан учрашди.

Бу Хитой давлат раҳбарининг Европа Иттифоқи Бош қароргоҳига биринчи ташрифидир.

Душанба куни Си Цзиньпиннинг Европа Кенгаши Президенти Ҳерман Ван Румпей, Европа Комиссияси Президенти Хосе Мануэл Баррозо ва Европа парламенти президенти Мартин Шульц билан учрашиши режаланган.

Михаил Ходорковскийнинг Швейцарияда яшашига рухсат берилди

Михаил Ходорковский.
Швейцария ҳукумати россиялик собиқ олигарх Михаил Ходорковскийнинг мамлакатда бир йил яшашига рухсат берди.

30 март куни Швейцариянинг Миграция идораси матбуот котиби Мартин Рейхлин Кремлнинг ашаддий танқидчиси бўлган Ходорковскийга бир йиллик рухсатнома пайшанба куни берилганини маълум қилди.

Собиқ олигарх Россия Президенти Владимир Путин томонидан авф этилганидан сўнг 20 декабрь куни қамоқдан озод қилинган.

50 яшар Ходорковский ўшандан бери Швейцарияда яшаб келмоқда.

Михаил Ходорковский фирибгарлик, даромадни солиқдан яширганлик ва бошқа айбловлар билан 10 йилдан ортиқ қамоқ жазосини ўтади.

АҚШ Молдова чегараларини мустаҳкамлашга $ 10 миллион ажратмоқчи

АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евроосиё бўйича ёрдамчиси В.Нуланд (ч) ва Молдова ТИВ Н.Герман, Кишинёв ш.
АҚШ Давлат котибининг Европа ва Евроосиё масалалари бўйича ёрдамчиси Виктория Нуланд Молдова "ўз чегараларини мустаҳкамлаши учун" Вашингтон бу мамлакатга 10 миллион доллар ажратишини маълум қилди.

Нуланд буни якшанба куни Кишинёвда Молдова Ташқи ишлар вазири Наталия Герман билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин эълон қилди.

Герман билан учрашишдан олдин АҚШ расмийси Молдова президенти ва Бош вазири билан музокара ўтказди.

Нуланднинг Кишинёвга ташрифи АҚШнинг юқори лавозимли қўмондони Молдовага қарашли Днестр ўлкаси Россиянинг Қримдан кейин ўз ҳудудига қўшиб олиши мумкин бўлган иккинчи минтақага айлашини мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришидан кейин амалга ошмоқда.

Аксар аҳолиси рус тилида сўзлашадиган Днестр ўлкаси 1990 йилда Молдовадан ўз мустақиллигини эълон қилган.

Мазкур ўлкага Россиянинг тахмина 1400 аскарини жойлаштирган.

Туркияликлар маҳаллий сайловларда овоз бермоқда

Туркияда маҳаллий бошқарув органларига сайловлар ўтказилмоқда.

Таҳлилчилар бу сайлов Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон етакчилигидаги Адолат ва тараққиёт партияси учун жиддий синов, деган фикрда.

30 март кунги сайловда рўйхатга олинган 52 миллион фуқаро мамлакат бўйлаб шаҳар ҳокимлари ва бошқа расмийларни сайлаш учун овоз бермоқда.

Сайловда олтита йирик сиёсий партия номзодлари иштирок этмоқда.

Мухолифатдаги энг йирик Республикачи халқ партияси номзодлари Анқара ва Истанбул шаҳарларида иқтидордаги Адолат ва тараққиёт партияси номзодларига асосий рақиб сифатида кўрилмоқда.

Сайлов арафасида коррупция билан боғлиқ жанжаллар Эрдўғон етакчилигидаги партияга салбий таъсир кўрсатди.

Ижтимоий тармоқлар орқали сиздирилган аудио ёзувларда ҳукуматнинг юқори лавозимли расмийлари орасида коррупция тарқалгани иддао қилинди.

Бунга жавобан сайлов арафасида ҳукумат YouTube портали ва Twitter микроблогини ёпиб қўйди.

Афғонистонда халқаро кучларнинг бир аскари нобуд бўлди, уч нафари яраланди

Афғонистон жанубида йўл четига ўрнатилган бомба портлагани оқибатида НАТО етакчилигидаги халқаро коалиция кучларининг бир аскари нобуд бўлди.

Халқаро кучлар матбуот котиби капитан Патрик Симмонс якшанба кунги воқеада бир ҳарбий ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Забул вилоятидаги туман ҳокими Абдул Ҳолиққа кўра, Қалат шаҳри ташқарисида йўл четига ўрнатилган бомба халқаро кучлар колоннаси яқинлашган пайтда узоқдан туриб портлатилган.

Ҳолиқ ҳужумда яна уч ҳарбий жароҳат олганини қўшимча қилди.

Халқаро кучлар декабрь ойи охирига қадар Афғонистондан олиб чиқилиши режалангани боис мамлакатнинг аксар ҳудудида хавфсизликни таъминлаш масъулияти Афғонистон Миллий хавфсизлик кучлари зиммасига ўтган.

Шунга қарамай, вазият мураккаб бўлган бази минтақаларда коалиция кучлари афғон қўшинлари илтимосига мувофиқ партул назоратини амалга ошириб келмоқда.

Расмийлар: Ҳинд океанида топилган парчалар Малайзия самолётига тегишли эмас

Малайзиянинг йўқолган самолётини Ҳинд океанида излаётган Австралия ҳарбий кемаси.
Австралия расмийлари Ҳинд океанидан топилган парчалар Малайзия Ҳаво йўлларига қарашли йўқолган самолётга тегишли эмаслигини билдирди.

Австралиянинг Денгиз қатнови хавфсизлиги расмийлари Хитой ва Австралия кемалари шанба куни денгиздан чиқариб олган парчалар балиқ тутишда қўлланилган материаллар ва чиқиндилар эканини маълум қилди.

Австралия, Япония, Хитой, Корея, АҚШ ва Малайзиянинг ўнта самолёти Австралиянинг Перт шаҳридан ғарб томонда жойлашган 1850 квадрат километр денгиз ҳудудида йўқолган самолётни изламоқда.

Сешанба куни ўша ҳудудга Австралиянинг яна иккита кемаси етиб келиши ва вертолётлар ёрдамида самолётнинг қора қутисини қидириши режаланган.

Бортида 239 одам бўлган самолёт 8 март куни Куала Лумпур шаҳридан Пекин томон парвоз қилганидан бир оз ўтиб радар экранидан ғойиб бўлган.

Самолётнинг қора қутисидаги барареялар 7 апрелдан кейин кучсизланиб сигнал тарқата олмаслиги боис самолётни қидириб топиш учун бор имконият ишга солинмоқда.

АҚШ Давлат котиби ва Россия ТИВ Украина бўҳронини муҳокама қилади

АҚШ Давлат котиби Ж.Керри (ч) ва Россия ТИВ С.Лавров.
АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 30 март куни Парижда Украина бўҳронини муҳокама қилади.

Шанба куни Яқин Шарққа сафарини тугатиб АҚШга қайтаётган Керри тўсатдан режасини ўзгартирди ва у учиб кетаётган самолёт Парижга қўнди.

Жон Керри ва Сергей Лавров ўртасидаги учрашув АҚШ Президенти Барак Обама ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасида жума куни телефон орқали бўлиб ўтган сўзлашувдан кейин режаланди.

Давлат раҳбарлари мулоқоти чоғида АҚШ президенти Россияни Украинанинг шарқий чегараларидан ўз қўшинларини олиб чиқишга чақирди.

Шанба куни Россия телевидениесига интервью берган Лавров Москва Украинага ўз қўшинларини жўнатиш ниятида эмаслигини билдирди.

Айни пайтда, Лавров Россия Украинадаги рус тилида сўзлашувчи халқлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тайёр эканини қўшимча қилди.

Украинада президентликка номзодлар эълон қилинди

Украинадаги Батькавшина партияси собиқ Бош вазири Юлия Тимошенко номзодини президентликка расман илгари сурди.

Бугун партия қурултойида сўз олган Тимошенко мамлакатни ҳар бир қарич ери учун курашажагини ваъда қилди.

- Путин бизни озодликка интилаётганимиз, Европага интилаётганимиз учун жазоламоқчи. Қримдаги ходисаларга муносиб жавоб қайтара олмадик. Агар мени президентликка сайласангиз босқинчиларга бир сантиметр еримизни курашсиз топширмайман, - деди Тимошенко.

Украинадаги Озодлик парияси президентликка Олий Рада депутати Олег Тягнибок номзодини илгари сурди.

Россияда Озодлик партияси миллатчи ҳаракат деб тушунилади ва Тягнибокга қарши бу мамлакатда жиноят иши очилган.

Украинадаги Регионлар партиясидан эса Харьков вилояти губернатори Михаил Добкин президентликка даъвогарлик қиладиган бўлди.

Бугун Регионлар партиясининг қурултойида Добкин номзодини аксар кўпчилик қўллаб қувватлади.

Айни қурултойда собиқ президент Виктор Янукович ва собиқ бош вазир Сергей Азаровларни партия сафидан чиқариш ҳақида қарор олинди.

Украинада муддатидан олдин президентлик сайловлари 25 майда ўтказилиши режалаштирилган. Номзодлар 4 апрелгача рўйхатга олинади.

УДАР партияси раҳбари, украиналик боксёр Виталий Кличко май ойида муддатидан аввал ўтказилажак президентлик сайловига номзодини қўймаслигини билдирди.

Бугун Киевда қилган чиқишида Кличко сайловда украиналик миллиардер Петро Порошенко номзодини қўллаб-қувватлашини айтди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG