Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:10

Халқаро янгиликлар

Донецкда россияпараст айирмачилар прокуратура биносига бостириб кирди

Украина шарқидаги Донецк шаҳрида 300га яқин россияпараст айирмачилар 1 май куни вилоят бош прокуратураси биносига бостириб кирди.

Намойишчилар бинони қуршаб турган полициячиларга қарата тошлар ирғитишди. Полициячилар бунга жавобан швоқинли граната ва кўз ёшини оқизувчи газ қўллашди.

Аввалроқ Украинанинг UNIAN агентлиги Россия байроқларини кўтариб олган намойишчилар шаҳар марказида тўпланиб, юришга тайёргарлик кўраётгани тўғрисида хабар қилган эди.

Истанбулнинг Тақсим майдонида намойишчилар сув пуркагичлар ёрдамида тарқатилди

Истанбул, Тақсим майдони. 1 май, 2014 йил.
Туркия полицияси 1 май куни Истанбулнинг Тақсим майдонига чиққан минлаб намойишчини тарқатиш учун сув пуркагичларни ишга солди.

Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўтган ҳафта намойишчиларни Тақсим майдонида тўпланишдан “умидларини узишлари” лозимлиги тўғрисида огоҳлантирган эди.

Юзлаб полициячилар 1 май куни Тақсим майдонига элтувчи йўлда қурилган баррикадаларни бузишга ҳаракат қилган намойишчилар йўлини тўсиб олди. Шундан кейин кўз ёшини оқизувчи газ ва сув пуркагичларни қўлланди.

Ўтган йили 1 май куни полиция билан намойишчилар ўртасида чиққан тўқнашув Эрдўғоннинг 11 йиллик иқтидори даврида энг йирик норозиликларга айланиб кетган эди.

Меркель Путиндан ЕХҲТ кузатувчиларини озод қилишда ёрдам беришни сўради

Германия Канцлери Ангела Меркел ва Россия Президенти Владимир Путин.
Кремль матбуот хизматининг 1 май куни маълум қилишича, Германия Канцлери Ангела Меркел Россия Президенти Владимир Путиндан Украина шарқида қўлга олинган ЕХҲТ кузатувчиларини озод қилишда ёрдам беришни илтимос қилган.

Кремль тарқатган хабарномага кўра, икки етакчи ўртасидаги телефон суҳбатидан сўнг, “Ангела Меркель Европанинг бир неча мамлакати, жумладан, Германиядан бўлган ҳарбий кузатувчиларни озод қилишда ёрдам бериш тўғрисида илтимос қилган”.

Баёнотда яна айтилишича, “иккала томон Украинадаги вазиятда ЕХҲТнинг воситачилик потенциалидан максимум даражада фойдаланиш муҳимлигини қайд этишган”.

Россияпараст айирмачилар 25 апрельдан бери бир гуруҳ ЕХҲТ кузатувчиларини “НАТО жосуси”, дея атаб ушлаб турибди. Қўлга олинган саккиз кузатувчининг бири соғлиғи ёмонлашгани сабабидан қўйиб юборилган.

Лавров ЕХҲТни Киев билан айирмачилар ўртасидаги музокарада воситачилик қилишга чақирди

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ЕХҲТ ҳомийлигида Киев ҳукумати билан Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар ўртасида музокаралар уюштиришга чақирмоқда.

1 май куни Перуга қилган сафари чоғида Россия-24 телеканалига гапирган Лавров, “Россия бундай мулоқот Киев расмийлари билан уларнинг бошқа минтақалардаги оппонентлари ўртасида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида ўтказилиши мумкин, деб ҳисоблайди”, дея таъкидлади.

Украина мамлакат шарқидаги ўндан ортиқ шаҳарда ҳукумат биноларини эгаллаб олган россияпараст айирмачилар ортида Россия турганини айтиб келади.

Айни пайтда, пайшанба куни Украина расмийлари Киевдаги Россия ҳарбий атташеси жосусликда гумонланиб, қўлга олинганини эълон қилди.

АҚШ сенаторлари Россиянинг йирик ширкатлари ва банкларини жазолашни талаб қилмоқда

АҚШ Сенатори Боб Коркер.
АҚШ Конгресси вакиллари Россиянинг йирик ширкатлари ва банкларига нисбатан санкциялар жорий қилишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокамага киритди.

Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига жавобан 30 апрель куни Республикачи сенаторлар тарафидан илгари сурилган қонун лойиҳасида жазоланадиган ширкатлар орасида давлатга қарашли Газпром ва Роснефть ҳамда қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи Рособоронэкспорт компаниялари бор.

Бундан ташқари сенаторлар Россиянинг энг йирик молиявий идоралари ҳисобланган “Сбербанк”, “ВТБ”, “ВЭБ” ва “Газпромбанк” банкларига ҳам санкция қўллашни талаб қилмоқда.

Сенатнинг Ташқи алоқалар қўмитаси вакили, Теннесси штатидан сайланган Боб Коркер киритган қонун лойиҳасида шунигндек, Оқ уй мамъмуриятидан Польша ҳамда Болтиқбўйи мамлакатларида АҚШ ва НАТО ҳарбий ҳозирлигини “сезиларли тарзда” ошириш талаб қилинади.

Қонун лойиҳасида бундан ташқари АҚШ президентига Украинага 100 миллион АҚШ долларига тенг ҳарбий ёрдам, жумладан танклар ва учқичларга қарши қурол-аслаҳа тақдим этиш ваколати берилиши назарда тутилади.

Украинадаги Россия ҳарбий атташеси жосуслик қилаётган пайтда қўлга олинди

Украина ҳукумати Киевдаги Россия ҳарбий атташеси жосусликда гумонланиб ҳибсга олинганини билдирди. Россия элчихонаси ходимидан мамлакатдан чиқиб кетиш талаб қилинди.

Интерфакс-Украина агентлигининг Украина Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, хабар қилишича, исми келтирилмаётган дипломат 30 апрель куни, “жосуслик ҳаракатларини” амалга ошираётган пайтда ҳибсга олинган.

Агентлик ташқи ишлар вазирлигидаги манбадан “Украинадаги Россия Федерацияси элчихонасининг ҳарбий флот атташеси ўзининг дипломатик статусига мос бўлмаган ҳаракатлари туфайли исталмаган шахс деб эълон қилинди”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Украина мамлакат шарқида ҳукумат биноларини эгаллаб олган россияпараст айирмачилар ортида Россия турганини айтиб келмоқда.

Қизил майдонда 1991 йилдан бери илк бор советча 1 май паради ўтказилди

Ўн минглаб одам Москва марказида уюштирилган 1 май парадида қатнашди. 1991 йилда собиқ иттифоқ парчаланганидан бери бу байрмга бағишланган парад Москванинг Қизил майдонида биринчи марта ўтказилди. Уни Россиянинг мустақил касаба уюшмалари федерацияси ташкил қилди.

Касаба уюшмалари федерацияси парад тадбирида 100 минггача одамнинг иштирок этиши кутилаётганини иддао қилди. Қизил майдондан ранг-баранг шарлар, гуллар ҳамда Россия ва СССР байроқларини кўтарган одамлар гала-гала бўлиб ўтишди.

Парад процессиясига Москва шаҳар мэри Сергей Собянин етакчилик қилди. Москванинг бошқа туманларида ҳам кичикроқ демонстрациялар уюштирилди.

Советча руҳда ўтган тадбир Украинанинг Қрим минтақаси Россия тарафидан аннексия қилингани ва Украина шарқида россияпараст айирмачилар ҳукумат биноларини эгаллаб олгани билан боғлиқ бўҳрон авж олган пайтга тўғри келмоқда.

"Атлетико Мадрид" Европа Чемпионлар лигаси финалига чиқди

Мадриднинг “Атлетико” футбол клуби 2014 йилги Европа Чемпионлар лигасининг иккинчи финалчисига айланди.

Чоршанба куни Лондондаги “Стэмфорд Бридж” стадионида ўтган ярим финал жавоб учрашувида мадридликлар мезбон жамоа “Челси”ни 1:3 ҳисобида мағлуб этдилар.

Учрашувдаги ҳисоб 36-дақиқада мезбонлар ҳужумчиси Фернандо Торрес тарафидан очилди. “Атлетико” марказий ҳужумчиси Адриан Лопес биринчи бўлим сўнггида ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.

Иккинчи бўлимда меҳмонлар “Челси” дарвозасини яна икки бор ишғол эта олдилар. Голлар Диего Коста ва Арда Туран тарафидан киритилди.

Жамоалар ўртасидаги дастлабки ярим финал учрашуви 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланган эди.

Шундай қилиб, “Атлетико” клуби 24 май куни Лиссабон шаҳрида ўтадиган Чемпионлар лигаси финал учрашувида яна бир мадридлик клуб - “Реал” билан беллашади.

"Реал Мадрид" ярим финал беллашувида Чемпионлар лигасининг амалдаги ғолиби "Бавария"ни мағлуб этиб, финалга йўлланма олган эди.

Афғонистон: Кўмир конидаги портлашда 17 киши ҳалок бўлди

Афғонистон шимолида жойлашган кўмир конида 30 апрель куни рўй берган портлашда камида 17 нафар кончи ҳалок бўлди.

Расмийларнинг билдиришича, Саманган вилоятида рўй берган портлашда яна уч нафар кончи бедарак йўқолган.

Кондаги қазиш ишларига етакчилик қилган шахс воқеа жойидан қочиб кетгани ва айни дамда қидирувда экани айтилмоқда.

Вилоят ҳокимига кўра, кўмир конида юзага келган портлаш хавфи ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамай ундаги қазиш ишлари давом эттирилган.

ХВЖ Украинага 17 миллиард долларлик кредит беради

Халқаро Валюта жамғармаси ижрочи дириектори Кристин Лагард
Халқаро валюта жамғармаси Украинага 17 миллиард долларлик кредит беришга қарор қилди.

Икки йиллик муддатга бериладиган молиявий ёрдам мамлакат иқтисодини кучайтиришга ва давлат бюджетидаги камомадни бартараф этишга йўналтирилади.

ХВЖ ижроия кенгаши тарафидан 30 апрель куни қабул қилинган қарорда айтилишича, кредитнинг 3,19 миллиардлик қисми Украина ҳукуматига дарҳол берилиши керак.

17 миллиард долларлик кредит Украинага Жаҳон банки, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро донорлардан қўшимча 10 миллиард доллардан кўпроқ ёрдам олишига тўсқинлик қилмайди.

Украинага бериладиган ёрдам “мамлакатдаги макроиқтисодий барқарорликни қайта тиклашга, иқтисодий бошқарув ва ундаги шаффофликни кучайтиришга, мустаҳкам иқтисодий ўсишга замин яратишга ҳамда аҳолининг заиф қатламини ҳимоя қилишга қаратилган”, дейилади ХВЖ баёнотида.

Украина расмийлари мамлакат иқтисоди жорий йилда уч фоизга қисқариши мумкинлигини айтмоқдалар.

Халқаро ташкилотлар, жумладан, ХВЖ бу кўрсаткич 5 фоизга етишини башорат қилмоқда.

Ироқда парламент сайловлари бўлиб ўтди

Ироқда 2011 йилда АҚШ ҳарбийлари чиқарилганидан бери биринчи марта парламент сайловлари бўлиб ўтди.

Сайлов олдидан уюштирилган қатор ҳужумларга қарамасдан чоршанба куни миллионлаб ироқликлар овоз бериш учун қаттиқ қўриқланган сайлов участкаларига келишди.

Парламентдаги 328 ўринга 277 сиёсий партиялардан жами 9 мингдан ошиқ номзод даъвогарлик қилмоқда.

Овоз беришга келган ироқликларни қўриқлаш учун минглаган полициячилар ва ҳарбийлар жалб этилди.

Сайлов зўравонликларсиз ўтмагани айтилмоқда. Чоршанба куни мамлакат бўйлаб уюштирилган бир нечта ҳужумларда камида 14 киши ҳалок бўлган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 30 апрель кунги баёнотида ироқлик сайловчиларни демократик жараёнга тўсқинлик қилаётган экстремистларга муносиб жавоб қилганлари билан қутлади.

ХВЖ: Россия иқтисоди рецессияни бошдан кечирмоқда

Россия иқтисоди Украинадаги бўхрон оқибатлари сабаб рецессияни бошдан кечирмоқда.

Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармасининг Россиядаги миссияси раҳбари Антонио Спилимберго бугун Москвада ўтказилган матбуот анжуманида таъкидлади.

- Рецессия деганда сўнгги икки квартал мобайнида ортга кетиш тушинилса, Россия ҳозир ана шу рецессияни бошдан кечирмоқда, - деди Спилимберго.

Ҳозир Халқаро валюта жамғармаси Россиядаги 2014 йил бўйича иқтисодий ўсиш борасидаги башоратларини 1.3 фоиздан 0.2 фоизга туширган.

ХВЖ вакилига кўра, Украинадаги ҳодисалар ва Қримнинг аннексия қилингани сабаб Россияга жорий этилган халқаро санкциялар бу мамлакат иқтисодига салбий таъсир кўрсата бошлаган.

Жорий йилда Россиядан четга капитал оқими 100 миллиард долларни ташкил этиши мумкинлиги айтилмоқда.

Турчинов: Украина армияси жанговор шай ҳолатда

Украинанинг муваққат президенти Александр Турчинов ўз мамлакати армияси Россия таҳдидлари боис жангговор шай ҳолатга келтирилганини айтди.

Ўз навбатида Турчинов Украина хавфсизлик кучлари Донецк ва Луганск вилоятларида вазитяни назорат қилишни уддалай олмаётганликларини тан олди.

Аввалроқ, Украина муваққат президенти ички ишлар вазири Арсен Аваковдан Луганск ва Донецк вилоятлари милиция бошлиқларини бўшатишни талаб қилганди.

30 апрелга ўтар кечаси 20дан зиёд қуролли шахс Горловка шаҳар милицияси биносига бостириб кирди, навбатчини қўлига кишан солиб, барчани бинони тарк этишга мажбур қилди.

Бир кун аввал россияпараст гуруҳлар Украина шарқидаги Луганск шаҳрида бир қатор маъмурий бинолар, жумладан шаҳар кенгаши, прокуратура ҳамда милиция идоралари ҳамда маҳаллий телевидениени ишғол этган эди.

Ҳозирда Украина шарқида россияпарастлар ўндан зиёд шаҳарда маъмурий биноларни эгаллаб турибди. Улар Украинани федерал мамлактага айлантириш бўйича референдум ўтказилишини талаб этмоқда.

Испания полицияси Барселона ҳужумчисига банан ирғитган футбол ишқибозини ҳибсга олди

Испания полицияси Барселона жамоасининг бразилиялик ўйинчисига банан ирғитган футбол ишқибозини ҳибсга олган.

Якшанба куни Барселона ва Виллареал жамоалари ўртасидаги футбол ўйини пайти стадионда ўтирган ишқибозлардан бири бурчак тўпини тепаётган 30 ёшли бразилиялик ўйинчи Дани Алвесга қарата банан ирғитган ва бу билан уни ирқий камситган эди.

Ўз навбатида Алвес ирқчи ишқибозга бананни ердан олиб, еб қўйиш билан жавоб қилганди.

Футбол ишқибозининг бу қилмиши ирқий камситиш дея, футбол оламида қаттиқ қораланмоқда.

Горловкада номаълум қуроллилар шаҳар маъмуриятини ишғол этди

Украина шарқидаги Горловка шаҳрида автомат билан қуролланган номаълум ниқобли шахслар шаҳар маъмурияти ва милиция идорасини ишғол этган.

Gorlovka.ua сайтининг хабар беришича, бугун тунда ўттизга яқин қуролли шахс Горловка шаҳар милицияси биносига бостириб кирган, навбатчини қўлига кишан солиб, барчани бинони тарк этишга мажбур қилган.

Ҳозирда россияпараст гуруҳлар Украина шарқидаги ўндан зиёд шаҳарда маъмурий биноларни эгаллаб туришибди.

Улар Украинани федерал мамлакатга айлантириш бўйича референдум ўтказилишини талаб этмоқда.

Украинадаги россияпарастлар автоматлардан ўқ узгани хабар қилинди

Луганск шаҳридаги россияпарастлар.
Украинанинг Луганск шаҳрида россияпараст айрмачилар Ички ишлар бошқармаси биносини эгаллаш пайтида автоматлардан ўқ узиб, шовқинли гранаталарни отган.

Reuters агентлиги йигирма одамнинг қўлида автомат борлиги ҳақида маълумот берган. УНИАН агентлиги эса ҳужумчилардан 50 нафари комуфляжда, бронежилетларда экани ва уларннинг қўлларида автоматлар борлигини ёзган.

Маълумотларга қараганда Луганск вилоят маъмурияти олдига икки мингдан уч минггача бўлган россияпараст йиғилган.

Айрмачилар ўзлари эгаллаб олган биноларга Россия байроқларини ўрнатмоқда.

Украина муваққат президенти Александр Турчинов Луганск ва Донецк ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарларини фаолиятсизликда ва хиёнатда айблаб, уларни истеъфога чиқарилишини талаб қилди.

465 минг аҳоли яшайдиган Украинанинг Луганск шаҳри Россия чегарасига яқин жойлашган.

Уч ҳафта олдин Россия тарафдори бўлган айирмачилар шаҳар хавфсизлик хизмати бош қароргоҳини босиб олган эди. 29 апрель куни эса россияпарастлар Луганск вилоят ҳокимлиги биносини босиб олгани хабар қилинган.

Ироқда бугун парламент сайлови ўтказилади

Ироқ-парламент депутатлигига номзодлар гуруҳи акс этган плакат.
Ироқда 30 апрель куни парламент сайлови ўтказилади. Маълумотларга кўра, парламент депутатлигига 227 сиёсий блоқдан 9000 номзод кўрсатилган.

Ироқда 2011 йилда АҚШ ҳарбийлари чиқарилганидан бери биринчи марта 328 ўринли парламентга сайлов ўтказилмоқда. Ироқда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 20 миллион фуқаро бор.

Кузатувчилар Бош вазир Нури ал Маликий раҳбарлигидаги сиёсий блок сайлов натижаларига кўра парламентдаги асосий ўринларни эгаллаши мумкинлигини айтмоқдалар.

Ироқ сайлов комиссияси айни пайтда зўравонликлар давом этаётган Анбар вилоятининг 70 фоиз ҳудудида овоз бериш жараёни ўтказилишини билдирган.

Путин Украина ҳудудида Россия ҳарбийлари йўқ эканини таъкидлади

Владимир Путин.
Россия президенти Владимир Путин Украина ҳудудида Россия ҳарбийлари ва махсус хизматлари йўқ эканини яна бир бор таъкидлади.

29 апрель куни Минскда ўтган Евросиё иқтисодий кенгаши йиғинидан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилган Путин: “у ерда рус инструкторлари, спецнази, қўшинлари ёки бошқа шу кабилар йўқ”, деб айтди.

Путинга кўра, Ғарб Украинада мана шундай вазиятни пайдо қилган, энди эса Россия тимсолида айбдорни қидирмоқда.

Айни пайтда айрим ахборот воситалари АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Вашингтондаги ёпиқ хусусий учрашувлардан бирида Оқ Уй Украинадаги россияпарастлар бевосита Москвадан кўрсатма олаётгани ҳақида разведка маълумотлари борлиги ҳақида гапирганини ёзган.

29 апрель куни НАТО йиғинида сўзга чиққан Жон Керри иттифоқчилар Украинани ҳимоя қилишларини айтар экан: “НАТО Россияга НАТО ҳудуди даҳлсиз экани ва унинг ҳар бир қаричини ҳимоя қилишимиз ҳақида мужда бериши лозим”, деб билдирган.

Фаластин ва Исроил тинчлик музокаралари самарасиз бўлгани учун бир - бирини айблади

Фаластиннинг БМТдаги вакили Риёд Мансур.
Фаластин ва Исроил ўртасида сулҳ битими тузиш учун АҚШ томонидан таклиф қилинган сўнгги муддат 29 апрелда якунланиши муносабати билан икки давлат расмийлари ўзаро иддаоларни билдирдилар.

Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Рон Просор Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббосни Исроил билан тил топишиш ўрнига ҲАМАС ҳаракати билан битим тузганликда айблади. Исрорил ва АҚШ томонидан террорчи экани айтиладиган ХАМАС ташкилоти ва Маҳмуд Аббос раҳбарлигидаги ФАТХ ҳаракатлари бир ҳафта олдин миллий бирлик ҳукумати ташкил этишга интилиш ниятини билдирган эди.

БМТдаги Фаластин кузатувчиси Риёд Мансур эса Исроил фаластинликлар ҳудудида яҳудийлар учун уй қуриш жараёнини давом этдириш орқали сулҳ битими эҳтимолини йўққа чиқарганини билдирди.

АҚШ томонидан таклиф қилинган сулҳ битимига эришиш жараёни бундан тўққиз ой аввал бошланган эди.

Обама Осиё сафарини якунлади

Обама Филиппинда чиқиш қилмоқда.
АҚШ президенти Барак Обама Осиё сафарини якунлаб, 29 апрель куни Вашингтонгга қайтди.

Обама Япония, Жанубий Корея, Малайзия ва Филиппинда бўлди. Сафардан мақсад АҚШ минтақадаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашини намойиш этиш бўлган,

Оқ Уйга қайтган Барак Обама 2 май куни Германия канцлери Ангела Меркель билан учрашади. Мазкур учрашувда Киев ва Москва ўртасидаги кескинлик вазияти муҳкоама қилиниши режалаштирилган.

Ҳарбий омбордаги портлаш сабаб Транс-Cибир поезд қатнови тўхтаб қолди

Забайкальск ўлкасидаги ҳарбий омборда портлаш рўй бергани сабаб Транс-Cибир магистралида поезд қатнови тўхтаб қолди.

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, 29 апрель куни Забайкальск ўлкасининг Қрим туманидаги ўқ-дори омборида ёнғин чиқиб, портлаш бошланган.

Интерфакс хабарига кўра, снарядлар портлаши натижасида парчалари бир ярим километр радиусдаги майдонга тушган.

РИА Новости агентлиги хавфли ҳудуддан қарийб 400 одам эвакуация қилинганини билдирди.

Воқеа жойига Мудофаа вазири ўринбосари Дмитрий Булгаков бошчилигидаги махсус комиссия жўнаб кетди.

Сурияда 50дан ортиқ одам ҳужум қурбони бўлди

Сурия бўйлаб амалга оширилган ҳужумларда 50 дан ортиқ одам нобуд бўлди.

Сешанба куни Суриянинг Хомс шаҳри марказида автомобилга ўрнатилган бомба портлагани натижасида камида 37 одам ўлди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти маълумотига кўра, портлашда 80 киши яраланган.

Портлаш Сурия ҳукумати назоратида бўлган ҳудудда содир этилган.

Ҳукумат кучлари ва исёнчи гуруҳлар бир неча ойдан бери Хомсни ўз назоратига олиш учун жанглар олиб бормоқда.

Сешанба куни эрталаб пойтахт Дамашқ минамётлардан ўққа тутилган пайтда камида 14 одам нобуд бўлган.

Сўнгги ҳужумлар Башар Ал-Ассад мамлакат президенти лавозимига қайта сайланиш учун ўз номзодини қўйганини эълон қилганидан кейин амалга оширилди.

Сурияда фуқаролар уруши давом этаётганига қарамай, президентлик сайлови 3 июнга белгиланган.

Маълумотларга кўра, сўнгги уч йил давомида Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар натижасида 150 минг одам нобуд бўлган.

Россия ТИ вазири АҚШ ва ЕИ жорий қилган санкцияларни қоралади

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинадаги бўҳрон сабабли АҚШ ва Европа Иттифоқи (ЕИ) Россияга жорий қилган санкцияларни “мантиқдан йироқ” деб, уни қоралади.

29 апрель куни Кубага ташрифи чоғида сўзлаган Лавров санкциялар Ғарб давлатлари юритган суст сиёсат маҳсули эканини урғулади.

Сешанба куни Европа Иттифоқи Украинадаги бўҳронга алоқадор бўлгани учун санкция жорий қилинган яна 15 россиялик расмийнинг рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатда Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Козак, Россия армияси Бош штаби бошлиғи генерал Валерий Герасимов ва армия разведка хизмати (ГРУ) бошлиғи генерал-лейтенант Игор Сергун ҳам бор.

Бу билан ЕИ санкция жорий қилган россиялик амалдорлар сони 48 кишига етди.

Европа Иттифоқи санкциясига учраган шахсларга Иттифоқ ҳудудига кириш учун виза берилмайди ва уларнинг банкдаги ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилиши назарда тутилган.

Россия тарафдорлари Луганск вилояти ҳокимияти биносини эгаллаб олди

29 апрель куни Украина шарқида жойлашган Луганск шаҳрида Россия тарафдори бўлган уч мингдан зиёд намойишчи вилоят маъмурияти томон юриш қилди.

Мухбирларга кўра, камида 20 нафар ёш йигит метал таёқлар билан дераза ойналарини синдириб вилоят ҳокими идораси жойлашган бинога кирган.

Ташқаридаги оламон эса ёш йигитлар бинога кириш йўлини очишини кутиб турган.

Мазкур бино милиция томонидан қўриқланмаган.

465 минг аҳоли яшайдиган Украинанинг Луганск шаҳри Россия чегарасига яқин жойлашган.

Уч ҳафта олдин Россия тарафдори бўлган айирмачилар шаҳар хавфсизлик хизмати бош қароргоҳини босиб олган.

Луганск шаҳридаги 29 апрель кунги юриш хавфсизлик хизмати бош қароргоҳи олдидан бошланган.

Ироқдаги иккита портлашда камида 15 одам нобуд бўлди

Ироқнинг Саадия шаҳридаги бозорда содир этилган иккита портлаш оқибатида камида 15 одам нобуд бўлди, 20 киши жароҳат олди.

Бағдод қаршилигига қарамай, Ироқнинг Курдистон мухтор ўлкаси мамлакат шарқидаги баҳсли минтақада жойлашган Саадияни ўз ҳудудига қўшиб олишни хоҳлайди.

Саадиядаги портлашлар қўшни Ханақин шаҳрида 30 одам нобуд бўлган худкуш ҳужумдан бир кун кейин ва Ироқда 2010 йилдан бери илк бор ўтказилаётган парламент сайловиlfy бир кун олдин амалга оширилди.

Ироқда кўпчиликни ташкил этган шиа мазҳабидаги араблар вакили бўлган Бош вазир Нурий Ал-Маликий сайловга учинчи марта ўз номзодини кўрсатган.

Танқидчилар Бош вазир Маликийни ҳокимиятни эгаллаб олаётгани ва озчиликни ташкил этган гуруҳларни нишонга олаётганликда айблаган.

Ироқда зўравонликлар давом этиб келмоқда. Йил бошидан бери амалга оширилган ҳужумлар оқибатида қарийб уч минг одам нобуд бўлди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG