Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:55

Халқаро янгиликлар

Россия ҳукумати мамлакат ҳудудидаги 11 та GPS станциясини ўчирилди

1 июнь куни АҚШга қарашли GPS навигация тизимининг Россия ҳудудида жойлашган 11та станцияси ўчирилди.

“Роскосмос” ташкилоти баёнотига кўра, ҳукумат кўрсатмасига мувофиқ GPS сигналлари билан ишлайдиган глобал сейсмогарафик тармоқ станциясидан маълумот олишни блокировка қилиш учун чоралар кўрилган.

Ундан олдин Россия Бош вазири ўринбосари Дмитрий Рогозин АҚШ ўз ҳудудида ГЛОНАСС станцияси жойлаштирилишини рад этганига жавобан шундай жавоб чораси кўрилиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаган эди.

РИА Новости агентлигига кўра, Рогозин GPS станциялари ҳозирча уч ойга ўчирилганини айтган.

Россиядаги уяли алоқа операторлари бу ўз хизматларига таъсир этмаслигини боиси улар турли технологиялар асосида ишлашига ишонтирмоқда.

БМТ: Май ойида Ироқда қарийб 800 одам ҳалок бўлди

25 апрель куни Бағдодда амалга оширилган портлаш.
БМТ май ойида Ироқ содир этилган зўравонликлар оқибатида қарийб 800 киши ҳалок бўлганини билдирди.

Дунё ташкилоти маълумотига кўра, ўтган ой Ироқда ўлган 799 кишининг 196 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари, қолган қисми тинч аҳоли вакилларидир.

БМТнинг Ироқдаги миссияси бу маълумотни 1 июнь куни эълон қилди.

Келтирилган рақамлар Анбар вилоятида кўрилган талафотларни ўз ичига олмайди.

Ўтган ой фақат Ироқ пойтахти Бағдодда амалга оширилган зўравонликларда 315 одам ўлган.

БМТнинг Ироқдаги вакили Николай Младинов 1 июнь кунги баёнотида Ироқдаги сиёсий лидерларни 30 апрель кунги сайловдан кейин барча гуруҳ вакилларини ўз ичига олган ҳукуматни тузиш ишларини тезлатишга чақирган.

АҚШ Мудофаа вазири Афғонистонга кутилмаган ташриф билан борди

АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел.
АҚШ Мудофаа вазири Чак Ҳейгел толиблар қўлида беш йил асир бўлган ягона АҚШ аскарининг озод этилгани афғон жанггарилари билан ярашиш йўлидаги уринишга туртки беришига умид билдирди.

АҚШ армияси сержанти Боу Бергдал Американинг Гуантанамо қамоқхонасида сақланган беш нафар собиқ Толибон аъзоларининг Қатар қамоқхонасига ўтказилиши эвазига амалга ошди.

Ҳейгел АҚШ ҳукумати сержант Бергдални озод қилиш учун анча вақтдан бери ҳаракат қилиб келганини урғулади.

АҚШ Мудофаа вазири Афғонистонга Боу Бергдал озод қилинганидан бир кун кейин, яъни, 1 июнь куни аввалдан эълон қилинмаган ташриф билан борди.

Сув тошқинлари боис Сибирда 10 мингдан зиёд одам эвакуация қилинди

Россиянинг Сибирь ўлкасида сув тошқинлари рўй бергани сабабли минглаб аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинди.

Россиянинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 1 июнь куни қутқарувчи гуруҳлари Сибирда яшовчи 10 мингдан зиёд аҳолини эвакуация қилганини билдирди.

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, Олтой, Хакаси ва Тува ўлкаларида 50дан ортиқ аҳоли пунктини сув босган.

Табиий офат натижасида тўрт мингдан кўпроқ турар жой биноларига, автомобил йўлининг 12та участкаси ва олтида кўприкка шикаст етган.

Ундан олдин сув тошқини сабабли Олтой ўлкаси ва Олтой Республикасида олти киши нобуд бўлгани хабар қилинган эди.

Киев Россияни янги сайланган Украина президентини тан олишга чақирди

25 май куни сайланган Украинанинг янги президенти Петро Порошенко.
Украинанинг газ таъминоти бўйича Россияга қарзлари борасида 2 июн куни Киев, Москва ва Европа Иттифоқи ўртасида музокаралар бошланишидан бир кун олдин Украина Россияни янги сайланган президент Петро Порошенкони тан олишга чақирди.

Украинанинг муваққат Ташқи ишлар вазири Андрей Дешчица Россия 25 май куни ўтказилган президент сайловида Петро Порошенко ғолиб бўлганини тан олиши кераклигини билдирди.

Сайлов арафасида Россия Президенти Владимир Путин Украина халқининг хоҳиш иродасини ҳурмат қилишига ваъда берган эди.

Дешчица Москва бунинг ўрнига қудратли давлатларни Порошенконинг ғалабасини тан олмасликка кўндиришга қаратилган глобал миқёсда кенг кўламли ахборот кампаниясини бошлаганини урғулади.

Беш йил толиблар асири бўлган америкалик аскар озод қилинди

АҚШ Президенти Барак Обама, Афғонистонда беш йил жанггарилар асири бўлган сержант Боу Бергдал, АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонасидаги беш нафар толибларнинг юқори лавозимли аъзоси Қатар ҳукумати қамоқхонасига ўтказилиши эвазига озод қилинганини билдирди.

31 май куни Обама маъмуриятининг юқори лавозимли расмийси афғонистонлик маҳбусларнинг Қатар қамоқхонасига ўтказилиши Қатар воситачилигида Афғонистон бўйича “кенгроқ ярашув жараёни”нинг бир қисми эканини маълум қилди.

Озодлик мухбирига кўра, 2013 йилда Толибон ҳаракати музокарачилари, Қатардаги ўз идораси орқали афғонлараро тинчлик жараёнида маҳбуслар ҳам иштирок этишини таъминлаш мақсадида, Гуантанамо қамоқхонасида сақланган юқори лавозимли толиблар Қатар қамоқхонасига ўтказилиши эвазига Бергдални озод қилиш таклифини илгари сурган.

Бироқ Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай эътироз билдиргани ортидан Қатардаги Толиблар ваколатхонаси ёпиб қўйилганидан сўнг томонлар келишувга эриша олмаган эди.

Ҳиндистонда ёш қизчаларни зўрлаб ўлдирганлар қидирилмоқда

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида 14 ва 16 яшар опа-сингилларни зўрлаб ўлдирганликда гумонланиб, беш одам ҳибсга олинди.

Улардан икки нафари полиция ходимидир. Ўлдирилган қизларнинг отаси полицияни лоқайдликда айбламоқда.

У 27 май куни қизларининг йўқолиб қолгани ҳақида полицияга арз қилган, лекин полиция отанинг аризасини қабул қилишдан бош тортган.

Кейинчалик опа-сингиллар зўрланган ва осилган холда топилди. Полициячиларнинг бу қадар лоқайдлиги Ҳиндистонда аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда.

PSYнинг "Gangam style" клипи YouTube порталида рекорд қўйди

Таниқли Жанубий кореялик рэпер PSYнинг “Gangnam style” қўшиғига ишланган видеоклипни YouTube порталида томоша қилганлар сони 2 миллиарддан ошди.

Видеоклип 2012 йилнинг 15 июл куни видеопорталга жойланганди. YouTube вакилларининг сўзларига кўра, шу вақтгача сервисга жойлаштирилган бирорта видео-материал бу қадар оммалашмаган.

Шунингдек, PSYнинг "Gangnam style" қўшиғига ишланган клип шу пайтгача энг кўп “like” тўплаган видео-материал ҳамдир.

Ушбу видеоклип остига “like” қўйганлар сони 8 миллиондан ошди.

Обама Порошенко билан Варшавада учрашади

АҚШ президенти Барак Обама Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко билан унинг инаугурациясидан уч кун олдин, 4 июн куни Варшавада учрашади.

Бу ҳақда Оқ уй матбуот ҳизмати 30 май куни маълум қилди. Президент Обама 3-4 июн кунлари Полша пойтахтига сафар қилади.

Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенконинг инаугурацияси 7 июнга белгиланган.

АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси муовини Бен Родес президент Обама айрим қрим татар лидерларининг ўз ватанига киритилмаётгани, уларнинг фундаментал ҳуқуқлари топталаётганидан қаттиқ ташвишда эканини билдирди.

Обама Варшавада қрим татар лидерлари билан ҳам учрашади.

WHO тамаки солиғини 50 фоизга кўтаришни тавсия қилди

WHO - Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё давлатларини чекишни камайтириш учун тамаки солиғини 50 фоизга кўтаришга чақирди.

Ташкилотнинг ушбу чақириғи 31 май Бутунжаҳон чекишга қарши кураш куни муносабати билан янгради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассисларига кўра, чекишга қарши курашнинг энг самарали йўли маҳсулотга солиқларни оширишдир.

Ташкилот маълумотларига кўра, дунёда ҳар сонияда кимдир чекиш оқибатида юзага келган касалликдан нобуд бўлади.

Киев шаҳар ҳокими сайловида Кличко 56,5 фоиз овоз қозонди

Украиналик машхур боксчи, “Удар” ҳаракатининг раҳбари Виталий Кличко Киев шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар кенгаши учун ўтказилган сайловда ғолиб чиқди.

Сайловчиларнинг 56,5 фоизидан кўпроғи Кличко учун овоз берган.

Овозлар сони бўйича Олеся Оробец (8,45%) иккинчи, Киевнинг ҳозирги мэри Владимир Бондаренко (7,95%) учинчи ўринда.

Киев ҳокимлиги ва шаҳар кенгаши сайловлари ўтган якшанба куни ўтказилган эди.

Славянскда ҳалок бўлган фаол Миронов хотирланди (Видео)

Миронов (ўнгда) италиялик журналист Андреа Роккелли (чапда) билан Славянскда ҳалок бўлди.
Москвада Украинанинг Славянск шаҳри яқинида ҳалок бўлган ҳуқуқ фаоли Андрей Мироновнинг яқинлари ва дўстлари уни хотирлашга йиғилди.

Миронов жорий йилнинг 24 май куни Славянск яқинида миномётдан жароҳатланиб, ҳалок бўлган.

Ҳуқуқ фаоли Украина шарқида давом этаётган жанговар амалиётлар оқибатида тинч аҳоли орасидаги қурбонлар борасида маълумот тўплаётган эди.

Миронов билан бирга Украина шарқига борган италиялик фотожурналист Андреа Роккелли ҳам ҳалок бўлган.

Мироновнинг дафн маросими якшанба куни Ижевскда ўтказилади.

АҚШ тожик болалари учун 29 миллион доллар ажратди

АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси ушбу мамлакатдаги қандли диабет билан оғриётган болаларни даволаш учун инсонпарварлик ёрдами ажратди.

АҚШнинг Душанбедаги элчиси Сьюзан Эллиотт Тожикистон пойтахтидаги клиникаларга инсонпарварлик ёрдамларини тақдим қилди.

Турли тиббий дори-дормонлар, жумладан, инсулин дорисини ўз ичига олган жами 29 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инсонпарварлик ёрдами Америкадаги Project Hope соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ажратилган.

Бишкекдаги фестивалда бепул қимиз берилди

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида қимиз фестивали ўтказилди. Бишкекнинг Дубов истироҳат боғидаги Қурвонжон Додҳо ёдгорлиги олдида ўтказилган мазкур тадбирга Қирғизистоннинг барча вилоятларидан келтирилган қимиз ичимликлари тақдим қилинди.

Фестивал меҳмонларига тадбирда тақдим қилинаётган қимиз ичимликларини бепул татиб кўриш имкони берилди.

Ушбу фестивал тадбиркор Консулбек Токтогулов томонидан ташкиллаштирилди.

Марказий Осиё мамлакатларида машҳур бўлган қимиз қирғиз халқининг миллий ичимлиги ҳисобланади.

Алеппода ҳаво ҳужумларидан 2000 одам ўлди

Жорий йил бошидан буён Сурия ҳукумат кучларининг Алеппо шаҳридаги исёнчилар жойлашган ҳудудларга уюштирган ҳаво ҳужумлари оқибатида икки минг одам ҳалок бўлди.

Бу ҳақда хабар қилган қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотига кўра, бу рақам жорий йилнинг 1 январидан 29 майига қадар бўлган вақтдаги ҳаво ҳужумларига доир.

Ҳалок бўлганлар орасида 283 нафар аёл ва 18 ёшга тўлмаган 576 нафар бола ҳам бор.

Ҳуқуқ фаоллари ҳисоб-китобича, Сурияда 2011 йилнинг мартида бошланган зўравонлик оқибатида жами 160 минг киши ҳалок бўлган.

Покистон: Тошбўрон қилинган аёлнинг эри биринчи хотинини ўлдирганликда айбланмоқда

Хомиладор аёли қариндошлари тарафидан тошбўрон қилиб ўлдирилган покистонлик тўрт йил аввал биринчи хотинини ўлдирганликда айбланмоқда.

26 май куни Лаҳор шаҳрида Фарзона Парвин яқин қариндошлари, жумладан, отаси ва акалари тарафидан тошбўрон қилиб ўлдирилган эди.

Бунга 25 ёшлик аёлнинг оиласи раъйига қарши Муҳаммад Иқбол исмли кишига турмушга чиққани сабаб бўлган.

Дунё диққатини ўзига тортган мазкур воқеа кескин танқидга олинган эди.

Озодлик радиосининг Покистон хизматига интервью берган Муҳаммад Иқбол ҳодиса рўй берган пайтда полиция индамай четда қараб турганини айтган эди.

Полициянинг билдиришича, Иқбол айни дамда 2009 йили биринчи аёли бўлмиш Ойша Бибини ўлдирганликда айбланиб ҳибсга олинган.

Туркия Конституцион суди YouTube сайтига қўйилган тўсиққа қарши чиқди

Туркия Конституцион суди YouTube веб-сайтига қўйилган тақиқ мамлакат бош қомусида белгиланган ҳуқуқларни поймол қилиши ҳақида ечим қабул қилди.

Ҳукумат ахборот агентлиги хабарига кўра, Конституцион суд ҳукумат идораларини ўз ечими ҳақида маълум қилиб, веб-сайтга қўйилган тўсиқни олиб ташлашга буйруқ беради.

YouTube видеохостинги Туркия ҳудудида жорий йилнинг март ойидан бошлаб Давлат телекоммуникациялар департаменти тарафидан тўсиб қўйилган эди.

Бунга веб-сайтда юқори лавозимли турк амалдорларининг Сурияда ҳарбий амалиётлар ўтказиш имкониятини муҳокама қилаётган махфий суҳбатлари ва ҳукуматдаги коррупцияга оид видеолар жойлаштирилгани сабаб бўлган.

Бош вазир Ражаб Тоййип Эрдўғон YouTube сайтига тўсиқ қўйилишини олқишлаган эди.

Ўтган ойда Туркия суди ҳукуматининг Twitter миcроблоглар хизматига қўйган тўсиғи суд қарори билан бекор қилинган эди.

Абхазия парламенти президентни лавозимидан бўшатишга қарор қилди

Грузиянинг айирмачи ўлкаси Абхазияда парламент мамлакат президентини лавозимидан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилди.

29 май куни президент Александр Анквабнинг истеъфоси кўриб чиқилган мажлисда 35 депутатдан 21 нафари қатнашди. Президенти муддатидан аввал лавозимидан бўшатишга 20 депутат овоз берган.

Абхазия мухолифати мамлакатда тартибни сақлаш мақсадида "вақтинчалик халқ кенгаши" ташкил этилганини маълум қилди.

27 май куни юзлаб намойишчилар президент ва ҳукумат истеъфосини талаб қилиб, президент маъмурияти биносини эгаллаб олган эди. Анкваб ҳукуматни тарқатишга ваъда берганидан сўнггина намойишчилар бинони тарк этгандилар.

Александр Анкваб мухолифатнинг ушбу ҳаракатларини “давлат тўнтаришига уриниш” дея баҳолаб, 28 май куни Кремль расмийлари билан учрашувлар ўтказди.

Грузиянинг айирмачи ўлкалари Абхазия ва Жанубий Осетия 2008 йилги Россия-Грузия урушидан сўнг Россия ва унга иттифоқдош мамлакатлар тарафидан мустақил давлатлар сифатида тан олинган.

Дунёда 2 миллиарддан ортиқ одам семизликдан азият чекади

30 йил ичида семизлар сони 2,5 бараварга кўпайган.
Дунё аҳолисининг деярли учдан бир қисми семизликдан азият чекмоқда. Тиббиёт соҳасидаги етакчи журналлардан бири ҳисобланган “The Lancet” илмий нашри 29 май куни эълон қилган ҳисоботда ана шундай хулоса берилган.

Ҳисоботда 1980 йилдан 2013 йиллгача бўлган давр ва 188 мамлакатга доир маълумотлар жамланган.

Ҳисобот муаллифларига кўра, бугунги кунда дунёда 2,1 миллиард одам семиз ёки меъёридан ортиқ вазнга эга. Бундан 33 йил аввал семизлар сони 857 миллион одамни ташкил қилган.

Энг юқори кўрсаткичлар Яқин Шарқ ва Шимолий Америка минтақаларида қайд этилган. Дунёнинг бу қисмларида эркакларнинг 60 фоизига яқини, аёлларнинг 65 фоизи семизликдан азият чекади.

Дунё семизларининг каттагина қисми Қўшма Штатлар ҳиссасига тўғри келади. Бу мамлакатда дунёдаги жами семизларнинг 13 фоизи яшайди. Семизлар бўйича биринчи ўнликка Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Покистон каби мамлакатлар киради.

Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси ҳомийлигида ўтказилган тадқиқотда хулоса қилинишича, семизликнинг тез суръатларда тарқалиши мамлакатлар соғлиқни сақлаш тизимлари зиммасига оғир юк бўлиб тушмоқда.

Семиз одамлар юрак қон-томир, саратон, қандли диабет, остеоартрит ва буйрак касалликларига мойил бўлади.

Украина шарқида айирмачилар ҳукуматга қарашли ҳарбий вертолётни уриб туширди. 14 киши ҳалок бўлди

Украина муваққат президенти Олександр Турчинов россияпараст айирмачилар ҳукумат кучларига қарашли вертолётни уриб туширгани оқибатида 14 ҳарбий, жумладан армия генерали ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Украина шарқидаги айирмачилар 29 май куни Славянск шаҳрида Украина ҳарбий вертолётини уриб туширганларини айтган эди. Ассошиэйтед Пресс агентлиги мухбири вертолёт уриб туширилганига гувоҳ бўлганини хабар қилди.

Вертолётнинг уриб туширилиши Славянск шаҳрида тиғиз жанглар давом этаётган пайтда рўй берди. Бу шаҳарда ҳукумат кучлари билан россияпараст айирмачилар ўртасида жанглар бир неча ҳафтадан бери давом этмоқда.

Айни пайтда Славянскдаги айирмачилар шу ҳафта бошроғида бедарак йўқолган ЕХҲТ миссиясининг тўрт кузатувчиси ушлаб турганларини эълон қилди.

Ўзини Славянск мэри, деб эълон қилган Вячеслав Пономарёв ЕХҲТ кузатувчилари яхши аҳволда экани маълум қилиб, яқин орада қўйиб юборилишларини ваъда қилди.

Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко “аксилтеррор амалиётини” давом эттириш ва мамлакт шарқидаги бўҳронни тез орада бартараф қилишга ваъда берган.

Украина Россия гази учун қарзини тўлаш муддати бугун тугайди

Украина ҳукумати Россиянинг Газпром ширкатига 2 миллиард долларлик қарзини тўлаш учун берилган муҳлат бугун ярим тунда тугайди. Украина қарзини тўламаган тақдирда, газ етказиш тўхтатилиши ва бу Европанинг бошқа мамлакатларига ҳам таъсир қилиши мумкин.

ЕИ воситачилигида имзолаган келишувга кўра, Украина 29 май якунига қадар 2 миллиард АҚШ долларини тўлаши, акс ҳолда келаси ҳафта газ оқими тўхтатилиши кўзда тутилган.

Россия Президенти Владимир Путин 28 май куни қилган чиқишида Украина пулини тўламаган газ миқдори Польшага “йилига бериладиган газ ҳажмидан” каттароқ, дея таъкидлади. “Бу чексиз давом эта олмайди”, деди Путин.

Путин шунингдек, Украина қарзини вақтида тўласа, Россия “келгусида газ соҳасида ҳамкорликни қай тарзда давом эттириш масаласини” кўриб чиқади, дея қўшимча қилди.

Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Вальтер Штайнмайер 28 май куни қилган чиқишида, Россиянинг энергия сиёсати Украина устида чиққан сиёсий можарода “воситага айланмаслиги лозим”, дея таъкидлади.

Покистон полицияси тошбўрон қилинган аёл қотилларини қидирмоқда

Покистон полицияси ҳомиладор аёлни тошбўрон қилиб, ўлдирган шахсларни қидираётганини айтмоқда. 25 ёшли Фарзона Парвин қариндошларининг раъйига қарши турмушга чиққани учун бир тўда эркаклар тарафидан Лаҳор шаҳар суди биноси олдида тош билан уриб ўлдирилди. Фарзона билан унинг эрига 27 май куни ҳужум қилганлар орасида унинг қариндошлари ҳам бўлган.

Эр-хотин судга Фарзонанинг қариндошлари унинг ўғирлаб кетилганига доир иддаоли шикоятга жавоб бериш учун борган. Фарзонанинг эрига кўра, ҳодиса рўй берган пайтда полиция индамай четда қараб турган. Фарзона 28 май куни дафн қилинди.

Унинг отаси воқеа рўй бериши ортидан ҳибсга олинди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Нави Пиллай Покистон ҳукуматини оила ғурурини сақлаб қолиш иддаоси билан содир этилаётган қотилликларга чек қўйиш бўйича “тезкор ва қатъий чоралар” кўришга чақирди.

Остонада Евросиё Иқтисодий Иттифоқини тузиш бўйича келишув имзоланди

Россия, Қозоғистон ва Беларус президентлари Владмир Путин, Нурсултон Назарбоев ва Александр Лукашенка.
Россия, Қозоғистон ва Беларус президентлари Россия етакчилигидаги Евросиё Иқтисодий Иттифоқини тузишга доир битимни имзолади.

Остонда 29 май куни президентлар Владмир Путин, Нурсулотн Назарбоев ва Александр Лукашенка тарафидан имзоланган битим 2015 йилнинг 1 январидан уч мамлакатни бирлаштирувчи ЕИИнинг расман фаолият бошлашига йўл очади.

Танқидчилар савдо блокининг яратилишини Москва томонидан собиқ Совет Иттифоқини тиклашга уриниш сифатида баҳоламоқда. Путин бу айбловларни инкор қилмоқда.

Уч президент машваратига 29 майнинг иккинчи ярмида Арманистон ва Қирғизистон раҳбарлари ҳам қўшилди. Бу мамлакатлар ҳам янги тузилмаган қўшилишга қизиқиш билдирган.

Путин билан Назарбоев шунингдек, Қозоғистонда биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича меморандумни имзолаш учун учрашиши ҳам кутилмоқда.

Украина шарқида ҳукумат ва айирмачилар ўртасидаги жангларда талафотлар бор

Украина Миллий гвардияси мамлакат шарқидаги Луганск вилоятида 28 май куни россияпараст айирмачилар билан жангларда талафотларга учраганини эътироф этди. Айни пайтда, жангарилар сафида ҳам талафотлар борлигини айтмоқда Киев ҳукумати.

Зўравонликлар Украинанинг янги сайланган президенти Петро Порошенко Россия Президенти Владимир Путин билан келаси ҳафта бўҳрондан чиқиш масаласини муҳокама қилиш режаларини эълон қилган пайтда рўй берди. Порошенко билан Путин келаси ҳафта Францияда учрашишлари кутилмоқда. Президентлар Иккинчи жаҳон уруши пайтида иттифоқчиларнинг Нормандияга тушишининг 70 йиллигига бағишланган тантаналарда қатнашишади.

Айни пайтда, Россия ва Украина дипломатлари 28 май куни шарқий Украинада рўй берган зўравонликлар хусусида бир-бирини танқид қилди. Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин Хавфсизлик кенгаши Украинадан “ҳарбий бошбошдоқликни” тўхтатишни талаб қилиши керак, дея таъкидлади.

БМТдаги Украина элчиси Юрий Сергеев эса, ўз навбатида, Хавфсизлик кенгаши Россиядан ўз аскарлари ва ҳарбийлашган гуруҳларини Украина ҳудудидан олиб чиқишни талаб қилиши лозим, дея баён қилди. Москва, дея талаб қилди Сергеев, юзлаб чечен, казак ва рус ёлланма кучларини Украинадан олиб чиқиши шарт.

Донецкда сешанба кунги жангларда ўнлаб россияпараст айирмачилар ўлдирилганидан кейин бу шаҳарда 28 май куни бироз тинчлик кузатилди.

Эронда илк бор Яқин Шарқ коронавируси билан касалланиш ҳоллари аниқланди

Эронда илк бор Яқин Шарқ нафас йўллари синдроми ёки коронавирус деб аталаётган вирус билан касалланиш ҳоллари аниқланди.

Маҳаллий ахборот агентликларининг мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар беришича, вирус Керман вилоятида истиқомат қилувчи икки опа-сингилда аниқланган. Улардан бири оғир аҳволда экани айтилмоқда.

Расмийларга кўра, вирус Саудия Арабистонида бўлиб қайтган зиёратчидан юққан бўлиши мумкин.

Коронавирус 2012 йилда Саудия Арабистонида тарқала бошлаган ва шундан бери ўлганлар сони 175 кишига, вирус юққан одамлар сони эса таҳминан 600 кишига етди.

Саудия Арабистонида одамларга коронавирус туялардан юққани тахмин қилинмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG