Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:07

Халқаро янгиликлар

Европа суди Франциянинг бурқани таъқиқлаш қарорини ўз кучида қолдирди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Францияда муслулмон аёлларнинг юзига ниқоб тақиб ëхуд бурқада юришни тақиқлаш ҳақида 2011 йилда ҳукумат қабул қилган қарорни ўз кучида қолдирди.

Франциялик 24 яшар аёл мазкур таъқиқ ўзининг дин эркинлиги ҳуқуқига зид экани иддаоси билан Страстбург шаҳридаги судга мурожаат қилган.

Европа судига шикоят қилган аёл Францияда ўзига нисбатан салбий муносабатда бўлишлари мумкинлиги важидан ўз исми ошкор этилмаслигини сўраган.

Франция ҳукумати қабул қилган қонунга мувофиқ жамоат жойларида юзига ниқоб тақиб юрган аёллар 150 евро (205 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади.

Франция ҳукумати қарори ортидан Белгия ва Швейцариянинг айрим ҳудудларида ҳам мусулмон аёлларнинг жамоат жойларида бурқада юриши тақиқланган.

Ироқлик депутутлар парламент раиси борасида келиша олмади

1 июль куни Ироқда янги парламентнинг биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Йиғилишда парламентга янги раис борасида келишувга эришилмади.

Парламент раиси вазифасини вақтинча бажараётган Маҳдий Ал-Ҳафидий депутатларга “бу сессия қолдирилди, агар келишувга эришилса, сессия келаси ҳафтада бўлади” деди.

Депутатлар парламент раиси лавозимига номзодлар масаласини муҳокама қилиш учун танаффусга чиқдилар.

Одатда, Ироқ парламентига сунний мазҳабидаги шахс раислик қилиб келган.

Унинг икки ўринбосаридан бири шиа, иккинчиси курд миллати вакили бўлган/

Туркия Бош вазири Эрдўғоннинг президентликка номзодини қўйиши эълон қилинди

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон.

Туркиядаги ҳукмрон партия август ойида ўтказиладиган сайловда Бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон президентликка ўз номзодини қўйишини эълон қилди.

Буни ҳукмрон АҚ партияси раиси ўринбосари Меҳмет Али Саҳин пойтахт Анқарада партия аъзолари билан учрашувда маълум қилди.

Коррупция билан боғлиқ жанжалларга қарамай, 11 йилдан бери Бош вазир лавозимида ишлаб келаётган Эрдўғон халқ орасида машхур.

Партия низомига мувофиқ Ражаб Тоййиб Эрдўғон яна Бош вазир лавозимини эгаллаш ҳуқуқига эга эмас.

28 август куни президентлик муддати тугайдиган Абдулла Гул президентликка қайта сайланиш учун ўз номзодини қўймаслигини айтган.

Қозоғистонда беш нафар Ҳизбут-Таҳрир аъзоси қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги суд фаолияти таъқиқланган Ҳизбут-Таҳрир исломий гуруҳининг беш аъзосини олти йилдан етти ярим йилгача бўлган муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Суднинг матбуот котиби Қувондиқ Эшмет Озодликка беш нафар айбланувчи устидан ҳукм 30 июнь куни кечқурун ўқилганини айтди.

Суд ҳакамлари уларни этник ва диний нафрат қўзғатиш, конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик ва терроризмни тарғиб қилганликда айбдор деб топди.

Қозоғистонда Ҳизбут-Таҳрир гуруҳи фаолияти 2005 йилда таъқиқланган.

Франция собиқ президенти Николя Саркози ҳибсга олинди

Николя Саркози.

Франция собиқ президенти Николя Саркози сўроқ қилиниш учун ҳибсга олинди.

Ғарб агентликларига кўра, 1 июль куни коррупцияга қарши терговчилар Саркозини Париждан ғарб томонда жойлашган Нантерре шаҳрига олиб борган.

30 июнь куни у ерда Саркозининг адвокати ва иккита шаҳар ҳокими сўроқ қилинган.

Франс Пресс агентлиги хабарига кўра, 59 Николя Саркози бир шаҳар маъмуриятидан бошқа шаҳар маъмуриятида олиб борилаётган текширув жараёни тўғрисидаги махфий маълумотларни олганликда гумонланмоқда.

У маълумотлар Ливия собиқ диктатори Муаммар Қаддафий 2007 йилда Саркозининг сайловолди кампаниясини молиялаштиргани гумони юзасидан олиб борилаётган текширувлар билан боғлиқ.

Франция қонунига мувофиқ терговчилар Саркозини сўроқ қилиш учун уни 24 соатгача ушлаб туриш ва муддатни яна шунчага узайтириш ҳуқуқига эга.

Украина ҳукумати кучлари айирмачиларга қарши ҳужумларни қайта бошлади

Украина шарқида эълон қилинган 10 кунлик оташкесим бўҳронни ҳал қилишда самара бермагани боис ҳукумати кучлари Россия тарафдори бўлган айирмачиларга қарши “аксир террор амалиётлари”ни қайта бошлади.

Украина парламенти спикери Александр Турчинов 1 июль куни парламентга “бугун эрталаб террорчиларга қарши амалиётларнинг актив босқичи қайта бошланди.

Қуролли кучларимиз террорчилар базалари ва қароргоҳларига ҳужум қиляпти”, дея баён қилди.

30 июнь куни Украина президенти Петро Порошенко оташкесим муддатини узайтирмаслигини ва ҳукумат кучлари шарқий Украинадаги россияпараст исёнчиларга қарши ҳужумга ўтишини билдирган эди.

Порошенко “биз мамлакатимизни озод қиламиз”, дея баёнот берди.

Украина президенти оташкесим муддати узайтирилмаслигини билдирди

Украина президенти Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко оташкесим муддатини узайтирмаслигини ва ҳукумат кучлари шарқий Украинадаги исёнчиларга қарши ҳужумга ўтишини билдирди.

Украина раҳбари бу қарорни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши мажлиси натижаларига кўра олган.

Порошенко томонидан 20 июнь куни эълон қилинган оташкесим муддати 30 июнь куни ниҳоясига етди.

“Биз ҳужумга ўтамиз ва ўз ерларимизни озод қиламиз. Оташкесим муддатини узайтирмаслик бизнинг террорчиларга, жанггариларга, талончиларга, тинч аҳолини таҳқирлаётган барча кишиларга, минтақа иқтисодиётини фалаж ҳолатга келтираётганларга, маош, пенсия, стипендиялар берилишида узилишлар пайдо қилаётганларга, темир йўлларни портлатаётганларга, сув қувурларини узиб ташлаётганларга, одамларни кўнгилдагидек осойишта турмушдан маҳрум қилганларга беражак жавобимиз бўлади”, дейилади президент Порошенконинг Украина халқига мурожаатида.

Аввалроқ Россия, Германия ва Франция лидерлари билан телефон орқали мулоқот қилган Украина президенти мамлакат шарқидаги исёнчилар шартларни бажармаганини қайд этганди. Франция президенти матбуот хизматига кўра, мазкур мулоқотдан кейин Порошенко ва Путин ўт очишни тўхтатиш ва самарали чегара назоратини жорий қилиш бўйича ўзаро бир қарорга келганлар.

ЖЧ илк чорак финал ўйинида Германия ва Франция жамоалари беллашади

Франция-Нигерия ўйинидан лавҳа.

Футбол бўйича Бразилияда ўтаётган Жаҳон чемпионатининг яна бир нимчорак финал ўйинида Германия терма жамоаси аъзолари жазоирлик футболчиларни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Бошқа бир беллашувда франциялик футболчилар Нигерия терма жамоаси устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Эндиликда ҳар иккала ғолиб команда чемпионатнинг чорак финалида учрашади. Германия ва Франция футболчилари ўртасидаги бу ўйин 4 июль куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятидаги тўртта туманда ҳукумат назорати қайта ўрнатилди

Афғонистон ҳукумати армияси ўтган ҳафта Толибон ҳужумига учраган Ҳилманд вилояти жанубидаги тўртта туманнинг сўнггисида тўла назорат ўрнатилганини маълум қилди.

Ҳилманд вилоятининг Сангин тумани ҳокими Сулаймон Шоҳ душанба куни Озодлик билан суҳбатда туманнинг барча ҳудудлари яна ҳукумат назоратига ўтганини билдирди.

Вилоятнинг қолган уч тумани – Новзад, Кажакий ва Муса Қалъа туманлари аллақачон жангарилардан тозаланган.

Жангларда кўрилган талафотлар ҳақида аниқ маълумотлар ҳозирча йўқ.

Ҳилманднинг тўрт тумани Толибон ҳаракати 20 июнь куни бошлаган ҳужум натижасида жангарилар қўлига ўтган эди. Мазкур вилоят хавфсизлиги учун масъулият яқинда АҚШ қўшинларидан афғон хавфсизлик кучларига топширилган эди.

Афғонистон ҳукумати ҳисоб-китобларига кўра, ҳужумда 800га яқин жангари иштирок этган. Жанглар оқибатида икки мингга яқин хўжалик ўз жойларини ташлаб кетишган мажбур бўлган.

Москва рус телеоператорининг ўлдирилгани Украина ҳукумати сулҳга амал қилмаётганини кўрсатади, демоқда

Донецкда ҳалок бўлган Анатолий Клян.

Москва расмийлари Украина шарқида Россия телеканали операторининг ўлдирлгани Киев ҳукумати вазиятни юмшатиш ниятида эмаслигини намойиш қилади, демоқда.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда, 30 июнь куни 1-канал оператори Анатолий Кляннинг ўлдирилгани Киев ҳукумати бугун муҳлати тугайдиган ўт очишни тўхтатиш битимига амал қилмаётганини кўрсатади, дейилади.

68 ёшли телеоператор Клян Донецк вилоятида Киев ҳукуматига содиқ ҳарбий қисм ёнида видео тушираётган пайтда отиб ўлдирилди. Кляннинг ўлимига сабаб бўлган отишма сабаблари ноаниқ қолмоқда.

Клян Украинада ҳалок бўлган учинчи рус журналисти, жами ҳалок бўлган журналистларнинг бешинчиси бўлди.

Бугун Франция Президенти Франсуа Олланд ва Германия Канцлери Ангела Меркельнинг ўт очишни тўхтатиш муҳлатини узайтириш масаласини муҳокама қилгани Украина ва Россия президентлари билан телефон конференциясини ўтказиши кутилмоқда.

Тўрт давлат раҳбари 29 июнь куни ҳам телефон орқали музокара қилган эди.

“The New York Times”: Ироқдаги Blackwater менежери АҚШ расмийсини ўлдириш билан таҳдид қилган

Бағдодда тинч аҳолини ўлдирганликда айбланган Blackwater ходимлари устидан суд бормоқда.

“The New York Times” газетасининг хабар қилишича, Blackwater хусусий хавфсизлик ширкатининг Ироқдаги шўъбаси менежери АҚШ Давлат департаменти терговчиси ширкат фаолиятини текширгани учун, уни ўлдириш билан таҳдид қилган.

Газетанинг ёзишича, Бағдоддаги АҚШ элчихонаси расмийлари Blackwater ширкати тарафини олиб, давлат департаменти терговчиларидан Ироқни тарк этишни талаб қилган.

“The New York Times” қўлга киритган давлат департаментига доир ички ёзишмага кўра, Blackwater ширкатининг Ироқдаги лойиҳаси раҳбари Дэниел Кэррол давлат департаменти терговчиси Жан Рихтер билан ғижиллашиб қолиб, уни ўлдириши ва “ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаслиги ёки ҳеч нарса қилмаслиги” билан қўрқитган.

Ички ёзишмага таянган ҳолда, газетанинг яна ёзишича, бу ҳодиса Blackwater қўриқчилари 2007 йилнинг 16 сентябрь куни Бағдодда 17 тинч фуқарони ўлдиришидан бир неча ҳафта аввал содир бўлган. Ҳозирда Blackwater ширкатининг ўша воқеага алоқадор тўрт ходими устидан суд бормоқда.

Шимолий Вазиристонда Покистон ҳукумати қуруқликда ҳарбий амалиёт бошлади

Қуруқликдаги операция икки ҳафта давом этган ҳаво ва артиллерия ҳужуми ортидан ўтказилмоқда.

Покистон ҳукмати Шимолий Вазиристон минтақасида Толибон истеҳкомларига қарши қуруқликда ҳужум бошлади.

Покистон армиясининг 30 июнь куни маълум қилишича, Шимолий Вазиристон маркази Мироншоҳ шаҳрида уйма-уй юриб жангариларни қидириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Армия матбуот хизматига кўра, қуруқликда операция ярим миллионга яқин аҳоли эвакуация қилинганидан кейин бошланган ва дастлабки соатларда 15 нафар жангари ўлдирилган.

Қуруқликдаги операция икки ҳафта давом этган ҳаво ва артиллерия ҳужуми ортидан ўтказилмоқда.

Бош вазир Навоз Шариф ҳужум “тинчлик ва сокинлик даврининг бошланишидир”, дея баён қилди. Айни пайтда, Толибон жавоб хуружларини амалга ошириш билан таҳдид қилмоқда.

Ҳукумат армиясига кўра, 15 июнь куни Шимолий Вазиристонда амалиёт бошланганидан бери 380га яқин жангари ва 17 нафар ҳукумат аскари ўлдирлган.

Ироқ ҳукумати: Халифалик эълон қилган ИШИД бутун дунё учун таҳдиддир

29 июнь куни Тикритда ҳукумат жанговар вертолётлари жангарилар позицияларини ўққа тутди.

Ироқ армияси матбуот вакили, Ироқ ва Сурияда катта ҳудудлари эгаллаб олган ва “халифалик” эълон қилган сунний жангарилар халқаро таҳдидга айланганини баён қилди.

Қосим Атта Reuters агентлиги билан суҳбатда Ироқ ва Шом Ислом давлати гуруҳининг халифалик эълон қилиши “ҳам минтақа, ҳам дунёга” мазкур гуруҳ “барча мамлакатлар учун таҳдидга” айлангани тўғрисидаги мужда бўлди, дея таъкидлади.

Айни пайтда, Ироқ ҳукумати кучлари мамлакат шимолидаги Тикрит шаҳрини сунний жангарилардан қайтариб олиш мақсадида контрҳужумни давом эттирмоқда. Ироқ ва Сурияда катта ҳудудларни эгаллаб олган Ироқ ва Шом Ислом давлати гуруҳи якшанба куни “халифалик” тузишларини эълон қилди.

29 июнь куни Тикритда ҳукумат жанговар вертолётлари жангарилар позицияларини ўққа тутди ва шаҳарнинг турли ҳудудларида жанглар рўй берди.

Ал-Қойдадан ажраб чиққан ИШИД жангарилари Тикрит ва мамлакат шимолидаги бошқа ҳудудларни шу ойнинг бошроғида эгаллаб олган эди.

Айни пайтда, Ироқ ҳукуматининг маълум қилишича, Россиядан сотиб олинган Сухой русумидаги жанговар учқичларнинг дастлабки бештаси етиб келган ва улар жангариларга қарши ишлатилади.

Якшанба куни ИШИД гуруҳи Суриянинг Алеппо (Ҳалаб) вилоятидан Ироқнинг Дияла вилоятигача бўлган ҳудудда халифалик ўрнатилганини эълон қилишди.

Интернетда эълон қилинган аудио-баёнотда ИШИД ўз номини Исломий Давлат деб ўзгартиргани ва гуруҳ етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий “халифа” ва “амирулмуслимийн” деб эълон қилингани билдирилди.

Украина шарқида сулҳ муҳлати бугун тугайди

Европа Иттифоқи етакчилари билан Россия ва Украина президентлари ўртасидаги сўзлашув икки соатдан ошиқ давом этди.

Бугун Украина шарқида эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш муддати тугайди. Киевда жамоатчилик сулҳнинг узайтирилишига қаршилик билдирмоқда.

29 июнь куни Европа Иттифоқи етакчилари Россия ва Украина президентлари билан музокара ўтказди.

Фарнция Президенти Франсуа Олланд, Германия Канцлери Ангела Меркель, Россия Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Петро Порошенко ўртасидаги сўзлашув икки соатдан ошиқ давом этди.

Франция президенти маъмуриятига кўра, давлат раҳбарлари “жойлардаги хавфсизлик вазияти борасида конкрет чоралар, ўт очишни тўхтатиш битимини узайтириш ҳамда Украина тарафидан таклиф қилинган тинчлик режасини амалга тадбиқ қилиш аҳамиятини” муҳокама қилишган.

Кремльга кўра, давлат раҳбарлари Порошенкони Украина шарқида сулҳ муддатини узайтиришга чақирган.

Айни пайтда, якшанба куни Киевда минглаб намойишчи ўт очишни тўхтатиш битимини бекор қилишни талаб қилди. Сулҳ бугун Тошкент вақти билан ярим тунда тугайди.

ИШИД жанггарилари ўзлари ишғол этган ҳудудда халифалик таъсис этди

Рамазон ойининг биринчи кунида Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггарилари ўзлари эгаллаб олган ҳудудда теократик давлат – халифалик тузилганини эълон қилдилар. Бу ҳақда оммавий ахборот воситаларига ИШИД вакили Абу Муҳаммад ал-Аднаний билдирган.

“Ироқ ва Шом ислом давлати Шўъро мажлисида Исломий халифалик таъсис этиш ва Абу Бакр ал-Бағдодийни халифа этиб тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейилади унинг баёнотида.

Маълумотларга кўра, ал-Бағдодий амиралмуслимийн лавозимини эгаллаш бўйича Шўъро мажлиси таклифини қабул қилган.

Бу орада Ироқ кучлари ИШИД жанггарилари томонидан эгаллаб олинган Тикрит шаҳрига ҳужумни давом эттирганлар.

Маълумотларга кўра, кеча Ироқ армияси вертолётлари сунний жанггарилар эгаллаган позицияларни нишонга олган.

Ироқ армияси ҳужумининг иккинчи кунида Тикрит шаҳрининг турли мавзеларида Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггарилари билан ҳукумат кучлари ўртасида отишмалар рўй берган.

Уч ҳафта олдин ҳужум бошлаган Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггарилари Ироқнинг шимол ва ғарбий минтақаларида катта ҳудудларни босиб олган.

ЖЧ-2014: Чорак финалнинг яна бир иштирокчиси аниқланди

Коста Рика терма жамоаси аъзолари.

Футбол бўйича Бразилияда ўтаётган Жаҳон чемпионатида нимчорак ўйинлари давом этди. Унда юнонистонлик футболчилар билан майдонга тушган Коста-Рика терма жамоаси вакиллари ғолиб бўлди.

Ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида дуранг натижа билан якунланди. Қўшимча вақтда ҳар иккала терма жамоа аъзолари бир-бирларининг дарвозасини ишғол қилолмади. Пенальти эса 4:2 ҳисобида Коста-Рика футболчилари ғалабаси билан тугади.

Ҳозирча чорак финалда ўйнайдиган икки жуфтлик аниқланди. Хусусан, 4 июль куни Бразилия ва Колумбия терма жамоалари, 5 июль куни эса Ҳолландия ва Коста-Рика терма жамоалари майдонга тушади. Чорак финал босқичининг бошқа иштирокчилари эса 30 июнь ва 1 июль кунлари аниқланади.

Украина, Россия, Германия ва Франция раҳбарлари Донбассдаги вазиятни муҳокама қилди

Украина президенти Петро Порошенко (суратда) Россия, Германия ва Франция лидерлари билан 30 июнь куни яна бир суҳбат ўтказмоқчи.

Украина, Россия, Германия ва Франция лидерлари Петро Порошенко, Владимир Путин, Ангела Меркель ва Франсуа Олланд кеча тўрт томонлама телефон мулоқоти чоғида Донбассдаги тинчлик режаси амалга оширилишини муҳокама қилдилар.

Порошенко Путинни Украина ҳудудига қуролли шахслар, қурол-аслаҳа ва техника киришига чек қўйиш учун Россия-Украина чегарасида назоратни кучайтиришга чақирди.

Кремль баёнотига кўра эса, ЕИ ва Россия лидерлари Порошенкони 30 июндан кейин ҳам Украина шарқида оташкесимни давом эттиришга даъват этганлар.

Порошенко Путин, Олланд ва Меркель билан бугун, яъни 30 июнь куни ҳам яна бир марта телефон суҳбати ўтказмоқчи. Бунга шарқий Украинада тўқнашувлар қайталанганига оид хабарлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

Порошенко томонидан 30 июнга қадар оташкесим тартиби жорий этилганига қарамай, мамлакат шарқида жанговар ҳаракатлар давом этаётгани минглаб украиналикларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Кеча Киев Майдонида йиғилган фаоллар Украина президенти Петро Порошенкодан оташкесимни тўхтатишни талаб қилдилар ва агар бу талаб бажарилмайдиган бўлса, якшанба кунги Народное вече сўнгги тинч тадбир бўлиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирдилар.

Намойишчилар Украина президентидан мамлакат шарқида ҳарбий ҳолат эълон қилишни, “террорчилар”га қарши жанг қилаётган кўнгиллилар батальонларига етарлича қурол-аслаҳа бериш ҳамда армия қисмлари олиб бораётган амалиётларда иштирок этаётган ҳарбийларга ижтимоий кафолатлар берилишини ҳам талаб қилдилар.

Ундан олдин Украина ҳарбийлари мамлакат шарқида оташкесим жорий қилинганига қарамай, сўнгги 24 соат ичида беш аскар ҳалок бўлгани, камида 17 нафари ярадор бўлганини маълум қилган эди.

Ироқ армиясининг Тикрит шаҳрига ҳужуми давом этмоқда

Ироқ армияси мамлакат шимолида жойлашган Тикрит шаҳрини қайта ўз назоратига олиш учун 29 июнь куни ҳужумларни давом эттирди.

Хабарларга кўра, Ироқ армияси вертолётлари сунний исёнчилар эгаллаган позицияларни нишонга олган.

Ироқ армияси ҳужумининг иккинчи кунида Тикрит шаҳрининг турли мавзеларида Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггарилари билан ҳукумат кучлари ўртасида отишмалар рўй берган.

Уч ҳафта олдин ҳужум бошлаган Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггарилари Ироқнинг шимол ва ғарбий минтақаларида катта ҳудудларни босиб олган.

Мусулмон давлатларнинг ҳаммасида Рамазон ойи бошланди

Дунёдаги 1 миллиард 600 миллион мусулмоннинг ҳаммаси Рамазон ойи рўзасини тутмоқда.

Аксар араб ва Африка давлатларида Рамазон ойи рўзаси 29 июндан тутила бошланди.

Ўзбекистон, Туркия, ва бошқа давлатларда яшавчи мусулмонлар бир кун олдин рўза ибодатини бошлаган эди.

Рамазон ойи бошланиши муносабати билан Саудия Арабистони Қироли Абдуллоҳ 28 июнь кунги табригида Қиролликка таҳдид солаётган жанггарилар йўқ қилинишига ваъда берди.

Икки кун олдин Қирол қўшни Ироқдаги тартибсизлик боис Саудияда келиб чиқиши мумкин бўлган барча “террор таҳдидлари”нинг олдини олиш чораларини кўриш ҳақида буйруқ берган.

Саудия Арабистони Ироқ билан 800 километрлик чегарага эга.

Киевда Украина шарқидаги оташкесимга қарши намойиш бўлди

Киев шаҳри марказида Украина шарқида хавфсизлик кучлари ва Россия тарафдори бўлган айирмачилар ўртасидаги оташкесимни тўхтатиш талаби билан намойиш уюштирилди.

Озодлик мухбири 29 июнь куни президент маъмурияти биноси олдига бир неча минг намойишчи йиғилганини хабар қилди.

Намойишчилар президент Петро Порошенкодан мамлакат шарқида ҳарбий ҳолат эълон қилишни, “террорчилар”га қарши жанг қилаётган кўнгиллилар батальонларига етарлича қуроллар бериш ҳамда армия қисмлари олиб бораётган амалиётларда иштирок этаётган ҳарбийларга ижтимоий кафолатлар берилишини ҳам талаб қилдилар.

Ундан олдин Украина ҳарбийлари мамлакат шарқида оташкесим жорий қилинганига қарамай, сўнгги 24 соат ичида беш аскар ҳалок бўлгани, камида 17 нафари ярадор бўлганини маълум қилган эди.

Мисрда сиёсий мавзулардаги хутбалар тақиқланди

Мисрда муқаддас Рамазон ойида сиёсий мавзулардаги хутбалар тақиқланди.

29 июнь куни Дин ишлари бўйича вазир Муҳаммад Мухтор Гомаа муқаддас Рамазон ойида сиёсий хутбалар “одамлар орасида бўлиниш ҳосил қилиш учун эмас, балки бирликни таъминлаш мақсади"да шундай қарор қабул қилинганини айтди.

Рамазон ойининг биринчи кунида эълон қилинган қарор, ўтган йил исломий қарашдаги президент Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан бери ҳукуматнинг дин устидан назорат ўрнатиш йўлидаги сўнгги уриниши сифатида кўрилмоқда.

Бир неча ой олдин Миср ҳукумати Муҳаммад Мурсиий доҳил Мусулмон Биродарлиги ҳаракатининг фаолиятини тақиқлаган эди.

Украина шарқида сўнгги 24 соат ичида беш аскар ҳалок бўлди

Славянск шаҳри яқинига ўрнатилган постдаги Украина ҳарбийлари.

Украина хавфсизлик кучлари ва Россия тарафдори бўлган айирмачилар ўт очишни тўхтатганига қарамай, сўнгги 24 соат ичида мамлакат шарқида беш аскар ҳалок бўлди, камида 17 нафари ярадор бўлди.

Украина ҳарбийларига кўра, уч аскар Донецк вилоятининг Славянск шаҳри яқинидаги постга ҳужум қилинган пайтда ўлган.

Икки аскар Луганск вилоятида айирмачилар ҳарбий карвонга уюштирган ҳужумда ҳалок бўлган.

Томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш бир ҳафта олдин эълон қилинганидан бери тартиб кўп марта бузилди.

27 июнь куни Украина Президенти Петро Порошенко оташкесим муддатини 30 июнгача узайтирди.

Ўт очишни тўхтатиш Порошенко ўтган ҳафта эълон қилган тинчлик режасининг бир қисми ҳисобланади.

Бағдод Россиядан сотиб олган учқичлар Ироққа етиб келди

Россияда ишлаб чиқарилган СУ-25 учқичи.

Ироқ ҳукумати Россияда ишлаб чиқарилган жанговор учқичларнинг биринчи партияси мамлакатга етиб келганини эълон қилди.

Мазкур учқичлар Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггариларига қарши олиб борилаётган урушда қўлланилиши кутилмоқда.

Ироқ хавфсизлик кучлари учқичлар бир неча кун ичида фойдаланишга топширилишини ва кейинги партия учқичлар ҳам етиб келишини билдирди.

Ироқ Мудофаа вазирлиги Россиядан “СУ-25” русумидаги учқичлар келтирилганини маълум қилди.

Ироқ ҳукумати қўлланилган учқичларни 500 миллион долларга сотиб олгани тахмин қилинмоқда.

Уч ҳафта олдин ҳужум бошлаган Ироқ ва Шом Ислом давлати жанггарилари Ироқнинг шимол ва ғарбий минтақаларида катта ҳудудни босиб олган.

29 июнь куни Ироқ ҳукумати Тикрит шаҳри қайта ҳукумат кучлари назоратига ўтганини билдирди. Бироқ жанггарилар ҳукумат кучлари уюштирган ҳужум қайтарилганини иддао қилди.

ЖЧ-2014: Бразилия Чили устидан ғалаба қозониб чорак финалга чиқди

Бразилияда ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпинатининг нимчорак финалида бугун мезбон жамоа Бразилия Чили устидан ғалаба қозониб чорак финалга чиқди.

Колумбия эса Уругвай билан (29 июнь, Тошкент вақти билан 01.00да) беллашади.

Уругвай жамоаси чорак финал ўйинларини ўзининг юлдуз ҳужумчиси Луис Суарессиз бошламоқда.

Аввалроқ, Халқаро футбол федерацияси Суаресни Италия жамоаси ҳимоячиси Жоржо Келлинининг елкасини тишлаб олгани учун 9та ўйиндан четлатганди.

Уругвай жамоаси бош мураббийси Оскар Табарез Халқаро футбол федерациясини Суаресга “ҳаддан зиёд ошиғич жазо” белгилагани учун танқид қилган.

Бразилиядаги футбол бўйича жаҳон чемпионатининг нимчорак финалига 16 жамоа чиқди.

Булар АҚШ, Аргентина, Белгия, Бразилия, Германия, Греция, Колумбия, Мексика, Коста-Рика, Нигерия, Франция, Холландия, Швейцария, Жазоир, Уругвай, Чили жамоаларидир.

Покистонда ота-онасининг розилигисиз турмуш қурган жуфтлик ўлдирилди

Покистонда ота-оналарининг розилигисиз никоҳ қурган жуфтлик келин томоннинг қариндошлари тарафидан ўлдирилган.

Полициянинг маълум қилишича, қотилликдан бир кун ўтиб келиннинг отаси, онаси, бобоси ва икки амакиси 28 июнь куни ҳибсга олинган.

Покистоннинг Панжоб вилоятида 17 ёшли қиз 31 ёшли эркак шу ой бошида ота-оналарининг ихтиёрига зид тарзда турмуш қуришган.

27 июнь куни эса уларнинг чавақлаб ташланган жасади келиннинг ота-онаси яшайдиган уйдан топилди.

Покистонда кўплаб никоҳлар келишувлар билан амалга оширилади. Ўтган ой Лаҳор шаҳрида 25 ёшар ҳомиладор аёл ўзи истаган одамга турмушга чиқгани учун ўз қариндошлари томонидан тошбўрон қилиб ўлдирилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG