Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:07

Халқаро янгиликлар

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Равшан Гапиров вафот этди

Равшан Гапиров

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Равшан Гапиров узоқ давом этган хасталикдан сўнг 59 ёшида вафот этди.

Бу ҳақда Озодликка хабар етказган ҳамшаҳрининг айтишича, Равшан Гапировни дафн қилиш маросими 2 сентябрь куни бўлиб ўтади.

“Правосудие – Истина” (“Одил судлов - Ҳақиқат”) инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Равшан Гапиров 2010 йил, июнь воқеаларидан сўнг этник ўзбеклар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан биргаликда, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларида этник озчилик вакилларининг қийноқларга солингани фактларини фош этувчи мақолалари билан танилган.

Равшан Гапиров бир неча марта “миллатлараро низо қўзғаш”да айбланиб судлангани ҳам айтилади. Бироқ Қирғизистон Олий суди 2008 йилда Равшан Гапировни мазкур айблов юзасидан оқлаган. 2011 йилда Ўш шаҳар суди Равшан Гапировни судланмаган шахс сифатида тан олиш юзасидан ажрим чиқарган.

2013 йилнинг 20 февралида эса Қирғизистон Олий суди соҳталаштирилган айблов билан ҳибс қилиниб, 9.5 ой қамоқда сақлангани учун Равшан Гапиров фойдасига Ўш шаҳар прокуратурасидан 2100 доллар ва милициядан 2100 доллар товон пули ундириб бериш тўғрисида ҳукм чиқарган.

НАТО Шарқий Европада бир неча минг кишилик тезкор кучларни ташкил қилиши мумкин

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен жорий ҳафта ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларидан Шарқий Европада тезкор жавоб кучларини ташкил қилиш масаласини кўриб чиқиш сўралади, дея билдирди. Расмуссен бундай тезкор кучлар НАТО давлатлари ўзларини ҳимоя қила олишлари учун зарур, дея таъкидлади.

НАТО раҳбари 1 сентябрь куни Брюсселда қилган чиқишида тезкор кучлар бир неча минг қўшиндан иборат бўлиб, ташкилотга аъзо 28 давлат тарафидан навбатма-навбат юборилиши мумкин, дея билдирди.

Ҳаво ва денгиз қўшинларидан иборат бўлган тезкор кучлар фавқулодда ҳолатларда “қисқа муддат ичида” жойларга ташланиши мумкин, деди Расмуссен.

Расмуссен НАТО 1997 йилда Россия билан имзолаган келишувни бузмаслиги ва Шарқий Европадаги ҳозирлигини чеклашда давом этишини билдирди.

4 сентябрь куни Уэльсда бошланадиган НАТО саммитида Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари асосий мавзу бўлиши кутилмоқда.

Британия жиҳодчи деб гумонланган фуқароларини мамлакатга киритмаслик масаласини кўриб чиқиши мумкин

Америкалик журналист Жэймс Фоли асли британиялик жиҳодчи тарафидан ўлдирилиши ортидан қайтаётган жиҳодчилар Британияда ҳужум уюштириши мумкин, деган хавотирлар туғилди.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон бугун мамлакат парламентида Сурия ва Ироқда жиҳодчилар сафига қўшилган Британия фуқароларига қарши кескинроқ чораларни кўриш таклифини киритиши кутилмоқда.

Камерон бу таклиф билан 1 сентябрь куни Тошкент вақти билан 19.30да парламентда нутқ сўзлайди. 29 август куни Британия ҳукумати Сурия ва Ироқдаги асли британиялик жиҳодчилар тарафидан ҳужум уюштирилиши “эҳтимоли жуда юқори”, дея террор хуружи огоҳлантирувини эълон қилди.

Кэмерон гумонланувчиларга нисбатан айблов эълон қилиш учун етарли далил бўлмаган ҳолда, уларга нисбатан кўрилиши лозим бўлган чораларга доир таклифни киритиши кутилмоқда.

Британия матбуотида пайдо бўлган хабарларга кўра, таклиф этилиши мумкин бўлган чоралар қаторида Яқин Шарқда жиҳодчиларга алоқадорликда гумонланаётган британияликларни “вақтинча” мамлакатга киритмасликни ўз ичига олиши мумкин.

Ўтган ойда америкалик журналист Жэймс Фоли Исломий давлат экстремистик гуруҳининг асли британиялик аъзоси тарафидан ўлдирилиши ортидан Британияга қайтаётган жиҳодчилар мамлакатда ҳужум уюштириши мумкин, деган хавотирлар туғилди.

Бесланда 2004 йил 1 сентябрь фожиаси қурбонлари хотирланди

2004 йилнинг 1 сентябрида шаҳар мактабларидан бирида рўй берган фожиада 334 киши, жумладан 186 нафар бола ҳалок бўлган эди.

Беслан фожиаси 10 йиллиги муносабати билан Россия жанубидаги бу шаҳарда минглаб одам воқеа қурбонларини хотирлагани тўпланди. 2004 йилнинг 1 сентябрида шаҳар мактабларидан бирида рўй берган фожиада 334 киши, жумладан 186 нафар бола ҳалок бўлган эди.

Ўшанда исломий экстремистлар 1100дан ошиқ ўқувчи ва ўқитувчини гаровга олиб, Чеченистондан Россия ҳукумати қўшинларини олиб чиқишни талаб қилган эди.

Қурбонларнинг аксари уч кунлик қарама-қаршиликдан кейин Россия хавфсизлик кучлари мактаб биносини ишғол қилаётган пайтда, портлаш ва отишма натижасида ҳалок бўлган.

Бу ҳужумдан кейин Россияда бир нечта самолёт ва Москва метросида портлашлар амалга оширилган эди. Исломий жангарилар зиммасига юклатилган бу хуружлар ортидан прездент Владимир Путин фуқаровий ва сиёсий эркинликларни чекловчи чораларни тадбиқ эта бошлади.

Freedom House каби халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари “Россия Федерацияси Беслан фожиаси юзасидан очиқ ва шаффоф тергов ўтказишдан бош тортаётганидан” ташвиш билдирди.

Назарбоев Россия етакчилигидаги Евроосиё Иттифоқидан чиқиш билан таҳдид қилди

Қозоғистон Президент Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўз мамлакати Евроосиё Иқтисодий Иттифоқидан чиқиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Агар Россия ва Беларус иштирокидаги ташкилотга аъзолик Қозоғистон мустақиллигига таҳдид соладиган тақдирда, бу масала кўриб чиқилади, дея таъкидлади Назарбоев.

30 август куни Хабар агентлигига берган интервьюсида Назарбоев “келишув бўйича аввал келишилган қоидаларга амал қлинмаса”, Қозоистон ЕИИдаги “аъзолигини бекор қилишга тўла ҳақилидир”, дея баён қилди.

“Қозоғистон мустақиллигига таҳдид солувчи ташкилотга Остона ҳеч қачон аъзо бўлмайди”, деди президент Назарбоев.

Россия Президенти Владимир Путин бир кун аввал, 29 август куни Назарбоев “ўз давлатчилигига эга бўлмаган маконда давлат яратишга эриша олди”, дея фикр билдирган эди.

Қрим минтақаси Москва томонидан аннексия қилингани ва Украина шарқидаги бўҳрон Ғарб ва Россияга қўшни давлатларда Кремль собиқ иттифоқнинг муайан ҳудудларида ўз назоратини ўрнатмоқчи, деган хавотирларни келтириб чиқарди.

Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи амалдаги Божхона Иттифоқи ўрнида тузилиб, 2015 йил 1 январдан фаолият бошлаши кутиломоқда.

Покистонда намойишчилар давлат телевидениесига бостириб кирди

30 август куни намойишчилар бош вазир қароргоҳига бостириб киришга уриниши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди.

Покистонда намойишчилар давлат телевидениеси биносига бостириб кириши ортидан, мамлакат бош вазири армия қўмондони билан учрашгани хабар қилинмоқда.

1 сентябрь куни юзлаб норозилар Исломободдаги PTV телеканалининг бош қароргоҳига бостириб кирди, лекин ҳарбийлар ва хавфсизлик кучлари, ортиқча зўравонликсиз, бинони намойишчилардан тозалашга муваффақ бўлди.

Бош вазир Навоз Шариф ва генерал Раҳил Шариф вазият таранглашаётган бир пайтда учрашди. Душанба куни эрталаб Шарифнинг резиденцияси олдида намойишчилар полициячилар билан тўқнаш келди.

Мухолифатчи Имрон Хон ва популист уламо Тоҳир ул-Қадрий бошчилигидаги намойишчилар бир неча ҳафтадан бери бош вазир Шариф итсеъфоси талаби билан норозиликларни давом эттирмоқда.

30 август куни намойишчилар бош вазир қароргоҳига бостириб киришга уриниши оқибатида 3 киши ҳалок бўлди.

Армия иккала тарафни бўҳронни тинч йўл билан ҳал этишга чақириб, айни пайтда, хавфсизликни таъминлашни ваъда қилди.

Украина шарқида жанглар давом этмоқда. Ҳукумат қўшинлари Луганск аэропортидан чекинди

Украина ҳукумати ўз қўшинлари россияпараст айирмачилар билан тўқнашулардан кейин Луганск аэропортидан чекингинанини маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Андрий Лисенконинг айтишича, 1 сентябрь куни ҳукумат кучлари “келишган ҳолда чекинган”.

Луганск ва Донецк шаҳарлари айирмачилар назоратида қолмоқда.

Украина ва Ғарб давлатлари Россияни айирмачиларни қўллаб-қувватлаётганликда айбламоқда. Москва бу айбловларни рад этмоқда.

Душанба куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров рус қўшинлари Украинадаги можарога аралашмайди, дея баён қилди.

Киев ҳукумати ва Ғарб давлатлари Россия ҳарбийлари аллақачон Украинага бостириб кирганини айтмоқда.

Ташқи муносабатлар институти талабалари олдида 1 сентябрь куни қилган чиқишида Лавров шарқий Украинада Россия “ҳарбий интервенция” амалга оширмайди, дея таъкидлади.

Украинанинг жануби-шарқий минтақаларида россияпарат айирмачилар ҳукумат қўшинлари билан жангларни давом эттирмоқда. Апрель ойидан бери давом этаётган можаро оқибатида 2600дан ошиқ одам ҳалок бўлди.

НАТО ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда Украина ҳудудида камида минг нафар Россия қўшини бор.

Лавров 1 сентябрь куни Минскда бўлиб ўтадиган учрашув иштирокчилари ўт очишни тўхтатишга эришишга ҳаракат қилишлари лозим, дея таъкидлади.

Унинг фикрича, Украина Президенти Петро Порошенко таклиф қилган сулҳ айирмачилардан қуролларни ташлашни талаб қилиши ва бу билан уларни ўлимга маҳкум қилиш билан баробардир.

Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи Киевдан ўз қўшинларини тинч аҳолини нишонга олиши мумкин бўлган позициялардан олиб чиқишни талаб қилиши керак, деди Лавров.

Атамбаев Газпром раҳбари билан музокаралар натижасини очиқлади

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев “Газпром” раҳбари Алексей Миллер билан учрашув чоғида, Бишкек, 2014 йил 27 августи.

31 август куни Бишкекда Қирғизистон мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанада нутқ сўзлаган президент Алмазбек Атамбаев мамлакатни газ билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Эслатиб ўтамиз, “Газпром” раҳбари Алексей Миллер 27 август куни Қирғизистонга келиб, президент Алмазбек Атамбаев ва бош вазир Жўўмарт Ўтўрбаев қабулида бўлганди.

Атамбаев Миллер билан учрашув чоғида шу йил октябридан Россия Қирғизистонга газнинг минг куб метрини аввалгидек 224 АҚШ долларидан эмас, балки 165 доллардан сотиши ҳақида келишувга эришилганини қайд этди.

Шунингдек, Қирғизистон президенти “Газпром” келаси йил баҳоридан мамлакат шимоли ва жанубини боғлайдиган газ қувури қуришни бошлаши ҳамда Жалолобод вилоятида жойлашган газ конлари разведкасига киришишини маълум қилди.

Шу йил апрель ойида “Қирғизгаз” Россиянинг “Газпром”ига сотилганидан кейин Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ беришни тўхтатиб қўйган.

Атамбаев беш ойдан буён газ йўқлигидан азият чекаётган жанубий вилоятлардаги энергетикага оид вазиятни яхшилаш учун “Газпром” ширкати 20 миллион доллар ажратишини ҳам қўшимча қилди. Айни пайтда у мазкур лойиҳалар 2016 йилга қадар поёнига етмаслигидан ҳам огоҳлантирди.

Путин: шарқий Украинада давлатчилик масаласи муҳокама қилиниши лозим

Россия президенти Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин шарқий Украинадаги зиддиятга барҳам бериш бўйича музокараларда бу минтақадаги давлатчилик масаласи ҳам муҳокама этилиши лозим, деган фикрда.

Кеча Россиянинг 1-канали орқали намойиш қилинган суҳбат чоғида Путин “жануби-шарқий Украинада яшаётган одамларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун у ерда жамиятни сиёсий жиҳатдан уюштириш ва давлатчилик масалалари бўйича... зудлик билан музокаралар бошлаш зарур”лигини таъкидлади. Путин Украинада одамлар отиб ташланаётган бир пайтда Москва бир четда қараб туролмаслигини билдирди.

Кейинроқ Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия президенти Украинадаги айирмачи Донецк ва Луганск вилоятлари учун “Новороссия” қабилидаги суверенитетни назарда тутмаганини билдирди. Песков мазкур ҳудудлар Украинанинг бир қисми бўлиб қолиши лозимлигини таъкидлади.

Ғарб Россияни шарқий Украинадаги айирмачиларни дастаклаётганликда айблаб келади. Москва эса бу айбловларни рад этиб келмоқда.

НАТО Европада яна бешта ҳарбий база очмоқчи

НАТО Европада бешта янги ҳарбий база барпо этиш ниятида. Бу ҳақда Германиянинг Frankfurter Allgemeine Zeitung нашри хабар қилади.

Нашр маълумотларига кўра, базалар Шарқий Европадаги беш давлат – Польша, Руминия, Эстония, Латвия ва Литвада қурилади. Бу базаларда тезкор жавоб ҳаракати бўлинмалари таркибидаги тўрт мингга яқин ҳарбий жойлаштирилади.

Газетанинг қайд этишича, шу тариқа НАТО раҳбарияти ўз аъзоларининг Россиядан хавфсизлигини кафолатламоқчи.

Янги базалар барпо этилиши бўйича режалар 4-5 сентябрь кунлари Уэльсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Путин: Украина шарқида давлатчилик масаласи муҳокама этилиши керак

Россия Президенти Владимир Путин.

Россия Президенти Владимир Путин Украина ҳукумати мамлакат шарқидаги қуролли тўқнашувларга барҳам бериш музокараларида минтақага давлатчилик мақоми бериш масаласи муҳокама этилиши кераклигини айтди.

Россиянинг Биринчи телеканали орқали 31 август куни эфирга узатилган интервьюсида президент Путин: “Украина жануби-шарқида яшайдиган одамларнинг қонуний манфаатларини шартсиз таъминлаш мақсадида техник масалалар борасида эмас балки, жамият ва давлатчиликни сиёсий шакллантириш билан боғлиқ масалалар борасида зудлик билан моҳиятан, мазмунли музокаралар бошлаш керак” деган.

Путин Украинада одамлар ўққа тутилаётганига Москва бир четда қараб тура олмаслигини қўшимча қилган.

Ғарб давлатлари Россияни Украина шарқида ҳукумат кучларига қарши қуролли кураш олиб бораётган айирмачиларни қўллаб-қувватлаётганликда айблаган.

Москва бу айбловларни инкор қилиб келмоқда. Европа Иттифоқи агар Россия Украина шарқидаги вазиятни юмшатиш чораларини кўрмаса, Россияга қарши янги санкциялар жорий қилишга таҳдид қилган.

Россия ва Украина ўнлаб асирни алмашди

Украинада асир олинган россиялик десантчилар 27 август куни Киевда уюштирилган матбуот анжуманида.

Украина асир олинган 10 нафар россиялик десантчини Россияга топширди, Россия эса давлат чегарасини кесиб ўтган пайтда ушланган 63 нафар украин аскарини Украинага қайтарди.

Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, асирлар 31 август куни эрталаб алмашилган.

Россиянинг НТВ телеканали маълумотига кўра, Нехотеевка чегара постида Россияга қайтариб берилган десантчиларни тиббий ва руҳий муолажадан ўтказиш учун улар Москвага жўнатилган.

Украина ўтган ҳафта қўлга олинган десантчилар Россия ҳарбийлари Украина шарқидаги можарода иштирок этаётганига далил эканини таъкидлаган.

Бироқ Россия патрул назоратини ўтаётган десантчилар чегара белгиланмаган ҳудудда Украина томонига янглиш ўтиб кетганини таъкидлаган.

Исломободдаги тўқнашувларда юзлаб намойишчи жароҳат олди

Покистон расмийлари пойтахт Исломободда полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувда камида уч киши нобуд бўлгани юзлаб одам жароҳат олганини билдирди.

31 август куни Бош вазир Навоз Шарифнинг резиденцияси олдига йиғилган намойишчиларни тарқатиш учун полиция ходимлари кўздан ёш оқизадиган газ қўллади.

Озодлик мухбирларига кўра, тўқнашувлар пайтида жароҳат олганлар орасида полиция ходимлари ҳам бор.

Намойишчилар Бош вазир Навоз Шарифнинг истеъфога чиқишини талаб қилмоқда.

Намойишчилар Шарифни 2013 йилги сайлов натижаларини соҳталаштириш орқали сайловда ғолиб чиққанликда айбламоқда.

30 август куни Навоз Шариф истеъфога чиқмаслигини яна бир марта қайтарди.

Намойишларга мухолифат лидерлари Имрон Хон ва таниқли уламо Тоҳир ул-Қадрий етакчилик қилмоқда.

ЕИ Россияга нисбатан янги санкциялар қўллашга тайёргарлик кўрмоқда

Европа Комиссияси президенти Ҳ.В. Румпей.

Европа Комиссияси президенти Ҳерман Ван Румпей ЕИ расмийлари бир ҳафта ичида Россияга нисбатан янги санкциялар қўллаш таклифини ишлаб чиқишини айтди. Румпей буни ЕИ лидерларининг 31 август куни Брюсселда бўлиб ўтган саммитидан кейин маълум қилди.

Германия Канцлери Ангела Меркел мухбирларга агар Украинадаги вазият ўзгармаса ёки ёмонлашса, Россияга қарши янги санкциялар жорий қилинишини урғулади.

Санкциялар қачон қўлланилиши ҳозирча маълум қилинмади.

Россия Европа Иттифоқининг учинчи йирик савдо ҳамкори ва ЕИнинг асосий газ ва нефт таъминотчиси ҳисобланади.

БМТ маълумотига кўра, Украинада ҳукумат кучлари билан Россия тарафдори бўлган айирмачилар ўртасида апрель ойидан бери давом этаётган тўқнашувларда шу кунгача 2600 киши нобуд бўлган.

Баррозо: Украина бўхрони қайтариб бўлмас нуқтага яқинлашмоқда

Европа Комиссияси раҳбари Жозе Мануэл Баррозо Украина бўхрони қайтариб бўлмас нуқтага яқинлашаётганидан огоҳлантирди.

Бугун Брюсселда Украина президенти Петро Порошенко билан учрашган Баррозо Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкцияларни ишлаб чиқаётганини айтди.

Жаноб Баррозога кўра, ЕИ Россияни Украина шарқидаги вазиятни юмшатиш бўйича музокараларга ундаш ва масалани сиёсий йўл билан ҳал этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

– ЕИ Россия билан конфронтацияга боришни хоҳламайди, янги совуқ уруши бутун қитъа учун фалокатли бўлиши мумкин, - деди Европа Комиссияси раҳбари.

Ўз навбатида Украина президенти Петро Порошенко Россия босқинини қоралади.

Европа Иттифоқининг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Кэтрин Эштон Россиянинг Украинадаги тажоввузкорона хатти-ҳаракатларига жавобан янги санкциялар бўйича қарор бугун кечга яқин қабул қилинишини айтди.

Брюсселдаги саммитда Европа Иттифоқининг янги раҳбарлари сайланади

Европа Иттифоқи раҳбарларининг Брюсселдаги саммитида ташкилот раҳбари Херман ван Ромпей ҳамда ЕИнинг ташқи алоқалар ва хавфсизлик бўйича вакили Кэтрин Эштон ўрнини ким эгаллаши маълум бўлади.

Эштон хоним келаси ой оҳирида лавозимини тарк этиши керак. Уни ўрнига Италия ташқи ишлар вазири Федерика Могерини номзоди илгари сурилиши кутиляпти.

Шарқий Европа етакчилари Могеринини тажрибасиз дипломат сифатида Москвага нисбатан юмшоқ бўлаётганликда танқид қилишади.

Европа Иттифоқи президентлигига эса Полша бош вазири Доналд Туск асосий даъвогар сифатида кўрилмоқда.

Германия Канцлери Ангела Меркел ҳам Туск номзодини қўллаб-қувватламоқда.

Полша Шойгу учоғини ўз ҳудуди орқали ўтказмаганини тасдиқлади

Варшава ҳукумати Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу учоғининг Полша ҳаво худуди орқали учиб ўтишига рухсат бермаганини тасдиқлади.

Полша расмийларига кўра, Россия мудофаа вазири учоғининг мақоми номаълум сабабларга кўра ҳарбий учоқ қилиб ўзгартирилгани бунга сабаб бўлган.

Жума куни Шойгунинг учоғи Полша ҳаво худудига қўйилмагани сабаб Братислава аэропортига қайтиб қўнишга мажбур бўлган.

Шойгу Братиславада словак миллий қўзғолонининг 70 йиллиги тантаналарида қатнашиб, Москвага қайтаётганида Полша ҳаво ҳудудидан учишига руҳсат берилмагани хабар қилинган эди.

Бостон портлашлари гумонланувчиси Жоҳар Царнаев суди кечиктирилишини сўрамоқда

Бостондаги марафон пайти портлашларни содир этганликда гумонланаётган Жоҳар Царнаев ўзи устидан кутилаётган маҳкамани келаси йилнинг 15 сентябрига қадар кечиктиришни сўрамоқда.

Царнаев адвокатлари прокуратура тадим этаётган далилларни ўрганиб чиқиш учун кўпроқ вақт зарурлигини айтишмоқда.

Царнаев 2013 йил апрел ойида АҚШнинг Бостон шаҳридаги марафон пайти уч киши ўлимига сабаб бўлган портлашлар бўйича ўзига қўйилган айбловларни рад этиб келади.

Ўша портлашларда 260дан ортиқ инсон яраланганди. Айби исботлангани тақдирда Царнаев ўлимга ҳукм этилиши мумкин.

ЕИ раҳбарлари Брюсселда Россияга қарши чораларни мухокама этади

Европа Иттифоқи етакчилари бугун Брюсселда учрашиб, Украинадаги бўхрон ва у ерда вазиятни кескинлаштираётган Россияга қарши қўшимча чораларни қўллаш масаласини мухокама этади.

Украина президенти Петро Порошенко ҳам мазкур мухокамаларда қатнашиши кутилмоқда.

Аввалроқ НАТО Россия Украинага минг аскарли қўшини ва оғир қуролларни киритгани ҳақда баёнот берган эди.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен бу Украинада беқарор вазият яратишга уриниш ва мамлакат суверенлиги “қўпол равишда бузилгани”га яққол мисол эканини айтди.

Россия эса Украинага бостириб кирганини рад этмоқда. 29 август куни Европа Ташқи ишлар вазирлари Россияга қарши янги санкцияларни қўллаш масаласини кўтарган эди.

БМТ: Украинада апрель ойидан бери 2600 одам нобуд бўлди

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси расмийси Жианни Магаззени Инсон ҳуқуқларига оид янги ҳисоботни тақдим этмоқда, Женева ш., 2014 йил 29 август.

БМТ Украина шарқида апрель ойида зўравонликлар бошланганидан бери қарийб 2600 одам нобуд бўлгани ва асосан Россия тарафдори бўлган айирмачилар тарафидан инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилгани, одам ўғирланиши ва қийноққа солиниши воқеалари қайд этилганини билдирди.

29 август куни Киев ва Женева шаҳарларида тақдим этилган ҳисоботда Украина ҳукумати кучлари ҳам айирмачиларни улар эгаллаб олган ҳудуддан сиқиб чиқаришда инсон ҳуқуқларини бузгани маълум қилинган.

БМТ Украинадаги зўравонликларда талафотлар сони кескин ошганини, кунига тахминан 36 киши нобуд бўлаётганини жанглар аҳоли зич яшайдиган ҳудудда бораётгани билан изоҳланган.

БМТ ҳисоботига кўра, ҳозир Украинада қанча одам тутқунликда қолаётгани аниқ эмас.

17 августга қадар 468 киши турли қуролли гуруҳлар томонидан қўлга олингани тахмин қилинмоқда.

НАТО раҳбари Россияни Украинада ҳарбий амалиётлар олиб бораётганликда айблади

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Россияни Украинада “бевосита ҳарбий амалиётлар олиб бораётганлик”да айблади.

НАТОнинг 29 август куни Брюсселда бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишида Украинадаги сўнгги вазият муҳокама қилинди.

Учрашувдан кейин сўзлаган Расмуссен “Россия қўшинлари ва қуроллари Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани ҳозирда аниқ ва равшан бўлгани”ни урғулади.

НАТО Бош котиби бу Украинада беқарор вазият яратишга уриниш ва мамлакат суверенлиги “қўпол равишда бузилгани”га яққол мисол эканини айтди.

Андерс Фог Расмуссуен Россияни Украина шарқидаги айирмачиларга танклар ва замбараклар етказиб берганлик, Россия ва Украина ҳудудидан туриб украин қўшинларини ўққа тутганликда айблади.

Ундан олдин Россия Украинадаги воқеаларга алоқадор экани ҳақидаги иддаоларни “тахмин” деб уни инкор қилган эди.

БМТ: Уч миллиондан ортиқ одам Сурияни тарк этди

Туркиянинг Ғазантеб шаҳри яқинидаги суриялик қочқинларнинг "Каркамиш" лагери, 2014 йил январь.

БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссарлиги фуқаролар уруши сабабли 3 миллиондан ортиқ суриялик мамлакатни тарк этганини билдирди.

Ташкилот маълумотига кўра, бир йил олдин хориждаги суриялик қочқинлар сони бир миллион кишини ташкил этган.

Қароргоҳи Женевада жойлашган БМТ ташкилоти Сурия ҳудудида яна 6,5 миллион аҳоли ўз уйларини ташлаб бошқа жойларга қочишга мажбур бўлгани маълум қилди.

БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича Олий комиссари Антонио Гутеррес 29 август куни чиқарган баёнотга кўра, Сурия бўҳрони ҳозирги замон тарихида энг катта гуманитар бўҳронни юзага келтирган.

2011 йил март ойида Сурияда уруш ҳаракатлари бошланганидан бери мамлакат аҳолисининг қарийб ярми жон сақлаш учун ўз уйларини ташлаб бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, Сурия аҳолиси 23 миллион кишини ташкил этади.

Ўтган ҳафта БМТ Суриядаги уруш ҳаракатлари оқибатида 190 минг киши нобуд бўлганини маълум қилган эди.

Киев Россияни Украинадаги айирмачиларни бошқараётганликда айблади

Донецк шаҳри яқинидаги айирмачилар, 2014 йил 28 август.

Киев расмийлари Россия Президенти Владимир Путиннинг айирмачиларни Украина шарқида қуршовда қолган украин қўшинларига “гуманитар коридор” очиб беришга чақиргани можарода Москванинг қўли борлигига исбот эканини айтди.

Украина расмийлари 29 август куни эълон қилган баёнотда Путиннинг чақириғи фақат бир нарсани, яъни, айирмачилар Кремль томонидан бошқарилаётгани ва назорат қилинаётганига далил экани таъкидланган.

Путин “Новороссия” деб атаган Украинадаги айирмачиларни қуршовда қолган украин қўшинлари соғ-омон чиқиб кетиши учун уларга коридор очиб беришга чақирган.

Россия империяси даврида Украина жанубидаги ҳудудлар “Новороссия” деб аталган.

Путиннинг ушбу атамани ишлатгани, Кремль Донецкдан Молдованинг Россия тарафдори бўлган Днестр ўлкасигача бўлган ҳудудни қўшиб олишни режалаган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирни кучайтирди.

Жорий йил март ойида Россия Қирмни ўз ҳудудига аннексия қилгани халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.

29 август куни Брюсселда НАТО элчиларининг навбатдан ташқари учрашуви ўтказилади.

Йиғилишда Украинадаги бўҳрон муҳокама этилиши режаланган.

НАТО маълумотига кўра, Шарқий Украинада камида бир минг россиялик ҳарбий бор.

Россия Мудофаа вазирлиги НАТО иддаосини рад қилди.

29 август куни Москвада ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Россия ҳарбийлари Украина ҳудудига бостириб кирганини исботловчи далиллар тақдим этилмаганини урғулади.

- Айбловлар биринчи марта янграётгани йўқ. Бўҳрон бошланганидан бери бунинг ҳаммаси учун бизни айблаб келишяпти. Ҳар-хил уйдирмани биринчи марта эшитаётганимиз йўқ. Бизга бирор марта далилларни тақдим этишгани йўқ,- деди Россия Ташқи ишлар вазири.

28 август куни Оқ Уйда сўзлаган АҚШ Президенти Барак Обама Украина шарқидаги зўравонлик учун Россияни айблади.

Обама Москвани Украинадаги айирмачиларни тайёргарликдан ўтказганлик, қуроллар ва молия билан таъминлаётганликда айблади.

АҚШ раҳбари Германия Канцлери Ангела Меркел билан сўзлашгани ва икки давлат раҳбарлари Россия ўз ҳатти-ҳаракатлари оқибатини кўриши керак, деган фикрга келганларини айтди.

Меркелга кўра, Европа Иттифоқи раҳбарларининг 31 август куни бўладиган саммитида Россияга қарши қаттиқроқ санкциялар қўллаш масаласи муҳокама этилади.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 28 август кунги фавқулодда йиғилишида Ғарб давлатлари вакиллари Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатларини кескин танқид қилди.

Aнжелинa Жоли вa Бред Питт рaсмaн никоҳдан ўтдилар

Aмерикaлик кино юлдузлaри Aнжелинa Жоли вa Бред Питт рaсмaн қонуний никоҳ қурдилaр.

Фрaнциянинг Провaнс вилоятидa ўтгaн ёпиқ тўй мaросимидa фaқaт яқин дўстлaр вa оилa aъзолaри иштирок этгaни aйтилмоқдa.

23 aвгустдa бўлиб ўтгaн никоҳ кечaси ҳaқидa жaмоaтчиликгa 28 aвгуст куни мaълум қилинди.

Aнжелина Жоли вa Бред Питт тўққиз йилдaн бери биргa яшaб келишaди. Aктёрлaрнинг олти нaфaр фарзанди бор – улaрнинг учтaси aсрaб олингaн.

Aктёрлaр Голливуд филмлaридaги тaниқли роллaридaн тaшқaри қaтор ҳaйрия ишлaри билaн ҳaм тaниқлидир.

Жоли БМТнинг Қочқинлaр бўйичa олий комиссaрлигидa яхши ният элчиси сифaтидa фaолият юритгaн. Питт ҳaм бир нечтa ҳaйрия тaшкилотлaридa фaоллик қилaди.

Жоли ва Питт 2005 йили биргaликдa сурaтгa тушгaн “Жaноб вa Хоним Смит” филмидaн сўнг биргa яшaб келишaди.

Футбол: Равшан Эрматов Россия-Озарбайжон ўртоқлик учрашувини бошқаради

Ўзбекистонлик футбол ҳaкaми Равшан Эрматов Россия ва Озарбайжон терма жамоалари ўртасидаги халқаро ўртоқлик учрашувини бошқарaди.

Россия Футбол Иттифоқи Равшан Эрматов борасида Ўзбекистон футбол федерaциясигa расмий таклиф жўнатгани ва Эрматов бригадаси ушбу учрашувда ишлаши тасдиқлангaни хaбaр қилинмоқдa..

3 сентябрь куни Москвa шaҳридa ўтaдигaн мaзкур учрашувда Эрматовга қанотларда ФИФА лайнсменлари Абдуҳамидулло Расулов ва Алишер Усмонов ёрдам беришади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG