Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2019, Тошкент вақти: 00:26

Халқаро янгиликлар

Уйғуристонда полиция олти кишини отиб ўлдирди

Хитой полицияси Шинжон мухтор вилоятида рўй берган сўнгги зўравонликлар пайтида бомба портлатишга уринган олти кишини отиб ўлдирганини билдирди.

Шинжон ҳукуматига қарашли Тиёншон хабар агентлигига кўра, 12 январь куни Қашғар шаҳрида полициячиларга болта билан ҳужум қилиб, кейин портловчи мосламани ҳаракатга келтиришга уринган шахс отиб ўлдирилган. Хабарда яна келтирилишича, бу ҳодисалар пайтидаги “тозалаш операцияси” натижасида яна беш нафар гумонланувчи отиб ўлдирилган. Бомба портлатишга уринганликда гумон этилиб ўлдирилган эркакларнинг шахслари аниқлаштирилгани йўқ.

Шинжонда Хитой ҳукумати кучлари билан уйғурлар ўртасидаги зўравонликлар оқибатида сўнгги икки йил ичида 400дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Расмий Пекин бу зўравонликларда уйғур жангариларини айблаб келади.

Уйғурлар ўз ҳақлари Хитой ҳукумати тарафидан камситилишидан шикоят қилиб келади.

Афғонистон янги ҳукуматига номзодлар орасида уч нафар ўзбек бор

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани мамлакат вазирлар маҳкамасига номзодалрани эълон қилди. Баҳсли сайлов ортидан тузилиши ойларга чўзилган ҳукуматга уч нафар этник ўзбек вазири ҳам кирди.

Афғонистон иқтисодиёт вазирлигига Сардор Муҳаммад Раҳмон ўғли, транспорт вазирлигига Файзуллоҳ Закий ва ахборот ва маданият вазирлигига Ойсултон Хайрий хоним тайинланди.

Президент Ғани маъмурияти раҳбари Абдул Салом Раҳимий 25 кишилик вазирлар маҳкамасига даъвогарлар исмларини 12 январь куни Кобулда ўтказилган маросимда эълон қилди. “Миллий бирлик” ҳукумати, деб аталаётган кабинетга номзодлар орасида уч нафра аёл ҳам бор. Булар олий таълим, ахборот ва маданият ҳамда аёллар масалалари бўйича вазирларидир.

Президент Ғани ва унинг собиқ рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ янги ҳукумат таркиби бўйича келишиб олишлари учун бир неча ой талаб этилди.

Берлинда Украина бўҳронига доир ташқи ишлар вазирлари даражасидаги учрашув ўтказилмоқда

Бугун Берлинда Украина, Россия, Германия ва Франция ташқи ишлар вазирлари учрашади. Украина бўҳронидан чиқиш масласига бағишланган сўзлашувлар айни масала хусусида жорий ҳафта Қозоғистон пойтахти Остонада айни давлат етакчилари иштирокида ўтказилиши кутилаётган саммитдан олдин уюштирилмоқда.

Германия Канцлери Ангела Меркель ўтган шанба куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон суҳбати чоғида 15 январга белгиланган саммит 5 сентябрь сулҳ битимига амал қилинсагина, ўтказилишини билдирди.

Минскда имзоланган сулҳ деярли кундалик равишда бузилмоқда ва ўтган йилнинг апрель ойидан бери Украина шарқида россияпараст айирмачилар билан ҳукумат қўшинлари ўртасидаги қуролли тўқнашув оқибатида 4700дан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Франция Президенти Франсуа Олланд ҳам тинчлик ўрнатиш томон реал натижага эришиш имкони бўлсагина, Остона саммитида қатнашишини билдирган.

Россия ҳам Остона саммити ўтказилмаслиги эҳтимоли бор, демоқда. 12 январь куни Ведомости газетаси Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг “тайёргарлик ишлари давом этмоқда... ва кейинги қадамларимиз натижаларга боғлиқ бўлади”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

АҚШ давлат котиби танқидлар ортидан Парижга сафар қилишини билдирди

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри жорий ҳафта Парижга сафар қилиб, Франция расмийлари билан экстремизмга қарши кураш масаласини муҳокама қилиш ниятида эканини билдирди. Ҳиндистонга сафари чоғида 12 январь куни қилган чиқишида Керри Парижда пайшанба ва жума кунлари бўлишини маълум қилди.

АҚШ Президенти Барак Обама маъмурияти 11 январь куни Парижда ўтказилган бирлик маршига юқори даражадаги мулозимни жўнатмагани учун танқидга учрамоқда. Ўтган ҳафта Парижда ҳажвий журнал таҳририятига қилинган ҳужум ортидан якшанба куни уюштирилган намойишда бир миллиондан ортиқ одам, жумладан жаҳон давлатларидан 40га яқин етакчи иштирок этди.

Керри АҚШнинг энг яқин иттифоқчиларидан бири билан бирдам эканини намойиш қилиш мақсадида эканини баён қилди. Унинг айтишича, бирдамлик марши ўтказилишидан хабар топгач, ўз ёрдамчиларидан имкон қадар тезроқ Парижга сафар уюштиришни илмтимос қилган.

Керри Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус билан учрашади ҳамда 7-9 январь кунлари рўй берган ҳужумлар қурбонларини хотирлайди.

Немис вазири ПЕГИДАни аксилисломий митингларни бекор қилишга чақирди

Германиянинг Дрезден шаҳрида ҳам Европанинг кўплаб шаҳарларида бўлгани каби исломий либос кийган аёлларни кўп учратиш мумкин.

Германия адлия вазири Хайко Маас Европанинг исломийлашишига қарши чиқаётган ПЕГИДА ташкилоти фаолларини душанба куни Дрезден шаҳрида ўтказиш мўлжалланган навбатдаги митингни бекор қилишга чақирди.

Bild нашрига берган интервьюсида Хайко Маас “ПЕГИДА аъзоларида зиғирдай инсоф бўлса, улар бу чиқишни бекор қилишлари лозим”, деган.
Вазирга кўра, Парижда содир этилган террорчилик хуружларининг 17 қурбони “бу каби ташвиқотчилар вазиятдан фойдаланиб қолишларига” муносиб эмас.

ПЕГИДА (қисқартма “Ғарб исломийлашувига қарши бўлган ватанпарварлик кайфиятидаги европаликлар” деган маъно ташийди) ўз тарафдорларини Франция пойтахтида ҳалок бўлганлар хотирасига душанба куни ўтказилажак акцияга қўлларига қора боғич бойлаган ҳолда келишга чақирган.

10 январь куни ирқчилик ва ксенофобияга қарши Дрезденда бўлиб ўтган тадбирда 35 минг чоғли одам қатнашган. Бу саноқ ПЕГИДА уюштирган энг йирик митингдаги иштирокчилар сонидан қарийб икки баробар кўпдир.

Париждаги бирлик маршида 1,5 миллиондан зиёд киши иштирок этди

Парижнинг Республика хиёбонидаги акцияга йиғилган кишилар, 2015 йилнинг 11 январи.

Террор хуружларида қурбон бўлганлар хотираси учун якшанба куни Франция пойтахтида ўтказилган бирлик маршида 1,5 миллиондан зиёд киши ва 40 дан ортиқ давлат раҳбари қатнашди. Франция президенти Франсуа Олланд таъбирича, бу акция Парижни дунё пойтахтига айлантирган.

Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 11 январь куни бутун мамлакат бўйлаб камида 3 миллион 700 минг киши экстремизмга қарши тадбирларда иштирок этган.

Париж марказида бўлиб ўтган акцияда террор хуружлари чоғида ҳалок бўлган Charlie Hebdo сатирик журнали ходимлари, полициячи аёл ва яҳудий дўконидагилар дохил 17 кишининг яқинлари ҳам франциялик ва хорижлик расмийлар билан ёнма-ён турдилар.

Associated Press агентлиги Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда, 11 январдаги марш Франция тарихида энг йирик оммавий тадбир бўлгани ҳақида ёзди.

Маълумотларга кўра, кечаги акция чоғида хавфсизликни таъминлаш учун 5500 чоғли полициячи ва аскар жалб этилган.

Тўрт давлат бош дипломатлари Украина бўҳрони бўйича Берлинда музокара ўтказади

Германия, Россия, Украина ва Франция ташқи ишлар вазирлари ўтган йилнинг август ойида ҳам Берлинда музокара ўтказгандилар.

12 январь куни Германия, Россия, Украина ва Франция ташқи ишлар вазирлари Украинадаги бўҳрон бўйича музокара ўтказиш учун Берлинга йиғиладилар.

Дипломатларнинг бу учрашуви мазкур тўрт давлат лидерининг Остона шаҳридаги муҳтамал саммити белгиланган кунларга тўғри келмоқда. Аммо Германия канцлери Ангела Меркель 10 январь куни Россия президенти билан телефон орқали суҳбат чоғида Путинни Украина бўҳронида илгари силжиш бўлмас экан, Остона саммити ўтказилмаслигидан огоҳлантирган. Меркель Путинни Минскда эришилган тинчлик шартномаси шартларини бажаришга чақирган.

Франция президенти Франсуа Олланд ҳам Қозоғистон пойтахтидаги саммитга Украина бўҳронига оид масалада олға силжиш борлигига амин бўлганидагина боришини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Украина шарқида ҳукумат кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасидаги жанглар ўтган йилнинг апрель ойидан буён давом этмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, бу ердаги қуролли тўқнашувлар оқибатида 4 минг 700 дан зиёд киши ҳалок бўлган.

Хорватияда илк бор аёл киши президентликка сайланди

Колинда Грабар-Китарович Хорватия тарихида илк бор президент этиб сайланган аёл бўлди.

Хорватияликлар ўз тарихида биринчи марта аёл кишини президент қилиб сайладилар.

11 январь куни бўлиб ўтган сайловларнинг иккинчи даврасида мухолифат вакиласи Колинда Грабар-Китарович амалдаги давлат раҳбари Иво Йосиповични доғда қолдирди. У ўз рақиби устидан бор-йўғи 21 мингтага кўп овоз билан ғалаба қозонгани айтилмоқда.

2014 йилнинг 28 декабрь куни Хорватияда ўтказилган президент сайловининг биринчи давраси натижаларига кўра, амалдаги президент Иво Йосипович озроқ фарқ билан олдинда бораётганди.

Хорватияда президент унча катта ваколатга эга эмас. Шунга қарамай, таҳлилчилар президент сайловининг шу йил охирида ўтажак парламент сайлови олдидан сайловчилар кайфиятини аниқлашга имкон берувчи барометр вазифасини ўтаганини таъкидламоқдалар. Таҳлилчиларга кўра, Грабар-Китаровичнинг ғалабаси у тамсил этган мухолифатнинг ҳокимият тепасига келиш имкониятини сезиларли даражада оширади.

2013 йилда Европа Иттифоқига қўшилган Хорватияда ҳали-ҳамон иқтисодиёт оқсаётганини кузатиш мумкин. Бу мамлакатда ишсизлик даражаси қарийб 20 фоизни ташкил қилади.

Кечаги сайловда ғолиб чиққан Колинда Грабар-Китарович аввал ташқи ишлар вазири ва Хорватиянинг АҚШдаги элчиси вазифаларида ишлаган.

Канцлер Меркел президент Путинни Украина масаласида огоҳлантирди

Германия канцлери Ангела Меркел Россия президенти Владимир Путинни Украина бўҳронида илгари силжиш бўлмас экан, Астана саммити ўтказилмаслигидан огоҳлантирди.

Канцлер хоним президент Путинни Минскда эришилган тинчлик шартномаси шартларини бажаришга чақирди.

Меркел матбуот котиби Штефан Шебертнинг маълум қилишича, икки расмий 10 январь куни телефон орқали суҳбатлашган.

Меркел хоним ушбу мулоқот чоғида Москва расмийларини Украина шарқидаги россияпараст кучларга таъсир ўтказиш йўли билан "ўзаро англашув"га эришишга ҳисса қўшишга чақирган.

15 январь куни Астанада бўладиган саммитда Франция, Германия, Россия ва Украина расмийларининг иштирок этиши кутилмоқда.

АҚШ ва ЕИ расмийлари чегара назоратини оширишга келишди

АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер

АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер 18 фераль куни Вашингтонда "дунё бўйлаб зўравон экстремизм"га қарши кураш масаласи муҳокама қилинадиган саммит бўлиб ўтишини маълум қилди.

Париждаги террор ҳужумидан сўнг уюштирилаётган ушбу саммитда, Бош прокуророрга кўра, дунё етакчилари террорга қарши курашда қўллаш мумкин бўлган барча имкониятларини кўриб чиқади.

АҚШ Бош прокурори Парижда ЕИ давлатлари адлия ва ички ишлар вазирлари билан учрашгач, шундай баёнот берди. Ушбу учрашувда бундан буён ЕИ давлатлари ўз чегараси бўйича назоратни кучайтириши зарурлиги таъкидланди.

АҚШ Бош прокурори Эрик Ҳолдер 11 январь куни Парижда бўладиган Бирлик маршида иштирок этади.

Париж террорчиликка қарши оммавий митингга ҳозирлик кўрмоқда

10 январь куни Францияда ўтган норозилик намойишларидан бири.

Бугун Франция пойтахтида террорчиликка қарши кўп минг кишилик намойиш ўтказилиши режаланган. Франция ички ишлар вазири Бернар Казневнинг билдиришича, тадбир иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш учун у ерга юзлаб аскар ва минглаб полициячи йўлланади. Айни пайтда вазир 17 киши ҳаётига зомин бўлган уч кунлик террор хуружларидан сўнг юртдошларини “ўта хушёр” бўлишга чақирган.

Парижда ўтажак бугунги митингда Германия канцлери Ангела Меркель, Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ва Украина президенти Петро Порошенко дохил европалик қатор лидерлар иштирок этиши кутилмоқда.

Бернар Казневга кўра, 10 январь куни Франция бўйлаб зўравонликка қарши ўтказилмиш норозилик тадбирларида 700 минг чоғли одам қатнашган. Бугунги Париж марши эса Тошкент вақти билан соат 19.00 да бошланиши кутилмоқда.

7 январь куни Charlie Hebdo сатирик журнали таҳририятига ҳужум билан бошланган бир неча террорчилик хуружидан сўнг полиция томонидан уч жанггари ўлдирилган.

Покистондаги автоҳалокатда камида 65 киши нобуд бўлди

Покистонда автоҳалокатга учраган автобуснинг ичи, 2015 йилнинг 11 январи.

Покистоннинг Карачи шаҳри яқинида одам тўла автобус бензин ташийдиган юк машинаси билан тўқнашиб кетгани оқибатида камида 65 киши ҳалок бўлди. Нобуд бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бўлгани айтилмоқда.

Полиция расмийси Муҳаммад Анварга кўра, катта тезликда кетаётган автобус қаршидан келаётган бензин ташувчи машина билан тўқнашганидан кейин ҳар иккала машина ёниб кетган. Бу авария айбдори бензин ташувчи машина ҳайдовчиси экани тахмин қилинмоқда.

190 миллиондан зиёд аҳоли яшайдиган Покистонда киши ўлимига олиб келган йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлиб туради. Кўплаб одам ҳалок бўлган ана шундай автоҳалокатлардан бири ўтган йилнинг ноябрида содир бўлганди. Ўшанда авария оқибатида 58 киши ҳаётдан кўз юмган.

Украина шарқида жанг шиддати совимаяпти

Шанба куни Украина шарқидаги айирмачилар Киев кучлари позицияларини 34 марта ўққа тутганлар. Бу ҳақда УНИАН агентлиги ҳукумат кучлари амалиётлари матбуот марказидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Бу маълумотларга кўра, шиддат маркази ҳамон Донецк аэропорти ва унга яқин аҳоли пунктлари бўлиб қолмоқда.

Айни пайтда айирмачилар ҳам ўз позициялари Киев кучларига тегишли тўплардан ўққа тутилганини айтаяптилар. Уларга кўра, украин артиллерияси кеча Донецк атрофидаги айирмачилар позициясини ўн мартага яқин нишонга олган.

Францияда террорчиларни қўлга олиш амалиётида гаровдаги 4 одам ҳалок бўлган

Франция президенти жума куни қилган чиқишида Charlie Hebdo журналига ҳужум қилганларга қарши амалиёт пайтида террорчилар томонидан гаровга олинган 4 одам ҳалок бўлганини, шунингдек, уч террорчи отиб ўлдирилганини билдирди.

Муҳаммад Пайғамбарга карикатура эълон қилган Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига 7 январь куни қилинган ҳужумда 12 одам ҳалок бўлиб, 11 одам яраланган эди. Қуашийлар ушбу ҳужумни уюштирганликда гумонланилди.

Парижнинг шимоли-шарқидаги Даммартэн-ан-Гёль туманидаги бир омборхонада яширинган Шариф ва Саид Қуайшийполиция ишғоли пайтида ўлдирилган. 9 январь куни Париждаги озиқ-овқат дўконида тўрт кишини ўлдириб, яна тўрт одамни гаровга олган Амед Кулибали ҳам полиция ўқидан ҳалок бўлди.

Мазкур шахсларнинг барчаси битта террор гуруҳининг аъзолари экани айтилмоқда.

Керри Эрон ташқи ишлар вазири билан ядровий дастурни муҳокама қилади

Жон Керри ва Жавод Зариф.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф 14 январь куни Теҳрон ядровий масаласини муҳокама қилиш учун Женевада учрашади.

Мазкур учрашув дунёнинг олти етакчи давлатлари Теҳрон ядровий дастури юзасидан музокараларнинг навбатдаги босқичини бошлаши арафасида ўтказилади. Ядровий дастур бўйича музокаралар 18 январда бошланиши режалаштирилган.

Британия, Франция, Хитой, Россия, Германия, АҚШ ва Эрон расмийлари иштирокида ўтадиган музокаралар натижасида томонлар июнь ойи охиригача Теҳрон ядровий дастури юзасидан муросали келишимга эришишга умид қилмоқда.

Ғарб Эронни ядровий қурол яратишга уринаётганликда айблаб келади. Бироқ Теҳрон бу иддаони рад этиб, ядровий дастур тинчлик мақсадларини кўзлаганини билдирмоқда.

Имом Абу Ҳамза умрбод қамоққа ҳукм қилинди

Абу Ҳамза ал Масрий.

Қўшма Штатларда келиб чиқиши мисрлик бўлган имом Абу Ҳамза ал Масрий террорчиликда айбдор деб топилди ва бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Федерал прокурор Эдуард Ким “Абу Ҳамза сўзлари учун эмас, балки Яман, Афғонистон ва Қўшма Штатларда содир этилган жиноятлари учун ҳукм қилинди”, деб билдирди.

Бир қўли ва бир кўзи йўқ ногирон имом Абу Ҳамза Лондондаги масжидлардан бирининг имоми бўлган. У 2012 йилнинг 11 майида Лондондан АҚШга экстрадиция қилинган эди. Абу Ҳамза 1998 йилда Яманда сайёҳларни ўғирлашни ҳамда АҚШда террорчиларни машқлантирувчи лагерь ташкил этишни режалаштирганликда айбланган.

Покистондаги масжидлардан бирида жума намози вақтида бомба портлатилди

Покистон расмийлари Исломобод яқинидаги Равалпинди шаҳридаги шиалар масжидида худкуш террорчи ўзини портлатгани ҳақида хабар берди.

9 январь куни содир этилган портлаш оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган, 13 одам яраланган. Мазкур портлаш суннийларнинг шиалардан ўч олиш амалиёти экани айтилмоқда.

4 январь куни Покистоннинг шимоли ғарбий қисмида волейбол майдонига шиалар ўрнатган бомба портлаши оқибатида камида 5 киши ҳалок бўлгани ҳабар қилинган эди.

Туркияда татуировкага қарши фатво берилди

Туркия мусулмонлари диний идораси баданида татуировкаси бор мусулмонларни баданларидаги суратларни ўчиришга, агар бунинг иложи бўлмаса “Аллоҳга тавба тазарру қилишга” чақирди.

Диний идора фатвосида айтилишича, баданга сурат чизиш, бадан ва қошдаги тукларни териш исломда тақиқланган.

Бундай фатво Туркияда айниқса ёшлар орасида татуировка модага киргани муносабати билан берилган.

Ўтган йилнинг сентябрида Туркия ҳукумати мактаб ўқувчиларига макияж, татуировка ва пирсинг қилишни тақиқлаган эди.

Париж дўконидаги гаровгир Амед Кулибали ва унинг шериги ўлдирилди

Ҳаят Бумедьен ва Амед Кулибали

Париждаги озиқ-овқат дўконида тўрт кишини ўлдириб, яна тўрт одамни гаровга олган қуролли шахс ўлдирилди.

Гаровгирнинг шахси аниқлангани, унинг 32 яшар Амед Кулибали экани айтилди.

Француз матбуотига кўра, Кулибалининг шериги экани гумон қилинган 26 яшар аёл Ҳаят Боумедьен ҳам ўлдирилган.

Полиция Кулибалининг бир кун аввал полициячи аёлни ўлдирган шахснинг айни ўзи эканини айтди.

8 январь куни Парижнинг Монруж шаҳарчасида номаълум шахснинг қуролли ҳужумида бир полициячи ўлган, яна бир полициячи жароҳатланган эди.

Бу икки ҳодиса Charlie Hebdo ҳажвий журнал таҳририятига қилинган ҳужум билан боғлиқ экани айтилди.

Франция полицияси Charlie Hebdoга ҳужум ва кейинги икки ҳужумда гумонланаётганларнинг барчаси битта исломий гуруҳ аъзолари эканини тахмин қилмоқда.

Ака-ука Қуашийлар ўлдирилди

Ака-ука Шариф ва Саид Қуашийлар

Франция полицияси маълумотига кўра, Charlie Hebdo журналига ҳужум қилганликда гумонланаётган ака-ука Шариф ва Саид Қуашийлар полиция ишғоли пайти ўлдирилган.

Француз матбуоти хабарига кўра, Қуашийлар хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган.

Қуашийлар гаровда ушлаб турган шахс эса қутқарилган. Унинг аёл киши экани айтилганди.

Франция Қуашийларни қидириш ишларига 88 минг полициячи ҳамда ҳарбий жалб қилди.

Ака-укалар кун давомида Парижнинг шимоли-шарқидаги Даммартэн-ан-Гёль туманидаги бир омборхонада яширинган ва полиция жума куни уларни қуршовда ушлаб турди.

Ушбу тадбир боис маҳаллий мактаблар ёпилган ва самолёт рейслари бекор қилинган.

Муҳаммад Пайғамбарга карикатура эълон қилган Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига 7 январь куни қилинган ҳужумда 12 одам ҳалок бўлиб, 11 одам яраланган эди. Қуашийлар ушбу ҳужумни уюштирганликда гумонланилди.

АҚШнинг олий мартабали расмийларидан бири матбуотга Саид Қуайший бир неча йил аввал Яманга борганини айтган. Гувоҳларнинг билдиришича, ҳужум олдидан Қуайший Ал Қоидага содиқ экани ҳақида қасам ичган. Қуайшийлар АҚШга киришга рухсат этилмаган шахслар рўйхатида бўлгани айтилмоқда.

Донецкдаги отишмада икки киши ўлди

Пайшанба куни Донецкдаги отишмаларда икки киши ҳалок бўлди, етти киши эса жароҳатланди.

Отишмалар Донецк шаҳрининг Киев, Киров, Куйбишев ва Петров туманларида содир бўлган. Шаҳардаги турар-жойлар, инфраструктура ва коммуникация тизими шикастланган.

Украина Бош вазири Арсений Яценюкка кўра, Москва Минскда 5 сентябрь куни Украина, Россия ва россияпараст айирмачилар ўртасида имзоланган битим шартларини қисман бажарган.

Киев билан айирмачилар ўртасида апрелда қуролли тўқнашув бошланганидан бери 4700дан ошиқ одам ҳалок бўлган.

Киев ва НАТО Россия айирмачиларни бевосита қўллаб-қувватлаётганини айтиб келади. Москва бу айбловларни рад этади.

Париж дўконида қуролли шахс беш кишини гаровга олди

Парижнинг шимоли-шарқида жойлашган озиқ-овқат дўконига қуролланган номаълум шахс ҳужум қилди. Қуролли шахс беш кишини гаровга олгани айтилаяпти. Дастлабки хабарларга кўра, бир киши жароҳатланган.

Полиция дўконга ҳужум қилган қуролли шахс бир кун аввал полициячи аёлни ўлдирган шахснинг айни ўзи эканини айтмоқда.

8 январь куни Парижнинг Монруж шаҳарачасида номаълум шахснинг қуролли ҳужумида бир полициячи ўлган, яна бири жароҳатланган.

Бу икки ҳодиса Charlie Hebdo ҳажвий журнал таҳририятига қилинган ҳужум билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Франция полицияси Charlie Hebdoга ҳужум ва кейинги икки ҳужумда гумонланаётганларнинг барчаси битта исломий гуруҳ аъзолари эканини тахмин қилмоқда.

Қуашийлар яширинган бино қуршовга олинди

Франция полицияси Парижнинг шимолий-шарқидаги Даммартэн-ан-Гёль туманига яширинган ака-ука Қуашийларни қуршаб олди.

Бу ҳақда Франция Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби маълум қилди.

Полиция Қуашийлар билан музокара олиб бораётгани хабар қилинди.

Air France маълумотига кўра, қуашийларни ушлаш тадбирида қатнашаётган вертолётларнинг осмонда кўплигидан иккита йўловчи самолёт учиб, қайтиб тушишга мажбур бўлган.

Ушбу ҳудуддаги мактаблар ёпилган ва аҳолидан уйларидан чиқмаслик сўралган.

8 январь куни икки гумонланувчи Париж четидаги ёқилғи қуйиш шохобчасини тунаб кетганидан сўнг ушбу бинога яширинган.

Кеча ака-укалар билан отишма пайти бир полициячининг ҳалок бўлгани ва бир неча киши жароҳатлангани хабар қилинганди. Бироқ 9 январь куни бу хабар инкор қилинди.

Полиция маълумотига кўра, Қуашийлар камида бир кишини гаровга олган. Гаровдаги шахс аёл киши экани айтилмоқда.

Муҳаммад Пайғамбарга карикатура эълон қилган Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига 7 январь куни қилинган ҳужумда 12 одам ҳалок бўлиб, 11 одам яраланган эди. Қуашийлар ушбу ҳужумни уюштирганликда гумонланмоқда.

Ака-ука Қуашийлар бир кишини гаровга олди

Франция полицияси ака-ука Қуашийларни қўлга олиш тадбирини давом эттирмоқда. Полиция маълумотига кўра, Қуашийлар камида бир кишини гаровга олган.

Хабарларга кўра, ака-укалар ҳозирда Парижнинг шимоли-шарқидаги Даммартэн-ан-Гёль туманида яширинган ва полиция тадбирлари айнан ушбу ҳудудда амалга оширилмоқда.

Ушбу тадбир боис шу атрофдаги маҳаллий мактаблар ёпилган ва самолёт рейслари бекор қилинган.

Полициянинг ака-укалар билан отишмаси пайти ўлганлар ва жароҳатлар борлиги ҳақидаги хабарлар инкор қилинди.

Муҳаммад Пайғамбарга карикатура эълон қилган Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига 7 январь куни қилинган ҳужумда 12 одам ҳалок бўлиб, 11 одам яраланган эди.

АҚШнинг олий мартабали расмийларидан бири матбуотга Саид Қуайший бир неча йил аввал Яманга борганини айтган. Гувоҳларнинг билдиришича, ҳужум олдидан Қуайший Ал Қоидага содиқ экани ҳақида қасам ичган. Қуайшийлар АҚШга киришга рухсат этилмаган шахслар рўйхатида бўлгани айтилмоқда.

Charlie Hebdoга ҳужум қилганларни қидиришга 88 минг полициячи ва ҳарбий жалб қилинди

Париж шимолидаги Пикардия вилоятида "Charlie Hebdo" журналига ҳужум уюштирган ака-ука Шариф ва Саид Қуашийни қидириш ишларига 88 минг полициячи ҳамда ҳарбий жалб қилинди.

8 январь куни бу ҳудуддаги ёнилғи қуйиш шаҳобчасини тунаган қуролли шахслар 34 ёшли Шариф ва 32 ёшли Саид Қуайшийлар экани таҳмин қилинмоқда.

Муҳаммад пайғамбарга карикатура эълон қилган Париждаги “Charlie Hebdo” сатирик журналига 7 январь куни қилинган ҳужумда 12 одам ҳалок бўлиб, 11 одам яраланган эди.

АҚШнинг олий мартабали расмийларидан бири матбуотга Саид Қуайший бир неча йил аввал Яманга борганини айтган. Гувоҳларнинг билдиришича, ҳужум олдидан Қуайший Ал Қоидага содиқ экани ҳақида қасам ичган. Қуайшийлар АҚШга киришга рухсат этилмаган шахслар рўйхатида бўлгани айтилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG