Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 06:15

Халқаро янгиликлар

Париж яқинидаги гаровгир қўлга олинди

Бугун Парижнинг шимоли-ғарбида жойлашган Коломб шаҳридаги почта бўлимларидан бирида икки кишини гаровга олган қуролли шахс қўлга олинди, гаровдаги кишилар озод қилинди.

Полиция маълумотига кўра, қуролли шахс 16 январь туш пайти почта бўлимига кирган ва полицияга қўнғироқ қилиб, ёнида Калашников автомати, пистолет, гранаталар борлигини айтган.

Кейинчалик қуролли шахс полицияга ўзи таслим бўлгани айтилмоқда.

Француз полицияси ҳозирча Коломбдаги воқеанинг ўтган ҳафтада Парижда содир бўлган қонли ҳужумлар билан боғлиқлиги ҳақида бирор маълумот йўқлигини айтди.

Ўтган ҳафта Францияда жанггарилар томонидан қилинган ҳужумлар оқибатида жами 17 одам ҳалок бўлди.

Бельгияда террорчиликка қарши кураш кучайтирилди

Белгия ҳукумати мамлакатдаги террорчилик хавфини бир поғона юқорига кўтарди.

15 январь исломчи радикалларга қарши ўтказилган махсус рейдлардан сўнг Бельгияда террорчиликка қарши кураш кучайтирилди.

Пайшанба куни полиция Суриядан қайтган жанггарилар террорчилик ҳаракати содир этишга тайёрланаётгани ҳақида маълумот олганидан сўнг Брюссел ва Верьве шаҳридаги ўнлаб уйларда тинтув ўтказилди.

Верьве шаҳрида ушбу рейдлар пайти полициячиларга қарши ўт очилгандан сўнг иккита жанггари отиб ўлдирилди ва яраланган бошқа бир жанггари қўлга олинди.

Бельгия Ташқи ишлар вазири Дидье Рейндерснинг бугун матбуотга билдиришича, жума куни рейдлар тўла якунланиб, тергов-суриштирув жараёни бошланган.

Бельгия Бош прокурори Эрик ван дер Сиптга кўра, жанггарилар Сурияда жанг қилиб қайтган шахслар бўлиб, улар Бельгияда теракт ўтказишни режалаштиргани аниқланган.

Рейидлар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари орасида талофотлар бўлмагани айтилди.

Ўтган ҳафта Францияда жанггарилар томонидан қилинган ҳужумлар оқибатида жами 17 одам ҳалок бўлди.

Париж яқинида қуролли шахс икки кишини гаровга олди

Бугун Парижнинг шимоли-ғарбида жойлашган Коломб шаҳридаги почта бўлимларидан бирида қуролли шахс икки кишини гаровга олди.

France-Presse агентлигининг ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб хабар беришича, полиция воқеа жойини ўраб олган.

RTL радио хабарига кўра, қуролли шахс ёнида Калашников автомати, пистолет, гранаталар бўлиб, у уч кишини гаровга олган.

Ҳозирча ушбу воқеа ўтган ҳафтада Парижда содир бўлган қонли ҳужумлар билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги маълум эмас.

Ўтган ҳафта Францияда жанггарилар томонидан қилинган ҳужумлар оқибатида жами 17 одам ҳалок бўлди.

Украинадаги исёнчилар вакиллари Минск учрашувида иштирок этадиган бўлди

Исёнчилар раҳбари Игорь Плотницкий.

Украина шарқида Луганск Халқ Республикаси деб эълон қилинган ҳудуддаги россияпараст исёнчилар лидери Игорь Плотницкий 16 январда Минскда бошланадиган Украина, Россия ва ЕХҲТ иштирокидаги “мулоқот гуруҳи” йиғинига бормаслигини, аммо ўзининг ўрнига бошқа одамни жўнатишини билдирди.

Донецк Халқ Республикаси деб эълон қилинган ҳудуд раҳбари Денис Пушилин эса ўз делегацияси Минск музокараларида иштирок этишга тайёр эканини айтди.

Аввалроқ исёнчилар лидерлари мазкур учрашувда иштирок этишдан бош тортганлари хабар қилинган эди.

Украинадаги инқирозга ечим топиш мақсадидаги “Мулоқот гуруҳи”нинг сўнгги йиғилиши 24 декабрда Минскда бўлиб ўтган эди.

Музокараларда Украина собиқ президенти Леонид Кучма, Россиянинг Украинадаги элчиси Михаил Зурабов, ЕХҲТнинг Украинадаги вакили Хайди Тальявини ҳам иштирок этаётир.

Покистон парламенти Европа Иттифоқини Муҳаммад пайғамбарга карикатура чизишни тўхтатишга чақирди

Покистон парламенти қуйи палатаси Франциянинг Charlie Hebdo журналида яна Муҳаммад пайғамбар карикатураси чоп этилганини қоралади.

Покистон парламенти 15 январь куни бир овоздан қабул қилган резолюцияда ҳалқаро ҳамжамиятдан, жумладан, Европа Иттифоқидан бундай ҳолат қайта такрорланмаслигига интилиш зарурлиги талаб қилинади.

Муҳаммад пайғамбар карикатураларини эълон қилган Charlie Hebdo журналига 7 январь куни террорчилар томонидан қилинган ҳужумда 12 одам ҳалок бўлган эди.

Журналинниг 14 январь куни сотувга чиқарилган янги сонида Муҳаммад пайғамбар қўлида “Мен Шарли” деган ёзув билан кўзидан ёш тўкиб турган ҳолатда акс эттирилган.

Туркия Бош вазири Ахмет Довудўғли мазкур карикатурани “жиддий фитна”, деб баҳолади. Довудўғли, шунингдек, сўз эркинлиги мусулмонлар пайғамбарини ҳақорат қилиш сифатида тушинилмаслиги кераклигини таъкидлади.

Обама ва Кэмерон исломий экстремизмга қарши ягона фронтни қўллаб-қувватлашда давом этади

Обама ва Кэмерон.

Қўшма Штатлар ва Британия Францияда террорчилар томонидан ўтган ҳафтада 17 киши ўлдирилиши ортидан ислом экстремистларига қарши ягона фронтни қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берди.

Франция президенти 15 январь куни “мутаассиблик, фундаментализм ва тоқатсизликнинг асосий қурбонлари” мусулмонлардир, деб баёнот берганидан сўнг АҚШ президенти Барак Обама ва Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон мана шундай билдирув билан чиқди.

15 январь куни Лондонда нашр этиладиган The Times газетасида АҚШ ва Британия раҳбарлари ҳаммуаллифлигида чоп этилган мақолада “Жаҳон Париждаги воқеаларга сўз эркинлигини йўқ қилишга йўл қўмаймиз, деб жавоб берди”, “Биз бу каби ваҳший қотилларни ва уларнинг бузуқ мафкурасини енгамиз”, деб билдирилган.

Берлинда Германия Канцлери Ангела Меркел парлдаментда қилган чиқиши чоғида исломий экстремистларга қарши хавфсизлик чоралари кучайтирилишига ваъда берди.

Бугун Минскда Украина - Россия музокаралари бошланиши кутилмоқда

Бугун Белорусь пойтахти Минскда Украинадаги вазиятни барқарорлаштириш масаласида Киев ва Москва музокаралари ўтказилиши режалаштирилган. Украина шарқидаги россияпараст исёнчилар раҳбарлари мазкур музокараларда иштирок этишдан бош тортаётгани маълум қилинган.

Музокаралар арафасида Донецкдаги россияпараст исёнчилар қақшатқич жанглардан сўнг Донецк аэропортини босиб олганларини билдирмоқда.

Хабарларда 15 январь куни Донецк аэропортига исёнчилар байроғи ўрнатилгани ҳақида маълумотлар бор.

Айни пайтда Украина ҳукумат кучлари исёнчилар Донецк шаҳрининг асосий қисмини эгаллаб турганига қарамай, аэропортни ўз назоратида сақлаб қолгани ҳақида хабар бермоқда.

Донецк аэропорти учун бир неча ойдан бери бораётган жанглар оқибатида аэропорт атрофидаги мавзелардаги уйлар вайрон қилинган.

Исёнчилар Донецк аэропорти назоратини қўлга киритгани ҳақида баёнот бергани ортидан АҚШ президенти Барак Обама ва Германия Канцлери Ангела Меркел Украинада зўравонликларнинг кучайиб кетиши олдини олиш масаласини телефон орқали муҳокама қилган.

Одамларни террорчидан яширган мусулмон йигитига Франция фуқаролиги берилади

Лассан Батилий.

Париждаги озиқ-овқат дўконига террорчилар ҳужум қилган пайтда одамларни қутқариб қолган мусулмон йигитга Франция фуқаролиги берилади.

Франция Ички ишлар вазирининг билдиришича, 9 январь куни террорчи Амед Кулибали озиқ-овқат дўконига ҳужум уюштириб, 4 яҳудийни ўлдирган ва одамларни гаровга олган бир пайтда Малидан Парижга ишлаш учун келган Лассан Батилий 19 одамни ертўлага яшириб қутқариб қолган. Амед Кулибали ўша куни қўлга олиш пайтида полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Франция жамоатчилиги ҳукуматга Лассан Батилийни француз ордени билан мукофотлашни ҳам таклиф қилмоқда.

Батилий Францияда 2006 йилдан бери яшаб келади. У ўтган йилнинг июлида Франция фуқаролигини олиш учун ариза берган.

Арманистондаги Россия консуллиги олдида норозилик намойиши ўтказилди

Арманистонда 15 январь куни юзлаб одамлар Россия консуллиги олдида митинг ўтказди.

Мазкур митинг Арманистоннинг Гюмри шаҳридаги Россия ҳарбий базасидаги оддий аскар Валерий Пермяков 12 январь куни бир оиланинг олти аъзосини отиб ўлдирганини тан олгани билдирилганидан сўнг бўлиб ўтди. Бу ҳужумда олти ойлик чақалоқ оғир яраланган эди.

Намойиш пайтида полиция ва норозилар тўқнашуви содир этилди. Тўқнашувда камида 15 одам жароҳат олгани айтилмоқда. Норозиларнинг 20 нафардан кўпроғи ҳибс қилинган.

Россия ҳарбийси отиб ўлдирган оила аъзоларини дафн этиш маросими 15 январь куни ўтказилди. Маросимдан олдинроқ Арманистон Бош прокурори Геворк Костонян Россиядан Валерий Пермяковни Ереванга топширишни талаб қилишини айтди.

Россия элчихонаси олдидаги намойиш 16 январга ўтар кечаси ҳам давом этди.

Бельгияда террорчиликда гумонланганлар ўлдирилди

Бельгияда террорчиларга қарши амалиёт пайти.

Бельгия ҳукумати 15 январь куни Верьве шаҳрида ўтказилган махсус амалиёт пайтида иккита жанггари отиб ўлдирилганини билдирди.

Хабарда айтилишича, полиция Суриядан қайтган жанггарилар террорчилик ҳаракати содир этишга тайёрланаётгани ҳақида маълумот олган ва Брюссел ҳамда Верьве шаҳридаги бир қатор уйларда тинтув ўтказган.

Верьве шаҳридаги амалиёт пайтида содир бўлган отишмада икки жанггари ўлдирилган, полициячилар орасида йўқотишлар бўлмаган. Гувоҳлар темир йўл вокзалида ҳам портлаш овозларини эшитганини айтмоқдалар.

Лукашенко Ғарб билан яқинлашмоқчи

Белорусь президенти Александр Лукашенка Россияни “Ғарб билан муносабатларни яхшилашни режалаштирмоқчиман”, деб огоҳлантирди.

15 январь куни парламентда сўзлаган Лукашенка Белорусь Европа Иттифоқи ва АҚШ билан барқарор алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилишини, Россия бу ҳаракатга ҳалақит бермаслиги кераклигини айтди.

"Россиянинг ўзи Ғарб билан яқинлашишга қаттиқ ҳаракат қилаяпти, биз бунга эътироз билдирганимиз йўқ. Демак, бизнинг ҳаракатимизга ҳам ҳалақит берилмаслиги керак”, деди Лукашенка.

Айни пайтда Лукашенка Россия билан ҳамкорлик ўрнини Ғарб ўлкалари боса олмаслигини ҳам эътироф этди.

Босния муфтийси Муҳаммад пайғамбарга карикатура эълон қилинганини қоралади

Босния муфтийси Ҳусайн Кавазович.

Босния мусулмонлари муфтийси Ҳусайн Кавазович Франциянинг Charlie Hebdo журналининг сўнгги сонида Муҳаммад пайғамбарга яна карикатура эълон қилинганини қоралади ва буни муслмонларга нисбатан ҳақорат сифатида баҳолади.

15 январь куни қилган чиқишида Босния муфтийси “Муҳаммад пайғамбар суратини чизиш сўз эркинлигини суистеъмол қилишдир” деб билдирди.

Ўтган ҳафтада Хусайн Кавазович 7 январь куни террорчилар томонидан Charlie Hebdo журналига қилинган ҳужумни қоралаган эди. Журналга қилинган ҳужумда 12 одам ҳалок бўлган.

Украина шарқидаги ҳужум қурбонларига бугун мотам тутилди

13 январь куни Волноваха шаҳарчаси яқинида рўй берган ҳодисада 12 киши ҳалок бўлди.

Икки кун аввал Украина шарқида автобусга қилинган ракета ҳужуми қурбонлари хотирасига 15 январь куни мамлакатда мотам тутилди. 13 январь куни Волноваха шаҳарчаси яқинида рўй берган ҳодисада 12 киши ҳалок бўлди. Бу Украина шарқида сўнгги ойлар давомида рўй берган энг қонли ҳодиса бўлди.

Расмий Киев россияпараст айирмачиларни айблади. Айирмачилар бу айбловларни инкор қилмоқда.

14 январь куни Украина Бош вазири Арсений Яценюк халқаро ҳамжамиятни россияпараст айирмачиларни “террорчи ташкилот”, дея тан олишга чақирди.

Автобусга ҳужум қилинган куни айирмачилар назоратида қолаётган Донецк шаҳридаги халқаро аэропортга туташ ҳудудда тиғиз жанглар ҳам кузатилди.

БМТ Хавфсизлик кенгаши автобусга қилинган ҳужумни кескин қоралаб, жавобгарларни жазолашга чақирди.

Европа Иттифоқи билан АҚШ ҳам Украина шарқида зўравонликлар яна авж олаётганини қоралади. Вашингтон автобуснинг ўққа тутилишида айирмачиларни айблади.

Франсуа Олланд: Мутаассиблик, фундаментализм ва тоқатсизликнинг асосий қурбонлари мусулмонлардир

Франция Президенти Франсуа Олланд.

Франция Президенти Франсуа Олланд ўз мамлакати барча динларни ҳимоя қилишини ваъда қилиб, Ислом билан демократия бир-бирига мос кела олишига ишонишини баён қилди.

Олланд бу фикрларни 15 январь куни Париждаги Араб дунёси институтида қилган чиқишида билдирди. Ўтган ҳафта Парижда исломчилар амалга оширган террор ҳуружи оқибатида 17 киши ҳалок бўлди.

Олланд ўз нутқида “мутаассиблик, фундаментализм ва тоқатсизликнинг асосий қурбонлари” мусулмонлардир, дея таъкидлаб, ҳужумдан кейин Франция билан бирдамлигини намойиш қилган арабларга миннатдорчилик билдирди.

11 январь куни Парижда террор ҳужуми қурбонлари хотирлаш ҳамда Charlie Hebdo ҳажвий журналининг омон қолган ходимларини қўллаб-қувватлаш учун Франция бўйлаб миллионлаб одам бирдамлик юришида иштирок этди.

Ҳодисада саккиз журналисти ҳалок бўлган Charlie Hebdo кеча журналнинг янги сонини кўп миллионлик адад билан чоп қилди.

NATO Россияни айримачиларни қўлламасликка чақирди

NATO бош котиби Йенс Столтенберг.

NATO Бош котиби Йенс Столтенберг Россияни Украина шарқидаги айримачиларни қўллаб-қувватлашдан бош тортишга ҳамда ўтган йилнинг 5 сентябрида Минскда имзоланган сулҳ битимига амал қилиниши учун таъсир кўрсатишга чақирди.

14 январь куни Берлинда Германия канцлери Ангела Меркел билан учрашувдан сўнг матбуот анжумани ўтказган Столтенберг “NATO Россия билан конфронтацияга киришини эмас, балки ҳамкорлик қилишни исташи”ни айтди.

Бош котиб, шунингдек, Украина ҳарбий иттифоққа аъзо бўлишни истаса демократик очиқ жамият қуриш бўйича талабни бажариши шартлигини таъкидлади.

Украинада 15 январь мотам куни сифатида эълон қилинди

Волновахда ҳужумга учраган автобус.

Украина президенти Петро Порошенко 15 январни террористлар ҳужумида ҳалок бўлганлар хотирланадиган мотам куни, деб эълон қилди.

13 январь куни Донецк яқинидаги Волновах туманида содир бўлган ракета отишмасида автобусда кетаётган 12 одам ҳалок бўлган, 17 одам яраланган эди. Киев ва айримачилар мазкур ҳужумда бир-бирларини айблаб келмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши йўловчи автобусга ракета отилганини қоралаган ва айбдорларни топиб, жазолашга чақирган. Москва ҳам мазкур жиноятни тергов қилишни талаб этаётир.

АҚШ Давлат департаменти автобуснинг ўққа тутилишида айримачиларни айбламоқда.

Керри Софияда Болгариянинг Россиядан энергетик қарамлигини озайтириш масаласини муҳокама қилади

АҚШ Давлат котиби Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 14 январь куни кечқурун NATO давлатларининг энергетика соҳасида Россиядан бўлган қарамлигини озайтириш юзасидан музокаралар ўтказиш учун Болгарияга келди.

Керри Софияда Болгария расмийлари билан мамлакатнинг энергетика таъминотини диверсификациялаш, жумладан, Болгарияга Греция орқали газ қувири ўтказиш масаласини муҳокама қилади.

Болгария ўз эҳтиёжи учун керакли бўлган газнинг 85 фоизини, электр қувватининг 100 фоизини Россиядан сотиб олади.

Россия Қора денгиз остидан Болгарияга газ етказиб берувчи Жанубий оқим лойиҳасини тўхтатгани ортидан София расмийлари учун энергетика масаласи долзарб бўлиб турибди.

АҚШ астронавтлари коинотда Россия модулига кўчирилди

Discovery, March 7, 2011

АҚШ астронавтлари NASA'га тегишли халқаро фазовий станциядан Россия модулига кўчирилди.

14 январь куни станциянинг америкаликларга қарашли модулида совутиш тизими ишдан чиқиб, аммиак оқиб кетгани гумон қилинган эди. NASA расмийси Майк Кюри охирги текширувлар датчикларнинг носозлиги туфайли мана шундай сигнал олинганини кўрсатганини айтди ва аммиакнинг оқиб кетгани ҳақида аниқ далил йўқлигини билдирди. Россия томони эса АҚШ модулида аммиак оқиб кетгани ҳақида маълум қилмоқда.

Айни пайтда Россия модулига кўчирилган америкалик олти фазогир ҳаётига хавф йўқлиги айтилмоқда. NASA томонидан учирилган халқаро фазо станцияси ердан 400 километр олисликдаги орбитада жойлашган.

Покистон толиблари раҳбари глобал террорчи, деб эълон қилинди

Покистон толиблари раҳбари Фазлуллоҳ.

АҚШ Давлат департаменти 13 январь куни покистонлик толиблар раҳбари Мавлон Фазлуллоҳни глобал террорчи, деб эълон қилди.

Мазкур қарор ортидан Толибон етакчисининг АҚШдаги барча банк ҳисоблари музлатилади ва Қўшма Штатлар фуқароларига Фазлуллоҳ билан алоқага киришиш таъқиқланади.

Фазлуллоҳ ўтган йилнинг 16 декабрида Пешовардаги мактабга қилинган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди. Мазкур ҳужумда 150 одам, асосан болалар ҳалок бўлган.

Фазлуллоҳ, шунингдек, 2012 йилда ўсмирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиққан ўқувчи қиз Малала Юсуфзайни ўлдиришга кўрсатма бергани айтилади. Бироқ Юсуфзай бахтли тасодиф туфайли тирк қолган ва узоқ вақт ғарбдаги касалхоналарда даволанган . 2014 йилда Юсуфзайга Нобел тинчлик мукофоти топширилган.

Медведев Марказий банк рубль қадрини сақлаб қолиш имкониятига эгалигини айтди

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Марказий банк ўтган йилнинг декабрида долларга нисбатан қийматини тарихий даражада йўқотган рубль қадрини сақлаб қолиш учун барча воситаларга эга, деб билдирди.

Россия рублининг долларга нисбатан қиймати 66 рублни, еврога нисбатан қиймати 77,5 рублни ташкил қилаётир.

14 январь куни Москвада ўтказилган Егор Гайдар иқтисодий форумида Медведев ўтган йили Марказий банк рубль қадрини сақлаб қолиш учун деярли бир миллиард доллар сарфлаганини маълум қилди.

Қирғизистонда юзлаб одам электр қимматлаганига норозилик билдириб кўчага чиқди

Қирғизистон шимолидаги Талас ва Норин шаҳарларида юзлаб одам электр нархи ошишига норозилик билдириб кўчага чиқди.

Таласдаги намойишда юздан зиёд одам, Нориндаги намойишда эса икки юздан зиёд одам қатнашди.

Намойишчилар электр энергияси нархи сўнгги бир ой ичида уч баравар қимматлаганидан нолишмоқда.

Қирзиғистон Энергетика вазири Қубаничбек Турдибоев намойишчилар билан учрашганидан сўнг улар уйларига тарқаган.

Ўтган йилнинг 11 декабрига қадар Қирғизистонда бир киловатт электр энергияси учун 0,7 сўм нарх белгиланган эди.

Ҳозир эса фуқаролар белгиланган лимитдан ташқари ишлатган электрнинг ҳар бир киловати учун 2 сўмдан кўпроқ пул тўлашга мажбур бўлмоқда.

Покистон шимолида мактаб ўқитувчиларига ишга қурол билан келишларига рухсат берилди

Ўтган ой Покистоннинг Пешавор шаҳрида экстремист кучларнинг мактабга қилган ҳужуми ортидан ўқитувчиларга ишга қурол билан келишларига руҳсат берилди.

6 декабрь кунги ҳужум оқибатида аксари ёш болалардан иборат 150 одам ҳалок бўлган эди.

Эндиликда Покистоннинг Хайбер-Пахтунхва вилоятида яшовчи ҳар бир ўқитувчи мактабга расман рўйхатга олинган қурол билан келиши мумкин.

Покистон расмийларига кўра, мактаб ўқувчиларини террорчи гуруҳларининг эхтимолий ҳамласидан ҳимоялаш мақсадида кўрилаётган чоралардан биридир.

Маҳаллий хавфсизлик ҳизматлари эса Хайбер-Пахтунхва вилоятидаги 30 мингта мактабда хавфсизликни таъминлашга қодир эмаслиги айтилмоқда.

Ямандаги "Ал Қоида" Париждаги ҳужумлар учун масъулиятни зиммасига олди

“Ал Қоида” террор ташкилотининг Ямандаги бўлими Charlie Hebdo француз журналининг Париждаги идорасига қилинган ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди.

Ўтган ҳафтада қуролли шахслар Парижда ҳажвий нашр таҳририятига ҳужум қилиши ҳамда кошер дўконида одамларни гаровга олиши билан боғлиқ ходисада 17 киши ҳалок бўлди.

“Ал Қоида” террор ташкилотининг Ямандаги бўлими қўмондонларидан бири Носир ал-Анси 14 январь куни Интернетда эълон қилинган видео мурожаатида ўтган ҳафтадаги ҳужумлар Муҳаммад пайғамбар карикатураларини босган журнал таҳририятидан ўч олиш мақсадида уюштирилганини таъкидлайди.

Айни пайтда Парижда одамлар Charlie Hebdo ҳажвий журналининг навбатдаги сонини сотиб олиш учун узундан-узоқ навбатларга турмоқда.

Журнaл учун рекорд нусхада босилан янги сон муқовaсидa яна Муҳаммад пайғамбар карикатураси чоп этилган.

Унда Ислом пaйғaмбaри, деб aйтилгaн aфтодa ҳолдaги кимсaнинг “Бaрчaси кечирилди!” жумлaси остидa кўздa ёш билaн “Мен Шaрлимaн!” ёзувини ушлaб тургaни aкс этгaн. Charlie Hebdo нaшри ходими Зинеб Эл-Рaзуининг aйтишичa, бу орқaли таҳририят ҳужумчи экстремистлaрни кечиргaнини aйтмоқчи.

Россия "ИД" тарафидан қатл этилган икки шахс рус фуқаролари бўлганини тасдиқламади

Россия расмийлари “Исломий давлат” жанггарилари тарафидан қатл этилган икки эркак рус фуқароси эканини тасдиқлашмаяпти.

Аввалроқ "Исломий дaвлaт" жaнггaрилaри Россия фойдaсигa жосуслик қилгaни иддaо қилингaн икки кишининг ёш болaкaй тaрaфидaн қатл қилиниши aкс этгaн видеолавҳани тaрқaтган эди.

7 дaқиқaлик видео тасмадa жaнггaрилaр тaрaфидaн сўроққa олингaн икки нaфaр эркaк ўзлaрининг "Исломий дaвлaт" гуруҳигa Россиянинг Федерал хавфсизлик бюроси (ФСБ) томонидaн юборилгaнини aйтишaди.

Жосус экaни aйтилгaнлaрнинг бири Суриягa келишидaн олдин 8 ой мобaйнидa Россия хaвфсизлик хизмaтидa ишлaгaнига иқрор бўлган.

Россиянинг Суриядаги элчихонаси матбуот вакили Олег Самочкин “видеода акс этган шахсларнинг Россия фуқароси экани борасида бизда ҳеч қанақа маълумот йўқ”, деб айтди.

Aйрим тaҳлилчилaр видеода қон излaри кўринмaгaни сaбaб қатл сaҳнaлaштирилгaн бўлиши мумкинлигини aйтмоқдaлaр.

Қотилликни ижро этгaн болaкaй эсa Қозоғистондaн Суриягa оилaси билaн боргaн болaлaрнинг бири экaни тaҳмин қилинмоқдa.

Михаил Прохоров "Бруклин Нетс" баскетбол клубини сотмоқчи

Россиялик миллиардер Михаил Прохоров АҚШ Миллий баскетбол уюшмаси таркибидаги ўзига қарашли "Бруклин Нетс" клубини сотмоқчи.

Бу ҳақда 13 январь куни нуфузли ESPN.com спорт нашри қатор манбаларига асосланиб хабар берди.

Россиянинг энг бой тадбиркорларидан бири, 2012 йилги президентлик сайловларида Владимир Путинга рақиблик қилган Прохоров "Бруклин Нетс" жамоасини 2010 йилда 223 миллион долларга сотиб олган эди.

Жамоанинг айни дамдаги баҳоси бир миллиард доллардан кўп экани айтилмоқда.

Олигарх NBA жамоасини Evercore Partners молиявий консалтинг ширкати орқали сотувга қўйганини Bloomberg нашри ҳам ўз манбалари орқали тасдиқлади.

Таҳлилчилар Михаил Прохоровнинг АҚШдаги бизнесини сотиши ҳақидаги хабарларни президент Владимир Путиннинг рус олигархларининг хориждаги мулкини Россияга қайтириш бўйича қилаётган уринишлари билан боғламоқдалар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG