Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 03:46

Халқаро янгиликлар

"Исломий давлат"га қарши икки кун ичида 26 бора ҳужум уюштирилди

АҚШ ва унинг иттифоқчилари "Исломий давлат"нинг Сурия ҳамда Ироқ ҳудудидаги нуқталарига қарши ҳаводан ҳужумни давом эттирмоқда.

Расмий маълумотга кўра, 23 январдан буён жангариларга қарши 26 бора ҳужум қилинган. 13 ҳужум Сурияда, яна 13 таси Ироқда амалга оширилган.

Сурияда амалга оширилган ҳужумларнинг 12 таси Кобани теграсидаги жангарилар нуқталарини нишонга олди. Ироқда эса Мосул ва Тал Афар шаҳарларидаги нуқталарга ҳужум қилинди.

Айни пайтда, Курдистон ҳарбийлари ҳами Мосулдаги жангарилар маконларига қарши қуруқликдан 20 бора "Град" русумидаги ракета ҳужумини амалга оширганини маълум қилмоқда. Бу ҳужум Мосул яқинидаги Зуҳур мавзесида "Исломий давлат"нинг жангарилари йиғилгани ҳақида ахборот олингач, амалга оширилган.

Ҳозирча жангариларга қанча зарар етказилгани ҳақида бирор маълумот йўқ.

Покистон ҳудудининг 80 фоизи электр токидан узилди

Покистон ҳудудининг қарийб 80 фоизида аҳоли электр токисиз қолди.

Покистон Сув ва электр энергияси вазирлиги матбуот котиби Зафарёб Хонга кўра, жангарилар гуруҳи Балужистон вилоятининг жануби-ғарбидаги йирик электр токи узатиш минорасига ҳужум қилган.

Тахминларга кўра, мамлакатнинг қатор йирик шаҳарлари, жумладан, Исломобод, Карачи ва Лаҳор шаҳарларида аҳоли электр токисиз қолмоқда.

Расмийлари жангарилар етказган зарарни бир сутка ичида бартараф қилишга умид қилмоқда.

Мамлакатнинг 80 фоиз ҳудудида электр токининг бирдан узилиши илк бор содир бўлмоқда.

Украинада Мариуполь қурбонлари хотирасига мотам эълон қилинди

Украинада Мариуполда 30 одамнинг ўлими, 90дан ортиқ кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган ракета ҳужумларидан сўнг 25 январь - миллий мотам куни, деб эълон қилинди.

Мамлакат бўйлаб байроқлар туширилди ва барча ташкилотларда қоқ тушда қурбонлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақланди.

Президент Порошенко мамлакат бўйлаб 25 январь кунига белгиланган спорт ва маданий тадбирларни тўхтатишга буйруқ берди.

Украина Мудофаа вазирлиги берган баёнотга кўра, 24 январь куни Мариуполь шаҳри сепаратчи гуруҳлар томонидан уч тарафдан ўққа тутилган. Ҳужум чоғида Град русумидаги ракеталардан фойдаланилгани айтилмоқда.

Буни инкор қилган сепаратчи гуруҳлар Мариуополга ҳужум ортида Киев қўшинлари турибди, деб даъво қилмоқда. ЕХҲТ ташкилоти кузатувчилари эса ракеталар сепаратчилар эгаллаган ҳудудлардан отилганини айтмоқда.

Ҳодисага муносабат билдирган АҚШ Давлат котиби Жон Керри буни Россиянинг россияпараст сепаратчиларни замонавий қуроллар билан таъминлашдек “масъулиятсиз ҳамда хавфли қарори” оқибати, деб қоралади.

ЕХҲТ Мариуполдаги ҳужум юзасидан тўлақонли текширув ўтказилишига чақирди

Мариуполга етиб борган ЕХҲТ миссияси машинаси, 2015 йилнинг 24 январи.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Махсус мониторинг миссияси раҳбари Эртуғрул Апакан шанба куни Украина шарқидаги айирмачилар томонидан Мариуполь шаҳри ўққа тутилганини қоралади ҳамда бу ҳарбий ҳаракат юзасидан тўлақонли текширув ўтказишга чақирди.

Апакан Украина шарқида ошиғич оташкесим ҳолати жорий қилиниши, ўзаро урушаётган томонлар эса зудлик билан музокаралар столига қайтиши лозим, деб ҳисоблайди.

24 январь куни Киев назоратида бўлган Мариуполь шаҳри ўққа тутилиши натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, камида 30 киши ҳалок бўлган, 97 киши яраланган. Расмийлар Мариуполнинг “Град” мосламаларидан ўққа тутилиши бўйича масъулиятни россияпараст айирмачилар зиммасига юклаганлар. Ўз навбатида, айирмачилар бунинг Киев томонидан уюштирилган провокация эканини билдирганлар.

Мариуполдаги ҳужумни “инсонийликка қарши жиноят” деб атаган Украина президенти Петро Порошенко Саудий Арабистонидан зудлик билан Киевга қайтган.

Ҳужум тўғрисидаги хабардан кейин ЕХҲТ вазиятни баҳолаш ва барча фактларни аниқлаш мақсадида ўққа тутилган Мариуполга ўз экспертларини юборган.

БМТ: Донбассдан бўлган қочқинлар сони 1,5 миллиондан ошди

Россиядаги украиналик қочқинлар лагерларидан бири.

Украина Ижтимоий сиёсат вазирлиги мамлакат ичкарисида Донбассдан қочган 921 минг 640 кишини рўйхатга олган. Яна 600 мингга яқин киши қўшни мамлакатлар ҳудудига ўтиб, жон сақлашга мажбур бўлган.

Шу тариқа, Украина шарқидаги қуролли можаро туфайли умумий ҳисобда 1,5 миллиондан зиёд одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Бу ҳақда БМТ Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармасининг куни кеча тарқатилган ҳисоботида айтилади.

Украина шарқида Киев кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида кечаётган жанглар кўплаб фуқаролар ҳалокатига, инфратузилманинг ишдан чиқишига ва инсонпарварлик ёрдамига эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлмоқда.

The Telegraph: Литвиненко ўлимига Кремль алоқадор

АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги Александр Литвиненко ўлимида гумонланаётган асосий шахслар ўртасидаги ёзишмани қўлга киритган ва Литвиненко ўлимига Россия ҳукумати алоқадорлигини тасдиқловчи фактларни Британия ҳукуматига тақдим этган.

Бу ҳақда Британияда The Telegraph газетаси хабар қилди.

Айни пайтда Александр Литвиненконинг беваси Марина АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигига мурожаат этиб, ёзишма тафсилотларини очиқлашни ва уларни Литвиненко ўлими бўйича бўлаётган маҳкамага раислик қилаётган Роберт Оуэнга оширишни сўраган.

Литвиненко ўлими юзасидан навбатдаги маҳкама эшитувлари Лондонда 27 январь куни бўлиб ўтиши кутиляпти.

Россия махсус ҳизматларининг Британияга қочиб ўтган собиқ ходими Александр Литвиненко 2006 йилда полоний ридиоактив моддаси билан заҳарлаб ўлдирилган эди.

Британия полициясидаги манбаъга кўра, собиқ КГБ зобити ва ишбилармон Андрей Луговой асосий заҳарловчи шахс деб кўрилмоқда.

Андрей Луговойнинг ўзи Александр Литвиненко ўлимига алоқадорлигини рад этиб келмоқда.

Ўлимидан олдин Литвиненко заҳарланишида Россия президенти Владимир Путини айблаганди.

Дунё етакчилари қирол Абдуллоҳ руҳига ҳурмат билдириш учун Эр-Риёдга йиғилмоқда

Дунё етакчилари Саудия Арабистонининг янги қироли Салмон ибн Абдулазиз ал-Саудга акаси қирол Абдуллоҳнинг ўлими юзасидан таъзия билдириш учун Эр-Риёдга йиғилмоқда.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон, Франция президенти Франсуа Олланд, АҚШ вице-президенти Жо Байденлар Саудия Арабистонига йўл олганлар.

Эр-Риёддаги маросимда Россия номидан бош вазир Дмитрий Медведев қатнашади.

Оқ уй матбуот ҳизматига кўра, АҚШ президенти Барак Обама 27 январь куни Саудия Арабистонига сафар қилиб, қирол Салмон ибн Абдулазиз ал-Сауд билан учрашади.

Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ жума куни 90 ёшида оламдан ўтган эди.

Жума намозидан сўнг у Эр-Риёдда дафн этилди.

Саудия Арабистонининг янги қироли, 79 ёшли Салмон бин Абдулазиз Ал-Сауд қирол Абдуллоҳ ўлимидан сўнг Саудия подшоҳлиги сиёсати ўзгаришсиз қолишини эълон қилган.

Мариуполь аҳоли пунктлари "Град" қуролларидан ўққа тутилган

Украина расмийларига кўра, россияпараст айирмачилар шанба куни Мариуполь шаҳрининг чекка ҳудудларини оғир қуроллар, миномётлар ва "Град" қуроли билан ўққа тутган.

Жанггарилар Мариуполь шаҳрининг Киевская ва Олимпийская кўчаларидаги аҳоли яшайдиган мавзеларини ўққа тутиши оқибатида 10 одам нобуд бўлган, бир қанча аҳоли яшайдиган бино вайрон бўлган.

Ўзларини “Донецк халқ республикаси” деб атаётган айирмачилар раҳбарлари эса буни провокация дея, Мариупольнинг ўққа тутилишида Украина армиясини айбламоқда.

Сўнгги кунларда Украина шарқида ҳукумат кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида жанглар кўлами кучайди.

Пайшанба куни украин ҳайрбилари стратегик аҳамиятга эга Донецк аэропорти ҳудуди устидан назоратни йўқотганликларини тан олишди.

Айни шу куни Донецкдаги автобус бекатига снаряд келиб тушгани оқибатида етти одам ҳалок бўлди.

Урушаётган томонлар ушбу фожеада бири бирини айблашганди.

Украина шарқидаги Россияпараст исёнчилар раҳбари Александр Захарченко жума куни бундан буён Киев билан тинчлик музокараларини истамасликлари, жабҳа чизиғини Донецк вилояти чегерасига қадар етказишларини билдирган.

Украина ҳукумати расмийларига кўра, Россия армияси айирмачилар билан ёнма-ён туриб Украина армиясига қарши жанг қилмоқда.

Шунингдк, расмий Киев Россияни айирмачиларга оғир артиллерия қуроллари ва зирхли техника етказиб бераётганликда айбламоқда.

Москва раҳбарияти эса Украина шарқида кечаётган жангаларга мутлақо алоқаси йўқлигини айтиб келади.

БМТ: Украина шарқида апрелдан бери 5 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди

Руперт Кольвил.

Украина шарқидаги жангговор ҳаракатларда ўтган йилнинг апрелидан то шу кунгача 5086 одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда 23 январь куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси вакили Руперт Кольвил маълум қилди. Унга кўра, ўлганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Кольвил жанглар пайтида яраланганлар сони камида 10 948 одам эканини айтди.

Руперт Кольвилд БМТ Украина шарқида хорижлик ҳарбийлар, жумладан, Россия аскарлари борлигидан ҳамда жанггари гуруҳлар назорат қилаётган аҳоли пунктларида оғир ҳарбий техник воситалар топилганидан хавотирда эканини билдирди.

Арманистон ва Озарбайжон чегарадаги отишмада бири-бирини айблади

Арманистон-Озарбайжон чегараси.

Арманистон Мудофаа вазирлиги 23 январь куни Озарбайжон чегарачилари отган ўқдан икки арман аскари ҳалок бўлганини билдирди.

Арманистон расмийларининг билдиришича, чегарада содир этилган отишмада Озарбайжон ҳарбийлари ҳам ҳалок бўлган.

Бироқ Озарбайжон ўзи томонида йўқотишлар бўлмаганини маълум қилди ва чегарадаги отишмада Арманистонни айблади.

Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғ ҳудудини талашиб, шу кунгача бир-бири билан уруш ҳолатида яшаб келади. Ўқ отишни тўхтатиш шартномаси икки давлат томонидан 1994 йилда имзоланган, аммо шунга қарамай Тоғли Қорабоғ муаммоси дипломатик йўл билан ҳал этилмай қолаётир.

2014 йилда Қозоғистонда юз минг сайт текширилди

Қозоғистон Бош прокуратураси 23 январь куни 2014 йилда мамлакатдаги 700дан ортиқ веб сайтларда экстремистик руҳдаги материаллар эълон қилингани аниқланганини билдирди.

Экстремизмга қарши кураш доирасида Қозоғистон прокуратураси ўтган йили юз минг веб сайтни текширган. Экстремистик маълумотлар аниқланган 703 сайт суд қарори билан тўсиб қўйилди.

Қозоғистон Бош прокурори Асхат Даулбаев мазкур иш Россия прокуратураси билан ҳамкорликда амалга оширилганини айтди.

Бир қатор давлатларда ўн минглаб мусулмонлар жума намозидан сўнг намойишга чиқди

Эрон, Афғонистон, Покистон ва Хиндистонда ўн минглаб мусулмонлар Париждаги Charlie Hebdo журналида Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассаламга карикатура эълон қилинганига қарши норозилик намойиши ўтказди.

Эроннинг бир неча шаҳрида оммавий намойишлар жума намозидан сўнг бошланди. Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида 20 минг, Кобулда бир неча юз одам намойишга чиқди. Покистон пойтахти Исломободда намойишга чиққан 15 минг одам Франция байроқларига ўт қўйди ва аксилфранцуз чақирқиларини ҳайқирди. Карачида 4 минг, Пешоварда 2 минг, Хиндистоннинг Кашмир вилоятидаги Сринагар шаҳрида 3 минг одам норозилик билдиргани айтилмоқда.

Муҳаммад пайғамбарга карикатура эълон қилиб келган Париждаги Charlie Hebdo журналига 7 январь куни уюштирилган ҳужумда 12 киши ҳалок бўлган эди. Журналининг 14 январь куни чоп этилган янги сонида ҳам Муҳаммад алайҳиссалом карикатураси эълон қилинган.

Саудия Арабистони Қироли Абдуллоҳ жанозаси ўқилди

Қирол Абдуллоҳ 23 январь куни 90 ёшида вафот этди.

Саудия Арабистони Қироли Абдуллоҳ жанозаси ўқилди. Қирол Абдуллоҳ 23 январь куни 90 ёшида вафот этди. Давлат телевидениесига кўра, у 23 январга ўтар кечаси маҳаллий вақт билан соат бирда жон берган.

Абдуллоҳ бир неча ҳафтадан бери ўпка яллиғланиши касали билан касалхонада қолаётган эди. Жанозадан кейин марҳум қирол майити Риёддаги қабристонга олиб кетилди.

Абдуллоҳнинг ўрнига тахтни унинг 79 ёшли укаси шаҳзода Салмон эгаллади. Салмон қирол касалхонага ётқизилганидан бери давлатни бошқариб келаётган эди.

Абдуллоҳнинг ўлими ҳақидаги хабарлар ортидан жаҳон бозорида нефть нархи бироз ошди. Лекин Саудия Арабистони нефть қазиб олиш ҳажмини сақлаб қолиши кутилмоқда. Саудия Арабистонида жаҳон нефть заҳираларининг 1/5 қисми жойлашган. Мусулмонлар учун муқаддас бўлган Макка ва Мадина шаҳарлари бу мамлакатда жойлашгани Саудия Арабистонининг дунёдаги 1,6 миллиард мусулмон орасида ҳам нуфузи каттадир.

Россияпараст айирмачилар етакчиси Донецк вилоятини тўла эгаллаш ниятини билдирди

Украинанинг Донецк вилоятидаги россияпараст айирмачилар етакчиси исёнчи кучлар олға юриб, вилоятни тўла ўз назоратига олиши ва ҳукумат кучлари билан музокара бошламаслгини айтмоқда. Ўзини Донецк халқ республикаси деб эълон қилган тузилма етакчиси Александр Захарченконинг бу баёноти ўтган йилнинг апрел ойидан бери 4800дан ошиқ одам ҳаётига зомин бўлган можарони тўхтатиш истиқболларига соя солмоқда.

“Биз Донецк вилояти чегараларигача борамиз”, деган Заҳарченконинг сўзларини Россиянинг Интерфакс агентлиги келтирмоқда. 23 январь куни Донецк шаҳрида талабалар билан учрашув пайтида Захарченко “бошқа томонлардан таҳдидни сезадиган бўлсам, уни йўқ қиламиз”, дея қўшимча қилди. “Биз томондан сулҳ ҳақида гапириш уринишлари бўлмайди”, дея иқтибос келтирди Захарченкодан Интерфакс.

БМТ: Украина шарқида 9 кун ичида 262 одам ҳалок бўлди

22 январь куни жамоат транспорти бекатига қилинган ҳужум оқибатида 13 одам ҳалок бўлди.

БМТнинг маълум қилишича, Украина можаросида сўнгги тўққиз кун ичида камида 262 одам нобуд бўлган. Бу ўтган йилнинг 5 сентябрь куни Минскда сулҳ битими имзоланганидан бери энг ҳалокатли кунлар бўлди, дея хулоса қилмоқда БМТ вакиллари.

Айни пайтда, БМТ Хавфсизлик кенгаши россияпараст айирмачилар қўлида қолаётган Донецк шаҳрида кеча рўй берган ҳужумни кескин қоралади. 22 январь куни жамоат транспорти бекатига қилинган ҳужум оқибатида 13 одам ҳалок бўлди, 20га яқини жароҳатланди. Киев ва россияпараст айирмачилар ҳужум учун масъулиятни бир-бирига юкламоқда.

Хавфсизлик кенгаши ҳодиса юзасидан мустақил тергов ўтказиб, айбдорларни жавобгарликка тортишга чақирди.

Вашингтонда чиқиш қилган АҚШ Давлат котиби Жен Псаки ҳодиса Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан тергов қилинаётганини билдирди. Бу фожеа, деди Псаки, россияпараст айирмачилар ва ҳукумат кучлари ўртасида хавфсизлик зонасини яратиш эҳтиёжи борлигини кўрсатади. Бу ҳақда 21 январь куни Берлинда Россия, Украина, Франция ва Германия вакиллари ўртасидаги музокараларда келишиб олинган эди.

Псаки Украина ўз ҳудудини ҳимоя қилишга ҳақлидир, дея таъкидлаб, мамлакат шарқида рўй бераётган кўплаб жиноятлар учун масъулиятни Россия ва айирмачилар зиммасига юклади.

Россиядаги иқтисодий инқироз туфайли ТАСС ходимларининг камида 20 фоизи ишсиз қолади

ТАСС раҳбари Сергей Михайлов.

Россия нашрлари давлатга қарашли ТАСС ахборот агентлиги февраль ойидан ўз ходимларининг бешдан бир қисмини ишдан бўшатиши ва ойликларни 20 фоизга озайтиришини билдирмоқда.

“Финансовие ведомости” газетасининг ёзишича, бундай чора Россиядаги иқтисодий вазият ёмонлашаётгани туфайли ТАССни молиялаштириш қисқартирилиши мумкинлиги муносабати билан кўрилаётир.

ТАСС раҳбари Сергей Михайлов “Биз жиддий инқирозни кутаяпмиз ва унга белни маҳкам боғлаб тайёрланаяпмиз”, деб билдирган.

РБК ахборот агентлигининг хабар беришича, ТАССнинг барча бўлимларида штатлар қисқартирилиши муносабати билан 1700 ходимнинг 20 фоизи иш ўрнини йўқотади. Бошқа нашрлар эса ходимларнинг 25 фоизи қисқартирилишини айтмоқда.

Москванинг Қримни аннекция қилиши ва Украинадаги сиёсати ортидан жорий қилинган Ғарб санкциялари, шунингдек, жаҳонда нефть нархининг тушиб кетиши оқибатида Россия иқтисодиётида инқироз кузатилмоқда.

АҚШ қирол Абдуллоҳ сиймосида Қўшма Штатлар яқин дўсти ва ҳамкоридан айрилганини билдирди

Қирол Абдуллоҳ тахтининг вориси Салмон ибн Абдулазиз ал Саудий.

АҚШ президенти Барак Обама Саудия Арабистони қироли Абдуллоҳ бин Абдулазиз ал Саудий вафоти муносабати билан таъзия билдирди. У ўз таъзиясида Абдуллоҳ ҳақида гапирар экан:”У лидер сифатида ҳамиша самимий эди ва айни пайтда ўз эътиқодини қатъий ҳимоя қила оларди”, деб билдирди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри эса “Қўшма штатлар ўз дўстидан ҳамда Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш жараёнининг таъсирли иштирокчиси бўлган радикализмга қарши курашдаги жасоратли ҳамкоридан айрилди”, деб баёнот берди.

23 январь куни эрталаб қирол Абдуллоҳ 90 ёшида вафот этгани хабар қилинган эди. Сўнгги хабарларда айтилишича, қирол жумага ўтар кечаси соат бирда вафот этган. Ҳозирча ўлим сабаблари айтилгани йўқ. Аммо қирол ўтган йилнинг охирида ўпка инфекцияси билан Ар Риёддаги касалхонага ётқизилган эди.

Айни пайтда тахт вориси сифатида унинг 76 ёшли укаси Салмон ибн Абдулазиз ал Саудий кўрилмоқда.

Қирол Абдуллоҳга расман 2006 йилда тож кийдирилган эди. Аммо у қирол Фадҳ оғир касал бўлгани муносабати билан 1990 йилдан Саудия Арабистонини бошқариб келган.

Саудия Арабистони қироли вафот этди

Қирол Абдуллоҳ бин Абдулазиз ал Саудий.

Саудия Арабистони давлат телевидениеси қирол Абдуллоҳ бин Абдулазиз ал Саудий вафот этганини эълон қилди.

Хабарда айтилишича, 90 ёшли қирол 23 январь куни оламдан ўтган. Қиролнинг укаси, 79 ёшли Салмон тахт вориси сифатида эълон қилиниши таҳмин этилаётир.Салмон яқинда касал бўлиб қолган қирол Абдуллоҳнинг вазифаларини бажариш масъулиятини зиммасига олган эди.

АҚШнинг ишончли ҳамкори бўлган Абдуллоҳ Саудия Арабистонида бир қатор ислоҳотлар, жумладан, аёллар имкониятларини оширишга қаратилган ўзгаришларни амалга оширган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши Донецкда тинч аҳоли ҳалок бўлган ҳужумни қоралади

БМТ Хавфсизлик кенгаши Украина шарқида россияпараст исёнчилар назоратидаги Донецк шаҳрида автобус бекати бомбардимон қилинганини кескин қоралади.

22 январь куни мазкур ҳужум натижасида 13 одам ҳалок бўлган ва 20га яқин одам яраланган эди.

Хавфсизлик кенгаши бу ходиса юзасидан мустақвил тергов ўтказишга ва жиноятчиларни жазолашга чақирди. АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Жен Псаки автобус бекатига қилинган ҳужум Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан тергов қилинаётганини айтди.

Москва ва Киев мазкур ҳодисада бир-бирини айбламоқда. Россия ва айирмачилар портлашга артиллерия қуролидан отилган снаряд сабабчи бўлганини айтмоқда. Украина Бош вазири Арсений Яценюк айирмачиларни айблаб, масъулиятни Россия зиммасига юклади.

Украина президенти исёнчилар катта йўқотишларга учраганини билдирди

Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко 22 январь куни кучишлатар тузилмалар раҳбарлари билан учрашув чоғида россияпараст исёнчилар Украина ҳукумат кучларига ҳужум қилиши ортидан “жуда катта йўқотишларга” дучор бўлгани ҳақида гапирди.

Мазкур йиғинда Киев бир неча ойга чўзилган Донецк аэропорти мудофаасини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди. Порошенко Донецк аэропортини қаҳрамонларча ҳимоя қилган ҳарбийларни мукофотлаши ҳақида маълум қилди. Порошенко исёнчилар жангларни тўхтатмаса қақшатқич зарбага учраши ҳақида огоҳлантирди.

Айни пайтда исёнчилар 22 январь куни портлаш оқибатида камида 7 одам ҳалок бўлган Донецкдаги кўчалардан бирида Украина ҳукумати қуролли кучларининг асирга олинган аскарларини намойишкорона олиб ўтди.

Москва ва Киев мазкур ҳодисада бир-бирини айбламоқда. Россия ва айирмачилар портлашга артиллерия қуролидан отилган снаряд сабабчи бўлганини айтмоқда. Украина Бош вазири Арсений Яценюк айирмачиларни айблаб, масъулиятни Россия зиммасига юклади.

Керри "ИД"га қарши курашда ўсиш борлигини айтди

Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Лондонда 22 январь куни бўлиб ўтган “Исломий давлат” гуруҳига қарши коалицияга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари учрашувидан сўнг мазкур гуруҳга қарши курашни кучайтириш масаласида якдиллик мавжуд эканини билдирди.

Керрининг айтишича, Ироқ ва Сурияда фаолият олиб бораётган “Исломий давлат” гуруҳи устидан ғалаба қозониш “долзарб ва улкан вазифадир”.

"Исломий давлат"га қарши коалицияга 60 мамлакат бирлашгани айтилади. Ўтган йилнинг августидан шу кунгача мазкур коалиция "Исломий давлат" гуруҳи позицияларини ҳаводан туриб минг мартадан кўпроқ бомбардимон қилган.

Европа Марказий Банки хорижий облигацияларни сотиб олиш режасини эълон қилди

Мазкур қарор еврозона иқтисодига 1 триллион евронинг эмиссия қилинишига олиб келиши мумкин.

Европа Марказий Банки облигацияларни сотиб олишга доир муҳим режани эълон қилди. Мазкур қарор еврозона иқтисодига 1 триллион евронинг эмиссия қилинишига олиб келиши мумкин.

ЕМБ раиси Марио Драги 22 январь куни эълон қилган режага кўра, март ойидан келаси йилнинг сентябр ойига қадар, ҳар ойда 60 миллиард еврога тенг ҳукумат облигациялари сотиб олинади.

Янги пулнинг чоп этилиши еврозонада қарз олиш харажатларини камайтириши ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириши кутилмоқда.

ЕМБ шунингдек еврозонада устама фоиз миқдори 0,05 фоиз қилиб ушлаб турилишини билдирди.

Айни пайтда, Германия Маркази банки – Бундесбанк ЕМБнинг бу режасига қаршилик билдириб, бу еврозонага кирувчи баъзи мамлакатларда ислоҳотларни секнлаштириши мумкин, демоқда.

Давосда ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида 22 январь куни гапирган канцлер Ангела Меркель ЕМБнинг ҳар қандай қарори Европа сиёсатчиларини иқтисодни ривожлантириш учун ислоҳотларни амалга оширишидан чалғитмаслиги керак, дея таъкидлади.

Донецкдаги троллейбус портлашида Киев ва Москва бир-бирини айбламоқда

Хабарларга кўра, маҳаллий аҳоли вакиллари асирларга қарата шишаларни отиб, уларни ҳақоратлаган.

Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар 22 январь куни Донецк шаҳрида асир олинган ҳукумат аскарларини олиб ўтди. Донецкнинг бу туманида бугун эрталаб жамоат транспорти бекатида рўй берган портлаш оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлган эди.

Хабарларга кўра, маҳаллий аҳоли вакиллари асирларга қарата шишаларни отиб, уларни ҳақоратлаган. Асирлар троллейбус портлатилган жойга олиб келиниб, тиз чўктирилган.

Воқеа жойига борган Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари еттита жасадни кўрганларини билдирди. Айирмачилар ва тиббиёт ходимлари 13 киши ҳалок бўлганини айтмоқда.

Москва ва Киев ҳодиса учун бир-бирини айбламоқда. Россия ва айирмачилар портлашга артиллерия қуролидан отилган снаряд сабабчи бўлганини айтмоқда. Украина Бош вазири Арсений Яценюк айирмачиларни айблаб, масъулиятни Россия зиммасига юклади.

Илҳом Алиев: Озарбайжонда инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги кафолатланган

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 21 январь куни Берлинда Германия Канцлери Ангела Меркель билан учрашди.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўз мамлакатига нисбатан билдирилаётган инсон ҳуқуқлари вазияти ва матбуот эркинлигига доир танқидларни рад этиб, бу қадриятлар Озарбайжонда “кафолатланган”, дея баён қилди. Бу ҳақда Берлинда Германия Канцлери Ангела Меркель билан учрашувда гапирган Алиев халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан тузилган рейтингларда Озарбайжонинг паст поғоналарга қўйилаётганида “муаммо кўрмаслиги”ни таъкидлади.

Алиев президент сайлови натижалари халқ уни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатишини иддао қилиб, “аҳолининг 90 фоизидан ошиғи мени ёқлайди”, дея таъкидлади.

Озарбайжонда президент ва парламент сайловлари халқаро ташкилотлар тарафидан эркин ва адолатли эмас, дея танқид қилинган.

Ҳуқуқ ташкилотлари, жумладан Ҳюман Райтс Уотч Меркелдан Алиев билан учрашув пайтида Озарбайжонда журналистлара, ҳуқуқ қаоллари ва мухолифатчиларнинг қамоққа ташланаётгани масаласини кўтаришга чақирди.

Айни пайтда, қамоққа олианган озарбайжонлик журналист Хадича Исмоилованинг адвокати Озодлик билан суҳбатда ўз мижози ўтган ҳафта 24 соат давомида бир кишилик камерада сақланганини билдирди.

Озодлик радиоси мухбири Исмоилова бир эркакни худкушликка мажбурлаганлик гумони билан ҳибсда сақланмоқда. Унинг тарафдорлари бу айбловлар сиёсий эканини айтмоқда.

Курд кучлари Ироқ шимолида Исломий Давлатдан муҳим йўлни тортиб олди

Ироқ шимолида курд кучлари Исломий Давлат жангариларига қарши йирик ҳуружни бошлашди. Хабарларга кўра, Пешмерга жангчилари беш томондан ҳужумни бошлаб, Мосулдан 40 километр ғарброқдаги Киске шаҳрида муҳим чоррахани ўз назоратига олган.

АҚШ етакчилигидаги Исломий давлатга қарши коалиция курдларнинг 21 январь кунги ҳарбий амалиётини ҳаводан қўллаб-қувватлаб турди.

Курд кучлари янги ҳудудларни эгаллаб олгани Исломий Давлат истеҳкомлари ҳисобланган Мосул билан Тал Афар шаҳарларини бирлаштирувчи йўлни узиб қўйади.

Таҳлилчиларнинг айтишича, курдлар назоратга олинган йўлни ушлаб қололса, Мосул шаҳри Исломий Давлат назоратидаги Тал Афар ва шарқий Суриядаги ҳудудлардан узилиб қолади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG