Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 06:20

Халқаро янгиликлар

Исломий Давлат қўлида қолаётган япон ва иорданиялик асир тақдири ҳамон номаълум

Исломий Давлат гаровидаги Кенжи Гото ва Муас ал-Касаесбеҳ.

Исломий Давлат экстремист гуруҳи гаровга олган япон журналисти ва иорданиялик учувчи тақдири номаълум қолмоқда. 29 январь куни шомда гаровгирлар белгилаган асирларни қатл қилиш муҳлати тугади.

Япония ва Иордания ҳукуматлари журналист Кенжи Гото ва учувчи Муас ал-Касаэсбеҳ тақдирини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Япония Бош вазири Шинзо Абе 30 январь куни парламентда қилган чиқишида ўз ҳукумати "маълуомтларни тўплаш ва таҳлил қилишга уриниш билан биргаликда Иордания ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик ҳаракатларини давом эттирмоқда", дея билдирди.

Исломий Давлат 29 январь куни гаровдаги япон журналистига нисбат берилган аудио ёзувни эълон қилди. YouTube порталига жойлаштирилган аудио ёзувда журналист Гото, террорчиликда айбланиб, Иорданияда қўлга олинган ироқлик аёл шомгача озод қилинмаса, иорданиялик учувчи қатл қилинишини айтган эди.

Лукашенка: Россия ва Ғарб Беларусни бўйсинтира олмайди

Беларус Президенти Александр Лукашенка.

Беларус Президенти Александр Лукашенка Россияга ҳам, Ғарбга ҳам бўйсинмаслигини баён қилди. Лукашенка 29 январь куни етти соат давом этган матбуот анжуманида Кремль ва Ғарбга қарата “мени бўйсиндира олмайсиз”, дея таъкидлади.

21 йилдан бери ҳокимият тепасида қолаётган Лукашенка шу йилнинг ноябрида бўладиган президент сайловида яна иштирок этишини аниқ айтиб, “амалдаги президентнинг яна сайловда қатнашмаслиги учун ягона сабаб унинг аҳмоқлиги ёки касаллиги бўлиши мумкин, менда эса на униси, на буниси бор”, дея таъкидлади.

Россия Президенти Владимир Путинга қаратилган очиқ баёнотида Лукашенка Беларус ҳеч қачон “Рус дунёсининг” қисми бўлган эмас, бўлмайди ҳам, деди.

Кремль танқидчилари Путинни “Рус дунёси” ғоясини баҳона қилиб, қўшни давлатлар суверенитети ҳисобидан Россия гегемониясини тиклашга ҳаракат қилаётганликда айблаб келади.

Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб, россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлаётгани қўшни давлатлар хавотирларига сабаб бўлмоқда. Лукашенка бундан аввал ҳам Москвани Беларус суверенитетига кўз олайтиришдан огоҳлантирган.

Россияпараст айирмачилар етакчиси қуршовга олинган ҳукумат қўшинларини ўлдириш билан таҳдид қилди

РИА Новости Александр Захарченконинг исёнчилар ҳукумат кучларини қуршаб олгани тўғрисидаги сўзларини келтирмоқда.

Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар етакчиси Донецк вилоятида ҳукумат қўшинлари қуршаб олингани ва қуролларини ташламаса, ўлмига маҳкум бўлишларини айтмоқда. РИА Новости агентлиги айирмачилар етакчиси Александр Захарченконинг исёнчилар Дебальцево шаҳарчаси яиқнида ҳукумат кучларини қуршаб олгани тўғрисидаги сўзларини келтирмоқда.

Дебальцево шаҳарчаси кейинги кунларда авж олган зўравонликлар саҳнасига айланди. Ўтган йилнинг апрель ойидан бери давом этаётган қуролли можаро оқибатида Украина шарқида 5100дан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Хабарларга кўра, Захарченко 30 январь куни қилган чиқишида Украина ҳукумати қўшинларининг ҳаёти, улар қуролларни ташласагина, сақлаб қолинишини таъкидлаган.

Бугун Минскда Украина, Россия ва ЕХҲТ вакилларининг бўҳронни муҳокама қилиш учун учрашиши режалаштирилган.

Исёнчилар сўнгги кунлар ичида Донецк вилоятида янги ҳудудларни эгаллади. Қўшма Штатлар буни “Россия қўлловидаги ҳуруж”, деб атаб, ўтган йилнинг сентябрида Минскда эришилган сулҳ келишувини бузишини баён қилди.

Захарченко 23 январь куни исёнчи кучлар Донецк вилоятини тўлиқ ўз назоратига олиш ниятида эканини эълон қилган эди.

Британия Россия бомбардимончи учоқлари Ла Маншни кесиб ўтганидан ташвиш билдирди

Британия ҳукумати Россиянинг иккита Ту-95 бомбардимончи самолёти Ла Манш бўғозини кесиб ўтиб, йўловчи ташувчи учоқлар хавфсизлигига таҳдид солгани ҳақида баёнот берди.

Мазкур воқеа юзасидан Россиянинг Лондондаги элчиси Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Бомбардимончи самолётлар ҳаракати туфайли Британия ўз йўловчи учоқларининг йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлган. Британия ҳарбий учоқлари рус бомбардимончиларини Британия манфаатидан ташқари бўлган ҳудудга чиқариб юбориш учун ҳавога кўтарилган.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳарбий учоқлари кейинги пайтларда ўзларига белгилаб берилган ҳудуд чегараларини тез-тез бузиб ўтаётганидан ташвиш билдирди. НАТО ҳам Украинадаги вазият кескинлашаётган бир паллада Россия учоқларининг ўзларига белгиланган ҳудуд чегарасини бузиб ўтаётгани ҳолати кўпайганини маълум қилди.

СССРнинг собиқ президенти Михаил Горбачев 29 январь куни матбуотга Украина юзасидан Ғарб ва Россия ўртасидаги қарама-қаршилик урушга айланиб кетиши мумкинлигидан ташвишланаётгани ҳақида гапирган эди.

Қримнинг Россия томонидан аннекция қилинишига қарши чиққан қрим татар лидери 10 йилга қамалиши мумкин

Ахтам Чийғоз.

Россия томонидан аннекция қилинган Қримда Симферополь шаҳар суди қрим татарлари лидерларидан бири бўлган Ахтам Чийғозни 19 февралгача ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди.

Қрим татарлари Мажлиси лидерларидан бири бўлган Чийғоз Симферополда 2014 йил 26 февралида Қримнинг Россияга қўшилишига қарши намойишни уюштирганликда ва мана шу митингда “оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарган”ликда айбланмоқда. Унинг айбдорлиги суд томонидан тасдиқланса, Чийғоз 10 йилга қамалиши мумкин.

Тергов материалларида митингдаги тартибсизлик оқибатида қрим татарлар намойишига қарши намойиш ўтказган “Рус бирлиги” деб аталувчи гуруҳнинг икки вакили ўлдирилгани ҳамда Қрим мухтор республикаси парламенти биносига 600 минг рубл зиён етказилгани айтилади.

Ўтган йилнинг 26 февралида қрим татарлари ва россияпараст гуруҳлар ўтказган митингда содир этилган тартибсизликлар пайтида ҳар икки томондан камида 30 киши жароҳатлангани хабар қилинган эди.

Қрим татар Мажлиси лидерлари Чийғознинг қамоққа олинишини унинг сиёсий фаолияти ва татарларга нисбатан репрессияларнинг давоми сифатида баҳоламоқда.

Донецкдаги исёнчилар украин ҳукумат қўшинлари гуруҳини тўлиқ қуршовга олганини иддао қилмоқда

Александр Захарченко.

Украина шарқидаги россияпараст исёнчилар лидери Александр Захарченко Донецкдаги Дебальцево шаҳри атрофидаги украин ҳукумат қўшинлари гуруҳи тўлиқ қуршовга олинганини билдирди.

“Новости” агентлигининг хабар беришича, Захарченко украин ҳарбийлари таслим бўлса уларнинг ҳаёти сақланиб қолиниши, акс ҳолда барчаси қириб ташланиши ҳақида гапирган.

Мазкур хабар Беларусь пойтахти Минскда бугун Украина масаласида Киев, Москва ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийлари ўртасида ўтказилаётган музокараларнинг навбатдаги босқичи бошланиши арафсида эълон қилинди.

Ўзини Донецк халқ республикаси деб эълон қилган тузилма етакчиси Александр Захарченко 23 январь куни Донецк вилоятини тўла эгаллаш ва ҳукумат кучлари билан музокара бошламаслиги ҳақида баёнот берган эди.

ЕИ Россияга нисбатан санкцияларни сентябргача узайтирди

Европа Иттифоқи Россия чиновниклари ва Украинадаги россияпараст айримачилар лидерларига нисбатан санкциялар муддатини шу йилнинг сентябрь ойигача узайтирди.

29 январь куни Брюсселда ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари учрашувидан сўнг иттифоқнинг ташқи сиёсат мутасаддиси Федерика Могерини март ойида якунланиши керак бўлган санкцияларнинг сентябрь ойигача узайтирилишини шарҳлар экан, бу ҳолат “Бизнинг бундан буён ҳам чоралар кўришга тайёр эканимизни англатади”, деб билдирди.

Расмийнинг билдиришича, Европа Иттифоқи расмийлари 12 февралда ўтадиган саммитда рус амалдорлари ва россияпараст исёнчиларга нисбатан янги санкциялар масаласини муҳокама этади.

Бугун Минскда Украина бўйича музокаралар бошланади

Бугун Минскда Киев, Москва ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийлари Украинадаги зиддиятга ечим топиш масаласини муҳокама қилади.

Украина шарқидаги россияпарастлар Белорусь пойтахтида ўтадиган муроса гуруҳи йиғинида иштирок этишга розилик билдирган.

30 январдаги учрашув Украина исёнчилари ҳукумат кучларини қуршаб олгани ва ҳар қандай сулҳ музокараларини рад этишларини билдирган бир пайтга тўғри келмоқда.

Украина президенти Петро Порошенко мазкур учрашувда ўқ отишни тўхтатиш ва оғир ҳарбий техникани жанг бўлаётган ҳудудлардан ташқарига олиб чиқиб кетиш бўйича келишувга эришилиши кераклигини таъкидлади.

29 январь куни Украина мудофаа вазирлиги расмийси Андрей Лисенко Украина шарқидаги жангларда сўнгги 24 соат ичида ҳукумат кучларининг 5 ҳарбийси ҳалок бўлгани ва 29 аскар яраланганини билдирган эди.

Кобулда афғон аскари америкаликларни отиб ўлдирди

Кобулдаги ҳарбий аэродромда афғон ҳарбийси америкалик уч пудратчини отиб ўлдирди, тўртинчи пудратчи яраланган.

Афғонистон ҳарбий раҳбарияти 29 январда ҳозирча афғон аскарининг нега қотиллика қўл ургани сабаблари ноаниқ эканини билдирди.

Ҳалок бўлган пудратчилар АҚШ Мудофаа вазирлиги ходимлари бўлгани айтилмоқда.

Афғонистондан АҚШ раҳбарлигидаги халқаро коалиция кучлари олиб чиқиб кетилганидан сўнг мамлакатда халқаро кучларнинг 12000 аскари хизмат ўтамоқда. Уларнинг фаолияти асосан Афғонистон армияси учун мутахасислар тайёрлаш билан чекланади.

Ашхабодда Озарбайжон, Туркия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари учрашди

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавашўғли.

Озарбайжон, Туркия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари 29 январь куни Ашхабодда уч томонлама музокаралар ўтказди.

Озарбайжон ташқи ишлар вазири Элмар Мамедяров, Туркия ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавашўғли, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов энергетика ва таранспорт соҳаси бўйича уч томонлама ҳамкорлик масаласини муҳокама қилган.

Вазирлар учрашувида Афғонистонн-Туркманистон-Озарбайжон-Грузия-Туркия автомобил йўлини қуриш лойиҳаси ва Туркман президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг март ойида Анқарага қиладиган ташрифи муҳокама қилинган.

Афғонистонда портлашлардан камида 16 киши ҳалок бўлди

Афғонистоннинг Лагмон вилоятида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида камида 16 одам ҳалок бўлди, 16 одам яраланди.

Хабарларга қараганда, худкуш ўзини вилоят маркази Мехтар Лам шаҳрида 29 январдаги жангларда ҳалок бўлган полиция бошлиғи ва яна уч кишининг дафн маросими пайтида портлатиб юборган. Ҳозирча ҳужум учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

29 январь куни Нангаҳор вилоятидаги мактаблардан бирининг олдида бомба портлаши оқибатида бир ўқувчи ҳалок бўлган. Толибон вакили Забиулло Мужоҳид мазкур ҳужумни қоралади.

Айни пайтда Афғонистоннинг Забул вилоятида автобус ва бензин ташувчи машина тўқнашуви оқибатида камида 13 йўловчи ҳалок бўлган ва 30 одам жароҳатланган.

Исломий Давлат гаровга олган япониялик журналист овози ёзилган аудио ёзув эълон қилинди

Исломий Давлат гаровидаги Кежи Гото ва Муас ал-Касаесбеҳ.

Исломий Давлат гаровга олган япониялик журанлист Кенжи Готога нисбат берилаётган аудио ёзув экстремист гуруҳи томонидан эълон қилинди. 29 январь куни YouTube порталида эълон қилинган аудио ёзувда, инглиз тилида мурожаат қилган япониялик асир, агар террорчиликда айбланиб, Иорданияда қўлга олинган ироқлик аёл бугун шомгача озод қилинмаса, Исломий Давлат гаровга олган иорданиялик учувчи қатл қилинишини айтади.

Япониялик асирга нисбат берилаётган овоз: “Агар Сожида ал-Ришавий Мосул вақти билан 29 январь, пайшанба куни менинг ҳаётим эвазига озод қилишга ҳозир қилинмаса, иорданиялик пилот Муас ал-Касаесбеҳ дарҳол қатл қилинади”, дейди.

Ал-Ришавий 2005 йилда Иордания пойтахти Амманда 60 кишининг ўлимига сабаб бўлган портлашга алоқадорликда айбланиб қўлга олиниб, ўлимга ҳукм этилган.

Аудио ёзувда Исломий Давлат ал-Ришавийнинг озод этилиши эвазига асирларнинг иккаласи озод қилинадими, ё биттасими аниқлаштирилмаган.

Ҳюман Райтс Уотч: дунё ҳукуматлари инсон ҳуқуқларини назарда четда қолдирмоқда

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти дунёнинг кўплаб давлатлари хавфсизлик таъминлаш мақсадида инсон ҳуқуқларини назардан четда қолдириб, “катта хатога” йўл қўймоқда, дея огоҳлантирмоқда. Бош қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган ташкилот 29 январь куни эълон қилган навбатдаги йиллик ҳитсоботда ҲРУ Бош директори Кеннет Рот исломий экстремизм ва Украина бўҳрони каби глобал миқёсдаги муаммоларнинг “урчиши ва кескинлашувида” инсон ҳуқуқларининг бузилиши муҳим роль ўйнади, дея таъкидлайди.

Ротнинг айтишича, бу каби бўҳронларни ҳал этишда “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва демократик масъулиятни кафолатлаш муҳим аҳамият касб этади”. Масалан, дея таъкидлайди ҲРУ раҳбари, “Ироқ ва Сурия ҳукуматларининг мазҳабларни ажратиш ва инсон ҳақларининг бузишга асосланган сиёсати” Исломий Давлат эстремист гуруҳининг юзага келишида асосий омил бўлган.

Ротнинг яна айтишича, Россияда норозилик ва фуқаровий жамиятнинг бостирилишига Ғарб томонидан “нисбатан тор” санкцияларнинг қўлланиши Украинадаги бўҳроннинг “авж олишига ҳисса қўшган бўлиши мумкин”.

Украин исёнчилари ҳукумат кучларини қуршовга олганини билдирмоқда

Украина шарқидаги россияпараст исёнчилар украин ҳукумат кучларини стратегик муҳим бўлган Дебальцево шаҳри атрофида деярли қуршовга олганини маълум қилди.

Исёнчилар қўмондони Эдуард Басурин Украина ҳукумати назоратидаги айрим туманлар россияпарастлар қўлига ўтганини айтди. Украина Мудофаа вазирлиги расмийси Андрей Лисенко Дебальцова шаҳри қуршовга олинганини тасдиқлади. Бироқ бошқа украин расмийлари исёнчиларнинг баёнотини "ўта бўрттирилган", деб баҳоламоқда.

Ғарб ва Украина исёнчиларнинг ҳужумлари ўтган йилнинг сентябрида Минскда эришилган ўқ отишни тўхтатиш шартномасига зид эканини таъкидлаб келмоқда.

2014 йилнинг апрелида бошланган жанглар оқибатида Украина шарқида 5 минг одам ҳалок бўлган.

Россия ҳукумати инқироз шароитида бюджет чиқимларини 10 фоизга қисқартирди

Россия ҳукумати мамлакатдаги иқтисодий инқироз шароити учун ишлаб чиқилган янги режасида ҳарбий ва ижтимоий ҳимоядан ташқари барча соҳадаги ҳаражатларни 10 фоизга қисқартиришни белгилади.

28 январь куни Россия ҳукумати расмий сайтида эълон қилинган режада 2016-2017 йилда ҳаражатлар 5 фоизга қисқартирилиши қайд этилган. Шу билан бир қаторда ҳукумат Россия банкларини қўллаб-қувватлаш учун 3 миллиард 700 миллион доллар ажратади.

Ғарб санкциялари ва нефть нархининг жаҳон баҳоси арзонлаши оқибатида Россияда иқтисодий инқироз кузатилмоқда. Жорий йилда Россияда ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш 4-5 фоизга камайиши айтилмоқда.

Қирғизистон БМТ Бош Ассамблеясида овоз бериш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилинди

Қирғизистон БМТ Бош Ассамблеясида овоз бериш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилинди.

БМТнинг расмий сайтида айтилишича, Қирғизистон билан бир қаторда Гренада, Маршал ороллари, Македония, Тонга, Ванатуту ва Яман аъзолик бадалларини тўламагани учун овоз бериш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум қилинган.

Қирғизистон овоз бериш ҳуқуқини қайта тиклаши учун БМТга 6 минг 731 доллар жарима тўлаши керак.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги айни пайтда Молия вазирлиги билан бирга БМТга аъзолик бадалини тўлаш учун маблағ ажратиш масаласи муҳокама қилинаётганини билдирди. Қирғизистон БМТ Бош ассамблеясига йил сайин 54 минг 271 доллар аъзолик бадали тўлаши керак.

EИ бугун Россияга қарши санкциялар масаласи муҳокамасини давом эттиради

Европа Иттифоқи бугун Россияга нисбатьан янги санкциялар жорий этиш масаласидаги маслаҳатлашувларни давом эттиради.

Европа Иттифоқи элчилари 28 январь куни Брюсселда Россия амалдорлари, ширкатлар ва Украинада Москва томонидан қўллаб-қувватланаётган исёнчиларга қарши янги санкциларни жорий этиш масаласини муҳокама этиш учун йиғилган эди. Бироқ Греция вакилларининг қаршилиги туфайли санкциялар бўйича муросага эришилмаган.

Европа Иттифоқи элчилари бу масала муҳокамасини 29 январь куни давом эттиришга келишиб олди.

Грециянинг янги Бош вазири Алексис Ципрас маъмурияти шу ҳафтада Европа Иттифоқи лидерларининг Россияга нисбатан янги чеклов чоралари қўллаш ҳақидаги баёноти Греция билан келишилмаганига норозилик билдирган эди.

Исроил "Ҳизбуллоҳ"га қарши курашишини билдирди

"Ҳизбуллоҳ"нинг Ливандаги тарафдорлари Бейрутда Ашуро байрамида ўтказилган намойишда иштирок этмоқда, 4 ноябрь 2014 йил.

Исроил БМТ Хавфсизлик Кенгашига "Ҳизбуллоҳ"га қарши курашишини билдирди.

Исроилнинг БМТдаги элчиси Рон Просор БМТ Бош котиби Пан Ги Мунга ёзган билдирувида “Исроил исроилликларни "Ҳизбуллоҳ" учун мўлжал қилиб қўймайди”, деб айтган.

28 январь куни "Ҳизбуллоҳ" жанггарилари Ливан чегарасида Исроил ҳарбий карвонини танкларга қарши снарядлар билан ўққа тутгани оқибатида Исроилнинг икки ҳарбийси ҳалок бўлган ва етти аскар яраланган. Отишмада тинчликпарвар кучларнинг испаниялик бир аскари ҳалок бўлган эди.

Испания БМТ тинчликпарвар кучларидаги ўз ҳарбийсининг ўлими юзасидан тўлиқ текширув ўтказилишини талаб қилди. Испания расмийларининг маълум қилишича, испан аскарининг ўлимига сабаб бўлган ўқ Исроил томонидан отилган.

Ливандаги "Ҳизбулло"ҳ гуруҳи 28 январдаги ҳужум Исроилнинг 18 январь куни Сурия жанубига уюштирган ҳаво зарбасига жавоб эканини билдирди. Исроилнинг Сурияга ҳаводан қилган ҳужумида Ҳизбуллоҳнинг олти аскари ва Эрон генерали ҳалок бўлган эди.

Эрон 10 ойлик зиддиятдан сўнг БМТга янги элчи тайинлади

Ҳамид Абуталабий.

Эроннинг БМТдаги элчиси лавозимига Ғулом Али Хошру тайинланди. Мазкур тайинлов АҚШ Эроннинг БМТдаги вакили сифатида тайинланган аввалги элчиси Ҳамид Абуталабийга мамлакатга кириш учун виза беришдан бош тортганидан сўнг 10 ой ўтгач юз берди.

Вашингтон Абуталабийни 1979 йилги ислом инқилобидан сўнг Теҳрондаги АҚШ элчихонасида америкаликларни гаровга олишда иштирок этганликда айблаб, виза беришдан бош тортган эди.

Абуталабий АҚШ элчихонасида 444 кун давомида гаровда ушлаб турилган 52 америкаликка таржимонлик қилганини билдириб, АҚШ айбловини инкор қилган.

Эрон Абуталабийга АҚШ томонидан виза берилмагани юзасидан норозиликни давом эттириш ва бу масалани БМТ доирасида муҳокама қилинишига эришишини билдирган.

Украинада Лениннинг яна уч ҳайкали ағдарилди

Бердянскда ағдарилган ҳайкаллардан бири.

Украинада Шўро давлати асосчиси Владимир Лениннинг яна уч ҳайкали олиб ташланди.

Озодлик радиоси украин хизматининг билдиришича, 28 январь куни Запорож вилоятининг Бердянск шаҳрида Лениннинг икки ҳайкали ўзларини “Украина ватанпарварлари” деб атаган ҳарбий кийимдаги одамлар гуруҳи томонидан ағдариб ташланган. 27 январь куни Запарождаги қишлоқлардан бирида Ленининг яна бир ҳайкали олиб ташланган эди.

2014 йилда Украинада Ленинга қўйилган 500 ҳайкал йўқ қилинган.

"ИД" Покистон ва Афғонистондаги гуруҳ раҳбари номини эълон қилди

Хофиз Саид Хон.

“Исломий давлат” гуруҳи Толибоннинг собиқ лидери Хофиз Саид Хон гуруҳнинг Покистон ва Афғонистондаги раҳбари лавозимига тайинланганини эълон қилди.

Мазкур хабар “Исломий давлат” гуруҳининг вакили Абу Муҳаммад ал Аднан томонидан Twitter тармоғига ушбу ҳафтада овозли ёзув тарзида жойлаштирилган.

Мазкур ёзувнинг ҳақиқатан ҳам “Исломий давлат” гуруҳига тегишли эканини мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг имкони бўлмади.

Аввалроқ Толибоннинг бир қатор раҳбарлари “Исломий давлат” гуруҳи раҳбари Абу Бакр ал Бағдодийга содиқлик ҳақида онт бергани хабар қилинган эди.

"Ҳизбуллоҳ" Исроил ҳарбий карвонига ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди

"Ҳизбуллоҳ" жанггари гуруҳи Ливан чегарасида Исроил ҳарбий карвонига қилинган ҳужум учун масъулиятни зиммасига олди.

Исроил армияси автокарвон танкларга қарши қўлланиладиган снарядлардан ҳужумга тутилгани, оқибатда тўрт исроиллик ҳарбий ҳизматчи яраланганини билдирган эди.

"Ҳизбуллоҳ" мазкур ҳужум Исроилнинг ўн кун аввал амалга оширган авиарейдларига жавоб эканини билдирди.

Ўша рейдлар пайти эронлик бир генерал ва гуруҳнинг етти жанггариси ҳалок бўлганди.

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху ўз мамлакати армияси “Ҳизбуллоҳ” ҳужумига жавобан бутун жабҳа бўйлаб куч қўллашга тайёрлигини билдирди.

Иордания ироқлик махбус эвазига учувчисини озод этишни талаб этди

Иордания ҳукумати агар “Исломий давлат” жанггарилари ҳибсда ушлаб турилаётган иорданиялик учувчини қўйиб юборса ироқлик махбусани уларга топширишини билдирди.

Иордания ҳукумати матбуот вакили Муҳаммад ал-Моманий чоршанба куни телевидение орқали чиқишида “Иордания ироқлик махбуса Сожида ал-Ришовийни озод этишга тайёр, бунинг учун иорданиялик учувчи Муат-ал-Касайбе қўйиб юборилиши керак”, деди.

Лекин, иорданиялик расмий “Исломий давлат” жанггарилари гаровда ушлаб тураётган япониялик Кенжи Гото ҳақида ҳеч нарса демади.

“Исломий давлат” гаровдаги япониялик журналист Кэндзи Гото жонини сақлаб қолиш учун Иордания қамоқхонасида ушлаб турилаётган ва 2005 йилги террорчилик ҳужумларида айбланиб, ўлимга ҳукм этилган ироқлик махбуса Сожида ар-Ришовийни озод этишни талаб этган.

Интернетда тарқатилган видеороликда, ИД жанггарилари агар Ришовий 24 соат ичида озод қилинмаса Гото боши танасидан жудо қилинишини билдирди.

25 январь куни исломчилар гаровдаги бошқа бир япониялик Харуну Юкавуни ўлдирганликларини билдиришганди.

"Исломий давлат" улар жони учун учун 200 миллион доллар талаб этишганди.

Япония бош вазири Синдзо Абэ Исломий давлат эълон қилган видеони жирканч, дея атади. Абэ Иорданияни Готони тезроқ озод этиш йўлида ҳамкорлик қилишга чақирганди.

Қирғизистонда беш қариндошини Сурияга жўнатган шахс қўлга олинди

Қирғизистонда беш қариндошини Сурияга, исломий жанггарилар сафларида жанг қилишга жўнатганликда гумонланаётган эркак қўлга олинди.

Қирғизистон шимолидаги Чуй вилояти полицияси матбуот вакили Нурбек Токтосуновнинг Озодликка айтишича, 29 ёшли эркак ўз отаси, икки акаси, синглиси ва қайин синглисини Суриянинг “Исломий давлат” жанггарилари назорат қилаётган Раққа шаҳрига жўнатганликда гумонланмоқда.

Гумонланувчи уйидан терговчилар экстремизмни тарғиб этувчи видио ва аудио материаллар ва варақаларни топишган.

Бир кун аввал Қирғизистон хавфсизлик ходимлари мамлакат жанубида Ҳизбут Таҳрир жамоасининг уч аъзосини ҳибсга олган эди.

Охирги пайтларда Марказий Осиё мамлакатларидан Сурия ва Ироққа исломий жанггарилар сафларида жанг қилишга кетаётган фуқаролар кўпайгани айтилмоқда.

Уларнинг орасида қирғизистонлик, ўзбекистонлик ва қозоғистонлик аёлларнинг ҳам борлиги хабар қилинади.

АҚШ Украинага 2 миллиард долларлик кредит беради

АҚШ Украинага ижтимоий ҳаражатларини қоплаш учун 2 миллиард долларилик кредит ажратади.

Бу ҳақдаги келишувни бугун АҚШ ва Украина молия вазирлари Киевда имзолашди.

Бундан аввал Европа Иттифоқи ҳам Украина иқтисодини кўтариш учун бу мамлакатга 1.8 миллиард евро (2.1 миллиард АҚШ доллари) миқдорида кредит беришини билдирган эди.

Киевдаги бугунги имзолаш маросимида АҚШ Молия вазири Жэк Лью ўз мамлакати лозим кўрса Россияга қарши янги санкцияларни қўллашга тайёрлигини айтди.

Сешанба куни АҚШ президенти Барак Обама ва Германия канцлери Ангела Меркель телефон мулоқоти ўтказиб, Украинадаги вазиятни муҳокама қилишганди. Икки давлат раҳбари “зўравонликнинг сезиларли даражада кучайиши” юзасидан хавотир изҳор қилишди, дейилади 27 январь куни Оқ уй тарқатган баёнотда.

Баёнотда қайд этилишича, Обама ва Меркель Россия Украина шарқидаги айирмачиларни дастаклаётгани ва Минск келишуви доирасидаги мажбуриятларини бажармаётгани учун жавобгар бўлиши лозим, деган муштарак тўхтамга келганлар.

АҚШ ва Германия лидерлари Украинага “салмоқли молиявий ёрдам пакети”ни тайёрлаш ишларининг тез орада поёнига етказилиши муҳимлиги ҳақида ҳам сўзлашганлар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG