Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 08:04

Халқаро янгиликлар

ЕХҲТ Украинадаги кузатувчилари сонини 500 нафарга етказмоқчи

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шу ой охирига бориб Украинадаги кузатувчилари сонини ошириш режасини маълум қилди.

Ташкилот матбуот котиби Майкл Боцюркивнинг маълум қилишича, ҳозир 250 нафар бўлган кузатувчилар сони ой охирида 500 нафарга етказилади.

Ташкилот қарори сабабини мамлакат шарқи нисбатан барқарорлашгани, аммо, шунга қарамасдан бу ҳудудда иккитомонлама оташкесим шартлари бузлиши ҳоллари кузатилаётгани билан изоҳлади.

ЕХҲТ расмийси Минскдаги келишувларда бу ҳудуддан оғир ҳарбий техникани олиб чиқиш ҳақида эришилган битим шартлари ҳам бажарилмаганини таъкидламоқда.

Ташкилот кузатувчилари 2014 йил март ойида Россия томонидан аннексия қилинган Қрим - Украинанинг қора денгиз бўйидаги ҳудудига кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Бостон марафони портлашларига оид маҳкама куни эълон қилинди

Жовҳар Царнаевнинг суд эшитувлари чоғидаги иштирокида чизилган сурат

Бостондаги марафон чоғида уюшитирилган қонли террор хуружида айбланган Жовҳар Царнаев устидан суд 5 январь куни бошланиши эълон қилинди.

3 январь куни бўлиб ўтган аппеляция судида ҳакам Царнаев ҳимоясининг маҳкамани қолдириш ҳақидаги сўровини етарли асосланмаган, дея рад этди.

Асли кавказлик АҚШ фуқароси Царнаев 2013 йилда Бостонда бўлган марафонда уюштирилган портлашга алоқадорлигига оид айбловларни тан олмаган.

Портлашда 3 киши қурбон бўлган, 260 дан ортиқ одам жароҳатланган. Айбловга кўра, портловчи мосламалар солинган иккита сумка Жовҳар ва унинг акаси Тамерлан Царнаевларга тегишлидир.

Тамерлан Царнаев портлашдан бир неча кун сўнг полиция билан юз берган тўқнашувда отиб ўлдирилган.

Бостон портлашлари 2001 йилнинг 11 сентябридаги террор ҳужумидан кейин АҚШда амалга оширилган энг йирик террор ҳужуми сифатида баҳоланган.

Кашмирдаги отишмада тўрт киши ҳалок бўлди

2014 йилнинг 31 декабрь куни Кашмирда содир бўлган тўқнашувда 3 киши ҳалок бўлганди.

Кашмирдаги баҳсли ҳудудда Покистон ва Ҳиндистон чегарачилари ўртасида содир бўлган отишмада тўрт киши, жумладан, бир ўсмир қиз нобуд бўлди.

Покистонлик ҳарбийлар отишма ҳиндистонлик ҳарбийлар 2 январь оқшомида икки мамлакат ўртасида тузилган оташкесим келишувини бузганидан кейин бошланганини айтмоқда. Ўз навбатида ҳинд расмийлари илк ўқни покистонликлар отганини иддао қилмоқда.

Маълумотларга кўра, 3 январь куни отишма кучайганидан кейин бу жойда яшовчи юзлаб одам эвакуация қилинган.

Ядро қуролига эга бўлган Покистон ҳам, Ҳиндистон ҳам аксар аҳолиси мусулмонлардан иборат Кашмирни ўз ҳудуди, деб билади. Шу сабабли бу ерда тез-тез тўқнашувлар содир бўлиб туради. Ана шундай тўқнашувлардан сўнггиси 31 декабрь куни содир бўлганди. Ўшанда ҳиндистонлик бир чегарачи ва покистонлик икки нафар аскар ҳалок бўлганди.

“Исломий давлат” жанггарилари Ироқ шимолида 170 чоғли одамни тутиб кетди

"Исломий давлат" жанггариси гуруҳ байроғини кўтариб кетмоқда ( YouTube видеосидан олинган скриншот).

“Исломий давлат” гуруҳи жанггарилари Ироқ шимолида гуруҳ байроқларини ёқишда гумонланган 170 га яқин киши тутиб кетди.

Associated Press агентлигининг Ироқ хавфсизлик хизмати вакилига таянган ҳолда хабар қилишича, бу одамлар Киркук вилоятида “Исломий давлат” гуруҳининг икки қора байроғи ёқилганидан кейин Аш-Шажара ва Ғариб деб аталган қишлоқлардан тутиб кетилган. Агентлик манбаси бу одамлар жанггарилар томонидан 30 та машинага ортиб олиб кетилганини қўшимча қилган.

Жойларда аҳоли қаршилигини бостириш учун одамларни оммавий равишда тутиб кетиш амалиёти “Исломий давлат” жанггарилари томонидан аввал ҳам амалга оширилганди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойи бошларида Киркукда маҳаллий аҳоли вакиллари жанггарилар истеҳкомларидан бирини бузиб, “Исломий давлат” байроғини ёқиб юборганидан кейин бу ердан 50 киши тутиб кетилганди. Орадан бир ҳафта ўтгач, жанггарилар қаршилик гуруҳи тузганликда айблаб, яна 20 кишини тутиб кетганлар.

Сўнгги ойлар ичида “Исломий давлат” жанггарилари томонидан Сурия ва Ироқда минглаб одам ўлдирилган.

Теҳрон ўз ядровий дастури бўйича Вашингтон билан келишувга эришганини рад қилди

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Марзия Афҳам.

Эрон расмийлари Теҳроннинг ядро қуроли яратиш имкониятини пасайтириш бўйича АҚШ билан келишувга эришилганига оид хабарларни рад этмоқда.

2 январь куни Associated Press агентлиги исми очиқланмаган икки дипломат сўзларига таянган ҳолда, Теҳрон ядро қуроли яратиш учун асосий материал ҳисобланмиш бойитилган ураннинг катта қисмини Россияга юборишга қарор қилганини хабар қилганди. Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Марзия Афҳам 3 январь куни бундай келишувга эришилмаганини билдирди.

Теҳрон ўз ядровий дастури тинч мақсадни кўзлашини иддао қилиб, Ғарб санкцияларидан халос бўлиш мақсадида анчадан буён АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия билан музокара олиб боради. АҚШ Эрондан бойитилган ураннинг катта қисмини экспорт қилишни талаб қилиб келади. АҚШ расмийларига кўра, бу Эроннинг ядро қуроли яратиш имкониятини камайтирган бўларди. Аммо Теҳрон бу таклифни бир неча бор рад қилган.

Эрон ядровий дастури бўйича музокараларнинг навбатдаги раунди 15 январь куни Женевада бошланиши кутилмоқда.

Ҳиндистонда япониялик талаба қизни зўрлаганлар қўлга олинди

I

Ҳиндистонда япониялик сайёҳ қизни зўрлаганликда гумонланиб, беш киши қўлга олинди.

Калькутта шаҳри полиция мулозимларига кўра, бешавлон япониялик талаба қизни олиб қочиб, бир ой давомида зўрлаган.

Қўлга олинганлардан икки нафари ўзларини экскурсовод деб таништириб, қизни олиб қочган.

Бир ойдан сўнг қиз зўравонлар исканжасидан қочиб, Япониянинг Калькутта шаҳридаги консулхонасига мурожаат қилган.

Полицияга кўра, қўлга олинган шахслар Ҳиндистонда қизларни олиб қочиш билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ аъзолари бўлиши мумкин.

Ал Қоида аъзоси Абу Анас ал-Либий Нью-Йоркда оламдан ўтди

Кения ва Танзаниядаги АҚШ элчихоналарига қарши уюштирилган террорчилик ҳужумларида гумонланиб 2013 йилда Триполида Америка махсус кучлари тарафидан қўлга олинган ливиялик Абу Анас Либий Нью-Йорк касалхонасида оламдан ўтди.

Бу ҳақда марҳумнинг адвокати шанба куни маълум қилди.

50 ёшли Абу Анас Либий қўлга олинишидан олдин Ал Қоида аъзоси сифатида Африка шарқидаги 1998 йилги ҳужумларда гумонланиб узоқ йиллар АҚШ Федерал тергов бюроси тарафидан қидирилаётган шахслар рўйхатида бўлган.

Вашингтон Анас Ал Либийни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот пули берилишини эълон қилган.

1998 йилги Шарқий Африкадаги ҳужумлар оқибатида 223 одам ҳалок бўлганди.

Либий ўша ҳужумларнинг уюштирилишига алоқадорлигини рад қилиб келган.

Адвокатига кўра, Абу Анас Либий сўнгги йиллар гепатит С ва жигар саратони касаллиги билан оғриган.

Уни устидан навбатдаги маҳкама эшитувлари 12 январь кунига белгиланган эди.

Венгрияда "Россияга ён босаётган ҳукумат"га қарши намойишлар бўлди

Венгрия пойтахти Будапештда минглаб одам Виктор Орбан бошлиқ ҳукуматнинг "Россияга ён босувчи сиёсати"га қарши норозилик билдириб намойишга чиқди.

Будапештдаги опера биноси олдига йиғилган беш минг намойишчи Венгрия ҳукуматини Россиянинг атом станция қурилиши учун беражак 12 миллиард долларлик кредитига учиб Москва таъсирига тушиб қолганликда айблашди.

​Венгрия бош вазири Виктор Орбан партияси мамлакатда учта сайловда ғолиб чиққанига қарамай, ўтган йил оҳирига келиб унинг обрўси халқ орасида тушиб кетди.

Будапештда ҳукуматга қарши навбатдаги намойишлар 1 февраль кунига белгиланди.

Айнан шу куни Германия Канцлери Ангела Меркелнинг Венгрияга ташрифи кутилмоқда.

Яван денгизида AirAsia ширкати учоғига тегишлилиги ишонилаётган иккита йирик объект топилди

Яван денгизида AirAsia ширкатининг ҳалокатга учраган учоғи қолдиқларини қидираётган қутқарувчилар учоққа тегишлилиги ишонилаётган иккита йирик объектни топганликларини билдиришди.

Топилмалар денгиз садхидан 30 метр чуқурликда экани айтилмоқда. Ҳозирча объектлар учоққа тегишли экани тўлиқ тасдиғини топмаган.

Аввалроқ қутқарувчилар денгизда яна бир қанча одам жасадини топишган эди.

Шу пайтгача ўттиз одамнинг жасади топилди. Airbus А320 учоғи бортида ҳаммаси бўлиб 162 йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган.

Учоқ ўтган якшанба куни Индонезиянинг Сурабайя шаҳридан осомонга кўтарилганидан 42 дақиқа ўтиб радар экранларидан ғойиб бўлган эди.

АҚШ Шимолий Кореяга қарши янги санкцияларни жорий этди

Қўшма Штатлар Sony Pictures киноширкатига қилинган киберҳужумга жавобан Шимолий Кореяга қарши янги санкцияларни жорий қилди.

Оқ уй расмийларига кўра, Пхеньянга қарши янги жазо чоралари Шимолий Кореядаги бир қатор ширкат ва ташкилотлар, жумладан ушбу мамлакат жасуслик ҳизмати, қурол экспорти билан шуғулланувчи ташкилот, шу ташкилотлар ходимлари ва мамлакатнинг бир қатор расмийларидан иборат ўн нафар шахсга тегишли бўлади.

Улар учун АҚШ молия тизими ёпилади, Америка фуқароларининг улар билан ҳамкорлик қилиши тақиқланади.

Sony Pictures киноширкати компьютер тармоғига ҳужум уюштирган хакерлар Шимолий Корея раҳбари ҳақидаги “Интервью” кинокомедиясининг премьераси бўладиган кинотеатрларда 2001 йил 11 сентябрдаги каби терактлар уюштириш билан таҳдид этгач, фильмнинг 25 декабрга мўлжалланган АҚШ премьераси бекор қилинган эди.

Кейинчалик ширкат ушбу филмни Интернет тармоғида намойишини йўлга қўйди.

Евро долларга нисбатан арзонлашди

Евро пул бирлиги 2015 йилни АҚШ долларига нисбатан арзонлашишдан бошлади. Европадаги 19 давлат томонидан ишлатиладиган валюта икки йиллик минимум кўрсаткичига тушиб 1,20 АҚШ долларини ташкил қилди. 2 январь куни Осиё бозорларидаги савдода АҚШ валютаси жаҳоннинг асосий валюталарига нисбатан қимматлади.

Евронинг қадрсизланишига Европа Марказий банкининг минтақа иқтисодида дефляция пайдо бўлиши олдини олиш мақсадида жорий ой охирига қадар миллий облигацияларни сотиб олиш қарори ҳисса қўшди.

2 январь куни эълон қилинган интервьюда Европа Марказий банки раиси Марио Драги молиявий идора бошқарув кенгаши 19 давлатни ўз ичига олувчи еврозонада дефляциянинг олдини олиш эҳтиёжи борлигини “бир овоздан” тан олди, дея таъкидлади.

Нефть 55 долларга тушди. Эрон Саудиядан гина қилди

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мулозими нефть нархининг тушиши Яқин Шарқ мамлакатларига катта зарар етказиши ва Саудия Арабистонининг ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирмаётгани катта хато эканини баён қилди.

Жума кунги савдода Брент русумидаги нефтьнинг нархи бир баррель учун 55,74 АҚШ долларигача тушди.

Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Амир Абдуллоҳиян Рейтерс агентлигига 1 январь куни берган интервьюсида Теҳрон Суадия Арабистони нефть арзонлашишини тўхтатиш чорасини кўришидан умидвор эканини билдирди.

Жаҳон бозорида нефть нархи июнь ойидан бери 50 фоизга арзонлади.

Саудия Арабистони етакчилигидаги Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти – ОПЕК нархлар тушишига қарамасдан ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришдан воз кечган. Бу эса ташкилотнинг Эрон ва Венесуэла каби аъзоларининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Туркманистонда бензин қимматлаб, 28 центни ташкил қилди

Туркманистон ҳукумати миллий валюта манатнинг АҚШ долларига нисбатан қадрини жиддий тарзда тушириб, бензин нархини қимматлатди.

Марказий банк расмий сайтида мантанинг долларга курси 3,5 маната деб эълон қилинган. 2009 йилдан бери курс 2,85 манатни ташкил қилиб келган эди. Манат девальвацияси 18 фоиздан ошиқроқни ташкил қилди.

Хабарларга кўра, мамлакат бўйлаб барча банк ва пул айирбошлаш шохобчалари 1 январь куни ёпиб қўйилди.

Айни пайтда, Туркманистон Невть ва газ вазирлиги бензин нархи 60 фоизга оширилиб, аввалги 62 тангадан 1 манатга (0,28 АҚШ доллари) кўтарилганини эълон қилди. Бу ўзбек сўмига ҳисоблаганда 680 сўмни ташкил қилади.

Ҳукумат нархлар ўзгаришига ҳеч бир изоҳ бергани йўқ.

Ироқ учун ўтган йил 2007 йилдан бери энг ҳалокатли бўлди

Ироқ ҳукумати 2014 мамлакат учун 2007 йилдан бери энг ҳалокатли йил бўлганини билдирди. Ироқ Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари томонидан тайёрланган ҳисоботда ўтган йил давомида мамлакатда рўй берган зўравонликлар оқибатида камида тинч аҳолидан 15538 нафар нобуд бўлгани ва 22 мингдан ошиқ одам жароҳатлангани қайд этилган.

Талафотлар сони сўнгги етти йил ичидаги энг юқори нуқтага чиқди. 2007 йилда шиалар билан суннийлар ўртасидаги зўравонликлар авжига чиқиши натижасида ўлимлар сони қарийб 18 мингга етган, лекин ўшандан бери ўлимлар сони камайган. 2013 йилда зўравонликлар қурбонлари сони 6522 нафарни ташкил қилган эди.

Маркази Британияда жойлашган Ироқда ҳалок бўлганларни кузатувчи “Iraq Body Count” ташкилоти, айни пайтда, ўтган йилги тинч аҳоли орасидаги талафотлар сони 17 мингдан ошиқроқни ташкил қилганини айтмоқда.

Айирмачипараст рус қўшиқчиларини эфирга берган Украина канали ҳужумга учради

Украинанинг энг йирик телеканали Янги йил кечаси эфирга берган концерт дастури боис ҳужумга учради. Байрам дастурида Украина шарқидаги айирмачиларни очиқчасига қўллаб-қувватлаган россиялик қўшиқчилар қатнашгани жанжалга сабаб бўлди.

Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Олександр Турчинов Украина Телевидение ва радио кенгашига мурожаат қилиб, Интер телеканалини лицензиясидан мосуво қилишга чақирди.

Турчинов “Қрим ва Донбасснинг босиб олинишини олқишлаб ва террорчиларни қўллаб-қувватлаб мамлакатимизни калака қилган” Россия қўшиқчиларини эфирга олиб чиқиш орқали Интер канали “Украина давлатчилигига қарши ҳаракат қилди” дея баён қилди.

Байрам концертида намойиш қилинган чиқишлардан бири Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари боис Москвага жорий қилинган Ғарб санкцияларини кулгига олади.

Украина Ахборот вазири Юрий Стец россиялик санъаткорларни Украина эфиригаяқинлаштирмаслик тўғрисидаги қонун лойиҳасини партаментга киритишни режалаштираётганини билдирди.

Москвада ёзилган Янги йил концертида Украинада исталмаган шахс, деб эълон қилинган таниқли қўшиқчи ва иқтидордаги Единая Россия партияси аъзоси Иосиф Кобзон қатнашган. Дастурда шунингдек, айирмачиларни қўллаб-қувватлагани учун Украинада персона нон грата ҳисобланган Валерия, Олег Газманов ва Николай Басковлар ҳам иштирок этган.

Ҳилманддаги тўйга ракета отганликда айбланган аскарлар қўлга олинди

Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида 31 декабрь кунги тўйда камида 20 кишининг ўлимига сабаб бўлган ракета ҳужумида расмийлар ҳукумат аскарларини айбламоқда.

Ҳалок бўлганларнинг 17 нафари болалар ва аёллар бўлган. Янги йил арафасида рўй берган ҳодисада 50дан ошиқ одам яраланди.

Ҳилманд вилояти ҳокими ўринбосари Жон Расулёр ҳукумат қўшинлари “воқеа жойига яқин армия текширув пункти жангарилар томонидан ўққа тутилиши ортидан тўй маросимига қарата ракеталардан ўт очган”, дея билдирди.

Франс пресс агентлиги билан 2 январь кунги суҳбатда вилоят расмийси ракеталардан ўт очганликдан айбланаётган аскарлар “ҳарбий судга топширилди”, дея қўшимча қилди.

Тўрт нафар аскар, жумладан бир қўмондон қўлга олиниб, вилоят пойтахти Лашкаргоҳга олиб кетилди.

Украинада Степан Бандера хотирасига намойиш ўтказилди

Киевда ўтказилган намойиш.

Киев ва Львовда 1 январь куни минглаб украиналиклар Степан Бандера таваллудининг 106 йиллиги муносабати билан ўтказилган хотира намойишида иштирок этди.

Айрим намойишчилар миллатчиларнинг қизил-қора тусли байроқларини кўтариб олиб: “Украина украиналиклар учун”, “Бандера қайтади ва тартиб ўрнатади”, каби шиорларни ҳайқирган.

1909 йилнинг 1 январида туғилган Степан Бандера Россия тарихида фашистлар билан ҳамкорлик қилган шахс сифатида кўрилади. Бандеранинг “Украинага шон-шарафлар, қаҳрамонларга шарафлар” шиори айни пайтда россияпараст исёнчиларга қарши курашда қўлланилаётгани айтилади.

Россия президенти Владимир Путин Москвага мойил бўлган украин президенти Виктор Януковичнинг ҳокимиятдан қувилгани ортидан, бу ишни “Гитлернинг ҳамкори бўлган Бандера ишининг мафкуравий давомчилари амалга оширгани” ҳақида баёнот берган эди.

Бироқ Бандера армияси ташкил этилган дастлабки даврда совет партизанлари ва польяк қаршилик ҳаракатига, 1943 йилдан Украинани босиб олган фашистлар Германиясига, кейинроқ 1950 йилгача совет тузимига қарши курашган.

Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида норозилик намойиши ўтказилди

Афғонистоннинг Ҳилманд вилояти марказида тўй ўтказилаётган уйга ракета отилганидан ғазабланган ўнлаб одамлар намойишга чиқди.

31 декабрда Сангин туманида тўй бўлаётган жойга отилган ракетадан 20 одам ҳалок бўлган ва 50 одам яраланган. Уларнинг кўпчилиги аёллар ва болалардир. Расмийлар ракета отилгани воқеасини тафтиш қилишни бошлаган.

Сангин тумани Ҳилманд дарёси ёқасида жойлашган кўкнори етиштирувчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Мазкур ҳудудда сўнгги олти ой мобайнида ҳукумат кучлари ва толиблар ўртасида қаттиқ жанглар бўлган.

Мисрда қамалган "Ал-Жазира" журналистлари иши судда қайта кўриб чиқилади

Миср қамоғида сақланаётган "Ал-Жазира" мухбирлари.

Миср суди “Ал-Жазира” телеширкатининг уч журналистига нисбатан янги суд жараёни ўтказилиши ҳақида қарор чиқарди.

2013 йилда "Мусулмон биродарлар" ташкилоти билан ҳамкорликда ва Миср ҳақида “ёлғон маълумотларни тарқатиш”да айбланиб 7 йилдан 10 йилгача қамалган австралиялик Питер Грест, келиб чиқиши мисрлик бўлган Канада фуқароси Муҳаммад Фаҳмий, мисрлик Бахер Муҳаммад янги суд жараёни якунлангунига қадар ҳибсда қолади.

Миср ҳукумати Қатарни “Ал-Жазира”воситасида "Мусулмон биродарлар"ни қўллаганликда ҳам айблаган, бироқ телеширкат бу айбловларни инкор қилган.

Айбланувчиларнинг адвокати янги суд жараёни бир ой ичида бошланиши ҳамда “яхшилик билан тугаши"га умид қилаётганини билдирди.

Путин "коррупцияни қўллаб-қувватлаган йил одами", деб топилди

Коррупция ва уюшган жиноятчиликни тадқиқ қилувчи журналистлардан иборат халқаро лойиҳа Россия Президенти Владимир Путинни "2014 йилда коррупцияни қўллаб –қувватлаган йил одами", деб эълон қилди.

2006 йилда ташкил қилинган ва бош қароргоҳи Сараевода жойлашган лойиҳа муаллифларининг билдиришича, “Путин Россияни ноқонуний топилган пулларни қонунийлаштириш марказига айлантиргани ҳамда Қрим, Донбасс, Украина шарқида жиноий гуруҳларга имконият яратиб берилгани учун” мана шундай антимукофотга лойиқ топилган.

Ташкилот сайтида эълон қилинган хабарда Владимир Путин ҳукумати ҳукуматдаги коррупция ҳақида бонг ураётган оммавий ахборот воситалари ва гуруҳларни ўз фаолиятларини тўхтатишга мажбур қилаётгани таъкидланган.

2014 Ироқ учун энг қонли йиллардан бири бўлди

Ироқ ҳукумати 2014 йил мамлакат учун энг қонли давр бўлганини маълум қилди.

Бағдод расмийларининг билдиришича, ўтган йили Ироқдаги зўравонликларда 15 538 одам ҳалок бўлган, 22 минг киши яраланган. Айни пайтда маркази Буюк Британияда жойлашгане Body Count нодавлат ташкилоти Ироқда 2014 йилда террорчилик ҳаракатларида 17 073 одам ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотларни ошкор қилди.

Ироқда шиалар ва сунийлар ўртасидаги қарама-қаршиликлар авжига чиққан 2007 йилда зўравонликларда 18 минг одам ҳалок бўлган эди. 2013 йилда эса бу кўрсаткич 6 522 кишини ташкил қилган.

Суриядаги фуқаролар урушида ўтган йили 76 минг одам ҳалок бўлди

Ўтган йили Суриядаги фуқаролар урушида 76 минг одам ҳалок бўлди, уларнинг деярли 50 фоизи тинч аҳоли вакилларидир. Ҳалок бўлганларнинг 3,5 мингги болалардир.

Мазкур рақамларни эълон қилган Британиядаги суриялик ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳининг билдиришича, 2014 йил 2011 йилдан бери Сурияда давом этаётган фуқаролар урушининг энг қонли йили бўлган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Сурияда 2011 йилдан бери 200 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Евросиё иқтисодий иттифоқи шартномаси кучга кирди

2015 йилнинг 1 январидан Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳақидаги шартнома кучга кирди. Иттифоққа биринчи бўлиб Беларусь раислик қилади. Бу ҳақда Марказий Осиё янгиликлар хизмати хабар берди.

2014 йилнинг 29 май куни Россия, Қозоғистон ва Беларусь Евроосиё иқтисодий иттифоқини тузиш ҳақидаги шартномани имзолаган эди. Шартномага мувофиқ иттифоқ ҳудудида товарлар, хизматлар ва ишчи кучининг эркин ҳаракати таъминланади, иқтисодиёт соҳасида келишилган ёки ягона сиёсат юритилади.

2 январь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқига Арманистон ҳам қўшилади. Май ойида эса Қирғизистоннинг ҳам Иттифоқ аъзосига айланиши кутилмоқда.

Таҳлилчилар мазкур Иттифоқни Россиянинг ўз таъсир доирасини кенгайтириш йўлидаги уриниши сифатида баҳоламоқда.

Ҳилмандда ўтаётган тўйга ракета тушиб, камида 20 киши нобуд бўлди

province, June 29, 2014

Афғонистоннинг Ҳилманд вилояти марказида маҳаллий аҳолидан юзлаб киши камида 20 кишининг ўлими ва 50 дан зиёдининг тан жароҳати олишига сабаб бўлган ракета портлашидан ғазабланиб кўчага чиқди.

Ҳилманднинг Сангин минтақасида ўтаётган тўйда 31 декабрь портлаган ракета қурбонларининг аксарияти хотин-қизлар ва болалардир.

Маҳаллий маъмурлар ракетанинг Афғонистон армияси тўй ўтаётган ер яқинида жойлашган базасидан отилган бўлиши эҳтимолини ўрганмоқда.

Расмийлар ракета Толибон жанггарилари билан отишма давомида отилганми ёки масъулиятсизлик оқибати бўлганми, деган масала ўрганилаётгани тўғрисида баёнот берди.

Халқаро кучларнинг Афғонистондаги миссияси ўтган ойда якунига етди ва Афғонистон ҳукумати мамлакатдаги хавфсизлик учун масъулиятни тўла ўз зиммасига олган.

Бугундан бошлаб Россияга фақат чет эл паспорти билан киритадилар

2015 йилнинг 1 январидан МДҲ давлатлари фуқаролари Россияга фақат хорижий паспорт билан кириши мумкин.

Янги йилдан шундай тартиб жорий этилажаги тўғрисидаги қарор 2014 нинг июнида қабул қилинган эди.

Ўшанда Россияга фақат хорижий паспорт билан кириши мумкинлиги тўғрисидаги талаб Божхона иттифоқига аъзо Қозоғистон ва Белорус фуқаролари олдига қўйилмаслиги тўғрисида айтилган эди.

ТАССга кўра, Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш ҳаракатларини бошлаб юборгани учун бу мамлакат фуқароларидан ҳам Россияга кириш учун чет эл паспорти талаб қилинмайди.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, бундай тартиб давлат чегарасини кесиб ўтиш бўйича ягона қоида жорий этиш ва миграцияга нисбатан назоратни кучайтириш мақсадида киритилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG