Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 05:30

Халқаро янгиликлар

Франция президенти Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш ғояси билан чиқди

Франция Президенти Франсуа Олланд.

Франция Президенти Франсуа Олланд Россия Украина суверенитетини бузмаслик ниятини намойиш қилса, Москвага нисбатан жорий қилинган Ғарб санкциялари бекор қилиниши тарафдори эканини баён қилди.

5 январь куни Франция радиосига берган интервьюсида Олланд Россия Президенти Владимир Путинни Украина ҳудудий яҳлитлигини ҳурмат қилиш, мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ва Киевнинг Ғарб билан иқтисодий муносабатларни ўрнатишига тўсиқ қўймасликка чақирди.

Олланд шунингдек Путин “Украина шарқини аннексия қилмоқчи эмас, унинг ўзи менга айтди”, дея таъкидлади.

Айни пайтда, Германия Вице канцлери Зигмар Габриель ҳам 4 январь куни маҳаллий матбуот орқали қилган чиқишида Европа ва Қўшма Штатлардаги баъзи “кучлар” Россияга путур етказмоқчи, бу эса “қарама-қаршиликка олиб келиши мумкин”, дея иддао қилди.

“Биз Украина можаросини ҳал қилмоқчимиз, лекин Россияни тиз чўктириш ниятимиз йўқ”, деди немис мулозими.

Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа давлатлар Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиши ва айирмачиларни қўллаб-қувватлаши боис Москвага нисбатан санкциялар қўллаган.

Навальний оёғидаги электрон кишанни кесиб ташлади

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ўзига нисбатан қўлланилган уй қамоғи шартлари қонунга зид бўлгани боис, унга бошқа амал қилмаслигини эълон қилди.

5 январь куни ўз вебсайтида бу ҳақда эълон қилган Навальний уй қамоғи, қонунга мувофиқ, фақатгина ҳукм қилинмаган гумонланувчиларга нисбатан қўлланилишини эслатди. Интернетдаги баёнотига Навальний унинг ҳаракатларини кузатувчи оёғидаги электрон кишанни ошпичоқ билан кесилгани туширилган расмни ҳам илова қилди.

30 декабрь куни Москва суди Навальнийни катта миқдорда пул ўмарганликда айбдор деб топиб, 3,5 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Сиёсий судлов натижасида Навальнийнинг укаси Олегга 3,5 йил қамоқ жазоси берилди.

Бугунги баёнотида Навальний “мен Россия тарихидаги шартли ҳукм чиқарилганидан кейин уй қамоғида қолаётган ягона шахсман”, дея ёзди. У ҳеч қаерга саёҳат қилиш режаси йўқлиги, фақатгина ишга бориб келиш ва оиласи юмошлари билан шуғулланиш ниятида эканини билдирди.

Эрон президенти муҳим масалалар бўйича парламентни айланиб ўтмоқчи

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний.

Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат учун муҳим бўлган масалаларни умумхалқ овозига олиб чиқиш тизимини жорий қилиш тарафдори эканини билдирди. Иқтисодий масалага бағишланган конференцияда қилган чиқишида Ҳасан Руҳоний иқтисодий, ижтимоий ва маданий аҳамиятга молик масалаларни парламент орқали эмас, референдум орқали ҳал қилиш “яхши” бўлар эди, дея таъкидлади.

Эроннинг 1979 йилда қабул қилинган конституциясига кўра, катта масалаларни умумхалқ овозига олиб чиқиш имкони бор, лекин ундан камдан-кам фойдаланилади.

Руҳоний телевидение орқали кўрсатилган нутқида давлатнинг иқтисодга аралашувини чеклаш ҳамда Эроннинг халқаро изоляциясини баратараф қилиш учун шаффофликни ошириш ҳақида ҳам гапирди.

Теҳрон ўз ядровий дастури борасида халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётгани боис жорий қилинган Ғарб санкциялари Эрон иқтисодига катта зарар етказган.

Руҳонийнинг сўзлари ўз салафи Маҳмуд Аҳмадийнажод ҳукуматининг иқтисодий сиёсатига қаратилган танқид сифатида қабул қилинди.

Кобулда Европа Иттифоқи миссиясига ҳужум уюштирилди

Кобулда худкуш бомбачи минган машина Европа Иттифоқи полиция конвойи олдида портлади. Натижада воқеа жойида бўлган афғонистонлик ҳалок бўлди.

Афғонистондаги Европа Иттифоқи Полиция Миссияси вакилларига кўра, бомба ўрнатилган машинани бошқарган шахс 5 январь куни миссиянинг Кобулдаги қароргоҳи олдида ҳужум уюштирган.

Европа миссиясига доир машина ичидагилардан ҳеч ким зарар кўрмаган, лекин портлаш яқинида бўлган олти тинч фуқаро жароҳатланган. Улардан бири олинган жароҳатлардан кейинчалик вафот этган.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.

Ҳужум Афғонистонда НАТОнинг жанговар миссяиси тугашидан бир неча кун ўтиб содир этилди.

Афғонистон Президенти Ашраф Ғани Қўшма Штатларни ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиш муддатини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Путин хориж фуқароларини Россия армиясида хизмат қилишига йўл очиб берди

Хориж фуқаролари ҳарбий ҳолат ва қуролли можаролар шароитида Россия армиясига жалб қилиниши мумкин.

Россия Президенти Владимир Путин хориж фуқароларининг Россия қуролли кучлари сафида, шартнома асосида, хизмат ўташи тартибини белгилаб берувчи фармонни имзолади.

Ўтган жума куни эълон қилинган ҳужжатга кўра, “хориж фуқаролари бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳарбий ҳолат ҳамда қуролли можаролар шароитидаги вазифаларнинг бажарилишида, халқаро қонунчиликнинг тан олинган тамойил ва меъёрлари, Россия Федерациясининг халқаро шартномалари ва қонунчилигига мувофиқ тарзда, иштирок этади”.

Бундан ташқари рус армиясида хизмат қилишни истаганлар рус тилини билиши шарт қилиб белгиланди. Шунингдек жиноят тергови остида бўлган, суд ҳукмини тўла ўтаб бўлмаган ёки қамоқ жазосини ўтаётган хориж фуқароларининг РФ қуролли кучлари сафига қабул қилинмаслиги таъкидланади ҳужжатда.

Айни пайтда, РФ армияси учун фуқаролари потенциал легионер бўлиши мумкин бўлган МДҲ давлатларининг аксарида хорижий қуролли кучлари сафига қўшилиш учун жиноий жавобгарлик бор.

Берлинда Украинада тинчлик ўрнатиш чоралари муҳокама қилинмоқда

Бугун Берлинда Украинада тинчлик ўрнатиш келишувига эришиш масаласи борасида музокараларнинг бошланди. 5 январь куни бошланган сўзлашувларда Украина, Россия, Франция ва Германия вакиллари бўҳронга тинч ечим топиш масаласини кўриб чиқади.

Бугунги учрашув қатнашчилари 15 январь кунига белгиланган тўрт давлат етакчилари ўртасидаги музокаралардан аввал Украина бўҳронини ҳал қилиш борасида қандайдир натижаларга эришишга умид қилмоқда.

Киев ҳукуматидан музокараларда Украина Ташқи ишлар вазирлигининг сиёсат ва коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Олексий Макеев қатнашади.

Москва Берлинга Россия ташқи ишлар вазирлигининг Украина билан муносабатлар учун масъул бўлган бошқарма директори Виктор Сорокинни юборди.

4 январь куни Берлида қилган чиқишида Киев вакили Макеев учрашув иштирокчилари Минск битими шартларини ҳаётга тадбиқ қилиш чоралари борасида ўз қарашларини тақдим қилади, дея билдирди.

Украина Президенти Петро Порошенко ўтган ойда қилган чиқишида январ ойи ўрталарида Қозоғистонда тўрт мамлакат иштирокида саммит даражасидаги йиғин ўтказилишига умид билдирган эди.

Минскда 5 сентябрь куни имзоланган битим Украина шарқида 4700дан ошиқ одам нобуд бўлган можарони тўхтата олгани йўқ.

Берлинда тўрт мамлакат дипломатларининг Украина масаласи бўйича учрашуви бўлиб ўтади

Германия, Франция, Россия ва Украина лидерлари Миландаги саммитда, 2014 йилнинг 17 октябри.

Бугун Берлинда Германия, Франция, Россия ва Украина дипломатларининг Украинамасаласи бўйича учрашуви бўлиб ўтади.

Бу учрашувда расмий Киевни Украина Ташқи ишлар вазирлиги сиёсат ва ташқи алоқалар бўлими директори Алексей Макеев, расмий Москвани эса Россия Ташқи ишлар вазирлиги МДҲ давлатлари иккинчи департаменти директори Виктор Сорокин тамсил этади.

Нормандия формати деб аталадиган бу учрашувда Украина шарқидаги вазиятни изга солиш бўйича Минск битимига оид масалалар муҳокама қилиниши кутиляпти. Томонлар бугунги учрашувнинг янада юқорироқ даражада ўтказилажак учрашувларга дебоча бўлишига умид қилмоқдалар.

Аввалроқ Украина президенти Петро Порошенко Германия, Франция, Россия ва Украина лидерларининг Нормандия форматидаги саммитини 15 январь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказиш ҳақида келишувга эришилгани, унда Украина шарқидаги низони бартараф қилиш йўллари муҳокама қилиниши ҳақида билдирганди.

Одессада яна портлаш содир бўлди

Душанбага ўтар кечаси Украинанинг Одесса шаҳрида Донбассдаги айирмачиларга қарши амалиётларда иштирок этаётган жангчиларга ёрдам маркази жойлашган бино олдида портлаш содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш чоғида ҳеч ким жабрланмаган. Портлашдан бинога ҳам қаттиқ шикаст етмаган, унинг ойналари синиб тушгани айтилаяпти, холос.

Бу янги йилдан буён Одессада содир бўлган иккинчи, сўнгги бир ой ичида эса еттинчи портлашдир.

3 январь куни Одесса-Пересыпь станциясида ёнилғи қуйилган цистерна портлаган, натижада чор-атрофга нефть маҳсулотлари ёйилиб кетган. Расмий Киев шаҳарда хавфсизликни таъминлаш учун ўша куниёқ Одессага Украина Миллий гвардияси бўлинмаларини юборган. Миллий гвардия жангчиларига милиция билан бир қаторда ўзларига шубҳали кўринган шахсларнинг ҳужжатлари ва шахсий буюмларини текшириш ваколати берилган.

Туркманистонда янги йилдан бензин қимматлади

Туркманистонда янги йилдан бошлаб бензин нархи 60 фоизга ошди. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” нашри хабар қилади.

Маълумотларга кўра, 2015 йилгача АИ 95 бензинининг бир литри 62 туркман тангасидан (22 цент) сотиларди, 1 январдан эса 1 манатдан (35 цент) сотилмоқда. Шу кунда Туркманистонда 1 АҚШ долларининг қиймати 2,84 манатга тенг.

Авваллари Туркманистонда автомашина эгалари давлатдан ойига 120 литр текин бензин оларди. 2014 йил июль ойидан президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов қарори билан автомашина эгаларига бензинни текинга бериш тўхтатилган.

Туркманистонда бензин 60 фоизга ошганига қарамай, унинг нархи собиқ совет ўлкалари орасида ҳамон энг арзонлигича қолмоқда.

Бугун Бостонда Царнаевлар иши бўйича суд бошланади

Жовҳар Царнаевнинг маҳкама тингловлари чоғида чизилган сурати.

Бугун Бостонда 2013 йил апрелида портлаш содир этганликда айбланаётган Жовҳар Царнаев иши бўйича маҳкама бошланиши кутилмоқда.

3 январь куни суд маҳкамани бошқа кунга кўчириш ёки уни Бостондан бошқа жойда ўтказиш бўйича Царнаевнинг адвокатлари томонидан киритилган илтимосномани рад қилган.

2013 йили Бостонда содир бўлган икки портлаш туфайли 3 киши ҳалок бўлган, 260 дан зиёд киши яраланганди. Тергов маълумотларига кўра, Жовҳар ва унинг полиция томонидан қўлга олиш чоғида ўлдирилган акаси Тамерлан Бостон марафони финишида ичига портловчи моддалар солинган рюкзакларни қолдириб кетганлар.

Агар судда Жовҳар Царнаевга қўйилган айбловлар исботини топса, у ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин. 21 ёшли Царнаев ўзига қўйилаётган бу айбловларни тан олмаслигини айтган.

Украина расмийлари мамлакат шарқида вазият янада мураккаблашганидан баҳс этмоқда

Украина расмийлари мамлакат шарқида вазият “сезиларли даражада мураккаблашгани”ни айтмоқда.

УНИАН ахборот агентлигининг Айирмачиларга қарши амалиётлар матбуот маркази маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, якшанба куни айирмачилар Киев кучлари позициячиларини 20 мартадан кўпроқ ўққа тутганлар.

Айни пайтда “Донецк халқ республикаси”дан бўлган айирмачилар ҳам кеча ўз позициялари 20 мартадан кўп ўққа тутилганини билдирдилар.

Украина шарқида вазиятнинг тобора таранглашаётгани минтақада тинчлик ўрнатиш ишини қийинлаштириши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Бу орада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шу ой охиригача Украина шарқидаги ўз кузатувчилари сонини икки баробар оширишни режалаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда ЕХҲТ мулозими Майкл Боцюркив 4 январь куни DPA агентлигига маълум қилган.

Боцюркив ЕХҲТ қарорини Украина шарқида вазият барқарорлашгани билан изоҳлаган. Айни пайтда, ЕХҲТ мулозимига кўра, мазкур ҳудудда оташкесим келишуви қарийб ҳар куни бузилаяпти, шунингдек, оғир аслаҳаларни олиб чиқиб кетиш бўйича сентябрь ойида Минскда эришилган келишув бажарилмаяпти.

Ҳозир Украина шарқида ЕХҲТнинг 250 нафар кузатувчиси иш олиб бораяпти. Январь ойи охирига қадар бу кузатувчилар сонини 500 нафарга етказиш кўзда тутилган.

Ҳасан Руҳоний Эрон учун иқтисодий ислоҳотлар зарурлигини урғулади

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ўз мамлакати халқаро изоляцияда қолар экан, барқарор иқтисодий ўсишга соҳиб бўлолмайди, деган фикрда.

4 январь кунги телемурожаатида Ҳасан Руҳоний Эронни халқаро изоляциядан халос қилиш учун давлатнинг иқтисодиётга аралашувини камайтириш лозимлигини таъкидлади.

Эрон президентига кўра, ҳукумат монополиясига чек қўйилмагунича иқтисодиётда муваффақиятга эришиб бўлмайди. Руҳоний мамлакат иқтисодиёти рақобат асосида ривожланиши ва шаффофроқ бўлиши лозимлигини урғулади.

Ғарб ахборот агентликларининг қайд этишича, Руҳонийнинг бу чиқишини ўз салафи Маҳмуд Аҳмадийнажотнинг иқтисодий сиёсатини қўллаган ҳамда Эрон Исломий инқилоб посбонлари корпуси манфаатларини ҳимоя қилган консерватор сиёсатчиларга қаратилган танқид сифатида баҳолаш мумкин.

Эрон ўз ядровий дастури бўйича жаҳондаги етакчи давлатлар билан музокараларни давом эттирмоқда. Аввалроқ Теҳронни ядро қуроли яратишга уринишда гумонлаган Ғарб унга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилганди. Ўз ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини даъво қилган Теҳрон Ғарб давлатлари иддаоларини рад қилиб келади.

ЕХҲТ Украинадаги кузатувчилари сонини 500 нафарга етказмоқчи

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шу ой охирига бориб Украинадаги кузатувчилари сонини ошириш режасини маълум қилди.

Ташкилот матбуот котиби Майкл Боцюркивнинг маълум қилишича, ҳозир 250 нафар бўлган кузатувчилар сони ой охирида 500 нафарга етказилади.

Ташкилот қарори сабабини мамлакат шарқи нисбатан барқарорлашгани, аммо, шунга қарамасдан бу ҳудудда иккитомонлама оташкесим шартлари бузлиши ҳоллари кузатилаётгани билан изоҳлади.

ЕХҲТ расмийси Минскдаги келишувларда бу ҳудуддан оғир ҳарбий техникани олиб чиқиш ҳақида эришилган битим шартлари ҳам бажарилмаганини таъкидламоқда.

Ташкилот кузатувчилари 2014 йил март ойида Россия томонидан аннексия қилинган Қрим - Украинанинг қора денгиз бўйидаги ҳудудига кириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Бостон марафони портлашларига оид маҳкама куни эълон қилинди

Жовҳар Царнаевнинг суд эшитувлари чоғидаги иштирокида чизилган сурат

Бостондаги марафон чоғида уюшитирилган қонли террор хуружида айбланган Жовҳар Царнаев устидан суд 5 январь куни бошланиши эълон қилинди.

3 январь куни бўлиб ўтган аппеляция судида ҳакам Царнаев ҳимоясининг маҳкамани қолдириш ҳақидаги сўровини етарли асосланмаган, дея рад этди.

Асли кавказлик АҚШ фуқароси Царнаев 2013 йилда Бостонда бўлган марафонда уюштирилган портлашга алоқадорлигига оид айбловларни тан олмаган.

Портлашда 3 киши қурбон бўлган, 260 дан ортиқ одам жароҳатланган. Айбловга кўра, портловчи мосламалар солинган иккита сумка Жовҳар ва унинг акаси Тамерлан Царнаевларга тегишлидир.

Тамерлан Царнаев портлашдан бир неча кун сўнг полиция билан юз берган тўқнашувда отиб ўлдирилган.

Бостон портлашлари 2001 йилнинг 11 сентябридаги террор ҳужумидан кейин АҚШда амалга оширилган энг йирик террор ҳужуми сифатида баҳоланган.

Кашмирдаги отишмада тўрт киши ҳалок бўлди

2014 йилнинг 31 декабрь куни Кашмирда содир бўлган тўқнашувда 3 киши ҳалок бўлганди.

Кашмирдаги баҳсли ҳудудда Покистон ва Ҳиндистон чегарачилари ўртасида содир бўлган отишмада тўрт киши, жумладан, бир ўсмир қиз нобуд бўлди.

Покистонлик ҳарбийлар отишма ҳиндистонлик ҳарбийлар 2 январь оқшомида икки мамлакат ўртасида тузилган оташкесим келишувини бузганидан кейин бошланганини айтмоқда. Ўз навбатида ҳинд расмийлари илк ўқни покистонликлар отганини иддао қилмоқда.

Маълумотларга кўра, 3 январь куни отишма кучайганидан кейин бу жойда яшовчи юзлаб одам эвакуация қилинган.

Ядро қуролига эга бўлган Покистон ҳам, Ҳиндистон ҳам аксар аҳолиси мусулмонлардан иборат Кашмирни ўз ҳудуди, деб билади. Шу сабабли бу ерда тез-тез тўқнашувлар содир бўлиб туради. Ана шундай тўқнашувлардан сўнггиси 31 декабрь куни содир бўлганди. Ўшанда ҳиндистонлик бир чегарачи ва покистонлик икки нафар аскар ҳалок бўлганди.

“Исломий давлат” жанггарилари Ироқ шимолида 170 чоғли одамни тутиб кетди

"Исломий давлат" жанггариси гуруҳ байроғини кўтариб кетмоқда ( YouTube видеосидан олинган скриншот).

“Исломий давлат” гуруҳи жанггарилари Ироқ шимолида гуруҳ байроқларини ёқишда гумонланган 170 га яқин киши тутиб кетди.

Associated Press агентлигининг Ироқ хавфсизлик хизмати вакилига таянган ҳолда хабар қилишича, бу одамлар Киркук вилоятида “Исломий давлат” гуруҳининг икки қора байроғи ёқилганидан кейин Аш-Шажара ва Ғариб деб аталган қишлоқлардан тутиб кетилган. Агентлик манбаси бу одамлар жанггарилар томонидан 30 та машинага ортиб олиб кетилганини қўшимча қилган.

Жойларда аҳоли қаршилигини бостириш учун одамларни оммавий равишда тутиб кетиш амалиёти “Исломий давлат” жанггарилари томонидан аввал ҳам амалга оширилганди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойи бошларида Киркукда маҳаллий аҳоли вакиллари жанггарилар истеҳкомларидан бирини бузиб, “Исломий давлат” байроғини ёқиб юборганидан кейин бу ердан 50 киши тутиб кетилганди. Орадан бир ҳафта ўтгач, жанггарилар қаршилик гуруҳи тузганликда айблаб, яна 20 кишини тутиб кетганлар.

Сўнгги ойлар ичида “Исломий давлат” жанггарилари томонидан Сурия ва Ироқда минглаб одам ўлдирилган.

Теҳрон ўз ядровий дастури бўйича Вашингтон билан келишувга эришганини рад қилди

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Марзия Афҳам.

Эрон расмийлари Теҳроннинг ядро қуроли яратиш имкониятини пасайтириш бўйича АҚШ билан келишувга эришилганига оид хабарларни рад этмоқда.

2 январь куни Associated Press агентлиги исми очиқланмаган икки дипломат сўзларига таянган ҳолда, Теҳрон ядро қуроли яратиш учун асосий материал ҳисобланмиш бойитилган ураннинг катта қисмини Россияга юборишга қарор қилганини хабар қилганди. Бироқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Марзия Афҳам 3 январь куни бундай келишувга эришилмаганини билдирди.

Теҳрон ўз ядровий дастури тинч мақсадни кўзлашини иддао қилиб, Ғарб санкцияларидан халос бўлиш мақсадида анчадан буён АҚШ, Россия, Хитой, Буюк Британия, Франция ва Германия билан музокара олиб боради. АҚШ Эрондан бойитилган ураннинг катта қисмини экспорт қилишни талаб қилиб келади. АҚШ расмийларига кўра, бу Эроннинг ядро қуроли яратиш имкониятини камайтирган бўларди. Аммо Теҳрон бу таклифни бир неча бор рад қилган.

Эрон ядровий дастури бўйича музокараларнинг навбатдаги раунди 15 январь куни Женевада бошланиши кутилмоқда.

Ҳиндистонда япониялик талаба қизни зўрлаганлар қўлга олинди

I

Ҳиндистонда япониялик сайёҳ қизни зўрлаганликда гумонланиб, беш киши қўлга олинди.

Калькутта шаҳри полиция мулозимларига кўра, бешавлон япониялик талаба қизни олиб қочиб, бир ой давомида зўрлаган.

Қўлга олинганлардан икки нафари ўзларини экскурсовод деб таништириб, қизни олиб қочган.

Бир ойдан сўнг қиз зўравонлар исканжасидан қочиб, Япониянинг Калькутта шаҳридаги консулхонасига мурожаат қилган.

Полицияга кўра, қўлга олинган шахслар Ҳиндистонда қизларни олиб қочиш билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ аъзолари бўлиши мумкин.

Ал Қоида аъзоси Абу Анас ал-Либий Нью-Йоркда оламдан ўтди

Кения ва Танзаниядаги АҚШ элчихоналарига қарши уюштирилган террорчилик ҳужумларида гумонланиб 2013 йилда Триполида Америка махсус кучлари тарафидан қўлга олинган ливиялик Абу Анас Либий Нью-Йорк касалхонасида оламдан ўтди.

Бу ҳақда марҳумнинг адвокати шанба куни маълум қилди.

50 ёшли Абу Анас Либий қўлга олинишидан олдин Ал Қоида аъзоси сифатида Африка шарқидаги 1998 йилги ҳужумларда гумонланиб узоқ йиллар АҚШ Федерал тергов бюроси тарафидан қидирилаётган шахслар рўйхатида бўлган.

Вашингтон Анас Ал Либийни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион доллар мукофот пули берилишини эълон қилган.

1998 йилги Шарқий Африкадаги ҳужумлар оқибатида 223 одам ҳалок бўлганди.

Либий ўша ҳужумларнинг уюштирилишига алоқадорлигини рад қилиб келган.

Адвокатига кўра, Абу Анас Либий сўнгги йиллар гепатит С ва жигар саратони касаллиги билан оғриган.

Уни устидан навбатдаги маҳкама эшитувлари 12 январь кунига белгиланган эди.

Венгрияда "Россияга ён босаётган ҳукумат"га қарши намойишлар бўлди

Венгрия пойтахти Будапештда минглаб одам Виктор Орбан бошлиқ ҳукуматнинг "Россияга ён босувчи сиёсати"га қарши норозилик билдириб намойишга чиқди.

Будапештдаги опера биноси олдига йиғилган беш минг намойишчи Венгрия ҳукуматини Россиянинг атом станция қурилиши учун беражак 12 миллиард долларлик кредитига учиб Москва таъсирига тушиб қолганликда айблашди.

​Венгрия бош вазири Виктор Орбан партияси мамлакатда учта сайловда ғолиб чиққанига қарамай, ўтган йил оҳирига келиб унинг обрўси халқ орасида тушиб кетди.

Будапештда ҳукуматга қарши навбатдаги намойишлар 1 февраль кунига белгиланди.

Айнан шу куни Германия Канцлери Ангела Меркелнинг Венгрияга ташрифи кутилмоқда.

Яван денгизида AirAsia ширкати учоғига тегишлилиги ишонилаётган иккита йирик объект топилди

Яван денгизида AirAsia ширкатининг ҳалокатга учраган учоғи қолдиқларини қидираётган қутқарувчилар учоққа тегишлилиги ишонилаётган иккита йирик объектни топганликларини билдиришди.

Топилмалар денгиз садхидан 30 метр чуқурликда экани айтилмоқда. Ҳозирча объектлар учоққа тегишли экани тўлиқ тасдиғини топмаган.

Аввалроқ қутқарувчилар денгизда яна бир қанча одам жасадини топишган эди.

Шу пайтгача ўттиз одамнинг жасади топилди. Airbus А320 учоғи бортида ҳаммаси бўлиб 162 йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган.

Учоқ ўтган якшанба куни Индонезиянинг Сурабайя шаҳридан осомонга кўтарилганидан 42 дақиқа ўтиб радар экранларидан ғойиб бўлган эди.

АҚШ Шимолий Кореяга қарши янги санкцияларни жорий этди

Қўшма Штатлар Sony Pictures киноширкатига қилинган киберҳужумга жавобан Шимолий Кореяга қарши янги санкцияларни жорий қилди.

Оқ уй расмийларига кўра, Пхеньянга қарши янги жазо чоралари Шимолий Кореядаги бир қатор ширкат ва ташкилотлар, жумладан ушбу мамлакат жасуслик ҳизмати, қурол экспорти билан шуғулланувчи ташкилот, шу ташкилотлар ходимлари ва мамлакатнинг бир қатор расмийларидан иборат ўн нафар шахсга тегишли бўлади.

Улар учун АҚШ молия тизими ёпилади, Америка фуқароларининг улар билан ҳамкорлик қилиши тақиқланади.

Sony Pictures киноширкати компьютер тармоғига ҳужум уюштирган хакерлар Шимолий Корея раҳбари ҳақидаги “Интервью” кинокомедиясининг премьераси бўладиган кинотеатрларда 2001 йил 11 сентябрдаги каби терактлар уюштириш билан таҳдид этгач, фильмнинг 25 декабрга мўлжалланган АҚШ премьераси бекор қилинган эди.

Кейинчалик ширкат ушбу филмни Интернет тармоғида намойишини йўлга қўйди.

Евро долларга нисбатан арзонлашди

Евро пул бирлиги 2015 йилни АҚШ долларига нисбатан арзонлашишдан бошлади. Европадаги 19 давлат томонидан ишлатиладиган валюта икки йиллик минимум кўрсаткичига тушиб 1,20 АҚШ долларини ташкил қилди. 2 январь куни Осиё бозорларидаги савдода АҚШ валютаси жаҳоннинг асосий валюталарига нисбатан қимматлади.

Евронинг қадрсизланишига Европа Марказий банкининг минтақа иқтисодида дефляция пайдо бўлиши олдини олиш мақсадида жорий ой охирига қадар миллий облигацияларни сотиб олиш қарори ҳисса қўшди.

2 январь куни эълон қилинган интервьюда Европа Марказий банки раиси Марио Драги молиявий идора бошқарув кенгаши 19 давлатни ўз ичига олувчи еврозонада дефляциянинг олдини олиш эҳтиёжи борлигини “бир овоздан” тан олди, дея таъкидлади.

Нефть 55 долларга тушди. Эрон Саудиядан гина қилди

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мулозими нефть нархининг тушиши Яқин Шарқ мамлакатларига катта зарар етказиши ва Саудия Арабистонининг ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирмаётгани катта хато эканини баён қилди.

Жума кунги савдода Брент русумидаги нефтьнинг нархи бир баррель учун 55,74 АҚШ долларигача тушди.

Эрон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Амир Абдуллоҳиян Рейтерс агентлигига 1 январь куни берган интервьюсида Теҳрон Суадия Арабистони нефть арзонлашишини тўхтатиш чорасини кўришидан умидвор эканини билдирди.

Жаҳон бозорида нефть нархи июнь ойидан бери 50 фоизга арзонлади.

Саудия Арабистони етакчилигидаги Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти – ОПЕК нархлар тушишига қарамасдан ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришдан воз кечган. Бу эса ташкилотнинг Эрон ва Венесуэла каби аъзоларининг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Туркманистонда бензин қимматлаб, 28 центни ташкил қилди

Туркманистон ҳукумати миллий валюта манатнинг АҚШ долларига нисбатан қадрини жиддий тарзда тушириб, бензин нархини қимматлатди.

Марказий банк расмий сайтида мантанинг долларга курси 3,5 маната деб эълон қилинган. 2009 йилдан бери курс 2,85 манатни ташкил қилиб келган эди. Манат девальвацияси 18 фоиздан ошиқроқни ташкил қилди.

Хабарларга кўра, мамлакат бўйлаб барча банк ва пул айирбошлаш шохобчалари 1 январь куни ёпиб қўйилди.

Айни пайтда, Туркманистон Невть ва газ вазирлиги бензин нархи 60 фоизга оширилиб, аввалги 62 тангадан 1 манатга (0,28 АҚШ доллари) кўтарилганини эълон қилди. Бу ўзбек сўмига ҳисоблаганда 680 сўмни ташкил қилади.

Ҳукумат нархлар ўзгаришига ҳеч бир изоҳ бергани йўқ.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG