Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 03:37

Халқаро янгиликлар

Украина армияси шарқий минтақалардан енгил қуролларни олиб чиқишга тайёр

Украина ҳукумати агар оташкесим бузилмаса, жангзада шарқий минтақалардан икки кун ичида енгил қуролларни олиб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Бу ҳақда Украина Мудофаа вазири Степан Полторак 1 октябрь куни Киевда эълон қилди.

29 сентябрда Россия, Украина ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти жабҳа чизиғидан танклар ва бошқа оғир қурол-аслаҳаларни олиб чиқишга келишиб олганди.

Донецк ва Луганскдаги исёнчилар ушбу битимни 30 сентябрда имзолаган.

Украина шарқида Россия дастаклаган айирмачилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги жангларда 2014 йилнинг апрель ойидан буён 7900 нафардан кўпроқ одам ҳалок бўлган.

Афғон расмийлари Қундуз шаҳрини Толибондан қайтариб олганини иддао қилмоқда

Қундуздаги ҳукумат аскарлари, 2015 йилнинг 1 октябри.

Афғонистон куч ишлатар тузилмалари мамлакат шимолидаги Қундуз шаҳрининг катта қисмини Толибон жангариларидан озод қилганларини айтмоқдалар.

Афғонистон Мудофаа вазирлиги 1 октябрь куни тарқатган баёнотда тунги амалиёт чоғида 150 жангари ўлдирилгани ва Қундуз шаҳри Толибондан тозалангани айтилади.

Вазирлик таъкидича, амалиёт пайтида тинч аҳоли вакилларидан ҳеч ким нобуд бўлмаган.

Айни пайтда Рейтерс агентлигига гапирган Толибон вакили афғон расмийлари Қундуз шаҳрини қайтариб олганига оид иддао рад этиб, толиблар шаҳар марказида ҳукумат кучларига қарши курашни давом эттираётгани ва шаҳарнинг катта қисми ҳали ҳам сафдошлари назоратида эканини айтган.

Франс пресс агентлиги эса Қундуздаги гувоҳлар сўзларига таянган ҳолда, ҳукумат кучлари шаҳар марказига келгани, кўчалар Толибон жангарилари жасадлари билан тўлиб кетганини хабар қилди. Агентликка кўра, Қундузнинг айрим қисмларида жанглар ҳали ҳам давом этмоқда.

БМТ идораси олдида Фаластин байроғи қад ростлади

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги БМТ штаб-квартираси олдида илк бор Фаластин байроғи кўтарилди. Маросимда иштирок этган Фаластин лидери Маҳмуд Аббос буни “тарихий он” ва “ғурур куни” деб атади.

10 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган Фаластин ҳудудлари байроғини ўрнатиш бўйича овоз берганди. Бу ҳақдаги резолюцияни 119 мамлакат қўллаган, саккиз мамлакат овоз беришдан тийилган, Исроил ва АҚШ дохил 45 мамлакат эса қарши овоз берган.

Байроқ кўтарилишидан олдин сўзлаган нутқида Маҳмуд Аббос Фаластин давлатчилигига оид муаммонинг ҳалигача ҳал қилинмаганини адолатсизлик, деб атади.

Шунингдек, у мухторият расмийлари Исроил билан эришилган ва айни пайтда Тель-Авив томонидан “муттасил бузиб келинаётган” келишувлар бўйича бундан буён ўзини масъул деб билмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

Вашингтон Россия Сурияда ИДга қарши зарба бераётганига шубҳа билан қарамоқда

Сурияда рус учоқлари 30 сентябрь куни нишонга олгани айтилаётган ҳудудлардан бири.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Вашингтон Россия томонидан амалга оширилаётган ҳарбий кампания “Исломий давлат” гуруҳи ёки бошқа экстремистик кучлар фаолият олиб бораётган ерларда амалга оширилмаётгани юзасидан “жиддий хавотир”да эканини қайд этди.

Бу ҳақда Керри 30 сентябрь куни Россия қирувчи самолётлари Суриядаги илк ҳаво зарбаларини амалга оширганидан бир неча соат ўтиб билдирди.

АҚШ ва бошқа Ғарб мамлакатлари Россиянинг Сурияда амалга ошираётган ишларини шубҳа билан кузатиб турибди ва улар бу ишлар Сурия президенти Башар Ассад режимини дастаклашга қаратилган, деб ҳисоблайдилар.

БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғинида чиқиш қиларкан, Жон Керри: “Агар Москванинг нияти “ҳақиқатан” ИШИД деб аталмиш гуруҳни яксон қилишга қаратилган бўлсайди, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Россия иштирокини олқишлаган бўларди”, деди.

Чоршанба куни Пентагонда бўлиб ўтган брифингда чиқиш қилган АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер эса: “Россия Сурияда “Исломий давлат” гуруҳи жангариларига эмас, балки президент Башар Ассад мухолифларига зарба бераётибди”, дея фикр билдирди.

АҚШ мудофаа вазири Россиянинг Суриядаги ҳаракатлари “янглиш” ва “муваффақиятсизликка маҳкум” эканини таъкидлади.

Картерга кўра, Москва Вашингтондан Сурия ҳаво ҳудудидан кетишни илтимос қилганига қарамасдан, халқаро коалиция Ироқ ва Сурияда ҳаво ҳужуми амалиётларини давом эттираверади.

Ироқдаги курд жангчилари Киркук яқинидаги бир неча қишлоқни ИДдан озод қилганини айтмоқда

Киркук яқинидаги курд пермерга жангчилари, 2015 йил 30 сентябри.

Ироқдаги курд жангчилари Киркук шаҳри яқинидаги бир неча қишлоқни “Исломий давлат” асоратидан озод қилганларини иддао қилмоқдалар.

Курд Хавфсизлик кенгашининг билдиришича, 30 сентябрь тонгида 3500 нафар курд пешмерга жангчиси АҚШ бошчилигидаги коалициянинг ҳаво зарбалари кўмагида “Исломий давлат” гуруҳига қарши жанг ҳаракатларини бошлаган. Мазкур баёнотда курд жангчилари Киркукни Самарра шаҳри билан боғловчи катта йўлни ўз назоратига олгани айтилади.

Маълумотларга кўра, бу жангларда камида 10 нафар курд жангчиси ҳалок бўлган, 16 нафари яраланган.

Курд пешмерга жангчилари ўтган йил ёзида Ироқнинг учдан бир қисмини ва Суриядаги каттагина ҳудудни эгаллаб олган “Исломий давлат” гуруҳига қарши жанг қилиб келади.

Россия ҳаво кучлари Сурияда илк зарбаларини амалга оширди

Россия кучларининг дастлабки ҳаво зарбалари бугун Суриянинг Хомс шаҳрида қайд этилган.

Reuters агентлигининг Сурия мониторинг гуруҳига таяниб хабар беришича, Россия кучларининг ҳаво зарбалари оқибатида камида 27 одам, жумладан олти нафар ёш бола ҳалок бўлган.

Россия Федерация Кенгаши аввалроқ президент Владимир Путинга мамлакат ҳаво кучларини Сурияда ишга солишга рухсат берган эди.

АҚШ "ИД" молиявий таъминоти ҳақидаги маълумот учун 5 миллион доллар беради

АҚШ ҳукумати “Исломий Давлат” гуруҳининг молиявий таъминоти ҳақидаги маълумот учун 5 миллион долларлик мукофот пули ваъда қилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти ўз расмий саҳифасида “Исломий Давлат” фойда кўриб келаётган ноқонуний савдо-сотиқларга оид хабар учун 5 миллион доллар мукофот пули берилишини билдирди.

Давлат департаменти баёнотида айтилишича, нефть ва музейлардаги қадимий асори-атиқаларнинг контрабандаси “Исломий давлат” жангариларга миллионлаб доллар фойда келтирмоқда.

Сурия ва Ироқнинг катта ҳудудини ишғол этган экстремист гуруҳ бу маблағлардан ўзининг террорчилик фаолиятларини молиялаб келиши айтилади.

Қозоғистонда "Таблиғи Жамоат" ташкилоти аъзоси уч йилга қамалди

Қозоғистоннинг Темиртау шаҳридаги маҳкама 30 ёшли Ўрозбек Апакашевни фаолияти тақиқланган исломий гуруҳга алоқадорликда айблаб, уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

Маҳкама матбуот ҳизматига кўра, Апакашев "Таблиғи Жамоат" гуруҳининг аъзоси бўлган. У айни экстремист гуруҳ фаолияти доирасида Покистоннинг Лаҳор ва Қарачи шаҳарларида бўлиб қайтган.

"Таблиғи Жамоат" ташкилотига 1926 йилда Ҳиндистонда асос солинган.

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Марказий Осиё мамлакатларида ҳам "Таблиғи Жамоат" аъзолари кўпайди.

Ўзбекистон ва Тожикистонда айни гуруҳга аъзоликда айбланган инсонлар озодликдан маҳрум этилганлар.

"Таблиғи Жамоат" ўзини сиёсатдан йироқ ташкилот деб билади.

Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистонда айни ташкилот фаолияти тақиқланган.

Жириновский Горбачёв устидан судга арз қилди

Россия Либерал-демократик партияси раҳбари Владимир Жириновский СССР собиқ президенти Михаил Горбачёв устидан судга арз қилди.

Жириновский Горбачёвни ўз обрўйига жиддий футур етказганликда айбламоқда.

ЛДПР раҳбари Жириновский Горбачёвнинг “Кремлдан сўнг” китобида ўзи ҳақда айтилган фикрлардан норози экани ҳақда баён қилган.

Жириновский бунинг учун Горбачёвдан бир милион рубль ундирмоқчи.

Горбачёвнинг “Кремлдан сўнг” китоби 2014 йилда нашр этилган. Унда СССР собиқ раҳбари сўнгги 20 йил ичида Россия ва жаҳонда рўй берган воқеалар ҳақидаги ўз фикрларини жамлаган.

Федерация Кенгаши Россия ҳаво кучларини Сурияда ишга солишга рухсат берди

Россия Федерация Кенгаши президент Владимир Путинга мамлакат ҳаво кучларини Сурияда ишга солишга рухсат берди.

Бу ҳақда президент маъмурияти бошлиғи Сергей Иванов чоршанба куни маълум қилди.

Жаноб Ивановга кўра, мазкур қарор Федерация Кенгашида 162 овоз билан қўллаб-қувватланган.

Ҳафта бошида БМТ Бош Ассамблеяси йиғини доирасида учрашган Россия ва АҚШ президентлари "Исломий давлат"га қарши кураш масаласини муҳокама қилган эди.

АҚШ раҳбарияти Россия ҳукуматининг президент Башар Ассад армиясини замонавий қурол, ҳарбий самолёт ва ҳарбий хизматчилар билан қувватлаётганини танқид қилиб келади.

Украинадаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган яна бир битим имзоланди

Мартин Сайдик.

Россия, Украина ва Европа вакиллари Украина шарқида жанглар бораётган ҳудудлардан танклар ва бошқа оғир қуролларни олиб чиқиш тўғрисида битимга келди.

“Мазкур ҳужжат тинчлик ўрнатилишига хизмат қилиб, зўравонликларни ва ҳужумларни бартараф этишга йўл очади”, деди 29 сентябрь кунги музокаралардан сўнг Россиия вакили Азамат Кулмуҳаметов.

Қабул қилинган ҳужжат Минскда февраль ойида имзоланган Украинадаги бўҳронни тўхтатишга қаратилган шартномани тўлдиради. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг музокаралардаги вакили Мартин Сайдик битим икки кундан сўнг кучга киришини ва 39 кун давомида бажарилишини билдирди.

Битимда 100 миллиметр калибрдан кичик бўлган замбараклар, минемётлар ва танкларни жанглар бораётган ҳудудлардан 15 километр ортга жилдириш назарда тутилган.

Мазкур ҳужжатни Украина вакили Леонид Кучма ҳам имзолаган. Музокараларга чақирилмаган Донецк ва Луганск вилоятларидаги айирмачилар раҳбарлари эса ҳужжатни 1 октябрдан бошлаб имзолашга тайёр эканликларини айтган.

Мартин Сайдикнинг айтишича, бунгача 100 миллиметр калибрдан юқори бўлган оғир ҳарбий техника февралда Минскда имзоланган шартномага мувофиқ жанглар бораётган ҳудудлардан олиб чиқиб кетилган.

Саудия Жамаротда мингдан ортиқ зиёратчи ҳалок бўлганини инкор қилди

Жамаротдаги тиқилинч қурбонлари олиб чиқилаётган пайтда олинган сурат.

Саудия Арабистони ҳукумати ҳаж амалиётларини бажариш пайтида юз берган тартибсизликларда ҳалок бўлганлар сони мингдан ошгани ҳақидаги хабарларни инкор қилди.

Аввалроқ Нигерия расмийлари Жидда шаҳрида 1100 одам ҳалок бўлганини билдирган эди. Айрим бошқа мамлакатлар расмийлари ҳам ҳаж амалларини бажариш пайтида ҳалок бўлганлар сони Саудия ҳукумати айтаётган рақамдан кўпроқ эканини маълум қилган. Мазкур билдирувлар ҳалок бўлганларга оид экани иддао қилинаётган фотосуратлар пайдо бўлиши ортидан янгради.

Бироқ Саудия Арабистони бу суратлар ҳажда ҳалок бўлганларга алоқадор эмаслигини, улар бошқа жойда тасвирга олинганини айтмоқда.

Саудия Арабистони расмийлари 24 сентябрь куни шайтонга тош отиш учун Жамарот комплексига келган минглаб зиёратчи ўртасида тиқилинч содир бўлгани оқибатида оломон оёқлари остида қолиб ҳалок бўлганлар сони 769 кишига етганини билдирди. 805 зиёратчи эса турли даражада жароҳат олган.

Туркия курд жангариларига қарши амалиётларни тўхтатгани йўқ

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон.

Курд Ишчи партияси жангарилари билан Туркия ҳукумат кучлари ўртасидаги отишмаларда олтмишга яқин одам ҳалок бўлди.

Хабарларга қараганда, сўнгги бир неча кун мобайнида Ироқ шимолидаги Туркия билан чегарадош ҳудудларда Курд жангарилари билан отишмалар тўхтаган эмас.

Президент Режаб Тоййип Эрдўғоннинг бугун 29 сентябрда маълум қилишича, турк ҳарбийлари Ироқ шимолида ўтказган ҳарбий амалиёт пайтида 30дан ортиқ курд жангарисини жисмонан йўқ қилинган.

Мазкур амалиётнинг ўтказилишига, курд жангариларининг Туркиядаги Адана шаҳрида икки икки полициячини ўлдиргани сабаб бўлган.

Турк армиясининг билдиришича, 25 сентябрда Ироқ шимолига берилган ҳаво зарбалари оқибатида 19 курд жангариси ҳалок этилган.

Жорий йилда Европага икки баробар кўп қочқин келди

Европага кириб келаётган қочқинлар.

Халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобича, жорий йил бошидан то шу кунгача Европага ярим миллион қочқин кириб келган. Бу 2014 йилдаги кўрсаткичга нисбатан икки баробарга кўпдир.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг билдиришича, 515 минг қочқин Европага Ўрта Ер денгизи орқали кириб келган. Қочқинларнинг 383 минггига Греция,129 минггига Италия дастлабки манзил бўлган.

Ўрта Ер денгизини сузиб ўтиш пайтида қочқинларнинг 2980 нафари ҳалок бўлган. Европага келган қочқинларнинг асосий қисми сурияликлардир.

Сурияда уруш бошланган 2011 йилданг бери бу мамлакатни 4 миллион одам тарк этган, етти миллион фуқаро эса ички мигрант қатори ҳисобга олинган.

Яманда ҳалок бўлган тинч аҳоли сони кўпаймоқда

Ямандаги жангларда тинч аҳоли қони тўкилмоқда.

Яманда Саудия Арабистонига қарашли деб таҳмин қилинаётган ҳарбий учоқлар ҳаводан зарба бериши оқибатида ҳалок бўлган тинч аҳоли сони 131 кишига етди. БМТнинг маълум қилишича, ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар кўпчиликни ташкил қилади.

Ямандаги Ҳусий шиа исёнчиларига қарши ҳарбий амалиётларни амалга ошираётган коалицияга раҳбарлик қилаётган Саудия Арабистони тинч аҳоли ўлимига алоқдор эканини инкор этаётир ва айбни жангарилар зиммасига юкламоқда.

Бундан аввалроқ, душанба куни Қизил денгиз бўйидаги Ал Воҳиджоҳ қишлоғида ўтаётган тўйга келган меҳмонлар чодирларига иккита ракета келиб тушгани оқибатида 27 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Март ойида Саудия бошчилигидаги иттифоқ Ямандаги Хусий исёнчиларига қарши ҳаво ҳужумларини бошлаган. Ҳозирда икки мамлакат чегарасида отишмалар одатий ҳолга айланган.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси террорчи ташкилот деб эълон қилинди

Тожикистон Ислом уйғониш партияси расман террорчи ташкилот сифатида тақиқланди.

Тожикистон Олий суди 29 сентябрь куни шу мазмунда қарор чиқарди ва партияни тақиқланган экстремист, террорчи ташкилотлар қора рўйхатига киритди.

29 сентябрь кунги маҳкамадан бир неча соат аввал Тожикистон ИИВ ушбу партиянинг адвокати Бузругмеҳр Ёровни товламачилик ҳамда ҳужжатларни сохталаштириш айби билан қўлга олди.

Партиянинг 13 етакчи аъзоси сентябрь бошларида Мудофаа вазирининг собиқ муовини билан биргаликда Тожикистон ҳукуматига қарши исёнга ҳозирлик кўришда гумон қилиниб, ҳибсга олинган.

Собиқ ўринбосар Абдуҳалим Назарзоданинг ўзи эса 16 сентябрь куни махсус хизматлар ўтказган амалиётда ўлдирилган.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг хорижга қочган лидери Муҳиддин Кабирий эса ўзи ва партиясига қўйилаётган айбловларни сиёсий мотивларга асосланган, деб қоралади.

Украинада ушланган 2 рус ҳарбийси устидан Киевда маҳкама бошланди

Украина шарқида қўлга олинган ва Россия армияси аскари, деб кўрилган икки шахс устидан Киевда маҳкама бошланди.

Александр Александров ва Евгений Ерофеевлар 29 сентябрь куни Холосиив туман судига олиб борилди.

Айбланувчиларнинг ҳар иккиси терроризмга оид жиноятларни содир этганлик айбловини инкор қилмоқда. Прокурорлар эса айбланувчиларга умрбод қамоқ жазосини сўраган.

Шу йилнинг май ойида Интернет тармоғида ёйилган видеода икковлон Россия армиясида хизмат қилиши ва 16 майда қўлга олинган пайтида ҳарбий хизматда бўлганини айтган.

Москва раҳбарияти эса ҳибсга олинган кезда икковлон ҳарбий хизматдан озод қилинган эди, мазмунида баёнот берган.

Россия ҳукумати Украина шарқидаги россияпараст сепаратчиларга ҳарбий ёрдам, хусусан, қурол-яроғ, ҳарбий машғулот ва ҳарбий хизматчилар етказиб бераётганига оид айбловларни рад этиб келади.

2014 йилнинг апрель ойида бошланган урушдан буён Украина шарқида 7900 дан ортиқ одам ўлган.

Лавров: Россия ва АҚШ раҳбари ИДга қарши кураш масаласини муҳокама қилди

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров БМТ Бош Ассамблеяси йиғилиши давомида икки томонлама тартибда учрашган Россия ва АҚШ президентлари "Исломий давлат"га қарши кураш масаласини муҳокама қилганини маълум қилди.

29 сентябрь куни Russia Today телеканалига интервью берган Лавров сўнгги икки йил ичида илк бор учрашган Путин ва Обама музокараси "амалий" ўтгани ва хусусан, Сурия масаласида "АҚШ ҳамда Россиянинг яқиндан ҳамкорлик қилиш имконларини муҳокама қилинган"ини таъкидлади.

"Россия ҳам, АҚШ ҳам мутлақо қатъий равишда "Исломий давлат" ғалаба қозонишига йўл бермасликка қарор берган", деди жумладан Сергей Лавров.

АҚШ раҳбарияти Россия ҳукуматининг президент Башар Ассад армиясини замонавий қурол, ҳарбий самолёт ва ҳарбий хизматчилар билан қувватлаётганини танқид қилиб келади.

Афғон қўшинлари Қундузни эгаллаган Толибларга қарши ҳужум бошлади

Афғонистон хавфсизлик кучлари Қундузни эгаллаб олган Толибларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлади.

Президент Ашраф Ғани 29 сентябрь куни ҳукумат қўшинлари шаҳар ҳокимиятига тегишли биноларни Толиблардан қайтариб ола бошлаганини маълум қилди.

Мудофаа вазирлиги эса шаҳардаги қамоқхона ва вилоят полиция бошқармаси бинолари жангарилардан қайтариб олинганини билдирди.

Айни пайтда НАТО матбуот хизмати АҚШ ҳарбий самолётлари Қундуз атрофидаги Толиблар нуқталарига ҳаводан зарба бераётганини айтмоқда.

28 сентябрь куни мамлакат хавфсизлик кучлари билан бир неча соат давом этган жанглардан сўнг Толиблар мамлакат шимолидаги йирик шаҳарлардан бири бўлган Қундузни эгаллаб олган эди. Қундуз шаҳрининг 28 сентябрь куни толиблар қўлига ўтиши Афғонистон хавфсизлик кучлари учун йирик мағлубият сифатида баҳоланди.

Ўтган йили халқаро қўшинлар Афғонистондан олиб чиқилганидан бери мамлакат хавфсизлик кучлари толибларга машаққат билан қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Афғонистон хавфсизлик кучлари Қундузни Толибондан қайтариб олишга ҳозирланмоқдалар

Қундуз ҳужумига тайёрланаётган афғон хавфсизлик кучлари.

Афғонистонда хавфсизлик кучлари Қундузни толиблардан қайтариб олиш учун аксилҳужумга сафарбар қилинди.

28 сентябрь куни Толибон жангарилари билан бўлган бир неча соатлик жангдан сўнг ҳукумат қўшинлари ва мулозимлар Қундуз аэропорти томон чекингандилар.

Шаҳар устидан тўла назоратни қўлга киритган толиблар эса Қундуздаги маъмурий бинолар устига ўзларининг оқ байроғини тикиб, маҳаллий қамоқхонадаги юзлаб тарафдорини озод қилгандилар.

Қундуз полицияси вакили Сарвар Ҳусайний сешанба куни Толибон жангариларига қарши амалиёт яқин соатлар ичида бошланажагини билдирди.

Афғонистон ички ишлар вазири ўринбосари Аюб Салангий эса хавфсизлик кучлари Қундузни қайтариб олишга тайёр эканини айтди ва Толибон шаҳарни қандай қилиб эгаллашга муваффақ бўлганини аниқлашга ваъда берди.

Қундуз ишғоли 14 йил ичида Афғонистон хавфсизлик кучларининг энг йирик мағлубияти бўлиб ҳисобланади. Халқаро коалиция кучлари Афғонистонда амалиёт бошлаган 2001 йилдан буён бу ўлкада толиблар ҳали бирор марта ҳам Қундуз каби йирик шаҳарларни эгаллаб ололмаганди.

Толибон Қундуз шаҳрини тўла эгаллаб олди

Афғон хавфсизлик кучлари Қундузни тез орада толиблардан озод қилиш ҳаракатидалар.

Афғонистонда толиблар душанба куни хавфсизлик кучлари билан бир неча соат давом этган жанглардан сўнг мамлакат шимолидаги Қундуз шаҳрини тамоман эгаллаб олдилар. Бу ҳақда афғон расмийлари маълум қилди.

Жангарилар Қундуздаги маъмурий бинолар устига Толибоннинг оқ байроғини тикиб, маҳаллий қамоқхонадан ўзларининг юзлаб тарафдорини озод қилганлар.

Афғонистон расмийлари ҳозирда шаҳарни жангарилардан озод қилиш учун ҳукумат қуролли кучларининг махсус бўлинмалари йўлга чиққанини билдирмоқдалар.

Аввалроқ толиблар Қундуздаги бир неча ҳукумат биносини эгаллаб олгани ва айрим ҳукумат амалдорлари қочган аэропортга қараб юраётганларини билдиргандилар.

Бу сўнгги 14 йил ичида Афғонистон хавфсизлик кучларининг энг йирик мағлубияти бўлиб ҳисобланади. Халқаро коалиция кучлари Афғонистонда амалиёт бошлаган 2001 йилдан буён бу ўлкада толиблар ҳали бирор марта ҳам Қундуз каби йирик шаҳарларни эгаллаб ололмаганди.

Бан Ки Мун Суриядаги вазиятни Халқаро Жиноят судида кўриб чиқишга чақирди

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Бан Ки Мун душанба куни БМТ Бош Ассамблеясида қилган чиқишида илк бор Суриядаги вазиятни Халқаро Жиноят судида кўриб чиқишга чақирди. Бан Ки Мун Россия, АҚШ, Саудий Арабистони, Эрон ва Туркияни 2011 йилдан буён уруш давом этаётган Суриядаги тўқнашувларни тўхтатиш имкони бўлган асосий ўйинчилар ўлароқ санаб ўтди.

БМТ Бош котиби Сурияда “дипломатик фалажлик”ка барҳам бериш зарурлигини билдирди. Бан Ки Мун Суриядаги тўқнашувларга чек қўйиш бўйича асосий масъулият аввало урушаётган томонлар зиммасида эканини урғулади.

Айни пайтда БМТ Бош котиби Сурия муаммосини ҳал қилиш йўлларини фақат мамлакат ичкарисидан қидириш етарли эмаслигини, чунки бу ерда қон тўкилиши давом этишига Яқин Шарқ минтақасида ўзаро рақиб бўлган катта давлатлар ҳам кўмаклашаётганини қистириб ўтди.

Сурия муаммоси 28 сентябрь куни Нью Йоркда учрашган АҚШ ва Россия президентлари Барак Обама ва Владимир Путин мубоҳасасининг ҳам асосий мавзуи бўлди. 1,5 соатдан ортиқроқ давом этган мазкур учрашувда Обама ва Путин Украина бўҳронига оид масалаларни ҳам муҳокама қилганлар.

Обама: АҚШ Сурияда урушни тўхтатиш учун Россия ва Эрон билан ишлашга тайёр

АҚШ Президенти Барак Обама

АҚШ Президенти Барак Обама Суриядаги фуқаролар урушини тўхтатиш масаласида Қўшма Штатлар ҳар қандай давлат, хусусан, Россия ва Эрон билан бирга ишлашга тайёрлигини баён қилди.

БМТ Бош ассамблеясида 28 сентябрь куни қилган чиқишида Обама, айни пайтда урушдан аввалги вазиятга қайтишнинг имкони бўлмаслигидан огоҳлантирди. “Шунча зўравонликлар, шунча хунрезликлардан кейин урушдан аввалги статус квога қайтиб бўлмаслигини тан олишимиз керак”, деди Обама.

Оқ уй раҳбари Сурия Президенти Башар Ассадни мустабид, дея қоралади ва “Исломий давлат” жангари гуруҳини тор-мор этиш ҳаракатлари Ассаднинг мавқеини кучайтирмаслиги керак, дея таъкидлади.

Обама шунингдек, жаҳон ҳамжамияти Россиянинг Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверинететини бузаётганига четдан қараб тура олмайди, дея баён қилди. Шу билан биргаликда Вашингтон Россияни яккалаш ниятида эмас, дея баён қилди у. Россия, деди Обама, бўҳронни ҳал этишнинг Украина ўз келажагини ўзи белгилай олишига имкон берувчи дипломатик жараёнларда иштирок этиши лозим.

Толибон ҳаракати Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳрининг ярмини эгаллаб олди

Қундуз шаҳрида жанглар давом этмоқда

Афғонистон шимолидан олинган хабарларга кўра, Толибон жангарилари душанба куни Қундуз вилояти пойтахтининг бир қисмини ишғол қилган. Вилоят полицияси матбуот вакили Сайид Сарвар Ҳусайнийнинг билдиришича, жангарилар 28 сенятбрь куни тонгда бошланган ҳужум ортидан Қундуз шаҳрининг ярмидан кўпини ўз назоратига олишга мувффақ бўлган.

Полиция вакилининг билдиришича толиблар бир нечта ҳукумат биноси, жумладан Қундузнинг асосий қамоқхонасини ишғол қилиб, 500га яқин муҳбусни озод қилган.

Рейтерс агентлигининг хабар қилишича, Толибон жангарилари шаҳар марказидаги чоррахада ўз байроқларини тиккан. Жангарилар вилоят ҳокимияти биносига яқинлашган, дея хабар қилди Рейтерс.

Толиблар касалхона ва суд биноларини ҳам босиб олгани айтилмоқда. Хабарларга кўра, ҳукумат кучлари билан жангарилар ўртасида қуролли қарама-қаршилик ҳамон давом этмоқда.

Ҳукумат расмийлари Қундуз шаҳрига қўшимча кучлар юборилаётганини айтмоқда. Полицияга кўра, иккала тарафдан талафотлар бор.

Нисбатан тинч бўлган Афғонистон шимолида кейинги йилларда зўравонликлар кўлами ошмоқда. Қундуз шаҳри апрель ойида ҳам Толибон тарафидан ҳужумга учраган ва ҳукумат қўшинлари билан тиғиз жанглар майдонига айланган эди.

Озарбайжон полицияси Озодлик мухбири уйида тинтув ўтказди

Озодлик мухбири Ислом Шихали

Озарбайжон полицияси Озодлик радиоси озар хизмати мухбири Ислом Шихали хонадонида тинтув ўтказди.

Полиция 26 сентябрь куни Шихали ижарага оладиган квартирага бостириб кириб, унга тегишли компьютер, видеокамера, микрофон, қўл телефони, банк чеклари ва шахсини тақдиқловчи ҳужжатларини мусодара қилди.

Тақдим этилган тинтув ордерига кўра, шанба кунги амалиёт солиқдан бўйин товлаш бўйича очилган тергов доирасида ўтказилган.

Кейинроқ Шихалининг паспортидан бошқа барча шахсий ҳужжатлари қайтариб берилган. Тинтув пайтида Шихалининг ўзи уйида бўлмаган, у билан ижарада турадиган Ўрхон Рустамзода прокуратурага олиб кетилиб, бир ярим соат давомида сўроқ қилинган.

Рустамзода ўша куниёқ қўйиб юборилган ва унга Шихалининг 28 сентябрь куни прокуратурага келишини тайинлаши буюрилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG