Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 14:14

Халқаро янгиликлар

Туркиянинг Диёрбакирида "Исломий давлат" жангарилари билан тўқнашувда икки полициячи ҳалок бўлди

Мазкур амалиёт Анқарада 10 октябрь куни 100дан ошиқ одамни ўлдирган иккита портлаш билан боғлиқ бўлиши мумкин

Туркия жануби-шарқида “Исломий давлат” гуруҳи жангарилари билан тўқнашувда икки полициячи ҳалок бўлди. Полициячилар ўлимига яширин минанинг портлаши сабаб бўлган.

Расмийларнинг билдиришича, 26 октябрь куни Туркиянинг асосан курдлар истиқомат қиладиган Диёрбакир шаҳрида амалга оширилган рейд пайтида жангари, деб кўрилаётган етти киши ҳалок бўлган. “Исломий давлат” жангарилари яширингани гумон этилган “уч ёки тўртта уйга қилинган” рейд пайтида ўндан ошиқ одам ҳибсга олингани айтилмоқда.

Мазкур амалиёт Анқарада 10 октябрь куни 100дан ошиқ одамни ўлдирган иккита портлаш билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бундан аввал Туркия Президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон портлашлар ортида Сурия разведка хизматлари билан курд жангарилари турганини иддао қилган эди.

Япония ширкати Туркманистонда 400-мегаваттлик иссиқлик электр станциясини қуриб беради

Япониянинг Sumitomo Corp ширкати Туркманистонда умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларига тенг электр станциясини қуриш тендерида ғолиб чиқди. Ширкатнинг 26 октябрь куни маълум қилишича, 400 мегаватт қувватига эга электр станциясини қуришга доир шартнома Япония Бош вазири Шинзо Абенинг Ашхободга ташрифи давомида имзоланган қатор келишувлардан биридир.

23 октябрь куни Япония ва Туркманистон ўртасида жами 18 миллиард АҚШ долларига тенг келишувлар имзолангани эълон қилинган эди.

Sumitomo Corp иссиқлик электр станциясини 2018 йилгача қуриб битиришни режалаштираётганини билдирди.

Янги иншоот учун газ турбиналари ва генераторлар каби асосий ускуналар Японянинг Mitsubishi Hitachi Power Systems Ltd. ширкатидан сотиб олинади.

Туркманистон газ заҳиралари бўйича дунёда тўртинчи ўринни эгаллайди ва Хитойга газ экспорт қиладиган энг йирик мамлакат ҳисобланади.

Япония бош вазири ўтган ҳафта Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб бошлаган сафари доирасида шанба куни Ўзбекистонга ҳам келиб, 8,5 миллиард долларлик шартномаларни имзолади.

Афғонистонда рўй берган зилзила оқибатида минтақа мамлакатларида камид 150 одам нобуд бўлди

Афғонистоннинг Ҳинду Куш минтақасида 26 октябрь куни рўй берган зилзила оқибатида Жанубий Осиёнинг бир неча мамлакатида 70дан ошиқ одам ҳалок бўлди, ўнлаб одам жароҳатланди. Табиий офат катта вайронагарчиликларга сабаб бўлди.

Эпимаркази Афғонистон шимоли-шарқида бўлган зилзила кучи 7,5 баллни ташкил қилган. Ер силкиниши Кобул, Исломобод ва Деҳлида ҳам сезилди.

Покистон расмийларига кўра, табиий офат оқибатида 120дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Афғонистон расмийлари 30дан ошиқ фуқаросининг ҳалок бўлганини билдирди. Жумладан Тахор вилоятида 12 нафар ўқувчи қиз нобуд бўлган.

Тахор вилояти ҳокимлиги матбуот вакили Суннатулоҳ Тимурнинг Озодликка айтишича, фожиага вилоят маркази Талоқан шаҳридаги мактабдан ўқувчилар қочиб чиқаётган пайтда юзага келган издиҳом сабаб бўлган.

- Қизларнинг кўпчилиги юзага келган саросима натижасида нобуд бўлди. Мактаб биносига шикаст етмади. Лекин саросима катта бўлди ва мактбнинг иккинчи қаватидан биринчи қаватган элтадиган йўлаги битта бўлгани боис айрим қизлар йиқилиш натижасида нобуд бўлган бўлиши мумкин, деди расмий.

Ҳокимлик матбуот вакили 30га яқин ўқувчи қиз турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилганини қўшимча қилди.

Озодлик афғон хизмати муҳбири Бағлон вилояти марказида бир нечта бино қулаб тушганига гувоҳ бўлганини хабар қилди.

Зилзила тўлқинлари Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳам сезилди. Тошкент сейсмик маркази берган маълумотга кўра, пойтахтда зилзила тўлқинлари 5 баллни ташкил этган. Сурхондарёда эса ер силкиниши 5,5 балл кучга эга бўлган.

Ўзбекистонда талафот ва вайронагарчиликлар тўғрисида расмий хабарлар йўқ.

Украинада маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди

Украинада 25 октябрда ўтказилган сайлов пайтида олинган сурат.

Украинада 25 октябрь куни ўтказилган шаҳарлар мэрлари ва маҳаллий кенгашлар сайлови президент Петро Порошенконинг заиф ҳукумрон коалицияси учун катта синов бўлгани айтилмоқда.

Сайловлар 33 минг сайлов участкасида ўтказилган. Мазкур сайловларда Украина халқи 359та шаҳар ҳокимини сайлади. Мамлакат бўйлаб, шунингдек, маҳаллий кенгашлар, қўрғон ва шаҳарчалар ҳокимлари сайланади.

Сайлов россияпараст исёнчилар назоратида бўлган Донецк, Луганск вилоятлари ҳамда Россия томонидан ўтган йили аннекция қилинган Қримда ўтказилмади. Исёнчи ҳудудларга яқин бўлган Мариуполда ҳам сайлов участкалари очилган эмас. Бунга Мариуполь шаҳар сайлов комиссияси овоз бериш бюллетенларни шубҳали, деб топиб, уларни қабул қилмагани сабаб бўлган.

Порошенко раҳбарлигидаги "Солидарность" партияси маҳаллий кенгашлар ҳамда шаҳар мэрлиги учун асосий ўринларни олишни режалаштирган эди. Бироқ мамлакатда давом этаётган иқтисодий инқироз ва шарқий ҳудудларда давом этаётган уруш оқибатида президент Порошенконинг рейтинги 26 фоизга тушиб қолган.

ЕИ ва Болқон давлатлари қочқинлар масаласида муросага келишди

Европа комиссияси президенти Жан Клод Юнкер.

Европа Иттифоқи ва Болқон давлатлари раҳбарлари Брюсселда 25 октябрь куни бўлиб ўтган музокараларда қочқинлар оқимини Болқон ярим ороли орқали бошқариш юзасидан 17 босқичли режани амалга оширишга келишиб олди.

Европа комиссияси президенти Жан Клод Юнкерга кўра, мазкур режанинг бир қисмига асосан Грециядан Германияга ўтувчи ҳудудда юз мингдан ортиқ қочқин учун жой ҳозирлаш назарда тутилган. БМТнинг Қочқинлар иши бўйича Олий комиссарлиги томонидан эса Грецияда 50 минг, Болқон ғарбида 50 минг қочқин учун жой тайёрланади.

Юнкер қочқинлар масаласида бўҳрон юзага келган давлатларни қочқинларни қўшни давлатларга чиқариб юбориш билангина кифояланмай, уларни рўйхатга олиш жараёнида фаол иштирок этишга чақирди.

HRW Россия ҳукуматини уруш қоидаларини бузаётганликда айбламоқда

Суриядаги рус ҳарбийлари Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолётига юқори аниқликдаги Х-25 снарядини жойлаштирмоқда.

Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россия ҳукуматини уруш қоидаларини бузганликда ва Сурияда 60га яқин тинч фуқаро ўлимига сабаб бўлганликда айблади.

Ташкилотнинг якшанба куни эълон қилинган баёнотида айтилишича,15 октябрь куни Россия ҳарбий учоқлари Суриянинг Хомс шаҳри яқинида тинч аҳолига нисбатан камида икки марта ҳаводан зарба берган.

Ташкилот бу маълумотларни Сурия президенти Башар Ассадга мухолифатда бўлган қуролли гуруҳ лидерларидан бирига таянган ҳолда эълон қилган.

Human Rights Watch бу маълумотлар юзасидан халқаро текширув ўтказилишини талаб қилмоқда.

Жума куни Сурия инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази раҳбари Рами Абдул Раҳмон Россия ҳарбийлари зарбаларидан Сурияда 150дан ортиқ тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар борлигини айтган эди. Кузатувчилар жума куни Россия учоқлари зарбаларидан “Исломий давлат” ва бошқа қуролли гуруҳларнинг юздан ортиқ жангарилари ҳам ўлдирилганини маълум қилган.

АҚШ ва Саудия Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлашни кучайтирмоқчи

Сурия қуролли мухолифати жангариси.

АҚШ ва Саудия Арабистони Сурия мухолифатини қўллаб-қувватлашни кучайтиради. АҚШ давлат котиби Жон Керри ва Саудия Арабистони қироли Салмон Абдул Азиз ал Сауд ўртасида 25 октябрда ўтказилган телефон мулоқоти пайтида мана шундай қарорга келинди.

Суҳбатлашган томонлар Суриядаги низога барҳам беришнинг сиёсий йўлларини ҳам излаш кераклигини таъкидлаган.

24 октябрда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Суриядаги терорчи гуруҳларга қарши курашда мухолифатнинг “Озод Сурия Армияси”ни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган эди.

“Озод Сурия Армияси” Москванинг кўмагидан воз кечишини таъкидлаб, Кремлдан мухолифатга қарши ҳаво зарбаларини тўхтатишни талаб қилган.

Россия ва Украина ўртасида авиа қатнов тўхтади

Якшанба кунидан бошлаб, Украина ва Россия ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво парвозлари тўхтатилди.

Бу ҳақда ТАСС агентлиги Украина билан чегарадош минтақалардан олинган маълумотларга таяниб хабар тарқатди.

Икки мамлакат ўртасида авиа қатновнинг бекор қилиниши оқибатида ойига 70 мингга яқин одам зиён кўриши башорат қилинмоқда.

Сентябрь ойида Украина ҳукумати 25 октябрдан бошлаб Украинага Россия авиаширкатларига тегишли самолётлар парвозини тақиқлашини билдирган эди.

Бунга жавобан расмий Москва Россия ҳаво ҳудудидан Украина самолётлари парвозини тақиқлади.

16 сентябрда Украина президенти Россияга қарши янги санкцияларни киритди.

Санкцияга мувофиқ, 100тага яқин юридик шахслар, жумладан 20дан зиёд Россия авиаширкатларининг Украина ҳудудида фаолият юритиши тақиқланди.

Украинада маҳаллий сайловлар бўлиб ўтмоқда

Бугун Украина бўйлаб маҳаллий ҳукумат органларига сайловлар бўлиб ўтмоқда.

Сайловлар 33 минг сайлов участкаларида ўтказилаётир.

Украина халқи 359та шаҳар ҳокимларини сайлайди.

Мамлакат бўйлаб шунингдек маҳаллий кенгашлар, қўрғон ва шаҳарчалар ҳокимлари сайланади.

“Петро Порошенко Блоки” партиясининг маълум қилишича, Мариуполда сайловлар тўхтатилган.

“Украина Ҳақиқати” газетасининг маълум қилишича, Мариуполь шаҳар сайлов комиссияси бюллетенларни қабул қилмаган.

Донецк вилояти Краноармейск туманида ҳам сайлов участкалари очилмаган.

Вилоят сайлов комиссиясининг маълум қилишича, бюллетенларни чоп қилишда хатоларга йўл қўйилган.

Башар Ассад "сайловлар ўтказишга тайёр"

Сурия президенти ва Россия делегацияси

Россия парламенти вакиллари сўзларига кўра, Сурия президенти Башар Ассад парламент ва президентлик сайловларини ўтказишга тайёр.

"У Суриянинг тараққий этишини истаган барча сиёсий кучлар иштирокида сайлов ўтказишга тайёр," деди Дамашқда Ассад ва Россия Думаси вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг гапирган Коммунист Партия лидерининг ўринбосари Александр Юшченко.

Юшченконинг Ассадга иқтибосан айтишича, Ассад “агар Сурия халқи зарур деб билса,” президентликка ўз номзодини қўйишга тайёр.

Сурия давлат матбуотига кўра, Ассад Россия делегациясига "террорчи гуруҳлар йўқ қилинган тақдирда" Суриядаги бўҳронга сиёсий ечим топилишини айтган.

Ассаднинг асосий иттифоқчиси бўлган Россияга кўра, Сурия лидери можаро ечимида қатнашиши шарт, аммо ғарб давлатлари ва уларнинг иттифоқчилари Сурия сиёсатида Ассадга ўрин йўқлигини айтади.

Япония Ўзбекистон билан “тарихий ва инсоний алоқалар”ни мустаҳкамлаш ниятида

Расмий сафар билан Ўзбекистонда бўлган Япония Бош вазири Шинзо Абе унинг ташрифи икки мамлакат ўртасидаги “тарихий ва инсоний алоқалар”нинг мустаҳкамланишига хизмат қилишига умид билдирди.

Бу ҳақда Япония Бош вазири Жаҳон Ахборот Агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

У ўз ташрифи чоғида Ўзбекистон президенти билан “сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларга оид кенг қамровли масалаларни атрофлича муҳокама қилиш”ини айтди.

Унинг илова қилишича, “кўплаб японияликлар қадимдан Буюк ипак йўлининг муҳим стратегик бўғини ҳисобланган Ўзбекистон тарихи ва маданиятини ўрганишга қучли иштиёқ ва катта қизиқ билдиришади”.

“Ўзбекистон билан транспорт, логистика, сув таъминоти, электр энергияси, гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш ва давлат чегараларини назорат қилиш сингари жабҳаларда ҳам ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз”, деб айтди Япония Бош вазири.

Тошкентга учиб келиши аввалида Шинзо Абе Душанбе шаҳрида Тожикистон президенти Имомали Раҳмонов билан музокаралар ўтказди.

Ўзбекистонга ташрифи давомида Шинзо Абэ япониялик ҳарбий асирлар қабрини зиёрат қилади.

У ерда Абе иккинчи жаҳон урушида асир тушган япон асирларини хотирлаш тадбирларида қатнашади.

Бундан ташқари, Япония бош вазири таъмирдан чиққан Тошкентдаги Алишер Навоий номли Давлат академик опера ва балет театрининг очилиш маросимида иштирок этади.

Черногория полицияси намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди

Черногория полицияси ҳукумат истеъфоси ва янги парламент сайловларини ўтказиш талаби билан парламент биноси томон юриш қилган 5 мингга яқин намойишчини тарқатиб юбориш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.

Марш тинч бошланган, аммо намойишчилар парламентни қўриқлаб турган полиция кордонини ёриб ўтишга уринишлари ортидан тартибсизлик бошланган.

Рейтерс мухбирининг хабар беришича, Подгорицада намойишчилар полцияга қарата тошлар ва молотов коктейлларини отганлар.

Ички ишлар вазири Рашко Коньевич матбуот йиғини ўтказиб, 15 полициячи яралангани, улардан бирининг аҳволи оғирлиги ва 24 нафар тинч фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилганини билдирди.

Коньевичнинг маълум қилишича, намойишни ташкил қилган мухолифатнинг Демократик Фронт иттифоқи лидери Андрия Мандич ва унинг иттифоқчиси Славан Радунович зўравонликлардаги роли ҳақида полиция томонидан сўроқ қилинган.

Коньевич зўравонликларни “полицияга ва давлат мулкига ҳужум нишонаси”, дея баҳолади.

Унинг айтишича, мамлакат бош прокурори ҳодисаларни ўрганмоқда.

Лавров: Москва "Сурия озодлик армияси"га ёрдам беришга тайёр

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Суриядаги ғарб қўллаб-қувватлаётган “Сурия озодлик армияси” каби мухолиф кучларнинг “Исломий давлат” жанггариларига қарши курашида уларга ҳаводан мадад беришга тайёр эканини билдирди.

"Биз Суриядаги мухолифат кучлари, жумладан “Cурия озодлик армияси”га ҳаводан дастак беришга тайёрмиз, - деди Лавров 24 октбярь куни "Россия-1” канали мухбири билан суҳбатда.

Бундан аввал Россия президенти Владимир Путин Сурия раҳбари Башар Ассад “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашда мухолифатнинг қуролли гуруҳлари билан музокарага розилигини айтганди.

Ғарбдаги қатор ҳукуматлар, шу жумладан, АҚШ Россиянинг Сурияда амалга ошираётган ҳаво зарбаларини танқид қилиб келмоқда.

Ғарблик сиёсатчиларга кўра, рус учоқларининг нишони Ассаднинг Ғарб қўллаётган мухолифлари бўлиб ҳисобланади, бу эса “Исломий давлат” гуруҳини кучлантиришгагина хизмат қилган.

Москва ўз навбатида Ғарбнинг атайин Асадга мухолифат кучларни нишонга олмоқда деган танқидларини рад этиб чиққан.

Афғон армияси Фарёбдаги Ғўрмоч туманини Толибон ишғолидан озод этди

Афғонистон расмийларига кўра, қарийб ўн кун давом этган жанглар ортидан ҳукумат хавфсизлик кучлари Фарёб вилоятининг Туркманистонга чегарадош Ғўрмоч туманини толиблар ва бошқа хорижий жангарилар ишғолидан озод қилган.

Фарёб вилоят кенгаши раҳбари Саид Абдулбоқий Ҳошимий 24 октябрь куни Озодлик мухбири билан суҳбатда Ғўрмоч тумани маъмурияти биносида Афғонистоннинг миллий байроғи кўтарилганини тасдиқлади.

- Ҳозир у ерга Афғонистон байроғи тикилган. Лекин, атрофларида Толибон жанггарилари бор, - деди Саид Абдулбоқий Ҳошимий.

Афғонистон шимолидаги Толибон жанггариларига қарши ҳарбий амалиётларга мамлакат вице-президенти, ўзбек генерали Абдул Рашид Дўстум қўмондонлик қилмоқда.

Ҳозирда Ғўрмоч тумани атрофлари Толибон жанггариларидан тозаланмоқда.

Ғўрмоч Фарёб вилояти туманлари орасида энг йириги ҳисобланади.

Толибон жанггарилари Туркманистонга чегарадош мазкур туманни 18 октябрь куни босиб олган эди.

Донецкда айирмачилар "Чегара билмас шифокорлар" фаолиятини тақиқлади

"Чегара билмас шифокорлар" раҳбари Барт Янссенс.

Украина шарқида ўзларини “Донецк халқ республикаси”, деб эълон қилган гуруҳ раҳбарияти “Чегара билмас шифокорлар” халқаро инсонпарварлик ташкилотини россияпараст айирмачилар назорат қилаётган ҳудудда фаолиятини тўхтатиши ҳақида огоҳлантирган.

Бу ҳақда “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти шанба куни маълум қилди.

- Бу қарор биз учун жуда ташвишланарли, сабаби минтақада минглаб одам зарурий тиббий ёрдамдан махрум бўлади, - деди ташклот раҳбари Барт Янссенс.

“Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти “Донецк халқ республикаси”дан қарорини қайта кўриб чиқишни сўрамоқда.

Украина шарқида қуролли можаро бошланганидан буён Донбасдаги 170дан зиёд тиббий муассаса “Чегара билмас шифокорлар”нинг инсонпарварлик ёрдамларидан бахраманд бўлган.

ИШИДга қарши коалиция қўмондони Жон Аллен истеъфо берди

Ироқ ва Сурияда "ИШИД - Ироқ ва Шом Исломий давлати", дея аталувчи экстремист гуруҳга қарши ҳарбий амалиётларга қўмондонлик қилиб келган АҚШ генерали Жон Аллен лавозимидан истеъфо беришини билдирди.

Аллен ўрнини генерал Бретт Макгарк эгаллаши кутилмоқда.

Жон Аллен Ироқ ва Суриядаги амалиётларга бир йил қўмондонлик қилди. Унгача Аллен Афғонистондаги АҚШ ҳарбий амалиётларига бошчилик қилган эди.

Сўнгги пайтларда АҚШ президенти Барак Обама маъмуриятининг Сурия бўйича сиёсати қаттиқ танқидларга учраётганди.

"Патрисия" бўрони Мексика қирғоқларига ёпирилди

Америка қитъаси тарихида энг кучли экани айтилаётган "Патрисия" бўрони жума оқшомида Мексиканинг ғарбий қирғоқларига ёпирилган.

Метеоролгларга кўра, бўрон Мексиканинг Халиско штатига етгач кучсизланган.

Шамол тезлиги соатига 305 километрни ташкил этган.

Бешинчи даражали бўлиши кутилаётган бўроннинг кучи Мексика ҳудудида иккинчи даражали, деб қайд этилган.

"Патрисия" хавфи туфайли Мексиканинг Халиско, Наярит ва Колима штатларининг соҳилбўйи туманларидан 50 мингга яқин кишини эвакуация қилиган эди.

Мексика президенти Энрике Пенья Ньето бўрон мамлакатга кутилганидан камроқ зиён келтиргани, лекин унинг хавфи аримагани ҳақида огоҳлантирди.

Генерал Дўстум Афғонистон шимолида Толибон жангариларини Амударёдаги оролчага сиқиб чиқарди

Дўстум кучлари шу ҳафта бошроғида Афғонистон шимолидаги Жовузжон вилоятига бостириб кириб, Толибон кучларидан тортиб олди

Афғонистон Вице президенти, ўзбек генерали Абдул Рашид Дўстум амалга ошираётган ҳарбий амалиёт натижасида Толибон жангарилари Афғонистонни Туркаманистондан ажратиб турадиган Амударё ўртасидаги оролчага сиқиб чиқарилди.

Дўстум кучлари шу ҳафта бошроғида Афғонистон шимолидаги Жовузжон вилоятига бостириб кириб, Толибон кучларидан тортиб олди.

Жовузжон вилояти ҳокими ўринбосари Абдулраҳмон Мамудий 23 октябрь куни қилган чиқишида Дўстум кучлари 30га яқин жангарини ўлдириб, уларга доир автомоибль ва қурол-аслахани қўлга киритганини маълум қилди.

Мамудий жангариларнинг бир қисми оролга қочишга муваффақ бўлганларини тасдиқлади. Унинг айтишича, Туркманистон расмийлари бу ҳақда хабардор қилинган.

Дўстумнинг матбуот котиби Султон Файзийнинг айтишича, генерал бошчилигидаги қўшинлар жангарилар паноҳ топган оролга ҳужум уюштиришга тайёргарлик кўрмоқда ва шу муносабат билан Ашхобод расмийлари толиб жангарилари Туркманистон ҳудудига қочиб ўтишга уриниши мумкинлигидан огоҳлантирилган.

Грецияга беш кун ичида 48 минг қочқин кириб келди

Йил бошидан бери Европага Ўрта Ер денгизи орқали кириб келаётган муҳожирлар сони 681 мингга етган

Халқаро миграция ташкилоти 21 октябргача бўлган беш кун ичида Грецияга кириб келаётган қочқинлар оқими 48 минг кишини ташкил этганини билдирди.

Муҳожирлар ташкилотининг маълум қилишича, бу жорий йилда бир ҳафта ичида кириб келган қочқинлар сонига доир энг юқори кўрсаткчидир ва йил бошидан бери Европага Ўрта Ер денгизи орқали кириб келаётган муҳожирлар сони 681 мингга етган.

Айни пайтда, БМТ Қочинлар идораси Россиянинг Суриядаги ҳаво ҳужумлари ва Алеппо шаҳри яқинида жанглар шиддатининг ошгани "одамларнинг ўз жойларини ташлаб кетиш" динамикасига ҳисса қўшаётганини билдирди.

Қочқинлар идорасининг Яқин Шарқ бўйича директори Амин Авад, шу билан биргаликда, Сурия ичкарисидаги қочқинлар сони 7,6 миллиондан 6,3 миллионга тушганини билдирди. Унинг айтишича, буни Европага қочқинлар оқимининг кўпаяётгани билан изоҳлаш мумкин.

Европа Иттифоқи Украина билан эркин савдо битимини имзолади

Германия Канцлери Ангела Меркель ва Украина Бош вазири Арсений Яценюк

Германия Канцлери Ангела Меркель Европа Иттифоқи билан Украина ўртасида имзоланган эркин савдо келишуви Россияга қарши қаратилмаган, дея баён қилди.

23 окятбрь куни Берлинда ўтказилган матбуот анжуманида гапирган Меркель Германия ҳам Украина, ҳам Россия билан яқин иқтисодий муносабатларда бўлиш истагида, дея билдирди.

“Аксинча, биз Украинанинг Европа Иттифоқи, Германия билан яхши иқтисодий алоқаларда бўлишини, шу билан биргаликда Россия билан ҳам яхши иқтисодий алоқалари бўлишини истаймиз”, деди Меркель.

Европа Иттифоқи билан Украина ўртасида Ассоцияция келишуви ўтган йили имзоланган эди. Келишув тарафдорлари унинг Украина ривожланишда Ғарб йўлини танлаши учун аҳамиятли эканини айтишади. Лекин Москва мазкур келишувни яқин хориждаги манфаатларига зиён, деб кўради.

Украина Бош вазири Арсений Яценюк сўнгги ойларда мамлакат иқтисодида ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани, лекин ислоҳотларни амалга ошириш учун Германия ёрдамига муҳтож эканини таъкидлади.

Керри ва Лавров Сурия бўҳронидан чиқиш йўлларини муҳокама қилмоқда

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Жон Керри

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Жон Керри Венада Сурия бўҳронидан чиқиш йўлларини муҳокама этмоқда. 23 октябрь куни ўтказилаётган музокараларга кейинроқ Туркия ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирларининг ҳам қўшилиши кутилмоқда.

Мазкур учрашув Сурия Президенти Башар Ассад 20 октябрь куни кутилмаганда ташриф билан Москвага келишидан бир неча кун ўтиб, ўтказилмоқда. Бу 2011 йилда Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан бери Ассаднинг илк хорижий сафари бўлди. Вашингтон Сурия раҳбарининг Москвада “қизил гилам” тўшаб, кутиб олинганидан таассуф билдирди.

Россия уч ҳафта аввал Сурияда “Исломий давлат” экстремист гуруҳи ва бошқа исёнчи гуруҳларга қарши бошлаган ҳаво ҳужумлари Ассад режими кучларининг кучайишига ҳисса қўшди.

Вашингтон ва унинг иттифоқчилари Россия ўз ҳужумларини асосан Ғарб қўллаб-қувватлаётган исёнчи гуруҳларга қаратаётганини танқид қилиб келади.

Путин 22 октябрь куни қилган чиқишида Ассад қуролли мухолифат гуруҳлари билан музокараларга тайёрлигини билдирди, дея баён қилди.

Путин: Башар Ассад мухолифатчиларнинг айримлари билан музокарага тайёр

Россия президенти Владимир Путин Сурия президенти Башар Ассад билан Кремлда, 2015 йилнинг 20 октябри.

Россия президенти Владимир Путинга кўра, Сурия лидери Башар Ассад унга, агар мухолифатнинг бир неча қуролли гуруҳи мулоқотга ва “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашга тайёр бўлса, улар билан музокарага розилигини айтган.

Бу изоҳни Путин Ассаднинг Москвага кутилмаган сафаридан бир кун кейин берди.

Россия президенти Сурия раҳбари билан қарийб беш йилдан бери давом этаётган ва чорак миллион одам ҳаётига зомин бўлган урушни тўхтатиш учун сиёсий ечим топиш зарурлигини муҳокама қилганини айтди.

Ғарбдаги қатор ҳукуматлар, шу жумладан, АҚШ Россиянинг Сурияда амалга ошираётган ҳаво зарбаларини танқид қилиб келмоқда. Ғарблик сиёсатчиларга кўра, рус учоқларининг нишони Ассаднинг Ғарб қўллаётган мухолифлари бўлиб ҳисобланади, бу эса “Исломий давлат” гуруҳини кучлантиришгагина хизмат қилган.

Путин фикрича эса, Суриядаги ҳарбий амалиёт мамлакат келажаги ҳақидаги музокараларда олға силжиш учун зарур шарт-шароит яратиш имконини беради.

Бишкекда ҳибсхонадан қочган маҳбусларнинг сўнггиси ҳам ўлдирилди

Алтинбек Итибаев.

Пайшанба оқшомида Қирғизистон пойтахтининг “Дўстуқ” мавзеида ўтказилган махсус амалиёт чоғида 50-тергов ҳибсхонасидан қочганларнинг сўнггиси – Алтинбек Итибаев отиб ўлдирилди.

Амалиёт чоғида Итибаев яширинган хонадонга қўшни квартирада яшаган бир эркак ҳамда бир милиция ходими ҳалок бўлгани айтилмоқда.

22 октябрь куни тушдан кейин Бишкек яқинидаги дала ҳовлилардан бирида қочоқ маҳбусларнинг яна бири Эдиль Абдрахманов қўлга олинганди.

Ҳибсхонадан қочганлардан яна иккиси - Данияр Қадиралиев ва Азамат Мусуралиев аввалроқ ўтказилган махсус амалиётларда йўқ қилинган.

12 октябрга ўтар кечаси Чуй вилоятининг Қуйи Наврўз қишлоғида жойлашган 50-тергов ҳибсхонасидан 9 киши қочиб кетган. Улардан 5 нафари ўша тундаёқ ушланган, тўрт нафари эса қочишга муваффақ бўлганди.

Ҳибсхонадан қочганларнинг 7 нафари “Жайшул Маҳдий” гуруҳининг аъзоси сифатида террорчиликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилингандилар.

Истанбулда ИШИДга алоқадор 12 Россия фуқароси ҳибсга олинди

Истанбул аксил-террор тизимлари томонидан 20-21 октябрь куни ўтказилган махсус амалиëтлар давомида 12 Россия фуқароси ИШИДга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди.

Ушланганлардан бирининг чеченистонлик Муҳаммад ал-Ҳаж экани¸ қолганларининг доғистонликлар экани айтилмоқда.

Муҳаммад ал-Ҳажнинг Аслан ва Маҳмуд исмлик доғистонликлар билан бирга ИШИДнинг Шимолий Кавказдаги асосий етакчилари экани тахмин қилинмоқда.

Хабарларга кўра¸ қўлга олинганлардан тўққизтаси Туркиядан Сурияга ҳудудига ўтиб¸ ишидчилар сафига қўшилмоқчи бўлган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати расмийларига кўра¸ ҳозирда Сурия ва Ироқдаги жиҳодчилар сафида 2400 га яқин Россия фуқаролари¸ 5000 га яқин марказий осиëликлар жанг қилмоқда.

Ўтган ҳафта Истанбул махсус хизматлари ИШИДга жангари тайëрлаш билан шуғулланганликда гумонланаëтган мадрасада 53 нафар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаросини қўлга олган эди.

Турк матбуотига кўра¸ ушланганларнинг 24 нафари ИШИД сафига қўшилишга тайëрланаëтган вояга етмаган болалар бўлиб чиққан.

АҚШ ва Германия Ташқи ишлар вазирлари Россия ҳужумларини танқид қилди

Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Уолтер Штаймайер АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан.

Сурия шимол-ғарбидаги Идлиб вилоятининг Сармин шаҳридаги дала госпиталига Россия ҳарбий учқичлари уюштирган ҳаво зарбаси оқибатида 13 одам нобуд бўлди¸ улар орасида врачлар ҳам бор.

Бугун Берлинда учрашган АҚШ ва Германия дипломатик идоралари раҳбарлари Россия ҳарбий амалиëтларини танқид қилдилар:

- Россия ҳарбийларининг Сурияга кириши ва Россия ҳаво ҳужумлари азоб-уқубатни янада кучайтирди¸ янада кўпроқ одамни қочқингa айлантирди. Айни пайтда ҳаммамиз Сурия можаросига ечим топиш Вашингтон ва Москва ëндашувига кўприк топиш-топмасликка боғлиқ эканини ҳам яхши биламиз¸ деди Германия Ташқи ишлар вазири Штайнмайер.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри эса¸ Сурия бўҳронига ечим топишга халал бераëтган одамнинг исми Башар ал-Асаддир¸ дея баëнот берди.

Суриялик ҳуқуқ фаоллари тарқатган маълумотга кўра, Россия авиацияси рейдлари натижасида ҳозиргача ўлган 370 кишининг 127 нафари тинч аҳоли вакилларидир.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG