Линклар

Шошилинч хабар
23 август 2019, Тошкент вақти: 01:28

Халқаро янгиликлар

ИД Россия учоғи қулашига масъул эканини иддао қилмоқда

Мисрдаги “Исломий давлат”га алоқадор жанггари гуруҳ Синай ярим оролида Россия йўловчи учоғининг қулашига жавобгарликни зиммасига олди.

Бу ҳақдаги маълумотни жанггари гуруҳ Telegram мессенжери орқали тарқатди.

Ассошиэйтед пресс агентлигининг Миср ҳукумати расмийларига таяниб хабар беришича, Россияга қарашли A321 учоғи Синай ярим оролида ҳалокатга учраши оқибатида учоқ бортида бўлган 224 одамнинг барчаси ҳалок бўлган.

Россияга тегишли учоқ жанггарилар фаол бўлган Синай ярим оролида ҳужумга учраган бўлиши мумкин, деган тахминлар айтилаётган эди.

Лекин, Миср расмийлари бу иддаолар асоссизлиги, дастлабки текширув натижалари ҳалокатга учоқдаги техник носозликлар сабаб бўлганини кўрсатаётганини айтишди.

Мисрда Россия учоғи ҳалокатга учради, тирик қолганлар йўқ

Ассошиэйтед пресс агентлигининг Миср ҳукумати расмийларига таяниб хабар беришича, Россияга қарашли A321 учоғи Синай ярим оролида ҳалокатга учраши оқибатида учоқ бортида бўлган 224 одамнинг барчаси ҳалок бўлган.

Йўловчиларнинг 214 нафари Россия, уч нафари Украина фуқаролари бўлишгани айтилмоқда.

Миср расмийларига кўра, “Когалимавиа” ширкатига тегишли Airbus A-321 учоғи Шарм ал-Шайх шаҳридан Санкт Петербург шаҳрига учаётганида радар экранларидан ғойиб бўлган. Учоқ ҳалокати сабаблари маълум эмас.

Учоқ ҳалокати сабаб 1 ноябрь Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Россия президенти Владимир Путин бош вазир Дмитрий Медведевга Мисрдаги учоқ ҳалокати сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузишни тайинлади.

АҚШ Сурияга махсус кучларини юборади

Қўшма Штатлар элликка яқин махсус кучлари ҳарбий ҳизматчисини Сурияга жўнатишни режаламоқда.

Улар Суриянинг курдлар назоратидаги шимолий ҳудудларига ташланади.

Пентагон расмийларига кўра, Сурияга юбориладиган америкалик ҳарбийлар “Исломий давлат” эксремист гуруҳига қарши курашаётган курд отрядларига маслаҳатлар бериш билан шуғулланади.

Лозим бўлса улар Сурия ҳудудидаги “Исломий давлат”га қарши амалиётларга ҳам жалб этилишлари мумкин.

АҚШ президенти Барак Обама шу пайтгача Сурияга ҳарбий қўшин жўнатилмаслигини айтиб келган.

Қўшма Штатлар Суриядаги “Исломий давлат”га қарши амалиётларда ҳаво ҳужумлари билан кифояланаётган эди.

Жон Керридан Марказий Осиёдаги сиёсий маҳбуслар масаласини кўтариш сўралди

Америкалик сенатор Бен Кардин АҚШ Давлат котиби Жон Керрига хат йўллаб, Марказий Осиё давлатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга сафари давомида шу давлатлардаги абгорлашиб бораётган инсон ҳуқуқлари вазияти ҳамда сиёсий махбуслар масаласига эътибор қаратишга чақирди.

АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси бўлган жаноб Кардин ўз мактубида Керридан Марказий Осиё лидерлари билан мулоқотда Қўшма Штатлар умумэътироф этилган демократик тамоиллар ва инсон ҳуқуқлари масаласида қатъий эканини намойиш этишни сўраган.

Бундан аввал Нью Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Хьюман Райтс уотч ташкилотлари ҳам АҚШ Давлат котиби Жон Керрига очиқ хат йўллаб, қамалган журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари масаласига эътибор қаратиб, уларни қўйиб юборишга ундашни сўрашганди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри бугун Марказий Осиё бўйлаб сафарининг илк манзили ўлароқ Қирғизистон пойтахтига ташриф буюрди.

Жаноб Керри келаси тўрт кун ичида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга ҳам сафар қилади.

Бухарестда тунги клубдаги ёнғиндан 27 одам нобуд бўлди

Руминия пойтахти Бухарестдаги тунги клубда жума оқшомида рўй берган ёнғин оқибатида 27 одам ҳалок бўлди, 86 одам куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди.

Руминия ички ишлар вазири муовини Раэд Арафат ёнғиндан жабр кўрганлар сони бундан-да кўп бўлиши мумкинлигини айтди.

Ёнғин рўй берган тунги клубда рок-концерт уюштирилган ва шу концертга 400дан кўпроқ билет сотилган.

Венадаги музокараларда Сурияда ўтиш даври ҳукуматини тузишга келишилди

Венада Сурия инқирозидан чиқиш йўлларини мухокама қилган дунёнинг 19 мамлакати ташқи ишлар вазирлари Башар Асад ҳукумати ва мухолифати вакиллари иштирокида яна бир учрашув ўтказиш ва Сурияда сайловларгача мамлакатни бошқарадиган янги ўтиш даври ҳукумати тузилишига келишганлар.

Жума кунги музокараларда АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия, Яқин Шарқ ўлкалари дипломатлари қатори Эрон вакиллари ҳам илк бор иштирок этди.

Венадаги музокараларда қатнашган АҚШ Давлат котиби Жон Керри унинг натижаларидан қониқиш хосил қилганини айтди.

Жон Керри Қирғизистонга ташриф буюрди

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 31 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрига келди.

Жаноб Керри келаси тўрт кун ичида Марказий Осиёнинг яна тўрт мамлакати - Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга сафар қилади.

Жон Керри бугун Бишкекда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаевлар билан учрашади.

АҚШ дипломатияси раҳбари, шунингдек Бишкекдаги янги АҚШ элчихонаси ҳамда Марказий Осиёдаги Америка университетининг очилишида қатнашади.

ЕИ Беларусга нисбатан санкцияларни 4 ойга тўхтатиб қўйди

Белорус Президенти Александр Лукашенка

Европа Иттифоқи Белорус Президенти Александр Лукашенка ва бир қатор белорус компанияларига нисбатан санкцияларни 4 ой муддатга тўхтатиб қўйди.

Расмий маълумотга кўра, Европа Иттифоқининг Белорусга нисбатан санкцияларни вақтинча тўхтатиш қарори жорий йил 29 октябрь куни кучга кирган ва 2016 йилнинг 29 февралига қадар давом этади.

ЕИ қарорига кўра, 170 нафар жисмоний ва 3 нафар юридик шахсга нисбатан қўлланилган Европа Иттифоқи ҳудудига кириш тақиқи олиб ташланган ва уларнинг Европа бакларидаги музлатилган ҳисоб рақамлари очилган. Ушбу рўйхатда президент Александр Лукашенка ҳам бор.

Беларус ҳукумати Ғарбнинг сиёсий маҳбусларни қамоқдан озод қилиш талабини бажаргани санкцияларнинг тўхтатилишига туртки бўлгани айтилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти эса Вашингтон беларуслик 9 шахсга нисбатан санкцияларни бекор қилишини эълон қилди.

Беларус президенти Александр Лукашенка Европанинг энг сўнгги диктатори, деб аталади. У 21 йилдан бери Беларусни бошқариб келмоқда.

Қирғизистонда қимиздан музқаймоқ ишлаб чиқарилмоқда

Қимиз ичимлиги Қирғизистонда кўп истеъмол қилинади

Қирғизистонда илк бор қимиздан тайёрланган музқаймоқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

КирТАГ маълумотига кўра, қимиздан қилинган музқаймоқнинг таъми бироз тахирроқ бўлиб, лекин дегустация пайти қирғизистонликларга янги музқаймоқ ёққани учун уни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Норин вилоятида ишлаб чиқарилаётган қимизли музқаймоқлар аллақачон Бишкек шаҳридаги савдо марказларида сотувга чиқарилган.

Қирғиз мутахасисларига кўра, ҳозирда қимиздан ҳолва билан печенье маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

МДҲ Бош вазирлари Душанбеда 40та келишувни имзолашди

Бугун Тожикистон пойтахти Душанбеда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Бош вазирлари иштирокида ўтган саммитда қарийб қирқта ҳужжат имзоланди.

Ҳужжатлар орасида ҳаво мудофааси ҳимояси бўйича бирлашган тизимни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инсонпарварлик алоқалари, молиявий ва ижтимоий-иқтисодий тизимлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳамкорликдаги фаолиятига алоқадор келишувлар бор.

Душанбе йиғинида МДҲдаги иқтисодий муносабатлар ва хавфсизлик масалалаларига оид жами 30га яқин масала кўриб чиқилди.

МДҲ Бош вазирлар саммити ҳар йили бир марта ташкилотга аъзо давлатлардан бирида навбати билан ўтказилади.

Душанбе саммитида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Адхам Икромов раҳбарлигидаги ўзбек делегацияси ҳам иштирок этди.

АҚШ Россия ҳаво зарбалари оқибатида Сурияда тинч аҳоли ҳалок бўлганини айтмоқда

Давлат департаменти матбуот котиби Жон Кирби.

Қўшма Штатлар Россия ҳарбий самолётларининг Суриядаги ҳаво зарбалари оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлгани ва касалхонага бомба ташлангани ҳақида маълумотга эга эканини билдирди.

Давлат департаментининг 29 октябрь куни маълум қилишича, фуқаролик гуруҳлари Россия самолётлари тинч аҳоли яшаётган жойларни бомбардимон қилаётганини айтиб келмоқда, Москва эса бу маълумотларни инкор қилаётир.

“Бизда рус ҳарбий самолёти касалхонага бомба ташлагани ҳақида айрим маълумотлар бор. Бизда мавжуд бошқа оператив маълумотларга қараганда, рус ҳарбийлари нафақат “Исломий давлат” гуруҳи манзилларини, балки фуқаролик инфраструктурасини ҳам бомбардимон қилмоқда”, деб айтди Давлат департаменти матбуот котиби Жон Кирби.

Лондондаги Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ўтган ҳафтада Россия ҳарбий самолётлари зарбалари пайтида 13 одам, жумладан, шифокорлар ҳалок бўлганини билдирган эди. Бироқ Россия телевиденияси Халқаро Қизил Хоч қўмитаси бундай маълумотларга эга эмаслигини айтгани тўғрисида хабар берган.

Ғарб Беларусга нисбатан санкцияларни бекор қилмоқчи

Беларусь президенти Александр Лукашенка.

Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Беларус билан алоқаларни яхшилаш мақсадида мазкур мамлакатга нисбатан жорий этилган санкцияларнинг асосий қисмини бекор қилишини билдирди.

Беларус ҳукумати Ғарбнинг сиёсий маҳбусларни қамоқдан озод қилиш талабини бажаргани ҳам санкцияларнинг бекор қилинишига туртки бўлмоқда.

Европа Иттифоқи 29 октябрь куни Ғарбнинг қора рўйхатига киритилган 174 беларусдан 170 нафари қора рўйхатдан чиқарилиши, Беларуснинг 14 ширкатига нисбатан санкциялар бекор қилинишини маълум қилган. Бироқ Ғарб Беларусга қурол сотиш тақиқини бекор қилмайди.

АҚШ Давлат департаменти эса Вашингтон Беларусиялик 9 шахсга нисбатан санкциялар бекор қилинишини айтди. Давлат департаментига кўра, "айрим санкцияларнинг бекор қилиниши Беларус иқтисоди учун Ғарб билан савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатиш имкониятини яратади. Шу билан бир қаторда АҚШ Беларус ҳукумати инсон ҳуқуқлари ва демократия йўналишида янги қадамларни ташлашига умид билдиради".

Беларус президенти Александр Лукашенка Европанинг энг сўнгги диктатори, деб аталади. У 21 йилдан бери Беларусни бошқариб келмоқда.

Бугун Россиядаги Украина кутубхонаси директори Москва судига олиб келинади

Москвадаги Украина кутубхонаси директори Наталья Шарина.

Бугун Москва судида Москвадаги Украина кутубхонаси директори Наталья Шаринага нисбатан эҳтиёт чорасини белгилаш бўйича жараён бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Россия Тергов қўмитаси Украина кутубхонаси директорига нисбатан миллий адоват қўзғаш айблови билан жиноят иши очишни ва Шаринага ҳибсда сақлаш эҳтиёт чораси қўлланилишини талаб қилмоқда. Мазкур айблов билан Шарина 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Россия ПЕН-маркази Москвадаги Украина кутубхонасида ўтказилган тинтув ва кутубхонанинг вайрон этилишидан норозилик билдирди. Юзлаб рус ёзувчилари, журналистлари, жамоат арбоблари имзолаган баёнотда, Украина кутубхонасининг йўқ қилиниши “ақлсиз ва виждонсиз сиёсатчиларнинг яна бир жинояти бўлиши” таъкидланган.

Россия ПЕН –маркази Москвадаги Украина кутубхонаси ходимларининг абсурд айбловлар билан таъқиб қилинишини тўхтатишни талаб қилган.

Пайшанба куни Россия Тергов қўмитаси Наталья Шаринани 2011-2015 йилларда украин миллатчиси Дмитрий Корчинский асарларини Россия ҳудудида тарқатганликда айблаб қўлга олган ва украин кутубхонасида тинтув ўткизганди.

Украина кутубхонаси ходимлари ўз директорига “сиёсий вазиятдан келиб чиқиб босим кўрсатилаётгани, тинтув пайтида полиция ходимлари кутубхонага тақиқланган адабиётларни ташлаб қўйгани” ҳақида кўрсатма бераётир.

Бугун Душанбеда МДҲ Бош вазирлари саммити бўлиб ўтади

МДҲга аъзо давлатлар президентлари.

Бугун Тожикистон пойтахти Душанбеда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Бош вазирлари саммити бўлиб ўтади.

Расмий маълумотга қараганда, Душанбе йиғинида МДҲдаги иқтисодий муносабатлар ва хавфсизлик масалалаларига оид 30га яқин масала кўриб чиқилади.

МДҲ Бош вазирлар саммити ҳар йили бир марта ташкилотга аъзо давлатлардан бирида навбати билан ўтказилади.

Душанбе саммитида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Адхам Икромов раҳбарлигидаги ўзбек делегацияси ҳам иштирок этади.

Атамбаев социал-демократлардан ҳукмрон коалиция тузишни сўради

Бугун Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Социал демократик партиядан расман ҳукмрон коалиция тузишни сўради.

Бу сўров президентнинг 4 октябрь кунги парламент сайловларида 28 фоиз овоз олиб¸ ғолиб чиққан партия раҳбари билан учрашувида янгради.

Бир палаталик Қирғизистон парламентидаги 120 ўринга олти сиëсий партия вакиллари сайланди.

Қирғиз қонунчилигига кўра¸ сайлов натижасида бирор партия парламентда 60 ўриндан кўпроқни қозона олмаса¸ президент сайловда энг кўп овоз олган партияга ҳукмрон коалиция топшириш вазифасини юклайди.

Путин Россияда пионер ҳаракатини бошқа ном билан қайта тиклади

Бугун Владимир Путин “Россия ўқувчилари ҳаракати” деб номланган болалар-ўсмирлар ташкилоти тузиш тўғрисидаги фармонга қўл қўйди.

Фармонда бундай ҳаракатни ташкил қилишдан мақсаднинг ўсиб келаëтган авлодларни тарбиялашдаги давлат сиëсатини такомиллаштириш ва ëш авлод шахсиятини Россия жамиятига хос қадриятлар асосида шакллантириш экани айтилади.

Келаси йил март ойига қадар Москва ҳукумати бу ташкилотга ажратиладиган давлат мулки рўйхатини тузиб чиқиши керак.

СССР қулагунга қадар социалистик блок ҳудудида болалар ва ўсмирларнинг пионер ташкилоти мавжуд эди. Бу ташкилот мақсади эса¸ ўсиб келаëтган ëш авлодни коммунистик партияга садоқат руҳида тарбиялаш¸ деб белгиланган эди.

Хитой бир оила - бир бола сиëсатини бекор қилди

Расмий Синхуа агентлигининг хабар қилишича¸ пайшанба кунги қарор билан Хитой Коммунистик партияси олий кенгаши мамлакатда 1980 йилда жорий этилган “бир оила – бир бола” сиëсатини бекор қилган.

Расмий хабарга кўра¸ аҳоли қариб бориши ортидан туғилган иқтисодий муаммолар туфайли қабул қилинган янги ўзгартишга кўра¸ бундан сўнг хитойлик оилаларнинг икки бола кўришига рухсат этилган.

Ҳозирча агентлик¸ бу қарорнинг қачондан бошлаб кучга киришини эълон қилмади.

1980 йилги бу чеклов¸ 2013 йилда қисман юмшатилган ва эр-хотиннинг ҳар иккаласи ҳам оилада ëлғиз фарзанд бўлган ҳолларда¸ уларнинг иккита фарзанд кўришига рухсат этилган эди.

Бу қарор¸ шунингдек¸ мусулмон уйғурларнинг ҳам биттадан ортиқ фарзанд кўришига изн берган эди.

Туркман ва украин президентлари ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди

Украина президенти Петро Порошенко Ашхободда Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан сўзлашувлар ўтказди.

Бугун Ашхободда ўтказилган сўзлашувлардан сўнг Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов ва Украина президенти Петро Порошенко икки томонлама муносабатлар¸ хусусан¸ ëнилғи соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олишганини билдирдилар.

Икки давлат муносабатларининг тарихий ва стратегик аҳамиятга эга эканини қайд қилган президентлар¸ бундан сўнг бу муносабатларнинг янада ривожланишига ишонч билдирдилар.

Дунëдаги энг йирик тўртинчи газ заҳираларига эга Туркманистон президенти Бердимуҳаммедов ўз давлати Украинага газ етказиб беришни кучайтиришга тайëрлигини таъкидлади.

Россия билан қарийб уруш ҳолатида бўлган Украинанинг асосий газ таъминотчиси Россия бўлгани боис¸ бу мамлакат оғир энергетик муаммоларга дуч келмоқда ва Россия газига муқобил манбалар изламоқда.

Европа парламентининг Сахаров мукофоти саудийлик блоггерга берилди

Саудийлик блоггер Раиф Бадавий.

Европа парламентининг Фикр эркинлиги учун Сахаров мукофоти блоглари учун 10 йилга қамалиб¸ 1000 дарра саваланиш билан жазоланган саудийлик блоггер Раиф Бадавийга берилди.

31 яшар Бадавий 2012 йилда Саудий Арабистони диний полицияси томонидан ҳибсга олинган ва Интернет орқали Исломни ҳақорат қилганликда айбланиб¸ 10 йиллик қамоққа ҳукм этилган эди.

Бадавий жорий йилнинг январь ойида жамоатчилик кўз ўнгида 50 дарра уриш билан жазоланган ва унга берилган 1000 дарралик жазонинг қолган қисми халқаро майдонда билдирилган кескин норозиликлар ортидан кечиктирилган эди.

Бадавийга мукофот берилганини эълон қилган Европа парламенти Мартин Шулц¸ Саудий қиролидан блоггерни дарҳол озод қилишни сўради.

Бадавийни Сахаров мукофотига тавсия қилган Европа парламенти аъзоларидан бири Тамас Месзерикс¸ бундан сўнг Европа Саудий Арабистонида шунчаки ўз фикрини айтгани учун қийноққа солиниб¸ ўлимга ҳукм қилинаëтганларни кўриб жим туриши мумкин эмаслигини таъкидлади.

Инсон ҳақлари ва фундаментал эркинликларни ҳимоя қилаëтган шахсларга бериладиган Сахаров мукофоти 1988 йилда таъсис қилинган ва унинг совриндорига 50 минг евро пул мукофоти ҳам берилади.

НАТО Россия билан чегаралардаги қўшинларини кўпайтирмоқчи

The Wall Street Journal нашрининг ëзишича¸ НАТО ҳарбий иттифоқига аъзо давлатлар Россия билан чегаралардаги қўшинлар сонини кўпайтириш масаласини муҳокама қилмоқда.

Кўриб чиқилаëтган режалардан бирига мувофиқ¸ НАТО Польша ва учала Болтиқбўйи давлатининг ҳар бирида ўз батальонларини ўрнатади. Нашрнинг дипломатик манбаларига кўра¸ бошқа режа ушбу минтақада НАТОнинг фақат битта батальони ўрнатилишини кўзда тутади.

Ўтган йил март ойида Қримнинг Россия томонидан аннексия қилиниши ортидан Россияга чегарадош НАТО давлатлари Кремлнинг эҳтимолий агрессияси хусусида ташвиш билдириб келмоқда.

Россия ҳарбийларининг ўз қўшнилари билан чегараларда ҳарбий машғулотларни кўпайтиргани ҳам бундай ташвишларни кучайтириб юборди.

Ушбу хавотирлардан келиб чиқиб Болгария¸ Чехия¸ Эстония¸ Венгрия¸ Латвия¸ Литва¸ Польша¸ Руминия ва Словакия ҳукуматлари НАТОнинг 4 ноябрь кунги саммитида ҳарбий иттифоқнинг шарқий чегараларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қўллаш масаласини кун тартибига киритган.

Германия минглаб афғон қочқинлари ортга қайтарилишини билдирди

Германия ички ишлар вазири Томас де Мезьер.

Германия мамлакатга кириб келаётган қочқинлар сони кескин кўпайганига жавобан миграция жараёнини қатъийлаштирди ҳамда бошпана берилмаган шахсларни қайта ўз ватанларига депортация қилишини билдирди.

Жорий йил ёзида асосан Сурия, Ироқ ва Афғонистондан келган юз минглаб қочқинлар Болқон давлатлари орқали Германияга ўтиб, бошпана олишни ният қилган. Бунга Германияда иш ўринларининг бошқа давлатларга нисбатан кўплиги сабаб бўлмоқда.

Германия ички ишлар вазири Томас де Мезьер 28 октябрда ўз мамлакати Рождество байрамигача қочқинлик олиш жараёнини енгиллаштиришга ҳаракат қилаётганини, бироқ қочқин мақоми берилмаган шахслар мамлакатдан сўзсиз депортация қилинишини айтди.

”Мен яқин кунларда депортация қилинганлар сони кескин кўпайишига ишонаман”, деб айтди Мезьер. Унга кўра, шу кунгача ўн минглаб қочқинга Германия бошпана беришдан бош тортган.

Ички ишлар вазири Афғонистондан келаётган қочқинлар сони кўпайгани қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат эканини таъкидлаган ҳолда, Германия бу борада Кобул расмийлари билан сўзлашувлар ўтказаётганини билдирди. Вазирга кўра, “Афғонистондан келаётган қочқинлар Германияда қолишга умид қилмасликлари керак”.

Жон Керри Сурия бўйича музокаралар "умидли" эканини айтди

Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 29 октябрь куни Венада бошланадиган Сурия бўйича кўп томонлама музокаралар "бу мамлакатдаги бўҳронга тезкор сиёсий ечим топа олмаса-да, ечим топилишига умид пайдо қилади", деб билдирди.

28 октябрь куни Вашингтонда қилган чиқиши чоғида Жон Керри “Сурияда биз дуч келаётган муаммо дўзахдагидан кам эмас”, деб айтди.

Венада бугун бошланадиган Сурия бўйича сўзлашувларда АҚШ, Россия, Араб давлатлари ва бошқа ўндан ортиқ давлат вакиллари иштирок этади. Мазкур сўзлашувларда Эрон биринчи марта қатнашади.

Теҳрон Сурия президенти Башар Ассаднинг асосий ҳимоячиларидан биридир. Эрон Ассадга ҳарбий маслаҳатчилар ва қурол сотиб олишга маблағ ажратиш орқали кўмак кўрсатиб келади.

ИД Мосулда камида 13 журналистни ўлдирган

“Исломий давлат” гуруҳи Мосулни босиб олганидан сўнг маҳаллий телерадио станциялар фаолиятини тўхтатган.

Чегара билмас мухбирлар халқаро ташкилоти 2014 йилнинг июнидан то шу кунгача Ироқ шимолидаги Мосул шаҳрида “Исломий давлат” гуруҳи жангарилари камида 13 журналистни ўлдирганини маълум қилди.

Ироқдаги журналистлар эркинлиги обсерватория тадқиқотида айтилишича, Мосулда сўнгги 16 ой ичида жангарилар 48 журналистни гаровга олган. Мосулдан халқаро оммавий ахборот воситаларида ишловчи 60 журналист чиқиб кетишга муваффақ бўлган, шаҳардан чиқиб кета олмаган мухбирлар эса гаровга олинган ёки отиб ўлдирилган.

“Исломий давлат” гуруҳи Мосулни босиб олганидан сўнг маҳаллий телерадио станциялар фаолиятини тўхтатган эди.

Қрим татарлар лидери Рефат Чубаров Қримга борса қамоққа олинади

Рефат Чубаров.

Россия қрим татарлари лидери, Қрим татар халқи мажлиси раҳбари, Украина парламенти депутати Рефат Чубаров Қрим ҳудудига кирадиган бўлса қамоққа олинишини тасдиқлади.

Қрим прокурори Наталья Поклонская Симферополда 28 октябрда ўтказилган матбуот анжумани чоғида, Чубаров Қримга тўсиқсиз кириши мумкинлигини, бироқ у Қримга келадиган бўлса қўлга олиниб, судга олиб келинишини айтди.

Чубаров чоршанба куни Фейсбукдаги саҳифасида Симферополнинг Киев туман суди 6 октябрь куни ўзини қамоққа олиш ҳақида сиртдан ҳукм чиқаргани ҳақида ёзган эди. Чубаров Қрим ҳукумати уни Россия ҳудудий яҳлитлигига тажовузда айблаётганини билдирган.Мазкур айблов беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.

Қрим Россия томонидан 2014 йилда аннекция қилинганидан сўнг Чубаровга 5 йил мобайнида Қримга кириш тақиқлаб қўйилган эди.

Москва суди “Русские” ҳаракатини экстремистик деб топди

Ҳаракат асосчиси Дмитрий Демушкин

Москва шаҳар суди “Русские” миллатчилар ҳаракатини экстремистик ташкилот деб топиб, унинг фаолиятини Россия ҳудудида тақиқлаб қўйди.

"Интерфакс" маълумотига кўра, маҳкама ушбу ҳаракат фаолиятини “миллий адоват қўзғашга йўналтирилган” ва ҳукуматни куч билан босиб олишга қаратилган деб топган.

Суд мажлисида иштирок этган мазкур ҳаракат фаолларидан бири, прокуратура ташкилотнинг экстремистик фаолиятини тасдиқловчи далилларни келтирмаганини айтган.

Шунингдек, у “Русские” ҳаракати расман рўйхатдан ўтмагани боис уни тақиқлаш мумкин эмаслигини таъкидлаган.

Миллатчилар ҳаракати асосчиси Дмитрий Демушкин 2005 йилдан буён “Рус марш”ларини ташкиллаштириб келмоқда. Ушбу маршлар бўйича бир нечта жиноий иш қўзғатилган. Демушкиннинг ўзи эса сўнгги икки ой ичида тақиқланган рамзларни намойиш қилгани учун бир неча бор ҳибсга олинган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG