Линклар

Шошилинч хабар
21 август 2019, Тошкент вақти: 14:23

Халқаро янгиликлар

ИД Франциядаги ҳужумларга жавобгарликни зиммасига олди

Исломий давлат" Париждаги ҳужумларни "қуролланган саккиз нафар биродари" амалга оширганини билдирди.

Экстремист гуруҳ 14 нобярь куни эълон қилган баёнотида "мазкур ҳужумлар Ислом пайғамбарининг ҳақорат қилиниши ва Исомий давлат ҳудудида амалга оширилаётган бомбалашларга жавоб" эканини таъкидлади.

Франция президенти Франсуа Олланд жума куни 127 одамни ўлдирган ҳужумларни “уруш ҳаракати”, деб атади.

Францияда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Россиялик енгил атлетикачилар 2016 йилги Олимпиадада қатнашолмайди

Енгил Атлетика Федерациялари Халқаро Ассоциацияси Швейцариянинг Лозанна шаҳрида ўтказган фавқулодда йиғилишида Россия Енгил Атлетика Федерацияси аъзолигини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарди.

Бу эса россиялик енгил атлетикачиларнинг Бразилияда 2016 йилда бўладиган Олимпиада ўйинларида иштирок этмаслигини англатади.

Россиялик енгил атлетикачилар тақиқланган допинг моддаларини қабул қилганлар, сўнг натижалари "тоза чиқиши" учун Россия аксилдопинг расмийларига пора берганлар.

Бундай амалиёт Енгил Атлетика Федерациялари Халқаро ассоциацияси - International Association of Athletics Federations(IAAF) томонидан тақиқланган.

Истанбулда "Жиҳодчи Жон"нинг шериги қўлга олинди

Туркиянинг Истанбул шаҳрида “Жиҳодчи Жон” тахаллуси билан танилган Муҳаммад Имвозийнинг шериги экани гумон қилинаётган Айне Лесли Дэвис исмли шахс қўлга олинган.

Лондонлик Дэвис 2013 йилда Сурияга жанг қилгани кетган эди.

ИШИД қўлга олган асирларни бошини олиш билан танилган “Жиҳодчи Жон” эса Суриянинг Раққа шаҳридаги биноларнинг биридан чиқиб, машинага ўтираётган пайтида ўлдирилгани хабар қилинганди.

ИШИД лидерларидан бири Жиҳодий Жон ўлдирилди

Жиҳодий Жон

ИШИДнинг таниқли жангариларидан бири Жиҳодий Жон тахаллуси билан танилган Муҳаммад Имвозий АҚШнинг учувчисиз учқичи ёрдамида ўлдирилди.

Бу ҳақда АҚШ ҳукуматига таяниб хабар қилган Би-Би-Си маълумотига кўра, ИШИД қўлга олган асирларни бошини олиш билан танилган Жиҳодий Жон Суриянинг Раққа шаҳридаги биноларнинг биридан чиқиб, машинага ўтираётган пайти нишонга олинган.

Пентагон расмийлари 12 ноябрь куни Жиҳодий Жон нишонга олинган амалиётлар бўлгани ва тафсилотлар яқин орада очиқланишини маълум қилди.

Асли Қувайтда туғилган ва Британия фуқаролигини олган Муҳаммад Имвазий америкалик журналистлар Стивен Сотлофф ва Жеймс Фоули, инсонпарварлик ташкилоти ходими Абдулла Раҳмон Касси, британиялик фаол Дэвид Хэйнес ва Алана Хеннинг, япон журналисти Кендзи Гото ва бошқа кўплаб асирларнинг қатл қилинган видеолари орқали танилган.

Айрим маълумотларга кўра, Имвазий 1988 йилнинг 17 августида туғилган бўлиб, Вестминстер университетини тамомлаган.

Курд кучлари АҚШ кўмагида Синжар шаҳрига кирди

Шимолий Ироқдан олинган маълумотга кўра, АҚШ учқичларининг ҳаво ҳужумлари ёрдамида курд ҳарбийлари ИШИД назоратида бўлган Синжар шаҳрига кириб борди.

Reuters мухбири воқеа жойидан хабар қилишича, 13 ноябрь куни курд ҳарбийлари Синжар шимолидаги марказий йўллардан бири орқали шаҳарга кириб боришган.

Кеча эрта тонгда бошланган Синжар шаҳри учун жанглар уч йўналишда олиб борилаяпти.

Пайшанба тушга яқин курд жангчилари Синжар шаҳрига элтувчи 47-шоссенинг бир қисмини ўз назоратига олгани натижасида ИШИД жангариларининг асосий таъминот йўли кесиб қўйилган эди.

ИШИД жангарилари 2014 йилнинг августида Синжарни ишғол қилган. Жангарилар шаҳарни эгаллагач, этник озчилик вакиллари бўлган минглаб язидий ўлдирилди, яна ўн минглаб язидий тоққа қочиб яширинишга мажбур бўлди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийси Питер Кук америкалик ҳарбийлар ердан туриб самолётларга “Исломий давлат” манзилларини бомбардимон қилишга кўмак кўрсатаётганини билдирди. Пентагон расмийсига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳаводан туриб сўнгги бир кун ичида “Исломий давлат” гуруҳининг 40дан зиёд манзилини йўқ қилган.

ИД тез орада Россияга ҳужум қилишини билдирди

"Исломий давлат" гуруҳининг Шимолий Кавказдаги "Вилояти Кавказ" бўлинмаси жанггарилари.

“Исломий давлат” гуруҳи Москванинг Суриядаги ҳарбий иштирокига жавобан тез орада Россияга ҳужум қилиши ҳақида видео тарқатди.

12 ноябрда Интернетда пайдо бўлган видео “Тез кунларда, жуда тез кунларда умонга ўқшаб қонлар оқади”, деган қўшиқ билан бошланган. Видеода зўравонликлар акс эттирилган.

Видео пайдо бўлганидан сўнг Кремль расмийлари мамлакатдаги хавфсизликни кучайтириш чора-тадбирларини кўриш зарурати пайдо бўлганини билдирди. Видео рус махсус хизматлари томонидан текширилмоқда.

Москва расмийлари фикрича, шу кунларда “Исломий давлат” сафида собиқ Шўролар иттифоқи давлатларининг 5 мингдан 7 минггача бўлган фуқароси жанг қилмоқда.

31 октябрь куни Россиянинг А-321 учоғи Мисрнинг Синай ярим оролида қулаб тушган ва самолёт бортидаги 224 одам ҳалок бўлганди. Мазкур ҳалокат учун масъулиятни “Исломий давлат” ўз зиммасига олган ҳамда рус самолёти бомба портлатилиши оқибатида ҳалокатга учраганини билдирган.

Бироқ Россия ва Миср “Исломий давлат”нинг бу баёнотини рад этиб, ҳалокатга учраган самолёт қолдиқларидан бомба излари топилмаганини айтиб келаётган эди. Сўнгги кунларда эса мазкур ҳалокатни ўрганаётган халқаро гуруҳ рус аэробуси ҳақиқатан ҳам бомба портлаши оқибатида қулаган бўлиши мумкин, деган таҳминни олға суриб келмоқда.

Курд кучлари Синжар шаҳри учун жанг бошлади

Курдларнинг Пешмерга қуролли гуруҳи жанг пайтида.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳарбий самолётларининг қўллови остида минглаб курд жангариси “Исломий давлат” назоратида бўлган Синжар шаҳрига элтувчи стратегик йўлни эгаллаш учун ҳужум бошлади.

Ироқ шимолидаги Синжар шаҳри учун жанглар 12 ноябрь эрта тонгда бошланди. Курд кучлари шаҳар томонга уч йўналишда ҳужум қилмоқда.

Кеча тушга яқин курдларнинг ҳудудий Хавфсизлик Кенгаши курд жангарилари Синжар шаҳрига элтувчи 47-шоссенинг бир қисмини ўз назоратига олганини маълум қилди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийси Питер Кук америкалик ҳарбийлар ердан туриб самолётларга “Исломий давлат” манзилларини бомбардимон қилишга кўмак кўрсатганини билдирди. Пентагон расмийсига кўра, АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳаводан туриб сўнгги бир кун ичида “Исломий давлат” гуруҳининг 36 манзилини йўқ қилган.

ИД Бейрутдаги портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олди

Ливандаги суний мусулмонлар Россиянинг Суриядаги ҳарбий иштирокига қарши митинг ўтказмоқда.

“Исломий давлат” гуруҳи Ливан пойтахти Бейрутда содир этилган портлашлар учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

12 ноябрь куни Бейрутдаги савдо маркази ва масжидлардан бирида икки ҳудкуш ўзини портлатгани оқибатида камида 37 одам ҳалок бўлди, 180дан ортиқ одам яраланди.

Хабарларга қараганда, масжид эронпараст “Хизбуллоҳ” шиа радикал гуруҳининг таянч маркази бўлган. “Хизбуллоҳ”нинг ҳарбий бўлинмалари Сурияда президент Башар Ассад томонида туриб жанг қилмоқда. Ливанлик суний мусулмонлар эса Сурия мухолифатини қўлламоқда.

Сурияда 4 йилдан бери давом этаётган уруш оқибатида Ливанда ҳам террорчилик ҳаракатларининг содир этилиши ҳолатлари кўпайган.

Украинада жинсий озчиликлар камситилишига қарши қонун қабул қилинди

Украина парламентидаги плакатда "Тенглик ҳамма учун", деб ёзилган.

Украина Олий Радаси Меҳнат кодексига жинсий озчиликлар ҳуқуқлари камситилмаслиги тўғрисида ўзгартишлар киритди.

Янги ўзгартишлар “иш жойида ирқи, танасинигнг рангги, сиёсий, диний ва бошқа этиқоди, жинси, гендер мансублиги, жинсий ориентацияси, миллий мансбулиги, ижтимоий ёки хорижий келиб чиқиши, ёши, соғлиғи, ногиронлиги, шахс ОИТВ-ОИТСга чалингани, оиласи, мулкий имкониятлари, оилавий мажбуриятлари, яшаш жойи ва иш ташлашларда иштирок этгани учун” дискриминация қилинишини тақиқлайди.

Хабарларга қараганда, украин парламенти депутатлари лесбиянкалар, гейлар, бисексуаллар ва траснгендерлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи бандни фақат олтинчи ўқишда, праламент раиси Владимир Гройсман “депутатлар оилавий қадриятлар принципида собит қолади ва ҳеч қачон бир жинсли никоҳларни қўллаб-қувватламайди”, деб баёнот берганидан сўнг қабул қилган.

Айни пайтда Украина фуқароларинингЕвропа Иттифоқига визасиз кириши масаласи муҳокама этилмоқда. Бу масала ижобий ҳал этилиши учун Европа Иттифоқи Украинага бир қатор шартларни, жумладан, жинсий озчиликлар камситилишини бартараф этиш шартини қўйган эди.

Ҳибсда ўлган беш ойлик Умаралининг онаси Россиядан ҳайдаладиган бўлди

Умарали Назаров.

Петербург шаҳар суди полиция назоратига олинган пайтда нобуд бўлган тожикистонлик 5 ойлик Умарали Назаровнинг онасини мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилди.

Суд ҳукмига мувофиқ Зарина Юнусова Россия миграция қонунчилигини бузганлик учун 15 кун ичида мамлакатдан депортация қилинади.

Маҳкама Юнусова адвокатларининг ўз ўғли ўлими юзасидан очилган жиноий ишда унинг жабрланувчи сифатида қайд этилганига оид асосларини инобатга олмади.

13 октябрь куни Юнусова полиция ходимлари томонидан миграция қонунларини бузганлик айби билан ҳисбга олинган эди. Ҳибс пайтида унинг беш ойлик чақалоғи онасидан олиб қўйилган ва эртаси куни болани олишга келганларга унинг ўлгани хабар қилинган эди.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси Умарали ўлимига вирусли инфекция оқибатида юрак ноқислиги сабаб бўлган¸ деган хулоса чиқарди.

Аммо марҳум чақалоқнинг яқинлари Умаралининг соппа-соғ бўлганини айтиб¸ бундай хулосага ишончсизлик билдирмоқда.

Умаралининг ўлими жамоатчилик орасида жиддий норозиликка сабаб бўлди. Бу иш адолатли ўрганилиши талаби билан Россия ва дунëнинг бошқа ҳудудларида норозилик чиқишлари бўлиб ўтди.

Озарбайжон маҳкамаси ҳуқуқ фаоли Ориф Юнусни озод қилди

Эр-хотин Юнуслар.

Баку аппеляция маҳкамаси таниқли ҳуқуқ фаоли Ориф Юнусни пойтахтни тарк этмаслик шарти билан озодликка чиқариш ҳақида қарор чиқарди.

Август ойида Баку маҳкамаси Ориф Юнусни 7 йилга¸ унинг турмуш ўртоғи ва яна бир таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Лайло Юнусни иқтисодий жиноятларда айбдор деб топиб¸ 8¸5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Халқаро жамоатчилик томонидан адолат устидан кулиш сифатида баҳоланган бу маҳкамалар Ғарб ҳукуматлари эътирозига ҳам сабаб бўлган эди.

Ориф Юнус оғлиғи ëмонлашгани важидан озод этилган бўлса-да¸ Бакудаги Тинчлик ва демократия институти директори Лайло Юнус ҳамон тутқунликда қолмоқда.

Айни пайтда¸ озарбайжонлик таниқли журналист¸ президент оиласидаги коррупция кўламини тафтиш қилган Хадича Исмоилова ҳам¸ халқаро эътирозларга қарамай¸ қамоқда қолмоқда.

ФИФА президентлиги учун беш номзод рўйхатга олинди

ФИФА президентлиги учун махсус тестдан ўтган расмий номзодлар.

Коррупция жанжали гирдобида қолаëтган Халқаро футбол уюшмалари федерацияси бугун ташкилот президентлиги учун беллашадиган беш расмий номзод номларини эълон қилди.

26 февралга белгиланган сайловда иорданиялик шаҳзода Али Ал Ҳусайн¸ байрайнлик Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа¸ франциялик Жером Шампайн¸ швейцариялик Жианни Инфантино ва жанубий африкалик Токио Сексвайллар президентлик учун курашади.

Европа футбол уюшмалари раҳбари Мишель Платини ва либериялик Муса Ҳасан Билиту номзодлари махсус кенгаш тасдиғидан ўтмади.

Сепп Блаттер ўрнини эгаллаши тахмин этилган Мишель Платини номзодини рўйхатга олиш-олмаслик масаласи¸ унга берилган 90 кунлик ўз вазифасидан четлатилиш муддати тугаганидан сўнг қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Коррупция жанжали муносабати билан президентликдан четлаштирилган Сепп Блаттер¸ 6 ноябрдан бери Цюрих касалхонасида қолмоқда.

Швейцария прокуратураси сентябрь ойида Платинига 2¸1 миллион доллар пора берганлик айби билан Блаттерга қарши жиноий иш очган.

АҚШ хориж давлатларига ўтган йили қарийб 6 миллиард долларлик ҳарбий ëрдам берган

АҚШ Хорижий ëрдам дастурига оид янги ҳисоботга кўра¸ 2014 йили Вашингтон хориж ҳукуматларига 5¸9 миллиард долларлик ҳарбий ëрдам берган ва бу ëрдамнинг 75 фоизини икки давлат – Исроил ва Миср олган.

Ҳисоботга кўра¸ 2014 йилда Исроил АҚШдан 3¸9 миллиард¸ Миср эса¸ 1¸3 миллиард долларлик ҳарбий ëрдам олган.

АҚШ 2014 йилда постсовет давлатларидан энг кўп Грузияга 12 миллион долларлик ҳарбий ëрдам ажратган. Айни пайтда Украинага берилган ҳарбий ëрдам 4¸2 миллион долларни ташкил этган.

Ўтган йили АҚШ ҳукумати томонидан Ўзбекистон¸ Қозоғистон ва Тожикистонга 1¸5 миллион¸ Қирғизистонга 1¸1 миллион¸ Туркманистонга эса¸ 0¸7 миллион доллар миқдорида ҳарбий ëрдам берилган.

Давлат Думаси муқаддас китобларга оид қонун лойиҳасини қабул қилди

Россия Давлат думаси мажлисларидан бири.

Россия Давлат думаси мусулмонларнинг Қуръони Карим, насронийларнинг Инжил, яҳудийларнинг Танах ва буддавийларнинг Ганжур китоблари матнларини экстремистик материал ўлароқ тан олишни тақиқлашга оид қонун лойиҳасини қабул қилди.

Қонун лойиҳаси Дума депутатлари томонидан бир овоздан қабул қилинди. Эндиликда қонун лойиҳасини Федерация кенгаши маъқуллаши керак.

Қонун лойиҳаси Давлат думасига Россия президенти Владимир Путин томонидан киритилган. Лойиҳага тиркалган изоҳда мазкур ҳужжат дунёдаги анъанавий динларга тенг эҳтиромни таъминлаши айтилган.

Қонун лойиҳасининг киритилишига Сахалин судининг Қуръони карим оятларини экстремистик деб топиш ҳақидаги баҳсли қарори ва бунинг ортидан юзага келган жанжал сабаб бўлганди.

Мазкур қарорни Чеченистон президенти Рамзан Қодиров танқид қилиб чиққанидан кейин у бекор қилинганди.

Порошенко Донбассда вазият ёмонлашаётганидан баҳс этди

Украина президенти Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко сўнгги пайтларда мамлакат шарқидаги вазият ёмонлашгани, Украина хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлиги хатар остида қолаётганини баён қилди.

11 ноябрь куни Киевда Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашида чиқиш қилган Порошенко Донецк ва Луганск вилоятларида россияпараст айирмачиларнинг ҳаракатлари Минск келишувини барбод қилишга қаратилганини билдирди.

Сўнгги икки ҳафта мобайнида Донбассда россияпараст айирмачилар Киев кучларига қарши ҳужумларни кучайтиргани кузатилмоқда.

Сешанба куни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Александр Турчинов “россияпараст истилочи кучлар тинчлик жараёнига путур етказиш учун қўлларидан келган барча ишни амалга оширмоқдалар”, дея баёнот берди.

БМТ Эронни журналистларга нисбатан таъқибни тўхтатишга чақирди

БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича экспертлари Эронни кейинги йил бошида ўтадиган парламент сайловлари арафасида журналистлар ва блогерларни ҳибсга олиш ва таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди.

БМТнинг Эрон бўйича махсус ҳисоботчиси Аҳмад Шаҳид оммавий ахборот воситалари ходимларини қўрқитиш амалиёти “уларнинг мамлакатда эркин ишлашига имкон бермаётгани”ни билдирди. Аҳмад Шаҳидга кўра, Эронда сўз эркинлигини бостириш бўйича янги тўлқин кузатилмоқда, хусусан, сўнгги пайтларда махсус хизматлар томонидан бир неча журналист ҳибсга олинган.

БМТ ҳисоботчиси яқинда Исломий инқилоб посбонлари вакиллари томонидан беш мухбир қўлга олингани юзасидан ташвиш изҳор қилди. Маҳаллий нашрлар хабарларига кўра, бу журналистлар ғарб ҳукуматлари манфаатларига мос равишда жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш ҳамда Исломий республикага путур етказишга уринганликда айбланган.

Эрон қамалган журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари сони бўйича жаҳонда пешқадам давлат бўлиб ҳисобланади.

Тожик қизнинг Россия ҳарбий базасидан топилган жасади яқинларига топширилди

Тожикистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари 11 ноябрь куни эрталаб Россиянинг Душанбедаги 201- ҳарбий базаси ҳудудида ўлдирилган 22 ёшли Шоира Жобированинг жасадини қариндошларига топширди.

Шоира Жобирова Россиянинг Тожикистондаги 201-ҳарбий базасида хизмат ўтаётган зобит Иван Шербаков томонидан ўлдирилгани айтилмоқда.

Шоира шу йилнинг 5 ноябрида уйидан чиқиб кетганича, бедарак кетган. Кейинроқ унинг жасади 201-рус ҳарбий базаси яқинидаги чиқинди контейнеридан топилган эди. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг билдиришича, 22 ёшли қизнинг ўлдирилишида гумонланиб, рус ҳарбий базасининг катта лейтенанти Иван Шербаков қамоққа олинган.

10 ноябрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига Россиянинг Душанбедаги элчиси Игорь Лякин-Фролов чақиртирилган. Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов Россия элчисига Шоира Жобированинг рус ҳарбийси томонидан ўлдирилганига норозилик билдириб, нота топширган.

Reuters: Путиннинг миллиардер қизига оид хабаримиз ишончли

Катерина Тихонова ва Кирилл Шамалов

Reuters ахборот агентлиги ўзининг Путиннинг қизига доир информацияси ишончли эканлигини қатъий таъкидлади.

Reutersнинг РБК агентлигига айтишича, Катерина Тихонова Россия президентининг кичик қизи эканлиги тўғрисидаги маълумотни Reutersга "Газпромбанк" бошқаруви раиси Андрей Акимов тасдиқлаган ва у билан ўтказилган суҳбат аудиоёзуви мавжуд.

Сешанба куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ва "Газпромбанк" бошқаруви раиси Андрей Акимовлар Reutersнинг Катерина Тихонова ва унинг эри Кирилл Шамаловларнинг қиймати тақрибан икки миллиард долларли активлари борлиги тўғрисидаги маълумотини инкор қилган эди. Песковга кўра, у ҳатто Путиннинг қизларини танимайди ҳам.

Сербия бош вазири Сребреницада қатлиом қурбонлари мемориалига гул қўйди

Сербия бош вазири Александр Вучич 11 ноябрь куни Сребреницага бориб, 1995 йилги қатлиом қурбонлари бўлган мусулмонлар хотирасига ўрнатилган ёдгорликка оқ атиргуллар қўйди.

Бундан 4 ой муқаддам, қатлиомнинг 20 йиллигига бағишланган маросимда Вучични Сребреницадан тошбўрон қилиб ҳайдаб чиқаргандилар.

Собиқ ашаддий миллатчи Александр Вучичга ёдгорликка гул қўйиш маросимида Босния мусулмонлари лидери, шаҳар ҳокими Бакир Изетбекович ҳамроҳлик қилди.

1995 йилнинг июлида Босния серблари Сребреница шаҳрида 8000 нафар атрофидаги мусулмон эркаклар ва ўғил болаларни қатл қилган эди. 1992-1995 йилларда бўлиб ўтган урушнинг сўнгги кунларида амалга оширилган бу қатлиом Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Европа ҳудудида содир этилган энг йирик жиноятдир.

Сербия бош вазири Александр Вучич Сребреницага бу ерда ўтаётган иқтисодий анжуманда қатнашиш учун келди.

ИШИД ўзи тузмоқчи Хуросон амирлигига Ўзбекистонни ҳам қўшмоқчи

“Ислом давлати” гуруҳи ўзининг Афғонистондаги позицияларини кучайтирмоқда, ташкилот раҳбарлари 2015 йилнинг январида бу мамлакатда Хуросон амирлигини тузмоқчи эканлиги тўғрисида эълон қилган эди, деб хабар қилди Россиянинг Новости ахборот агентлиги Федерал хавфсизлик хизмати директори ўринбосари Евгений Сисоевнинг сешанба куни айтганларига таяниб.

“Режага биноан, Афғонистон исломий квазидавлатнинг бу мамлакатдан ташқари Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Хитойнинг шимоли-ғарбий ҳудудларини ўз ичига олувчи янги вилоятини тузиш учун ҳаракат бошлаш ҳудуди бўлиши лозим”, деган Евгений Сисоев Халваро прокурорлар ассоциациясининг Марказий ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё давлатлари учун Сочида бўлиб ўтган 7- минтақавий конференциясида.

А-321 учоғи ҳалокатини ўрганишга америкалик мутахасислар ҳам жалб этилди

А-321 учоғининг парчаси.

Миср ҳукумати америкалик мутахасисларнинг Синай ярим оролида Россиянинг А-321 аэробуси ҳалокати сабабларини ўрганувчи гуруҳга қўшилиш таклифини қабул қилди.

Бу ҳақда CNN телеканалига 11 ноябрь куни Миср ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукурий маълум қилди. Унга кўра, мутахасислар АҚШнинг А-321 самолётларининг двигателларини ишлаб чиқарувчи Pratt&Whitney ширкатига алоқадор шахслардир.

Шукурий келажакда самолёт ҳалокатини ўрганувчи гуруҳ таркибига АҚШ Федерал тергов бюроси мутахасислари ҳам киритилиши мумкинлигини айтди.

Россиянинг А-321 аэробуси 31 октябрда Мисрнинг Шарм ал Шайх шаҳридан Петербургга учиб кетаётган пайтда ҳалокатга учраган ва самолёт бортидаги 224 одам ҳалок бўлган эди.

Ҳалокатни ўрганаётган гуруҳ самолёт бомба портлатилгани оқибатида қулагани ҳақидаги таҳминларни олға сурмоқда. Аввалроқ “Исломий давлат”нинг Синайдаги бўлинмаси рус самолёти ҳалокати учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Россия NATOнинг ракетадан мудофаа тизимига қарши чоралар кўради

Россия президенти Владимир Путин.

Президент Владимир Путин Россия NATOнинг ракетадан мудофаа тизимига қарши чоралар кўришини маълум қилди.

10 ноябрь куни мудофаа тизими раҳбарлари билан учрашуви чоғида Владимир Путин Қўшма Штатлар Россияга нисбатан “ўта катта ҳарбий устунлик”ка эришмоқчи эканини, аммо бу ҳаракат жавобсиз қолмаслигини айтди. Путинга кўра, Москва Вашингтонга жавобан “ҳар қандай ракетадан мудофаа тизимига қарши тура оладиган ўз тизимини” ривожлантирмоқда.

Путин сўнгги уч йил мобайнида ҳарбий саноат комплекси “ракетадан мудофаа кўп тармоқли тизимига қарши жанговар вазифаларни бажара оладиган бир қатор янги қуролларни ишлаб чиқаргани ва муваффақиятли равишда тажрибадан ўтказгани”ни таъкидлади.

Москва ва Вашингтон ўртасидаги қарама қаршилик Россиянинг Украинага нисбатан сиёсати ва россияпараст исёнчиларни қўллаб-қувватлаши ортидан пайдо бўлган.

Вашингтон NATOга аъзо давлатларда ракетадан мудофаа тизимининг ривожлантирилаётганини Эрон ва Шимолий Корея каби давлатлардан ҳимоя ўлароқ баҳоламоқда, бироқ Кремль мазкур тизим биринчи навбатда Россияга қарши қаратилган, деб ҳисоблайди.

ГФРнинг собиқ канцлери Гелмут Шмидт вафот этди

Гелмут Шмидт черковда ибодат қилмоқда.

Германия Федератив Республикаси (ГФР)нинг собиқ канцлерни Гелмут Шмидт 10 ноябрь куни 96 ёшида вафот этди.

Гелмут Шмидт 1974-1982 йилларда Германия канцлери лавозимида ишлаган. У 1918 йилда Гамбургда туғилган. 18 ёшида Гитлер томонидан уюштирилган Гамбургдан Нюрнбергга юришда ва кейинроқ Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган.

Гелмут Шмидт 1945 йилда Германия мағлуб этилганидан сўнг Гитлерга қарши урушган иттифоқчи кучлар томонидан қамоққа олинган, лекин орадан кўп ўтмай озод этилган.

Урушдан сўнг бўлажак канцлер Гамбург университетида ҳуқуқ ва сиёсатшунослик факультетини битирган.

Гелмут Шмидт ва Франциянинг собиқ президенти Валери Жискар д Эстен 1970 йилларда Европа ягона валюта тизимининг пойдеворига асос солган эди.

Туркманистон ва Афғонистон президентлари Ашхободда учрашди

Afghanistan -- Afghan President Ashraf Ghani (R) exchanges documents with Turkmen President Gurbanguly Berdymukhammedov at the Presidential Palace in Kabul, August 27, 2015

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳамедов ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани бугун Ашхободда учрашиб, туркман газини Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистонга етказувчи қувур қурилишини бошлаб берди.

1 минг 735 километр узунликда ётқизиладиган қувурдан йилига 33 миллиард табиий газ узатиш режаланмоқда. Қувур Афғонистоннинг Ҳирот-Қандаҳор магистрал йўли орқали Покистоннинг Кветта ва Мўлтон шаҳарларига туташади. Сўнгра Ҳиндистон ва Покистон чегарасидаги Фазилка шаҳрига бориб тўхтайди.

Ашраф Ғани бу лойиҳани минтақа учун ўта муҳим, деб баҳолади.

Икки давлат раҳбарлари умумий қиймати 7 миллиард 600 миллион долларга тушиши кўзда тутилган қувур қурилишини 13 ноябрь куни бошлашга келишди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний шу ҳафтада Европага сафар қилади

Ҳукуматга тегишли IRNA агентлигининг хабар қилишича, Руҳоний шу ҳафта охирида Европага сафарини бошлайди. У 14 ноябрь куни биринчи бўлиб Италияга боради. 16 - 17 ноябрь кунлари эса Францияга боради.

Италияда Руҳонийнинг Рим папаси Франсис билан учрашиши кутилмоқда. Президентга сафари давомида бир неча вазир ҳамрохлик қилади.

Руҳоний сўнгги 10 йил ичида Европага сафар қилган илк Эрон президенти бўлади. Унинг Ғарб мамлакатлари билан яқинлашувга оид сиёсати мамлакатдаги диний раҳбарият томонидан танқид қилинмоқда.

Жумладан, Эрон Адлия вазири оятулло Садеҳ Ларижоний президентнинг адлия тизими ҳақида қилган чиқишини "ҳақоратомуз" деб қоралади. Руҳоний ўз чиқишида мамлакат аҳлини ҳеч чекинмай ҳукумат, адлия тизими ва парламентни танқид қилиш, аммо ҳақорат ва туҳматдан тийилишга чақирган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG