Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 12:56

Халқаро янгиликлар

Россия Мисрда ҳалокатга учраганлар шахсини аниқламоқда

Петербургда Россия тарихидаги энг йирик авиаҳалокат қурбонларини аниқлаш ишлари бошланди. Бу ҳақда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Шанба куни Мисрнинг Синай ярим оролидан Петербургга парвоз қилган йўловчи учоғи 23 минут ўтиб ерга қулаган ва ҳаво кемасида бўлган 244 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлганди.

Қурбонлар орасида 219 нафар Россия, тўрт нафар Украина ва бир нафар Белорус фуқароси бор.

Душанба куни Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли илк учоқ Қоҳирадан Петербургга қурбонлар жасадларини келтирди.

Тиббий экспертиза ўтказиш мақсадида қурбонлар моргга юборилди.

Петербург губернатори Георгий Полтавченко шаҳарда ўлганлар хотирасига умумий ёдгорлик ўрнатилиши мумкинлигини айтди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, А321 авиалайнери ҳалокатга учраган Синай ярим оролида қидиш ишлари ҳамон давом этмоқда.

Ҳозиргача учоқнинг 12 та парчаси топилган.

Россия мулозимларига кўра, аэробус қолдиқларининг кенг ҳудудда топилгани унинг ҳавода ишдан чиққанига ишора қилади.

Бироқ, ҳозирга қадар ҳалокат борасида расмий хулоса билдирилгани йўқ.

АҚШ давлат котиби Қозоғистон президенти билан учрашди

Жон Керри Остонада Нурсултон Назарбоев билан учрашди

Марказий Осиё мамлакатларига сафарини давом эттираётган АҚШ Давлат котиби Жон Керри 2 ноябрда Остонада Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан мулоқот ўтказди.

Қозоғистон президенти девонига кўра, ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган мулоқотда турли масалалар қатори икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳам муҳокама қилинган.

Жон Керри Давлат котиби мақомида Марказий Осиё давлатларига илк бор ташриф буюрмоқда.

Ўз сафарини 31 октябрда бошлаган Керри ҳозирга қадар Қирғизистон ва Ўзбекистонда бўлди.

1 ноябрда Самарқандда АҚШ Давлат котиби Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашди.

Ташқи ишлар вазирлари чиқарган қўшма баёнотда олти мамлакат терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш ниятини изҳор этдилар.

Керри Қозоғистон ортидан Туркманистон ва Тожикистонга сафар қилиши кутилмоқда.

Эрдўғон халқаро ҳамжамиятни сайлов натижаларини ҳурмат қилишга чақирди

Туркияда 1 ноябрда бўлиб ўтган сайловларда АК партия ғалаба қилиши ортидан мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған “бутун дунё”ни Туркия халқи хоҳиш-иродасини ҳурмат қилишга чақирди.

Эрдўған асос солган АК партия июнь ойида ўтказилган парламент сайловларида мутлақ ғалабага эриша олмаганди.

"Халқ барқарорликни танлади, - деди Эрдўған 2-ноябрда. – Келинг якдил бўлайлик, барчамиз Туркия бўлайлик."

Исломга асосланган АК партияси 1 ноябрда бўлиб ўтган сайловларда 50 фоизга яқин овоз тўплаб, якка ўзи ҳукумат қуриш ҳуқуқини қўлга киритди.

АҚШ ва Жанубий Корея мудофаа соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишди

АҚШ ва Жанубий Корея мудофаа вазирлари

Қўшма Штатлар ва Жанубий Корея, ўз таъбирларида, Шимолий Корея “таҳдиди”га қарши мудофаа соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга қарор қилдилар.

АҚШ Мудофаа вазири Аш Картер 2 ноябрда Жанубий Корея Мудофаа вазири Ҳан Мин Ку билан Сеулда учрашди.

Икки мудофаа вазири чиқарган баёнотда Шимолий Кореянинг узоқ масофага учувчи ракета ёки ядровий қуроллар синовини ўтказиш режасини қоралади.

Картер Шимолий Кореяни "хавфли ва мунтазам таҳдид солувчи” мамлакат, дея атади.

Ҳан эса икки мамлакат "бундай таҳдидларга қарши туриш учун турли соҳаларда ҳамкорликни давом эттиради,” деб айтди.

Қўшма Штатлар Жанубий Кореяда 28,500га яқин қўшинга эга.

“Исломий Давлат” Туркияда суриялик фаолни ўлдирганини айтади

"Исломий Давлат" жангарилари ва асир

“Исломий Давлат” (ИД) экстремист гуруҳи ИДга қарши бўлган суриялик таниқли фаол ва унинг дўстини Туркияда ҳалок этганини маълум қилди.

ИД баёнот 2 ноябрда чиқариб, Иброҳим Абдул Қодир ва унинг сафдоши Фарис Ҳамадини Туркиянинг Шонли Урфа шаҳрида 30 октябрда “сўйиб” ташланганини эълон қилди.

Қодир ИД гуруҳи жангарилари Суриянинг улар идора этаётган ҳудудларида содир этаётган шафқатсизликларни ҳужжатлаштириб келаётганди.

ИД чиқарган видео баёнотда жумладан шундай дейилади: "Барча муртадлар билиб қўйсин, улар ҳам сўйилади".

Қодир ва Ҳамадининг жасадлари Ҳамадининг уйидан 30 октябрь тонгда топилганди.

АҚШ Марказий Осиёга янги кўмак дастурини эълон қилди

Самарқанд, Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан учрашди. 1 ноябрь, 2015 йил.

АҚШ Давлат департаменти 1 ноябрь куни Марказий Осиёга кўмак янги дастурини эълон қилди. Мазкур дастур давлат котиби Жон Керри Самарқандда Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан “С5+1” форматида учрашув ўтказаётган пайтда ёйинланди.

Давлат департаменти баёнотида айтилишича, АҚШ Марказий Осиё давлатлари суверенитети, фаровонлиги, барқарорлиги ва хавфсизлиги мустаҳкамланишининг ҳамда Янги Ипак йўли ташаббуси доирасида минтақавий иқтисодий алоқлара ривиожланишининг қатъий тарафдоридир

Давлат департаменти баёнотида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон мустақилликка эришган 1991 йилдан бери Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларига 8 миллиард 800 миллион доллар миқдорида кўмак кўрсатгани таъкидланган.

АҚШнинг Марказий Осиёга кўмак янги дастури минтақа иқтисодиёти рақобатбардошлилигини кучайтиришга, Марказий Осиё савдо форумини ташкил этишга, Оролбўйидаги экологик вазиятни юмшатишга, сув, маориф ва маданият соҳаларига оид лойиҳаларни ўз ичига олган.

Озарбайжонда парламент сайловлари бўлиб ўтди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев овоз бериш пайтида.

Президент Илҳом Алиев мансуб бўлган “Янги Озарбайжон” партияси Озарбайжонда 1 ноябрь куни ўтказилган парламент сайловларида ғалабага эришгани эълон қилинди. Озарбайжон парламентидаги 125 ўрин учун 767 номзод кураш олиб борди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик тузилмалар ҳамда инсон ҳуқуқлари бюроси Озарбайжонда ўтган сайловни кузатишдан бош тортган. Озарбайжон Марказий сайлов комиссияси эса сайловларни 66 минг кузатувчи кузатаётганини билдирган.

Озарбайжон мухолифатидаги Демократик кучлар миллий кенгаши, Демократик партия ва бошқа бир қатор сиёсий партиялар мамлакатда адолатли ва демкоратик сайловлар ўтказилишига ишончсизлик билдириб, парламент сайловида иштирок этишдан бош тортган.

Озарбайжонда 5 миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга.

ИД Суриядаги Маҳин шаҳрини эгаллади

Суриядаги отишмалар пайтида яраланган бола.

“Исломий давлат” гуруҳи жангарилари 1 ноябрь куни Суриянинг Хомс вилоятидаги Маҳин шаҳрини эгаллади.

Британиядаги Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг билдиришича, Маҳин шаҳри учун ҳукумат кучлари ва жанггарилар ўртасида қақшатқич жанглар борган. Отишмаларда камида 50 аскар ўлгани айтилди. 1 ноябрь куни асосан насронийлар яшайдиган Садад шаҳрида ҳам “Исломий давлат”га қарши жанглар борган.

Жанггариларнинг “Ал Баён” радиоси тарқатган хабарда айтилишича, Исломий давлат Маҳинда катта миқдордаги қуролларни қўлга киритган.

Туркияда президент Эрдўғон партияси сайловда ғолиб бўлди

Анқарада АК партия тарафдорлари ғалабани нишонламоқда.

Туркияда якшанба куни ўтган парламент сайловида президент Эрдўғоннинг Адолат ва тараққиёт партияси (АК партияси), дастлабки натижаларга кўра, сайловчиларнинг 50 фоиз овозини олган.

Мазкур хабар, сайловда Эрдўғон партияси ғолиб бўлгани ва АК партия мустақил равишда ҳукуматни шакллантира олишини англатади.

Сайловнинг дастлабки натижаларига қараганда, курдпараст Халқлар демократияси партияси 10 фоиздан кўпроқ, миллий ҳаракат партияси деярли 12 фоиз, Халқ-республика партияси 25 фоиз овоз олди. Овоз беришда сайловчиларнинг 87 фоизи қатнашган.

DPA агентлигининг билдиришича, якшанба куни асосан курдлар истиқомат қиладиган Диёрбақир шаҳрида Халқлар демократияси партияси тарафдорлари сайловда Адолат ва тараққиёт партияси кўп овоз олганига норозилик тариқасида тартибсизлик уюштириб, полиция билан тўқнашди. Полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.

Туркияда сўнгги беш ой ичида иккинчи бор парламент сайловлари бўлиб ўтди. Бунга 7 июнда парламентда ўрин олган партиялар коалицион ҳукумат қура олмагани сабаб бўлди.

Сайловларда 56 миллиондан кўпроқ Туркия фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга. Бу галги сайловлар хавфсизлигини 358 минг хавфсизлик ходими таъминлади.

Россиянинг А-321 Аэробуси парвоз пайтида вайрон бўлган

А-321 аэробуси қолдиқлари.

Мисрда ҳалокатга учраган Россиянинг А-321 аэробуси парвоз пайтида вайрон бўлган. Бу ҳақда якшанба куни Давлатларараро авиация комиссияси ижрочи директори Виктор Сороченко воқеа жойини бориб кўрганидан сўнг баёнот берди.

Унга кўра, ҳозирча ҳалокат сабаблари ҳақида аниқ бир гап айтишга эрта, бироқ самолёт қолдиқлари 20 квадрат километрли ҳудудга сочилиб кетгани Аэробус ер билан тўқнашмай, ҳавода вайрон бўлганини англатади.

Мисрнинг Шарм-эш-Шейх шаҳридан Петербургга учаётган самолёт шанба куни ҳалокатга учраши оқибатида 224 одам, жумладан, 25 бола ҳалок бўлган эди. Миср самолёт ҳалокатига техник носозлик сабаб бўлган, деган таҳминни билдирмоқда.

Якшанаба куни Россияда мотам куни эълон қилинди. Петербургда мотам 3 ноябргача давом этади.

Украинада Киев мэрлигига собиқ номзод ҳибсга олинди

Геннадий Корбан

Украина хавфсизлик кучлари ўтган ой Киев мэри бўлишга уриниб кўрган Геннадий Корбанни ҳибсга олди.

Расмийларга кўра, УКРОП партиясининг бошлиғи ва Днепрепетровск собиқ ҳокими Игорь Коломойскийнинг яқини бўлган Геннадий Корбан уюшган жиноий гуруҳ тузишда гумонланиб, Днепрепетровскда 31 октябрда ҳибсга олинган.

УКРОП партияси баёнот чиқариб, лидерларининг ҳибсга олиниши ва партия идорасининг тинтув қилинишини “сиёсий репрессия,” дея баҳолади.

Корбан Днепрепетровск вилояти ҳокимининг муовини бўлган 2014-2015 йилларда бир неча инсонни ўғирлаб кетишга алоқадорликда айбланмоқда.

У шунингдек Украина аскарларига тегишли жамғармадан 1,7 миллион доллар ўмаришда айбланмоқда.

Корбан ва унинг шерикларини тутиш амалиётида 500га яқин хавфсизлик зобитлари иштирок этгани хабар қилинади.

Аввалроқ унинг шериги Игорь Коломойскийни Президент Петро Порошенко хусусий қуролли гуруҳ тузишда айблаган эди.

Европага ўтмоқчи бўлган 11 нафар муҳожир Эгей денгизига ғарқ бўлди

Эгей денгизининг Грецияга қарашли Самос ороли соҳиллари яқинида муҳожирлар кемаси чўкиб кетди.

Франс Пресс ахборот агентлигининг Греция соҳил бўйи хавфсизлиги хизматчиларига иқтибосан хабар қилишича, 11 нафар одам, жумладан олти бола, ҳалок бўлган.

Ўлганлардан ўн нафари кема кабинасида, яна бир қурбоннинг жасади қирғоқда топилган.

Жума куни Эгей денгизида 22 нафар муҳожир чўкиб кетганди.

Шу йилнинг ўзида Яқин Шарқдан Европага ўтмоқчи бўлган 570 минг қочқин ва муҳожирлар Грецияга келган.

Туркияда беш ойда ичида иккинчи марта парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Туркияда сўнгги беш ой ичида иккинчи бор парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда.

Бу галги сайловларни ўтказиш қарорига 7 июнда парламентда ўрин олган партиялар коалицион ҳукумат қура олмагани сабаб бўлди.

Дастлабки сайловларда иқтидордаги АК партия энг кўп овоз тўплаган эса-да, парламентдаги 550 ўриндан 276 ўринни эгаллай олмаган ва якка ўзи ҳукумат тузиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганди.

АК партиясига 2001 йилда жорий президент Ражаб Тойиб Эрдўған асос солган.

Сайловларда 56 миллиондан кўпроқ Туркия фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга.

Бу галги сайловлар хавфсизлигини 358 минг хавфсизлик ходими таъминламоқда.

Озарбайжонда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Президент Илҳом Алиев овоз бермоқда

Озарбайжонда мамлакат парламенти – "Миллий Мажлис"га сайловлар бўлиб ўтмоқда.

Мухолифатдаги етакчи партиялар сайловларни бойкот қилган.

Уларнинг ишонишича, Озарбайжонда эркин ва адолатли сайловлар учун шароит яратилмаган.

Аммо бир неча мухолифат фаоли "Миллий Мажлис"га ўз номзодини қўйган.

Озарбайжон ҳукумати кузатувчилар сонини озайтиришни талаб қилгани сабаб Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ўз нозирларини юборишдан бош тортган.

Сайловларни МДҲ ва Европа Кенгашининг Парламент Ассамблеяси нозирлари кузатмоқда.

Бир палатали Озарбайжон парламентидаги 125 ўринга 767 номзод даъвогарлик қилмоқда.

Мамлакатнинг 5 миллиондан ортиқ фуқароси овоз бериш ҳуқуқига эга.

Шу йил июнида Озарбайжон ҳукумати Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Бокудаги идорасини беркитишга қарор қилганди.

Россия Мисрдаги учоқ ҳалокати қурбонларига аза тутмоқда

Россия Синай ярим оролидаги соҳилга қулаган учоқ ичидаги фуқароларига аза тутмоқда.

31 октябрь куни Синайдан Петербургга парвоз қилган Airbus А-321 йўловчи учоғининг ҳалокатга учраши оқибатида 224 нафар одам, жумладан 25 нафар бола ҳалок бўлган.

Қурбонларнинг аксари Петербург яшовчилари экани хабар қилинади.

Ҳалокат муносабати билан Петербург губернатори Георгий Полтавченко яна қўшимча 3 кун мотам эълон қилиниши мумкинлигини эълон қилган.

Россия ахборот агентликларининг ёзишича, мазкур ҳалокат Россия авиацияси тарихидаги энг йирик ҳалокат ҳисобланади.

Учоқ ҳалокати сабабларини ўрганиш ва қидирув ишларига Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Росавиация мутахассислари жалб қилинган.

Айни амалиётда Airbus ширкати вакиллари, Миср ва Франция экспертлари ҳам иштирок этмоқда.

Россия ҳукумати ҳалокат сабаблари борасида ўз хулосасини эълон қилгани йўқ, аммо Кремль учоқ Исломий экстремистлар томонидан уриб туширилгани борасидаги хабарларни рад этди.

Россия ҳукумати вакилларига кўра, Синайда фаол бўлган жангариларда ўта баланд учувчи учоқларни уришга қодир бўлган қуроллар йўқ.

Шанба куни учоқ “Исломий Давлат” экстремист гуруҳи томонидан уриб туширилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

ИД Россия учоғи қулашига масъул эканини иддао қилмоқда

Мисрдаги “Исломий давлат”га алоқадор жанггари гуруҳ Синай ярим оролида Россия йўловчи учоғининг қулашига жавобгарликни зиммасига олди.

Бу ҳақдаги маълумотни жанггари гуруҳ Telegram мессенжери орқали тарқатди.

Ассошиэйтед пресс агентлигининг Миср ҳукумати расмийларига таяниб хабар беришича, Россияга қарашли A321 учоғи Синай ярим оролида ҳалокатга учраши оқибатида учоқ бортида бўлган 224 одамнинг барчаси ҳалок бўлган.

Россияга тегишли учоқ жанггарилар фаол бўлган Синай ярим оролида ҳужумга учраган бўлиши мумкин, деган тахминлар айтилаётган эди.

Лекин, Миср расмийлари бу иддаолар асоссизлиги, дастлабки текширув натижалари ҳалокатга учоқдаги техник носозликлар сабаб бўлганини кўрсатаётганини айтишди.

Мисрда Россия учоғи ҳалокатга учради, тирик қолганлар йўқ

Ассошиэйтед пресс агентлигининг Миср ҳукумати расмийларига таяниб хабар беришича, Россияга қарашли A321 учоғи Синай ярим оролида ҳалокатга учраши оқибатида учоқ бортида бўлган 224 одамнинг барчаси ҳалок бўлган.

Йўловчиларнинг 214 нафари Россия, уч нафари Украина фуқаролари бўлишгани айтилмоқда.

Миср расмийларига кўра, “Когалимавиа” ширкатига тегишли Airbus A-321 учоғи Шарм ал-Шайх шаҳридан Санкт Петербург шаҳрига учаётганида радар экранларидан ғойиб бўлган. Учоқ ҳалокати сабаблари маълум эмас.

Учоқ ҳалокати сабаб 1 ноябрь Россияда мотам куни деб эълон қилинди. Россия президенти Владимир Путин бош вазир Дмитрий Медведевга Мисрдаги учоқ ҳалокати сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузишни тайинлади.

АҚШ Сурияга махсус кучларини юборади

Қўшма Штатлар элликка яқин махсус кучлари ҳарбий ҳизматчисини Сурияга жўнатишни режаламоқда.

Улар Суриянинг курдлар назоратидаги шимолий ҳудудларига ташланади.

Пентагон расмийларига кўра, Сурияга юбориладиган америкалик ҳарбийлар “Исломий давлат” эксремист гуруҳига қарши курашаётган курд отрядларига маслаҳатлар бериш билан шуғулланади.

Лозим бўлса улар Сурия ҳудудидаги “Исломий давлат”га қарши амалиётларга ҳам жалб этилишлари мумкин.

АҚШ президенти Барак Обама шу пайтгача Сурияга ҳарбий қўшин жўнатилмаслигини айтиб келган.

Қўшма Штатлар Суриядаги “Исломий давлат”га қарши амалиётларда ҳаво ҳужумлари билан кифояланаётган эди.

Жон Керридан Марказий Осиёдаги сиёсий маҳбуслар масаласини кўтариш сўралди

Америкалик сенатор Бен Кардин АҚШ Давлат котиби Жон Керрига хат йўллаб, Марказий Осиё давлатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонга сафари давомида шу давлатлардаги абгорлашиб бораётган инсон ҳуқуқлари вазияти ҳамда сиёсий махбуслар масаласига эътибор қаратишга чақирди.

АҚШ Сенатининг Ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси бўлган жаноб Кардин ўз мактубида Керридан Марказий Осиё лидерлари билан мулоқотда Қўшма Штатлар умумэътироф этилган демократик тамоиллар ва инсон ҳуқуқлари масаласида қатъий эканини намойиш этишни сўраган.

Бундан аввал Нью Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Хьюман Райтс уотч ташкилотлари ҳам АҚШ Давлат котиби Жон Керрига очиқ хат йўллаб, қамалган журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари масаласига эътибор қаратиб, уларни қўйиб юборишга ундашни сўрашганди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри бугун Марказий Осиё бўйлаб сафарининг илк манзили ўлароқ Қирғизистон пойтахтига ташриф буюрди.

Жаноб Керри келаси тўрт кун ичида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга ҳам сафар қилади.

Бухарестда тунги клубдаги ёнғиндан 27 одам нобуд бўлди

Руминия пойтахти Бухарестдаги тунги клубда жума оқшомида рўй берган ёнғин оқибатида 27 одам ҳалок бўлди, 86 одам куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди.

Руминия ички ишлар вазири муовини Раэд Арафат ёнғиндан жабр кўрганлар сони бундан-да кўп бўлиши мумкинлигини айтди.

Ёнғин рўй берган тунги клубда рок-концерт уюштирилган ва шу концертга 400дан кўпроқ билет сотилган.

Венадаги музокараларда Сурияда ўтиш даври ҳукуматини тузишга келишилди

Венада Сурия инқирозидан чиқиш йўлларини мухокама қилган дунёнинг 19 мамлакати ташқи ишлар вазирлари Башар Асад ҳукумати ва мухолифати вакиллари иштирокида яна бир учрашув ўтказиш ва Сурияда сайловларгача мамлакатни бошқарадиган янги ўтиш даври ҳукумати тузилишига келишганлар.

Жума кунги музокараларда АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия, Яқин Шарқ ўлкалари дипломатлари қатори Эрон вакиллари ҳам илк бор иштирок этди.

Венадаги музокараларда қатнашган АҚШ Давлат котиби Жон Керри унинг натижаларидан қониқиш хосил қилганини айтди.

Жон Керри Қирғизистонга ташриф буюрди

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 31 октябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрига келди.

Жаноб Керри келаси тўрт кун ичида Марказий Осиёнинг яна тўрт мамлакати - Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистонга сафар қилади.

Жон Керри бугун Бишкекда Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаевлар билан учрашади.

АҚШ дипломатияси раҳбари, шунингдек Бишкекдаги янги АҚШ элчихонаси ҳамда Марказий Осиёдаги Америка университетининг очилишида қатнашади.

ЕИ Беларусга нисбатан санкцияларни 4 ойга тўхтатиб қўйди

Белорус Президенти Александр Лукашенка

Европа Иттифоқи Белорус Президенти Александр Лукашенка ва бир қатор белорус компанияларига нисбатан санкцияларни 4 ой муддатга тўхтатиб қўйди.

Расмий маълумотга кўра, Европа Иттифоқининг Белорусга нисбатан санкцияларни вақтинча тўхтатиш қарори жорий йил 29 октябрь куни кучга кирган ва 2016 йилнинг 29 февралига қадар давом этади.

ЕИ қарорига кўра, 170 нафар жисмоний ва 3 нафар юридик шахсга нисбатан қўлланилган Европа Иттифоқи ҳудудига кириш тақиқи олиб ташланган ва уларнинг Европа бакларидаги музлатилган ҳисоб рақамлари очилган. Ушбу рўйхатда президент Александр Лукашенка ҳам бор.

Беларус ҳукумати Ғарбнинг сиёсий маҳбусларни қамоқдан озод қилиш талабини бажаргани санкцияларнинг тўхтатилишига туртки бўлгани айтилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти эса Вашингтон беларуслик 9 шахсга нисбатан санкцияларни бекор қилишини эълон қилди.

Беларус президенти Александр Лукашенка Европанинг энг сўнгги диктатори, деб аталади. У 21 йилдан бери Беларусни бошқариб келмоқда.

Қирғизистонда қимиздан музқаймоқ ишлаб чиқарилмоқда

Қимиз ичимлиги Қирғизистонда кўп истеъмол қилинади

Қирғизистонда илк бор қимиздан тайёрланган музқаймоқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

КирТАГ маълумотига кўра, қимиздан қилинган музқаймоқнинг таъми бироз тахирроқ бўлиб, лекин дегустация пайти қирғизистонликларга янги музқаймоқ ёққани учун уни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Норин вилоятида ишлаб чиқарилаётган қимизли музқаймоқлар аллақачон Бишкек шаҳридаги савдо марказларида сотувга чиқарилган.

Қирғиз мутахасисларига кўра, ҳозирда қимиздан ҳолва билан печенье маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

МДҲ Бош вазирлари Душанбеда 40та келишувни имзолашди

Бугун Тожикистон пойтахти Душанбеда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар Бош вазирлари иштирокида ўтган саммитда қарийб қирқта ҳужжат имзоланди.

Ҳужжатлар орасида ҳаво мудофааси ҳимояси бўйича бирлашган тизимни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инсонпарварлик алоқалари, молиявий ва ижтимоий-иқтисодий тизимлар, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳамкорликдаги фаолиятига алоқадор келишувлар бор.

Душанбе йиғинида МДҲдаги иқтисодий муносабатлар ва хавфсизлик масалалаларига оид жами 30га яқин масала кўриб чиқилди.

МДҲ Бош вазирлар саммити ҳар йили бир марта ташкилотга аъзо давлатлардан бирида навбати билан ўтказилади.

Душанбе саммитида Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Адхам Икромов раҳбарлигидаги ўзбек делегацияси ҳам иштирок этди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG