Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 17:08

Халқаро янгиликлар

Шимолий Кавказда ИДга алоқадор 11 жангари ўлдирилди

Россия расмийларига кўра, Шимолий Кавказ минтақасида ўтказилган махсус амалиётда “Исломий Давлат” экстремист гуруҳига алоқадор 11 нафар жангари ўлдирилган.

"Дастлабки маълумотга кўра, 11та бандит ўлдирилди," дея таъкидланади Россия терроризмга қарши кураш қўмитаси томонидан 22 ноябрь куни чиқарилган баёнотда.

"Уларнинг ҳаммаси ИДга байъат қилган қуролли тўда аъзолари эди ," дея илова қилинади баёнотда.

Терроризмга қарши кураш қўмитасига кўра, Кабардин-Болқор минтақаси маркази Нальчик шаҳри ташқарисидаги ўрмонзорда муҳосирага олинган жангарилар куч тизимлари зобитларига қарата ўт очганлар ва граната улоқтирганлар.

Россия расмийларига кўра, минтақада махсус амалиёт давом этмоқда.

Улар аввалроқ Сурия ва Ироқда Исломий жангарилар сафида асосан Шимолий Кавказдан бўлган бир неча минг Россия фуқаролари жанг қилаётгани ҳақида хабар тарқатганди.

Обамага кўра, бомбалашлар "Исломий давлат"га қарши йўналтирилиши керак

АҚШ президенти Барак Обаманинг айтишича, Россия Сурия ҳукуматига қарши жанг қилаётган мўътадил мухолифат кучларга эмас, “Исломий давлат” жангари гуруҳига қарши стратегик қарор олиши керак.

22 ноябрда Малайзияда бўлиб ўтган матбуот йиғинида Обама Россия президенти Владимир Путинни АҚШ етакчилигидаги коалиция билан иттифоқчи бўлишга чақирди.

У Синай ярим оролида Россия йўловчи учоғининг бомбаланишига изоҳ бераркан¸ Путин “Россия фуқароларини ўлдирган одамлар пайидан бўлиши керак,” деб айтди.

Сурия президенти Башар Ассадни дастаклаган Россия 30 сентябрда Сурияни бомбалаш кампаниясини бошлади.

Россия электрсиз қолган Қрим ярим оролида фавқулодда вазият жорий қилди

Қрим электрсиз қолди

Россия расмийларига кўра, Қримнинг 2 миллионга яқин аҳолиси электрсиз қолиши натижасида 22 ноябрдан бошлаб ярим оролда фавқулодда вазият жорий қилинди.

Рус расмийлари сўзларига кўра, Қрим ярим оролининг электрсиз қилишига Украинанинг Херсон вилоятидан узатиладиган иккита электр темир-бетон устуннинг портлатиб юборилиши сабаб бўлган.

ТАСС ахборот агентлиги "Крымэнерго" директори Виктор Плакидага иқтибосан ярим орол "қоронғулик"ка чўмганини маълум қилди.

Қрим ярим оролига электр Украинанинг Херсон вилоятидаги тўртта электр линия орқали узатилади.

20 ноябрь куни Украина полицияси Херсон вилоятида иккита темир-бетон устун вайрон бўлганини билдирди.

2014 йил март ойида Россия Қримни ишғол этиши ортидан ғарб Россияга қарши жазо чораларини киритган эди.

Америкадан Туркияга парвоз қилаётган учоқ йўлда йўналишни ўзгартирди

Канада полицияси 22 ноябрь куни тарқатган хабарга кўра, Нью-Йоркдан Истанбулга парвоз қилаётган “Турк Ҳаво Йўллари” авиаширкатига қарашли учоқ бомба таҳдиди туфайли ўз йўналишини Канаданинг Халифакс шаҳрига ўзгартирган.

Халифакс Станфилд халқаро аэропорти Twitter орқали учоқнинг аэропортга қўнгани ва полиция исковчи итлар билан портловчи моддаларни излаётганини маълум қилди.

Аэропорт тарқатган хабарга кўра, учоқда 256 нафар йўловчи бўлган ва унга бомба ўрнатилгани ҳақида хабар олиниши ортидан зудлик билан ерга қўниш қарори олинган.

Полиция бомба таҳдиди тафсилотини ошкор этмаслигини билдирди.

Малидаги ҳужумда россияликлар ҳам ҳалок бўлган

Малидаги Radisson Blu меҳмонхонасига қилинган ҳужумда россияликлар ҳам ҳалок бўлган.

Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги шанба куни маълум қилди. Вазирликка кўра, Малидаги меҳмонхонага ҳужумдан Россиядаги "Волга Днепр" авиаширкатининг 6 нафар ходими ҳалок бўлган.

Жума куни Мали пойтахти Бамако марказидаги Radisson Blu меҳмонхонасига “Оллоҳу акбар!” дея бостириб кирган икки қуролли жангари 170 одамни гаровга олди.

Куннинг иккинчи ярмида махсус амалиëт натижасида гаровдагиларнинг ҳаммаси озод қилингани маълум бўлди.

Мали расмийлари меҳмонхонада 27 одамнинг ўлиги топилгани, одамларни гаровга олган икки қуролли ўлдирилганини билдирди.

Брюсселда хавфсизлик чоралари энг юқори даражада кучайтирилди

Белгия пойтахти Брюсселда шанба кунига ўтар кечаси террорчилик хавфи даражаси энг юқори - тўртинчи даражага кўтарилди.

Шаҳар аҳолиси кутилмаган ҳужумлар рўй бериши эхтимолидан огоҳлантирилди ва эҳтиёткор бўлиш, одамлар гавжум жойларга бормаслик тавсия этилди.

Пойтахт Брюсселда бугун эрталабдан метро ёпиб қўйилди ва кун давомида ишламаслиги айтилмоқда.

Шаҳар кўчаларини полиция патруллари қўриқламоқда.

Хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши Париждаги ҳужумларнинг асосий гумонланувчиси Салаҳ Абдусаломнинг қидирилаётгани билан боғлиқлиги тахмин қилинмоқда.

Ҳукумат эса террор хавфсининг юқори даражага кўтарилиши сабабларини очиқламаган.

Туркияда Париждаги ҳужумларга алоқадор уч шахс қўлга олинди

Туркия полицияси Париждаги ҳужумларга алоқадор, деб кўрилаётган уч одамни қўлга олди.

“Исломий давлат” экстремист гуруҳи аъзолари экани гумонланаётган шу уч одамнинг бири Белгия фуқароси Аҳмад Дахмонийдир.

Келиб чиқиши марокашлик Дахмоний 21 ноябрь куни Анталиядаги меҳмонхоналардан бирида қўлга олинди.

Қолган икки гумонланувчи сурияликлар экани айтилмоқда.

Ўтган жума куни Париждаги бар ва ресторанлар, Батаклан концерт зали ва Стад де Франс стадиони яқинидаги ҳужумларда 130дан зиёд одам ҳаётдан кўз юмди ва юзлаб одамлар тан жароҳати олган эди.

Кўмир конидаги ҳужумга алоқадор кўрилган 28 шинжонлик ўлдирилди

Уйғур етакчилари Пекинни уйғурлар ҳақларини камситаëтганликда айблайди.

Хитой давлат матбуотига кўра¸ 56 кун давом этган таъқиб натижасида 18 сентябрь куни Аксудаги кўмир конига ҳужум қилган 29 одамдан 28 таси йўқ қилинган¸ улардан биттаси ўз ихтиëри билан таслим бўлган.

Асосан уйғурлар яшовчи Шинжонг минтақасидаги кўмир конида содир бўлган қонли ҳужум оқибатида 11 фуқаро ва 5 полициячи ўлдирилган эди.

Хитой расмийлари¸ бу ҳужумни хориждан туриб бошқарилаëтган террорчилар тўдаси амалга оширганини иддао қилмоқда.

Маҳаллий матбуотда террорчи гуруҳ раҳбари сифатида тилга олинган икки шахснинг уйғурлар экани айтилмоқда.

Кейинги йилларда Шинжон минтақасида маҳаллий уйғурлар ва бу ерга оммавий тарзда кўчирилган хон хитойлар ўртасидаги кескинлик кучайиб¸ ўзаро қонли тўқнашувлар кўпайиб бормоқда.

Пекин бу кескинлик учун уйғур исломий жангариларини¸ сургундаги уйғур етакчилари эса¸ Хитойнинг уйғурларга нисбатан олиб бораëтган репрессив сиëсатини айблайди.

Сурия ва ироқлик қочқинларнинг АҚШга киришини тўхтатувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди

Ироқ ва суриялик қочқинларнинг АҚШ ҳудудига қадам қўйиши¸ янги қонун лойиҳасига кўра¸ деярли тақиқланади.

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси Сурия ва ироқлик қочқинларнинг Америка ҳудудига киришини ниҳоятда қийинлаштирувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Лойиҳага кўра¸ бу икки давлатнинг бошпана сўраëтган фуқаролари АҚШ миллий хавфсизлик агентликлари уларнинг Америка хавфсизлигига таҳдид эмаслигини ҳужжатлаштириб бермагунга қадар АҚШ ҳудудига киритилмайди.

Лойиҳани маъқуллаб республикачи намояндалардан 242 нафари¸ демократларнинг 47 нафари овоз берди.

Қонун лойиҳаси эндиликда Сенатда овозга қўйилади. Сенатдаги демократлар бу лойиҳани ўтказмасликни¸ президент Обама эса¸ унга вето қўйишини билдирмоқда

Қонун лойиҳасининг Намояндалар палатасида маъқулланганига муносабат билдиран президент Обама¸ республикачи мухолифларини Сурия ва Ироқдан жон сақлаш учун қочаëтган “бева ва етимлар”дан қўрқаëтганликда айблади.

АҚШ Федерал тергов бюроси директори Жеймс Коми мазкур қонун юзасидан жиддий ташвиш билдирди. Коми таъкидича¸ бу қонун қочқинларнинг АҚШга келишини мутлақ имконсиз ҳолга айлантириш баробарида¸ 30 дан ошиқ давлат фуқароларига АҚШга визасиз саëҳат қилиш имтиëзини берувчи дастурни ҳам йўққа чиқариши мумкин.

Айни пайтда¸ хавфсизликни кучайтиришга қаратилган янги чора-тадбирлар доирасида АҚШ Давлат департаменти кўп саëҳат қилувчи фуқаролар паспортига 24 саҳифалик илова киритишни 2016 йил 1 январидан тўхтатишини эълон қилди.

Бу қарор¸ айтилишича¸ АҚШ паспорти хавфсизлигини таъминлаш ва халқаро паспорт стандартларига мослашиш мақсадида қабул қилинган.

ЕИ Ички ишлар вазирлари Шенген ташқи чегараларини кучайтирмоқчи

Франция полициясининг 18 ноябрь кунги махсус операцияси натижасида террорчилар етакчиси ўлдирилди.

Бугун Брюсселда тўпланган Европа Иттифоқи Ички ишлар вазирлари Париждаги террор ҳужумларига жавоб тариқасида Шенген ҳудудига кириш чегараларида текширув-назоратни кучайтириш масаласини муҳокама қилмоқда.

Франция ҳукумати ЕИ фуқароларининг ҳам чегарада иттифоққа аъзо бўлмаган давлат фуқаролари каби қаттиқ паспорт текширувидан ўтказилиши ва ҳаво транспорти ширкатларининг йўловчиларга оид маълумотларни баҳам кўришни осонлаштиришини талаб қилмоқда.

Бундай талабга эса¸ Париждаги террор ҳужумларининг асосий ташкилотчиси деб кўрилаëтган Бельгия фуқароси Абдулҳамид Абаауднинг Суриядан Францияга Греция орқали осонлик билан саëҳат қилгани ва хавфсизлик кучларининг бу маълумотни кечикиб ўртоқлашгани сабаб бўлди.

Ўтган жума куни Париждаги бар¸ ресторан¸ концерт зали ва стадионга қарийб бир пайтнинг ўзида уюштирилган террор ҳужумлари оқибатида 129 одам нобуд бўлди. Ҳужумлар учун жавобгарликни Сурия ва Ироқнинг каттагина ҳудудларида халифалик ўрнатганини иддао қилаëтган “Исломий давлат” террор гуруҳи зиммасига олди.

Сурияда 160 россиялик жанггари ўлдирилди

Россия самолётлари Суриядаги манзилларни бомбардимон қилаётган пайт.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олег Сиромолотов Суриядаги «Исломий давлат» гуруҳига қўшилган 160 нафар россиялик жисмонан йўқ қилинганини билдирди.

Сиромолотовнинг айтишича, ҳозирги пайтда Суриядаги жанггарилар сафларида Россиянинг 2700 фуқароси жанг қилмоқда. Уларнинг 73 нафари ватанига қайтган ва 36 нафари қўлга олинган.

“Исломий давлат” гуруҳи сафларида Араб, Европа, Россия ва МДҲ давлатларидан борган 25 минг жанггари борлиги ҳақида авввалроқ хабарлар тарқатилган эди.

Россия сентябрнинг охирларидан бери президент Башар Ассадга содиқ кучларни қўллаб-қувватлаб, Сурияда ҳарбий ҳаво амалиётларИ уюштириб келмоқда.

Қирғизистонда зилзила оқибатида 400дан ортиқ бино яроқсиз аҳволга келди

Қирғизистоннинг Чайчи қишлоғида зилзиладан вайрон бўлган уй.

Қирғизистонда 18 ноябрга ўтар кечаси юз берган зилзила оқибатида Ўш вилоятида 390 уй ва 33 ижтимоий объект яроқсиз аҳволга келган. Бу ҳақда 19 ноябрь куни Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.

Қирғизистонда 18 ноябрга ўтар кечаси юз берган кучли зилзиланинг маркази Ўш шаҳридан 45 километр узоқликда бўлган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қорасув ва Олой туманларида зилзиланинг кучи 7 баллга етгани, Ўш,Жалолобод ва Ўзган шаҳарларида 4-6 балл бўлганини билдирди.

Сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси эпимаркази Қирғизистонда бўлган зилзила кучи Тошкентда ҳам сезилган.

Европа - Ўрта Ер денгизи сейсмология марказининг билдиришича, Тошкентда зилзила 17 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 22дан 35 дақиқа ўтганда юз берган ва унинг кучи 3 баллга тенг бўлган.

Россия Мухтор Аблязовни Қозоғистонга топширмайди

Мухтор Аблязов.

Россия Бош прокурори Юрий Чайка қозоқ мухолифатчиси Мухтор Аблязов Москвадан Қозоғистонга экстрадиция қилинмаслигини билдирди.

Чайканинг бу баёноти 19 ноябрь куни Остонада ўтган коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро кенгашда янгради.

“Биз Франция билан маслаҳатлашамиз. Агар қарор қабул қилинса, Аблязов Россияга экстрадиция қилинади. Унга Россия Федерацияси расман айблов билдиради”, -дедп Юрий Чайка.

Қозоғистондаги йирик БТА банкининг собиқ директори Мухтор Аблязов 2013 йилнинг ёзидан бери Францияда ҳибсда сақланмоқда. Қозоғистон, Россия ва Украина ҳукуматлари Аблязовни молиявий қонунбузарликларда айбламоқда. Жорий йилнинг 17 сентябрида Франция Бош вазири Мануэл Вальс Аблязовни Россияга экстрадиция қилиш ҳақидаги буйруқни имзолаган эди.

Мухтор Аблязов ўзига билдирилаётган айбловларни сиёсий буюртма деб ҳисоблашини ва ўзининг айбсиз эканини айтиб келади.

Париж ҳужумлари ортида тургани айтилаётган Абдулҳамид Абаауд ўлдирилди

Қаерда олингани ноаниқ бу расмда Абдулҳамид Абаауд тасвирлангани тахмин этилмоқда

Париждаги 13 ноябрь ҳужумлари ортида турганликда гумонланаётган Абдулҳамид Абаауд чоршанба куни Франция пойтахти яқинида ўтказилган рейд пайтида йўқ қилини. Париж шаҳар прокурорининг 19 ноябрь куни билдиришича, бельгиялик Абдулҳамид Абаауд бир кун аввал Париж четидаги Сен Дени туманида амалга оширилган махсус операция пайтида ўлдирилганлардан бири экани аниқланган.

Пайшанба куни Франция парламенти Париж ва унинг атрофида 129 кишининг ўлимига сабаб бўлган 13 ноябрь ҳужумлари ортидан жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини уч ойга узайтиришни маъқуллади

Парламент олдида чиқиш қилган Франция Бош вазири Мануель Валлс янги ҳужумлар, жумладан “кимёвий ва биологик қуроллар” ишлатилиши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Рус ва француз зобитлари ИДга қарши ҳамкорлик масаласини муҳокама қилдилар

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, юқори рутбали рус ва француз зобитлари Суриядаги “Исломий Давлат” гуруҳига қарши курашда ҳамкорлик масалаларини телефон орқали муҳокамa қилдилар.

Мудофаа вазирлининг айтишича, 19 ноябрда Россия бош штабининг бошлиғи Валерий Герасимов ўзининг француз ҳамкасби Пьер де Виллиерс билан “Суриядаги ИД террорчиларига қарши қуролли кучлар амиётларини мувофиқлаштириш” масаласида мулоқот ўтказди.

ИД гуруҳига қарши курашда АҚШ бошчилигидаги иттифоққа аъзо бўлган Франция ўтган ҳафта Парижда содир этилган террор ҳужумлар ортидан Суриядаги ҳаво амалиётларини кучайтирди.

Россия ҳам 30 сентябрдан буён Сурияда ҳаво амалиётларини ўтказиб келади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, агар “Сурия суверенитетига ҳурмат кўрсатилса,” Россия АҚШ етакчилигидаги коалиция билан “амалий ҳамкорликка тайёр”.

Унинг ушбу баёноти Сурия президенти Башар Ассад тақдири масаласида Россия ва ғарб ўртасида келишмовчиликлар сақланиб қолаётган бир паллага тўғри келмоқда.

Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Ассадни ўтиш даврида мобайнида ёки охирида истеъфо беришини исташади, аммо Москванинг ишонишича, Ассаднинг иқтидордан кетиши ёки қолиши масаласини фақат Сурия халқи ҳал қилиши лозим.

Россия ФСБси "Пулково" аэропортига марказий-осиёликларни ишга олишни ман қилди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати “Пулково” аэропортига марказий-осиёлик муҳожирларни ишга олишни тақиқлади.

Бу ҳақда аэропортдаги манбага таяниб, хабар қилган LifeNews.ru нашрига кўра, “Пулково” аэропорти раҳбариятига бу ҳақда огоҳлантирув юборилган. Хабарга кўра, мазкур тавсия аивация соҳасида хавфсизликни ошириш масаласига бағишланган мажлисда янграган, лекин мазкур кўрсатма фақат оғзаки тарзда берилган.

Биринчи навбатда чекловлар тозалаш ишлари билан шуғулланадиган ширкатларга тааллуқли бўлади. Бундай ширкатлар одатда арзонроқ иш ҳақига рози бўладиган маркази-осиёлик муҳожирларни ёллайди.

Транспорт воситаларида хавфсизликни ошириш чораси ўтган ой охирида “Когалымавиа” ширкатига қарашли самолёт Миср осмонида портлатлиши ортидан жорий этилмоқда. Шарма аш-Шайх курортидан Санкт Петербургга парвоз қилган А321 учоғи ҳалокатига унинг бортига яширин тарзда олиб чиқилган қўлбола бомба портлаши сабаб бўлгани айтилмоқда. 224 одамнинг ўлимига сабаб бўлган портлаш учун масъулиятни “Исломий давлат” экстремист гуруҳи ўз зиммасига олди.

Франция Бош вазири парламентни янги ҳужумлар эҳтимолидан огоҳлантирди

Франция Бош вазири Мануель Валс

Франция Бош вазири Мануель Валс 19 ноябрь куни парламентда қилган чиқишида мамлакатда янги террор хуружлари, жумладан “кимёвий ва биологик қуроллар” ишга солиниши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Валс бу ҳақда Фарнция парламенти 13 ноябрь ҳужумлари ортидан мамлакатда жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини яна уч ойга узайтириш масаласини овозга қўйишидан олдин баён қилди. Париж ва шаҳар четида ўтган ҳафта рўй берган бир нечта ҳужум оқибатида 129 киши ҳалок бўлди.

Фавқулодда вазиятни узайтириш масаласи Франция сенатида 20 ноябрь куни овозга қўйилади ва маъқулланадиган тақдирда, дарҳол кучга киради.

Айни пайтда, Бельгия полицияси пойтахт Брюсселда олтита рейд ўтказди. Махсус амалиётлар Париж ҳужумларида Стад де Франс стадиони олдида ўзини портлатган уч худкушдан бири билан боғлиқлиги айтилмоқда.

Париж ҳужумлари ортида турган белгиялик Абдулҳамид Абаауд 18 ноябрь куни Парижда ўтказилган рейд пайтида ўлдирилганми, йўқми ҳозирча ноаниқ қолмоқда.

Белгия Париждаги ҳужумлар юзасидан ўтказилаётган терговнинг марказида қолмоқда.

АЭХА: Эрон ўз ядровий дастурини қисқартира бошлади

АЭХА раҳбари Юкиа Амано.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик Эрон жаҳондаги олти йирик давлат билан эришилган битимга мувофиқ ўз ядровий дастурини қисқартира бошлаганини билдирди.

АЭХАнинг БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этилмиш ҳисоботида айтилишича, Эрон уранни бойитиш учун ишлатиладиган центрифугалари миқдорини сезиларли даражада камайтирган.

Бундан бир ой муқаддам АҚШ ва Европа Иттифоқи Теҳрон муайян шартларни бажарганидан кейин Эрондан санкцияларни олиб ташлашга оид қадамлар бўйича ўзаро келишиб олганди. Санкцияларни камайтиришнинг бошланғич шартлари орасида Эрон эга бўлган уранни бойитувчи центрафугалар сонини озайтириш ҳамда бойитилган уран заҳирасини камайтириш кабилар бор эди.

Жорий йил июлида Эрон ва жаҳондаги олти етакчи давлат Теҳрон ядровий дастурини жиловлаш бўйича келишувга эришганди. Ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини таъкидлаган Эрон ўзига нисбатан киритилмиш санкцияларни қадам-бақадам олиб ташланиши эвазига бу дастурни чеклашга рози бўлган.

Парижда ўтказилган рейдлар чоғида камида икки киши ҳалок бўлди

Француз полициячиси Сен-Денидаги хонадонлардан бирида, 2015 йилнинг 18 ноябри.

13 ноябрдаги террор хуружлари муносабати билан Париж шимолидаги Сен-Дени мавзеида ўтказилган полиция рейдлари чоғида камида икки киши ҳалок бўлди, саккиз киши ҳибсга олинди.

Полициядаги манбалар бу рейдлар диққат марказида терактларнинг муҳтамал ташкилотчиси Абдулҳамид Абауд бўлганини айтмоқдалар. Бироқ Париж прокурори Франсуа Молленнинг журналистларга билдиришича, чоршанба куни ўлдирилган ва ҳибсга олинганлар ичида Абауд йўқ.

18 ноябрь кунги рейдлар чоғида ўлдирилган ва ҳибсга олинган шахслар исми ҳозирча очиқлангани йўқ.

Ўтган жума Парижнинг Сен-Дени мавзеи дохил 6 та жойида жангарилар томонидан уюштирилган портлашлар ва "Батаклан" концерт залидаги отишмалар оқибатида 132 одам нобуд бўлган, 300 дан зиёд одам жароҳатланганди. Бу ҳужумлар ортидан Францияда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Мазкур террор хуружлари учун масъулиятни “Исломий Давлат” гуруҳи ўз зиммасига олган.

Тожик амалдорларига хорижий банкларда пул сақлаш тақиқланади

Тожик парламентидаги мажлислардан бири.

Тожикистонда давлат хизматчилари бундан буён мамлакат хорижидаги банкларда ҳисоб рақамини очиш, уларда пул ва қимматбаҳо ашёлар сақлаш имкониятига эга бўлолмайдилар. Шунингдек, амалдорларга бошқа давлатлар ҳудудида кўчмас мулк сотиб олиш ҳам тақиқланди. Бу меъёр 18 ноябрь куни Тожикистон парламенти қуйи палатаси томонидан “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунга киритилмиш тузатишлар билан белгилаб қўйилди.

Депутатларни қонунга ўзгартиш киритишга ундаган сабаб айтилмаяпти, бироқ бу тузатиш коррупцияга қарши кураш ва давлат амалдорлари даромадларида кўпроқ шаффофлик бўлишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиши мумкинлиги тахмин қилиш мумкин, деб ёзади Фарғона.ру агентлиги.

2014 йил бошларига оид маълумотларга кўра, Тожикистонда давлат хизматчилари сони 19 минг кишини ташкил этади. Бунга куч ишлатар тузилмалар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари кирмайди. Тожик амалдорининг шу кундаги ўртача маоши 1000 сомонийни (тақрибан 150 АҚШ доллари) ташкил этади.

Россия Башар Асадни сақлаб қолмоқчи

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Агар Ғарб “Исломий Давлат” террор гуруҳига қарши халқаро коалиция тузилишини истаса Башар Асаднинг Сурия президентлигидан кетишини талаб қилишни тўхтатиши лозим. Бу фикрни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 18 ноябрь куни билдирди.

“Террорга қарши ҳаракатларни бирлаштириш учун қандайдир шартларни илгари суришни қабул қилиб бўлмаслигига ҳеч қандай шабҳа қолмади”, деб баёнот берди Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири фикрича, ўтган ҳафтада Парижда амалга оширилган террор ҳужумлари ҳамда сентябрда Россия самолётининг Мисрда ҳалокатга учрагани Ғарбнинг позицияси ўзгаришига туртки бўлган.

“Ғарблик ҳамкасбларимизнинг позициясида рўй берган ўзгариш ғарблик бошқа ҳамкорларимизга ҳам таъсир қилади, деб умид қиламан”, деди Лавров.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Башар Асаднинг истеъфо беришини талаб қилмоқда, айни пайтда Россия Сурия президентини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Париждаги террористик ҳуружларга алоқадорликда гумон қилинган 7 шахс ушланди

Парижда 13 ноябрь куни амалга оширилган террор ҳужумларига алоқадорликда гумон қилинган 7 шахс қўлга олингани хабар қилинди.

Франс-пресс агентлигига кўра, қўлга олинганлардан бири Бельгиялик икки шахсга квартирасини ижарага бергани тўғрисида айтиб берган. Полиция фикрича, айнан ўша икки одам террор ҳужумларини уюштирган.

Аввалроқ олинган хабарга кўра, Парижнинг Сен-Дени мавзесида полиция ўтказган рейд давомида 13 ноябрь куни амалга оширилган террористик ҳуружларга алоқадорликда гумон қилинган олти кишидан уч нафари қўлга олинган, қолган уч киши, жумладан ўзини ўзи портлатган аёл ўлган.

Бу ҳақда хабар қилган Франс Пресс агентлигига кўра, камида уч полициячи яраланган.

Бугун эрталаб полиция террористик ҳуружларни уюштирганликда гумон қилинаётган Абдулҳамид Абаудни қўлга олиш мақсадида амалиёт бошлади. У камида икки шериги билан яширинган, деб ишонилган кўпқаватли уй полиция томонидан ўраб олинди. Амалиёт ўтказилган мавзеда ўқ ва портлаш овозлари эшитилгани хабар қилинди.

13 ноябрдан 14 ноябрга ўтар тунда Франция пойтахти Париж шаҳрининг 6та жойида жангарилар томонидан террор ҳужуми уюштирилди. Суиқасд ҳужумчилар уюштирган портлашлар ва "Батаклан" концерт залидаги отишмалар натижасида 132 одам нобуд бўлди, 300дан ортиқ одам жароҳатланди. “Исломий Давлат” террор гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Туркия АҚШ билан Сурия чегараси устидан тўла назорат ўрнатмоқчи

Туркия ташқи ишлар вазири Фаридун Синирлиўғли

Туркия ва АҚШ расмийларига кўра, Туркия-Сурия чегарасини “Исломий Давлат” террор гуруҳи жангариларидан тозалашга қаратилган амалиётлар кучайтирилади.

“Уларнинг чегарамизда мавжудлигига барҳам бериш учун муайян режаларимиз бор”, деган Туркия ташқи ишлар вазири Фаридун Синирлиўғли маҳаллий Онадўли агентлигига 17 ноябрь куни.

“Бу режалар амлга оширилганидан сўнг, ҳаракатларимиз янада кучайтирилади ва бунга яқин кунларда гувоҳ бўласиз”, деб қўшимча қилган Туркия ташқи ишлар вазири.

“Исломий Давлат” террор гуруҳи Туркия-Сурия чегарасининг бир қисмини назорат қилади ва бундан жангариларни ва қурол-аслаҳани олиб ўтиш учун фойдаланмоқда.

“Чегаранинг (Туркия-Сурия чегарасининг) 75 фоизи ҳозир ёпиқ. Ва эндиликда биз чегаранинг қолган 98 километрини ҳам ёпиш учун Туркия билан амалиётларга киришаяпмиз”, деди АҚШ Давлат котиби Жон Керри CNN телеканали орқали.

Қирғизистонда бугун эрталаб яна ер қимирлади

Ўшга яқин қишлоқларда зилзиладан етган зарар кўлами ўрганилмоқда. 18 ноябрь куни Ўш атрофида олинган сурат.

Кучи 4 баллга етган зилзила бугун эрталаб соат 11.30 га яқин қайд этилгани тўғрисида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди. Зилзила эпимаркази Ўш шаҳридан 35 километр масофадаги ҳудудда бўлган.

Чоршанбага ўтар кечаси маҳаллий вақт билан 23.29да (Тошкент вақти билан 22.29) Қирғизистонда содир бўлган зилзиланинг кучи 5,9 баллга етган. Зилзила эпимаркази Ўш шаҳридан 45 километр масофадаги ҳудудда бўлган.

Ер қимирлаши Тошкентда ҳам қайд этилди.

Европа - Ўрта Ер денгизи сейсмология марказининг билдиришича, Тошкентда зилзила 17 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 22дан 35 дақиқа ўтганда сезилган ва унинг кучи 3 баллга тенг бўлган. Марказ зилзила эпицентри Қирғизистонда бўлганини хабар қилган.

Зилзила оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Париждаги террористик ҳуружларга алоқадорликда гумон қилинган 3 киши ушланди

Парижнинг Сен-Дени мавзесида полиция ўтказган рейд давомида 13 ноябрь куни амалга оширилган террористик ҳуружларга алоқадорликда гумон қилинган олти кишидан уч нафари қўлга олинди, қолган уч киши, жумладан ўзини ўзи портлатган аёл ўлди.

Бу ҳақда хабар қилган Франс Пресс агентлигига кўра, камида уч полициячи яраланган.

Бугун эрталаб полиция террористик ҳуружларни уюштирганликда гумон қилинаётган Абдулҳамид Абаудни қўлга олиш мақсадида амалиёт бошлади. У камида икки шериги билан яширинган, деб ишонилган кўпқаватли уй полиция томонидан ўраб олинди. Амалиёт ўтказилган мавзеда ўқ ва портлаш овозлари эшитилгани хабар қилинди.

13 ноябрдан 14 ноябрга ўтар тунда Франция пойтахти Париж шаҳрининг 6та жойида жангарилар томонидан террор ҳужуми уюштирилди. Суиқасд ҳужумчилар уюштирган портлашлар ва "Батаклан" концерт залидаги отишмалар натижасида 132 одам нобуд бўлди, 300дан ортиқ одам жароҳатланди. “Исломий Давлат” террор гуруҳи ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG