Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2019, Тошкент вақти: 04:11

Халқаро янгиликлар

Обама Путинни Сурияда мўътадил исёнчиларни эмас, "Исломий давлат"ни нишонга олишга чақирди

АҚШ Президенти Барак Обама

АҚШ Президенти Барак Обама Россия Суриядаги ҳаво ҳужумларини Башар Ассад ҳукуматига мухолиф муътадил исёнчиларга эмас, “Исломий давлат” экстремист гуруҳига қаратиши керак, дея баён қилди.

Малайзияда 22 ноябрь куни гапирган Обама Россия Президенти Владимир Путинни АҚШ етакчилигидаги коалиция билан муштаракликка чақирди. АҚШ раҳбари ўтган ой охирида 224 кишининг ўлимига сабаб бўлган Россия учоғи ҳалокати учун “Исломий давлат” масъул кўрилаётганини эсалтди.

“Путин Россия фуқароларини ўлдирган одамларни таъқиб этиши керак”, дея таъкидлади Обама.

Россия 30 сентябрдан бери Сурия Президенти Башар Ассадни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳавода исёнчи гуруҳларни нишонга олмоқда. “Исломий давлат” Россия учоғини портлатганлик маъсулиятини ўз зиммасига олгандан кейин Путин ҳаво ҳужумлари кўламини оширишни ваъда қилди.

Қрим татарлари лидери Қрим қамалини тўхтатиш шартларини баён қилди

Москва украиналик сиёсий маҳкумларни озод қилгандан кейингина Россия аннексия қилган Қримни электр энергия билан таъминлаш мумкин бўлади.

Украина парламентининг депутати, Қрим татарлари лидери Мустафо Жамил ўғли ана шундай баёнот билан чиқди.

Шунингдек, Мустафо Жамил ўғли у ва Қрим татарлари мажлисининг бошлиғи Рефат Чубаровга нисбатан Қримга кириш тақиқини бекор қилиш ва “инсон ҳуқуқлари вазиятини мониторинг қилиш учун халқаро ташкилотларга рухсат бериш”га чақирди.

Акс ҳолда, Жамил ўғли сўзларига кўра, Қримни блокада қилиш бўйича акция иштирокчилари ярим оролга электр энергияси ўтувчи йўлнинг қайта тикланишига кафолат бермайдилар.

Украинада икки электр узатиш линияси ишдан чиқиши ортидан Россия аннексия қилган Қримда бир ярим миллионга яқин одам электрсиз қолди.

Қрим раҳбари Сергей Аксенов темир-бетон устунларининг вайрон қилинишини “террорчилик амали”, деб атади.

Қримда фавқулодда вазият жорий этилган.

Ярим оролдаги шаҳарларда сув таъминоти, канализация, алоқа ва иситиш тизимида узилишлар кузатилмоқда.

Ёнилғи қуйиш шахобчалари ва банкоматларда узун навбатлар юзага келган.

Грузия расмийлари Туркиядан келган йигитни террорчиликда гумонлаб қўлга олди

"Исломий давлат" гуруҳига қўшилган ўнла грузиялик орасида Умар ал-Шишани лақаби билан танилган Тархан Батирашвили ҳам бор.

Грузия разведка хизмати террорчиликда гумонланган 29 яшар эркак ҳибсга олинганини билдирди. Давлат хавфсизлик хизматининг 22 ноябрь куни билдиришича, Давид Борчашвили бир кун аввал Туркиядан келган пайтда қўлга олинган.

Хавфсизлик идорасига кўра, Борчашвили жиноят кодексининг хорижий террорчи ташкилотга алоқадорлик ва террорчи ташкилотга кўмаклашганликка доир моддалари бўйича айбланмоқда. Расмийлар бошқа тафсилотларни очиқламади.

Маълум бўлишича, Борчашвили 21 ноябрь куни Грузияга келган, лекин бир неча соат ўтиб расмийлар уни Туркияга депортация қилган. Ўша куниёқ Туркия расмийлари ҳам уни Грузияга қайтариб юборган ва у ерда Борчашвили қамоққа олинган.

Борчашвилининг яқинларига кўра, у Туркияга бир йил аввал иш излаб кетган. У Сурияда бўлганми, йўқми ҳозирча ноаниқ.

Парижда 130 кшининг ўлимига сабаб бўлган 13 ноябрь ҳужумларидан кейин Грузия расмийлари аэропорт, чегара постлари ва “стратегик аҳамиятга эга” иншоотларда хавфсизлик чораларини кучайтирган.

Париж ҳужумлари учун маъсулиятни “Исломий давлат” экстремист гуруҳи ўз зиммасига олди.

Расмийларга кўра, ўнлаб Грузия фуқаролари Сурия ва Ироқдаги исломий жанггарилар сафларига қўшилган. Улар орасида Умар ал-Шишани лақаби билан танилган “Исломий давлат” дала қўмондони Тархан Батирашвили ҳам бор.

Путин Сурия бўҳронини муҳокама қилиш учун Теҳронга йўл олди

Россия президенти Владимир Путин Эрон раҳбарияти билан Сурия бўҳронини муҳокама қилгани Теҳронга сафар қилди.

Москва ва Теҳрон Сурия фуқаролар урушида президент Башар Ассадни ҳимоя қилиб келмоқда.

Россия Сурияга нисбатан халқаро санкциялар қўлланишига вето қўйган ва 30 сентябрдан буён “Исломий Давлат” экстремист гуруҳи ва бошқа мухолифат гуруҳларини бомбалаётир.

Эрон эса Башар Ассад режимини ҳимоя қилиш учун Сурияга ўз ҳарбий маслаҳатчиларини юборган.

Путин 23 ноябрда газ экспорт қилувчи мамлакатлар саммитида иштирок этади ва Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ва президент Ҳасан Руҳоний билан мулоқот ўтказиши кутилмоқда.

Қримда 2 миллион одам электр таъминотисиз қолди

Херсонда портлатилган симёғоч.

Россия ҳукуматининг билдиришича, Украинадан Қримга электр узатиб берувчи симёғоч портлатилгани сабабли Қримда 2 миллион одам электр қуввати таъминотисиз қолди. Шу муносабат билан Қримда фавқулодда ҳолат жорий қилинган.

Қрим расмийлари 22 ноябрь куни генераторлардан фойдаланиб, катта шаҳарлардаги уйларнинг бир қисмига электр энергияси берила бошлаганини билдирди.

Қримга электр энергияси Украинанинг Херсон вилояти орқали берилади. 20 октябрда бу ерда иккита симёғоч портлатилган ва бунинг ортидан Қримга электр узатиш имконияти бўлмай қолган эди.

Украин ҳукуматининг симёғочларни қайта тиклаш ҳаракати фаолларнинг қаршилигига учраган.

Россия оммавий ахборот воситалари симёғочлар Қримнинг Россияга қўшиб олинганига қарши бўлган қрим татарлар гуруҳи томонидан портлатилганини иддао қилмоқда.

Ўш аэропортида самолёт аварияси туфайли 6 киши жароҳатланди

Ўш аэропортида аварияга учраган самолёт.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳри аэропортига қўниш пайтида самолётнинг аварияга учраши оқибатида 6 киши жароҳатланди.

22 ноябрь куни эрталаб Қрасноярскдан Ўшга келган Боинг-737самолёти қўниш пайтида йўлдан чиқиб кетган. Гувоҳларнинг айтишича, қўнаётган пайтда самолётнинг қанотларидан бири ёна бошлаган ва бунинг оқибатида йўловчилар орасида ваҳима бошланган. Қирғизистон авиаширкатларидан бирига қарашли бўлгани айтилаётган самолёт борида 148 йўловчи ва экипаж аъзоларидан 5 киши бўлган.

Мазкур воқеа юзасидан ҳукумат комиссияси Москвадаги Халқаро авиация қўмитаси иштирокида текширув бошлади.

Самолёт аварияси туфайли Ўш аэропортида 22 ноябрь куни эрталабдан кечки соат 8гача парвозлар бекор қилинган эди.

Бельгияда террорга алоқадорликда гумонланган 16 одам қўлга олинди

Бельгия ҳарбийлари кўчаларни назорат қилмоқда.

Бельгияда 23 ноябрга ўтар кечаси Парижда 13 ноябрда содир этилган террорчилик ҳужумларига алоқадорликда гумонланган 16 одам қўлга олинди.

Бельгия федерал прокуратураси вакили Эрик Ван Дер Сипт ҳибс қилинганлар орасида асосий гумонланувчи сифатида қидирилаётган жанггари Абусалом Салоҳ йўқ эканини айтди.

Бельгия расмийлари тергов манфаатларини эътиборга олиб, қўлга олинганларнинг исмларини ҳам, уларга билдирилаётган айбловларни ҳам расман матбуотга эълон қилгани йўқ. Бельгияда хавфсизликни сақлаш амалиёти давом этмоқда.

23 ноябрга ўтар кечаси Брюсселда 19та, Шарлеруада 3та тинтув ўтказилди. Расмийлар тинтувлар жараёнида қурол ёки портловчи моддалар топилмаганини билдирди.

Бельгияда Париждаги террорчилик ҳужумидан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилган эди. Франция расмийлари Париж портлашларини содир этган террорчилар Бельгияда тайёргарликдан ўтгани ҳақида билдирган.

Нальчикда "Исломий давлат"га аъзоликда гумонланган 14 киши ўлдирилди

"исломий давлат" байроғи.

Россиянинг Кабардин-Болқор Республикаси пойтахти Нальчикда 22 ноябрь куни ўтказилган махсус амалиёт пайтида “Исломий давлат” гуруҳининг маҳаллий бўлинмаси аъзоларидан 14 киши жисмонан йўқ қилинди.

Якшанба куни амалиёт пайтида ўлдирилган жангарилар сони 11 киши экани ҳақида дастлабки маълумот тарқатилганди.

Миллий террорчиликкка қарши кураш қўмитаси раиси Юрий Бицуев жисмонан йўқ қилинганлар орасида гуруҳни 10 ноябрда ўлдирилган гуруҳ раҳбари Роберт Занкишевдан сўнг бошқариб келаётган шахс ҳам борлигини маълум қилди.

Ўлдирилган жангарилар яшаган жойдан қурол ва портловчи моддалар топилгани айтилмоқда.

Хабарларга қараганда, гуруҳ аъзолари Сурияга одами ёллаш ва жўнатиш билан шуғулланиб келган.

Расмийлар махсус амалиёт пайтида тинч аҳоли вакиллари ва махсус хизматлар ходимлари орасида ҳалок бўлган ва яраланганлар йўқ эканини билдирмоқда.

Эронда The Washington Post мухбири номаълум муддатга қамалди

The Washington Post мухбири Жейсон Резаян.

Эрон суди The Washington Post газетаси мухбири Жейсон Резаянни жосусликда айблаб, озодликдан маҳрум қилди. Журналист неча йилга қамалгани ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Теҳроннинг ИРНА агентлиги хабар берди.

Эрон ва АҚШ фуқароси бўлган 39 ёшли Резаян 2012 йилдан бери Теҳронда The Washington Post газетаси мухбирлик пунктига раҳбарлик қилиб келган. У 2014 йил июлида қамоққа олинган эди.

Резоян билан бирга Бирлашган Араб Амирликларида нашр этилувчи National журналида мухбир бўлиб ишловчи рафиқаси Еганэ Салеҳий ва америкалик икки фотомухбир ҳибс қилинган. Бироқ бу уч киши 2014 йилнинг октябрида қамоқдан чиқарилганди.

Резаяннинг адвокати Лейла Асханнинг айтишича, Теҳрон прокуратураси журналистга “ташқи ва ички сиёсий масалаларни ҳал этишда Эрон ҳукуматининг ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаб юрган”, деган айбловни билдирган.

Резаяннинг ўзи, дўстлари ва касбдошлари бу айловни инкор этиб келмоқда.

Шимолий Кавказда ИДга алоқадор 11 жангари ўлдирилди

Россия расмийларига кўра, Шимолий Кавказ минтақасида ўтказилган махсус амалиётда “Исломий Давлат” экстремист гуруҳига алоқадор 11 нафар жангари ўлдирилган.

"Дастлабки маълумотга кўра, 11та бандит ўлдирилди," дея таъкидланади Россия терроризмга қарши кураш қўмитаси томонидан 22 ноябрь куни чиқарилган баёнотда.

"Уларнинг ҳаммаси ИДга байъат қилган қуролли тўда аъзолари эди ," дея илова қилинади баёнотда.

Терроризмга қарши кураш қўмитасига кўра, Кабардин-Болқор минтақаси маркази Нальчик шаҳри ташқарисидаги ўрмонзорда муҳосирага олинган жангарилар куч тизимлари зобитларига қарата ўт очганлар ва граната улоқтирганлар.

Россия расмийларига кўра, минтақада махсус амалиёт давом этмоқда.

Улар аввалроқ Сурия ва Ироқда Исломий жангарилар сафида асосан Шимолий Кавказдан бўлган бир неча минг Россия фуқаролари жанг қилаётгани ҳақида хабар тарқатганди.

Обамага кўра, бомбалашлар "Исломий давлат"га қарши йўналтирилиши керак

АҚШ президенти Барак Обаманинг айтишича, Россия Сурия ҳукуматига қарши жанг қилаётган мўътадил мухолифат кучларга эмас, “Исломий давлат” жангари гуруҳига қарши стратегик қарор олиши керак.

22 ноябрда Малайзияда бўлиб ўтган матбуот йиғинида Обама Россия президенти Владимир Путинни АҚШ етакчилигидаги коалиция билан иттифоқчи бўлишга чақирди.

У Синай ярим оролида Россия йўловчи учоғининг бомбаланишига изоҳ бераркан¸ Путин “Россия фуқароларини ўлдирган одамлар пайидан бўлиши керак,” деб айтди.

Сурия президенти Башар Ассадни дастаклаган Россия 30 сентябрда Сурияни бомбалаш кампаниясини бошлади.

Россия электрсиз қолган Қрим ярим оролида фавқулодда вазият жорий қилди

Қрим электрсиз қолди

Россия расмийларига кўра, Қримнинг 2 миллионга яқин аҳолиси электрсиз қолиши натижасида 22 ноябрдан бошлаб ярим оролда фавқулодда вазият жорий қилинди.

Рус расмийлари сўзларига кўра, Қрим ярим оролининг электрсиз қилишига Украинанинг Херсон вилоятидан узатиладиган иккита электр темир-бетон устуннинг портлатиб юборилиши сабаб бўлган.

ТАСС ахборот агентлиги "Крымэнерго" директори Виктор Плакидага иқтибосан ярим орол "қоронғулик"ка чўмганини маълум қилди.

Қрим ярим оролига электр Украинанинг Херсон вилоятидаги тўртта электр линия орқали узатилади.

20 ноябрь куни Украина полицияси Херсон вилоятида иккита темир-бетон устун вайрон бўлганини билдирди.

2014 йил март ойида Россия Қримни ишғол этиши ортидан ғарб Россияга қарши жазо чораларини киритган эди.

Америкадан Туркияга парвоз қилаётган учоқ йўлда йўналишни ўзгартирди

Канада полицияси 22 ноябрь куни тарқатган хабарга кўра, Нью-Йоркдан Истанбулга парвоз қилаётган “Турк Ҳаво Йўллари” авиаширкатига қарашли учоқ бомба таҳдиди туфайли ўз йўналишини Канаданинг Халифакс шаҳрига ўзгартирган.

Халифакс Станфилд халқаро аэропорти Twitter орқали учоқнинг аэропортга қўнгани ва полиция исковчи итлар билан портловчи моддаларни излаётганини маълум қилди.

Аэропорт тарқатган хабарга кўра, учоқда 256 нафар йўловчи бўлган ва унга бомба ўрнатилгани ҳақида хабар олиниши ортидан зудлик билан ерга қўниш қарори олинган.

Полиция бомба таҳдиди тафсилотини ошкор этмаслигини билдирди.

Малидаги ҳужумда россияликлар ҳам ҳалок бўлган

Малидаги Radisson Blu меҳмонхонасига қилинган ҳужумда россияликлар ҳам ҳалок бўлган.

Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги шанба куни маълум қилди. Вазирликка кўра, Малидаги меҳмонхонага ҳужумдан Россиядаги "Волга Днепр" авиаширкатининг 6 нафар ходими ҳалок бўлган.

Жума куни Мали пойтахти Бамако марказидаги Radisson Blu меҳмонхонасига “Оллоҳу акбар!” дея бостириб кирган икки қуролли жангари 170 одамни гаровга олди.

Куннинг иккинчи ярмида махсус амалиëт натижасида гаровдагиларнинг ҳаммаси озод қилингани маълум бўлди.

Мали расмийлари меҳмонхонада 27 одамнинг ўлиги топилгани, одамларни гаровга олган икки қуролли ўлдирилганини билдирди.

Брюсселда хавфсизлик чоралари энг юқори даражада кучайтирилди

Белгия пойтахти Брюсселда шанба кунига ўтар кечаси террорчилик хавфи даражаси энг юқори - тўртинчи даражага кўтарилди.

Шаҳар аҳолиси кутилмаган ҳужумлар рўй бериши эхтимолидан огоҳлантирилди ва эҳтиёткор бўлиш, одамлар гавжум жойларга бормаслик тавсия этилди.

Пойтахт Брюсселда бугун эрталабдан метро ёпиб қўйилди ва кун давомида ишламаслиги айтилмоқда.

Шаҳар кўчаларини полиция патруллари қўриқламоқда.

Хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши Париждаги ҳужумларнинг асосий гумонланувчиси Салаҳ Абдусаломнинг қидирилаётгани билан боғлиқлиги тахмин қилинмоқда.

Ҳукумат эса террор хавфсининг юқори даражага кўтарилиши сабабларини очиқламаган.

Туркияда Париждаги ҳужумларга алоқадор уч шахс қўлга олинди

Туркия полицияси Париждаги ҳужумларга алоқадор, деб кўрилаётган уч одамни қўлга олди.

“Исломий давлат” экстремист гуруҳи аъзолари экани гумонланаётган шу уч одамнинг бири Белгия фуқароси Аҳмад Дахмонийдир.

Келиб чиқиши марокашлик Дахмоний 21 ноябрь куни Анталиядаги меҳмонхоналардан бирида қўлга олинди.

Қолган икки гумонланувчи сурияликлар экани айтилмоқда.

Ўтган жума куни Париждаги бар ва ресторанлар, Батаклан концерт зали ва Стад де Франс стадиони яқинидаги ҳужумларда 130дан зиёд одам ҳаётдан кўз юмди ва юзлаб одамлар тан жароҳати олган эди.

Кўмир конидаги ҳужумга алоқадор кўрилган 28 шинжонлик ўлдирилди

Уйғур етакчилари Пекинни уйғурлар ҳақларини камситаëтганликда айблайди.

Хитой давлат матбуотига кўра¸ 56 кун давом этган таъқиб натижасида 18 сентябрь куни Аксудаги кўмир конига ҳужум қилган 29 одамдан 28 таси йўқ қилинган¸ улардан биттаси ўз ихтиëри билан таслим бўлган.

Асосан уйғурлар яшовчи Шинжонг минтақасидаги кўмир конида содир бўлган қонли ҳужум оқибатида 11 фуқаро ва 5 полициячи ўлдирилган эди.

Хитой расмийлари¸ бу ҳужумни хориждан туриб бошқарилаëтган террорчилар тўдаси амалга оширганини иддао қилмоқда.

Маҳаллий матбуотда террорчи гуруҳ раҳбари сифатида тилга олинган икки шахснинг уйғурлар экани айтилмоқда.

Кейинги йилларда Шинжон минтақасида маҳаллий уйғурлар ва бу ерга оммавий тарзда кўчирилган хон хитойлар ўртасидаги кескинлик кучайиб¸ ўзаро қонли тўқнашувлар кўпайиб бормоқда.

Пекин бу кескинлик учун уйғур исломий жангариларини¸ сургундаги уйғур етакчилари эса¸ Хитойнинг уйғурларга нисбатан олиб бораëтган репрессив сиëсатини айблайди.

Сурия ва ироқлик қочқинларнинг АҚШга киришини тўхтатувчи қонун лойиҳаси қабул қилинди

Ироқ ва суриялик қочқинларнинг АҚШ ҳудудига қадам қўйиши¸ янги қонун лойиҳасига кўра¸ деярли тақиқланади.

АҚШ Конгрессининг Намояндалар палатаси Сурия ва ироқлик қочқинларнинг Америка ҳудудига киришини ниҳоятда қийинлаштирувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Лойиҳага кўра¸ бу икки давлатнинг бошпана сўраëтган фуқаролари АҚШ миллий хавфсизлик агентликлари уларнинг Америка хавфсизлигига таҳдид эмаслигини ҳужжатлаштириб бермагунга қадар АҚШ ҳудудига киритилмайди.

Лойиҳани маъқуллаб республикачи намояндалардан 242 нафари¸ демократларнинг 47 нафари овоз берди.

Қонун лойиҳаси эндиликда Сенатда овозга қўйилади. Сенатдаги демократлар бу лойиҳани ўтказмасликни¸ президент Обама эса¸ унга вето қўйишини билдирмоқда

Қонун лойиҳасининг Намояндалар палатасида маъқулланганига муносабат билдиран президент Обама¸ республикачи мухолифларини Сурия ва Ироқдан жон сақлаш учун қочаëтган “бева ва етимлар”дан қўрқаëтганликда айблади.

АҚШ Федерал тергов бюроси директори Жеймс Коми мазкур қонун юзасидан жиддий ташвиш билдирди. Коми таъкидича¸ бу қонун қочқинларнинг АҚШга келишини мутлақ имконсиз ҳолга айлантириш баробарида¸ 30 дан ошиқ давлат фуқароларига АҚШга визасиз саëҳат қилиш имтиëзини берувчи дастурни ҳам йўққа чиқариши мумкин.

Айни пайтда¸ хавфсизликни кучайтиришга қаратилган янги чора-тадбирлар доирасида АҚШ Давлат департаменти кўп саëҳат қилувчи фуқаролар паспортига 24 саҳифалик илова киритишни 2016 йил 1 январидан тўхтатишини эълон қилди.

Бу қарор¸ айтилишича¸ АҚШ паспорти хавфсизлигини таъминлаш ва халқаро паспорт стандартларига мослашиш мақсадида қабул қилинган.

ЕИ Ички ишлар вазирлари Шенген ташқи чегараларини кучайтирмоқчи

Франция полициясининг 18 ноябрь кунги махсус операцияси натижасида террорчилар етакчиси ўлдирилди.

Бугун Брюсселда тўпланган Европа Иттифоқи Ички ишлар вазирлари Париждаги террор ҳужумларига жавоб тариқасида Шенген ҳудудига кириш чегараларида текширув-назоратни кучайтириш масаласини муҳокама қилмоқда.

Франция ҳукумати ЕИ фуқароларининг ҳам чегарада иттифоққа аъзо бўлмаган давлат фуқаролари каби қаттиқ паспорт текширувидан ўтказилиши ва ҳаво транспорти ширкатларининг йўловчиларга оид маълумотларни баҳам кўришни осонлаштиришини талаб қилмоқда.

Бундай талабга эса¸ Париждаги террор ҳужумларининг асосий ташкилотчиси деб кўрилаëтган Бельгия фуқароси Абдулҳамид Абаауднинг Суриядан Францияга Греция орқали осонлик билан саëҳат қилгани ва хавфсизлик кучларининг бу маълумотни кечикиб ўртоқлашгани сабаб бўлди.

Ўтган жума куни Париждаги бар¸ ресторан¸ концерт зали ва стадионга қарийб бир пайтнинг ўзида уюштирилган террор ҳужумлари оқибатида 129 одам нобуд бўлди. Ҳужумлар учун жавобгарликни Сурия ва Ироқнинг каттагина ҳудудларида халифалик ўрнатганини иддао қилаëтган “Исломий давлат” террор гуруҳи зиммасига олди.

Сурияда 160 россиялик жанггари ўлдирилди

Россия самолётлари Суриядаги манзилларни бомбардимон қилаётган пайт.

Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олег Сиромолотов Суриядаги «Исломий давлат» гуруҳига қўшилган 160 нафар россиялик жисмонан йўқ қилинганини билдирди.

Сиромолотовнинг айтишича, ҳозирги пайтда Суриядаги жанггарилар сафларида Россиянинг 2700 фуқароси жанг қилмоқда. Уларнинг 73 нафари ватанига қайтган ва 36 нафари қўлга олинган.

“Исломий давлат” гуруҳи сафларида Араб, Европа, Россия ва МДҲ давлатларидан борган 25 минг жанггари борлиги ҳақида авввалроқ хабарлар тарқатилган эди.

Россия сентябрнинг охирларидан бери президент Башар Ассадга содиқ кучларни қўллаб-қувватлаб, Сурияда ҳарбий ҳаво амалиётларИ уюштириб келмоқда.

Қирғизистонда зилзила оқибатида 400дан ортиқ бино яроқсиз аҳволга келди

Қирғизистоннинг Чайчи қишлоғида зилзиладан вайрон бўлган уй.

Қирғизистонда 18 ноябрга ўтар кечаси юз берган зилзила оқибатида Ўш вилоятида 390 уй ва 33 ижтимоий объект яроқсиз аҳволга келган. Бу ҳақда 19 ноябрь куни Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди.

Қирғизистонда 18 ноябрга ўтар кечаси юз берган кучли зилзиланинг маркази Ўш шаҳридан 45 километр узоқликда бўлган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қорасув ва Олой туманларида зилзиланинг кучи 7 баллга етгани, Ўш,Жалолобод ва Ўзган шаҳарларида 4-6 балл бўлганини билдирди.

Сешанбадан чоршанбага ўтар кечаси эпимаркази Қирғизистонда бўлган зилзила кучи Тошкентда ҳам сезилган.

Европа - Ўрта Ер денгизи сейсмология марказининг билдиришича, Тошкентда зилзила 17 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 22дан 35 дақиқа ўтганда юз берган ва унинг кучи 3 баллга тенг бўлган.

Россия Мухтор Аблязовни Қозоғистонга топширмайди

Мухтор Аблязов.

Россия Бош прокурори Юрий Чайка қозоқ мухолифатчиси Мухтор Аблязов Москвадан Қозоғистонга экстрадиция қилинмаслигини билдирди.

Чайканинг бу баёноти 19 ноябрь куни Остонада ўтган коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро кенгашда янгради.

“Биз Франция билан маслаҳатлашамиз. Агар қарор қабул қилинса, Аблязов Россияга экстрадиция қилинади. Унга Россия Федерацияси расман айблов билдиради”, -дедп Юрий Чайка.

Қозоғистондаги йирик БТА банкининг собиқ директори Мухтор Аблязов 2013 йилнинг ёзидан бери Францияда ҳибсда сақланмоқда. Қозоғистон, Россия ва Украина ҳукуматлари Аблязовни молиявий қонунбузарликларда айбламоқда. Жорий йилнинг 17 сентябрида Франция Бош вазири Мануэл Вальс Аблязовни Россияга экстрадиция қилиш ҳақидаги буйруқни имзолаган эди.

Мухтор Аблязов ўзига билдирилаётган айбловларни сиёсий буюртма деб ҳисоблашини ва ўзининг айбсиз эканини айтиб келади.

Париж ҳужумлари ортида тургани айтилаётган Абдулҳамид Абаауд ўлдирилди

Қаерда олингани ноаниқ бу расмда Абдулҳамид Абаауд тасвирлангани тахмин этилмоқда

Париждаги 13 ноябрь ҳужумлари ортида турганликда гумонланаётган Абдулҳамид Абаауд чоршанба куни Франция пойтахти яқинида ўтказилган рейд пайтида йўқ қилини. Париж шаҳар прокурорининг 19 ноябрь куни билдиришича, бельгиялик Абдулҳамид Абаауд бир кун аввал Париж четидаги Сен Дени туманида амалга оширилган махсус операция пайтида ўлдирилганлардан бири экани аниқланган.

Пайшанба куни Франция парламенти Париж ва унинг атрофида 129 кишининг ўлимига сабаб бўлган 13 ноябрь ҳужумлари ортидан жорий этилган фавқулодда ҳолат режимини уч ойга узайтиришни маъқуллади

Парламент олдида чиқиш қилган Франция Бош вазири Мануель Валлс янги ҳужумлар, жумладан “кимёвий ва биологик қуроллар” ишлатилиши эҳтимолидан огоҳлантирди.

Рус ва француз зобитлари ИДга қарши ҳамкорлик масаласини муҳокама қилдилар

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, юқори рутбали рус ва француз зобитлари Суриядаги “Исломий Давлат” гуруҳига қарши курашда ҳамкорлик масалаларини телефон орқали муҳокамa қилдилар.

Мудофаа вазирлининг айтишича, 19 ноябрда Россия бош штабининг бошлиғи Валерий Герасимов ўзининг француз ҳамкасби Пьер де Виллиерс билан “Суриядаги ИД террорчиларига қарши қуролли кучлар амиётларини мувофиқлаштириш” масаласида мулоқот ўтказди.

ИД гуруҳига қарши курашда АҚШ бошчилигидаги иттифоққа аъзо бўлган Франция ўтган ҳафта Парижда содир этилган террор ҳужумлар ортидан Суриядаги ҳаво амалиётларини кучайтирди.

Россия ҳам 30 сентябрдан буён Сурияда ҳаво амалиётларини ўтказиб келади.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, агар “Сурия суверенитетига ҳурмат кўрсатилса,” Россия АҚШ етакчилигидаги коалиция билан “амалий ҳамкорликка тайёр”.

Унинг ушбу баёноти Сурия президенти Башар Ассад тақдири масаласида Россия ва ғарб ўртасида келишмовчиликлар сақланиб қолаётган бир паллага тўғри келмоқда.

Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Ассадни ўтиш даврида мобайнида ёки охирида истеъфо беришини исташади, аммо Москванинг ишонишича, Ассаднинг иқтидордан кетиши ёки қолиши масаласини фақат Сурия халқи ҳал қилиши лозим.

Россия ФСБси "Пулково" аэропортига марказий-осиёликларни ишга олишни ман қилди

Россия Федерал хавфсизлик хизмати “Пулково” аэропортига марказий-осиёлик муҳожирларни ишга олишни тақиқлади.

Бу ҳақда аэропортдаги манбага таяниб, хабар қилган LifeNews.ru нашрига кўра, “Пулково” аэропорти раҳбариятига бу ҳақда огоҳлантирув юборилган. Хабарга кўра, мазкур тавсия аивация соҳасида хавфсизликни ошириш масаласига бағишланган мажлисда янграган, лекин мазкур кўрсатма фақат оғзаки тарзда берилган.

Биринчи навбатда чекловлар тозалаш ишлари билан шуғулланадиган ширкатларга тааллуқли бўлади. Бундай ширкатлар одатда арзонроқ иш ҳақига рози бўладиган маркази-осиёлик муҳожирларни ёллайди.

Транспорт воситаларида хавфсизликни ошириш чораси ўтган ой охирида “Когалымавиа” ширкатига қарашли самолёт Миср осмонида портлатлиши ортидан жорий этилмоқда. Шарма аш-Шайх курортидан Санкт Петербургга парвоз қилган А321 учоғи ҳалокатига унинг бортига яширин тарзда олиб чиқилган қўлбола бомба портлаши сабаб бўлгани айтилмоқда. 224 одамнинг ўлимига сабаб бўлган портлаш учун масъулиятни “Исломий давлат” экстремист гуруҳи ўз зиммасига олди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG