Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 00:15

Халқаро янгиликлар

Лавров Туркия сафарини бекор қилди, фуқароларга бу давлатга бормасликни тавсия қилди

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мамлакат фуқароларига Туркияга сафар қилмасликни тавсия қилди.

"Туркия тупроқларида террорчилар кўплиги боис, бу давлатдаги хавф Мисрдагидан оз эмас, деган тахминдамиз", деди жумладан Лавров.

Вазирнинг баёноти Туркия-Сурия чегарасида Россияга қарашли Су-24 бомбардимончи самолёти уриб туширилганидан сўнг берилди. Лавров, шунингдек, 25 ноябрга мўлжалланган Туркия сафарини ҳам қолдирди.

24 ноябрь куни Россияга қарашли СУ-24 русумидаги бомбардимончи самолёт Туркия-Сурия чегарасида Туркия ҳарбийлари томонидан уриб туширилди.

Туркия томони берган маълумотга кўра, СУ-24 мамлакатнинг ҳаво чегараларини бузгани учун урилган. Россия Мудрфаа вазирлиги эса СУ-24 учоғининг Туркия ҳаво чегараларини бузганига оид даъволарни инкор қилиб, учоқ Туркия чегарасидан 1 километр нарида уриб туширилган, демоқда.

Октябрь ойида ҳам Россия самолётлари икки бора Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани ҳақида Анқара баёнот тарқатган ва Россия томонини айни ҳаракат такрорланган ҳолда куч қўллашидан огоҳлантирган эди.

Путин Туркия-Сурия чегарасидаги инцидентни «ортдан берилган зарба» деб атади

Туркия-Сурия чегарасида СУ-24 учоғи уриб туширилгани юзасидан чиқиш қилган Россия президенти Владимир Путин инцидентни «ортдан берилган зарба», деб атади ва бунинг "жиддий оқибатлари"дан Туркияни огоҳлантирди:

«Бу ҳаракатлар террорга қарши кураш доирасидан чиқиб кетди. Табиийки, бизнинг ҳарбийларимиз ўз ҳаётини аямай, террорга қарши мардонавор курашмоқда. Аммо, бугунги йўқтишимиз террорчиларни қувватловчилар бизга ортдан қилган зарба оқибатидир. Мен буни бошқачасига атай олмайман», деди Путин Иордания қироли Абдулла Иккинчи билан Сочида ўтган учрашув пайтида.

Шунингдек, у Россия самолёти Сурия ҳудудида – Туркия чегарасидан бир километр нарида уриб туширилган, деб таъкидлади.

Россия президенти бу ҳодиса синчиклаб текширилиши ва бунинг Россия-Туркия муносабатларига жиддий таъсир қилишини айтди.

Октябрь ойида ҳам Россия самолётлари икки бора Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани ҳақида Анқара баёнот тарқатган ва Россия томонини айни ҳаракат такрорланган ҳолда куч қўллашидан огоҳлантирган эди.

НАТО Россия самолёти уриб туширилиши бўйича фавқулодда мажлис ўтказади

Туркиядаги Анадоли агентлигининг хабар қилишича, Анқара вақти билан кеч соат 18 да НАТОга аъзо давлат расмийлари Туркия-Сурия чегарасидаги инцидентни муҳокама қилади.

24 ноябрь куни ушбу чегарада Россия ҳаво кучларига қарашли СУ-24 русумидаги бомбардимончи самолёт уриб туширилди. Икки учувчи парашютда сакраб, Суриянинг туркман жангарилари назоратида қолаётган чегараолди ҳудудига тушгани хабар қилинди.

Ҳозиргача олинган маълумотларга кўра, учувчилардан бири ўлган, яна бири эса маҳаллий туркманлар томонидан асир олинган.

Россия Мудофаа вазирлиги 24 ноябрь куни ҳарбий самолёти Сурия ҳудудида ердан отилган ракета билан урилган, деб баёнот берди.

Туркия томони эса СУ-24 ҳарбий самолёти Туркия миллий ҳаво чегараларини бузгани учун уриб туширилган, деб баёнот берди.

НАТО раҳбарияти ҳозирча бу ҳодиса юзасидан баёнот бермади.

Октябрь ойида ҳам Россия самолётлари икки бора Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани ҳақида Анқара баёнот тарқатган ва Россия томонини айни ҳаракат такрорланган ҳолда куч қўллашидан огоҳлантирган эди.

АҚШ саёҳатда юрган фуқароларини "террор хавфи ошгани"дан огоҳлантирди

АҚШ ҳукумати ўз фуқароларини дунё бўйлаб "террор хавфи ошгани"дан огоҳлантирди ва саёҳат, байрам кунларида эҳтиёт бўлишга чақирди.

13 ноябрь Парижда амалга оширилган ва 130 одам ўлимига сабаб бўлган террор ҳужумларидан кейин АҚШ Давлат департаменти эълон қилган тавсия матнида ҳозирги маълумотлар "Исломий давлат"(ИД) жангариларининг яна террор ҳужумини амалга ошириш эҳтимолидан огоҳлантирилган.

Департамент баёнотида ИД, "Ал-Қойда", "Боко Ҳарам" ва бошқа террор ташкилотлари номи келтирилган. Дания, Франция, Мали Нигерия ва Туркияда яқинда амалга оширилган террор ҳужумлари саналган ва Америка фуқароларига жамоат жойлари ҳамда транспорт воситаларидан фойдаланишда эҳтиёткорликни ошириш тавсия қилинган.

Шунингдек, оммавий жойларга бормаслик ва айниқса, яқинлашиб келаётган байрамлар пайтида эҳтиёткорликни ошириш маслаҳат берилган.

Россия: Су-24 ердан отилган ракета билан Сурия ҳудудида урилди

Россия Мудофаа вазирлиги СУ-24 русумидаги бомбардимончи самолёт Сурия ҳудудида уриб туширилди, деб баёнот тарқатди.

Вазирлик баёнотида самолёт ердан отилган ракета билан урилган, дейилди.

Бироз олдин айни ҳодисани тасдиқлаган Туркия томони чегара кучлари давлат чегарасини бузган Россия ҳарбий самолётини уриб туширганини маълум қилди.

Туркия томони берган маълумотга кўра, 24 ноябрь куни СУ-24 ҳужумчи самолёти мамлакатнинг Сурия билан чегарасида Туркия миллий ҳаво чегараларини бузгани қайд этилган. Туркия ҳаво кучларига қарашли иккита F16 русумидаги самолёт СУ-24 учувчиларини 5 дақиқа ичида 10 бора ҳаво ҳудудини тарк этишга чақирган ва акс ҳолда, ҳужум қилишидан огоҳлантирган.

Россия Мудрфаа вазирлиги СУ-24 самолётининг Туркия ҳаво чегараларини бузганига оид даъволарни инкор қиларкан, буни исботлаб беришга тайёрлигини таъкидламоқда.

Октябрь ойида ҳам Россия самолётлари икки бора Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани ҳақида Анқара баёнот тарқатган ва Россия томонини айни ҳаракат такрорланган ҳолда куч қўллашидан огоҳлантирган эди.

Брюссель Франциядаги терактларга алоқадор тўртинчи гумонланувчига нисбатан айблов эълон қилди

Бельгия хавфсизлик кучлари ходими Моленбекдаги махсус амалиёт чоғида, 2015 йил 22 ноябри.

Бельгия расмийлари Париждаги террор хуружларига алоқадор тўртинчи гумонланувчига нисбатан айблов эълон қилди.

Федерал прокуратура бошқармаси исми ошкор қилинмаётган шахс 22 ноябрь оқшомида ўтказилган полиция рейдлари натижасида қўлга олинганини маълум қилди. Рейдлар чоғида ҳибсга олинмиш яна 15 киши сўроқдан кейин озод қилинган.

23 ноябрь куни қўлга олинган беш кишидан икки нафари ҳам қўйиб юборилган.

Бельгия бош вазири Шарль Мишель Брюсселда террорчилик таҳдиди даражаси Парижда содир бўлганга ўхшаш террорчилик хуружларидан хавфсираш туфайли юқорилигича қолаётганини билдирди.

Бош вазир Бельгия пойтахтидаги мактаблар ва метро 25 ноябрдан бошлаб бирин-кетин қайта очила бошлашини маълум қилди.

13 ноябрь куни Парижда содир этилмиш террорчилик хуружлари натижасида 130 киши нобуд бўлган. Мазкур ҳужумлар учун масъулиятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олган.

Россия президенти Эрон олий руҳонийси билан Сурия масаласини муҳокама қилди

Россия президенти Владимир Путин Эрон олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий билан, Теҳрон, 2015 йил 23 ноябри.

2007 йилдан буён Теҳронга илк бор сафар қилган Россия президенти Владимир Путин Эрон олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий билан учрашди. Бу учрашувнинг бош мавзуи Сурия масаласи бўлди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ва Хоманаий учрашувини “конструктив” руҳда бўлганини қайд этди.

“Москва ва Теҳрон Суриядаги вазиятга хориждан аралашилишига қарши”, деди Дмитрий Песков.

Россия ва Эрон фуқаролар уруши кечаётган Сурияда мамлакат президенти Башар Ассаднинг асосий иттифоқчилари бўлиб ҳисобланади. АҚШ ва унинг иттифоқчилари эса Ассаднинг ҳокимиятдан четлатилиши тарафдори.

Сурияни халқаро санкциялардан ҳимоя қилаётган Россия 30 сентябрдан бу мамлакатдаги “Исломий давлат” гуруҳи ва бошқа жангариларга қарши ҳаво зарбалари бера бошлаган. Эрон эса Ассадни дастаклаш учун Сурияга ҳарбий маслаҳатчиларини йўллаган.

Киев Қримга юк олиб ўтишни вақтинча тақиқлаб қўйди

Электр таъминотисиз қолган Қримнинг кўп жойларида кечалари зулмат ҳукмронлик қилмоқда.

Россия томонидан аннексия қилинмиш Қримда электр таъминотига оид муаммолар вужудга келгач, Киев ҳукумати яриморол билан бўлган маъмурий чегарадан юк олиб ўтишни вақтинча тақиқлаб қўйди. Бу ҳақдаги қарор Украина Вазирлар маҳкамасининг 23 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари мажлисида қабул қилинди.

22 ноябрга ўтар кечаси Украинадан Қримга электр узатиб берувчи симёғоч портлагани сабабли яриморолда яшовчи 2 миллион одам электр қуввати таъминотисиз қолганди.

Қримни қамалга олиш бўйича фуқаролик акцияси штабига кўра, яриморолга электр узатиш тармоғи қулаган ва тиклаш учун яроқсиз ҳолга келган. Фуқаролик акцияси иштирокчилари Украина расмийларидан Қримни “энергетик қамал”га олишни талаб қилмоқдалар.

23 ноябрь куни Украина президенти Петро Порошенко мамлакат бош вазирига хат орқали мурожаат қилиб, Россия томонидан аннексия қилинган Қримга юк машиналари ўтказиш ва савдо-сотиқни тўхтатиш масаласи таҳлили учун ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилганди.

Обама Путинни Сурияда мўътадил исёнчиларни эмас, "Исломий давлат"ни нишонга олишга чақирди

АҚШ Президенти Барак Обама

АҚШ Президенти Барак Обама Россия Суриядаги ҳаво ҳужумларини Башар Ассад ҳукуматига мухолиф муътадил исёнчиларга эмас, “Исломий давлат” экстремист гуруҳига қаратиши керак, дея баён қилди.

Малайзияда 22 ноябрь куни гапирган Обама Россия Президенти Владимир Путинни АҚШ етакчилигидаги коалиция билан муштаракликка чақирди. АҚШ раҳбари ўтган ой охирида 224 кишининг ўлимига сабаб бўлган Россия учоғи ҳалокати учун “Исломий давлат” масъул кўрилаётганини эсалтди.

“Путин Россия фуқароларини ўлдирган одамларни таъқиб этиши керак”, дея таъкидлади Обама.

Россия 30 сентябрдан бери Сурия Президенти Башар Ассадни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳавода исёнчи гуруҳларни нишонга олмоқда. “Исломий давлат” Россия учоғини портлатганлик маъсулиятини ўз зиммасига олгандан кейин Путин ҳаво ҳужумлари кўламини оширишни ваъда қилди.

Қрим татарлари лидери Қрим қамалини тўхтатиш шартларини баён қилди

Москва украиналик сиёсий маҳкумларни озод қилгандан кейингина Россия аннексия қилган Қримни электр энергия билан таъминлаш мумкин бўлади.

Украина парламентининг депутати, Қрим татарлари лидери Мустафо Жамил ўғли ана шундай баёнот билан чиқди.

Шунингдек, Мустафо Жамил ўғли у ва Қрим татарлари мажлисининг бошлиғи Рефат Чубаровга нисбатан Қримга кириш тақиқини бекор қилиш ва “инсон ҳуқуқлари вазиятини мониторинг қилиш учун халқаро ташкилотларга рухсат бериш”га чақирди.

Акс ҳолда, Жамил ўғли сўзларига кўра, Қримни блокада қилиш бўйича акция иштирокчилари ярим оролга электр энергияси ўтувчи йўлнинг қайта тикланишига кафолат бермайдилар.

Украинада икки электр узатиш линияси ишдан чиқиши ортидан Россия аннексия қилган Қримда бир ярим миллионга яқин одам электрсиз қолди.

Қрим раҳбари Сергей Аксенов темир-бетон устунларининг вайрон қилинишини “террорчилик амали”, деб атади.

Қримда фавқулодда вазият жорий этилган.

Ярим оролдаги шаҳарларда сув таъминоти, канализация, алоқа ва иситиш тизимида узилишлар кузатилмоқда.

Ёнилғи қуйиш шахобчалари ва банкоматларда узун навбатлар юзага келган.

Грузия расмийлари Туркиядан келган йигитни террорчиликда гумонлаб қўлга олди

"Исломий давлат" гуруҳига қўшилган ўнла грузиялик орасида Умар ал-Шишани лақаби билан танилган Тархан Батирашвили ҳам бор.

Грузия разведка хизмати террорчиликда гумонланган 29 яшар эркак ҳибсга олинганини билдирди. Давлат хавфсизлик хизматининг 22 ноябрь куни билдиришича, Давид Борчашвили бир кун аввал Туркиядан келган пайтда қўлга олинган.

Хавфсизлик идорасига кўра, Борчашвили жиноят кодексининг хорижий террорчи ташкилотга алоқадорлик ва террорчи ташкилотга кўмаклашганликка доир моддалари бўйича айбланмоқда. Расмийлар бошқа тафсилотларни очиқламади.

Маълум бўлишича, Борчашвили 21 ноябрь куни Грузияга келган, лекин бир неча соат ўтиб расмийлар уни Туркияга депортация қилган. Ўша куниёқ Туркия расмийлари ҳам уни Грузияга қайтариб юборган ва у ерда Борчашвили қамоққа олинган.

Борчашвилининг яқинларига кўра, у Туркияга бир йил аввал иш излаб кетган. У Сурияда бўлганми, йўқми ҳозирча ноаниқ.

Парижда 130 кшининг ўлимига сабаб бўлган 13 ноябрь ҳужумларидан кейин Грузия расмийлари аэропорт, чегара постлари ва “стратегик аҳамиятга эга” иншоотларда хавфсизлик чораларини кучайтирган.

Париж ҳужумлари учун маъсулиятни “Исломий давлат” экстремист гуруҳи ўз зиммасига олди.

Расмийларга кўра, ўнлаб Грузия фуқаролари Сурия ва Ироқдаги исломий жанггарилар сафларига қўшилган. Улар орасида Умар ал-Шишани лақаби билан танилган “Исломий давлат” дала қўмондони Тархан Батирашвили ҳам бор.

Путин Сурия бўҳронини муҳокама қилиш учун Теҳронга йўл олди

Россия президенти Владимир Путин Эрон раҳбарияти билан Сурия бўҳронини муҳокама қилгани Теҳронга сафар қилди.

Москва ва Теҳрон Сурия фуқаролар урушида президент Башар Ассадни ҳимоя қилиб келмоқда.

Россия Сурияга нисбатан халқаро санкциялар қўлланишига вето қўйган ва 30 сентябрдан буён “Исломий Давлат” экстремист гуруҳи ва бошқа мухолифат гуруҳларини бомбалаётир.

Эрон эса Башар Ассад режимини ҳимоя қилиш учун Сурияга ўз ҳарбий маслаҳатчиларини юборган.

Путин 23 ноябрда газ экспорт қилувчи мамлакатлар саммитида иштирок этади ва Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ва президент Ҳасан Руҳоний билан мулоқот ўтказиши кутилмоқда.

Қримда 2 миллион одам электр таъминотисиз қолди

Херсонда портлатилган симёғоч.

Россия ҳукуматининг билдиришича, Украинадан Қримга электр узатиб берувчи симёғоч портлатилгани сабабли Қримда 2 миллион одам электр қуввати таъминотисиз қолди. Шу муносабат билан Қримда фавқулодда ҳолат жорий қилинган.

Қрим расмийлари 22 ноябрь куни генераторлардан фойдаланиб, катта шаҳарлардаги уйларнинг бир қисмига электр энергияси берила бошлаганини билдирди.

Қримга электр энергияси Украинанинг Херсон вилояти орқали берилади. 20 октябрда бу ерда иккита симёғоч портлатилган ва бунинг ортидан Қримга электр узатиш имконияти бўлмай қолган эди.

Украин ҳукуматининг симёғочларни қайта тиклаш ҳаракати фаолларнинг қаршилигига учраган.

Россия оммавий ахборот воситалари симёғочлар Қримнинг Россияга қўшиб олинганига қарши бўлган қрим татарлар гуруҳи томонидан портлатилганини иддао қилмоқда.

Ўш аэропортида самолёт аварияси туфайли 6 киши жароҳатланди

Ўш аэропортида аварияга учраган самолёт.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳри аэропортига қўниш пайтида самолётнинг аварияга учраши оқибатида 6 киши жароҳатланди.

22 ноябрь куни эрталаб Қрасноярскдан Ўшга келган Боинг-737самолёти қўниш пайтида йўлдан чиқиб кетган. Гувоҳларнинг айтишича, қўнаётган пайтда самолётнинг қанотларидан бири ёна бошлаган ва бунинг оқибатида йўловчилар орасида ваҳима бошланган. Қирғизистон авиаширкатларидан бирига қарашли бўлгани айтилаётган самолёт борида 148 йўловчи ва экипаж аъзоларидан 5 киши бўлган.

Мазкур воқеа юзасидан ҳукумат комиссияси Москвадаги Халқаро авиация қўмитаси иштирокида текширув бошлади.

Самолёт аварияси туфайли Ўш аэропортида 22 ноябрь куни эрталабдан кечки соат 8гача парвозлар бекор қилинган эди.

Бельгияда террорга алоқадорликда гумонланган 16 одам қўлга олинди

Бельгия ҳарбийлари кўчаларни назорат қилмоқда.

Бельгияда 23 ноябрга ўтар кечаси Парижда 13 ноябрда содир этилган террорчилик ҳужумларига алоқадорликда гумонланган 16 одам қўлга олинди.

Бельгия федерал прокуратураси вакили Эрик Ван Дер Сипт ҳибс қилинганлар орасида асосий гумонланувчи сифатида қидирилаётган жанггари Абусалом Салоҳ йўқ эканини айтди.

Бельгия расмийлари тергов манфаатларини эътиборга олиб, қўлга олинганларнинг исмларини ҳам, уларга билдирилаётган айбловларни ҳам расман матбуотга эълон қилгани йўқ. Бельгияда хавфсизликни сақлаш амалиёти давом этмоқда.

23 ноябрга ўтар кечаси Брюсселда 19та, Шарлеруада 3та тинтув ўтказилди. Расмийлар тинтувлар жараёнида қурол ёки портловчи моддалар топилмаганини билдирди.

Бельгияда Париждаги террорчилик ҳужумидан сўнг хавфсизлик чоралари кучайтирилган эди. Франция расмийлари Париж портлашларини содир этган террорчилар Бельгияда тайёргарликдан ўтгани ҳақида билдирган.

Нальчикда "Исломий давлат"га аъзоликда гумонланган 14 киши ўлдирилди

"исломий давлат" байроғи.

Россиянинг Кабардин-Болқор Республикаси пойтахти Нальчикда 22 ноябрь куни ўтказилган махсус амалиёт пайтида “Исломий давлат” гуруҳининг маҳаллий бўлинмаси аъзоларидан 14 киши жисмонан йўқ қилинди.

Якшанба куни амалиёт пайтида ўлдирилган жангарилар сони 11 киши экани ҳақида дастлабки маълумот тарқатилганди.

Миллий террорчиликкка қарши кураш қўмитаси раиси Юрий Бицуев жисмонан йўқ қилинганлар орасида гуруҳни 10 ноябрда ўлдирилган гуруҳ раҳбари Роберт Занкишевдан сўнг бошқариб келаётган шахс ҳам борлигини маълум қилди.

Ўлдирилган жангарилар яшаган жойдан қурол ва портловчи моддалар топилгани айтилмоқда.

Хабарларга қараганда, гуруҳ аъзолари Сурияга одами ёллаш ва жўнатиш билан шуғулланиб келган.

Расмийлар махсус амалиёт пайтида тинч аҳоли вакиллари ва махсус хизматлар ходимлари орасида ҳалок бўлган ва яраланганлар йўқ эканини билдирмоқда.

Эронда The Washington Post мухбири номаълум муддатга қамалди

The Washington Post мухбири Жейсон Резаян.

Эрон суди The Washington Post газетаси мухбири Жейсон Резаянни жосусликда айблаб, озодликдан маҳрум қилди. Журналист неча йилга қамалгани ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Теҳроннинг ИРНА агентлиги хабар берди.

Эрон ва АҚШ фуқароси бўлган 39 ёшли Резаян 2012 йилдан бери Теҳронда The Washington Post газетаси мухбирлик пунктига раҳбарлик қилиб келган. У 2014 йил июлида қамоққа олинган эди.

Резоян билан бирга Бирлашган Араб Амирликларида нашр этилувчи National журналида мухбир бўлиб ишловчи рафиқаси Еганэ Салеҳий ва америкалик икки фотомухбир ҳибс қилинган. Бироқ бу уч киши 2014 йилнинг октябрида қамоқдан чиқарилганди.

Резаяннинг адвокати Лейла Асханнинг айтишича, Теҳрон прокуратураси журналистга “ташқи ва ички сиёсий масалаларни ҳал этишда Эрон ҳукуматининг ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаб юрган”, деган айбловни билдирган.

Резаяннинг ўзи, дўстлари ва касбдошлари бу айловни инкор этиб келмоқда.

Шимолий Кавказда ИДга алоқадор 11 жангари ўлдирилди

Россия расмийларига кўра, Шимолий Кавказ минтақасида ўтказилган махсус амалиётда “Исломий Давлат” экстремист гуруҳига алоқадор 11 нафар жангари ўлдирилган.

"Дастлабки маълумотга кўра, 11та бандит ўлдирилди," дея таъкидланади Россия терроризмга қарши кураш қўмитаси томонидан 22 ноябрь куни чиқарилган баёнотда.

"Уларнинг ҳаммаси ИДга байъат қилган қуролли тўда аъзолари эди ," дея илова қилинади баёнотда.

Терроризмга қарши кураш қўмитасига кўра, Кабардин-Болқор минтақаси маркази Нальчик шаҳри ташқарисидаги ўрмонзорда муҳосирага олинган жангарилар куч тизимлари зобитларига қарата ўт очганлар ва граната улоқтирганлар.

Россия расмийларига кўра, минтақада махсус амалиёт давом этмоқда.

Улар аввалроқ Сурия ва Ироқда Исломий жангарилар сафида асосан Шимолий Кавказдан бўлган бир неча минг Россия фуқаролари жанг қилаётгани ҳақида хабар тарқатганди.

Обамага кўра, бомбалашлар "Исломий давлат"га қарши йўналтирилиши керак

АҚШ президенти Барак Обаманинг айтишича, Россия Сурия ҳукуматига қарши жанг қилаётган мўътадил мухолифат кучларга эмас, “Исломий давлат” жангари гуруҳига қарши стратегик қарор олиши керак.

22 ноябрда Малайзияда бўлиб ўтган матбуот йиғинида Обама Россия президенти Владимир Путинни АҚШ етакчилигидаги коалиция билан иттифоқчи бўлишга чақирди.

У Синай ярим оролида Россия йўловчи учоғининг бомбаланишига изоҳ бераркан¸ Путин “Россия фуқароларини ўлдирган одамлар пайидан бўлиши керак,” деб айтди.

Сурия президенти Башар Ассадни дастаклаган Россия 30 сентябрда Сурияни бомбалаш кампаниясини бошлади.

Россия электрсиз қолган Қрим ярим оролида фавқулодда вазият жорий қилди

Қрим электрсиз қолди

Россия расмийларига кўра, Қримнинг 2 миллионга яқин аҳолиси электрсиз қолиши натижасида 22 ноябрдан бошлаб ярим оролда фавқулодда вазият жорий қилинди.

Рус расмийлари сўзларига кўра, Қрим ярим оролининг электрсиз қилишига Украинанинг Херсон вилоятидан узатиладиган иккита электр темир-бетон устуннинг портлатиб юборилиши сабаб бўлган.

ТАСС ахборот агентлиги "Крымэнерго" директори Виктор Плакидага иқтибосан ярим орол "қоронғулик"ка чўмганини маълум қилди.

Қрим ярим оролига электр Украинанинг Херсон вилоятидаги тўртта электр линия орқали узатилади.

20 ноябрь куни Украина полицияси Херсон вилоятида иккита темир-бетон устун вайрон бўлганини билдирди.

2014 йил март ойида Россия Қримни ишғол этиши ортидан ғарб Россияга қарши жазо чораларини киритган эди.

Америкадан Туркияга парвоз қилаётган учоқ йўлда йўналишни ўзгартирди

Канада полицияси 22 ноябрь куни тарқатган хабарга кўра, Нью-Йоркдан Истанбулга парвоз қилаётган “Турк Ҳаво Йўллари” авиаширкатига қарашли учоқ бомба таҳдиди туфайли ўз йўналишини Канаданинг Халифакс шаҳрига ўзгартирган.

Халифакс Станфилд халқаро аэропорти Twitter орқали учоқнинг аэропортга қўнгани ва полиция исковчи итлар билан портловчи моддаларни излаётганини маълум қилди.

Аэропорт тарқатган хабарга кўра, учоқда 256 нафар йўловчи бўлган ва унга бомба ўрнатилгани ҳақида хабар олиниши ортидан зудлик билан ерга қўниш қарори олинган.

Полиция бомба таҳдиди тафсилотини ошкор этмаслигини билдирди.

Малидаги ҳужумда россияликлар ҳам ҳалок бўлган

Малидаги Radisson Blu меҳмонхонасига қилинган ҳужумда россияликлар ҳам ҳалок бўлган.

Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги шанба куни маълум қилди. Вазирликка кўра, Малидаги меҳмонхонага ҳужумдан Россиядаги "Волга Днепр" авиаширкатининг 6 нафар ходими ҳалок бўлган.

Жума куни Мали пойтахти Бамако марказидаги Radisson Blu меҳмонхонасига “Оллоҳу акбар!” дея бостириб кирган икки қуролли жангари 170 одамни гаровга олди.

Куннинг иккинчи ярмида махсус амалиëт натижасида гаровдагиларнинг ҳаммаси озод қилингани маълум бўлди.

Мали расмийлари меҳмонхонада 27 одамнинг ўлиги топилгани, одамларни гаровга олган икки қуролли ўлдирилганини билдирди.

Брюсселда хавфсизлик чоралари энг юқори даражада кучайтирилди

Белгия пойтахти Брюсселда шанба кунига ўтар кечаси террорчилик хавфи даражаси энг юқори - тўртинчи даражага кўтарилди.

Шаҳар аҳолиси кутилмаган ҳужумлар рўй бериши эхтимолидан огоҳлантирилди ва эҳтиёткор бўлиш, одамлар гавжум жойларга бормаслик тавсия этилди.

Пойтахт Брюсселда бугун эрталабдан метро ёпиб қўйилди ва кун давомида ишламаслиги айтилмоқда.

Шаҳар кўчаларини полиция патруллари қўриқламоқда.

Хавфсизлик чораларининг кучайтирилиши Париждаги ҳужумларнинг асосий гумонланувчиси Салаҳ Абдусаломнинг қидирилаётгани билан боғлиқлиги тахмин қилинмоқда.

Ҳукумат эса террор хавфсининг юқори даражага кўтарилиши сабабларини очиқламаган.

Туркияда Париждаги ҳужумларга алоқадор уч шахс қўлга олинди

Туркия полицияси Париждаги ҳужумларга алоқадор, деб кўрилаётган уч одамни қўлга олди.

“Исломий давлат” экстремист гуруҳи аъзолари экани гумонланаётган шу уч одамнинг бири Белгия фуқароси Аҳмад Дахмонийдир.

Келиб чиқиши марокашлик Дахмоний 21 ноябрь куни Анталиядаги меҳмонхоналардан бирида қўлга олинди.

Қолган икки гумонланувчи сурияликлар экани айтилмоқда.

Ўтган жума куни Париждаги бар ва ресторанлар, Батаклан концерт зали ва Стад де Франс стадиони яқинидаги ҳужумларда 130дан зиёд одам ҳаётдан кўз юмди ва юзлаб одамлар тан жароҳати олган эди.

Кўмир конидаги ҳужумга алоқадор кўрилган 28 шинжонлик ўлдирилди

Уйғур етакчилари Пекинни уйғурлар ҳақларини камситаëтганликда айблайди.

Хитой давлат матбуотига кўра¸ 56 кун давом этган таъқиб натижасида 18 сентябрь куни Аксудаги кўмир конига ҳужум қилган 29 одамдан 28 таси йўқ қилинган¸ улардан биттаси ўз ихтиëри билан таслим бўлган.

Асосан уйғурлар яшовчи Шинжонг минтақасидаги кўмир конида содир бўлган қонли ҳужум оқибатида 11 фуқаро ва 5 полициячи ўлдирилган эди.

Хитой расмийлари¸ бу ҳужумни хориждан туриб бошқарилаëтган террорчилар тўдаси амалга оширганини иддао қилмоқда.

Маҳаллий матбуотда террорчи гуруҳ раҳбари сифатида тилга олинган икки шахснинг уйғурлар экани айтилмоқда.

Кейинги йилларда Шинжон минтақасида маҳаллий уйғурлар ва бу ерга оммавий тарзда кўчирилган хон хитойлар ўртасидаги кескинлик кучайиб¸ ўзаро қонли тўқнашувлар кўпайиб бормоқда.

Пекин бу кескинлик учун уйғур исломий жангариларини¸ сургундаги уйғур етакчилари эса¸ Хитойнинг уйғурларга нисбатан олиб бораëтган репрессив сиëсатини айблайди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG