Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 12:21

Халқаро янгиликлар

Эрдўғон Путин айбловига айблов билан жавоб қайтарди

Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон.

Россия бомбардимончи учқичининг турк ҳарбийлари томонидан уриб туширилиши муносабати билан юзага чиққан Анқара-Москва баëнотлар уруши давом этмоқда.

Россия президентининг Туркия ИШИДни дастакламоқда¸ хусусан¸ ундан арзон нефть сотиб олиш орқали террорчиларга молиявий кўмак бермоқда¸ деган баëнотига Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон кескин жавоб қайтарди.

Бундай айбловни қувватлаш учун Россиядан аниқ факт талаб қилган Эрдўғон¸ акс ҳолда¸ бундай туҳматчиларнинг тегишли жавоб олишларини таъкидлади.

Туркиянинг асосий нефть ва газ экспортëри айнан Россия эканини айтган Эрдўғон давлат раҳбарининг бундай баëнот беришини уятли ҳодиса деб баҳолади.

ИШИДдан нефть сотиб олаëтган айнан Россия дастаклаëтган Ассад ҳукуматидир¸ бу террорчиларга ҳарбий ва молиявий дастак ҳам айнан шу йўл орқали берилмоқда¸ деди жумладан Эрдўғон.

Путин Туркиядан¸ Эрдўғон Россиядан кечирим сўрашни талаб қилди

Туркия ва Россия президнетлари.

Туркия раҳбариятини ўзаро муносабатларни атайлаб боши берк кўчага олиб кирганликда айблаган Россия президенти Владимир Путин Россия бомбардимончи учқичининг турк ҳарбийлари томонидан уриб туширилгани учун Анқарадан кечирим кутаëтганини билдирди.

Учқичнинг уриб туширилгани учун товон пули тўланишини ҳам талаб қилган Кремль раҳбари Россия бомбардимончисига ўт очган турк учувчиларини “жиноятчилар” деб атади ва Туркия ҳукуматидан уларни жазолашни сўради.

Путиннинг бу баëнотига дарҳол жавоб қайтарган Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон эса¸ Россиядан кечирим талаб қилди:

- Агар бу воқеа учун кимдир узр сўраши керак бўлса¸ бу биз эмас. Бизнинг ҳаво ҳудудимизни бузиб кирганлар узр сўраши лозим. Учувчи ва қуролли кучларимиз шунчаки ўз вазифаларини адо этдилар ва халқаро қоидани бузганларга жавоб қайтардилар¸ деди CNN телеканалига берган бугунги интервьюсида Эрдўғон.

Айни пайтда Туркия ҳарбийлари Суриядан ҳавога кўтарилиши билан Туркия томон учган Россия бомбардимончи учқичларига берилган огоҳлантирув аудиоëзувни эълон қилди.

Унда турк ҳаво сарҳадларини қўриқлаëтган қирувчи учқич пилоти рус учувчиларини Туркия сарҳадига яқинлашаëтганидан огоҳлантириб¸ уларни ўз йўналишини дарҳол жанубга буришни сўрайди.

Турк расмийлари таъкидича¸ Россия учувчиси 5 дақиқа ичида 10 марта қайталанган бундай огоҳлантирувни писанд қилмасдан¸ турк ҳаво ҳудудига кирганидан сўнг¸ учқич уриб туширилган.

Британия ИШИДга қарши халқаро коалицияга қўшилиши мумкин

Британия Бош вазири Дэвид Камерон парламент олдида чиқиш қилмоқда.

Лондон ҳукумати раҳбари Дэвид Камерон Буюк Британия “Исломий давлат” террор ташкилотининг Суриядаги истеҳкомларига қарши ҳаво ҳужумлари уюштираëтган халқаро коалицияга қўшилиши лозим деган фикрда.

Британия парламенти ҳукуматнинг бу жараëнга қўшилиш сўровини келаси ҳафта муҳокама қилади.

Камерон таъкидича¸ Британия ҳаво кучларининг халқаро коалицияга қўшилиши ИШИДни тор-мор қилиш стратегиясининг бир қисми ва бу ИШИД таҳликасини камайтиришга хизмат қилади.

23 ноябрь куни Камерон Франция ҳаво кучларининг ИШИДга ҳужум уюштириш учун Қибрисдаги Британия базасидан фойдаланишига рухсат берди.

Россия Давлат думасига арман қирғинига оид қонун лойиҳаси киритилди

“Справедливая Россия” фракцияси раҳбари Сергей Миронов.

Россия Давлат думасига Усмонли империяси арманларни қатлиом қилганини инкор этганлик учун жавобгарликка тортилишни кўзда тутган қонун лойиҳаси киритилди. Бу ҳақда “Справедливая Россия” фракцияси лидери Сергей Миронов чоршанба куни журналистларга маълум қилди.

“Бир ярим миллион арман жисмонан йўқ қилинган ёки бадарға этилган ва биз, турк расмийлари буни нақадар истамасинлар, бу фактни тарихдан ўчириб юборилишига йўл қўймаймиз”, дея иқтибос келтиради Миронов сўзларидан Интерфакс агентлиги.

РИА Новости хабарига кўра, қонун лойиҳаси муаллифлари Россия Жиноят кодексига бу борада тегишли модда қўшмоқчилар. Бу “жиноят”ни содир этганларни 500 минг рублгача жаримага тортиш ҳамда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Туркия 1915 йилда арманларнинг ўлдирилишини қатлиом ўлароқ тан олмайди. Анқара Усмонли империяси ҳаракатлари натижасида, айрим экспертлар таъкидлаётганидек, 1,5 миллион эмас, балки 500 мингга яқин арман ҳалок бўлганини билдириб келади.

Бу ҳодисани қатор давлатлар, шу жумладан, Россия ҳам қатлиом, деб тан олган.

Янги қонун лойиҳаси ҳақида турк қирувчи учоғи Туркия-Сурия чегарасида рус бомбардимончи учоғини уриб туширганининг эртасига эълон қилинди.

Россия президенти Путин мазкур ҳодисани “орқадан берилган зарба”, деб атаган.

Олланд Путин билан террорчиликка қарши кураш масаласини муҳокама қилмоқчи

Франция президенти Франсуа Олланд ва Россия президенти Владимир Путин.

26 ноябрь куни Франция президенти Франсуа Олланднинг Москвада Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказиши кутилмоқда.

Бу ҳафта Франция президенти Париждаги террор хуружлари учун масъулиятни зиммасига олган “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш борасида дунёнинг етакчи давлатлари лидерлари дастагини қозониш мақсадида улар билан учрашувлар ўтказмоқда.

25 ноябрь куни Франсуа Олланд Парижда Германия канцлери Ангела Меркель билан учрашди. Олланд Германияни Ироқ ва Сурияда “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашда фаолроқ бўлишга чақирди. Ўз навбатида Меркель террорчиликка қарши курашда Францияни дастаклаш учун қўлидан келган барча ишни амалга оширишга ваъда берди.

Чоршанба куни Франция парламенти Сурияда “Исломий давлат” жангариларига қарши сентябрь ойида бошланган ҳарбий-ҳаво амалиётларни давом эттириш қарорини бир овоздан ёқлади. Франция “Исломий давлат”нинг Ироқдаги позицияларига қарши 2014 йилдан буён ҳаво зарбалари бериб келмоқда.

Жорий ҳафтада Олланд террорчиларга қарши кураш масалаларини Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ва АҚШ президенти Барак Обама билан муҳокама қилган. Яқин кунларда Франция президенти Италия бош вазири Маттео Ренци билан учрашмоқчи.

13 ноябрь куни Парижда содир этилмиш қуролли ҳужумлар чоғида 130 киши ҳалок бўлган, 350 дан зиёд киши яраланганди.

Москва Туркияда рус қирувчи учоғининг уриб туширилишини “аввалдан режаланган провокация” демоқда

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Туркия-Сурия чегарасида рус жанговар учоғининг ўққа тутилиши “аввалдан режаланган провокация” бўлса керак, деган тахминни илгари сурди ва “Анқаранинг НАТОдаги иттифоқчилари Туркия ҳарбий-ҳаво кучларини ҳимоя қилишга уринаяпти”, дея баён қилди.

Лавров бу баёнотни Сурия шимолида ҳаво зарбалари бераётган рус ҳарбий самолёти турк қирувчи учоғи томонидан уриб туширилганидан бир кун кейин, яъни 25 ноябрь куни Москвада журналистлар олдида қилган чиқишида берди.

Ҳодиса чоғида бир рус учувчиси ҳалок бўлган.

Лавров НАТО ва Европа Иттифоқи ҳодиса ҳақида “анча ғалати баҳо” берганини билдирди ва улар бу борада ҳеч қанақа таассуф ёки таъзия билдирмаганидан нолиди.

“Москва бу нохуш ҳодисанинг қасдан содир этилмагани ҳақида шубҳаланаётгани”ни айтган Лавров Россия уриб туширилган Су-24 учоғи ҳақида маълумот тўплагани ва уни халқаро ҳамжамият билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

Россия ташқи ишлар вазири Москва Туркияга ўз дипломатларини йўллаш ёки туркиялик мулозимларни қабул қилиш бўйича ҳеч қанақа режага эга эмаслигини қўшимча қилди.

Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Лавров билан телефон орқали сўзлашгани ҳамда икки вазир яқин орада учрашишга келишиб олганлари ҳақида хабар қилинганди.

Москвада Туркия элчихонаси тошбўрон қилинди

Туркия элчихонаси олдига йиғилган россияликлар Туркия байроғини ёқиб юборди

Туркиянинг Россиядаги элчихонаси тошбўрон қилингани тўғрисида мослента.ру сайти хабар қилди.

“Элчихона олдини тошлар ва шиша синиқлари босиб кетган. Бино ойналари синдирилган, ҳамма жойда бўёқ”, деб ёзди сайт мухбири.

Бошқа манбалардан олинган хабарларга қараганда, элчихонани тошбўрон қилганлар Туркия байроғини ҳам ёқиб юборган.

Элчихона олдида полициянинг бир неча наряди навбатчилик қилаётгани, улар бино йўлларини тўсишга уринаётгани хабар қилинди

Туркия элчихонаси ёнида қора куртка ва қора бош кийим кийган ёш йигитлар гуруҳи тургани айтилди.

24 ноябрь куни Туркиянинг Москвадаги элчихонаси олдида Россия самолётининг Сурияда уриб туширилишидан норозиларнинг акцияси бўлиб ўтган, акцияда 600 дан зиёд киши қатнашган эди.

Лавров: Россия Туркия билан урушга кирмайди

“Туркия билан урушмоқчи эмасмиз, турк халқига муносабатимиз ўзгаргани йўқ. Турия раҳбариятигагина саволларимиз бор”, деб баёнот берди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

ТАСС агентлигига кўра, Лавров Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғига қилинган ҳужум олдиндан режалаштирилган провокацияга ўхшашлигини айтган.

“Бу ҳужумнинг беҳосдан қилинганига шубҳаларимиз бор, бу олдиндан режалаштирилган провокацияга ўхшаб кетаяпти”, деган Сергей Лавров.

24 ноябрь куни Туркия Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказаётган Россиянинг СУ-24 қирувчи самолёти чегарани бузиб ўтгани учун уриб туширилганини билдирган.

Бироқ Москва самолёт Туркияда эмас, Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда. Президент Владимир Путин бу воқеани “орқадан туриб берилган зарба”, деб атади ва бунинг "жиддий оқибатлари"дан Туркияни огоҳлантирди.

Россия Сурияда С-400 зенит комплексларини жойлаштиради

С-400 ракетаси 400 километргача бўлган масофадаги ҳамда бир неча минг метр баландликдаги нишонга зарба бера олади.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Суриянинг Хмеймим шаҳридаги авиабазага С-400 ракеталари жойлаштирилажаги тўғрисида баёнот берди.

Интерфакс агентлигига кўра, С-400 зенит-ракета комплекси кейинги пайтларда ”Бук” ракета системаси билан боғлиқ равишда кўп тилга олинган "Алмаз-Антей" концернида ишлаб чиқарилади.

Аввалги модификацияси S-300PMU-3 деб аталган С-400 ракетаси 400 километргача бўлган масофадаги ҳамда бир неча минг метр баландликдаги нишонга зарба бера олади.

Украина Россия учоқлари учун ўз осмонини ёпиб қўйди

Украина Россиянинг барча авиакомпаниялари учун ўз ҳудуди узра учиб ўтишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда чоршанба куни Украина ҳукумати раиси Арсений Яценюк баёнот берди.

“Инфраструктура вазирлиги халқаро ҳуқуқ меъёрларига биноан ҳаво маконимизни Россиянинг истисносиз барча авикомпаниялари учун ёпиш ҳамда Россия авиакомпанияларининг барча транзит ташувларини тўхтатиш чораларини кўрсин”, деб баёнот берди Украина бош вазири.

Эрдўғон: Рус учоғи учган ҳудудда ИШИД жангарилари йўқ

Туркия президентига кўра, Россиянинг Су-24 учоғи парвоз қилган ҳудудда “Ислом давлати” террористик гуруҳи жангарилари мавжуд эмас.

Бу ҳақда Ражаб Тойиб Эрдўғон чоршанба куни Истамбулда бўлиб ўтган иқтисодий анжуманда қилган чиқиши чоғида баёнот берди.

Унинг айтишича, Россия самолёти уриб туширилиши билан боғлиқ масалани Туркия “шиширмаслиги”, лекин ўз чегараларини қўриқлашда давом этажаги тўғрисида баёнот берди.

Эрдўғон Россия ҳарбий самолётининг Туркия ҳудудида уриб туширилганини, учоқ парчалари Туркия ҳудудидан топилгани бунинг исботи эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

24 ноябрь куни Туркия Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказаётган Россиянинг СУ-24 қирувчи самолёти чегарани бузиб ўтгани учун уриб туширилганини билдирган.

Бироқ Москва самолёт Туркияда эмас, Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда. Президент Владимир Путин бу воқеани “орқадан туриб берилган зарба”, деб атади ва бунинг "жиддий оқибатлари"дан Туркияни огоҳлантирди.

Ўш вилоят суди имом Рашодхон Камоловнинг қамоқ муддатини беш йилга узайтирди

Рашодхон Камолов 24 ноябрда ўтган суд жараёнида.

Ўш вилоят судида 24 ноябрь куни қорасувлик таниқли ўзбек имоми Рашодхон Камоловга нисбатан апелляция жараёни ниҳоясига етди.

Қорасув туман суди 7 октябрда “диний адоват қўзғаганлик” ҳамда “экстремистик материалларни сақлаганлик ва тарқатганлик” айблови билан Рашодхон Камоловга 5 йиллик қамоқ жазосини белгилаган эди.

Ўш вилоят судида эса Камолов “ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда экстремистик материалларни сақлаганлик ва тарқатганлик”да ҳам айбдор деб топилди. Суд ҳукми билан Рашодхон Камолов кучайтирилган тартибда 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Камоловнинг адвокатлари, яқинлари ҳамда судда иштирок этган қорасувликлар ҳукмдан норози эканини айтмоқдалар.

Суд жараёнларида иштирок этган мустақил экспертлар Рашодхон Камолвонинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани ҳақидаги хулосаларини тақдим этган эдилар. Бироқ ҳуқуқ-тартибот тузилмалари Рашодхон Камоловга билдирилган айбловлар тўла исботини топган, деб ҳисоблайди.

37 ёшли таниқли имом Рашодхон Камолов шу йилнинг 9 февраль куни “экстремизмга даъват қилганлик”, “халифалик тузишга ҳаракат қилганлик”да айбланиб, ҳибсга олинган. Унга нисбатан суд жараёнлари 23 июлда бошланган.

Туркия ва АҚШ рус самолёти уриб туширилиши ортидан юзага келган кескинликни юмшатиш шартлиги ҳақида келишиб олди

Туркия томонидан уриб туширилган Россия самолёти.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон ва АҚШ президенти Барак ОбамаТуркия томонидан Россия ҳарбий самолёти уриб туширилиши ортидан юзага келган кескинликни юмшатиш шартлиги тўғрисида келишиб олди.

24 ноябрь куни икки давлат президентлари бу масалада телефон орқали суҳбатлашган. Анқаранинг билдиришича, суҳбат чоғида Барак Обама АҚШ Туркиянинг ўз суверенитетини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди, деб айтган.

“Президентлар кескинликни юмшатиш ва бу каби воқеа қайта такрорланишининг олдини олиш шартлигини таъкидлашди”, дейилади Эрдўғон маъмурияти тарқатган баёнотда.

24 ноябрь куни Туркия Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказаётган Россиянинг СУ-24 қирувчи самолёти чегарани бузиб ўтгани учун уриб туширилганини билдирган. Бироқ Москва самолёт Туркияда эмас, Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда. Президент Владимир Путин бу воқеани “орқадан туриб берилган зарба”, деб атади ва бунинг "жиддий оқибатлари"дан Туркияни огоҳлантирди.

Октябрь ойида ҳам Россия самолётлари икки бора Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани ҳақида Анқара баёнот тарқатган ва Россия томонини айни ҳаракат такрорланган ҳолда куч қўллашидан огоҳлантирган эди.

Россия бамбордимончи самолётлари сентябрь ойидан бери Суриядаги жангларда Башар Ассад томонида туриб жанг қилмоқда.

Рус учувчиларини қутқаришга борган вертолёт ҳалокатга учради

Ми-8 вертолёти.

Туркия томонидан 24 ноябрда уриб туширилган рус ҳарбий самолёти экипажини қутқариш учун жўнатилган Ми-8 вертолёти ўққа тутилгани оқибатида аварияга учради. Қутқарувчилардан бири эса ҳалок бўлди. Бу хабарни Россия Қуролли кучлар Бош штаби расмийси, генерал-лейтенант Сергей Рудский тасдиқлади.

Унга кўра, уриб туширилган СУ-24 самолёти экипажини қутқариш учун иккита Ми-8 вертолёти жўнатилган. Қутқарув амалиёти пайтида вертолётлардан бири ўққа тутилгани ортидан жиддий зарар кўргани натижасида бетараф ҳудудга мажбурий қўндирилган. Вертолёт бортида бўлган ҳарбий қутқарувчилардан бири ҳалок бўлган.

Генерал вертолёт экипажи ва қутқарувчилар гуруҳи эвакуация қилингани ва ҳозир Суриядаги Хмеймим базасида эканини маълум қилди.

“Уриб туширилган Россия бамбордимончи самолёти экипажини қидириб топиш ва қутқариш амалиёти давом этмоқда”, деди генерал Рудской.

Аввалроқ Суриядаги туркман исёнчилари Туркия томонидан уриб туширилган СУ-24 самолётининг парашютда сакраб тирик қолган икки учувчисини отиб ўлдирганларини билдирган эди.

Doğan News Agency'га берган суҳбатида туркман қўшинлари 2-дивизиони қўмондони ўринбосари Алпаслан Челик “Биз учувчиларни ерга яқинлашган пайтда отиб ўлдирдик. Уларнинг жасади бизнинг қўлимизда”, деб айтган.

Обама ва Олланд ИДга қарши зарбаларни кучайтиришга келишиб олди

Франция президенти Франсуа Олланд (чапда) ва АҚШ президенти Барак Обама Вашингтонда учрашмоқда.

Барак Обама ва Франсуа Олланд Вашингтон учрашувидан сўнг Қўшма Штатлар ва Франция террорчиликка қарши курашда ҳамкор экани ҳамда “Исломий давлат” гуруҳи барча инсоният учун жиддий хавф эканини яна бир бор тасдиқлашди.

24 ноябрь куни икки давлат президентлари учрашувидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Обама Европа Иттифоқини авиаширкатлар йўловчилари ҳақида маълумот алмашиш бўйича шартномани амалга оширишга чақирди. Фарнсуа Олланд эса террорчиларнинг Европага сизиб киришининг олдини олиш учун Туркия Сурия билан чегараларини ёпиши шарт, деб билдирди.

Олланд АҚШ ва Франция Сурия ҳамда Ироқда “Исломий давлат” гуруҳига қарши ҳаво зарбаларини кучайтиришга келишиб олганини маълум қилди.

Франсуа Олланднинг Барак Обама билан учрашуви 13 ноябрь куни Парижда содир этилган террорчилик ҳаракатлари ортидан ўтказилди. Париждаги террорда 130 одам ҳалок бўлган. Мазкур террор учун масъулиятни "Исломий давлат" гуруҳи ўз зиммасига олган.

Россия Украинага газ ва кўмир сотишни тўхтатишини билдирди

Россия энергетика вазири Александр Новак.

Россия энергетика вазири Александр Новак Украина газ учун олдиндан ҳақ тўлашдан бош тортгани учун бу мамлакатга зангори олов етказиб беришни камайтиришини маълум қилди.

Новак Киев Қримнинг электр энергияси таъминотини қайта тиклай олмаётгани ортидан Украинага кўмир сотишни ҳам тўхтатишини билдирди.

Вазирнинг айтишича, газ таъминоти “бир –икки кун ичида тўхтатилади”. Новак Киев Қримнинг электр таъминотини қайта тикламаса Россия бунга жавобан “сиёсий ва иқтисодий” чоралар кўришини таъкидлади.

Украинанинг Херсон вилоятида бир нечта симёғочлар портлатилгани ортидан 20 ноябрдан бери Қримда 2 миллион одам электр қувватисиз қолмоқда. Украин фаоллари Қримга электр етказиб берувчи симёғочлар қайта тикланишига қатъий тўсқинлик қилаётир.

АҚШда террорчиликда айбланган шахс 40 йилга қамалди

Обид Носир.

Нью Йорк суди келиб чиқиши покистонлик бўлган Обид Носирни террорчиликда айблаб 40 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Носир биринчи марта 2009 йилда Британиянинг Манчестер шаҳрида террорчи гуруҳга алоқадорликда айбланиб ҳибс қилинган эди. Бироқ кўп ўтмай Носир ва яна 9 гумонланувчи озод этилган. Кейинроқ эса улар яна қайта қўлга олиниб, АҚШга экстрадиция қилинган.

Қўшма Штатлар Обид Носирга Ғарб давлатларига қарши террорчилик ҳаракатларини тайёрлаш айбловини билдирган.

Терговнинг билдиришича, Обид Носир “Ал Қоида”га алоқадор террорчи гуруҳга раҳбарлик қилган.

Лавров Туркия сафарини бекор қилди, фуқароларга бу давлатга бормасликни тавсия қилди

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мамлакат фуқароларига Туркияга сафар қилмасликни тавсия қилди.

"Туркия тупроқларида террорчилар кўплиги боис, бу давлатдаги хавф Мисрдагидан оз эмас, деган тахминдамиз", деди жумладан Лавров.

Вазирнинг баёноти Туркия-Сурия чегарасида Россияга қарашли Су-24 бомбардимончи самолёти уриб туширилганидан сўнг берилди. Лавров, шунингдек, 25 ноябрга мўлжалланган Туркия сафарини ҳам қолдирди.

24 ноябрь куни Россияга қарашли СУ-24 русумидаги бомбардимончи самолёт Туркия-Сурия чегарасида Туркия ҳарбийлари томонидан уриб туширилди.

Туркия томони берган маълумотга кўра, СУ-24 мамлакатнинг ҳаво чегараларини бузгани учун урилган. Россия Мудрфаа вазирлиги эса СУ-24 учоғининг Туркия ҳаво чегараларини бузганига оид даъволарни инкор қилиб, учоқ Туркия чегарасидан 1 километр нарида уриб туширилган, демоқда.

Октябрь ойида ҳам Россия самолётлари икки бора Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани ҳақида Анқара баёнот тарқатган ва Россия томонини айни ҳаракат такрорланган ҳолда куч қўллашидан огоҳлантирган эди.

Путин Туркия-Сурия чегарасидаги инцидентни «ортдан берилган зарба» деб атади

Туркия-Сурия чегарасида СУ-24 учоғи уриб туширилгани юзасидан чиқиш қилган Россия президенти Владимир Путин инцидентни «ортдан берилган зарба», деб атади ва бунинг "жиддий оқибатлари"дан Туркияни огоҳлантирди:

«Бу ҳаракатлар террорга қарши кураш доирасидан чиқиб кетди. Табиийки, бизнинг ҳарбийларимиз ўз ҳаётини аямай, террорга қарши мардонавор курашмоқда. Аммо, бугунги йўқтишимиз террорчиларни қувватловчилар бизга ортдан қилган зарба оқибатидир. Мен буни бошқачасига атай олмайман», деди Путин Иордания қироли Абдулла Иккинчи билан Сочида ўтган учрашув пайтида.

Шунингдек, у Россия самолёти Сурия ҳудудида – Туркия чегарасидан бир километр нарида уриб туширилган, деб таъкидлади.

Россия президенти бу ҳодиса синчиклаб текширилиши ва бунинг Россия-Туркия муносабатларига жиддий таъсир қилишини айтди.

Октябрь ойида ҳам Россия самолётлари икки бора Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани ҳақида Анқара баёнот тарқатган ва Россия томонини айни ҳаракат такрорланган ҳолда куч қўллашидан огоҳлантирган эди.

НАТО Россия самолёти уриб туширилиши бўйича фавқулодда мажлис ўтказади

Туркиядаги Анадоли агентлигининг хабар қилишича, Анқара вақти билан кеч соат 18 да НАТОга аъзо давлат расмийлари Туркия-Сурия чегарасидаги инцидентни муҳокама қилади.

24 ноябрь куни ушбу чегарада Россия ҳаво кучларига қарашли СУ-24 русумидаги бомбардимончи самолёт уриб туширилди. Икки учувчи парашютда сакраб, Суриянинг туркман жангарилари назоратида қолаётган чегараолди ҳудудига тушгани хабар қилинди.

Ҳозиргача олинган маълумотларга кўра, учувчилардан бири ўлган, яна бири эса маҳаллий туркманлар томонидан асир олинган.

Россия Мудофаа вазирлиги 24 ноябрь куни ҳарбий самолёти Сурия ҳудудида ердан отилган ракета билан урилган, деб баёнот берди.

Туркия томони эса СУ-24 ҳарбий самолёти Туркия миллий ҳаво чегараларини бузгани учун уриб туширилган, деб баёнот берди.

НАТО раҳбарияти ҳозирча бу ҳодиса юзасидан баёнот бермади.

Октябрь ойида ҳам Россия самолётлари икки бора Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани ҳақида Анқара баёнот тарқатган ва Россия томонини айни ҳаракат такрорланган ҳолда куч қўллашидан огоҳлантирган эди.

АҚШ саёҳатда юрган фуқароларини "террор хавфи ошгани"дан огоҳлантирди

АҚШ ҳукумати ўз фуқароларини дунё бўйлаб "террор хавфи ошгани"дан огоҳлантирди ва саёҳат, байрам кунларида эҳтиёт бўлишга чақирди.

13 ноябрь Парижда амалга оширилган ва 130 одам ўлимига сабаб бўлган террор ҳужумларидан кейин АҚШ Давлат департаменти эълон қилган тавсия матнида ҳозирги маълумотлар "Исломий давлат"(ИД) жангариларининг яна террор ҳужумини амалга ошириш эҳтимолидан огоҳлантирилган.

Департамент баёнотида ИД, "Ал-Қойда", "Боко Ҳарам" ва бошқа террор ташкилотлари номи келтирилган. Дания, Франция, Мали Нигерия ва Туркияда яқинда амалга оширилган террор ҳужумлари саналган ва Америка фуқароларига жамоат жойлари ҳамда транспорт воситаларидан фойдаланишда эҳтиёткорликни ошириш тавсия қилинган.

Шунингдек, оммавий жойларга бормаслик ва айниқса, яқинлашиб келаётган байрамлар пайтида эҳтиёткорликни ошириш маслаҳат берилган.

Россия: Су-24 ердан отилган ракета билан Сурия ҳудудида урилди

Россия Мудофаа вазирлиги СУ-24 русумидаги бомбардимончи самолёт Сурия ҳудудида уриб туширилди, деб баёнот тарқатди.

Вазирлик баёнотида самолёт ердан отилган ракета билан урилган, дейилди.

Бироз олдин айни ҳодисани тасдиқлаган Туркия томони чегара кучлари давлат чегарасини бузган Россия ҳарбий самолётини уриб туширганини маълум қилди.

Туркия томони берган маълумотга кўра, 24 ноябрь куни СУ-24 ҳужумчи самолёти мамлакатнинг Сурия билан чегарасида Туркия миллий ҳаво чегараларини бузгани қайд этилган. Туркия ҳаво кучларига қарашли иккита F16 русумидаги самолёт СУ-24 учувчиларини 5 дақиқа ичида 10 бора ҳаво ҳудудини тарк этишга чақирган ва акс ҳолда, ҳужум қилишидан огоҳлантирган.

Россия Мудрфаа вазирлиги СУ-24 самолётининг Туркия ҳаво чегараларини бузганига оид даъволарни инкор қиларкан, буни исботлаб беришга тайёрлигини таъкидламоқда.

Октябрь ойида ҳам Россия самолётлари икки бора Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани ҳақида Анқара баёнот тарқатган ва Россия томонини айни ҳаракат такрорланган ҳолда куч қўллашидан огоҳлантирган эди.

Брюссель Франциядаги терактларга алоқадор тўртинчи гумонланувчига нисбатан айблов эълон қилди

Бельгия хавфсизлик кучлари ходими Моленбекдаги махсус амалиёт чоғида, 2015 йил 22 ноябри.

Бельгия расмийлари Париждаги террор хуружларига алоқадор тўртинчи гумонланувчига нисбатан айблов эълон қилди.

Федерал прокуратура бошқармаси исми ошкор қилинмаётган шахс 22 ноябрь оқшомида ўтказилган полиция рейдлари натижасида қўлга олинганини маълум қилди. Рейдлар чоғида ҳибсга олинмиш яна 15 киши сўроқдан кейин озод қилинган.

23 ноябрь куни қўлга олинган беш кишидан икки нафари ҳам қўйиб юборилган.

Бельгия бош вазири Шарль Мишель Брюсселда террорчилик таҳдиди даражаси Парижда содир бўлганга ўхшаш террорчилик хуружларидан хавфсираш туфайли юқорилигича қолаётганини билдирди.

Бош вазир Бельгия пойтахтидаги мактаблар ва метро 25 ноябрдан бошлаб бирин-кетин қайта очила бошлашини маълум қилди.

13 ноябрь куни Парижда содир этилмиш террорчилик хуружлари натижасида 130 киши нобуд бўлган. Мазкур ҳужумлар учун масъулиятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олган.

Россия президенти Эрон олий руҳонийси билан Сурия масаласини муҳокама қилди

Россия президенти Владимир Путин Эрон олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий билан, Теҳрон, 2015 йил 23 ноябри.

2007 йилдан буён Теҳронга илк бор сафар қилган Россия президенти Владимир Путин Эрон олий руҳоний раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий билан учрашди. Бу учрашувнинг бош мавзуи Сурия масаласи бўлди.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ва Хоманаий учрашувини “конструктив” руҳда бўлганини қайд этди.

“Москва ва Теҳрон Суриядаги вазиятга хориждан аралашилишига қарши”, деди Дмитрий Песков.

Россия ва Эрон фуқаролар уруши кечаётган Сурияда мамлакат президенти Башар Ассаднинг асосий иттифоқчилари бўлиб ҳисобланади. АҚШ ва унинг иттифоқчилари эса Ассаднинг ҳокимиятдан четлатилиши тарафдори.

Сурияни халқаро санкциялардан ҳимоя қилаётган Россия 30 сентябрдан бу мамлакатдаги “Исломий давлат” гуруҳи ва бошқа жангариларга қарши ҳаво зарбалари бера бошлаган. Эрон эса Ассадни дастаклаш учун Сурияга ҳарбий маслаҳатчиларини йўллаган.

Киев Қримга юк олиб ўтишни вақтинча тақиқлаб қўйди

Электр таъминотисиз қолган Қримнинг кўп жойларида кечалари зулмат ҳукмронлик қилмоқда.

Россия томонидан аннексия қилинмиш Қримда электр таъминотига оид муаммолар вужудга келгач, Киев ҳукумати яриморол билан бўлган маъмурий чегарадан юк олиб ўтишни вақтинча тақиқлаб қўйди. Бу ҳақдаги қарор Украина Вазирлар маҳкамасининг 23 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари мажлисида қабул қилинди.

22 ноябрга ўтар кечаси Украинадан Қримга электр узатиб берувчи симёғоч портлагани сабабли яриморолда яшовчи 2 миллион одам электр қуввати таъминотисиз қолганди.

Қримни қамалга олиш бўйича фуқаролик акцияси штабига кўра, яриморолга электр узатиш тармоғи қулаган ва тиклаш учун яроқсиз ҳолга келган. Фуқаролик акцияси иштирокчилари Украина расмийларидан Қримни “энергетик қамал”га олишни талаб қилмоқдалар.

23 ноябрь куни Украина президенти Петро Порошенко мамлакат бош вазирига хат орқали мурожаат қилиб, Россия томонидан аннексия қилинган Қримга юк машиналари ўтказиш ва савдо-сотиқни тўхтатиш масаласи таҳлили учун ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG