Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 00:17

Халқаро янгиликлар

Анқара ўз фуқароларига Россияга сафар қилмасликни тавсия этмоқда

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларига Анқара ва Москва муносабатлари таранглашган бир пайтда Россияга сафар қилмай туришликни тавсия этмоқда.

Вазирликка кўра, сўнгги кунларда бир қатор туркиялик сайёҳ ва ишбилармонлар Россияда муаммоларга юз тутган.

Анқара ва Москва муносабатлари Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолёти Туркиянинг F-16 қирувчи самолёти томонидан 24 ноябрь куни эрталаб уриб туширилганидан сўнг таранглашди.

Расмий Анқара рус самолёти Туркия чегарасини бузиб ўтгани учун уриб туширилганини, уриб туширилишдан олдин рус учувчиларига ўндан ортиқ огоҳлантириш берилганини билдирган.

Бироқ Россия рус учоғи Туркия чегарасини бузиб ўтмаганини, самолёт турк ҳарбийлари томонидан Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда.

Қозоғистонлик келин-куёв никоҳ тўйи пулини етимларга эҳсон қилди

Мейирман ва Сания исмли қозоғистонлик ёш келин-куёв ўзларининг никоҳ базмига тўплаган пулларини етим-есирларга эҳсон қилишди.

Тўйлари бўладиган куни келин-куёв болалар уйида зиёфат уюштиришди.

Зиёфатдан ортган пулни улар болалар уйига ҳайр-эҳсон қилишди.

Қозоғистонда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчилик билан ўтказилиши одат тусига айланган.

Тўй базми учун Қозоғистонда ўрта ҳисобда 30-50 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиши айтилади.

Колорадо-Спрингсдаги отишмада уч одам ҳалок бўлди

АҚШнинг Колорадо-Спрингс шаҳридаги Planned Parenthood оилани режалаш марказида полиция ва марказга бостириб кирган номаълум қуролли ўртасида келиб чиққан отишмада уч одам нобуд бўлди.

Шаҳар мэри Жон Сутерс жума кунги отишмада бир нафар полициячи ва икки одам ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Қуролли шахс ҳужумни нима мақсадда содир этгани маълум эмас. Полиция ҳужумчининг воқеа жойидан топилган ашёларини ўрганмоқда.

Колорадо-Спрингс шаҳри Колорадо штатида, Денвер шаҳридан 100 километр жанубда жойлашган.

Колорадо-Спрингсдаги оилани режалаш маркази Planned Parenthood ҳусусий ширкатига қарашлидир.

Мазкур марказда ҳомиладор аёлларга тиббий ёрдамлар, шунингдек ҳомиладорликни сунъий тўхтатиш каби ҳизматлар ҳам кўрсатилади.

Сўнгги пайтларда мазкур марказ абортга қарши курашаётган консерватив дориаларнинг танқидлари нишонига айланган эди.

Қобулдаги портлашдан икки одам нобуд бўлди

Афғонистон пойтахти Қобулда рўй берган портлашдан икки одам нобуд бўлди.

Қобулнинг саккизинчи туманидаги портлашни ҳудкуш ҳужумчи амалга оширгани таҳмин қилинмоқда.

Портлаш оқибатида бир қанча одам яраланди. Ҳозирча Афғонистондаги ҳеч бир экстремист гуруҳ портлашга масъулиятни зиммасига олгани йўқ.

Россия Туркия билан визасиз режимни бекор қилди

Россия янги йилнинг 1 январидан бошлаб Туркия билан визасиз режимни бекор қилди. Бу ҳақда бугун Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди.

Шунингдек, жума куни Россия Туркия билан барча ҳарбий битимларни тўхтатгани хабар қилинди.

ТАСС маълумотига кўра, жума куни Кремль Туркиянинг Россияга тегишли Су-24 қирувчи учқичи уриб тушурилганига жавобан қора денгиздаги BLACKSEAFOR ҳарбий-денгиз ўқув машғулотларидаги иштирокини ҳам тўхтатган.

Яқинда Бош вазир Дмитрий Медведов Туркияга қарши санкцияларни ишлаб чиқиш борасида кўрсатма берди.

Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолёти Туркиянинг F-16 қирувчи самолёти томонидан 24 ноябрь куни эрталаб уриб туширилган эди.

Расмий Анқара рус самолёти Туркия чегарасини бузиб ўтгани учун уриб туширилганини, уриб туширилишдан олдин рус учувчиларига ўндан ортиқ огоҳлантириш берилганини билдирган. Бироқ Россия рус учоғи Туркия чегарасини бузиб ўтмаганини, самолёт турк ҳарбийлари томонидан Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда.

Эрдўғон Россияни “олов билан ўйнашмас”ликка чақирди

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россиянинг Су-24 учқичи “жавоб чораси қўллаш қоидалари”га кўра уриб туширилганини гапирди.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, Эрдўғон шунингдек, Россияга “олов билан ўйнашмаслик”ни маслаҳат берган.

Россия бомбардимончи учқичининг турк ҳарбийлари томонидан уриб туширилиши муносабати билан юзага чиққан Анқара-Москва баëнотлар уруши 24 ноябрдан бери тўхтамаяпти.

Россия президентининг Туркия ИШИДни дастакламоқда¸ хусусан¸ ундан арзон нефть сотиб олиш орқали террорчиларга молиявий кўмак бермоқда¸ деган баëнотига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон кескин жавоб қайтарди.

Бундай айбловни қувватлаш учун Россиядан аниқ факт талаб қилган Эрдўғон¸ акс ҳолда¸ бундай туҳматчиларнинг тегишли жавоб олишларини таъкидлади.

Президент Путин Россия учқучининг турк ҳарбийлари томонидан уриб туширилишини “орқадан берилган зарба” деб атади.

Россия Туркия билан барча ҳарбий битимларни тўхтатди

Кремль матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песковнинг жума кунги матбуот анжуманида айтишича, Россия Туркия билан барча ҳарбий битимларни тўхтатган.

Песков айни пайтда Россиянинг Сурияда ўтказаётган ҳарбий амалиётлари олдингидай давом этаётгани ва унга биров чеклов киритилмаганини ҳам таъкидлади.

ТАСС маълумотига кўра, жума куни Кремль Туркиянинг Россияга тегишли Су-24 қирувчи учқичи уриб тушурилганига жавобан қора денгиздаги BLACKSEAFOR ҳарбий-денгиз ўқув машғулотларидаги иштирокини ҳам тўхтатган.

Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолёти Туркиянинг F-16 қирувчи самолёти томонидан 24 ноябрь куни эрталаб уриб туширилган эди.

Расмий Анқара рус самолёти Туркия чегарасини бузиб ўтгани учун уриб туширилганини, уриб туширилишдан олдин рус учувчиларига ўндан ортиқ огоҳлантириш берилганини билдирган. Бироқ Россия рус учоғи Туркия чегарасини бузиб ўтмаганини, самолёт турк ҳарбийлари томонидан Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда.

Путин Россия АҚШ етакчилигидаги коалиция билан ҳамкорлик қилишини айтди

Франсуа Олланд ва Владимир Путин.

Россия президенти Владимир Путин ўз мамлакати АҚШ етакчилигида “Исломий давлат” гуруҳига қарши тузилган коалиция билан ҳамкорлик қилишдан бош тортмаслигини билдирди.

26 ноябрь куни Кремлда Франция президенти Франсуа Олланд билан учрашувидан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилган Владимир Путин томонлар Суриядаги террорчиларга қарши курашдаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олганини маълум қилди.

Айни пайтда Путин Туркия томонидан рус ҳарбий учоғининг уриб туширилиши, Россия ўзига дўст деб билган давлат томонидан қилинган хиёнат бўлганини яна бир бор таъкидлади.

Олланд Россия билан фақат жанггарилар ва бошқа муросага келмаётган гуруҳларга қарши кураш бўйича тил топишилганини айтди. Олланд Франция Сурияда "Исломий давлат”га қарши курашаётган исёнчи гуруҳларни қўллаб –қувватлашни кучайтиришини билдирди.

Ғарб Россияни Сурия президенти Башар Ассадга қарши курашаётган гуруҳларни бомбардимон қилаётганликда айблаб келади.

Брюсселдаги масжиддан топилган оқ кукун ҳавотирларга сабаб бўлди

Брюсселдаги масжид.

Бельгия пойтахти Брюсселдаги жоме масжидида конверт ичида топилган оқ кукун моддаси ун экани аниқланди.

Брюссель расмийларига кўра, 26 ноябрь куни масжид вакилларидан бири Сибир яраси кукуни солинган конверт топилгани ҳақида полицияга телефон қилган. Текширув натижасида конверт ичидаги модда ун экани аниқланган.

Брюсселда Парижда 13 ноябрда содир этилган ва 130 одам ўлимига сабаб бўлган террордан кейин хавфсизлик чоралари кучайтирилган эди. Бунга Франциянинг террорчилар Брюсселда тайёргарликдан ўтгани ҳақидаги баёноти сабаб бўлган.

Брюсселда ўтказилган аксилтеррор амалиётлари пайтида террорчиликда гумонланган ўнлаб одамлар қўлга олинди.

Грузия - Россия чегарасидан турк юк машиналари ўтказилмаяпти

Грузияни Россия билан боғлаб турувчи ягона автомобил йўли рус чегарачилари Туркиядан келган юк автомобилларини ўтказмаётгани оқибатида ёпилиб қолди.

Россия ва Грузия чегара ўтказиш пунктлари ўртасидаги бетараф ҳудудда турк давлат рақамларига эга бўлган юзлаб юк машиналари тўпланиб қолган. Рус чегарачилари бу ҳолатни турк маҳсулотларини олиб кетаётган машиналарни текшириш кучайтирилгани билан изоҳламоқда. Бироқ туркиялик ҳайдовчилар рус чегарачилари уларни ортга қайтишга мажбурлаётганини айтмоқда.

24 ноябрда Туркия ҳарбийлари чегарани бузиб ўтгани иддао қилинган рус ҳарбий самолётини уриб туширганидан сўнг Россия ва Туркия ўртасидаги муносабатлар кескинлашган. Президент Путин рус учоғи Туркия чегарасини бузиб ўтмаганини, самолёт турк ҳарбийлари томонидан Сурия ҳудудида уриб туширлганини билдирган.

Бўлиб ўтган воқеа учун Москва Туркия, Анқара эса Москва кечирим сўраши керак, деб ҳисобламоқда.

Ливанлик учувчи турклар рус самолётини огоҳлантиргани ҳақида гувоҳлик берди

Middle East Airlines учоғи.

Ливаннинг Middle East Airlines ширкати учувчиси турк ҳарбийлари Россиянинг Су-24 ҳарбий самолётига огоҳлантириш берганини мобил телефонига ёзиб олган. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Ливан учувчиси 24 ноябрда Бейрутдан Форс кўрфази давлатларидан бирига парвозни амалга ошираётган бўлган.

“Мен огоҳлантиришларни қайта ва қайта эшитдим. Кейин жиддий бир вазият юзага келишини ҳис қилдим ва турк ҳарбийлари огоҳлантиришларини мобил телефонимга ёзиб олдим”, деб айтган ўз исмини сир сақлаган учувчи Al Arabiya телеканалига.

Россиянинг Су-24 бомбардимончи самолёти Туркиянинг F-16 қирувчи самолёти томонидан 24 ноябрь куни эрталаб уриб туширилган эди.

Расмий Анқара рус самолёти Туркия чегарасини бузиб ўтгани учун уриб туширилганини, уриб туширилишдан олдин рус учувчиларига ўндан ортиқ огоҳлантириш берилганини билдирган. Бироқ Россия рус учоғи Туркия чегарасини бузиб ўтмаганини, самолёт турк ҳарбийлари томонидан Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда.

Қирғизистон аҳолиси сони 6 миллионга етди

6 миллионинчи чақалоқ ва унинг онаси туғруқхона шифокорлари билан.

Қирғизистонда пайшанба куни олти миллионинчи фуқаро туғилди.

Президент Алмазбек Атамбаев олти миллионинчи фуқаро туғилиши билан чақалоқнинг ота-онасини ва барча қирғизистонликларни қутлади.

Президент чақалоқ ҳисобига банкда1 миллион сўм, яъни 13 200 долларлик депозит очиш ҳамда уй бериш ҳақида ҳукуматга кўрсатма берди. Олти миллионинчи чақалоқ билан бир вақтда туғилган яна 10 чақалоқнинг оилаларига эса 100 минг сўмдан мукофот пули бериладиган бўлди.

Қирғизистоннинг олти миллионинчи фуқароси деб аталаётган қизалоқ Ўш вилоятида ҳарбий хизматчи Алмаз Кожошев ва Рахат Белекова оиласида дунёга келди. У оиладаги олтинчи фарзанд. Қизалоқнинг уч акаси ва икки опаси бор.

Эрдўғон Путин айбловига айблов билан жавоб қайтарди

Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон.

Россия бомбардимончи учқичининг турк ҳарбийлари томонидан уриб туширилиши муносабати билан юзага чиққан Анқара-Москва баëнотлар уруши давом этмоқда.

Россия президентининг Туркия ИШИДни дастакламоқда¸ хусусан¸ ундан арзон нефть сотиб олиш орқали террорчиларга молиявий кўмак бермоқда¸ деган баëнотига Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон кескин жавоб қайтарди.

Бундай айбловни қувватлаш учун Россиядан аниқ факт талаб қилган Эрдўғон¸ акс ҳолда¸ бундай туҳматчиларнинг тегишли жавоб олишларини таъкидлади.

Туркиянинг асосий нефть ва газ экспортëри айнан Россия эканини айтган Эрдўғон давлат раҳбарининг бундай баëнот беришини уятли ҳодиса деб баҳолади.

ИШИДдан нефть сотиб олаëтган айнан Россия дастаклаëтган Ассад ҳукуматидир¸ бу террорчиларга ҳарбий ва молиявий дастак ҳам айнан шу йўл орқали берилмоқда¸ деди жумладан Эрдўғон.

Путин Туркиядан¸ Эрдўғон Россиядан кечирим сўрашни талаб қилди

Туркия ва Россия президнетлари.

Туркия раҳбариятини ўзаро муносабатларни атайлаб боши берк кўчага олиб кирганликда айблаган Россия президенти Владимир Путин Россия бомбардимончи учқичининг турк ҳарбийлари томонидан уриб туширилгани учун Анқарадан кечирим кутаëтганини билдирди.

Учқичнинг уриб туширилгани учун товон пули тўланишини ҳам талаб қилган Кремль раҳбари Россия бомбардимончисига ўт очган турк учувчиларини “жиноятчилар” деб атади ва Туркия ҳукуматидан уларни жазолашни сўради.

Путиннинг бу баëнотига дарҳол жавоб қайтарган Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон эса¸ Россиядан кечирим талаб қилди:

- Агар бу воқеа учун кимдир узр сўраши керак бўлса¸ бу биз эмас. Бизнинг ҳаво ҳудудимизни бузиб кирганлар узр сўраши лозим. Учувчи ва қуролли кучларимиз шунчаки ўз вазифаларини адо этдилар ва халқаро қоидани бузганларга жавоб қайтардилар¸ деди CNN телеканалига берган бугунги интервьюсида Эрдўғон.

Айни пайтда Туркия ҳарбийлари Суриядан ҳавога кўтарилиши билан Туркия томон учган Россия бомбардимончи учқичларига берилган огоҳлантирув аудиоëзувни эълон қилди.

Унда турк ҳаво сарҳадларини қўриқлаëтган қирувчи учқич пилоти рус учувчиларини Туркия сарҳадига яқинлашаëтганидан огоҳлантириб¸ уларни ўз йўналишини дарҳол жанубга буришни сўрайди.

Турк расмийлари таъкидича¸ Россия учувчиси 5 дақиқа ичида 10 марта қайталанган бундай огоҳлантирувни писанд қилмасдан¸ турк ҳаво ҳудудига кирганидан сўнг¸ учқич уриб туширилган.

Британия ИШИДга қарши халқаро коалицияга қўшилиши мумкин

Британия Бош вазири Дэвид Камерон парламент олдида чиқиш қилмоқда.

Лондон ҳукумати раҳбари Дэвид Камерон Буюк Британия “Исломий давлат” террор ташкилотининг Суриядаги истеҳкомларига қарши ҳаво ҳужумлари уюштираëтган халқаро коалицияга қўшилиши лозим деган фикрда.

Британия парламенти ҳукуматнинг бу жараëнга қўшилиш сўровини келаси ҳафта муҳокама қилади.

Камерон таъкидича¸ Британия ҳаво кучларининг халқаро коалицияга қўшилиши ИШИДни тор-мор қилиш стратегиясининг бир қисми ва бу ИШИД таҳликасини камайтиришга хизмат қилади.

23 ноябрь куни Камерон Франция ҳаво кучларининг ИШИДга ҳужум уюштириш учун Қибрисдаги Британия базасидан фойдаланишига рухсат берди.

Россия Давлат думасига арман қирғинига оид қонун лойиҳаси киритилди

“Справедливая Россия” фракцияси раҳбари Сергей Миронов.

Россия Давлат думасига Усмонли империяси арманларни қатлиом қилганини инкор этганлик учун жавобгарликка тортилишни кўзда тутган қонун лойиҳаси киритилди. Бу ҳақда “Справедливая Россия” фракцияси лидери Сергей Миронов чоршанба куни журналистларга маълум қилди.

“Бир ярим миллион арман жисмонан йўқ қилинган ёки бадарға этилган ва биз, турк расмийлари буни нақадар истамасинлар, бу фактни тарихдан ўчириб юборилишига йўл қўймаймиз”, дея иқтибос келтиради Миронов сўзларидан Интерфакс агентлиги.

РИА Новости хабарига кўра, қонун лойиҳаси муаллифлари Россия Жиноят кодексига бу борада тегишли модда қўшмоқчилар. Бу “жиноят”ни содир этганларни 500 минг рублгача жаримага тортиш ҳамда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Туркия 1915 йилда арманларнинг ўлдирилишини қатлиом ўлароқ тан олмайди. Анқара Усмонли империяси ҳаракатлари натижасида, айрим экспертлар таъкидлаётганидек, 1,5 миллион эмас, балки 500 мингга яқин арман ҳалок бўлганини билдириб келади.

Бу ҳодисани қатор давлатлар, шу жумладан, Россия ҳам қатлиом, деб тан олган.

Янги қонун лойиҳаси ҳақида турк қирувчи учоғи Туркия-Сурия чегарасида рус бомбардимончи учоғини уриб туширганининг эртасига эълон қилинди.

Россия президенти Путин мазкур ҳодисани “орқадан берилган зарба”, деб атаган.

Олланд Путин билан террорчиликка қарши кураш масаласини муҳокама қилмоқчи

Франция президенти Франсуа Олланд ва Россия президенти Владимир Путин.

26 ноябрь куни Франция президенти Франсуа Олланднинг Москвада Россия президенти Владимир Путин билан музокара ўтказиши кутилмоқда.

Бу ҳафта Франция президенти Париждаги террор хуружлари учун масъулиятни зиммасига олган “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш борасида дунёнинг етакчи давлатлари лидерлари дастагини қозониш мақсадида улар билан учрашувлар ўтказмоқда.

25 ноябрь куни Франсуа Олланд Парижда Германия канцлери Ангела Меркель билан учрашди. Олланд Германияни Ироқ ва Сурияда “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашда фаолроқ бўлишга чақирди. Ўз навбатида Меркель террорчиликка қарши курашда Францияни дастаклаш учун қўлидан келган барча ишни амалга оширишга ваъда берди.

Чоршанба куни Франция парламенти Сурияда “Исломий давлат” жангариларига қарши сентябрь ойида бошланган ҳарбий-ҳаво амалиётларни давом эттириш қарорини бир овоздан ёқлади. Франция “Исломий давлат”нинг Ироқдаги позицияларига қарши 2014 йилдан буён ҳаво зарбалари бериб келмоқда.

Жорий ҳафтада Олланд террорчиларга қарши кураш масалаларини Британия бош вазири Дэвид Кэмерон ва АҚШ президенти Барак Обама билан муҳокама қилган. Яқин кунларда Франция президенти Италия бош вазири Маттео Ренци билан учрашмоқчи.

13 ноябрь куни Парижда содир этилмиш қуролли ҳужумлар чоғида 130 киши ҳалок бўлган, 350 дан зиёд киши яраланганди.

Москва Туркияда рус қирувчи учоғининг уриб туширилишини “аввалдан режаланган провокация” демоқда

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Туркия-Сурия чегарасида рус жанговар учоғининг ўққа тутилиши “аввалдан режаланган провокация” бўлса керак, деган тахминни илгари сурди ва “Анқаранинг НАТОдаги иттифоқчилари Туркия ҳарбий-ҳаво кучларини ҳимоя қилишга уринаяпти”, дея баён қилди.

Лавров бу баёнотни Сурия шимолида ҳаво зарбалари бераётган рус ҳарбий самолёти турк қирувчи учоғи томонидан уриб туширилганидан бир кун кейин, яъни 25 ноябрь куни Москвада журналистлар олдида қилган чиқишида берди.

Ҳодиса чоғида бир рус учувчиси ҳалок бўлган.

Лавров НАТО ва Европа Иттифоқи ҳодиса ҳақида “анча ғалати баҳо” берганини билдирди ва улар бу борада ҳеч қанақа таассуф ёки таъзия билдирмаганидан нолиди.

“Москва бу нохуш ҳодисанинг қасдан содир этилмагани ҳақида шубҳаланаётгани”ни айтган Лавров Россия уриб туширилган Су-24 учоғи ҳақида маълумот тўплагани ва уни халқаро ҳамжамият билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

Россия ташқи ишлар вазири Москва Туркияга ўз дипломатларини йўллаш ёки туркиялик мулозимларни қабул қилиш бўйича ҳеч қанақа режага эга эмаслигини қўшимча қилди.

Аввалроқ Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Лавров билан телефон орқали сўзлашгани ҳамда икки вазир яқин орада учрашишга келишиб олганлари ҳақида хабар қилинганди.

Москвада Туркия элчихонаси тошбўрон қилинди

Туркия элчихонаси олдига йиғилган россияликлар Туркия байроғини ёқиб юборди

Туркиянинг Россиядаги элчихонаси тошбўрон қилингани тўғрисида мослента.ру сайти хабар қилди.

“Элчихона олдини тошлар ва шиша синиқлари босиб кетган. Бино ойналари синдирилган, ҳамма жойда бўёқ”, деб ёзди сайт мухбири.

Бошқа манбалардан олинган хабарларга қараганда, элчихонани тошбўрон қилганлар Туркия байроғини ҳам ёқиб юборган.

Элчихона олдида полициянинг бир неча наряди навбатчилик қилаётгани, улар бино йўлларини тўсишга уринаётгани хабар қилинди

Туркия элчихонаси ёнида қора куртка ва қора бош кийим кийган ёш йигитлар гуруҳи тургани айтилди.

24 ноябрь куни Туркиянинг Москвадаги элчихонаси олдида Россия самолётининг Сурияда уриб туширилишидан норозиларнинг акцияси бўлиб ўтган, акцияда 600 дан зиёд киши қатнашган эди.

Лавров: Россия Туркия билан урушга кирмайди

“Туркия билан урушмоқчи эмасмиз, турк халқига муносабатимиз ўзгаргани йўқ. Турия раҳбариятигагина саволларимиз бор”, деб баёнот берди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

ТАСС агентлигига кўра, Лавров Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғига қилинган ҳужум олдиндан режалаштирилган провокацияга ўхшашлигини айтган.

“Бу ҳужумнинг беҳосдан қилинганига шубҳаларимиз бор, бу олдиндан режалаштирилган провокацияга ўхшаб кетаяпти”, деган Сергей Лавров.

24 ноябрь куни Туркия Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказаётган Россиянинг СУ-24 қирувчи самолёти чегарани бузиб ўтгани учун уриб туширилганини билдирган.

Бироқ Москва самолёт Туркияда эмас, Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда. Президент Владимир Путин бу воқеани “орқадан туриб берилган зарба”, деб атади ва бунинг "жиддий оқибатлари"дан Туркияни огоҳлантирди.

Россия Сурияда С-400 зенит комплексларини жойлаштиради

С-400 ракетаси 400 километргача бўлган масофадаги ҳамда бир неча минг метр баландликдаги нишонга зарба бера олади.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Суриянинг Хмеймим шаҳридаги авиабазага С-400 ракеталари жойлаштирилажаги тўғрисида баёнот берди.

Интерфакс агентлигига кўра, С-400 зенит-ракета комплекси кейинги пайтларда ”Бук” ракета системаси билан боғлиқ равишда кўп тилга олинган "Алмаз-Антей" концернида ишлаб чиқарилади.

Аввалги модификацияси S-300PMU-3 деб аталган С-400 ракетаси 400 километргача бўлган масофадаги ҳамда бир неча минг метр баландликдаги нишонга зарба бера олади.

Украина Россия учоқлари учун ўз осмонини ёпиб қўйди

Украина Россиянинг барча авиакомпаниялари учун ўз ҳудуди узра учиб ўтишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда чоршанба куни Украина ҳукумати раиси Арсений Яценюк баёнот берди.

“Инфраструктура вазирлиги халқаро ҳуқуқ меъёрларига биноан ҳаво маконимизни Россиянинг истисносиз барча авикомпаниялари учун ёпиш ҳамда Россия авиакомпанияларининг барча транзит ташувларини тўхтатиш чораларини кўрсин”, деб баёнот берди Украина бош вазири.

Эрдўғон: Рус учоғи учган ҳудудда ИШИД жангарилари йўқ

Туркия президентига кўра, Россиянинг Су-24 учоғи парвоз қилган ҳудудда “Ислом давлати” террористик гуруҳи жангарилари мавжуд эмас.

Бу ҳақда Ражаб Тойиб Эрдўғон чоршанба куни Истамбулда бўлиб ўтган иқтисодий анжуманда қилган чиқиши чоғида баёнот берди.

Унинг айтишича, Россия самолёти уриб туширилиши билан боғлиқ масалани Туркия “шиширмаслиги”, лекин ўз чегараларини қўриқлашда давом этажаги тўғрисида баёнот берди.

Эрдўғон Россия ҳарбий самолётининг Туркия ҳудудида уриб туширилганини, учоқ парчалари Туркия ҳудудидан топилгани бунинг исботи эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

24 ноябрь куни Туркия Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказаётган Россиянинг СУ-24 қирувчи самолёти чегарани бузиб ўтгани учун уриб туширилганини билдирган.

Бироқ Москва самолёт Туркияда эмас, Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда. Президент Владимир Путин бу воқеани “орқадан туриб берилган зарба”, деб атади ва бунинг "жиддий оқибатлари"дан Туркияни огоҳлантирди.

Ўш вилоят суди имом Рашодхон Камоловнинг қамоқ муддатини беш йилга узайтирди

Рашодхон Камолов 24 ноябрда ўтган суд жараёнида.

Ўш вилоят судида 24 ноябрь куни қорасувлик таниқли ўзбек имоми Рашодхон Камоловга нисбатан апелляция жараёни ниҳоясига етди.

Қорасув туман суди 7 октябрда “диний адоват қўзғаганлик” ҳамда “экстремистик материалларни сақлаганлик ва тарқатганлик” айблови билан Рашодхон Камоловга 5 йиллик қамоқ жазосини белгилаган эди.

Ўш вилоят судида эса Камолов “ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда экстремистик материалларни сақлаганлик ва тарқатганлик”да ҳам айбдор деб топилди. Суд ҳукми билан Рашодхон Камолов кучайтирилган тартибда 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Камоловнинг адвокатлари, яқинлари ҳамда судда иштирок этган қорасувликлар ҳукмдан норози эканини айтмоқдалар.

Суд жараёнларида иштирок этган мустақил экспертлар Рашодхон Камолвонинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани ҳақидаги хулосаларини тақдим этган эдилар. Бироқ ҳуқуқ-тартибот тузилмалари Рашодхон Камоловга билдирилган айбловлар тўла исботини топган, деб ҳисоблайди.

37 ёшли таниқли имом Рашодхон Камолов шу йилнинг 9 февраль куни “экстремизмга даъват қилганлик”, “халифалик тузишга ҳаракат қилганлик”да айбланиб, ҳибсга олинган. Унга нисбатан суд жараёнлари 23 июлда бошланган.

Туркия ва АҚШ рус самолёти уриб туширилиши ортидан юзага келган кескинликни юмшатиш шартлиги ҳақида келишиб олди

Туркия томонидан уриб туширилган Россия самолёти.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон ва АҚШ президенти Барак ОбамаТуркия томонидан Россия ҳарбий самолёти уриб туширилиши ортидан юзага келган кескинликни юмшатиш шартлиги тўғрисида келишиб олди.

24 ноябрь куни икки давлат президентлари бу масалада телефон орқали суҳбатлашган. Анқаранинг билдиришича, суҳбат чоғида Барак Обама АҚШ Туркиянинг ўз суверенитетини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди, деб айтган.

“Президентлар кескинликни юмшатиш ва бу каби воқеа қайта такрорланишининг олдини олиш шартлигини таъкидлашди”, дейилади Эрдўғон маъмурияти тарқатган баёнотда.

24 ноябрь куни Туркия Сурияда ҳарбий амалиёт ўтказаётган Россиянинг СУ-24 қирувчи самолёти чегарани бузиб ўтгани учун уриб туширилганини билдирган. Бироқ Москва самолёт Туркияда эмас, Сурия ҳудудида уриб туширилганини айтмоқда. Президент Владимир Путин бу воқеани “орқадан туриб берилган зарба”, деб атади ва бунинг "жиддий оқибатлари"дан Туркияни огоҳлантирди.

Октябрь ойида ҳам Россия самолётлари икки бора Туркия ҳаво сарҳадларини бузгани ҳақида Анқара баёнот тарқатган ва Россия томонини айни ҳаракат такрорланган ҳолда куч қўллашидан огоҳлантирган эди.

Россия бамбордимончи самолётлари сентябрь ойидан бери Суриядаги жангларда Башар Ассад томонида туриб жанг қилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG