Линклар

Шошилинч хабар
25 август 2019, Тошкент вақти: 11:53

Халқаро янгиликлар

Эрдўғон: Туркияни “ИД” билан ҳамкорликда айблашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!"

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳеч кимнинг Туркияни “Исломий давлат” экстремистик гуруҳидан нефть сотиб олишда айблашга ҳаққи йўқ, деб баёнот берди.

Чоршанба куни Қувайтда қилган чиқиши давомида у ҳеч қачон террорчилар билан ҳамкорлик қилмаяжагини билдирди.

Эрдўғон, шунингдек, Россия билан муносабатларнинг янада ёмонлашиб кетишини истамаслигини айтди.

Эрдўғоннинг бу баёнотлари арафасида Россия мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов Туркия олий раҳбарияти ва шахсан Эрдўғонни Сурия ва Ироқда ғайриқонуний нефть қазиш ишларига алоқадорликда айблади.

Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғи Туркия ҳудудига киргани учун бу мамлакат ҳарбийлари томонидан уриб туширилганидан бери Москва Истанбулни “Исломий давлат” билан ҳамкорликда айблаб келмоқда.

Унгача эса, Украина масаласида Ғарб билан муносабатлари бузилган Россия Туркия билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга зўр бераётган эди.

Киев Москванинг савдо соҳасидаги зарбасига мутаносиб зарба бермоқчи

Украинада ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари импортини тақиқлаб қўйгани учун Киев Россияга қарши мутаносиб чоралар қўллайди. Бу ҳақда чоршанба куни Украина бош вазири Арсений Яценюк баёнот берди.

Масалага оид қонун лойиҳаси бугун Верховная Радага тақдим этилди.

Яценюкка кўра, Россия жорий этган эмбаргодан Украина 600 миллион долларли зарар кўрган.

2016 йилнинг 1 январидан бошлаб Украина билан Европа Иттифоқи ўртасида эркин савдо зонаси режими кучга киради.

Россияда чет мамлакатларга саёҳат қилмоқчилар сони 50-60 фоизга тушиб кетди

Россия туризм индустрияси уюшмаси матбуот котиби Ирина Тюринага кўра, бу Россиянинг яқин тарихида мисли кўрилмаган кўрсаткичдир.

Тюринага кўра, турларга эҳтиёжнинг кескин пасайиб кетиши иқтисодий бўҳроннинг оқибати бўлиб, россияликларда чет элга чиқиб дам олиб келишга пул қолмаган.

Чет мамлакатларда дам олишни уюштирувчи компаниялар фаолиятига иқтисодий бўҳрондан ташқари Россия раҳбарияти кейинги пайтларда қабул қилган қарорлар ҳам таъсир қилмоқда.

Мисрнинг Синай ярим оролида Россияга қарашли йўловчи самолёт уриб туширилганидан сўнг Мисрга ҳамда Россяининг ҳарбий учоғи Туркия томонидан уриб туширилганидан сўнг Туркияга саёҳатларни Кремль чеклаб қўйди.

Черногориянинг НАТОга таклиф қилинишига қарши Москва жавоб чоралари кўрмоқчи

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг.

“НАТОнинг давом этаётган экспансияси, НАТО ҳарбий инфраструктурасининг Шарққа томон сурилаётгани Шарқнинг жавоб ҳаракатларини келтириб чиқармай қолмаслиги бугун Москвада турли даражаларда таъкидлаб ўтилди”, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бугун Черногорияни НАТОга аъзо қилиб олиш юзасидан музокаралар бошланишининг Россия билан ҳеч қандай шаклда боғлиқ эмаслиги тўғрисида баёнот берди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри, ўз навбатида, НАТО ҳеч кимга таҳдид солмайди, деган фикрни билдирди. Керрига кўра, мазкур мудофаа иттифоқининг асосий мақсади барқарорликни таъминлашдир.

Бугун Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Черногориянинг Шимолий Атлантика иттифоқига қўшиб олиш юзасидан музокараларни бошлашга келишиб олди.

Аҳолиси 600 минг кишилик Черногория НАТОнинг 29- аъзоси бўлади.

АҚШ Ироқдаги ҳарбийлари сонини кўпайтиради

АҚШ мудофаа вазири Эш Картер.

АҚШ мудофаа вазири Эш Картер Қўшма Штатлар Ироқда “Исломий давлат” гуруҳига қарши ҳозирлигини кенгайтиришга қарор қилганини билдирди.

Картернинг айтишича, Ирқда америкалик ҳарбийлар сони кўпайтирилади ва улар маҳаллий кучларга Ироқ ва Сурияда жанггариларга қарши амалиётлар сонини кўпайтиршда ёрдам беради.

Картер 1 декабрь куни Конгресс ўтган ойда 130 одам ҳалок бўлган Париждаги террорчилик ҳаракатлари учун масъулиятни ўз зиммасига олган “Исломий давлат” радикал гуруҳига қарши кураш кучайтирилиши учун Пентагонга босим ўтказгани ортидан мана шундай баёнот берди.

Ироқда ҳоизр бўлган америкалик 3500 аскар яқинда Ироқ кучларига Синжар шаҳрини “Исломий давлат” гуруҳидан тозалашга кўмак кўрсатган эди.

Картер Ироққа жўнатилаётган АҚШ қуролли кучларининг янги махсус гуруҳи маҳаллий ҳарбийларга ёрдам кўрсатиш, рейдлар ўтказиш, гаровга олинганларни қутқариш, разведка маълумотларини тўплаш ва "исломий давлат" гуруҳи раҳбарларини қўлга олиш ёки жисмонан йўқ қилиш билан шуғулланади.

Россия Бош вазири Туркияга нисбатан санкциялар рўйхатини тасдиқлади

Россия Бош вазири Владимир Медведев.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев 1 декабрь куни Туркияга нисбатан жорий қилинган санкциялар рўйхатини тасдиқлади.

Ҳукумат расмий сайтида эълон қилинган рўйхатда Туркиядан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш 1 январдан тақиқланиши назарда тутилган. Шунингдек, 1 декабрдан бу мамлакат билан ҳаво алоқаси узилган.

Россиядан Туркияга газ сотишни ёки рус мутахасислари томонидан қурилаётган Туркиядаги Акқўй атом электр станциясидаги ишларни тўхтатиш санкцияда назарда тутилмаган.

Бироқ “Газпром” ширкатидаги икки манба Ройтер агентлигига ширкат Туркияга газ сотиш ёки сотмаслик масаласида президент Владимир Путиннинг кўрсатмасини кутаётгани ҳақида маълумот берган.

Туркия энергоресурсларнинг асосий қисмини Россиядан сотиб олади.

Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатлар турк ҳарбийлари томонидан 24 ноябрда рус ҳарбий самолёти уриб туширилганидан сўнг ёмонлашиб бормоқда. Анқара Сурияда ҳарбий амалиётни ўтказаётган рус самолёти Туркия чегарасини бузиб ўтгани учун уриб туширилганини билдирмоқда. Россия эса бу билдирувни инкор қилиб, самолёт Сурия ҳудудида турк ҳарбийлари томонидан уриб туширлганини иддао қилаётир.

Арманистонда норозилар президент истеъфосини талаб қилмоқда

Еревандаги норозилик намойиши.

Арманистон пойтахти Ереванда камида уч минг одам президент Серж Саркисяннинг ҳокимиятда қолиш муддатини узайтиришга қаратилган конституциявий ўзгартишлар лойиҳасига қарши намойиш ўтказмоқда.

Намойиш мухолифат кучлари томонидан 1 декабрда бошланди. Намойишчилар президент Саркисян истеъфо беришини талаб этмоқда. Митинг ташкилотчилари намойишлар норозилар талаби бажарилмагунга қадар давом этишини маълум қилди.

6 декабрда Арманистонда Конституцияга ўзгартишлар киритиш масаласида референдум ўтказилиши белгиланган. Президент Саркисян томонидан таклиф қилинган ўзгартишларда Арманистонни парламент республикасига айлантириш ва ҳокимиятни Бош вазир қўлида жамлаш назарда тутилади.

Мухолифатга кўра, мазкур ўзгартишлар Саркисян 2018 йилдан сўнг ҳам ҳокимиятни Бош вазир сифатида ўз қўлида сақлаб қолишга ҳаракат қилаётганини англатади. 2018 йилда Саркисяннинг президентлик муддати якунланиши лозим.

Россияда қалбаки спиртли ичимликлардан ўнлаб одамлар ҳалок бўлмоқда

Россияда ўнлаб одамлар қалбаки спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ортидан ҳалок бўлди. Бу ҳақда Россия тергов қўмитаси расмийси Владимир Маркин 1 декабрь куни маълум қилди.

Унга кўра, спиртли ичимликлар ичиб ўлганларнинг асосий қисми Красноярск, Чувашия, Оренбург,Курск ва Калугада яшаган одамлардир.

Маркин қалбаки спиртли ичимликлар таркибидаги ментол спиртидан заҳарланган одамлар сони ҳақида маълумот бермади, бироқ ўлаётганлар сони кўпайиб бораётганини айтди.

Красноярскда қалбаки Jack Daniel вискисини ичиб 11 одам ўлганидан сўнг 6 киши қалбаки алькогол сотганликда айбланиб қўлга олинган эди.

БМТ: Ироқда ноябрь ойи ичидаги жангларда 888 одам ўлдирилди

БМТ ноябрь ойи ичида Ироқда 888 одам ўлдирилгани, буларнинг 489 нафари мамлакат фуқаролари, шу жумладан, полиция ходимлари эканини айтмоқда.

Қолган 399 нафари эса Ироқ хавфсизлик кучлари вакиллари, Курд пешмергаси аъзолари ҳамда Ироқ армияси сафида хизмат қилаётган ҳарбийлар экани айтилди.

1 декарь куни БМТ тарқатган ҳисоботда келтирилишча, бу рақамга мамлакатнинг Анбар вилоятидаги қурбонлар сони қўшилмаган. Ташклотнинг Ироқдаги вакиллари бу вилоятга оид маълумотларни аниқлаш имконсиз қолаётганини айтмоқда.

Бу вилоятнинг саҳролардан иборат каттагина қисми "Исломий давлат" террор гуруҳи назорати остида қолмоқда.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг аъзоси 9 йилга қамалди

Тожикистон Олий суди мамлакатда тақиқланган Ислом уйғониш партиясининг собиқ вакилини террорчилик ва экстремизмга оид айбловлар билан 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Собиқ Ислом уйғониш партиясининг мамлакат жанубидаги Фархон вилояти бўлими раҳбари бўлган Ҳасан Раҳимов ушбу партиянинг қўлга олинган, терговга тортилган ва жазоланган 23 вакилидан биридир.

Раҳимовнинг яқинлари суд 27 ноябрь куни ёпиқ эшиклар ортида ўтганини айтмоқда.

Ислом уйғониш партияси Тожикистонда шу йилнинг август ойида "террорчи ва экстремист ташкилот" деган тамға билан тақиқланган.

Тожикистон Олий суди ва Бош прокуратураси Ислом уйғониш партияси лидерларини мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари генерал Абдуҳалим Назарзода уюштирган ҳарбий исёнга алоқадорликда айблаган. Бироқ партия раҳбарияти бу айбловни инкор этган.

Обама Туркия ва Россия раҳбарларини "тарангликни юмшатиш"га чақирди

1 декабрь куни ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Парижда учрашган ​АҚШ Президенти Барак Обама Туркия ва Россия раҳбарларини "ўзаро тарангликни юмшатиш"га чақирди.

Обама Туркиянинг ўз ҳудудини қўриқлаш ҳаққини қувватлашини билдирди ва Эрдўғон билан музокараларида "Туркия ва Россиянинг ўзаро тарангликни юмшатиш имконлари ва муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилиш чоралари"ни муҳокама қилганини айтди.

Туркия 24 ноябрь куни ўзининг F-16 учоғи Россиянинг Су-24 самолёти мамлакат ҳаво ҳудудига изнсиз кирганидан кейин ўққа тутганини, бундан аввал турк учувчилари россияликларни 10 марта огоҳлантирганини билдирган.

Россия эса ўз бомбардимончи учоғи Сурия ҳудуди узра учганини, Туркия ҳудудига кирмаганини таъкидлаб келмоқда.

30 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин рус бомбардимончи самолёти турк ҳарбийлари томонидан Суриядан Туркияга ноқонуний нефть савдосини ҳимоя қилиш учун уриб туширилганини иддао қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон аввалроқ рус расмийлари томонидан очиқланган бу каби иддаоларни “туҳмат”, деб атаган.

Қозоғистонда Биринчи президент - Назарбоев куни нишонланмоқда

Қозоғистонда 1 декабрь - Биринчи президент кунида мамлакатда таълим муассасалари ва давлат ташкилотлари, корхоналари ишчилари дам олади.

Қозоғистон тарихидаги биринчи президенти - амалдаги президент Нурсултон Назарбоев шаънига мақтовлар, табрикларни ўзи ичига олган тадбирлар мамлакат бўйлаб ташкил қилинади. Бу тадбирлар мавзуи ҳар йили президент аппарати томонидан белгиланади.

Қозоғистонда бу байрам 2012 йилдан бошлаб нишонланмоқда. 1991 йилнинг 1 декабрида Нурсултон Назарбоев умумхалқ сайловларида мамлакатнинг илк президенти этиб сайланган. Ўшанда у сайловдаги ягона номзод бўлган.

Мамлакатда Назарбоев шахсига боғланган яна бир байрам - Остона кунидир. Бу ҳар йили 6 июль - Нурсултон Назарбоев туғилган куни нишонланади. Бу кундаги тадбирларнинг тематикаси ҳам ҳар йили ҳукумат томонидан белгиланади ва тадбирларнинг асосий мазмуни амалдаги президентни улуғлашдан иборат бўлади.

Порошенко рус ҳарбийси Старковни украин ҳарбийси Хречановга алмаштирди

Украина Президенти Петро Порошенко россияпараст сепаратчилар қўлидаy озод этилган украин ҳарбийси Андрий Хречанов билан

Украина Президенти Петро Порошенко мамлакат шарқида қўлга олинган Россия фуқаросини афв этди ва уни россияпараст сепаратчилар қўлида сақланган украиналик ҳарбийга алмаштирди.

Порошенко бу ҳақда ўз расмий сайтида хабар қилди ва озод этилган украин ҳарбийси Андрий Хречанов билан тушган суратини илова қилди.

Озод этилган россиялик ҳарбий Владимир Старков шу йилнинг июль ойида мамлакат шарқида қўлга олинган ва 14 йилга қамалган эди.

Украина махсус хизматлари Старков ўзининг Россия ҳарбийси эканини тан олган видеони тарқатган. Россия эса Украинага ҳарбийларини юборганига оид айбловларни инкор этиб келади.

2014 йилнинг апрелидан буён Украина шарқида давом этаётган қуролли низода ўлдирилганлар сони 7 минг 900 нафардан ошди. Бу ҳудуднинг каттагина қисмида сентябр ойидан буён оташкесимга амал қилинаётгани кузатилмоқда.

Аҳмет Довудўғли: Россия Туркияга айбловлар ёғдириш баҳона ўз айбини яширмоқда

Туркия Бош вазири Аҳмет Довудўғли Россия Туркиянинг ҳаво ҳудудини бузганини яшириш учун Анқарага асоссиз айбловларни ёғдирмоқда, деб баёнот берди.

Довудўғли Путиннинг Анқара "Исломий давлат" сотаётган нефтдан фойда кўрмоқда мазмунидаги айбловларини асоссиз, деб атади.

1 декабрь кунги баёнотида Довудўғли Россияни яна бир бор ҳарбий ва дипломатик музокаралар йўли билан мулоқотларни давом эттиришга чақирди. Россиянинг ҳозирги позицияси Сурия бўҳронини Россия ва Туркия ўртасидаги бўҳронга айлантирмоқда, деб таъкидлади.

30 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин рус бомбардимончи самолёти турк ҳарбийлари томонидан Суриядан Туркияга ноқонуний нефть савдосини ҳимоя қилиш учун уриб туширилганини иддао қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон аввалроқ рус расмийлари томонидан очиқланган бу каби иддаоларни “туҳмат”, деб атаган.

Туркия ўзининг F-16 учоғи Россиянинг Су-24 самолёти мамлакат ҳаво ҳудудига изнсиз кирганидан кейин ўққа тутганини, бундан аввал турк учувчилари россияликларни 10 марта огоҳлантирганини билдирган. Россия эса ўз бомбардимончи учоғи Сурия ҳудуди узра учганини, Туркия ҳудудига кирмаганини таъкидлаб келмоқда.

Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлди

Қозоғистон президенти Н.Назарбоев ЖСТ Бош кенгашининг Женевадаги мажлисида, 2015 йил 27 июли.

Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлган 162-мамлакатга айланди. Бу ҳақда ЖСТнинг 30 ноябрь куни тарқатган хабарномасида айтилади.

Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотига кириш учун 1996 йилда музокара бошлаган. Бу музокаралар ўтган йигирма йил ичида бир неча марта тўхтаб қолган. Музокараларнинг тўхтаб қолишига, жумладан, Қозоғистоннинг Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги ҳам сабаб бўлганди.

Қозоғистоннинг ЖСТга қўшилишига оид ҳужжатлар пакети ташкилот кенгаши томонидан шу йил 22 июнида тасдиқланган.

Путин рус учоғи турклар томонидан ноқонуний нефть савдосини ҳимояси учун уриб туширилганини иддао қилди

Россия президенти Владимир Путин Парижда ўтказилган матбуот анжумани чоғида, 2015 йил 30 ноябри.

Россия президенти Владимир Путин рус бомбардимончи самолёти турк ҳарбийлари томонидан Суриядан Туркияга ноқонуний нефть савдосини ҳимоя қилиш учун уриб туширилганини иддао қилди.

Путиннинг 30 ноябрь куни Париждаги иқлим ўзгариши бўйича саммит доирасида берган бу изоҳи Москва мазкур ҳодиса юзасидан ҳали ғазабдан тушмаганини англатади.

“Бизда Россиянинг Су-24 учоғи Суриядан Туркияга ноқонуний равишда нефть етказиб беришни хавфсиз қилиш учун уриб туширилди, дейишга асослар бор”, деди Владимир Путин.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон аввалроқ рус расмийлари томонидан очиқланган бу каби иддаоларни “туҳмат”, деб атаган.

Душанба куни Парижда журналистлар олдида сўзлаган Эрдўғон, агар Туркия “Исломий давлат” халқаро террор гуруҳидан нефть сотиб олаётгани исботлангудек бўлса, президентлик лавозимидан истеъфо беришга тайёрлигини билдирди.

Туркия ўзининг F-16 учоғи Россиянинг Су-24 самолёти мамлакат ҳаво ҳудудига изнсиз кирганидан кейин ўққа тутганини, бундан аввал турк учувчилари россияликларни 10 марта огоҳлантирганини билдирган. Россия эса ўз бомбардимончи учоғи Сурия ҳудуди узра учганини, Туркия ҳудудига кирмаганини таъкидлаб келмоқда.

30 ноябрь куни АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Дуглас Лют рус учоғининг уриб туширилиши бўйича барча далиллар Туркия версиясини тасдиқлаётганини билдирди.

Аввалроқ бу версия НАТО бош котиби Йенс Столтенберг томонидан ҳам тасдиқланганди.

АҚШ ва Россия президентлари Парижда Сурия ва Украинадаги вазият ҳақида сўзлашиб олди

АҚШ президенти Барак Обама (ў) ва Россия президенти Владимир Путин (ч), Париж, 2015 йил 30 ноябри.

Иқлим ўзгаришига бағишланган Париж саммити доирасида АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Владимир Путиннинг қисқа муддатли учрашуви бўлиб ўтди.

Ярим соат давом этган музокаралар ёпиқ эшиклар ортида, журналистлар иштирокисиз ўтказилди. Обама ва Путиннинг бу учрашуви олдиндан режаланмаганлиги айтилмоқда.

Душанба оқшомида очиқланган маълумотларга кўра, учрашувда икки давлат президентлари Донбассда ўт очишни тўхтатиш бўйича шартноманинг бажарилиши ҳамда Суриядаги вазиятни муҳокама қилганлар. Айни пайтда Обама Сурия президенти Башар Ассад ўтиш даврида ўз лавозимини тарк этиши лозимлигини таъкидлаган.

АҚШ президенти Россиянинг Су-24 учоғи турк ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан уриб туширилгани ва рус учувчисининг ҳалок бўлгани юзасидан таассуф изҳор қилган. Шу билан бирга, Обама Путинни Туркия билан алоқаларда тарангликни юмшатишга чақирган.

АҚШ ва Россия президентлари сўнгги бор Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган “G20” саммити доирасида учрашгандилар. Бу учрашувлар ҳам Париждаги каби норасмий характерга эга бўлган.

Обама ва Путиннинг тўлақонли музокаралари сентябрь ойи охирида БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Нью-Йоркда бўлиб ўтганди.

Reuters: Рус учоқлари суриялик туркманлар ҳудудини 17 марта нишонга олган

Россия ҳарбий авиацияси Сурияда сентябрь ойида амалиёт бошланганидан буён суриялик туркманлар эгаллаган ҳудудларга камида 17 марта ҳаводан зарба берган. Бу ҳақда хабар қилган Reuters бу маълумотлар Россия Мудофаа вазирлиги тарқатган маълумотларни қиёслаш орқали олинганини қайд этади.

Россия Мудофаа вазирлиги Суриядаги Салма, Шом ва Кесладшук дохил шаҳарларда ўқ-дори омборлари, команда пунктлари ва шаҳидлар камарини ишлаб завод портлатилгани ҳақида ҳисобот берган.Суриялик ҳуқуқ ҳимоячилари маълумотига кўра, бу шаҳарларда асосан этник туркманлар истиқомат қилади.

Reuters хабарига кўра, Салма шаҳри рус учоқлари томонидан камида 8 марта бўмбабўрон қилинган. Шунингдек, Сурия президенти Башар Ассадга қарши курашаётган маҳаллий туркманларнинг Салмадан 13 км наридаги базаси 15 марта ҳадаф олинган.

Су-24 уриб туширилиши ортида вужудга келган Анқара-Москва зиддияти кучаймоқда

Россиянинг Су-24 учоғи 24 ноябрь куни Туркия ҳарбийлари томонидан уриб туширилди

Туркия-Сурия чегарасида Россияга қарашли жанговар учоқ уриб туширилиши ортидан Анқара ва Москва ўртасида чиққан дипломатик зиддият давом этмоқда.

30 ноябрь куни Кремль матубот вакили Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путин Парижда бошланган саммит доирасида Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашмаслигини билдирди. Унинг айтишича, бунга Туркия 24 ноябрь кунги ҳодиса учун кечирим сўрамагани сабаб бўлган.

Брюсселда сафар қилган Туркия Бош вазири Аҳмаҳд Довудўғли ҳеч бир давлат бошқа бир давлатнинг ўз ҳудудини ҳимоя қилиш ҳаққидан фойдалангани учун узр сўрашини талаб қила олмайди, дея баён қилди. Анқара ўтган ҳафтадаги ҳодисага рус учоғининг Туркия ҳаво ҳудудларини бузиб киргани сабаб бўлганини айтмоқда.

Довудўғли Анқара Россиянинг Туркияга нисбатан жорий этилган санкцияларни қайта кўриб чиқишини исташини таъкидлади. 28 ноябрь куни Путин эълон қилган санкциялар Туркиядан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига тақиқ қўйишдан иборатдир.

Айни пайтда, НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Туркиянинг Шимолий Атлантик альянсдаги иттифоқчилари Яқин Шарқ минтақасида Россиянинг ҳарбий ҳозирлиги ошганидан хавотирда эканини билдирди.

Парижда глобал иқлим ўзгариши муаммосига бағишланган саммит иш бошлади

СОР21 конференциясида 150ка яқин давлат раҳбари иштирок этмоқда

АҚШ Президенти Барака Обама Парижда 30 ноябрь куни бошланган глобал иқлим ўзгариши муаммосига бағишланган саммитда сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти “фурсатдан фойдаланиб”, дунё давлатлари иқлим ўзгаришига қарши курашга масъулият билан ёндошаётганини намойиш қилишлари керак, дея баён қилди.

БМТ етакчилигида ташкиш этилган СОР21 конференциясида 150ка яқин давлат раҳбари иштирок этмоқда. Обама иссиқхона газларини чиқариш бўйича иккинчи давлат ҳисобланган Қўшма Штатлар иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятига содиқ қолади, дея таъкидлади.

АҚШ раҳбари шунингдек ўз мамлакат иқлим ўзгариши таъсирига қарши курашаётган заиф мамлакатларга молиявий кўмак кўрсатишини ваъда қилди.

Саммит очилишида нутқ сўзлаган Франция Президенти Франсуа Олланд саммит иштирокчиларига мурожаат этиб, иқлим ўзгариши борасида келишувга эришишга чақирди.

30 ноябрь куни бошланган саммитда гапирган Олланд муаммо ҳеч қачон бунчалик долзарб бўлмаган, дея таъкидлади.

Саммит иштирокчиларига мурожаат қилган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун 21-аср охирига қадар глобал илиқлашув жараёнини икки даражага пасайтириш учун инсоният “бунданда тезроқ” ва “бунданда жадалроқ” ҳаракат қилиши шарт, дея баён қилди.

БМТ ташкил этган СОР21 деб номланувчи анжуман 196 мамлакат ўртасида глобал илиқлашув сабаби деб кўрилаётган иссиқхона газлари миқдорини камайтириш бўйича келишувга эришилишини мақсад қилган.

30 ноябрь куни Парижда бошланган конференция 11 декабрга қадар давом этади. Франция пойтахтида шу ой бошроғида амалга оширилган террор хуружлари ортидан хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Саммит доирасида давлат раҳбарлари ўртасида террорчилик ва “Исломий давлат” экстремист гуруҳига қарши кураш масаласида икки томонлама сўзлашувларнинг ташкил этилиши ҳам кутилмоқда.

Бироқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Президенти Владимир Путин Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашмаслигини билдирди.

Россияга қарашли ҳарбий учоқ 24 ноябрь куни Туркия-Сурия чегарасида турк ҳарбийлари томонидан уриб тушурилиши ортидан икки томон ўртаисдаги муносабатлар таранглашган. Песковнинг айтишича, саммит доирасида Путин АҚШ Президенти Барак Обама билан учрашиши эҳтимоли бор.

Сурияда рус самолётлари зарбасидан тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди

Суриядаги рус ҳарбий учоғи.

Суриянинг Идлиб шаҳридаги бозор Россия ҳарбий самолётлари томонидан бомбардимон қилиниши оқибатида ўнлаб тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Бу ҳақда 29 ноябрь куни Сурия инсон ҳуқуқлари мониторинг марказига таянган ҳолда Al Jazeera телеканали хабар тарқатди.

Идлибдаги Ariha al Youm телеканали эса рус самолётлари кассетали бомбаларни ташлагани ҳақида маълумот берди. Ҳозирча бошқа ахборот манбалари бу воқеа юзасидан хабар тарқатгани йўқ.

Al Jazeera телеканалига кўра, Россия самолётлари Ал Қоиданинг Суриядаги бўлими ҳисобланадиган “Ан Нусра жабҳаси” томонидан назорат қилинаётган ҳудудларга бомба ташлаган.

Кинорежиссёр Эльдар Рязанов вафот этди

Эльдар Рязанов.

Россиялик машҳур кинорежиссёр Эльдар Рязанов душанбага ўтар кечаси 88 ёшида Москвада вафот этди. Яқинларининг билдиришича, Рязановнинг вафотига юрак хуружи сабаб бўлган.

Рязанов сўнгги бир йил давомида юрак хасталиги билан бир неча марта касалхонага ётқизилди. Саломатлиги билан боғлиқ муаммолар унинг 21 ноябрь куни яна госпитализация қилинган эди.

1927 йилда Самарада туғилган Эльдар Рязанов 30дан ортиқ машҳур кинофильм муаллифидир.

Разянов суратга олган “Карнавал кечаси”, “Автомобилдан эҳтиёт бўлинг”, “Тақдир ҳазили ёки қушдай енгил бўлинг”, “Ишдаги ишқ”, “Икки киши учун вокзал”, "Гараж" ва бошқа фильмалар ўзбек кинотомашабинига яхши таниш.

EИ Туркиядаги суриялик қочқинларга 3 миллиард евро ёрдам ажратади

Дональд Туск ва Аҳмад Довутўғли

Туркия ва Европа Иттифоқи қочқинлар оқимини тўхтатиш масаласида келишиб олди. Келишув шартларига кўра, Туркияга Европа Иттифоқи суриялик қочқинларга ёрдам кўрсатиш учун 3 миллиард евро ажратиб беради. Бунинг эвазига Туркия ўз чегараларини қўриқлашни кучайтириб, қочқинларнинг Европага ўтишининг олдини олади.

“Бизнинг келишув умумий чегараларимизда ўз вақтида тартиб ўрнатилишига омил бўлади. Биз Туркиядаги суриялик қочқинларга уч миллиард евролик молиявий ёрдам кўрсатамиз”, деди Европа Кенгаши президенти Дональд Туск Брюсселда Туркия бош вазири Аҳмад Довутўғли билан учрашганидан сўнг.

Туск, шунингдек, учрашувда Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши масаласидаги олға силжишлар мавзусида ҳам сўз бўлганини таъкидлади. Довутўғли тўрт соатлик учрашув пайтида Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасида ўзаро келишмовчиликлар бўлмаганини айтди.

Бугунги кунда Туркия ҳудудида 2 миллион 200 минг нафар суриялик қочқин яшамоқда.

Парижда намойишга чиққанлардан 200 нафари қўлга олинди

29 ноябрь куни Амстердамда иқлим ўзгаришига оид анжуман олдидан ўтказилган митинг.

Франция пойтахти Парижда кеча Иқлим ўзгариши муаммоларига бағишланган халқаро конференция ўтказилишига қарши намойишга чиққанларнинг полиция билан тўқнашуви оқибатида 200 норози қўлга олинди.

Тўқнашувлар бир неча ўн намойишчи полициячиларга қарата шиша идишларни отганидан сўнг бошланиб кетди. Полиция норозиларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар ва кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Парижда жорий этилган фавқулодда ҳолат тартибига кўра намойишлар ва йиғилишлар ўтказиш тақиқланган. Шунинг учун намойишда қатнашишни истаган, аммо қатнаша олмаган минглаб одамлар ўз оёқ киймларини Республика майдонига қўйиб кетган. Хабарларга қараганда, пойабзаллар сони 20 минг жуфтдан кўпроқ бўлган.

Парижда 30 ноябрдан 11 декабргача БМТнинг иқлим ўзгаришига оид саммити ўтказилади. Анжуманда 147 давлат вакили иштирок этади.

Саммит арафасида Австралиянинг Сидней шаҳрида 45 минг одам намойиш ўтказди. Бундай намойшлар Лондон, Мадрид, Берлин, Сан-Паулу, Мехико ва Нью-Йоркда ҳам ўтказилди. Намойишчилар жаҳон лидерларидан иқлим ўзгаришига қарши кескин чора-тадбирлар кўришни талаб қилмоқда.

Дунё лидерлари Парижда иқлим ўзгаришига оид саммитга йиғилмоқда

Иқлим ўзгариши муаммоларига бағишлаб Парижда бўлиб ўтадиган БМТ анжуманига камида 140 давлат раҳбари келмоқда.

Йиғин душанба куни очилади ва унда иштирокчилар карбон газларини атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича узоқ муддатли битим ишлаб чиқишга ҳаракат қиладилар.

Иқлим ўзгаришига бағишланган анжуман бундан олдин Копенҳагенда бўлиб ўтганди.

Аммо, мазкур анжуман кўзланган келишувга эриша олмади.

Париж йиғини олдидан 195 мамлакатдан 153таси карбон газларини қисқартиришга ваъда берган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG