Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 18:10

Халқаро янгиликлар

Эрдўғон Россияни "Исломий давлат"дан нефть сотиб олганликда айблади

doctorate in Doha, December 2, 2015

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг пайшанба кунги баёнотига қараганда, унинг давлати Россиянинг “Исломий давлат” террористик гуруҳи билан ноқонуний нефть савдосини исботловчи далилларга эга.

“Бизда далиллар бор ва биз уларни дунёга ошкор қиламиз”, деди Эрдўғон.

Аввалроқ Россия президенти Эрдўғоннинг оиласини “Исломий давлат”дан нефть сотиб олганликда айблаган, Россия мудофаа вазирлиги эса, чоршанба куни ўз “далилларини” намойиш қилган эди.

Россия-Туркия муносабатлари Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғи 24 ноябрь куни Туркия ҳудудини бузиб киргани учун Туркия ҳарбийлари томонидан уриб туширилганидан сўнг ёмонлашиб кетди.

Россияда ўлган чақалоқнинг отаси жабрланувчи сифатида тан олинди

Россия маъмурлари қўлида ўлган 5 ойлик Умарали Назаровнинг отаси жабрланувчи, деб тан олинди.

Бу ҳақда хабар қилган “Новая газета”га кўра, қарорни Россия Тергов қўмитасининг Петербург бошқармаси қабул қилган. Газетага кўра, Умаралининг отасига жабрланувчи мақоми берилиши учун унинг адвокатлари икки ой ҳаракат қилган.

Адвокатлар фикрича, бундай мақом берилиши Умаралининг ўлими билан боғлиқ терговни жадаллаштирга туртки бериши мумкин. Ноябрда марҳум чақалоқнинг онаси Зарина Юнусова Россиядан чиқариб юборилган эди.

Петербургдан Душанбега учган Зарина ўша рейсда ўғлининг тобутини ватанига олиб келганди.

Умарали Назаров 13 октябрь куни миграция қонунчилигини бузганлиги учун ушланган онасидан тортиб олинганидан бир неча соат ўтгач жон берган.

11 ноябрь куни экспертиза болакайнинг ўлимига юқумли касаллик сабаб бўлгани ҳақида хулоса берган. Боланинг ота-онаси эса унинг соппа-соғ бўлганини айтмоқда.

Умаралининг ўлими Россияда ҳам, Тожикистонда ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди. Хусусан, Петербургда мазкур ишни ҳар томонлама текшириш талаби билан қатор пикетлар ўтказилди.

"Толибон"нинг Афғонистондаги қаноти раҳбари ўлдирилгани тўғрисида хабар пайдо бўлди

“Толибон” ҳаракатининг Афғонистондаги қаноти раҳбари Мулла Мансур ҳалок бўлгани тўғрисида “айрим хабарлар”га таяниб, ВВС ўзбек хизмати хабар қилди.

Бироқ бу хабарни “Афғон-Толибон” воизи Забиҳулла Мужоҳид ВВС саволига жавобан рад этган:

"Бундай воқеа бўлгани йўқ. Авваламбор, у Афғонистонда, Покистоннинг сиз айтган жойида эмас. Иккинчидан, унинг атрофидаги хавфсизлик бу каби ҳодисага йўл қўйиш даражасида заиф эмас" - деган Забиҳулла Мужоҳид.

ВВСнинг “Толибон” таркибидаги манбаларга таяниб хабар қилишича,Афғонистон-Покистон чегарасига яқин Кветта шаҳри чеккасидаги учрашувда Толибон қўмондонлари ўзаро тортишиб қолган.

Юзага келган отишмада “Афғон-Толибон” раҳбари оғир яраланиб, ҳаракатнинг тўрт зобити ҳалок бўлган. Отишма сабаблари номаълум.

"Баҳс-мунозара пайти баъзи юқори мартабали қўмондонларнинг фикрлари ўзаро тўғри келмай қолди ва улар бир-бирларига қарата ўт очишди" - деган Толибон манбаси.

Айрим хабарларга кўра, Мулла Мансур ҳам ҳалок бўлган. Лекин бу хабар ҳали тасдиқлангани йўқ, деб хабар қилди ВВС ўзбек хизмати.

Навальний Россия Бош прокурорини судга бермоқчи

Алексей Навльний

Россиялик таниқли мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ўз қадр-қиммати ва обрўсини ҳимоя қилиб Россия бош прокурори Юрий Чайкани судга бермоқчи. Бунга бош прокурор ўз ўғли ва қўл остидаги ходимларнинг молиявий жиноятларини фош қилган Навальнийнинг жамғармасини ёлғончиликда айблагани сабаб бўлди.

Бу ҳақда Алексей Навальний ўз сайтида хабар қилди.

Юрий Чайка ўз оиласи бизнесига оид суриштирув натижаларини эълон қилган Коррупцияга қарши кураш жамғармасини бугун эрталаб “буюртма” бажарганликда айблади.

Сешанба куни Коррупцияга қарши кураш жамғармаси Юрий Чайканинг оиласи аъзолари ҳамда бош прокуратуранинг бошқа юқори лавозимли ходимларининг жиноятларини фош қилувчи суриштирув натижаларини эълон қилган эди.

Давлат Думаси депутати Дмитрий Гудков Бош прокурор Чайканинг фаолиятини текшириш учун парламент комиссияси тузиш таклифи билан чиқди.

Путин Туркияга яна бир бор таҳдид қилди

Россия президенти Владимир Путин Федерал мажлисга қиладиган ҳар йилги мурожаатномасининг бу йилгисини бугун бошлар экан, жаҳонда террорим хавфи кучайгани ҳамда кучларни унга қарши “бир муштга тугиш” зарурлиги тўғрисида гапирди.

Россиянинг Суриядаги амалиётларига тўхталган Путин, бу мамлакатда рус ҳарбийлари энг аввало Россия учун жанг қилмоқда деди.

Россия президенти яна бир бор Туркияни “Исломий давлат” гуруҳи террорчиларини қўллаб-қувватлаётганликда айблади.

Путинга кўра, Туркия ҳукумати Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғини 24 ноябрь куни уриб туширгани учун ҳали “кўп афсус чекади”. Унинг айтишича, Россия Туркияга қарши қурол ишлатмайди, лекин “нима қилиши кераклигини билади”.

Сўнгги гап замирида қандай ҳаракат ётганини Россия президенти очиқламади.

Калифорнияда 14 кишини отиб ўлдирган жиноятчиларнинг икки нафари йўқ қилинди

Полиция ходимлари Калифорния штатининг Сан-Барнардино шаҳрида одамларни ўққа тутган икки шахсни отиб ўлдирди. Бу ҳақда ABC News телеканали хабар тарқатди.

Полиция маълумотларига кўра, қуролланган уч шахс Ижтимоий ёрдам маркази конференц-залларидан бирига бостириб кириб, одамларни ўққа тутган. Бир неча дақиқа ичида 14 киши ўлган, 17 киши яраланган.

Жиноятчилар орадан бир неча соат ўтгач, қўшни Редланд шаҳридан топилган. Отишма чоғида ҳужумчилардан икки нафари ўлдирилган, улардан бири аёл киши экани айтилмоқда. Ҳужумчилар жиноят жойидан қочган автомобилда портлаш мосламаси топилган. У сапёрлар томонидан зарарсизлантирилган.

Учинчи ҳужумчи яширинишга муваффақ бўлган. Ҳозир у қидирилмоқда. Воқеа гувоҳлари ва полициячиларга кўра, автоматлар билан қуролланган ҳужумчиларнинг уччаласи ҳам бронежилетда бўлган. Улар нима сабабдан одамларга ҳужум қилгани ҳозирча маълум эмас, аммо полиция бунинг террорчилик хуружи бўлганини эҳтимолдан соқит қилмаяпти.

АЭХА: Эрон ядро қуроли ишлаб чиқаришга бир муддат ҳаракат қилган

Атом энергияси халқаро агентлиги логотипи.

Эрон ядро қуроли яратиш бўйича, йўқ деганда, 2003 йил охиригача муайян ишларни олиб борган, бироқ бу ишларнинг ҳаммаси режалаштириш ва тамал экспериментлардан нарига ўтмаган.

Бу тахминни ўртага ташлаган Атом энергияси халқаро агентлиги вакилларига кўра, Теҳрон томонидан “мувофиқлаштирилган хатти-ҳаракатлар”нинг катта қисми 2003 йилдан сўнг тўхтатилган, аммо айрим тадқиқотлар 2009 йилгача давом эттирилган.

Халқаро агентлик Эрон ядро қуроли ишлаб чиқариш билан шуғулланган-шуғулланмаганига оид тахминлар юзасидан 10 йилдан буён текширувлар ўтказиб келади.

АЭХА экспертлари фикрича, Эрон бу борада “илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда муайян техник малака ва имкониятларга эга бўлишдан нарига ўтмаган”. Ташкилот ҳисоботида “Эрон 2009 йилдан кейин атом бомбаси яратиш билан шуғулланганини исботловчи ишонарли фактлар йўқ”лиги қайд этилган.

Агентликнинг бу ҳисоботи Эрон ядро қуроли ишлаб чиққан-чиқмаганига оид текширувнинг муҳим босқичи бўлиб ҳисобланади. Бу ҳисобот ортидан Эронга нисбатан киритилган иқтисодий санкциялар олиб ташланиши мумкин.

Шу йил июлида дунёдаги етакчи давлатлар Теҳрон расмийлари билан халқаро санкциялар олиб ташланиши эвазига бу мамлакат ядровий дастурини чеклашга қаратилган тарихий келишувга эришганди. 15 декабрь куни АЭХА ҳисоботини муҳокама қилиш бўйича ташкилот кенгаши мажлиси ўтказилиши кутилмоқда.

Россиялик адвокатга Умарали Назаров ўлимига оид тафсилотларни очиқлаш тақиқлаб қўйилди

Россияда нобуд бўлган Умарали Назаровнинг фотосурати.

Петербург касалхонасида жон берган тожикистонлик болакай Умарали Назаровнинг ота-онаси адвокатига ишга оид маълумотларни очиқлаш тақиқлаб қўйилди.

Адвокат Юрий Серов ТАСС агентлиги мухбири билан суҳбатда дастлабки тергов тафсилотларини очиқламаслик ҳақида ҳужжат имзолаганини маълум қилган. Аввалроқ адвокатлар Петербургда бўлган Умаралининг отаси Рустам Назаровни жабрланувчи томон дея тан олинишига эришишга ҳаракат қилажакларини билдиргандилар.

Тожикистонлик 5 ойлик болакайнинг ўлими билан боғлиқ жиноят иши “шахс ўз профессионал мажбуриятларини тегишли йўсинда бажармагани учун эҳтиётсизлик оқибатида юзага келган ўлим” моддаси бўйича очилган.

Ноябрь ойи ўртасида Умаралининг онаси Зарина Юнусова суд қарори билан Россиядан бадарға қилинган. Петербургдан Душанбега учган Зарина ўша рейсда ўғлининг тобутини ватанига олиб келганди.

Умарали Назаров 13 октябрь куни миграция қонунчилигини бузганлиги учун ушланган онасидан тортиб олинганидан бир неча соат ўтгач жон берган.

11 ноябрь куни экспертиза болакайнинг ўлимига юқумли касаллик сабаб бўлгани ҳақида хулоса берган. Боланинг ота-онаси эса унинг соппа-соғ бўлганини айтмоқда.

Умаралининг ўлими Россияда ҳам, Тожикистонда ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди. Хусусан, Петербургда мазкур ишни ҳар томонлама текшириш талаби билан қатор пикетлар ўтказилди.

Покистонда Толибон лидери Ахтар Мансур жиддий жароҳат олди

Мулла Ахтар Мансур.

Афғонистон расмийларига кўра, Толибон ҳаракати лидери Мулла Ахтар Мансур қўшни Покистонда жангарилар лидерлари ўртасида бўлиб ўтган даҳанакидан сўнг юзага келган отишмада жиддий ярадор бўлган.

Афғонистон биринчи вице-президенти матбуот котиби Султон Файзийнинг маълум қилишича, отишмадан сўнг Ахтар Мансур касалхонага етказилган, аммо унинг тирик ёки ўлгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Толибон вакили Забиуллоҳ Мужоҳид бу каби ҳодиса содир бўлганини инкор этган.

Ахтар Мансур Афғонистон расмийлари толибларнинг собиқ раҳбари Мулла Умар икки йил муқаддам Карачида ўлганига оид маълумотни тасдиқлаганидан сўнг июль ойида “ҳаракат лидери” деб эълон қилинган. Шундан сўнг Толибон ичида ихтилоф пайдо бўлган. Дала қўмондонларининг бир қисми Ахтар Мансур ҳокимиятини тан олишдан бош тортган.

Афғон расмийларига кўра, Ахтар Мансур Толибон раҳбарияти қароргоҳи деб кўриладиган Покистоннинг Кветта шаҳридаги учрашувда ҳозир бўлган. Султон Файзийга кўра, Ахтар Мансур бу мажлисда Толибон қўмондонларидан бири бўлган Мулла Абдулла Сардорий билан тортишиб қолган.

Эрдўғон: Туркияни “ИД” билан ҳамкорликда айблашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!"

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳеч кимнинг Туркияни “Исломий давлат” экстремистик гуруҳидан нефть сотиб олишда айблашга ҳаққи йўқ, деб баёнот берди.

Чоршанба куни Қувайтда қилган чиқиши давомида у ҳеч қачон террорчилар билан ҳамкорлик қилмаяжагини билдирди.

Эрдўғон, шунингдек, Россия билан муносабатларнинг янада ёмонлашиб кетишини истамаслигини айтди.

Эрдўғоннинг бу баёнотлари арафасида Россия мудофаа вазири ўринбосари Анатолий Антонов Туркия олий раҳбарияти ва шахсан Эрдўғонни Сурия ва Ироқда ғайриқонуний нефть қазиш ишларига алоқадорликда айблади.

Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғи Туркия ҳудудига киргани учун бу мамлакат ҳарбийлари томонидан уриб туширилганидан бери Москва Истанбулни “Исломий давлат” билан ҳамкорликда айблаб келмоқда.

Унгача эса, Украина масаласида Ғарб билан муносабатлари бузилган Россия Туркия билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга зўр бераётган эди.

Киев Москванинг савдо соҳасидаги зарбасига мутаносиб зарба бермоқчи

Украинада ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари импортини тақиқлаб қўйгани учун Киев Россияга қарши мутаносиб чоралар қўллайди. Бу ҳақда чоршанба куни Украина бош вазири Арсений Яценюк баёнот берди.

Масалага оид қонун лойиҳаси бугун Верховная Радага тақдим этилди.

Яценюкка кўра, Россия жорий этган эмбаргодан Украина 600 миллион долларли зарар кўрган.

2016 йилнинг 1 январидан бошлаб Украина билан Европа Иттифоқи ўртасида эркин савдо зонаси режими кучга киради.

Россияда чет мамлакатларга саёҳат қилмоқчилар сони 50-60 фоизга тушиб кетди

Россия туризм индустрияси уюшмаси матбуот котиби Ирина Тюринага кўра, бу Россиянинг яқин тарихида мисли кўрилмаган кўрсаткичдир.

Тюринага кўра, турларга эҳтиёжнинг кескин пасайиб кетиши иқтисодий бўҳроннинг оқибати бўлиб, россияликларда чет элга чиқиб дам олиб келишга пул қолмаган.

Чет мамлакатларда дам олишни уюштирувчи компаниялар фаолиятига иқтисодий бўҳрондан ташқари Россия раҳбарияти кейинги пайтларда қабул қилган қарорлар ҳам таъсир қилмоқда.

Мисрнинг Синай ярим оролида Россияга қарашли йўловчи самолёт уриб туширилганидан сўнг Мисрга ҳамда Россяининг ҳарбий учоғи Туркия томонидан уриб туширилганидан сўнг Туркияга саёҳатларни Кремль чеклаб қўйди.

Черногориянинг НАТОга таклиф қилинишига қарши Москва жавоб чоралари кўрмоқчи

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг.

“НАТОнинг давом этаётган экспансияси, НАТО ҳарбий инфраструктурасининг Шарққа томон сурилаётгани Шарқнинг жавоб ҳаракатларини келтириб чиқармай қолмаслиги бугун Москвада турли даражаларда таъкидлаб ўтилди”, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бугун Черногорияни НАТОга аъзо қилиб олиш юзасидан музокаралар бошланишининг Россия билан ҳеч қандай шаклда боғлиқ эмаслиги тўғрисида баёнот берди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри, ўз навбатида, НАТО ҳеч кимга таҳдид солмайди, деган фикрни билдирди. Керрига кўра, мазкур мудофаа иттифоқининг асосий мақсади барқарорликни таъминлашдир.

Бугун Брюсселда НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Черногориянинг Шимолий Атлантика иттифоқига қўшиб олиш юзасидан музокараларни бошлашга келишиб олди.

Аҳолиси 600 минг кишилик Черногория НАТОнинг 29- аъзоси бўлади.

АҚШ Ироқдаги ҳарбийлари сонини кўпайтиради

АҚШ мудофаа вазири Эш Картер.

АҚШ мудофаа вазири Эш Картер Қўшма Штатлар Ироқда “Исломий давлат” гуруҳига қарши ҳозирлигини кенгайтиришга қарор қилганини билдирди.

Картернинг айтишича, Ирқда америкалик ҳарбийлар сони кўпайтирилади ва улар маҳаллий кучларга Ироқ ва Сурияда жанггариларга қарши амалиётлар сонини кўпайтиршда ёрдам беради.

Картер 1 декабрь куни Конгресс ўтган ойда 130 одам ҳалок бўлган Париждаги террорчилик ҳаракатлари учун масъулиятни ўз зиммасига олган “Исломий давлат” радикал гуруҳига қарши кураш кучайтирилиши учун Пентагонга босим ўтказгани ортидан мана шундай баёнот берди.

Ироқда ҳоизр бўлган америкалик 3500 аскар яқинда Ироқ кучларига Синжар шаҳрини “Исломий давлат” гуруҳидан тозалашга кўмак кўрсатган эди.

Картер Ироққа жўнатилаётган АҚШ қуролли кучларининг янги махсус гуруҳи маҳаллий ҳарбийларга ёрдам кўрсатиш, рейдлар ўтказиш, гаровга олинганларни қутқариш, разведка маълумотларини тўплаш ва "исломий давлат" гуруҳи раҳбарларини қўлга олиш ёки жисмонан йўқ қилиш билан шуғулланади.

Россия Бош вазири Туркияга нисбатан санкциялар рўйхатини тасдиқлади

Россия Бош вазири Владимир Медведев.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев 1 декабрь куни Туркияга нисбатан жорий қилинган санкциялар рўйхатини тасдиқлади.

Ҳукумат расмий сайтида эълон қилинган рўйхатда Туркиядан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш 1 январдан тақиқланиши назарда тутилган. Шунингдек, 1 декабрдан бу мамлакат билан ҳаво алоқаси узилган.

Россиядан Туркияга газ сотишни ёки рус мутахасислари томонидан қурилаётган Туркиядаги Акқўй атом электр станциясидаги ишларни тўхтатиш санкцияда назарда тутилмаган.

Бироқ “Газпром” ширкатидаги икки манба Ройтер агентлигига ширкат Туркияга газ сотиш ёки сотмаслик масаласида президент Владимир Путиннинг кўрсатмасини кутаётгани ҳақида маълумот берган.

Туркия энергоресурсларнинг асосий қисмини Россиядан сотиб олади.

Москва ва Анқара ўртасидаги муносабатлар турк ҳарбийлари томонидан 24 ноябрда рус ҳарбий самолёти уриб туширилганидан сўнг ёмонлашиб бормоқда. Анқара Сурияда ҳарбий амалиётни ўтказаётган рус самолёти Туркия чегарасини бузиб ўтгани учун уриб туширилганини билдирмоқда. Россия эса бу билдирувни инкор қилиб, самолёт Сурия ҳудудида турк ҳарбийлари томонидан уриб туширлганини иддао қилаётир.

Арманистонда норозилар президент истеъфосини талаб қилмоқда

Еревандаги норозилик намойиши.

Арманистон пойтахти Ереванда камида уч минг одам президент Серж Саркисяннинг ҳокимиятда қолиш муддатини узайтиришга қаратилган конституциявий ўзгартишлар лойиҳасига қарши намойиш ўтказмоқда.

Намойиш мухолифат кучлари томонидан 1 декабрда бошланди. Намойишчилар президент Саркисян истеъфо беришини талаб этмоқда. Митинг ташкилотчилари намойишлар норозилар талаби бажарилмагунга қадар давом этишини маълум қилди.

6 декабрда Арманистонда Конституцияга ўзгартишлар киритиш масаласида референдум ўтказилиши белгиланган. Президент Саркисян томонидан таклиф қилинган ўзгартишларда Арманистонни парламент республикасига айлантириш ва ҳокимиятни Бош вазир қўлида жамлаш назарда тутилади.

Мухолифатга кўра, мазкур ўзгартишлар Саркисян 2018 йилдан сўнг ҳам ҳокимиятни Бош вазир сифатида ўз қўлида сақлаб қолишга ҳаракат қилаётганини англатади. 2018 йилда Саркисяннинг президентлик муддати якунланиши лозим.

Россияда қалбаки спиртли ичимликлардан ўнлаб одамлар ҳалок бўлмоқда

Россияда ўнлаб одамлар қалбаки спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ортидан ҳалок бўлди. Бу ҳақда Россия тергов қўмитаси расмийси Владимир Маркин 1 декабрь куни маълум қилди.

Унга кўра, спиртли ичимликлар ичиб ўлганларнинг асосий қисми Красноярск, Чувашия, Оренбург,Курск ва Калугада яшаган одамлардир.

Маркин қалбаки спиртли ичимликлар таркибидаги ментол спиртидан заҳарланган одамлар сони ҳақида маълумот бермади, бироқ ўлаётганлар сони кўпайиб бораётганини айтди.

Красноярскда қалбаки Jack Daniel вискисини ичиб 11 одам ўлганидан сўнг 6 киши қалбаки алькогол сотганликда айбланиб қўлга олинган эди.

БМТ: Ироқда ноябрь ойи ичидаги жангларда 888 одам ўлдирилди

БМТ ноябрь ойи ичида Ироқда 888 одам ўлдирилгани, буларнинг 489 нафари мамлакат фуқаролари, шу жумладан, полиция ходимлари эканини айтмоқда.

Қолган 399 нафари эса Ироқ хавфсизлик кучлари вакиллари, Курд пешмергаси аъзолари ҳамда Ироқ армияси сафида хизмат қилаётган ҳарбийлар экани айтилди.

1 декарь куни БМТ тарқатган ҳисоботда келтирилишча, бу рақамга мамлакатнинг Анбар вилоятидаги қурбонлар сони қўшилмаган. Ташклотнинг Ироқдаги вакиллари бу вилоятга оид маълумотларни аниқлаш имконсиз қолаётганини айтмоқда.

Бу вилоятнинг саҳролардан иборат каттагина қисми "Исломий давлат" террор гуруҳи назорати остида қолмоқда.

Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг аъзоси 9 йилга қамалди

Тожикистон Олий суди мамлакатда тақиқланган Ислом уйғониш партиясининг собиқ вакилини террорчилик ва экстремизмга оид айбловлар билан 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Собиқ Ислом уйғониш партиясининг мамлакат жанубидаги Фархон вилояти бўлими раҳбари бўлган Ҳасан Раҳимов ушбу партиянинг қўлга олинган, терговга тортилган ва жазоланган 23 вакилидан биридир.

Раҳимовнинг яқинлари суд 27 ноябрь куни ёпиқ эшиклар ортида ўтганини айтмоқда.

Ислом уйғониш партияси Тожикистонда шу йилнинг август ойида "террорчи ва экстремист ташкилот" деган тамға билан тақиқланган.

Тожикистон Олий суди ва Бош прокуратураси Ислом уйғониш партияси лидерларини мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари генерал Абдуҳалим Назарзода уюштирган ҳарбий исёнга алоқадорликда айблаган. Бироқ партия раҳбарияти бу айбловни инкор этган.

Обама Туркия ва Россия раҳбарларини "тарангликни юмшатиш"га чақирди

1 декабрь куни ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан Парижда учрашган ​АҚШ Президенти Барак Обама Туркия ва Россия раҳбарларини "ўзаро тарангликни юмшатиш"га чақирди.

Обама Туркиянинг ўз ҳудудини қўриқлаш ҳаққини қувватлашини билдирди ва Эрдўғон билан музокараларида "Туркия ва Россиянинг ўзаро тарангликни юмшатиш имконлари ва муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилиш чоралари"ни муҳокама қилганини айтди.

Туркия 24 ноябрь куни ўзининг F-16 учоғи Россиянинг Су-24 самолёти мамлакат ҳаво ҳудудига изнсиз кирганидан кейин ўққа тутганини, бундан аввал турк учувчилари россияликларни 10 марта огоҳлантирганини билдирган.

Россия эса ўз бомбардимончи учоғи Сурия ҳудуди узра учганини, Туркия ҳудудига кирмаганини таъкидлаб келмоқда.

30 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин рус бомбардимончи самолёти турк ҳарбийлари томонидан Суриядан Туркияга ноқонуний нефть савдосини ҳимоя қилиш учун уриб туширилганини иддао қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон аввалроқ рус расмийлари томонидан очиқланган бу каби иддаоларни “туҳмат”, деб атаган.

Қозоғистонда Биринчи президент - Назарбоев куни нишонланмоқда

Қозоғистонда 1 декабрь - Биринчи президент кунида мамлакатда таълим муассасалари ва давлат ташкилотлари, корхоналари ишчилари дам олади.

Қозоғистон тарихидаги биринчи президенти - амалдаги президент Нурсултон Назарбоев шаънига мақтовлар, табрикларни ўзи ичига олган тадбирлар мамлакат бўйлаб ташкил қилинади. Бу тадбирлар мавзуи ҳар йили президент аппарати томонидан белгиланади.

Қозоғистонда бу байрам 2012 йилдан бошлаб нишонланмоқда. 1991 йилнинг 1 декабрида Нурсултон Назарбоев умумхалқ сайловларида мамлакатнинг илк президенти этиб сайланган. Ўшанда у сайловдаги ягона номзод бўлган.

Мамлакатда Назарбоев шахсига боғланган яна бир байрам - Остона кунидир. Бу ҳар йили 6 июль - Нурсултон Назарбоев туғилган куни нишонланади. Бу кундаги тадбирларнинг тематикаси ҳам ҳар йили ҳукумат томонидан белгиланади ва тадбирларнинг асосий мазмуни амалдаги президентни улуғлашдан иборат бўлади.

Порошенко рус ҳарбийси Старковни украин ҳарбийси Хречановга алмаштирди

Украина Президенти Петро Порошенко россияпараст сепаратчилар қўлидаy озод этилган украин ҳарбийси Андрий Хречанов билан

Украина Президенти Петро Порошенко мамлакат шарқида қўлга олинган Россия фуқаросини афв этди ва уни россияпараст сепаратчилар қўлида сақланган украиналик ҳарбийга алмаштирди.

Порошенко бу ҳақда ўз расмий сайтида хабар қилди ва озод этилган украин ҳарбийси Андрий Хречанов билан тушган суратини илова қилди.

Озод этилган россиялик ҳарбий Владимир Старков шу йилнинг июль ойида мамлакат шарқида қўлга олинган ва 14 йилга қамалган эди.

Украина махсус хизматлари Старков ўзининг Россия ҳарбийси эканини тан олган видеони тарқатган. Россия эса Украинага ҳарбийларини юборганига оид айбловларни инкор этиб келади.

2014 йилнинг апрелидан буён Украина шарқида давом этаётган қуролли низода ўлдирилганлар сони 7 минг 900 нафардан ошди. Бу ҳудуднинг каттагина қисмида сентябр ойидан буён оташкесимга амал қилинаётгани кузатилмоқда.

Аҳмет Довудўғли: Россия Туркияга айбловлар ёғдириш баҳона ўз айбини яширмоқда

Туркия Бош вазири Аҳмет Довудўғли Россия Туркиянинг ҳаво ҳудудини бузганини яшириш учун Анқарага асоссиз айбловларни ёғдирмоқда, деб баёнот берди.

Довудўғли Путиннинг Анқара "Исломий давлат" сотаётган нефтдан фойда кўрмоқда мазмунидаги айбловларини асоссиз, деб атади.

1 декабрь кунги баёнотида Довудўғли Россияни яна бир бор ҳарбий ва дипломатик музокаралар йўли билан мулоқотларни давом эттиришга чақирди. Россиянинг ҳозирги позицияси Сурия бўҳронини Россия ва Туркия ўртасидаги бўҳронга айлантирмоқда, деб таъкидлади.

30 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин рус бомбардимончи самолёти турк ҳарбийлари томонидан Суриядан Туркияга ноқонуний нефть савдосини ҳимоя қилиш учун уриб туширилганини иддао қилди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон аввалроқ рус расмийлари томонидан очиқланган бу каби иддаоларни “туҳмат”, деб атаган.

Туркия ўзининг F-16 учоғи Россиянинг Су-24 самолёти мамлакат ҳаво ҳудудига изнсиз кирганидан кейин ўққа тутганини, бундан аввал турк учувчилари россияликларни 10 марта огоҳлантирганини билдирган. Россия эса ўз бомбардимончи учоғи Сурия ҳудуди узра учганини, Туркия ҳудудига кирмаганини таъкидлаб келмоқда.

Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлди

Қозоғистон президенти Н.Назарбоев ЖСТ Бош кенгашининг Женевадаги мажлисида, 2015 йил 27 июли.

Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлган 162-мамлакатга айланди. Бу ҳақда ЖСТнинг 30 ноябрь куни тарқатган хабарномасида айтилади.

Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотига кириш учун 1996 йилда музокара бошлаган. Бу музокаралар ўтган йигирма йил ичида бир неча марта тўхтаб қолган. Музокараларнинг тўхтаб қолишига, жумладан, Қозоғистоннинг Россия етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги ҳам сабаб бўлганди.

Қозоғистоннинг ЖСТга қўшилишига оид ҳужжатлар пакети ташкилот кенгаши томонидан шу йил 22 июнида тасдиқланган.

Путин рус учоғи турклар томонидан ноқонуний нефть савдосини ҳимояси учун уриб туширилганини иддао қилди

Россия президенти Владимир Путин Парижда ўтказилган матбуот анжумани чоғида, 2015 йил 30 ноябри.

Россия президенти Владимир Путин рус бомбардимончи самолёти турк ҳарбийлари томонидан Суриядан Туркияга ноқонуний нефть савдосини ҳимоя қилиш учун уриб туширилганини иддао қилди.

Путиннинг 30 ноябрь куни Париждаги иқлим ўзгариши бўйича саммит доирасида берган бу изоҳи Москва мазкур ҳодиса юзасидан ҳали ғазабдан тушмаганини англатади.

“Бизда Россиянинг Су-24 учоғи Суриядан Туркияга ноқонуний равишда нефть етказиб беришни хавфсиз қилиш учун уриб туширилди, дейишга асослар бор”, деди Владимир Путин.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон аввалроқ рус расмийлари томонидан очиқланган бу каби иддаоларни “туҳмат”, деб атаган.

Душанба куни Парижда журналистлар олдида сўзлаган Эрдўғон, агар Туркия “Исломий давлат” халқаро террор гуруҳидан нефть сотиб олаётгани исботлангудек бўлса, президентлик лавозимидан истеъфо беришга тайёрлигини билдирди.

Туркия ўзининг F-16 учоғи Россиянинг Су-24 самолёти мамлакат ҳаво ҳудудига изнсиз кирганидан кейин ўққа тутганини, бундан аввал турк учувчилари россияликларни 10 марта огоҳлантирганини билдирган. Россия эса ўз бомбардимончи учоғи Сурия ҳудуди узра учганини, Туркия ҳудудига кирмаганини таъкидлаб келмоқда.

30 ноябрь куни АҚШнинг НАТОдаги доимий вакили Дуглас Лют рус учоғининг уриб туширилиши бўйича барча далиллар Туркия версиясини тасдиқлаётганини билдирди.

Аввалроқ бу версия НАТО бош котиби Йенс Столтенберг томонидан ҳам тасдиқланганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG