Линклар

Шошилинч хабар
26 август 2019, Тошкент вақти: 03:25

Халқаро янгиликлар

Германия "Исломий давлат"га қарши урушган австралиялик Ашлей Дибални депортация қилди

Германия 6 декабрь куни Ироқ ва Сурия ҳудудида "Исломий давлат"га қарши курашиш учун курд жангчилари гуруҳига қўшилган австралияликни депортация қилди.

Австралия Ташқи ишлар вазирлиги Ашлей Дибал(Митчел Скот) Германиядан депортация қилинганини тасдиқлади.

4 декабрь куни Германияда қўлга олинган Дибал Facebook саҳифасида террорчиликда гумон қилинаётгани ҳақида ёзган эди.

Асли брисбанлик Ашлей Дибал 2015 йилнинг бошидан буён курд жангчилари билан бирга "Исломий давлат"га қарши курашиб келмоқда ва ижтимоий тармоқларда танилган.

Ҳозирда ўз ватанида унга нисбатан қандай чора кўрилиши номаълум. Ота-онаси унинг афв этилишини сўрамоқда.

Озарбойжонда Каспий нефть конидаги ҳалокат қурбонлари хотирасига мотам эълон қилинди

Озарбойжон раҳбарияти Каспий денгизининг оффшор ҳудудида жойлашган нефть конида 4 декабрь куни содир бўлган ҳалокатда қурбон бўлган иккинчи ишчининг жасади топилганини маълум қилди.

Денгизда кучли тўфон кўтарилгач, кондаги бурғулаш қудуғида чиққан ёнғин вақтида бедарак кетган яна 29 кончи қидирилмоқда.

6 декабрни президент Илҳом Алиев мамлакатда миллий мотам куни, деб эълон қилди. Давлат байроқлари мамлакат ичкариси ва хориждаги дипломатик корпусларда ярим туширилди.

Давлатга тегишли SOCAR нефт компанияси қутқарувчилар бурғулаш станциясидаги 33 кишини эвакуация қилганини маълум қилди.

Озарбойжонда Нефть конлари ишчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳалокатда 32 киши ўлгани, 42 киши қутқарилгани ҳақида баёнот берган, аммо давлат ширкати бу маълумотларни тасдиқлагани йўқ.

Бағдод турк ҳарбийларини Ироқдан олиб чиқишни талаб қилиб Туркия элчисини чақиртирди

Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги Туркиянинг элчисини чақиртирди ва мамлакат шимолига киритилган Туркия қўшинларини зудликда олиб чиқишни талаб қилди.

Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда Туркия қўшинлари бу давлатга ҳукуматни огоҳлантирмаган ҳолда киритилгани айтилган ва бу "душманларча ҳаракат", дея баҳоланган.

Туркия Бош вазири Аҳмет Довудўғли эса қўшинлар Бағдод билан аввалдан келишилган ва режалаштирилган ҳолда ўрин алмаштирганини таъкидлади.

"Бу ҳарбий лагер эса террорга қарши курашаётган маҳаллий кўнгилли жангчиларга ҳарбий машғулот учун қурилган лагердир", деб қўшимча қилди Довудўғли.

5 декабрь куни Ироқ Бош вазири Ҳайдар ал-Абодий мамлакат шимолидаги Мосул яқинига турк ҳарбийлари киритилганини кескин қоралаган ва уларнинг зудликда олиб чиқилишини талаб қилган.

Туркия ҳукумати июнь ойида “Исломий давлат” экстремист гуруҳи тарафидан босиб олинган Мосул яқинидаги Башиқа аҳоли пунктига 150 нафар аскарини жўнатганини билдирганди.

Толиблар етакчиси мулла Ахтар Мансурга тегишли деган иддао билан 16 дақиқалик аудио тарқатди

Толиблар ўз раҳбари мулла Ахтар Мансурнинг ҳаётлигини иддао қилиб, аудио баёнот эълон қилди.

Ўтган ҳафтада Ахтар Мансур Кветта яқинида оғир жароҳат олгани хабар қилинган ва шундан буён унинг тақдири номаълум қолаётган эди.

16 дақиқалик аудио мурожаатда мулла Ахтар Мансур, деб тақдим қилинган шахс унинг жароҳатлангани ҳақидаги маълумотлар Толиблар ўртасидаги зиддиятни кучайтириш мақсадида атай тарқатилганини иддао қилади.

"Мен ўз одамларим орасидаман. Ҳеч қандай инцидент содир бўлмади, бу ҳақдаги гаплар ёлғон. Бу душманларнинг ташвиқоти", дейди овоз соҳиби.

Ҳозирча, бу Ахтар Мансурга тегишли баёнотми ёки йўқлиги аниқлангани йўқ. Аммо, Толиблар орасидаги манбалар овоз етакчисига тегишли, демоқдалар.

3 декабрь куни Афғонистон-Покистон чегарасига яқин Кветта шаҳри чеккасидаги учрашувда Толибон қўмондонлари ўзаро тортишиб қолгани, юзага келган отишмада “Афғон-Толибон” раҳбари оғир яраланиб, ҳаракатнинг тўрт зобити ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Айрим хабарларга кўра, Мулла Мансур ҳам ҳалок бўлган. Лекин бу хабар ҳозиргача тасдиқлангани йўқ.

Эрдўғон Россия билан можаро энергетик қўшма лойиҳаларга таъсир қилмаслигини таъкидлади

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон СУ-24 самолётининг уриб туширилиши ортидан Россия бошланган низо икки давлат ўртасидаги энергетик лойиҳаларга таъсир қилмайди, деб баёнот берди.

"Ҳозирча бугунги вазият Россия билан мавжуд лойиҳалар, жумладан, табиий газ етказиб бериш ёки атом электр станциясини қуриш каби лойиҳаларга таъсир қилишини кўрсатувчи бирор ишорат кузатилгани йўқ", деди Туркия президенти.

У Россия матбуотида Москва режаланган "Туркия оқими" лойиҳаси бўйича музокараларни тўхтатиб қўйди, мазмунида берилган ахборотни ҳам инкор қилди:

"Матбуотнинг хато хабарларига ишонманг! Аксинча, бу лойиҳани биз кечиктирдик, чунки бизнинг талабларимиз бажарилмади", деб таъкидлади Эрдўғон.

Шунингдек, Туркия раҳбари импорт миқдори 1 миллиард долларга тушиши ортидан мамлакати тўкилиб тушмаслиги, бошқа йўллари топилишини урғуларкан, Россия бош тортган тақдирда Озарбойжон ва Қатардан табиий газ олишни режалаётганини айтди.

24 ноябрь куни Сурия-Туркия чегарасида Россияга тегишли СУ 24 самолёти турк ҳарбийлари томонидан уриб туширилгач, Россия томони Туркияга савдо санкцияларини жорий қилди. Россия бу давлатдан йилига 1 миллиард АҚШ долларига озиқ-овқат ва истеъмол маҳсулотларини сотиб олар, бу давлатга табиий газ, кўмир ва нефть етказиб берар эди.

АҚШ Давлат котиби Сурия бўйича музокаралар Ню Йоркда бўлишини маълум қилди

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Сурия бўҳронини ҳал қилиш бўйича навбатдаги музокаралар декабрь ойида Ню Йоркда бўлиб ўтишини маълум қилди.

Вашингтондаги Америка-Исроил форумида чиқиш қилган Керри Сурия мухолифати музокаралар учун қатнашчиларни танлагани ва Россия, Эрон томонлари билан мулоқотга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, Давлат котиби Россия ва Эрон томони ҳам ўтиш даври ҳукумати бўлиши ҳақидаги таклифни қабул қилганини айтиб ўтди.

Режага кўра, ўтиш даври ҳукумати 6 ой муддат ичида янги конституция ва халқаро кузатув остидаги сайловларни ўтказиш механизмини ишлаб чиқиши лозим.

АҚШ Давлат котибига кўра, Суриянинг янги раҳбарияти учун сайловлар 18 ой ичида ўтказилиши лозим.

АҚШ: Суриядан Туркияга Россия айтаётганидай кўп нефть контрабанда қилинаётгани йўқ

Суриядан Туркияга Россия айтаётганидай кўп миқдорда нефть контрабанда қилинаётгани йўқ.

Бу ҳақда АҚШ Давлат Департаментининг махсус вакили Амос Хокштейн баён қилди.

Жаноб Хокштейнга кўра, Суриядан Туркияга контрабанда йўли билан олиб ўтилаётган нефть жуда оз миқдорни ташкил этади.

Бу ерда гап Россия иддао қилаётганидай минглаб бензавозлар ҳақида кетаётгани йўқ.

- Иқтисодий нуқтаи назардан нефтни контрабанда йўли биланташқарига чиқаришдан маъно йўқ, сабаби Сурияни ўзида унга талаб катта, - деди Хокштейн.

Аввалроқ Россия Қуролли кучлари бош штаби бош тезкор бошқармаси бошлиғи Сергей Рудской “Исломий Давлат” бензовозлари Сурия-Туркия чегарасини кесиб ўтгандан кейин портларга бориб, у ердан кемалар орқали учинчи давлатларга қайта ишлашга юборилишини айтган эди.

“Исломий давлат“ нефт контрабандасидан кунига 1 ярим миллион доллар фойда кўриши айтилади.

"ИД" Сан-Бернардинодаги ҳужум учун масъул эканини билдирди

“Исломий давлат” экстремист гуруҳи АҚШнинг Калифорния штати Сан-Бернардино шаҳридаги 14 одам ўлимига сабаб бўлган ҳужумга масъулиятни зиммасига олди.

Экстремист гуруҳ бу ҳақда шанба куни Интернетда баён қилди.

Аввалроқ, FBI терговчилари ҳужумчилардан бирининг “Исломий давлат”га байъат бергани аёнлашгани ҳақда билдиришганди.

2 декабрь куни Сан Бернардинода эр-хотин амалга оширган ҳужум оқибатида 14 одам ҳаётдан кўз юмган, 21 одам яраланганди. Ҳужумчилар полиция билан отишмада ҳалок бўлишганди.

Калифорния ҳужумчисининг "ИД"га байъат бергани маълум бўлди

АҚШ Федерал тергов бюроси Калифорниянинг Сан Бернардино шаҳридаги чоршанба кунги ҳужумни террорчилик амали сифатида тафтиш қилаётганини билдирди.

Ҳужумчилардан бирининг “Исломий давлат”га байъат бергани аёнлашган.

Сан Бернардинода эр-хотин амалга оширган ҳужум оқибатида 14 одам ҳаётдан кўз юмди, 21 одам яраланди.

27 ёшли аёл Ташфин Малик ва унинг эри 28 ёшли эркак Саид Ризвон Фаруқ полиция билан отишма пайти ҳалок бўлишди.

Уларни уйи текширилганида у ердан қурол омбори, портлатгичлар ва бомба ясашда ишлатиладиган ускуналар ва ўқ-дорилар топилган.

Бағдод Анқарадан қўшинини Ироқдан олиб чиқишни талаб этди

Бағдод ҳукумати Туркиядан ўз қўшинларини зудлик билан Ироқдан олиб чиқишни талаб этди.

Аввалроқ Туркия ўз қўшинини Ироқнинг Мўсул шаҳрига йўналтирган эди.

Ироқ бош вазири Ҳайдар Абодий Анқара ҳукуматининг бу ҳаракатини Ироқ суверенитетини бузиш, дея баҳолади ва Туркияни ўзаро қўшничилик алоқаларини ҳурматлашга чақирди.

Туркия ҳукумати июнь ойида “Исломий давлат” экстремист гуруҳи тарафидан босиб олинган Мўсул яқинидаги Башиқа аҳоли пунктига 150 нафар аскарини жўнатганини билдирганди.

Турк қўшинлари у ерда курд отрядларини тайёргарликдан ўтказиш билан шуғулланиши айтилмоқда.

Жон Ленноннинг гитараси 910 минг АҚШ долларига сотилди

Афсонавий The Beatles гуруҳининг асосчиси Жон Ленноннинг Rickenbacker электрогитараси Julien's кимошди савдосида 910 минг АҚШ долларига сотилди.

Айтилишича, Леннон ушбу гитарани 1964 йилда, мавлуд байрами арафасидаги концертида чалган ва кейинчалик уни гуруҳ барабанчиси Ринго Старга совға қилган.

Julien's кимошди савдосида Ринго Стар ва унинг рафиқаси Барбара Бах оиласига оид 800та ашё қўйилди.

Старнинг Ludwig Oyster барабани 2,2 миллион долларга пулланди.

Шу йилнинг май ойида The Beatles гуруҳининг яна бир иштирочиси Жорж Харрисоннинг гитараси АҚШдаги аукционда сал кам ярим миллион долларга сотилганди.

Норози юк машиналари Москва халқа йўлини тўсиб қўйди

Норозилик ташкилотчилари минимал тезликда ҳаракатланаётган юк машиналари акциясини “шиллиққурт” дея атамоқда.

Россияда катта юк машиналари ҳайдовчиларининг норозилик акцияси доирасида Москва халқа йўли қисман тўсиб қўйилди. Юк машиналари ҳайдовчилари қўшимча солиқни назарда тутувчи “Платон” тизими жорий этилишига қарши норозилик тариқасида бир неча кун аввал Москвага юриш бошлаган.

Россия агентликларининг хабар қилишича, ҳайдовчилар норозилигини 6 декабрга қолдириш қарорига қарамасдан норозиларнинг айримлари ўз юк машиналарида автотрассада кичик тезлик юриб, автомобиллар ҳаракатини деярли тўхтатиб қўйган.

Норозилик ташкилотчилари минимал тезликда ҳаракатланаётган юк машиналари акциясини “шиллиққурт” дея атамоқда.

Акция натижасида Москва ҳалқа йўлининг ташқи чизиғи тўлалигича, ички чизиғи эса қисман тўсиб қўйилди.

Фуралар трассадаги бешта чизиғдан тўрттасини эгаллаб олган, дея хабар қилмоқда гувоҳлар. Акция натижасида полиция автотрассадан чиқиш йўлакларини тўсиб қўйишга мажбур бўлди.

Қирғизистон Бишкекдаги Ҳюман Райтс Уотч раҳбарини мамлакатдан чиқариб юборди

Ҳюман Райтс Уотч Бишкек бўлими раҳбари Мира Риттман

Қирғизистон расмийлари Ҳюман Райтс Уотчнинг Бишкекдаги ваколатхонаси раҳбари Мира Риттманни мамлакатга киритмади. Риттман 2 декабрь куни Истанбулдан учиб келган пайтда ортга қайтарилди.

Қирғизситон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакилининг 4 декабрь куни Озодликка билдиришича, Риттман “миграция қонунларини бузгани” учун мамлакатга қайта киритилмаган. Расмий ҳуқуқ фаолининг қайси қонунларни бузганини аниқлаштирмади.

Халқаро ташкилот бош директори Кеннет Рот “Ҳюман Райтс Уотч тадқиқотчисининг Қирғизистонга киритилмагани кутилмаган ва жуда ташвишли ҳолатдир”, дея баён қилди.

“Қирғизистон расмийлари тақиқни дарҳол бекор қилиб, Риттманнинг Бишкекка қайтиши ва ҳеч бир таъқибсиз ишлашига рухсат беришлари лозим”, деди у.

Ҳюман Райтс Уотч бундан аввал ҳам ташкилот тадқиқотчилари, жумладан Риттман учун Қирғизистонда ишлаш рухсатномларини олишда жиддий қийинчиликларга дуч келаётганидан шикоят қилган.

Ҳуқуқ фаолининг мамлакатга киритилмагани Қирғизистон 2016 йил январь ойидан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиши арафасида кузатилмоқда.

Санкт Петербургда полиция машинаси ўққа тутилиши оқибатида камида бир полициячи ҳало бўлди

Санкт Петербург шаҳрида полиция машинаси номаълум шахслар тарафидан ўққа тутилиши оқибатида камида бир полициячи ҳалок бўлди. Айрим хабарларга кўра, ҳужумда икки полициячи ўлдирилиб, бир нафари жароҳатланган.

Ҳужум оқибатида полицияга қарашли УАЗ русумидаги машина ёниб кул бўлди. Хабарларга кўра, жума куни эрталаб полициячилар кетаётган машина икки шахс томонидан автоматлардан ўққа тутилган.

Хабарларда айтилишича, ҳарбий форма кийган ҳужумчилар Hyundai Accent русумидаги давлат рақамларисиз машинада бўлишган.

Россия, Эрон ва Ироқ нефть қазиб олиш ҳажмини камайтириш режаларини рад этишди

Россия, Эрон ва Ироқ нефть қазиб олиш ҳажмини камайтириш режаларидан воз кечгани хабар қилинмоқда. Жаҳон бозорида нефть нархини кўтариш мақсадида муҳокама этилган режа Саудия Арабистони эътиборини тортгани тўғрисида айтилаётган эди.

“Energy Intelligence” нашрига кўра, Нефть экспорт қилувчи давлатлар ташкилоти – ОПЕК етакчиси ҳисобланган Саудия Арабистони нефть қазиб олиш ҳажмини кунига 1 миллион баррелга қисқартиришни таклиф этишга тайёр бўлган. Хабарда айтилишича, Саудия ОПЕКнинг 4 декабрга белгиланган учрашувида картелга аъзо бўлмаган Россия қазиб олиш ҳажмини қисқартирса, Ар-Риёд ҳам кунлик ҳажмни 1 миллион баррелга камайтиришга тайёрлигини таклиф этмоқчи бўлган.

Россия жорий йилда пост-совет давридаги рекорд даражада нефть қазиб олмоқда ва ҳажмларни қисқартиришга мойиллик кўрсатаётгани йўқ. Бундан ташқари Эрон билан Ироқ ҳам яқин йилларда қазиб олиш ҳажмини жиддий тарзда ошириш ниятини билдиришган.

“ОПЕКдаги ҳамкорларимиз бизга бу борада босим ўтказишларини кутмаяпмиз... Бу номақбул ва адолатсизлик бўлади”, дея баён қилди Эрон Нефть вазири Бижан Занганеҳ 3 декабрь куни Венада қилган чиқишида. Иқтисодий санкциялар бекор қилиниши ортидан Эрон келаси йилдан ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга умид қилаётганини қўшимча қилди у.

“Бу бизнинг ҳаққимиз ва ҳеч ким уни чеклай олмайди”, деди Занганеҳ. Унинг айтишича, 2016 йил бошида Эрон кунлик қазиб олиш ҳажмини ярим миллион баррелга, кейинчалик эса 1 миллион баррелга ошириб, кунлик қазиб олинадиган нефть ҳажмини 3,8 миллион баррелга етказишни кўзламоқда.

Афғон расмийлари Толибон етакчиси ўлганини аниқлашга ҳаракат қилмоқда

Мулла Ахтар Мансур 4 ой аввал Толибон етакчиси этиб сайланган эди

Афғонистон расмийлари Толибон етакчиси Мулла Ахтар Мансур Покистонда ҳаракат қўмондонлари билан учрашув пайтида чиққан отишмада яралангани тўғрисидаги хабарлар ортидан, унинг тириклиги ёки ўлганини аниқлашга уринмоқда.

“Мансурнинг ўлик ёки тириклигини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз”, дея баён қилди Афғонистон биринчи вице президенти Абдурашид Дўстумнинг матбуот вакили Султон Файзий. Унинг таъкидлашича, Толибон қўмондонларидан бири Мулла Абдуллоҳ Сардорий билан тортишув ортидан чиққан отишмада жароҳатланган Мансур “оғир” аҳволда қолган.

Толибон вакиллари Мансурнинг жароҳатлангани тўғрисидаги хабарларни “мутлақо асоссиз”, дея атади. Лекин Покистон разведка хизматидаги манба Франс Пресс агентлигига “тиғиз отишма” пайтида Мансур “жуда жиддий жароҳат олган”, дея билдирди. Ҳодиса 1 декабрь куни Покистоннинг Кветта шаҳри яқинида Толибон ҳаракати қўмондонларининг йиғини пайтида рўй бергани айтилмоқда.

Афғонистон Ижроия раиси Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг айтишича, Мансурнинг жароҳатланганига оид хабарлар тасдиқланган, лекин унинг ўлгани ҳозирча маълум эмас.

Отишма пайтида яна бир неча киши ўлдирилгани хабар қилинмоқда. Мансур бундан тўрт ой аввал Толибон етакчиси Мулла Умар 2013 йилда ўлгани эълон қилиниши ортидан ҳаракатга бошқарувига келган эди. Толибон Мансур етакчилигида ҳукуматга қарши курашни фаоллаштирди.

Толибон сафида жанг қилган собиқ рус зобити АҚШда умрбод қамалди

Ирек Ҳамидуллин.

Россия армиясининг собиқ зобити Ирек Ҳамидуллин Толибон ҳаракати сафида Афғонистондаги Америка кучларига ҳужум қилганликда айбдор деб топилди ва 3 декабрь куни АҚШ суди томонидан бир умрлик қамоққа ҳукм қилинди.

Ҳукм Виржиния штатининг Ричмонд федерал суди томонидан ўқилди. Суд август ойида Ирек Ҳамидулинни 15 айблов бўйича айбдор, деб топган эди. Ҳамидуллин, жумладан, террорчилик гуруҳини қўллаб-қувватлаш ва оммавий қирғин қуролини қўллаш мақсадида тил бириктиришда айбланган.

55 ёшли Ирек Ҳамидуллин судда Қўшма Штатларнинг Афғонистондаги ҳозирлигини танқид қилди. “Мен сизнинг қонунларингизни тан олмайман. Мен сизларнинг судларингизни тан олмайман. Мен сизлардан нафратланаман”, деди Ҳамидуллин суддаги сўнгги сўзида.

Ирек Ҳамидуллин 2009 йилнинг ноябрида Толибон гуруҳи сафида Афғонистондаги ҳарбий базага ҳужм қилган эди. Базага ҳужум қилган толиблардан фақат Ирек Ҳамидуллин тирик қолган ва у қўлга олиниб, АҚШга жўнатилганди.

Россия фуқароси бўлган Ҳамидуллин АҚШда суд қилинган биринчи толибон бўлди.

Абодий Ироққа хориж кучларининг киритилиши душманлик бўлишини айтди

Ироқ Бош вазири Ҳайдар Абодий.

Ироқ Бош вазири Ҳайдар Абодий Бағдод ўз ҳудудига хорижий ҳарбийлар киритилишини илтимос қилмагани ва бундай ҳаракат “душманлик акти” сифатида қабул қилинишини билдирди.

АҚШ “Исломий давлат”га қарши курашиш учун Ироқ ҳудудига махсус тайёргарликдан ўтган камида 100 аскарни киритишини билдирганидан сўнг 3 декабрь куни Абодий мана шундай баёнот берди.

АҚШ президенти Барак Обама кеча телеканалларга берган интервьюсида Ироққа махсус кучларнинг киритилиши “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашни кучайтиришга қаратилганини айтган. АҚШ полковниги Стив Уоррен эса 2 декабрь куни Ироққа махсус кучларнинг киритилиши масаласи Абодий билан муҳокама қилингани тўғрисида маълумот берганди.

АҚШ етакчилигидаги коалиция 2014 йилнинг авсгустидан бери Ироқ ва Сурия ҳудудида “Исломий давлат” гуруҳини ҳаводан бомбардимон қилиб келади.

Москва Туркия орқали Европага газ сотиш лойиҳасидан воз кечди

Россия энергетика вазири Александр Новак.

Россия энергетика вазири Александр Новак турк ҳарбийлари рус ҳарбий самолётини уриб туширгани ортидан Москва Туркияга газ қувири тортиш лойиҳасини бекор қилганини билдирди.

Новакнинг 3 декбарь куни билдиришича, Кремль томонидан Туркияга санкциялар жорий этилиши муносабати билан газ қувири лойиҳаси бўйича музокаралар олиб бораётган савдо-иқтисодий алоқалар давлатлараро комиссия фаолияти тўхтатилган.

Мазкур лойиҳа асосида Россиядан Туркияга Қора денгиз тубидан тўртта газ қувири ўтказилиши керак эди. Лойиҳа амалга ошган тақдирда Россия Украинани четлаб ўтган ҳолда газни Туркия орқали Европага сотиш имкониятига эга бўларди. Путин бу газ қувири қурилиши ҳақида 2014 йилда эълон қилган.

Александр Новак Туркия ҳудудида россиялик мутахасислар иштирокида атом электр станциясини қуриш бўйича музокаралар тўхтатилмаганини ҳам маълум қилди.

Россия ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Белградда қисқа учрашув ўтказди

Сергей Лавров (чапда) ва Мавлуд Чавушўғли.

Россия ва Туркия ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ҳамда Мавлуд Чавушўғли пайшанба куни Белградда ўтаётган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти саммити арафасида 40 дақиқалик учрашув ўтказди.

Учрашувда қандай масалалар муҳокама қилингани очиқ айтилган эмас. Бироқ айрим агентликлар Мавлуд Чавушўғли Туркия томонидан уриб туширилган Россиянинг Су-24 учоғи учувчиси ҳалок бўлгани муносабати билан Анқара номидан таъзия билдирганини ёзмоқда.

Сергей Лавров учрашувдан сўнг матбуотга берган суҳбатида Човушўғлидан рус самолёти нега уриб туширилгани тўғрисида бирор янги гап эшитмаганини айтиш билан чекланди.

Москва ва Анқара муносабатлари Туркия ҳарбийлари Россиянинг чегарани бузиб ўтгани айтилаётган Су-24 самолётини уриб туширганидан сўнг ёмонлашган эди.

Бельгияда Париждаги террорга алоқадор яна икки киши қўлга олинди

Бельгия полицияси кучайтирилган тарзда ишламоқда.

Бельгия Бош прокуратураси Париждаги террорчилик ҳаракатларини уюштирганликда гумонланаётган яна икки одам қўлга олинганини билдирди.

3 декабрда тарқатилган хабарда айтилишича, қўлга олинганлардан бири Франция, иккинчиси Бельгия фуқаросидир.

Франциянинг 20 ёшли фуқароси якшанба куни Мороккога учиб кетмоқчи бўлаётган пайтда Брюссел аэропортида қўлга олинган. 28 ёшли бельгиялик эса Молонбек туманидаги уйлар тинтув қилнган пайтда ҳибс қилинди.

Бельгияда аввалроқ қўлга олинган 8 одамга ҳам Париждаги портлашларни уюштиришда иштирок этганлик айблови билдирилган.

Парижнинг бир қатор мавзеларида 13 ноябрь куни содир этилган портлашларда 130 одам ҳалок бўлган эди.

Россия ва Қирғизистон ГЭСлар қурилишини ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилмоқда

Юқори Норин ГЭСи барпо этилиши режалаштирилган ҳудуд.

Қирғизистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси Бишкекда Қамбарота-1 ва Юқори Норин ГЭС каскадларини барпо этиш масаласини ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилмоқда.Кеча бошланган сўзлашувга журналистлар киритилмаяпти.

Хабарларга қараганда, учрашувда ГЭСлардан ташқари иқтисодий алоқаларга боғлиқ 18 масала кўриб чиқилади.

Бундан аввалроқ “РусГидро” ширкати Юқори Норин ГЭС каскадларини қуриш юзасидан ўз мажбуриятларини бажармаётгани расман маълум қилинган эди.

Россия ҳамкорлигида барпо этилиши режалаштирилган Юқори Норин ГЭСини қуриш ҳақидаги шартнома Москва билан 2012 йилда имзоланган. ГЭСнинг биринчи гидроагрегати 2016 йилда ишга туширилиши режалаштирилган эди.

Россия Қамбарота -1 ГЭСи қурилишига ҳам 2 миллиард доллардан ортиқроқ маблағ ажратишини билдирган, бироқ ҳозиргача бу маблағ берилмаган.

Ўзбекистон Қирғизистонда янги гидроиншоотлар қурилишига қаршилик қилиб келмоқда.

Эрдўғон Россияни "Исломий давлат"дан нефть сотиб олганликда айблади

doctorate in Doha, December 2, 2015

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг пайшанба кунги баёнотига қараганда, унинг давлати Россиянинг “Исломий давлат” террористик гуруҳи билан ноқонуний нефть савдосини исботловчи далилларга эга.

“Бизда далиллар бор ва биз уларни дунёга ошкор қиламиз”, деди Эрдўғон.

Аввалроқ Россия президенти Эрдўғоннинг оиласини “Исломий давлат”дан нефть сотиб олганликда айблаган, Россия мудофаа вазирлиги эса, чоршанба куни ўз “далилларини” намойиш қилган эди.

Россия-Туркия муносабатлари Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғи 24 ноябрь куни Туркия ҳудудини бузиб киргани учун Туркия ҳарбийлари томонидан уриб туширилганидан сўнг ёмонлашиб кетди.

Россияда ўлган чақалоқнинг отаси жабрланувчи сифатида тан олинди

Россия маъмурлари қўлида ўлган 5 ойлик Умарали Назаровнинг отаси жабрланувчи, деб тан олинди.

Бу ҳақда хабар қилган “Новая газета”га кўра, қарорни Россия Тергов қўмитасининг Петербург бошқармаси қабул қилган. Газетага кўра, Умаралининг отасига жабрланувчи мақоми берилиши учун унинг адвокатлари икки ой ҳаракат қилган.

Адвокатлар фикрича, бундай мақом берилиши Умаралининг ўлими билан боғлиқ терговни жадаллаштирга туртки бериши мумкин. Ноябрда марҳум чақалоқнинг онаси Зарина Юнусова Россиядан чиқариб юборилган эди.

Петербургдан Душанбега учган Зарина ўша рейсда ўғлининг тобутини ватанига олиб келганди.

Умарали Назаров 13 октябрь куни миграция қонунчилигини бузганлиги учун ушланган онасидан тортиб олинганидан бир неча соат ўтгач жон берган.

11 ноябрь куни экспертиза болакайнинг ўлимига юқумли касаллик сабаб бўлгани ҳақида хулоса берган. Боланинг ота-онаси эса унинг соппа-соғ бўлганини айтмоқда.

Умаралининг ўлими Россияда ҳам, Тожикистонда ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди. Хусусан, Петербургда мазкур ишни ҳар томонлама текшириш талаби билан қатор пикетлар ўтказилди.

"Толибон"нинг Афғонистондаги қаноти раҳбари ўлдирилгани тўғрисида хабар пайдо бўлди

“Толибон” ҳаракатининг Афғонистондаги қаноти раҳбари Мулла Мансур ҳалок бўлгани тўғрисида “айрим хабарлар”га таяниб, ВВС ўзбек хизмати хабар қилди.

Бироқ бу хабарни “Афғон-Толибон” воизи Забиҳулла Мужоҳид ВВС саволига жавобан рад этган:

"Бундай воқеа бўлгани йўқ. Авваламбор, у Афғонистонда, Покистоннинг сиз айтган жойида эмас. Иккинчидан, унинг атрофидаги хавфсизлик бу каби ҳодисага йўл қўйиш даражасида заиф эмас" - деган Забиҳулла Мужоҳид.

ВВСнинг “Толибон” таркибидаги манбаларга таяниб хабар қилишича,Афғонистон-Покистон чегарасига яқин Кветта шаҳри чеккасидаги учрашувда Толибон қўмондонлари ўзаро тортишиб қолган.

Юзага келган отишмада “Афғон-Толибон” раҳбари оғир яраланиб, ҳаракатнинг тўрт зобити ҳалок бўлган. Отишма сабаблари номаълум.

"Баҳс-мунозара пайти баъзи юқори мартабали қўмондонларнинг фикрлари ўзаро тўғри келмай қолди ва улар бир-бирларига қарата ўт очишди" - деган Толибон манбаси.

Айрим хабарларга кўра, Мулла Мансур ҳам ҳалок бўлган. Лекин бу хабар ҳали тасдиқлангани йўқ, деб хабар қилди ВВС ўзбек хизмати.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG