Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 03:38

Халқаро янгиликлар

Украина шарқида Киевнинг 13 аскари, тинч аҳолидан 6 нафари ўлдирилди

Украина ҳукумати кейинги бир сутка ичида мамлакат шарқида 13 ҳарбий ўлдирилгани ҳақида баёнот тарқатди.

1 февраль куни тарқатилган баёнотда бу минтақада россияпараст сепаратчиларга қарши жангларда яна 20 ҳарбийнинг жароҳатлангани айтилди.

Минтақа расмийлари ва фуқаролардан йиғилган маълумотларга кўра, жанг ҳаракатларида тинч аҳоли вакилларидан 6 нафари ҳам ўлдирилган.

31 январь куни ўтказилган тинчлик музокаралари натижасиз якунланди. 4 соатдан кўпроқ давом этган музокараларда Россиянинг Украинадаги элчиси Михаил Зурабов, ЕХҲТ вакили Ҳайди Тальявини ҳамда айирмачилар вакили бўлмиш Денис Пушилин ва Владислав Дейнеголар қатнашдилар.

ЕХҲТ маълумотларига кўра, Донбассда 2014 йилнинг апрель ойидан буён давом этиб келаётган қуролли тўқнашувларда 5 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган, 10 мингдан кўпроқ одам жароҳатланган, уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар сони эса 1 миллиондан ошиб кетган.

Ҳонг Конг кўчаларида яна норозилик намойишлари бошланди

1 февраль куни намойишга чиққанлар ўтган йили сентябрда бошланган норозилик тўлқинидан буён энг йирик, дея қайд этилган демонстрацияни бошлади.

Сариқ зонтик тутган норозилар якшанба куни “Умумхалқ сайлаш ҳуқуқига дахл қилинмасин!” мазмунидаги шиорлар билан савдо ва бизнес марказлари жойлашган йирик кўчалар бўйлаб тинч кўча юриши ўтказди.

Хитой матбуоти ташкилотчилар 1 февраль кунги чиқиш ҳақида аввалдан хабар бермагани ҳақида ёзмоқда.

Ҳонг Конг кўчаларида 2014 йилнинг сентябрь ойида йирик намойишлар бошланган ва унда ўн минглаб одам иштирок этган. Норозилар ўз минтақасида сайловлар эркин ўтказилишини талаб қилмоқда.

Икки ойлик чиқишдан сўнг полиция декабрь ойида норозиларга нисбатан куч қўллади ва шаҳар кўчаларида қурилган палаткаларни кўчириб ташлади.

Намойишлар Хитой раҳбариятининг ярим автоном минтақа аҳлига 2017 йилдан бошлаб ўз раҳбарини ўзи сайлаш ҳуқуқини бериши, аммо номзодлар Пекин томонидан тавсия қилинишини талаб қилганига қаршилик ифодаси сифатида ўтказилмоқда.

Россиядаги йирик илмий кутубхона фондининг 15 фоизи ёниб кетди

Россидаги йирик илмий кутубхонада чиққан ёнғин боис, китоб фондининг қарийб 15 фоизи ёниб кетди.

Россия фанлар академияси президенти Владимир Фортовга кўра, Москвадаги Ижтимоий фанлар бўйича илмий кутубхонада 30 январь куни чиққан ёнғинни қарийб 2 кундан буён ўчиришга уринилмоқда.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғинни ўчириш учун 200 га яқин ўт ўчирувчи жалб этилганини маълум қилди.

Кутубхона директори Юрий Пивоваровга кўра, ҳозир бинодаги 10 миллионга яқин тарихий ҳужжат ва китоблар хавф остида қолмоқда.

Кутубхона раҳбарияти ёниш хавфида турган ўрта асрлардаги славян халқлари тарихига оид бўлимда сақланаётган қўлёзмалар, тарихий ҳужжатларнинг фақатгина бир қисми электрон форматга кўчирилгани, қолгани эса асл ҳолида айни бинода сақланганини айтмоқда.

Нигерияда "Боко Ҳарам" террор гуруҳи яна бир шаҳарни олишга уринди

1 февраль куни "Боко Ҳарам" Нигериянинг Майдигуру шаҳрига ҳужум қилди. Хабарларга кўра, жангариларнинг Борно штати пойтахти назоратини қўлига олиш уриниши Нигерия ҳарбийлари томонидан қайтарилган.

31 январь куни Чад ҳарбийлари Нигерияда "Боко Ҳарам" террор гуруҳига қарши кенг кўламли ҳужум уюштирди.

Чад томони тарқатган баётнотда айтилишича, сўнгги 2 кун ичида "Боко Ҳарам"нинг 123 жангариси ўлдирилган, 3 чадлик ҳарбий бой берилган.

Айни пайтда Африка давлатлари лидерлари ҳам Нигерияга 7 ярим минг аскар жўнатишга қарор қилди.

"Боко Ҳарам" гуруҳи Нигериянинг шимоли-шарқий қисмида исломий давлат ўрнатиш даъвоси билан 5 йилдан буён жанг қилмоқда ва яқинда Нигерия ҳудудидан туриб, қўшни Камерун ва Чад ҳудудларига ҳам ҳужум уюштирди.

Кобани шаҳри ИД жанггариларидан озод қилинди

Кобанидаги курд жангчилари.

Қуролланган курд отрядлари АҚШ ҳарбий авиацияси кўмагида “Исломий давлат” радикал гуруҳи жанггариларини Сурия шимолидаги Кобани шаҳридан сиқиб чиқарди. Бу ҳақда исломийларга қарши ҳарбий-ҳаво амалиётини амалга ошираётган Бирлашган қўшинлар гуруҳи қўмондони, америкалик генерал Жеймс Терри билдирди.

Кобанининг исломийлардан озод қилинишини “жуда муҳим қадам” эканини таъкидлаган АҚШ Давлат котиби Жон Керри “Исломий давлат” жанггарилари бу шаҳарда мағлубиятга учраганларини тан олишга мажбур бўлганини қайд этди.

Aamaq янгиликлар агентлиги томонидан 30 январь куни тарқатилган видеоёзувда икки исломий жанггари уларнинг Кобанидан чекинишига асосий сабаб АҚШ раҳбарлигидаги коалиция кучлари томонидан берилган ҳаво зарбалари бўлганини айтганлар.

Курд отрядлари Туркия чегарасига яқин бўлган Кобани устидан назорат ўрнатиш учун ўтган йил ёзидан буён исломийларга қарши жанг қилиб келаётганди.

Украина шарқида тинчлик ўрнатиш бўйича Минскда ўтган музокаралар натижасиз якунланди

Беларусь ТИВ биноси олдида Украина бўйича музокаралар натижасини кутиб турган журналистлар, Минск, 2015 йил 31 январи.

Украина шарқидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича 31 январь куни Минскда ўтказилган тинчлик музокаралари натижасиз якунланди.

Музокараларда Украина вакили сифатида иштирок этган собиқ президент Леонид Кучма Интерфакс агентлигига икки айирмачи гуруҳ вакили Киевга ультиматум билан чиқишгани ва ўт очишни тез орада тўхтатишдан бош тортишганини маълум қилди.

Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги биносида 4 соатдан кўпроқ давом этган музокараларда Россиянинг Украинадаги элчиси Михаил Зурабов, ЕХҲТ вакили Ҳайди Тальявини ҳамда айирмачилар вакили бўлмиш Денис Пушилин ва Владислав Дейнеголар қатнашдилар. Ўз навбатида, Пушилин айирмачилар Киевни тинчлик жараёнига тўсқинлик қилаётганликда айблади.

Леонид Кучма ўзини Донецк Халқ Республикаси ва Луганск Халқ республикаси деб атаётган тузилмаларнинг асосий лидерлари бўлмиш Александр Захарченко ва Игорь Плотницкийни Минскдаги музокараларда шахсан иштирок этмагани учун танқид қилди.

ЕХҲТ маълумотларига кўра, Донбассда 2014 йилнинг апрель ойидан буён давом этиб келаётган қуролли тўқнашувларда 5 мингдан зиёд одам ҳалок бўлган, 10 мингдан кўпроқ одам жароҳатланган, уй-жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар сони эса 1 миллиондан ошиб кетган.

“Исломий давлат” гуруҳи гаровдаги японияликларнинг яна бири қатл этилганини иддао қилмоқда

Япониялик журналист Кэндзи Гото.

“Исломий давлат” радикал гуруҳи гаровдаги япониялик журналист Кэндзи Гото гўё қатл этилгани акс этмиш видеони ёйинлади.Ҳозирда Япония расмийлари 31 январь куни Интернет орқали тарқатилган бу видеонинг ҳақиқийлигини текширмоқда.

Япония ҳукумати Готони озод қилиш бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунланганини тан олдилар. Бош вазир Синдзо Абэ бу “ғайриинсоний ва разил террор амалиёти”дан қаттиқ ғазабда эканини билдирди. Абэга кўра, Япония бу ҳодиса айбдорларини жавобгарликка тортиш учун халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилади.

Шанба куни тарқатилган видеода “Исломий давлат” вакили ўлароқ кўринган киши Японияни коалиция кучларига кўмак кўрсатганликда айблайди.

20 январь куни “Исломий давлат” гуруҳи, агар япон расмийлари ўз фуқароси бўлган икки журналист учун 200 миллион АҚШ доллари миқдорида товон тўламаса, уларни қатл этиш билан таҳдид қилганди. Орадан бир неча кун ўтгач, Интернетда гаровдаги японияликлардан бири - Ҳаруна Юкава ўлдирилгани ҳақида видео пайдо бўлган.

47 ёшли Кэндзи Гото видеожурналистика билан шуғулланиб келган. У асир олинмиш ҳамкасби Ҳаруна Юкавани озод қилиш учун Сурияга борганида 2014 йил октябрида жанггарилар томонидан қўлга олинганди.

Кобулда Charlie Hebdo карикатураларига қарши уюштирилган намойиш тартибсизликка айланиб кетди

Афғонистон пойтахти Кобулда Франциянинг Charlie Hebdo журналида чоп этилмиш пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом карикатураларига қарши 31 январь куни уюштирилган норозилик намойиши чоғида икки киши ҳалок бўлди, уч киши тан жароҳати олди.

Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, кеча Кобулда намойишга чиққан 500 чоғли киши “Францияга ўлим”, “Ислом душманларига ўлим” дея ҳайқирган. Афғон полицияси вакиллари намойишчилар полициячиларга қарши ёнаётган ғилдирак, тошлар улоқтиргани, кейин эса ўт очгани ортидан норозилик тадбири тартибсизликка айланиб кетганини айтмоқдалар. Айни пайтда афғон полициячилари тартибсизлик чоғида ҳеч ким ҳалок бўлмагани, фақат икки киши жароҳатланганини таъкидлаяптилар.

Кобул полицияси бошлиғи Абдурраҳмон Раҳимий норозилар орасида масъулиятсиз жанггарилар бўлгани, полицияга ўқни ўшалар отганини иддао қилди.

Бу Charlie Hebdo журнали карикатураларига қарши Кобулда уюштирилган учинчи норозилик намойишидир. Аммо аввалги икки намойиш зўравонликсиз ўтганди.

Қрим татар лидерининг уйида 9 соат тинтув ўтказилди

Ахтам Чийғоз.

Қримнинг Боғчасарой шаҳрида қрим татар мажлиси лидерларидан бири Ахтам Чийғознинг уйи 9 соат давомида тинтув қилинди.

Хабарларда айтилишича, Россия хавфсизлик кучлари томонидан амалга оширилган тинтув давомида қрим татар лидерининг уйидан шубҳали нарсалар топилмаган. Аммо уйдаги 2 минг доллар, 100 минг евро пул, сувенир тангалар,компьютер ва мобил телефонлар мусодара қилинган.

Чийғоз Симферополда 2014 йил 26 февралида Қримнинг Россияга қўшилишига қарши намойишни уюштирганликда ва мана шу митингда “оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарган”ликда айбланиб 29 январь куни қўлга олинган эди. Унинг айбдорлиги суд томонидан тасдиқланса, Чийғоз 10 йилга қамалиши мумкин.

Қрим татар Мажлиси лидерлари Чийғознинг қамоққа олинишини унинг сиёсий фаолияти ва татарларга нисбатан репрессияларнинг давоми сифатида баҳоламоқда

"Исломий давлат" курд қуролли кучларига ҳужум уюштирди

Ироқ хавфсизлик кучлари 30 январь куни “Исломий давлат” жангарилари Қирқук шаҳри яқинида жойлашган курдларнинг Пешмерга кучлари позициясига ҳужум қилганини билдирди.

Жангларда курд қўмондони, генерал Широк Фотиҳ ва 8 ҳарбий ҳалок бўлган. Бу билан “Исломий давлат” томонидан ўлдирилган курд жангчилари сони 800дан ошиб кетди.

Айни пайтда курдларнинг Пешмерга ҳарбий тузилмаси ўтган йилнинг августида “Исломий давлат” томонидан босиб олинган курд ҳудудларнинг катта қисмини ўз назоратига олишга муваффақ бўлгани айтилмоқда.

Ироқда 30 январда содир этилган террорчилик ҳаракатларида Бағдодда камида 18, Самаррада эса уч одам ҳалок бўлган.

Жон Керри кейинги ҳафтада Киевга боради

АҚШ Давлат котиби Жон Керри 5 февралда ўз ҳукумати Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишини намойиш этиш мақсадида Киевга боради.

Давлат департаменти матбуот хизматининг билдиришича, Керри Киевда президент Петро Порошенко, Бош вазир Арсений Яценюк ва ташқи ишлар вазири Павел Климкин билан учрашади.

Киевдан сўнг Керри Мюнхенга боради ва у ерда 6-8 февраль кунлари хавфсизлик бўйича конференцияда иштирок этади.

"Исломий давлат"нинг кимёвий қурол бўйича эксперти ўлдирилди

Америка ҳарбий қўмондонлиги “Исломий давлат” гуруҳининг кимёвий қуроллар бўйича эксперти ўтган ҳафтада ўлдирилганини билдирди.

Хабарда айтилишича, Абу Малик 24 январь куни АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари Ироқнинг Мосул шаҳри атрофига уюштирган ҳужум пайтида ҳалок бўлган.

АҚШ ҳарбий қўмондонлигининг билдиришича, Абу Малик Ироқда Саддам Хусайн ҳукумронлик қилган йилларда кимёвий қурол ишлаб чиқариш соҳасида ишлаган. 2005 йилда эса Абу Малик Ал Қоидага ва кейинроқ “Исломий давлат” гуруҳига қўшилган.

Абу Маликнинг ўлдирилиши ортидан “Исломий давлат” кимёвий қурол ишлаб чиқариш ва уни қўллаш борасида вақтинча бўлса-да қийинчиликларга дучор бўлиши айтилмоқда.

АҚШ Сурия ва Ироқнинг бир қисмида халифалик эълон қилган “Исломий давлат” гуруҳини ўтган йилнинг 8 августидан то шу кунгача 2 минг марта ҳаводан бомбардимон қилган.

Покистондаги террорчилик ҳаракатида 56 одам ҳалок бўлди

Покистонда шиа масжидида портлатилган бомба оқибатида камида 56 одам ҳалок бўлда ва 50 дан ортиқ одам яраланди.

Покистон расмйиларининг билдиришича, воқеа 30 январда Карачидан шимол томонга 470 километр узоқликдаги Синд вилоятининг Шикарпур шаҳридаги Лакҳи Дар мавзесида содир этилган. Портлаш учун масъулиятни сунийларнинг Жундуллоҳ гуруҳи ўз зиммасига олди.

Мазкур портлаш Покистондаги йирик террорчилик ҳаракатларидан бири бўлди. Бундан аввалроқ, Толибон гуруҳи ўтган йилнинг 16 декбарида полиция мактабига қилган ҳужум натижасида 151 одам ҳалок бўлган эди. Ҳалок бўлганларнинг асосий қисми болалардир.

Исломий Давлат қўлида қолаётган япон ва иорданиялик асир тақдири ҳамон номаълум

Исломий Давлат гаровидаги Кенжи Гото ва Муас ал-Касаесбеҳ.

Исломий Давлат экстремист гуруҳи гаровга олган япон журналисти ва иорданиялик учувчи тақдири номаълум қолмоқда. 29 январь куни шомда гаровгирлар белгилаган асирларни қатл қилиш муҳлати тугади.

Япония ва Иордания ҳукуматлари журналист Кенжи Гото ва учувчи Муас ал-Касаэсбеҳ тақдирини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.

Япония Бош вазири Шинзо Абе 30 январь куни парламентда қилган чиқишида ўз ҳукумати "маълуомтларни тўплаш ва таҳлил қилишга уриниш билан биргаликда Иордания ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик ҳаракатларини давом эттирмоқда", дея билдирди.

Исломий Давлат 29 январь куни гаровдаги япон журналистига нисбат берилган аудио ёзувни эълон қилди. YouTube порталига жойлаштирилган аудио ёзувда журналист Гото, террорчиликда айбланиб, Иорданияда қўлга олинган ироқлик аёл шомгача озод қилинмаса, иорданиялик учувчи қатл қилинишини айтган эди.

Лукашенка: Россия ва Ғарб Беларусни бўйсинтира олмайди

Беларус Президенти Александр Лукашенка.

Беларус Президенти Александр Лукашенка Россияга ҳам, Ғарбга ҳам бўйсинмаслигини баён қилди. Лукашенка 29 январь куни етти соат давом этган матбуот анжуманида Кремль ва Ғарбга қарата “мени бўйсиндира олмайсиз”, дея таъкидлади.

21 йилдан бери ҳокимият тепасида қолаётган Лукашенка шу йилнинг ноябрида бўладиган президент сайловида яна иштирок этишини аниқ айтиб, “амалдаги президентнинг яна сайловда қатнашмаслиги учун ягона сабаб унинг аҳмоқлиги ёки касаллиги бўлиши мумкин, менда эса на униси, на буниси бор”, дея таъкидлади.

Россия Президенти Владимир Путинга қаратилган очиқ баёнотида Лукашенка Беларус ҳеч қачон “Рус дунёсининг” қисми бўлган эмас, бўлмайди ҳам, деди.

Кремль танқидчилари Путинни “Рус дунёси” ғоясини баҳона қилиб, қўшни давлатлар суверенитети ҳисобидан Россия гегемониясини тиклашга ҳаракат қилаётганликда айблаб келади.

Россия Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб, россияпараст айирмачиларни қўллаб-қувватлаётгани қўшни давлатлар хавотирларига сабаб бўлмоқда. Лукашенка бундан аввал ҳам Москвани Беларус суверенитетига кўз олайтиришдан огоҳлантирган.

Россияпараст айирмачилар етакчиси қуршовга олинган ҳукумат қўшинларини ўлдириш билан таҳдид қилди

РИА Новости Александр Захарченконинг исёнчилар ҳукумат кучларини қуршаб олгани тўғрисидаги сўзларини келтирмоқда.

Украина шарқидаги россияпараст айирмачилар етакчиси Донецк вилоятида ҳукумат қўшинлари қуршаб олингани ва қуролларини ташламаса, ўлмига маҳкум бўлишларини айтмоқда. РИА Новости агентлиги айирмачилар етакчиси Александр Захарченконинг исёнчилар Дебальцево шаҳарчаси яиқнида ҳукумат кучларини қуршаб олгани тўғрисидаги сўзларини келтирмоқда.

Дебальцево шаҳарчаси кейинги кунларда авж олган зўравонликлар саҳнасига айланди. Ўтган йилнинг апрель ойидан бери давом этаётган қуролли можаро оқибатида Украина шарқида 5100дан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Хабарларга кўра, Захарченко 30 январь куни қилган чиқишида Украина ҳукумати қўшинларининг ҳаёти, улар қуролларни ташласагина, сақлаб қолинишини таъкидлаган.

Бугун Минскда Украина, Россия ва ЕХҲТ вакилларининг бўҳронни муҳокама қилиш учун учрашиши режалаштирилган.

Исёнчилар сўнгги кунлар ичида Донецк вилоятида янги ҳудудларни эгаллади. Қўшма Штатлар буни “Россия қўлловидаги ҳуруж”, деб атаб, ўтган йилнинг сентябрида Минскда эришилган сулҳ келишувини бузишини баён қилди.

Захарченко 23 январь куни исёнчи кучлар Донецк вилоятини тўлиқ ўз назоратига олиш ниятида эканини эълон қилган эди.

Британия Россия бомбардимончи учоқлари Ла Маншни кесиб ўтганидан ташвиш билдирди

Британия ҳукумати Россиянинг иккита Ту-95 бомбардимончи самолёти Ла Манш бўғозини кесиб ўтиб, йўловчи ташувчи учоқлар хавфсизлигига таҳдид солгани ҳақида баёнот берди.

Мазкур воқеа юзасидан Россиянинг Лондондаги элчиси Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.

Бомбардимончи самолётлар ҳаракати туфайли Британия ўз йўловчи учоқларининг йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлган. Британия ҳарбий учоқлари рус бомбардимончиларини Британия манфаатидан ташқари бўлган ҳудудга чиқариб юбориш учун ҳавога кўтарилган.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳарбий учоқлари кейинги пайтларда ўзларига белгилаб берилган ҳудуд чегараларини тез-тез бузиб ўтаётганидан ташвиш билдирди. НАТО ҳам Украинадаги вазият кескинлашаётган бир паллада Россия учоқларининг ўзларига белгиланган ҳудуд чегарасини бузиб ўтаётгани ҳолати кўпайганини маълум қилди.

СССРнинг собиқ президенти Михаил Горбачев 29 январь куни матбуотга Украина юзасидан Ғарб ва Россия ўртасидаги қарама-қаршилик урушга айланиб кетиши мумкинлигидан ташвишланаётгани ҳақида гапирган эди.

Қримнинг Россия томонидан аннекция қилинишига қарши чиққан қрим татар лидери 10 йилга қамалиши мумкин

Ахтам Чийғоз.

Россия томонидан аннекция қилинган Қримда Симферополь шаҳар суди қрим татарлари лидерларидан бири бўлган Ахтам Чийғозни 19 февралгача ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди.

Қрим татарлари Мажлиси лидерларидан бири бўлган Чийғоз Симферополда 2014 йил 26 февралида Қримнинг Россияга қўшилишига қарши намойишни уюштирганликда ва мана шу митингда “оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарган”ликда айбланмоқда. Унинг айбдорлиги суд томонидан тасдиқланса, Чийғоз 10 йилга қамалиши мумкин.

Тергов материалларида митингдаги тартибсизлик оқибатида қрим татарлар намойишига қарши намойиш ўтказган “Рус бирлиги” деб аталувчи гуруҳнинг икки вакили ўлдирилгани ҳамда Қрим мухтор республикаси парламенти биносига 600 минг рубл зиён етказилгани айтилади.

Ўтган йилнинг 26 февралида қрим татарлари ва россияпараст гуруҳлар ўтказган митингда содир этилган тартибсизликлар пайтида ҳар икки томондан камида 30 киши жароҳатлангани хабар қилинган эди.

Қрим татар Мажлиси лидерлари Чийғознинг қамоққа олинишини унинг сиёсий фаолияти ва татарларга нисбатан репрессияларнинг давоми сифатида баҳоламоқда.

Донецкдаги исёнчилар украин ҳукумат қўшинлари гуруҳини тўлиқ қуршовга олганини иддао қилмоқда

Александр Захарченко.

Украина шарқидаги россияпараст исёнчилар лидери Александр Захарченко Донецкдаги Дебальцево шаҳри атрофидаги украин ҳукумат қўшинлари гуруҳи тўлиқ қуршовга олинганини билдирди.

“Новости” агентлигининг хабар беришича, Захарченко украин ҳарбийлари таслим бўлса уларнинг ҳаёти сақланиб қолиниши, акс ҳолда барчаси қириб ташланиши ҳақида гапирган.

Мазкур хабар Беларусь пойтахти Минскда бугун Украина масаласида Киев, Москва ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийлари ўртасида ўтказилаётган музокараларнинг навбатдаги босқичи бошланиши арафсида эълон қилинди.

Ўзини Донецк халқ республикаси деб эълон қилган тузилма етакчиси Александр Захарченко 23 январь куни Донецк вилоятини тўла эгаллаш ва ҳукумат кучлари билан музокара бошламаслиги ҳақида баёнот берган эди.

ЕИ Россияга нисбатан санкцияларни сентябргача узайтирди

Европа Иттифоқи Россия чиновниклари ва Украинадаги россияпараст айримачилар лидерларига нисбатан санкциялар муддатини шу йилнинг сентябрь ойигача узайтирди.

29 январь куни Брюсселда ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари учрашувидан сўнг иттифоқнинг ташқи сиёсат мутасаддиси Федерика Могерини март ойида якунланиши керак бўлган санкцияларнинг сентябрь ойигача узайтирилишини шарҳлар экан, бу ҳолат “Бизнинг бундан буён ҳам чоралар кўришга тайёр эканимизни англатади”, деб билдирди.

Расмийнинг билдиришича, Европа Иттифоқи расмийлари 12 февралда ўтадиган саммитда рус амалдорлари ва россияпараст исёнчиларга нисбатан янги санкциялар масаласини муҳокама этади.

Бугун Минскда Украина бўйича музокаралар бошланади

Бугун Минскда Киев, Москва ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти расмийлари Украинадаги зиддиятга ечим топиш масаласини муҳокама қилади.

Украина шарқидаги россияпарастлар Белорусь пойтахтида ўтадиган муроса гуруҳи йиғинида иштирок этишга розилик билдирган.

30 январдаги учрашув Украина исёнчилари ҳукумат кучларини қуршаб олгани ва ҳар қандай сулҳ музокараларини рад этишларини билдирган бир пайтга тўғри келмоқда.

Украина президенти Петро Порошенко мазкур учрашувда ўқ отишни тўхтатиш ва оғир ҳарбий техникани жанг бўлаётган ҳудудлардан ташқарига олиб чиқиб кетиш бўйича келишувга эришилиши кераклигини таъкидлади.

29 январь куни Украина мудофаа вазирлиги расмийси Андрей Лисенко Украина шарқидаги жангларда сўнгги 24 соат ичида ҳукумат кучларининг 5 ҳарбийси ҳалок бўлгани ва 29 аскар яраланганини билдирган эди.

Кобулда афғон аскари америкаликларни отиб ўлдирди

Кобулдаги ҳарбий аэродромда афғон ҳарбийси америкалик уч пудратчини отиб ўлдирди, тўртинчи пудратчи яраланган.

Афғонистон ҳарбий раҳбарияти 29 январда ҳозирча афғон аскарининг нега қотиллика қўл ургани сабаблари ноаниқ эканини билдирди.

Ҳалок бўлган пудратчилар АҚШ Мудофаа вазирлиги ходимлари бўлгани айтилмоқда.

Афғонистондан АҚШ раҳбарлигидаги халқаро коалиция кучлари олиб чиқиб кетилганидан сўнг мамлакатда халқаро кучларнинг 12000 аскари хизмат ўтамоқда. Уларнинг фаолияти асосан Афғонистон армияси учун мутахасислар тайёрлаш билан чекланади.

Ашхабодда Озарбайжон, Туркия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари учрашди

Туркия ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавашўғли.

Озарбайжон, Туркия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари 29 январь куни Ашхабодда уч томонлама музокаралар ўтказди.

Озарбайжон ташқи ишлар вазири Элмар Мамедяров, Туркия ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавашўғли, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов энергетика ва таранспорт соҳаси бўйича уч томонлама ҳамкорлик масаласини муҳокама қилган.

Вазирлар учрашувида Афғонистонн-Туркманистон-Озарбайжон-Грузия-Туркия автомобил йўлини қуриш лойиҳаси ва Туркман президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг март ойида Анқарага қиладиган ташрифи муҳокама қилинган.

Афғонистонда портлашлардан камида 16 киши ҳалок бўлди

Афғонистоннинг Лагмон вилоятида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида камида 16 одам ҳалок бўлди, 16 одам яраланди.

Хабарларга қараганда, худкуш ўзини вилоят маркази Мехтар Лам шаҳрида 29 январдаги жангларда ҳалок бўлган полиция бошлиғи ва яна уч кишининг дафн маросими пайтида портлатиб юборган. Ҳозирча ҳужум учун масъулиятни ҳеч ким ўз зиммасига олгани йўқ.

29 январь куни Нангаҳор вилоятидаги мактаблардан бирининг олдида бомба портлаши оқибатида бир ўқувчи ҳалок бўлган. Толибон вакили Забиулло Мужоҳид мазкур ҳужумни қоралади.

Айни пайтда Афғонистоннинг Забул вилоятида автобус ва бензин ташувчи машина тўқнашуви оқибатида камида 13 йўловчи ҳалок бўлган ва 30 одам жароҳатланган.

Исломий Давлат гаровга олган япониялик журналист овози ёзилган аудио ёзув эълон қилинди

Исломий Давлат гаровидаги Кежи Гото ва Муас ал-Касаесбеҳ.

Исломий Давлат гаровга олган япониялик журанлист Кенжи Готога нисбат берилаётган аудио ёзув экстремист гуруҳи томонидан эълон қилинди. 29 январь куни YouTube порталида эълон қилинган аудио ёзувда, инглиз тилида мурожаат қилган япониялик асир, агар террорчиликда айбланиб, Иорданияда қўлга олинган ироқлик аёл бугун шомгача озод қилинмаса, Исломий Давлат гаровга олган иорданиялик учувчи қатл қилинишини айтади.

Япониялик асирга нисбат берилаётган овоз: “Агар Сожида ал-Ришавий Мосул вақти билан 29 январь, пайшанба куни менинг ҳаётим эвазига озод қилишга ҳозир қилинмаса, иорданиялик пилот Муас ал-Касаесбеҳ дарҳол қатл қилинади”, дейди.

Ал-Ришавий 2005 йилда Иордания пойтахти Амманда 60 кишининг ўлимига сабаб бўлган портлашга алоқадорликда айбланиб қўлга олиниб, ўлимга ҳукм этилган.

Аудио ёзувда Исломий Давлат ал-Ришавийнинг озод этилиши эвазига асирларнинг иккаласи озод қилинадими, ё биттасими аниқлаштирилмаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG