Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 06:05

Халқаро янгиликлар

БМТ: Ироқда февраль ойи ичида 1100 ҳарбий ва тинч аҳоли ўлдирилди

Бирлашган миллатлар ташкилоти февраль ойи давомида Ироқда 1 минг 100 ҳарбий ва тинч аҳоли вакиллари "Исломий давлат" билан жанг ҳаракатлари қурбони бўлгани ҳақида ҳисобот тарқатди.

БМТнинг Ироқдаги вакиллиги тарқатган ҳисоботда қайд этилишича, қурбонлардан 611 нафари тинч аҳоли вакилларидир.

Айтилишича, бу Ироқ ҳукумати ҳарбийлари назорати остида бўлган ҳудудда қайд этилган рақамлардир. "Исломий давлат" назорат қилаётган ҳудуддаги қурбонлар сони эса номаълум.

БМТ вакилларининг қайд этишича, яна 2 минг 280 одам февраль ойидаги жанг ҳаракатлари чоғида жароҳатланган ва буларнинг 1 минг 350 нафари ҳам тинч аҳоли вакилларидир.

Ҳисоботда айтилишича, қурбонларнинг асосий қисми Бағдодга тўғри келмоқда. Бу шаҳардаги жанг ҳаракатлари чоғида 329 одам ўлган, 875 нафари жароҳатланган.

Тожикистондаги парламент сайловида қонунбузарликлар қайд этилди

Тожикистон парламенти қуйи палатаси бўлган Мажлиси намояндагондаги 63 ўрин учун саккиз партиядан қарийб 300 номзод курашаётган бугунги сайловда қатор қонунбузарликлар қайд этилди.

Озодлик мухбирларининг хабар қилишича, бир оиланинг барча аъзолари учун бир кишининг овоз бериши, сайловни кузатиши керак бўлган мониторинг гуруҳи вакилларининг жойи бўш тургани, сайловчиларни алоҳида бир шахсга овоз беришга ундаш ҳаракатлари кузатилмоқда.

Кузатувчилар бугунги сайловда президент Имомали Раҳмон бошчилигидаги Халқ-демократик партияси катта фарқ билан ғалаба қозониши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Ҳукмрон партиянинг асосий рақиби Марказий Осиёда рўйхатдан ўтган ягона исломий партия – Тожикистон Ислом уйғониш партиясидир. Расмий Душанбега мухолифатда бўлган бу партия ва Тожикистон Социал-демократик партиясидан ташқари бошқа сиёсий гуруҳлар ўзларини конструктив мухолифат деб атаб, ҳукумат сиёсатига очиқ қўллов кўрсатиб келадилар.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти аввалроқ ўзининг оралиқ ҳисоботида Тожикистон Ислом уйғониш партияси ва социал-демократлар сиёсий босимга дучор қилинаётганини таъкидлаб, Тожикистонда ташвиқот учун тенг имкониятлар яратилмаганидан ташвиш изҳор қилган.

Тожикистонда аввал ўтказилган сайловлар ҳам ғарблик кузатувчилар томонидан эркин ва адолатли бўлмагансайлов ўлароқ баҳоланган.

Борис Немцовни хотирлаш учун 50 мингдан ортиқ одам маршга йиғилди

Russia -- March in the memory of Boris Nemtsov in Moscow, March 1, 2014

Рус мухолифати Кремлнинг марҳум танқидчиси Борис Немцов хотирасига Москва марказида марш ўтказди.

Москванинг Словянская майдонидан бошланган маршда мухолифатнинг 50 мингдан 71 минг нафарга қадар тарафдори иштирок этди.

Бош вазирнинг собиқ ўринбосари бўлган таниқли мухолифатчи Борис Немцов президент Путин сиёсатига қарши норозилик намойишига икки кун қолганда - 27 февраль оқшомида отиб кетилди.

Москва мэрияси Немцов хотирасига ўтган бугунги маршда кўпи билан 50 минг одам иштирок этишига рухсат берган. Бу акция аввалдан мамлакатдаги иқтисодий бўҳронга қарши режалаштирилган "Баҳор" маршининг ўрнига ўтказилмоқда. Борис Немцов президент Путин сиёсати танқидчилари иштирокида ўтадиган бу маршнинг ташкилотчиларидан бири эди.

Россия президенти Владимир Путин бу қотилликни “провокация” деб атади ва Немцовнинг онасига қотилларни топиб, жазолашни ваъда қилди.

Россиялик терговчилар қотиллик бўйича бир неча тахмин асосида иш олиб борилаётганини маълум қилдилар. Улар орасида асли яҳудий бўлган Немцовнинг радикал исломчилар томонидан қатл этилган бўлиши ёки президентнинг номини қора қилиш учун мухолифат томонидан ўлдирилган бўлиши мумкинлиги каби тахминлар бор.

Москвада рус мухолифатчиси Борис Немцов хотирасига юриш ўтказилади

Москвада рус мухолифати Кремлнинг мақтул танқидчиси Борис Немцов хотирасига юриш ўтказишга ҳозирланмоқдалар. Шаҳар мэрияси билан келишилган мазкур юриш бугун Тошкент вақти билан соат 17 да бошланиши кутилаяпти.

Кеча минглаб одам мухолифатчи ҳамда собиқ бош вазир ўринбосари Немцов отиб кетилган Кремль яқинидаги кўприкка келиб, қотиллик содир этилмиш жойга гуллар қўйиб, шамлар ёқдилар.

Россия президенти Владимир Путин 27 февраль оқшомида содир этилган бу қотилликни “провокация” деб атади ва Немцовнинг онасига қотилларни топиб, жазолашни ваъда қилди.

Россиялик терговчилар қотиллик бўйича бир неча тахмин асосида иш олиб борилаётганини маълум қилдилар. Улар орасида асли яҳудий бўлган Немцовнинг радикал исломчилар томонидан қатл этилган бўлиши ёки президентнинг номини қора қилиш учун мухолифат томонидан ўлдирилган бўлиши мумкинлиги каби тахминлар бор.

Ўлимидан аввалроқ Немцов Россиянинг Украинадаги айирмачиларга ёрдам беришдаги ролини очиқ танқид қилгани учун Путин уни ўлдириши мумкинлигидан қўрқаётганини эътироф этгани айтилади.

Тожикистонда парламент қуйи палатасига сайловлар ўтказилмоқда

Душанбедаги сайлов участкаларидан бири, 2015 йил 1 марти.

Тожикистонда бугун парламент сайловлари ўтказилаяпти. Унда парламент қуйи палатаси бўлган Мажлиси намояндагондаги 63 ўрин учун саккиз партиядан қарийб 300 номзод кураш олиб бормоқда.

Кузатувчилар бугунги сайловда президент Имомали Раҳмон бошчилигидаги Халқ-демократик партияси катта фарқ билан ғалаба қозониши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар. Ҳукмрон партиянинг асосий рақиби Марказий Осиёда рўйхатдан ўтган ягона исломий партия – Тожикистон Ислом уйғониш партиясидир. Расмий Душанбега мухолифатда бўлган бу партия ва Тожикистон Социал-демократик партиясидан ташқари бошқа сиёсий гуруҳлар ўзларини конструктив мухолифат деб атаб, ҳукумат сиёсатига очиқ қўллов кўрсатиб келадилар.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти аввалроқ ўзининг оралиқ ҳисоботида Тожикистон Ислом уйғониш партияси ва социал-демократлар сиёсий босимга дучор қилинаётганини таъкидлаб, Тожикистонда ташвиқот учун тенг имкониятлар яратилмаганидан ташвиш изҳор қилган.

Тожикистонда аввал ўтказилган сайловлар ҳам ғарблик кузатувчилар томонидан эркин ва адолатли бўлмагансайлов ўлароқ баҳоланган.

Байден ва Порошенко Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилди

АҚШ вице-президенти Жо Байден (ч) ва Украина президенти Петро Порошенко (ў).

АҚШ вице-президенти Жо Байден 28 февраль куни Украина президенти Петро Порошенко билан телефон орқали Украина шарқидаги вазиятни муҳокама қилди.

Оқ уй матбуот хизматининг маълум қилишича, Порошенко Байденга Донецк ва Мариуполь атрофида отишмалар давом этаётгани, Россия томонидан дастакланаётган айирмачилар Минскда эришилган оташкесим битими шартларини ҳамон бузаётганини билдирган.

Байден ва Порошенко ЕХҲТ Россия оғир ҳарбий техникаси фронт чизиғидан олиб кетилган-кетилмаганини текширишга муваффақ бўлолмаганини ҳам муҳокама қилганлар.

Байден иқтисодиётни барқарорлаштириш учун Халқаро валюта жамғармаси томонидан тавсия этилмиш ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида Украина ҳукумати томонидан қабул қилинган қарорларни олқишлаган.

Украина ҳарбийлари Луганск атрофида оташкесим битимига риоя қилинаётганини билдирганлар. Нисбий осойишталикка қарамай, 28 февраль куни Донбассда содир бўлган отишмада украиналик бир журналист нобуд бўлган.

Мусулмон Биродарлиги лидерига умрбод қамоқ жазоси берилди

Миср суди тақиқланган Мусулмон Биродарлиги ҳаракатининг лидери Муҳаммад Бадийга умрбод қамоқ жазоси тайинлади.

Ҳаракатнинг 13 нафар аъзоси ҳам суд ҳукмига кўра умрбод қамоқ жазоси олди. Суд ҳаракатнинг 4 фаолига эса ўлим жазоси тайинлади.

Қоҳира суди ўтган йилнинг декабрида 188 судланувчи устидан дастлабки ҳукмни эълон қилган эди. Улар 2013 йилда полиция маҳкамасига қилинган ҳужум пайтида 11 зобитни ўлдирганликда айбланмоқда.

Бу ҳужум 2013 йилнинг июлида исломчи приезидент Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан четлатилиши ортидан юзага келган намойишлар пайтида рўй берган эди.

2 февраль кунги суд қарори билан вояга етмаган судланувчига чиқарилган ўлим ҳукми 10 йиллик қамоққа ўзгартирилди, икки айбланувчи оқланди ва яна икки айбланувчи вафот этгани боис айбловлар бекор қилинди.

Бу ҳукм устидан шикоят киритиш имкони сақланиб қолмоқда. Январь ойида полиция маҳкамасига ҳужум қилганликда айбланган 37 кишига чиқарилган ўлим ҳукми бекор қилинган эди.

Назарбоевдан сайловда президентликка номзодини қўйиш сўралди

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни 25 йилдан буён бошқариб келади

Қозоғистон халқлари ассамблеяси 75 яшар Нурсултон Назарбоевга мурожаат қилиб, 26 апрелга белгиланган президент сайловида ўз номзодини қўйишни сўради. Бу ҳақда «Казинформ» ахборот агентлиги хабар қилди.

Президентлик сайлови Қозоғистонда 2016 йилга режалаштирилган эди. Бироқ 14 февраль куни Қозоғистон халқлари ассамблеяси муддатидан олдин президентлик сайловини жорий йилда ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Қозоғистон парламенти бу ташаббусни қўллаб-қувватлади.

1989 йили Назарбоев Қозоғистон Компартиясининг 1-котиби этиб тайинланди ва бир йил ўтиб Қозоғистоннинг илк президенти этиб сайланди ва мамлакатнинг СССРдан ажраб мустақил давлатга айланиш босқичига раҳбарлик қилди.

Ўтган 25 йил давомида Нурсултон Назарбоев ëнилғи заҳираларига бой Қозоғистонни минтақавий қудратга айлантириш ҳаракатидан оғишмай келмоқда. Мустақил кузатувчилар¸ Россия¸ Хитой ва Ғарб манфаатлари тўқнашаëтган Марказий Осиëнинг энг бой давлати президентининг қудратли давлатлар ўртасида Қозоғистон манфаатларини моҳирона ҳимоя қилишга муваффақ бўлганини юқори баҳолайдилар.


Айни пайтда кузатувчилар Қозоғистондаги иқтисодий ривожланишнинг сиëсий ҳаëтдаги кескин чекловлар эвазига қўлга киритилганини ҳам таъкидлашади. 25 йиллик бошқаруви давомида Нурсултон Назарбоев ҳокимиятни ўз қўлида тўлиқ марказлаштирди¸ ўзгача фикрловчиларнинг танобини тортиб қўйди¸ парламентни ўз рақибларидан тозалаб¸ матбуотни ўз оқимига солишга муваффақ бўлди.

АҚШ Немцовнинг ўлдирилишини қоралади

Немцов отилган жойда полициячилар текширув ўтказмоқда

АҚШ Президенти Барак Обама рус мухолифатчиси Борис Немцовнинг ўлдирилишини қоралаб, марҳумнинг оиласи ва рус халқига таъзия изҳор қилди.

“Қўшма Штатлар Борис Немцовнинг ваҳшиёна ўлдирилишини қоралайди ва биз Россия ҳукуматини унинг ўлими бўйича тезкор, холис ва шаффоф тергов ишлари олиб боришга ҳамда ваҳший жиноятни содир этган айбдорларни қонунан жазога тортилишини таъминлашга чақирамиз", дейилади Оқ Уйнинг махсус баёнотида.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри ҳам Немцов ўлими бўйича алоҳида баёнот тарқатди. Жон Керрига кўра, Немцов сиёсий лидер сифатида "Россияни ислоҳ қилиш"га ва ўз халқига "улкан имкониятлар" яратишга ҳаракат қилди.

Немцов Кремлдан унча узоқ бўлмаган Катта Москворецк кўпригида 27 февраль куни тунда ўлдириб кетилди. Мухолифатчига машинадан бир неча бор ўқ отишган.

Терговчилар Немцов ўлими бўйича бир неча версияни илгари сурмоқда. Рус расмийлари Немцовнинг отилишини "мамлакатдаги сиёсий вазиятни издан чиқариш учун қилинган провокация" сифатида баҳоламоқда.

Рус мухолифатчилари Немцовни хотирлаш намойиши ўтказади

Немцов президент Путин сиёсатига қарши ўтказилиши режалаштирилган норозилик намойишига икки кун қолганида ўлдириб кетилди.

Москва ҳукумати мухолифатчиларнинг 1 март куни Борис Немцовни хотирлаб намойиш ўтказишига рухсат берди.

Бу намойиш мухолифатчиларнинг олдиндан режаланган марши ўрнига ўтказилади.

Россия мухолифатининг йирик намоёндаси ва Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Борис Немцов Москвада президент Владимир Путин сиёсатига қарши ўтказилиши режалаштирилган норозилик намойишига икки кун қолганида ўлдириб кетилди.

Россия ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Борис Немцов Кремлдан унча узоқ бўлмаган Катта Москворецк кўпригида 27 февраль куни тунда номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилган.

Россия президенти Владимир Путин Немцовнинг ўлдирилишини “ваҳший қотиллик”, деб атади ва мухолифатчи буюртма қотиллик қурбони бўлган бўлиши мумкин, деган тахминни билдирди.

Бугун кун давомида Немцов ўлдирилган Катта Москворецк кўпригига одамлар гулдасталар қўймоқда.

Москвада Россия мухолифати лидери Борис Немцов ўлдириб кетилди

Россия мухолифатининг йирик намоёндаси ва Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Борис Немцов Москвада президент Владимир Путин сиёсатига қарши ўтказилиши режалаштирилган норозилик намойишига икки кун қолганида ўлдириб кетилди.

Россия ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Борис Немцов Кремлдан унча узоқ бўлмаган Катта Москворецк кўпригида 27 февраль куни тунда номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилган.

Россия президенти Владимир Путин Немцовнинг ўлдирилишини “ваҳший қотиллик”, деб атади ва мухолифатчи буюртма қотиллик қурбони бўлган бўлиши мумкин, деган тахминни билдирди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу масалада Кремль позициясини эълон қилар экан, Немцовнинг ўлдирилишини давлат раҳбари “ваҳший қотиллик”, деб баҳолаганини яна бир бор эслатиб ўтди ҳамда Немцовнинг ўлдирилишини “рус ҳукумати обрўсини тўкиш учун уюштирилган фитна”, деб атади. Песковга кўра, Путин мухолифат лидерининг ўлдирилиши юзасидан қидирув ва тергов ишларини олиб борилишини шахсан ўз назоратига олган.

Россия ички ишлар вазирлиги Немцовнинг қотиллларини қўлга олиш учун махсус амалиёт бошланганини билдирди.

АҚШ президенти Барак Обама “Қўшма Штатлар Борис Немцовнинг ваҳшиёна ўлдирилишини қоралайди”, деб баёнот берди.

Оқ Уй баёнотида Россия ҳукумати “тезкор, холис ва шаффоф равишда тергов ишлари олиб боришга” ҳамда “жиноятчиларнинг жазога тортилишини таъминлашга” чақирилган.

ЕХҲТ Украинадаги вазият мураккаблашуви мумкинлигидан огоҳлантирди

Хейди Тальявини.

ЕХҲТ Украинада ҳукумат ва исёнчилар ўртасида сулҳ битими амалга киргани кузатилаётганига қарамай мамлакат шарқида “вазият кескинлашиш арафасида” эканидан огоҳлантирди.

ЕХҲТнинг махсус вакили Хейди Тальявини 27 февраль куни БМТ Хавфсилик кенгашида бу ҳақда маълумот берди.Унга кўра,Украина шарқида жанговар ҳаракатлар камайган, икки томондан асрга олинган одамлар озод этилган, бироқ вазият беқарорлигича қолмоқда.

ЕХҲТнинг Украинадаги кузатувчилар миссияси раҳбари Эртугрул Апакан Хавфсизлик кенгашига Донецк аэропорти ва Мариуполда отишмалар бўлгани ҳақида маълумот берди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 27 февралдаги йиғини Минскда 12 февраль куни сулҳ битимига эришилганидан кейинги биринчи мажслис бўлди. 27 февралда Украина шарқидаги отишмаларда уч ҳарбий ҳалоқ бўлган ва 7 аскар яраланган.

Обама Афғонистон президенти ва Бош вазирини қабул қилади

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистон коалицион ҳукумати вакилларини Оқ Уйда қабул қилади. Бу ҳақда 27 февраль куни маълум қилинди.

Оқ Уй баёнотида айтилишича, Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва Бош вазир Абдулла Абдулла Обама томонидан Вашингтонда 24 март куни қабул қилинади. Учрашувда Афғонистонни иқтисодий ривожлантириш ҳамда исёнчи гурҳлар ва Кобул ҳукуматини яраштириш масалалари муҳокама қилинади.

Ашраф Ғани ўтган йилнинг ёзида президентликка сайланганидан буён биринчи марта АҚШ президенти билан учрашади. Афғонистон делегацияси Вашингтонда 22 мартдан 24 мартгача музокаралар олиб боради.

Ашраф Ғани ва абдулла Абдулла АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан ҳам музокаралар ўтказади.

Афғонистонда табиий офатдан камида 229 киши ҳалок бўлди

БМТ Афғонистоннинг марказий ва шимоли-шарқий вилоятларида қор бўрони ва қор кўчкилари оқибатида камида 229 одам ҳалок бўлганини билдирди.

БМТ маълумотида айтилишича, ҳалоқ бўлганларнинг асосий қисми Панжшер вилоятига тўғри келади.

27 февраль куни эълон қилинган БМТ ҳисоботида айтилишича, табиий офатдан Афғонистоннинг 18 вилояти жабр кўрган. Минглаб одамлар уй-жойларидан ажралган.

Халқаро ташкилотлар табиий офат гирдобида қолган афғонистонликларга ёрдам кўрсатишда давом этмоқда. Аммо қор йўлларни тўсиб қолгани оқибатида кўп одамларга ёрдам кўрсатиш имконияти бўлмаяпти.

Бишкекда Белорусь ва АҚШ элчихонаси олдида намойишлар ўтказилди

Коммунистлар АҚШ элчихонаси олдида намойиш ўтказмоқда.

Бишкекда 27 февраль куни Белорусь ва Қўшма Штатлар элчихоналари олдида норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Ўнлаб намойишчилар Белорусь элчихонаси олдида собиқ президент Қурмонбек Бакиев ва унинг укаси Жаниш Бакиевнинг Қирғизистонга топширилишини талаб қилди. Қурмонбек Бакиев 2010 йил 7 апрелда ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг Белорусдан бошпана топган эди.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев 26 февраль куни қирғиз жиноят олами лидери Алманбет Анапияев Минскда айнан бакиевлар томонидан ваҳшиёна ўлдирилгани ҳақида эҳтиросли баёнот бериб, Минск расмийларини Бакиевни Қирғизистонга топширишга чақирган эди.

Қирғизистон Коммунистик партиясининг 30 га яқин вакили эса АҚШ элчихонаси олдида намойиш ўтказди. Улар Ричард Майлзнинг Қирғизистонга элчи сифатида тайинланганидан норозлик билдирган.

Коммунистлар 1992 йилдан бери постсовет давлатларида элчи сифатида ишлаб келган Майлз Қирғизистонда яна бир рангли инқилобни амалга ошириши мумкинлигини иддао қилмоқда.

Кобул ўзбекистонлик уч аёлни Толибонга топширди

Расмий Кобул Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинган уч ўзбекистонлик аёлни Толибон гаровидаги уч кишига айирбошлади.

Ўзбекистон фуқароси бўлган уч аёл бир ой аввал Афғонистон шимолидаги Фарёб вилояти маркази Маймана шаҳрида ҳибсга олинган эди.

Икки ҳафта аввал Толибон жангарилари инсонпарварлик ташкилотларидан бирининг тўрт ходимини гаровга олиб, улардан бирини қатл этди.

Толибон агар уч ўзбек аёли озод қилинмаса, гаровдаги қолган уч асир ҳам қатл этилиши борасида таҳдид қилган эди.

Навальнийнинг қамоқ муддати 5 соатга қисқартирилди

Алексей Навальний.

Москва шаҳар суди мухолифат фаоли Алексей Навальнийнинг маъмурий жазо сифатидаги қамоқ муддатини 5 соатга қисқартириш ҳақида ҳукм чиқарди.

Эндиликда Навальний қамоқда 15 сутка эмас, балки 14 сутка 19 соат ўтиради. Озодликка 6 март куни кечқурун эмас, кундузи чиқади.

Суд Навальнийнинг полиция бўлимида ўтирган вақтини ҳисобга олиб, унинг муддатини қисқартирганини таъкидлади.

Мухолифатчининг адвокати Вадим Кобзев, эндиликда Навальнийнинг ҳибсга олингани бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилиш режалаштирилганини айтди.

15 февраль куни Навальний ва унинг тарафдорлари Москва метросида 1 мартга мўлжалланган марш бўйича варақа тарқатгани унинг ҳибсга олинишига сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Суд ҳаками Навальнийни марш ўтказиш учун рухсат олинмасдан туриб, тарғибот билан шуғулланганликда айблаб, унга 19 февраль куни 15 суткалик қамоқ жазоси берди.

Навальний варақаларда фақат марш талаблари ёзилгани айтиб, ҳибсни адолатсизлик дея баҳолади.

Унинг адвокати полиция ҳаракати ва суд ҳукмини ноқонуний деб, шикоят аризаси ёзди.

Австрия қамоқхонасида ўлган Алиев қонидан наркотик топилди

Назарбоевнинг собиқ куëви Роҳат Алиев

Австрия прокурорлари маълумотига кўра, Вена қамоқҳонасида ўлик ҳолда топилган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиевнинг қонидан наркотик модда - барбитурат топилган.

Прокурорларга кўра, бу ҳозирча тиббий экспертизанинг дастлабки натижалари бўлиб, яқин кунларда якуний хулоса эълон қилинади.

Қамоқхона шифокори Алиевга тинчлантирувчи дори сифатида барбитуратни берган бўлиши мумкин деган тахмин мутлақо инкор қилинмоқда. Боиси барбитурат Австрияда тақиқланган.

Роҳат Алиев 24 февраль куни Вена қамоқхонасида ўлик ҳолда топилди.

Вена суди матбуот хизмати 24 февраль куни тарқатган баёнотда Роҳат Алиев "ўз жонига қасд қилган"и айтилди.

Алиев Қозоғистон президентининг катта қизи - Дариға Назарбоеванинг собиқ эри эди. У Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси бўлган ва 2008 йилда сиртдан 40 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

У ҳукуматни куч билан олишга уриниш ва одамларни ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳни тузишда айбланган.

2011 йилда Венада бўлган маҳкамада Роҳат Алиевни Қозоғистонга экстрадиция қилмасликка қарор қилинган.

Бундан бироз олдин Роҳат Алиевнинг Facebook тармоғидаги саҳифасида "марҳум отамга мактуб" мазмунидаги матн эълон қилинди. Алиевнинг отаси 12 январь куни Қозоғистонда вафот этди.

Роҳат Алиев сўнгги йиллар давомида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев сиёсатини танқид қилиб келган. Яқинда ҳам у Қозоғистонда президентлик сайловини муддатидан аввал ўтказиш ташаббусини танқид қилган эди.

Роҳат Алиевнинг 24 февраль куни ўз жонига қасд қилгани ҳақида Вена суди берган баёнотга марҳумнинг адвокати эътироз билдирди. Ҳимоячи Алиев ўз жонига қасд қилганига шубҳа қилмоқда ва ишнинг синчковлик билан кўрилишини талаб қилмоқда.

Роҳат Алиев сўнгги йиллар давомида халқаро матбуотда фаол чиқиш қилиб, Қозоғистон президенти - собиқ қайнотаси Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатини кескин танқид қилиб келаётган эди.

Пикассонинг ўғирланган 1 миллион долларлик асари топилди

Пабло Пикассо ва Ольга Хохлова, 1919 йил

Рассом Пабло Пикассонинг Францияда 14 йил аввал ўғирланган бир миллион долларлик “Сартарош” асари АҚШдан топилди.

АҚШ прокуратураси маълумотига кўра, Пикассо асари 37 долларлик қалбаки нусха сифатида баҳоланиб, Америкага “Фед-Экс” экспресс почтаси орқали жўнатилган ва божхоначилар почта жўнатмаларини текшираётган пайти уни топишган.

Associated Press маълумотига кўра, Пикассо томонидан 1911 йилда ишланган “Сартарош” асари Париждан 2001 йилда ўғирланган.

НАТО Бош котиби: Россия Украинадан оғир қуролларни олиб чиқиб кетиши шарт

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг пайшанба куни Россия Украина шарқидан мингга яқин оғир ҳарбий техникасини олиб чиқиб кетиши шартлиги ҳақида баёнот берди.

Римда Италия бош вазири Маттео Ренци билан музокаралардан сўнг матбуот анжумани ўтказган Столтенберг, шунингдек, Москва россияпараст исёнчиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши лозимлигини таъкидлади.

НАТО Бош котиби “айримачиларнинг ўзлари назорат қилаётган ҳудудларни кенгайтириш ҳаракати мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолдир”, деб билдирди.

Столтенберг Украина шарқида вазият нисбатан барқарорлашаётганини олқишлади ва бу Минскда эришилган тинчлик келишимининг кучга кираётганидан далил эканини айтди.

Украина Мудофаа вазирлиги 26 февраль куни 12 февралда Минскда эришилган битимга асосан жанглар бўлган ҳудудлардан 100 миллиметр калибрдаги замбаракларни олиб чиқишни бошлаганини билдирди.

Лондонда Украинадаги урушга қарши намойиш ўтказилди

Евгений Чичваркин.

Лондонда 26 февраль куни Россия элчихонаси олдида Украина шарқидаги урушга қарши тинч акция бўлиб ўтди. Намойиш Лондонда яшаётган собиқ рус тадбиркори Евгений Чичваркин томонидан ташкил этилди.

Митингга Британияда яшаётган Россия, Украина ва собиқ постсовет давлатларининг юзга яқин фуқароси йиғилди. Улар намойишга “Урушни тўхтатинг”, “Украинадан қўлингни торт!”, “Россия, уйингга кет!” каби шиорларни кўтариб чиқишган.

Намойишга йиғилганлар Россиянинг Украина шарқидаги агрессиясини тўхтатишни талаб қилиб нутқ сўзладилар.

"Исломий давлат" манзиллари 24 соат ичида 14 мартда ҳужумга учради

"Исломий давлат" гуруҳини бомбардимон қилаётган самолётлардан бири.

АҚШ раҳбарлигидаги коалиция сўнгги 24 соат ичида “Исломий давлат” гуруҳининг Сурия ва Ироқдаги манзилларига ҳаводан 14 марта ҳужум уюштирди.

Араб матбуоти 26 февраль куни ҳужум оқибатида жангариларнинг бир қатор лидерлари ўлдирилганини хабар қилди.

“Ал Арабия” телеканалининг билдиришича, Ироқнинг Ал Қоим шаҳрида жангарилар лидерлари мажлис ўтказаётган ҳудуд бомбардимон қилингани оқибатида 17 тжангари ўлдирилган, 29 жангари яраланган.

Телеканалнинг айтишича, мазкур ҳудудда “Исломий давлат” лидери Абу Бакр ал Бағдодий ҳам бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

"Исломий давлат" маданий-тарихий ёдгорликларни вайрон қилди

Ироқнинг Мосул шаҳри музейидаги ёдгорликларни вайрон қилаётган жангарилар.

“Исломий давлат” гуруҳи Ироқ жанубида тарихий ёдгорликлар бузилаётгани тўғрисидаги видеони Интернетга жойлаштирди.

Беш дақиқалик видеода қора ниқобли “Исломий давлат” жангарилари Мосул шаҳри музейидаги ёдгорликларни парчалаётгани акс этган. Мосул шаҳрини жангарилар ўтган йилнинг июлида босиб олган эди.

Жангарилар вайрон қилган ёдгорликлар орасида 7-асрга таалуқли бўлган қанотли буқа ҳайкали ҳам бор. Бу ёдгорликни вайрон қилган жангари “санъат асарлари ислом динига зид” эканини иддао қилган.

ЮНЕСКО жангарилар томонидан тарихий ёдгорликларнинг вайрон этилишини кескин қоралади. ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокова ёдгорликларнинг парчаланишини “жангарилар томонидан уюштирилган махсус ҳужум” сифатида баҳолади.

ЮНЕСКО БМТ Хафвсизлик кенгашига Ироқдаги маданий-тарихий ёдгорликларни ҳимоя қилиш масаласини муҳокама қилишга чақирди.

Киев фронт чизиғидан оғир қуролларни олиб чиқа бошлади

Украина ҳарбийлари 26 февраль куни россияпараст айирмачилар билан қуролли тўқнашув фронт чизиғидан оғир қуролларни олиб чиқаётганини эълон қилди. Киев ҳукумати сўнгги икки кун ичида бирорта талафот бўлмаганини ҳам билдирди.

Бу баёнот Европа воситачилигида эришилган эришилган сулҳ битимининг амалга кўчишига умид туғдирмоқда. Минскда эришилган сулҳни айирмачилар бузиб келаётган эди, лекин йирик ҳуруж натижасида Дебальцево шаҳрини эгаллаб олгандан кейин ҳужумлар кўлами пасайди.

“Минскда 12 февраль куни эришилган келишувни бажариш мақсадида Украина фронт чизиғидан 100 миллиметрлик қуролларни олиб чиқади”, дейилади Украина мудофаа вазирлиги баёнотида. Киев айирмачилар ўт очишни тўхтатмаётгани важидан оғир қуролларни фронт чизиғидан олиб чиқишдан бош тортаётган эди.

Украина шарқидаги қуролли можарода ўтган йилнинг апрель ойидан бери 5600дан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Россия НАТОга аъзо давлатларга чегарадош ҳудудларда қатор ҳарбий машқлар бошлади

НАТОга аъзо Болтиқбўйи мамлакатлари Россиянинг ҳарбий фаоллиги ошганидан хавотир билдирмоқда.

Россияга қарашли жанговар учқичлар Баренц денгизида ҳарбий машқларни ўтказиши эълон қилинди. Россия ва НАТОга аъзо Норвегия ўртасидаги денгиз устида ўтадиган машқларда эҳтимолий ҳужумни қайтариш сценарийсини ўйналади.

Россия ҳарбийларининг 26 февраль куни маълум қилишича, ҳарбий машқларнинг дастлабки босқичи аллақачон Пермь вилоятида бошланган ва МиГ-31 русумидаги жанговар учқичлари жалб этилган.

Машқларнинг кейинги босқичи шимоли-ғарбдаги Мурманск вилоятида жойлашган Мончегорск ҳаво базасидан жанговар учқичлар эҳтимолий душманнинг ракеталари ва учқичларни ушлашни машқ қилади. Ҳарбий машқлар 6 март куни тугайди.

Собиқ иттифоқи таркибига кирган ва ҳозирда НАТО аъзоси бўлган Болтиқбўйи мамлакатлари ўз чегараларига яқин ҳудудларда Россиянинг ҳарбий фаоллиги ошганидан хавотир билдирмоқда. Айниқса, Украинада бўҳрон бошланганидан бери бундай ҳарбий манёврлар кўламининг ошгани кузатилмоқда.

25 февраль куни Россия қўшинлари НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо Эстония ва Латвия билан чегарадош Псков вилоятида машқ бошлади. 1500га яқин дессант-парашют қўшинлари иштирокидаги ўйинлар 28 февральгача давом этади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG