Линклар

Шошилинч хабар
24 август 2019, Тошкент вақти: 05:32

Халқаро янгиликлар

Бокудаги суд Хадича Исмоиловани 7 ярим йиллик қамоққа ҳукм этди

Бугун Озарбайжон судида танқили журналист Хадича Исмоиловага 7 ярим йиллик қамоқ жазоси тайинлаш ҳақида ҳукм ўқилди.

Суд Исмоиловани солиқ тўлашдан бўйин товлаганлик ва ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбли деб топди.

Ўтган ҳафтада Озарбайжон давлат прокурори мамлакатдаги таниқли суриштирув журналисти¸ Озодликнинг Бокудаги ҳамкори Хадича Исмоиловага 9 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган эди.

Мустақил кузатувчилар Озарбайжон элитаси¸ хусусан¸ президент Алиев оиласига алоқадор коррупцияни тадқиқ қилиб келган Исмоилованинг айнан журналистик фаолияти учун жазоланаëтганини айтмоқдалар.

Хадича Исмоилованинг онаси Озодлик билан суҳбатда¸ прокурор сўрови ўқиб эшиттирилганида¸ қизининг кулгани¸ зотан унга қўйилаëтган айбларнинг куракда турмаслиги ҳаммага аëн эканини билдирганди.

Киевдаги тўқнашувларда яраланган яна бир украин аскари жон берди

Украинадаги тартибсизликлар пайтида жароҳатланган Миллий гвардиянинг яна бир аскари Киев касалхонасида жон берди.

Бу ҳақда Украина ички ишлар вазири Арсен Аваков Твиттерда маълум қилди.

Шундай қилиб, Киевдаги тўқнашувлар оқибатида ҳалок бўлган украин аскарлари сони учтага етди.

Кеча Киевдаги Олий Рада биноси яқинида намойишичлардан бирининг миллий гвардия аскарларига қарата қўл грантаси отиши оқибатида мамлакат хавфсизлик кучларининг 130 ходими яраланган эди. Улардан олти нафарининг ахволи оғир экани айтилмоқда.

Ҳозирда тартибсизликларга алоқадорликда гумонланаётган 18 одам ҳибсга олинди. 31 август куни Украина Президенти Петро Порошенконинг мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачилар назоратида қолаётган минтақаларга қўшимча мухторият бериш тўғрисидаги парламентга киритган қонун лойиҳаси норозилик намойишига сабаб бўлган.

Украина парламентининг 31 августдаги сессиясида қатнашган 368 депутатдан 265 нафари Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим қисмларида ўзини ўзи бошқариш ваколатлари алоҳида қонун билан белгиланишини ўз ичига олувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Қозоғистон Хитой билан 20 миллиард долларлик шартномаларни имзоламоқчи

Назарбоевнинг Хитойда кутиб олиниши.

Қозоғистон ва Хитой ўртасида умумий қиймати 20 миллиард долларлик бўлган шартномалар имзоланади.

Хабарда айтилишича, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хитойга тўрт кунлик расмий сафари доирасида имзоланадиган шартномалар транспорт, машинасозлик, логистика, кимё саноати соҳаларида қозоқ-хитой қўшма лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлади.

Назарбоевнинг Хитой сафари 31 август куни бошланган. У сафарнинг биринчи куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашди. Қозоғистон президенти расмий ташриф якунида Хитой пойтахти Бейжинда Иккинчи жаҳон урушида Япония устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган парадда иштирок этади.

Мазкур парадда Россия, Беларус, Қирғизистон ва бошқа давлат раҳбарлари билан бир қаторда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ҳам меҳмон сифатида иштирок этиши кутилмоқда.

Украинадаги тартибсизликлар пайтида жароҳатланганлар сони 125 кишига етди

Намойиш пайтида отилган гранатадан ҳалок бўлган Миллий гвардия аскари хотираси ёдга олинмоқда.

Украина парламенти олдида 31 август куни намойишичлар ва полиция тўқнашуви оқибатида жароҳатланганлар сони 125 кишига етди.

Украина ички ишлар вазири Арсен Аваковнинг айтишича, кеча намойишичлардан бирининг миллий гвардия аскарларига қарата қўл грантаси отиши оқибатида 1 одам ҳалок бўлган, 1 одам кома ҳолатида ва 12 одам операция қилинди.

31 август куни Украина Президенти Петро Порошенконинг мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачилар назоратида қолаётган минтақаларга қўшимча мухторият бериш тўғрисидаги парламентга киритган қонун лойиҳаси норозилик намойишига сабаб бўлган.

Намойиш пайтида отилган граната оқибатида 1 одам ўлгани, тўқнашувларда эса 90дан ортиқ одам жароҳатлангани айтилганди. Киев полициясига кўра, граната отганликда гумонланган шахс ва яна 30га яқин намойишчи қўлга олинган.

Украин парламентининг 31 августдаги сессиясида қатнашган 368 депутатдан 265 нафари Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим қисмларида ўзини ўзи бошқариш ваколатлари алоҳида қонун билан белгиланишини ўз ичига олувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Парламентнинг келгуси сессиясида конституциявий ўзгартишларнинг қабул қилиниши учун камида 300 депутатнинг овоз керак бўлади.

Германия жорий йилда 800 минг қочқинни қабул қилишга тайёр

Германия канцлери Ангела Меркел

Германия канцлери Ангела Меркел Европа Иттифоқи раҳбарларини тез орада қочқинлар бўйича юзага келган бўхронни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқишга чақирди.

Меркелнинг айтишича, Германия бу борадаги чора-тадбирлар пакетини бир ой ичида тақдим этади. Унга кўра, Германия жорий йилда 800 минг қочқинни қабул қилишга тайёр. Бу эса 2014 йилдагига нисбатан 4 баробарга кўпдир.

31 август куни Берлинда журналитслар олдида чиқиш қилган Ангела Меркел қочқинларни қабул қилишдан бош тортаётган айрим давлатларни танқид қилди. Чехия, Венгрия, Польша ва Словакия Европа Иттифоқининг қочқинларни қабул қилиш бўйича квоталарини рад этган эди.

БМТнинг билдиришича, 2015 йилда Яқин Шарқ, Африка ва Осиё давлатларидан Европага келган қочқинлар сони шу кунгача 300 минг кишига етган.

Куба мактабларида инглиз тили асосий фан сифатида ўқитиладиган бўлди

Кубалик мактаб ўқувчилари.

Кубада инглиз тили мактабларда ўқитиладиган дарслар орасида энг асосийси бўлиб қолади, деб хабар берди Куба коммунистик партиясининг нашри бўлган “Гранма” газетаси.

Жорий йилда АҚШ Куба билан 50 йил олдин бекор қилинган дипломатик алоқаларни тиклаши ортидан мазкур мамлакатда инглиз тилини ўқитишга эътибор берила бошланди.

“Бу тилни билиш ўта зарурдир, чунки Қўшма Штатлар билан алоқаларимиз кундан кунга ривожланиб боради”, деб билдирган Куба Коммунистик партиясининг 2-котиби Хосе Рамон Мачадо.

Кубада ўтган асрнинг 70-йилларидан богшлаб инглиз тили ўрнига рус тили ўқитилиши жорий этилган эди.

АҚШ Латвияга учувчисиз бошқариладиган учоқларни жойлаштирди

АҚШнинг учувчисиз бошқариладиган учоғи.

Қўшма Штатлар Латвияда иккита учувчисиз бошқариладиган MQ-1 Predator учоқларини ва ҳарбийлар малакасини ошириш миссияси доирасида 70 учувчисни жойлаштирди.

Reuters агентлигининг душанба куни Пентагон расмийсига таянган ҳолда хабар беришича, АҚШ ҳарбийлари Европадаги иттифоқчиларни қўллаб-қувватлаш дастурига асосан Латвияга киритилган.

Пентагон матбуот котиби Жефф Дэвис Латвияга АҚШ ҳарбийлари биринчи марта жўнатилганини билдирди. Унга кўра, Латвия ҳарбийлар малакасини ошириш дастурининг иштирокчиси бўлиб ҳисобланади.

Қўшма Штатлар NATO ва Шарқий Европадаги иттифоқчиларини ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш дастурларини ўтган йили Россия Қримни аннекция қилганидан сўнг кучайтирган эди.

Украина парламенти Донецк ва Луганск вилоятларига қўшимча мухторият беришга доир қонун лойиҳасини маъқуллади

Парламент олдида қонун лойиҳасидан норози ўнлаб фаоллар овоз бериш натижалари эълон қилиниши ортидан полиция билан тўқнашди.

Украина парламенти мамлакат шарқидаги россияпараст айирмачилар назоратида қолаётган минтақаларга қўшимча мухторият беришни кўзда тутувчи конституциявий ўзгартишларни жорий этиш тўғрисидаги президент таклиф қилган қонун лойиҳасини дастлабки ўқишда маъқуллади.

31 август кунги сессияда қатнашган 368 депутатдан 265 нафари қонун лойиҳасини биринчи ўқишдаёқ қабул қилди.

Қонун лойиҳаси Украина Президенти Петро Порошенко томонидан февраль ойида Минскда қабул қилинган сулҳ битими шартларига биноан парламентга киритилган эди.

Украина конституциясига киритилиши таклиф этилаётган ўзгартишларга кўра, Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим қисмларида ўзини ўзи бошқариш ваколатлари алоҳида қонун билан белгиланиши кўзда тутилган.

Парламентнинг келгуси сессиясида конституциявий ўзгартишларнинг қабул қилиниши учун камида 300 депутатнинг овоз керак бўлади.

31 август кунги парамент сессиясида мазкур ўзгартишларга қаршилик қилган ўнлаб депутатлар минбарни тўсиб олишди. Айни пайтда парламент биноси олдида тўпланган мазкур қонун лойиҳасидан норози ўнлаб фаоллар овоз бериш натижалари эълон қилиниши ортидан полиция билан тўқнашди.

Суд Хадича Исмоилова сўнгги сўзини ўқиётганида уни тўхтатди

Хадича Исмоилова

Озарбайжон суди журналист Хадича Исмоилованинг сўнгги сўз учун тайёрлаган нутқини ўқишини тақиқлаб қўйди. Мазкур қарор Озодлик билан ҳамкорлик қилган таниқли журналист устидан ҳукм ўқилишини 1 сентябрга қолдирилишига сабаб бўлди.

Исмоилова сўнгги сўз нутқида ўзига қўйилган тухмат, солиқдан бўйин товлаш, ноқонуний тадбиркорлик ва ваколатини суиистеъмол қилиш айбловларини ҳокимият тарафидан унинг журналистик суриштирувларини тўхтатишга қаратилган уриниш, дея қоралади.

Журналист ўз нутқи давомида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг исмини айтиши биланоқ прокурор суд раисидан уни тўхтатишни талаб қилди.

Озодлик ҳамкори Исмоилова ўзига қўйилган айбловларни Озарбайжон ҳукумати мулозимлари, жумладан президент Алиевнинг коррупцион ҳаракатларини фош этувчи журналистик суриштирувлари учун сиёсий ўч олиш, дея баҳоламоқда.

Исмоилова ўз нутқини 31 август куни ўқиб эшиттириши керак эди. У сўнгги сўзини ўқиб эшиттирганидан кейин суд раиси журналист устида ҳукмни ўқийди.

Исмоилова айбдор деб топилса, судья ҳукмни дарҳол ўқиши мумкин ёки бунинг учун маҳкаманинг бошқа мажлисини чақириши керак бўлади.

Давлат қораловчилари журналистга 9 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўраган.

Толибон Мулла Умар 2013 йилда ўлдирилганини тасдиқлади

Мулла Умар 2001 йилда Толибон ҳаракати ҳокимиятдан ағдарилганидан бери жамоатчиликка кўриниш бермаган.

Афғонистондаги Толибон ҳаракати ўз етакчилари Мулла Муҳаммад Умарнинг 2013 йилда ҳалок бўлганини яширганларини тан олди. Толибон 31 август куни эълон қилган баёнот Афғонистон разведка хизматининг Мулла Умар икки йил аввал ўлдирилигани тўғрисидаги иддаоларини тасдиқлади.

Жангари ҳаракат ўтган ойга қадар Мулла Умар номидан баёнотларни эълон қилиб келаётган эди. Мулла Умар 2001 йилда Толибон ҳаракати ҳокимиятдан ағдарилганидан бери жамоатчиликка кўриниш бермаган.

Толибон ҳаракати душанба куни эълон қилган баёнотга кўра, Мулла Умар 2013 йилнинг 23 апрель куни ўлган. Бунинг сир сақланишига доир тафсилотлар Толибон ҳаракатининг янги етакчиси Мулла Ахтар Мансурнинг таржимаи холида эслатиб ўтилган.

Баёнотда айтилишича, Толибон ҳарактаи “олий кенгашнинг бир неча аъзоси” ва диний уламолар Мулла Умарнинг ўлими ҳақидаги хабарни унга яқин доирадан ташқари “сир тутишга қарор қилган”. Бунинг асосий сабаби, дейилади баёнотда, НАТОнинг 2014 йил охирига қадар Афғогнистондаги миссиясини тугатиш режаларини эълон қилганидир.

Германия, Франция ва Буюк Британия ЕИ расмийларини миграцион бўҳрон бўйича "конкрет қадамлар" қўйишга чақирмоқда

Венгрия-Сербия чегарасидан ўтиб келаётган суриялик муҳожирлар.

Германия, Франция ва Буюк Британия Европа Иттифоқи давлатларини миграцион бўҳрон эскалациясини ҳал қилиш учун “конкрет қадамлар” қўйишга чақирди.

Германия ички ишлар вазири Томас де Мезьер, Франция ички ишлар вазири Бернар Казнев ва Британия ички ишлар вазири Тереза Мэй Европа жанубига келган қочқинлар аҳволини яхшилаш борасида 30 август куни қўшма баёнот тарқатдилар.

Баёнотда Греция ва Италияда йил охиригача “қайноқ нуқталар” ташкил этиш зарурлиги, бу расмийлар муҳожирлардан кимлар ҳимояга муҳтож эканини тезроқ аниқлаши учун уларни қайдда ўтказиш ва бармоқ изларини олиш имконини яратиш учун кераклиги таъкидланади.

Германия, Франция ва Британия бош полициячилари Европа Иттифоқи адлия вазирларини яқин ҳафталар ичида муҳожирлар билан боғлиқ бўҳрон масаласини муҳокама қилишга чақирдилар.

Бу йил Европа Иттифоқи сари йўл олган минглаб афғонистонлик, бангладешлик, суриялик ва бошқа муҳожирлар кўзлаган манзилига етмай, йўлда нобуд бўлганлар.

Исломий давлат жангарилари Палмирадаги яна бир кўҳна ибодатхонани портлатди

Палмирадаги Бэл ибодатхонаси.

“Исломий давлат” гуруҳи Суриянинг Палмира шаҳрида жойлашган яна бир кўҳна ибодатхонага жиддий шикаст етказди.

Бу ҳақда қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси гувоҳлар сўзига таянган ҳолда маълумот тарқатди.

Маълумотларга кўра, Рим империяси даврида қурилган ва Палмиранинг асосий кўҳна меъморий обидаларидан бири бўлган Бэл ибодатхонаси якшанба куни тушда портлатилган. Портлаш натижасида бинога сезиларли шикаст етгани, ибодатхона устунлари йиқилиб, ғиштлари кўчиб тушгани айтилмоқда.

Бу жорий ойда “Исломий давлат” жангарилари томонидан портлатилган иккинчи меъморий обидадир. 25 август куни қарийб 2000 йиллик тарихга эга Баал Шамин ибодатхонаси портлатилганди. Ундан аввалроқ жангарилар Палмира антик давр ёдгорликлари бош муҳофизи, 82 ёшли Холид Асаадни қатл этганди.

Ўзининг яхши сақланган кўҳна ёдгорлик обидалари билан машҳур Палмира шаҳри шу йил май ойида “Исломий давлат” гуруҳи томонидан эгаллаб олинганди.

Жангари гуруҳ олдин ҳам ўзи эгаллаб олган ҳудудларда насроний ва мусулмонларга оид кўҳна обидаларни вайрон қилган.

АҚШ президенти Покистон бош вазирини Вашингтонга таклиф қилди

АҚШ президенти Барак Обама Покистон бош вазири Навоз Шарифни октябрь ойида Оқ уйга таклиф қилди. Бу ҳақда Обаманинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Сюзан Райс Твиттердаги ўз саҳифасида маълум қилди.

Райс хоним АҚШ президентининг таклифини Покистон бош вазирига якшанба куни Исломободга ташрифи чоғида етказган. Навоз Шариф ва Сюзан Райс учрашуви чоғида АҚШ ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, Афғонистон расмийлари ва Толибон ўртасидаги музокараларни тиклаш масалалари муҳокама қилингани айтилмоқда.

Расмий Кобул ва Толибон ўртасидаги музокаралар ҳаракат лидери мулла Муҳаммад Умар вафотига оид маълумотлар эълон қилиниши ортидан тўхтаб қолганди.

Хабарларга кўра, кечаги учрашувда Навоз Шариф ва Сюзан Райс Афғонистон ва минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун янада тиғизроқ ҳамкорлик қилишга эҳтиёж туғилганини таъкидлаганлар.

Малайзияда йирик аксилҳукумат намойиши бўлиб ўтди

Шанба куни Малайзия пойтахтида бошланган кўп минг кишилик аксилҳукумат намойиши ярим тунгача давом этди.

Акция ташкилотчилари Мустақиллик майдонида ўтган норозилик намойишида 100 мингга яқин киши иштирок этганини иддао қилмоқдалар.

Хабарларга кўра, Малайзия бош вазири Нажиб Раззоқ истеъфоси ва очиқ сайловлар ўтказилиши талаб қилинган намойиш, умуман олганда, тинч ўтган.

Норозилик намойиши мухолифатнинг ўзини Bersih деб атаган норасмий бирлашмаси томонидан уюштирилган. Bersih сўзи малайчада “тозалик” деган маънони англатади.

Намойишчилар сайловлар тоза ўтиши, ҳукумат фаолиятида эса шаффофлик бўлишини талаб қилганлар.

Бу орада Малайзия бош вазири Нажиб Раззоқ ўзининг шанба кунги мурожаатида “демократик давлатда бу каби акциялар фикр ифодалаш учун муносиб бўлмаган йўл” эканини, “намойишчилар мишмишлар ва ташвиқот билан чалғитилган”ини иддао қилди.

Нажиб Раззоқ яқинда йирик сиёсий можаро қаршисида қолганди. Бунга бош вазирнинг шахсий ҳисобида 650 миллион долларга яқин пул борлиги ҳақида матбуотга сизган хабарлар сабаб бўлиб, бу жамоатчилик орасида норозилик кайфиятига сабаб бўлганди.

"Исломий Давлат" жангарилари Ироқ ғарбида намойишни куч билан бостирди

Анбар вилоятидаги ИД жангарилари

"Исломий Давлат" (ИД) жангарилари Ироқ ғарбидаги шаҳарда экстремист гуруҳга қарши намойишни бостириш учун камида 70 нафарни ҳисбга олган.

ИД жангарилари 29 август куни Анбар вилоятининг Рутбаҳ шаҳрида гуруҳга қарши намойиш ўтказган шахсларни тарқатиб юборган.

Шу билан бирга жангарилар намойишга изн бергани учун ўнлаб қабилалар раҳбарларини симёғочларга боғлаб қўйганлар.

Юзлаб одамлар иштирокидаги намойиш ИД жангарилари рутбалик Мунир ал-Қубейсийни қатл этилишига эътирозан бошланган.

Қубейшининг ўлдирилгани, намойиш бўлиб ўтгани ва унинг куч билан бостирилганини Анбар вилояти ҳокимининг сўзчиси Ейд Амаш тасдиқлади.

Рутбаҳ аҳолиси ИД томонидан ҳибсга олинган шахслар қатл этилиши мумкинлигидан хавотирда.

Айни пайтда, Ироқ расмийларининг маълум қилишича, Иордания чегарасига яқин Требил минтақасида йўл четига ўрнатилган бомбанинг портлаши оқибатида беш нафар ироқлик аскар ҳалок бўлган.

Ал-Жазира мухбири Миср президентини у ва ҳамкасбларини оқлашга чақирди

Журналистлар "Мусулмон биродарлиги" партияси билан алоқадорликда айбланган

Ал-Жазира телевидениесининг мухбири, Питер Гресте, Миср президенти Абдел Фаттаҳ Сиссийдан уни ва унинг ҳар бири уч йилга қамалган икки ҳамкасбини авф этишни сўради.

Питер Гресте чақириғи Сиднейда 30 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида янгради.

Чиқарилган ҳукмни “нотўғри” ва “сиёсий” дея баҳолаган журналистга кўра, “бутун дунё нигоҳи ҳозир Мисрга қаратилган”.

Питер Гресте 2013 йил декабрида канада фуқароси Муҳаммад Фаҳмий ва мисрлик продюсер Баҳер Муҳаммад билан бирга ал-Жазиранинг Доҳадаги қароргоҳида ҳибсга олинганди.

Австралия фуқароси бўлган Гресте февраль ойида Мисрдан чиқариб юборилди.

Қоҳира маҳкамаси дастлаб уччала журналистни “Мусулмон биродарлиги” партиясига алоқадорликда айблаб, озодликдан маҳрум этганди.

Чиқарилган ҳукм халқаро ҳамжамият томонидан қораланган эди.

АҚШда 17 ёшли ўсмир ИДни қўллаганликда айбланиб қамалди

Bitcoin виртуал валютаси.

АҚШнинг Виржиния штатида 17 ёшли ўсмир Али Шукри Амин “Исломий давлат”ни қўллаб-қувватлашда айбланиб 11 йил 4 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Суд қарорига биноан судлангунига қадар Манассас шаҳрида яшаган Али Шукри Амин қамоқдан чиққанидани сўнг ҳам полиция назоратида бўлади ва унинг Интернетдаги фаолияти кузатиб борилади.

Амин Twitter тармоғи орқали “Исломий давлат” тарафдорларига Bitcoin виртуал валютасини қўллаш орқали молия манбаларини яшириш йўлларини ўргантганликда айбланиб қўлга олинган эди. У июнь ойида ўтказилган терговда ўзига билдирилган айбловни тан олган.

Қримда йўқолган қрим татар фаолларининг жасадлари топилди

Қрим ярим ороли харитаси.

Шанба куни 21 августда бедарак кетган уч нафар қрим татар миллатига мансуб шахслардан иккиси - Мемет Селимов ва Ўсман Ибрагимовнинг жасадлари топилди.

Қрим татар халқи мажлиси раисининг ўринбосари Наримон Желаловнинг билдиришича, қрим татарларнинг жасадлари Симферополь яқинидаги Богдановка қишлоғидан топилган. Уларнинг танасида пичоқ излари бўлган.

Желаловнинг “Фейсбук” саҳифасида ёзишича, қотилларнинг шахси аниқланган, улар қидирувга берилган. Тергов эса қрим татарларнинг ўлдирилишини маиший жанжал ортидан содир этилган қотиллик сифатида баҳоламоқда.

Қрим 2014 йил мартида Россия томонидан аннекция қилинганидан сўнг бир қатор қрим татар фаоллари бедарак кетган эди. Мазкур ҳолатлар бўйича қотиллик, одам ўғирлаш моддалари бўйича жиноят ишлари очилган. Бироқ шу кунгача йўқолган фаоллар топилган эмас.

Австрия-Германия чегарасида ўлим ҳолатидаги уч қочқин бола қутқариб қолинди

Венгрия чегарасини бузиб ўтаётган суриялик қочқинлар.

Австрияда 26 қочқин яширинча олиб кетилаётган машина тўхтатилиб, текширилган пайтда балоғатга етмаган уч бола сувсизликдан ўлим ҳолатига етиб қолгани аниқланди.

Хабарларга қараганда, Афғонистон, Бангладеш ва Суриядан келган қочқинларни олиб кетаётган автомашина Германия чегараси яқинида тўхтатиб қолинган. Қочқинларни ноқонуний равишда чегарадан ўтказмоқчи бўлган руминиялик ҳайдовчи ҳибсга олинган.

Венгрия суди эса 27 август куни 71 қочқиннинг ўлимига сабаб бўлганликда гумонланаётган тўрт кишини қамоққа олди. 27 август куни йўлга ташлаб кетилган юк машинаси ичида димиқиб ўлган 71 қочқин жасади топилган эди. Венгрия полициясининг билдиришича, қўлга олинганлар одам савдогарларидир. Уларнинг уч нафари Болгария, бир нафари эса Афғонистон фуқаросидир.

Айни пайтда Греция ва Македония чегарасида Сурия, Жанубий Африка, Афғонистондан келган минглаб қочқинлар тўпланиб турибди.

Франция, Германия ва Россия Украина бўйича музокараларни жонлантиради

Украина шарқида бамбардимонлардан вайрон бўлган уйлардан бири.

Франция президенти Франция, Германия ва Россия Украина шарқида ўқ отишни тўхтатиш режалари бўйича музокараларга кейинги ҳафтадан яна қайтишини билдирди.

26 август куни Киев ва россияпараст айримачилар 1 сентябрдан бошлаб Минскда эришилган сулҳ битими шартларига тўла амал қилиш ва ўқ отишларни тўла тўхтатиш ниятларини билдирган эди. Шундан сўнг Франция, Германия ва Россия раҳбарлари телефон орқали суҳбатлашиб, бу масалани муҳокама қилган.

Суҳбат чоғида Франция президенти Франсуа Олланд “1 сентябрдан ўқ отишни тўхтатиш ниятини тўла қўллаб-қувватлаши”ни маълум қилди. Путин эса украин армияси томонидан айримачи ҳудудлар ўққа тутилаётганидан ташвиш билдирган. Путин Киев айримачилар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиши тарафдори эканини айтган.

Украина шарқидаги россияпараст айримачилар билан украин армияси ўртасида 2014 йил апрелида бошланган жангларда шу кунгача 6800 одам ҳалок бўлган. Шу йилнинг февраль ойида Минскда томонлар сулҳ битимига эришган эди. Бироқ бу битим шартлари мунтазам бузиб келинмоқда.

Туркия учоқлари Суриядаги ИД позицияларига зарбалар беришни бошлади

Туркия армиясининг жангговор учоқлари Суриядаги "Исломий давлат" позицияларига зарбаларни беришни бошлаган.

Анкара расмийларига кўра, зарбалар Туркиянинг АҚШ етакчилигидаги коалиция иштироки доирасида амалга оширилмоқда.

Анкара ва Вашингтон шу ой бошида Сурия ва Ироқда кенг ҳудудларни ишғол этган "Исломий давлат" экстремист гуруҳига қарши ҳарбий амалиётларда Туркиянинг иштирокини кучайтиришга келишиб олган эди.

Айни келишим доирасида НАТО аъзоси бўлган Туркия АҚШ жангговор учоқларининг Сурия чегараси яқинидаги Инжирлик ҳаво базасига қўнишига руҳсат берган эди.

Бангкокдаги портлашларда гумонланаётган шахс қўлга олинди

Тайланд полицияси икки ҳафта олдин Бангкокдаги портлашларни уюштиргани гумонланаётган шахс қўлга олинганини билдирди.

Полиция гумонланувчининг уйини тинтув қилганида у ердан бомба ясашда фойдаланиладиган ашёларни топган.

Қўлга олинган шахснинг исмини полиция жамоатчиликка очиқламади.

17 август куни Бангкок марказидаги сайёҳлар гавжум ибодатхона яқинида бомба портлаган, оқибатда 20 одам ҳалок бўлган, 80дан ортиқ одам яраланган эди.

Мисрда “Ал-Жазира”нинг уч мухбири уч йилга қамалди

Мисрдаги маҳкама “Ал-Жазира” телеканалининг уч нафар журналистини мамлакатда фаолияти тақиқланган "Мусулмон Биродарлар" ҳаракати манфаатлари учун ёлғон маълумотлар тарқатганликда айбдор деб топди ва уларни ҳам бирига уч йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

Австралиялик Питер Гресте, канадалик Муҳаммад Фаҳмий ва мисрлик Баҳир Муҳаммад маҳкама жараёнида ўзларига қўйилган айбларни рад қилишган.

Матбуот эркинлигини ҳимоя этувчи халқаро ташкилотлар маҳкамани танқид қилиб келаётган эди.

Мисрда сўнгги ойларда "Мусулмон Биродарлар"нинг юзлаб аъзолари устидан маҳкамалар бўлиб ўтди. Уларнинг кўпчилиги ўлим жазоларига ҳукм этилдилар.

Кобзон санкцияларга қарамай даволаниш мақсадида ЕИ визасини олган

Россиялик хонанда Иосиф Кобзон ЕИ санкцияларига қарамай Германияга даволаниш учун бормоқда.

Хабарларга кўра, Кобзонга Европа Иттифоқи давлатларига бориш учун виза олишга Россия президенти Владимир Путин ёрдам берган.

Етти йил аввал врачлар Иосиф Кобзонга саратон ташхиси қўйишган эди.

Хонанданинг ўзи эса ғарб давлатларида даволаниш истаги йўқлигини айтиб келган.

Кобзон "террорчи ташкилотлар – "Донецк Халқ Республикаси" ва "Луганск Халқ Республикаси"ни очиқчасига қўллаб-қувватлагани учун" АҚШ, ЕИ давлатлари ва Канада санкциялари рўйхатига тушган ва шу сабаб унга бу давлатларга виза тақиқи жорий этилганди.

Moody 's Россия иқтисодиёти янада чўкишини башорат қилмоқда

Moody 's Investors Service халқаро рейтинг агентлиги Хитойдаги иқтисодий таназзул 2016 йили Россияда чуқур рецессияни юзага келтиришини башорат қилмоқда.

Июнь ойида Moody 's 2015 йили Россияда ялпи ички маҳсулот ҳажми 3 фоизга қисқариши, 2016 йилда эса бу кўрсаткич 0 фоизга тенг бўлиши ҳақида прогноз берганди.

Бироқ хомашё товарлари, хусусан, нефть нархининг пастлаши ва миллий валюта бўлган рублнинг қадрсизланиши агентлик вакилларини ўз прогнозларини қайта кўриб чиқишга ундаган.

Эндиликда Moody 's 2016 йили Россияда ялпи ички маҳсулот ҳажми 0,5 фоиздан 1,5 фоизгача қисқариши мумкинлигини башорат қилмоқда.

Агентлик тахминича, 2016 йили Хитойда иқтисодий ўсиш 6,3 фоизгача, Бразилияда эса 1 фоизгача қисқариши мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG