Линклар

Шошилинч хабар
15 октябр 2019, Тошкент вақти: 14:14

Халқаро янгиликлар

Россияда мессенжерлар ишини тартибга солишга қаратилган қонун кучга кирди.

Россияда 1 январдан бошлаб мессенжерлар ишини тартибга солишга қаратилган қонун кучга кирди.

Янги қоидаларга биноан, мессенжерлар хизматидан фойдаланувчилар махсус қайддан ўтиши лозим. Аккаунт электрон почтадаги аноним адресга эмас, балки конкрет телефон номерига боғлиқ бўлиши керак.

Фойдаланувчиларни идентификациялашдан бош тортган тақдирда сервис маъмуриятига бир миллион рублгача жарима солиниши мумкин. Бундан ташқари бошқа чеклов ва жазо чоралари мавжуд.

Қонун Россия президенти томонидан июлда имзоланган. Фуқаровий жамият фаоллари бу ва Интернетни чеклашга оид бошқа қонунларни бекор қилишни талаб қилиб келмоқда.

Петербургда террор уюштирганликда айбланаётган Лукьяненко қамоққа олинди

Санкт-Петербург суди шаҳардаги "Перекресток" супермаркетида террористик акт амалга оширганликда айбланаётган Дмитрий Лукьяненкони икки ойга қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда якшанба куни суд матбуот хизмати хабар қилди. Интерфаксга кўра, суднинг ёпиқ ўтган мажлисида Лукьяненко айбига иқрор бўлган.

Суд ҳукми чиқишидан олдин Лукьяненкога террор амали содир этгани тўғрисида айблов эълон қилинди. Россия Тергов қўмитаси расмий вакили Светлана Петренкога кўра, Лукьяненко портловчи мосламани тайёрлаб, уни магазиннинг омонат сақлаш камерасига қўйиб қўйган. Портлаш содир бўлган жой яқинида у террор ҳуружи сабабларига оид маълумот ҳамда портловчи мослама фотосурати жойланган флешка яширган.

"Перекресток" супермаркетида 27 декабрда содир бўлган портлашдан 18 киши яраланган, улардан 8 киши касалхонада қолмоқда.

Қозоғистон илк бор 1 январдан бошлаб БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси бўлди.

Остона шаҳри, 2017, 25 декабрь.

Шу муносабат билан Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, Марказий Осиё манфаатларини илгари суриш, терроризмга қарши кураш, ядро қуролисиз тинчликка эришиш, глобал можароларни бартараф этиш ва глобал уруш таҳдидини бартараф этиш каби вазифалар Остонанинг БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидаги устивор йўналишларидир.

Қозоғистон БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий эмас 8 аъзосидан биридир. Унинг бу мақомдаги аъзолик муддати 2018 йилнинг 31 декабрида якунига етади ва мана шу санагача Остона Кенгашга раислик қилади.

Хавфсизлик кенгаши раиси Кенгашнинг фаолияти устидан умумий раҳбарлик қилади, БМТ Котибияти кўмагида кенгашнинг узлуксиз ишлашини таъминлайди, шунингдек, Кенгаш номидан баёнотлар билан чиқади.

Шимолий Корея лидери Олимпиадада иштирок этмоқчилиги лидери ядро кнопкаси ҳақида баёнот берди

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин.

КХДР спортчиларининг Жанубий Кореяда февралда бўлиб ўтадиган Қишки Олимпиадада иштирок этиши шартларини муҳокама қилиш учун Сеулга ўз делегациясини юборишга тайёр. Бу ҳақда мамлакат халқига Янги йил табригида Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин байнот берди.

Жанубий Кореянинг "Рёнхап" агентлиги хабари қилишича, Шимолий Корея лидери Олимпиаданинг муваффақиятли ўтишига ҳамда Пхеньян билан Сеул Корея ярим оролида вазиятнинг чигаллашиб кетишиги сабаб бўладиган қадамларни қўймасликларига умид билдирган.

Шимолий Корея лидери Янги йил табригида, шунингдек, 2017 йили КХДР ядровий кучларини яратиб бўлганини эълон қилди. Ким Чен Инга кўра, Шимолий Корея АҚШнинг континентал қисмидаги нишонларни уришга қодир баллистик ракета яратиб бўлди. “Кабинетимдаги иш столимда ядро кнопкаси бор”, деди Ким Чен Ин.

Декабрнинг охирида АҚШ Шимолий Кореяга қарши санкцияларини кенгайтирди. БМТ Хавфсизлик кенгаши эса, ноябрда баллистик ракета синови ўтказгани учун Пхеньянга қарши янги санкциялар жорий этган.

БМТ резолюциясига кўра, Шимолий Кореяга экспорт қилинадиган нефть маҳсулотлари экспорти ҳозирги кўрсаткичлардан 85 фоизга озаяди. Бундан ташқари БМТга аъзо барча давлатлар икки йил ичида ўз ҳудудларидаги шимолий кореялик ишчиларни чиқариб юбориши лозим.

Эрон президенти халқ "қонуний танқид қилишга ва норозиликка" ҳақли деди

ЭРОН - Норозилик намойишлари фонида ҳукмат тарафдорларининг ҳам митинглари уюштирилди. Теҳрон шаҳри, 2017, 30 декабрь.

Президент Ҳасан Руҳоний Эронда 4 кундан буён давом этаётган норозилик намойишларига илк бор муносабат билдирди. Мамлакат Вазирлар Маҳкамасининг 31 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида Эрон президенти зўравонликларни ҳамда жамоат мулкига зиён етказиш ҳолатларини қоралади, бироқ, айни пайтда у ҳукуматни “қонуний танқидлар ва норозиликлар” учун имкон яратишга чақирди.

Президент Ҳасан Руҳоний Эронни эркин давлат, деб атаб, унда ҳар бир кишининг ўз фикрига эга бўлиш ҳақли эканлигини белгилаб ўтди.

Руҳонийнинг баёноти арафасида, 31 декабрь куни Эрон расмийлари мамлакатда Instagram ижтимоий тармоғи ва Telegram мессенжерини тўсиб қўйди. Маъмурлар бу чорани “тинчликни сақлаш ва фуқаролар барқарорлигини таъминлаш” зарурати билан изоҳлади.

Маълум бўлишича, 30 декабрь куни пойтахт Теҳрондаги норозилик чиқишлари давомида 200 киши қўлга олинган ва улардан 40 кишини маъмурлар “ноқонуний йиғилишлар бошлиқлари”, деб атаган.

Эрондаги оммавий норозиликлар муносабати билан 31 декабрь куни Германия ташқи ишлар вазирлигиЭрон раҳбариятини намойишчилар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирди.

Эроннинг бир қатор шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари 28 декабрь, пайшанба куни бошланди.

30 декабрь, шанба куни Эрон ғарбийдаги Доруд шаҳридаги аксиҳукумат намойишларида камида икки киши ўлдирилди. Расмийлар бу жиноятда “Ислом давлати” экстремистик гуруҳини айблади.

Дастлаб нархларнинг баландлашига қарши пайшанба куни Машҳадда бошланган намойишлар кейинчалик Эроннинг бошқа шаҳарлари, жумладан пойтахт Теҳронга ёйилди.

Эрон ҳукумати намойишлар "қаттиққўллик" билан бостирилиши ҳақида огоҳлантирди.

"Исломий Инқилоб Поспонлари Корпуси"нинг Теҳрон бўйича бошлиқ муовини генерал Исмоил Ковсарий ISNA Ахборот агентлигига 30 сентябрда пойтахтда вазият назорат остида ва намойишлар давом этаверса, "қаттиққўллик" билан бостирилажаги тўғрисида баёнот берган эди.

"Агар одамлар нархларнинг ошиб кетганига қарши кўчаларга чиққан бўлса, улар ҳукуматга қарши шиорларни айтмаслиги, жамоатчилик мулки ва машиналарни ёқиб юбормаслиги керак эди," деди Ковсарий.

Аксил-ҳукумат намойишлари дастлаб Машҳад шаҳрида гўшт ва тухум каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин ошишиортидан бошланиб кетди.

Улар қисқа фурсат ичида бошқа шаҳарларга ҳам ёйилди.

Эрон ҳукумати намойишларни куч билан бостириши ҳақида огоҳлантирди

Машҳадда намойишчилар полиция билан тўқнашди

Эрон кўчаларида ҳукуматга қарши намойишларда камида икки киши ўлдирилди.

Дастлаб нархларнинг баландлашига қарши пайшанба куни Машҳадда бошланган намойишлар кейинчалик Эроннинг бошқа шаҳарлари, жумладан пойтахт Теҳронга ёйилди.

Эрон ҳукумати намойишлар "қаттиққўллик" билан бостирилиши ҳақида огоҳлантирди.

Эрон расмийлари сунний жангарилари, айниқса "Ислом давлати" гуруҳига нисбатан "Такфирий" истилоҳини қўлланади.

"Исломий Инқилоб Поспонлари Корпуси"нинг Теҳрон бўйича бошлиғ муовини генерал Исмоил Ковсарийнинг ISNA Ахборот Агентлигига 30 сентябрда айтишича, пойтахтда вазият назорат остида ва намойишлар давом этаверса, "қаттиққўллик" билан бостирилади.

"Агар одамлар нархларнинг юқори кетганига қарши кўчаларга чиққан бўлса, улар ҳукуматга қарши шиорларни айтмаслиги, жамоатчилик мулки ва машиналарни ёқиб юбормаслиги керак эди," деди Ковсарий.

Аксил-ҳукумат намойишлари дастлаб Машҳад шаҳрида гўшт ва тухм каби асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин баландлашуви ортидан бошланиб кетди.

Улар қисқа фурсат ичида бошқа шаҳарларга ҳам ёйилди.

ОАВ: Австралиялик дипломат Трамп ва Россия алоқалари ҳақида хабар қилган

Жорж Паподопулос

Австралиялик юқори мартабали дипломат Александр Доунернинг берган маслаҳати Федерал Қидирув Бюросини 2016 йилда Россиянинг АҚШдаги сайловларга аралашгани юзасидан текширувлар бошлашига олиб келди.

Бу ҳақда The New York Times газетаси мақола чоп қилди.

Газетанинг 30 декабрда тарқатган хабарига кўра, Дональд Трамп сайловолди кампаниясининг маслаҳатчиси Жорж Пападопулос Лондон отелида 2016 йил май ойида бўлиб ўтган бир учрашувда Доунерга Россияда "Демократлар номзоди Ҳиллари Клинтонни шарманда қила оладиган" минглаб электрон ёзишмалар борлигини айтган.

Демократик партия электрон почтасидаги ёзишмалар жамоатчиликка маълум бўлиши ортидан Австралия передала эту информацию Федерал Қидирув Бюросига берган, дея таъкидланади мақолада.

Федерал Қидирув Бюросининг собиқ бошлиғи Роберт Мюллер АҚШ Адлия вазирлигининг Россиянинг 2016 йилги сайловга аралашуви юзасидан ўтказган текширувга махсус прокурор этиб тайинланган эди.

Пападопулос Федерал Қидирув Бюросига ёлғон сўзлаганликда ўзини айбдор деб тан олган ва ҳозир ҳукумат билан ҳамкорлик қилмоқда.

Ушбу текширув Трамп сайловолди кампаниясининг Россия билан алоқалари бўлиб-бўлмаганини ҳам аниқлаши лозим.

Оқ Уй адвокати Тай Кобб The New York Times мақоласини шарҳлашдан бош тортган эса-да, АҚШ маъмурияти Мюллер текшируви билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди.

Россия Олий суди: Навалнийнинг сайловга қўйилмагани қонуний бўлган

Россия Олий суди мухолифатчи Алексей Навалнийнинг Марказий сайлов комиссияси президентликка номзод сифатида рўйхатга олишдан бош тортгани юзасидан киритган даъвосини кўриб чиқди.

Олий суд Навалнийнинг сайловга қўйилмагани қонуний бўлган, дея мухолифатчининг даъвосини қондирмаган.

Навалний Россия Конституцияси бўйича президентликка номзод бўлиш ҳуқуқига эгалигини айтмоқда.

Навалний адвокатлари суд қарори юзасидан шикоят қиритишларини билдиришди.

Навалнийнинг сайловга қўйилмагани учун Европа Иттифоқи Россия ҳукуматини танқид қилиб чиққанди.

Россия Марказий сайлов комиссияси 25 декабр куни мухолиф сиёсатчи Алексей Навальнийни 2018 йилги президентлик сайловига номзод сифатида қабул қилмаганди.

Навальнийнинг номзоди қайтарилиши унинг муқаддам судлангани билан изоҳланган.

Навальнийнинг ўзи бу қарор орқали МСК Конституцияни бузаётганини иддао қилмоқда.

Россияда президентлик сайлови 2018 йил 18 март кунига белгиланган.

Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин, телебошловчи Ксения Собчак, тадбиркорлар ҳуқуқлари ҳимоячиси Борис Титов, ЛДПР раҳбари Владимир Жириновский, "Яблока" асосчиси Григорий Явлинский ва Москва яқинидаги совхозлардан бирининг раҳбари ва КПРФ аъзоси Павел Грудининларнинг президентликка номзоди кўрсатилган.

"Ислом давлати" Санкт Петербургдаги портлашга масъулиятни зиммасига олди

Санкт Петербург шаҳридаги "Перекресток" дўкони ёнида рўй берган портлашда 13 одам яраланганди.

"Ислом давлати" экстремист гуруҳи 27 декабр куни Россиянинг Санкт Петербург шаҳрида 13 одам жабр кўрган портлашга масъулиятни зиммасига олди.

Россия тергов қўмитаси олдинига портлашни суиқасд сифатида малакалаган эди.

Эртаси куни Россия президенти Владимир Путин ҳодисани террор амали деб атаганди.

"Петербургда террор акти содир этилди. Яқиндагина хавфсизлик хизматлари бошқа бир террор уриниши олдини олганди", - деб таъкидлаганди Путин Суриядан қайтган ҳарбий хизматчиларни тақдирлаш маросимида.

Чоршанба куни Санкт Петербург шаҳридаги "Перекресток" дўкони ёнида портлаш рўй берган. 13 одам одам яраланганди.

Машҳадда нархлар ошишига қарши оммавий намойишлар бўлиб ўтди

Ижтимоий тармоқларда 28 декабрь кунги намойишда бир неча минг одам иштирок этгани ҳақида хабар қилинди.

Машҳад шаҳрида минглаб одам нарх-наво кўтарилишидан норозилик билдириб намойишга чиқди. Расмийлар бир неча намойишчи қўлга олинганини билдирди, аммо уларнинг сонини очиқламади.

Ижтимоий тармоқларда 28 декабрь кунги намойишда бир неча минг одам иштирок этгани ҳақида хабар қилинди.

Тармоқларда ёйинланган видеоларда намойишчиларнинг “Диктаторга ўлим!” ва “Руҳонийга ўлим!” дея ҳайқираётганини кўриш мумкин.

IRNA давлат хабар агентлигига кўра, Машҳад губернатори Раҳим Норузиян баланд нархларга қарши “ноқонуний” намойиш бўлиб ўтганини таъкидлаган.

Норузиян полиция намойишни “сабр-тоқат” билан тарқатишга уринганини айтган.

Эрон Марказий банкига кўра, мамлакатда инфляция 10 фоизни ташкил қилади.

Ilna хабар агентлиги Нишопур, Кошмар, Язд ҳамда Шоҳрўд шаҳарларида ҳам одамлар намойишга чиққанини билдирди.

Туркия Россия билан 2,5 миллиард долларлик ҳарбий келишув имзолади

Россиянинг С-400 ракета комплекси.

Анқарадан келаётган хабарларга кўра, Россия Туркияни 2,5 миллиард долларга С-400 ракета тизимлари билан таъминлаш бўйича келишув имзолаган.

Бу эса ғарб мамлакатларида хавотирга сабаб бўлмоқда, чунки Туркия НАТО аъзоси бўлиб, рус ракета тизимларини бирлашманинг мудофаа тизимларига интеграция қилиб бўлмайди. Анқаранинг бу ҳаракатини айрим ғарб давлатлари НАТОга бўлган ҳурматслик ўлароқ қабул қилди.

"Ростек" ширкати директори Сергей Чемезов "Коммерсантъ" газетасига берган интервьюсида тўртта С-400 батареяси Туркияга 2020 йилнинг мартида элтиб берилишини таъкидлади.

400 километр радиусни қопловчи С-400 русумидаги ҳаво мудофааси тизими кўпи билан 30 километр баландликдаги мўлжални нишонга олишга қодир. Ҳар бир батерея эса бир пайтнинг ўзида 80 дан ошиқ нишонга зарба бериш салоҳиятига эга.

С-400 ракета комплексларини харид қилиш бўйича музокаралар ҳақида илк бор жорий йилнинг сентябрида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эълон қилган эди.

Кейинги йилда Россия АҚШнинг ҳаво разведкасини чеклайди

Россия 1 январдан бошлаб АҚШнинг ҳаво разведкасини чеклашни режалаштирмоқда. Бунга аввалроқ Вашингтон рус разведка миссияларини чеклагани туртки бўлди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмийси Георгий Борисенко буни амалга ошириш учун америкалик учувчиларнинг муайян рус базаларидан фойдаланишига чек қўйилишини билдирган.

28 декабрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова янги стратегия доирасида уч ҳаво базасида АҚШ рейсларининг тунда қолиши ман этилишини айтди.

1992 йилда Россия ва АҚШ ўртасида “Очиқ осмон” келишуви имзоланган. Аммо жорий йилнинг июнь ойида АҚШ Россияни Калининградда разведка ўтказилишга тўсқинлик қилиб, келишувни бузишда айблади ва 1 январдан бошлаб айрим рус рейсларига чеклов қўйилишини эълон қилди.

Тожикистон биринчи президентининг хотини ёнғинда ҳалок бўлди

Майрам ва Раҳмон Набиевлар.

Тожикистон расмийлари мамлакатнинг биринчи президенти Раҳмон Набиевнинг турмуш ўртоғи Майрам Набиеванинг ўлими юзасидан текширув ўтказмоқчи. Хабарларга қараганда 80 яшар Майрам Набиева Ҳўжанд шаҳридаги ўз уйида 28 декабрь куни содир бўлган ёнғиндан ҳалок бўлган. Марҳуманинг жасади суд-тиббий экспертизаси ўтказиш учун олиб кетилган.

Озоди радиоси мухбирининг воқеа жойидан хабар қилишича, собиқ президентнинг катта йўл бўйидаги бир қаватли уйида терговчилар ва ўт ўчириш хизмати ходимлари ишламоқда.

Майрам Набиеванинг яқинларига кўра, ёнғин 28 декабрь, куннинг иккинчи ярмида содир бўлган. Марҳума уйда ёлҳиз бўлган ва айтилишича, у ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлган бўлиши мумкин.

Раҳмон Набиев 1991 йилнинг 24 ноябрида бўлиб ўтган сайловда сайловчиларнинг 56,92 фоиз овозини олиб президентликка сайланган эди. 1992 йилнинг 7 сентябрида Душанбе аэропортидан Ҳужандга учиб кетиши олдидан мухолифат вакиллари томонидан амалдан кетиш тўғрисида ариза ёзиб беришга мажбур қилинган ва орадан бир неча ой ўтиб, 1993 йилнинг 11 апрелида вафот этган.

Нью-Йоркда содир бўлган ёнғинда 12 киши ҳалок бўлди

Озодлик архивидан.

Нью-Йорк шаҳрининг Бронкс туманидаги 5 қаватли бинода содир бўлган ёнғин оқибатида камида 12 киши, шу жумладан ёш бола ҳалок бўлди, 4 киши жиддий куйиш жароҳати олди.

Бу ҳақда шаҳар мэри Билл де Блазио хабар қилди. Расмийларга кўра, ёнғиндан жабрланганлар сони ортиши мумкин.

Ёнғин бинонинг иккинчи қаватида бошланиб, қисқа вақт ичида бутун бинони қоплади ва натижада юқори қаватларда яшаётганларнинг йўли тўсилиб қолди.

Қутқарувчилар воқеа жойига 3 дақиқада етиб келди. Ёнғинни ўчиришда 160 дан зиёд қутқарувчи ишлади.

Бронксда сўнгги бор 2007 йили шундай ёнғин чиқиб, 10 киши ҳалок бўлган эди.

Москвада автобус бекатга келиб урилди, жароҳатланганлар бор

RUSSIA -- Rescuers pull out a city bus after it ploughed into a pedestrian underpass in western Moscow on December 25, 2017

Москванинг шимоли-ғарбида йўналишдаги автобус жамоат транспорти бекатига бориб урилди. Қурбонлар бор, уч киши жароҳат олди, дея хабар берди пойтахт Фавқулотда вазиятлар вазирлиги “Москва” ахборот агентлигига.

Бундан аввал хуқуқ-тартибот идоралардаги манбалар ТАСС ва "Интерфакс" агентликларига икки кишининг ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берган эди. Гувоҳлар ижтимоий тармоқларда ҳодиса жойидаги фото ва видеоларни эълон қилмоқда.

25 декабрь куни йўловчи автобуси метронинг "Славянский бульвар" бекатидаги ер ости йўлига тушаверишда турган пиёдалар устига бостириб борган эди. Расмий маълумотларга кўра, тўрт киши ҳалок бўлиб, яна 11 киши жароҳат олди, улардан тўққиз нафари шифохонага ётқизилди. Юз берган ҳодиса юзасидан иккита эҳтимолий версия илгари сурилмоқда: техник носозлик ва ҳайдовчининг хатоси.

Сурияда 2017 йилда 39 мингга яқин одам ҳалок бўлди

Сурияда 2011 йилдан бери жами 400 минг одам ҳалок бўлди.

Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ҳисоб-китобига қараганда, 2017 йилда Сурияда 39 мингга яқин одам ҳалок бўлди, уларнинг 10 минг 507 нафари тинч аҳоли вакилларидир.

28 декабрда эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, ҳалок бўлганларнинг 2109 нафари болалар, 1492 нафари аёл.

Жангларда Сурия ҳукумат армиясининг 2923 аскари ва асосан “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига мансуб бўлган 7 494 жанггари ҳам ҳалок бўлган.

2017 йилда ҳалок бўлганлар сони 2016 йилдагига қараганда анча оз бўлди. Ўтган йили 49 742 одам ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Ҳисоботда Сурияда уруш бошланган 2011 йилдан бери бу мамлакатда 400 мингга яқин одам ҳалок бўлди ва 5 миллион одам қочқинга айланди.

Кобулда камида 41 киши ҳалок бўлган портлаш учун масъулиятни ИД ўз зиммасига олди

28 декабрдаги портлашда жароҳатланганларни олиб чиқаётган одамлар.

Афғонистон пойтахти Кобулдаги шиалар маданий марказида бир неча бомба портлатилиши оқибатида камида 41 одам ҳалок бўлди, 84 одам яраланди.

Аввалроқ мазкур ҳужумда 40 одам ўлгани ва 30 одам яралангани, ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмагани хабар қилинган эди.

Сўнгги хабарларда билдирилишича, 28 декабрда содир этилган ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани ҳужумни “инсониятга қарши жиноят”, деб атади.

БМТ, НАТО, АҚШ ва бошқа давлатлар, жумладан, Вашингтон томонидан террорчиларга маскан бераётганликда айбланиб келинаётган Покистон террор ҳужумини қоралади:

-Биз Афғонистонда кўплаб бегуноҳ одамларнинг ўлимига ва жароҳатланишига сабаб бўлган террор ҳужумларини, жумладан, бугун содир этилган ҳужумни қоралаймиз. Покистон террорчиликнинг ҳар қандай кўринишини ва шаклини қоралайди, -деди Покистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Фейсал.

“Ислом давлати” гуруҳи шиалар марказига қилинган ҳужумни шарҳлар экан, шиалар маданий маркази Эрондан молиявий кўмак олгани ва афғон ёшларини Эрон олийгоҳларига ўқишга юбораётганини иддао қилди.

Ички ишлар вазирлиги расмийси Раҳимийнинг айтишича, худкуш Совет қўшинларининг Афғонистонга киритилганига 38 йил тўлиши муносабати билан ўтказилаётган тадбир пайтида ўзини портлатиб юборган.

Теҳронда мусулмонча дресс кодни бузган аёллар ҳибс қилинмайдиган бўлди

Эронлик аёллар.

Теҳрон полицияси бундан буён ислом талабига мос равишда кийинмаган аёллар ҳибс қилинмаслигини, лекин улар консультатция марказларида ўтадиган машғулотларда қатнашиш учун жўнатилишини маълум қилди.

“Теҳрон таймс” газетаси 28 декабрда бригада генерали Хусайн Раҳимийга таянган ҳолда, исломий дресс кодни бузган аёлларни судга тортиш амалиёти ҳам тўхтатилишини билдирди.

Биринчи марта қўлга олинган аёллар полициячилар томонидан ўтказиладиган дресс-код бўйича машғулотларда қатнашадилар. Шундан сўнг ҳам аёл кийиниш тартибини бузгани учун қўлга олинадиган бўлса, у ҳолда судга тортилади.

Бу қоида фақат пойтахт Теҳронгагина тегишли бўлиб, Эроннинг бошқа ҳудудларида дресс-кодга бўлган талаб сақлаб қолинади.

Эронда 1979 йилги ислом инқилобидан сўнг аёллар фақат мусулмонча талаблар асосида кийиниши шарт экани қонунан белгилаб қўйилган.

Украина Россия қамоқларидаги украинлар масаласида Москва билан музокара ўтказади

Украина президенти Петро Порошенко.

Украина президенти Петро Порошенко Москва билан Россияда ҳибсда сақланаётган украинларни озод қилиш бўйича музокараларни зудликда бошлаш тўғрисида кўрсатма берди.

-Биз азиз яқинларимизни тезроқ олиб чиқиш учун қўлдан келган барча имкониятларни, максимум имкониятларни ишга соламиз. Бу жуда муҳим, -деди Порошенко 28 декабрь куни.

Европа Иттифоқи аввалроқ Москвани соҳталаштирилган жиноят ишлари бўйича Қрим ва Россиянинг бошқа ҳудудларида қамоқда сақланаётган 30 нафар украиналикни озод қилишга чақирган эди.

27 декабрда Киев ва Донбассни назорат қилаётган россияпараст айримачилар асирлар билан алмашган эди. Киев айримачиларга 238 одамни қайтарди, айримачилар эса 74 одамни озод қилди.

АҚШ ва Европа давлатлари етакчилари Украинада Киев ва россияпараст айирмачилар асирларни айирбошлаганини олқишлади.

Россия қалмоқлари 74 йил один бошланган оммавий қатағон қурбонларини хотирламоқда

1943 йилнинг 28-29 декабрида 90 мингдан ошиқ қалмоқ фашистлар билан ҳамкорлик қилишда айбланиб, мол ташувчи поездларда Сибирга сургун қилинган.

Қалмоғистон Республикасида 74 йил олдин совет диктатори Иосиф Сталин томонидан қалмоқлар Сибирга оммавий сургун қилина бошланган кун хотирланмоқда.

Қалмоғистондаги буддавий ибодатхоналарда 1943-1956 йиллар ўртасида қатағон туфайли ҳалок бўлганлар хотирасига ибодат қилинди.

28 декабрь куни республика расмийлари ва халқи Эрнст Неизвестний яратган “Кетиш ва қайтиш” ёдгорлиги олдида ўтказилган маросимда иштирок этди.

Қалмоғистоннинг асосий аҳолиси бўлмиш қалмоқлар қалмоқ тилида сўзлашади ва уларнинг асосий дини буддавийликдир. Қалмоқлар 1940 йиллар бошқа бир неча халқ қаторида Сталин томонидан сургун қилинган.

1943 йилнинг 28-29 декабрида 90 мингдан ошиқ қалмоқ фашистлар билан ҳамкорлик қилишда айбланиб, мол ташувчи поездларда Сибирга сургун қилинган. Норасмий ҳисобларга кўра, уларнинг учдан бири йўлда ҳалок бўлган.

1956 йилда совет ҳукумати қалмоқлар ўз ватанларига қайтишларига изн берган. 2004 йил Қалмоғистон Республикасида 28 декабрь куни “Хотира ва алам” куни ўлароқ белгиланган.

“Ахлоқ нормаларини бузган” қозоқ блоггери уч кунга қамалди

Олмаотада таниқли блоггер Айжан Байзақова маъмурий иш бўйича уч кунга ҳибсга олинди. Tengrinews агентлигининг хабар қилишича, Байзақова “ахлоқий нормалари бузилишига олиб келган кичик безориликда” айбланмоқда.

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Олмаота клубларидан бирида Байзақова олиб борган тадбир видеоси пайдо бўлган эди. Видеода танлов иштирокчилари бўлган қизлар кийимларини ечганини кўриш мумкин. Суд фикрига кўра, танлов давомида “жамоат тартиби ҳамда ахлоқий нормалар бузилган”. Tengrinews.kz Байзақова айбига иқрор бўлганини билдирди.

Айжан Байзақова энг таниқли қозоқ блоггерларидан бири бўлиб, у асосан Instagramдаги очиқ-ойдин постлари билан ном чиқарган. У, шунингдек, тхэквондо бўйича жаҳон чемпионидир.

Instagramдаги бошқа қозоқ блоггерлар Байзақовани ҳимоя қилиб, унинг айби йўқлигини таъкидладилар. Ҳозирда Байзақованинг Instagram саҳифаси ишламаяпти.

Европа етакчилари Украинада асирлар айирбошланганини олқишлади

27 декабрь куни Украина ҳукумати айримачиларга 238 асирни, айримачилар эса Киевга 74 асирни қайтарди.

Европа давлатлари етакчилари Украинада Киев ва россияпараст айирмачилар асирларни айирбошлаганини олқишлади.

27 декабрь куни Украина ҳукумати айримачиларга 238 асирни, айримачилар эса Киевга 74 асирни қайтарди.

Германия канцлери Ангела Меркель ҳамда Франция президенти Эммануэль Макрон алмашинувни “янги йил ҳамда православ рождествоси арафасидаги муҳим гуманитар ҳаракат”, дея таърифлади.

Европа давлатлари етакчилари ва Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) икки тарафни ҳудудда тинчлик ўрнатиш учун курашишда давом этишга чорлади.

Украина шарқидаги тўқнашувларда 2015 йилда эрилишилган тинчлик битимига қарамасдан, 10 300 дан ошиқ одам ҳалок бўлди.

ЕХҲТнинг жорий етакчиси, Австрия ташқи ишлар вазири Карин Кнайсль:

- Асирларни айирбошлаш нафақат инсонпарварлик акти, балки ўзаро ишонч ўрнатиш сари ташланган муҳим қадамдир, - деди.

Қозоғистонда Интернетда аноним шарҳ қолдириш тақиқланди

Бу ҳақдаги қонунни президент Нурсултон Назарбоев имзолади. Қонунга биноан Интернетдан фойдаланувчилар Қозоғистон электрон ҳукумати портали орқали ёки смс ёрдамида қайддан ўтиши шарт.

Ҳукумат расмийларига кўра, бу чора Интернет орқали бировларни ҳақорат қилиш ёки миллатлараро низо қўзғашга қарши курашда ёрдам беради. Расмийларнинг таъкидлаб айтишича, Интернетдан фойдаланишнинг янги қоидалари фойдаланувчиларнинг тахаллус ишлатишини тақиқламайди бироқ сайтларга тахаллус остидаги одам ким эканлиги барибир маълум бўлади.

Янги қонун танқидчилари фикрича, фойдаланувчиларни қайддан ўтказиш механизми самара бермайди. Сайтларнинг эгалари ва алоқа операторлари қонун талаб қиладиган ўзгаришларни ўз ҳисобидан амалга ошириши лозим. Шунингдек, янги қонун туфайли сиёсий мотивли жиноят ишлари сони ортиб кетишидан хавфсираш мавжуд. Қозоғистоннинг сиёсий раҳбариятини танқид қилганлик учун 2 йилга, “оилавий ва шахсий сирларни” ошкор қилганлик учун 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд.

Афғонистон пойтахтида амалга оширилган портлашдан 40 киши ҳалок бўлди

Афғонистон - Ҳукумат кучлари портлаш содир бўлган жойни қуршаб олди. 2017, 28 декабрь.

Кобул шаҳрида амалга оширилган террор ҳужумидан 40 киши ҳалок бўлди, 30 га яқин киши яраланди. Ўлганлар орасида аёллар ва болалар бор. Бу ҳақда Афғонистон ички ишлар вазирлиги хабар қилди.

Пайшанба куни худкуш шахс Afghan Voice ахборот агентлиги ва йиғилиш ўтаётган маданий марказ бинолари олдида ўзини портлатиб юборди. Хабарларга қараганда, портлашдан сўнг ҳужум қилганлар бинога гранаталар отган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир экстремистик гуруҳ ўз зиммасига олмади. “Толибон” ҳаракати ҳужумга алоқаси эҳтимолини рад этди.

Путин Санкт-Петербургдаги портлашни теракт деб атади

Россия президент Владимир Путин Санкт-Петербургдаги озиқ-овқат магазинида содир бўлган портлашни террористик акт деб атади. Бу ҳақда Свобода радиоси хабар қилди.

Санкт-Петербург шаҳридаги супермаркетлардан бирида юз берган портлаш юзасидан терговни Россия аксилтеррор қўмитаси олиб бориши маълум қилинди.

Аввалроқ Санкт-Петербург тергов қўмитаси раиси Александр Клаус портлашда 10 киши ярадор бўлганини айтган эди.

- Ҳозирги пайтгача 10 киши шаҳар касалхоналарига жароҳатлар билан ётқизилгани аниқланди. Жабрланганларнинг ҳаёти хавф остида эмас, - деди Клаус.

27 декабрь куни кеч соат 6:45да “Перекресток” супермаркетида юз берган портлаш ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан террор ҳаракати сифатида баҳоланмади. Шунга қарамай, Россия аксилтеррор қўмитаси бу ишни ўз назоратига олишга қарор қилган. Айни пайтда портлашга алоқадор бўлган шахслар қидирилмоқда.

Россия тергов қўмитаси расмийси Светлана Петренко супермаркетда “200 грамм тротил кучига эга бўлган, темир-терсак билан тўлдирилган қўлбола мослама портлатилгани”ни билдирган эди. Бу воқеа “одам ўлдиришга ҳаракат қилиш” деб квалификация қилинмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG