Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 16:04

Халқаро янгиликлар

Трамп 2018 йилни тарихий ютуқлар йили деб атади

Доналд Трамп

Ўтган 2018 йил тарихий ютуқлар йили бўлди.

Доналд Трамп Америка халқига қилган янги йил мурожаатида ўтган йилга ана шундай баҳо берди.

АҚШ президентининг урғулашича, унинг маъмурияти, икки йиллик натижалар бўйича, Америка тарихидаги энг муваффақиятли маъмурият ҳисобланади.

Трамп Мексика, Канада ва Жанубий Корея билан битимлар имзолангани ва Эрон билан бўлган "даҳшатли битим" бекор қилинганини тилга олди.

У Шимолий Корея билан музокараларни ўзининг ютуқларидан бири сифатида қайд этди.

Трамп шунингдек АҚШ элчихонасининг Тел-Авивдан Қуддуси Шарифга кўчганини ҳам ютуқ сифатида таъкидлаб ўтди.

Руминия Европа Иттифоқи президентлигини олди

Британия Европа Иттифоқидан чиқиб кетишга тайёргарлик кўраётган ва Европа бўйлаб миллатчилик кучайиб бораётган бир паллада Руминия иттифоқ президентлигини олди.

Руминиянинг олти ойлик президентлик даври 1 январда "Аҳиллик - умумий Европа қадрияти" номли шиор билан бошланди.

Руминия иттифоқ президентлигини илк маротаба олмоқда.

Германиянинг Die Welt газетасинга 29 декабрда берган интервюсида Европа Комиссиясининг президенти Жан-Клод Юнкер "ЕИ президентлиги нимани англатишини Бухарест ҳукумати тўлиқ тушуниб етгани йўқ," деб айтди.

Бу вазифа "бошқаларни тинглаш иштиёқига эга бўлиш ва ўз хавотирларни бир четга суриб қўйишдир, - деди Юнкер - бу масалада менинг ишончим комил эмас."

Москвадаги паркда кўприк қулаши оқибатида 13 одам жароҳат олди

1 январнинг илк соатларида Москвадаги Горький паркида жойлашган ёғоч кўприкнинг қулаши оқибатида 13 одам жароҳат олди.

Москва ҳокимлиги баёнот чиқариб, "жиддий жароҳатлар йўқ", бея маълум қилди.

Олдинроқ ТАСС агентлиги полициядаги ўз манбасига таяниб, уч киши оғир жароҳат олгани ҳақида маълум қилганди.

Ҳодиса пайтида кўприк устида бўлган ўнлаб одамлар уч метр пастга йиқилган.

Ижтимоий тармоққа жойлаштирилган видеога кўра, кўприк қулаган пайтда одамлар давлат гимнини тинглаётган бўлган.

Москва ҳокимилигининг айтишича, кўприкнинг қулашига техник носозликлар сабаб бўлган.

Украинада президентлик учун сайловолди кампанияси бошланди

Украинада мамлакат президентлиги учун сайловолди кампанияси бошланди.

Бу жараён 90 кун давом этади.

Украина Марказий Сайлов Комиссияси президентликка номзодлар ҳужжатларини 3 февралгача қабул қилади.

Рўйхатга олиш жараёни тугагач, номзодлар 29 мартга қадар сайловолди ташвиқот ишларини олиб боришлари мумкин бўлади.

Ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, "Батькивщина" партиясининг бошлиғи Юлия Тимошенко, қизиқчи Владимир Зеленский, "Фуқаровий позиция" партиясининг лидери Анатолий Гритсенко, мухолифатчи Юрий Бойко, ва жорий президент Пётр Порошенко сайловчилар дастагидан баҳраманд бўлмоқда.

Сўровда иштирок этганларнинг 9,4% Украинанинг жорий президентини қўллаб қувватлаган. Рейтинг жадвалида биринчи бўлиб Юлия Тимошенко (16,9%) бормоқда.

Шу билан бирга Украина фуқароларининг деярли ярми ўз назарларида мамлакатни самарали идора эта оладиган сиёсатчи йўқлигини айтган.

Украинада президент сайлови 2019 йилнинг 31 мартида бўлиб ўтади.

Трамп Суриядан АҚШ қўшинларини чиқариш жараёнини секинлаштиришга қарор қилди

Суриядаги АҚШ қўшинлари

АҚШ президенти Дональд Трамп Суриядан АҚШ қўшинларини олиб чиқиш жараёнини секинлаштиришга қарор қилди.

Бу ҳақда Оқ Уй раҳбари билан учрашувдан кейин республикачи-сенатор Линдси Грэм маълум қилди.

Бироқ, президентнинг АҚШ ҳарбий контингентини қайтариш ҳақидаги режасидан воз кечиш ниятида эмаслиги айтилмоқда.

CNN телеканалининг таъкидлашича, Трамп қўшинларни олиб чиқиш ҳақидаги мавқеъини ўтган ҳафта Ироққа сафар қилганидан кейин ўзгартирган.

Ироқда Америка президенти ҳарбий қўмондонлар билан учрашган ва улар "Ислом давлати" гуруҳи батамом мағлуб этилмаганини айтганлар.

19 декабрда Доналд Трамп АҚШ қўшинларини Суриядан келгуси икки ой ичида олиб чиқиши ҳақида эълон қилганди.

Унинг бу қадами ҳам АҚШ иттифоқчилари томонидан ва ҳам Конгрессда кескин танқидларга учради.

Мудофаа вазири Джеймс Мэттис истеъфога чиқди.

Бундан ташқари Трамп Афғонистондаги Америка қўшинлари сонини 14 мингдан 7 минггача қисқартиришни режалаштирмоқда.

ФСБ Москвада жосусликда гумонланиб АҚШ фуқароси ушланганини маълум қилди

Қизил майдон, Москва.

Россия Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФСБ) маълум қилишича, Москвада жосусликда гумонланган Америка фуқароси қўлга олинган.

ФСБга таяниб ТАСС давлат агентлигининг хабар беришича, 28 декабрда ҳибсга олинган Америка фуқаросига нисбатан жиноят иши очилган.

ТАССга кўра, агар айбдор деб топилса, Америка фуқароси 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Бир кун муқаддам Россия президенти Владимир Путин Москва Вашингтон билан мулоқотга тайёр эканини айтган эди.

АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатлар кўплаб масалаларда, жумладан Россиянинг Сурия ва Украина шарқидаги можаролардаги роли, Россиянинг АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги сайловларга аралашгани ҳақидаги айбловлар туфайли таранглигича қолмоқда.

Шимолий Корея раҳбари яна Жанубий Корея билан мулоқот қилмоқчи

NORTH KOREa -- North Korean leader Kim Jong Un inspects a construction site in Yangdeok, undated

Шимолий Корея раҳбари янги йилда Жанубий Корея билан яна мулоқот қилмоқчи эканини айтди. Ушбу мурожаат Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Инннинг Жанубий Корея президенти Мун Жа-инга ёзган мактубида баён қилинади.

Ким мактубида расмий Сеул умид қилганидай йил охирига қадар Жанубий Кореяга сафарини амалга ошира олмаслигидан таассуф изҳор қилди.

Хат мазмунини президент Муннинг девони 30 декабрь куни очиқлади.

Ким билан Мун жорий йилда 3 марта учрашди. Бунга расмий Пхеньяннинг бир қанча ядро қуроли ва ракеталарни синовдан ўтказгани учун Сеул билан Ғарб мамлакатлари унинг хатти-ҳаракатларини қоралагандан сўнгги дипломатик фаоллиги сабаб бўлди.

Ким, шунингдек, июнь ойида АҚШ президенти Доналд Трамп билан ҳам тарихий учрашув ўтказди. Бироқ ядро қуроли бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолди, чунки Шимолий Корея ядро қуролидан холи бўлишдан олдин АҚШ бошлиқ жорий этилган санкцияларни бекор қилишни талаб қила бошлади.

Теҳронлик талабалар автобус тўқнашуви сабаб норозилик намойишига чиқди

Эрондаги «Озод» университетининг юзлаб талабалари пойтахт Теҳронда норозилик намойишига чиқди. Бунга ўтган ҳафтадаги автобус тўқнашувида ўнлаб талабаларнинг ўлгани ва жароҳат олгани сабаб бўлди.

Айрим талабалар университетнинг фожиага сабаб бўлганликда гумон қилиниб, айбланаётган раҳбарлари истеъфосига чиқишини талаб қилди. Ҳалоқ бўлган талабаларнинг баъзи қариндошлари ҳам намойишда иштирок этди, деб хабар беради Эрон ахборот агентликлари.

Теҳрон шаҳридаги исломий “Озод” университетининг Фан ва тадқиқот филиали кампуси ҳудудида автобус ағдарилиб кетиши оқибатида 10 нафар талаба ҳалоқ бўлди, 27 киши яраланди.

Полиция фожиа сабабларини аниқлаш бўйича тергов олиб бораётганини маълум қилди.

Теҳрон прокурорига кўра, 26 декабрда тўқнашувга боғлиқ равишда икки киши ҳибсга олинди.

Эрон йўл ҳаракати чоғида одамлар қурбон бўлиши бўйича дунёда энг юқори ўринлардан бирида туради.

Франция полицияси кўздан ёш оқизувчи газ қўллади, норози “сариқ нимчалилар" сони камаймоқда

Бир неча минг “сариқ нимчали” норозилик намойишига чиқди, баъзилари Эмманул Макрон истеъфога чиқсин, деб бақирди, аммо сўнгги дам олиш кунларида Франция ҳукуматига қарши уларнинг иштирокчилари сони кескин камайиб кетди.

29 ноябрь куни намойишга чиққанлар сони ҳозирча расман ошкор қилинмади, аммо Франция LCI телеканалининг номини ошкор қилмаган манбаларга асосланиб хабар беришича, улар сони 12 минг киши бўлган. Бу ўтган ҳафтадаги 40 минг ва энг авжига чиққан пайтдаги 120 минг кишидан анча кам.

Полиция Париждаги норозилик намойиши иштирокчиларига қарата кўздан ёш оқизувчи газ улоқтирди. Стихияли тўқнашувлар Бордо, Нант ва бошқа шаҳарларда ҳам бўлиб ўтди. Бу дам олиш кунлари кетма-кет уюштирилган еттинчи намойишдир.

Ташкилотчилар намойишчиларни 31 декабрь куни Парижнинг машҳур Елисей майдонида йиғилишга ундамоқда. Одамлар, анъанага кўра, Янги йил мушакбозлигини томоша қилиш учун кенг бульварда йиғилади.

Норозилик намойишлари бошланишига ҳукуматининг ёнилғи маҳсулотлари солиғини кўтаргани сабаб бўлган эди. Аммо Макрон ҳукумати норозиликлар авж олгандан сўнг иқлим ўзгариши сабаб қилиб кўрсатилган солиқ масаласида ён беришга мажбур бўлди. Аммо намойишчилар бундан қониқмай, кўпроқ солиқларни бекор қилишни ва маошлар оширилишини талаб қила бошлади. Макрон намойишчиларни хотиржам қилиш учун кўпроқ ён бермоқчи эканини айтди.

Намойишчилар сариқ нимчалар кийиб олгани учун улар “сариқ нимчалилар намойиши” номини олди.

Сурия кучлари мамлакат шимолидаги муҳим шаҳарга олти йил деганда қайтди

Манбиж шаҳри.

Сурия ҳукумати кучлари мамлакат шарқидаги стратегик муҳим Манбиж шаҳрига олти йил деганда биринчи марта қайтиб борди. Қўшинлар шаҳарга курд жангчилари уларни Туркия ҳарбийлари ҳужумидан ҳимоя қилишни илтимос қилиши ортидан киритилди.

28 декабрь куни бу ўзгаришни Сурия ҳукуматининг муҳим ҳамкори бўлмиш Россия олқишлади. Дамашқдаги ҳукуматга қарши исёнчиларни қўллаб келаётган Анқара эса Сурия кучларининг Манбижга кириб боришини қоралади.

АҚШ дастаклаб келаётган YPG жангчилари бошқарувидаги Сурия демократик кучлари (SDF) 2016 йилда Манбиждан “Ислом давлати” жангариларини қувиб чиқариб, уни қўлга олган эди.

Туркия YPGни мамлакатда ман этилган Курдистон ишчилар партиясининг (PKK) бир тармоғи деб билади.

Сурия демократик кучларининг Сурия ҳукумати билан куч бириктириш қароридан олдин АҚШ президенти Дональд Трамп Суриядаги Америка ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш қарорини эълон қилган эди.

Британия Россия дипломатлари бўйича сиёсати ўзгармаганини билдирди

Россия полициячилари Буюк Британиянинг Москвадаги элчихонаси олдида турибди.

Британия Россиянинг Лондондаги элчисининг икки давлат дипломатлари сони аввалги ҳолатига қайтарилиши ҳақидаги билдирувини рад этди. Бу ҳақда “ТАСС” агентлиги хабар қилди.

Агентлик 28 декабрь куни эълон қилган хабарга кўра, Британиянинг Москвадаги элчихонаси матбуот котиби ҳеч қандай янги келишувга эришилмаганини айтган.

- Россиянинг Британиядаги дипломатик миссияси бўйича қарашларимиз, жумладан, Солсберидан кейин кўрилган чоралар ўзгаргани йўқ, - деган котиб.

Котиб Британия Солсберидаги ҳодисалардан олдин ҳам Россия билан виза масаласида музокара олиб бориб келганини қўшимча қилган.

Британия элчихонасининг ушбу билдирувидан бир неча соат олдин Россиянинг Британиядаги элчиси Александр Яковенко “Россия-24” телеканалига берган интервьюсида январь ойидан бошлаб Москва ва Лондондаги дипломатлар сони аввалги ҳолатига қайтарилишини айтган эди.

Эслатиб ўтамиз, Россия Разведка бош бошқармаси собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг 33 ёшдаги қизи Юлия Скрипаль 4 март куни Англиянинг Солсбери шаҳрида заҳарланиши ортидан Европа Иттифоқига аъзо бир қатор давлатлар, жумладан, Британия рус дипломатларини бадарға қилган эди. Лондон чораларига жавобан Россия ҳам 23 нафар британ дипломатини мамлакатдан чиқариб юборган.

Меркель телефон орқали суҳбатда Путинни украин денгизчиларини қўйиб юборишга чақирди

Германия канцлери Ангела Меркель

Германия канцлери Ангела Меркель Россия Президенти Владимир Путин билан телефонда суҳбатлашиб, Украина шарқи ҳамда Қримдаги конфликтларни муҳокама қилди. Суҳбат давомида Меркель Путинни Керчь бўғозида қўлга олинган 24 нафар украин денгизчисини қўйиб юборишга чорлаган.

28 декабрь куни Германия ҳукумати матбуот котиби Ульрике Деммер икки етакчи Суриядаги вазиятни ҳам муҳокама қилганини айтди.

25 ноябрь куни россиялик чегарачилар босиб олинган Қрим соҳилларида Украина ҳарбий-денгиз кучларига қарашли учта кемани ўққа тутиб, уларни экипажлари билан қўлга олган эди. Кемалар бортида 24 украин денгизчиси бўлган. Россия уларни чегарани ноқонуний кесиб ўтган, деб қамоқда сақламоқда. Украина денгизчилари олти йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ Россия ҳаракатлари ноқонуний эканлигини айтиб, кемаларни ва уларнинг экипажини зудлик билан Украинага қайтаришга чорлаб келади.

Покистон: Хитой молиялаштираётган инфратузилма лойиҳаси ҳарбий мақсадларни кўзламайди

Покистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Муҳаммад Файсал.

Покистон Хитойнинг моддий ёрдами билан амалга оширилаётган кўп миллионли лойиҳалар ҳарбий мақсадларни кўзламаслиги тўғрисида баёнот берди.

19 декабрь куни The New York Times газетасида чоп этилган мақолада Исломобод ва Пекин “Покистон-Хитой иқтисодий коридори” (China-Pakistan Economic Corridor, CPEC) номи берилган йирик инфратузилма лойиҳаси доирасида ҳарбий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштираётгани айтилган эди.

CPEC Хитойнинг Синцзян-Уйғур мухтор туманини Покистоннинг Араб денгизидаги порт шаҳри Гвадар билан боғлашни кўзлайди. Лойиҳа темир йўллар, автомобиль йўллари ҳамда энергетика соҳасида инфратузилма лойиҳаларини ўз ичига олади. Шунингдек, CPEC Хитойнинг 70 давлатни ўз ичига қамровчи 1 триллион долларлик “Бир минтақа, бир йўл” (Belt and Road Initiative) лойиҳасининг бир бўлагидир.

The New York Times мақоласида Покистон ҳаво кучлари ҳамда Хитой расмийлари Покистонда Хитой ҳарбий учоқларини ва бошқа қурол-аслаҳаларни ишлаб чиқариш бўйича яширин келишув имзолаш арафасида экани айтилган эди.

Швецияда яна Ўзбекистон фуқаролари террорчиликда айбланмоқда

2017 йилнинг 7 апрелида Раҳмат Оқилов Стокҳольм марказидаги пиёдалар юрувчи кўчада юк машинасини қасддан одамлар устига ҳайдагани оқибатида 5 одам ўлган, 10 нафари жароҳатлаган эди.

Швеция прокуратураси пайшанба куни уч кишига бу мамлакатда террор амалиётини амалга оширишни режалаштирганликда айблов эълон қилди.

Бу ҳақда Швеция матбуоти хабарларига таяниб, ВВС Ўзбек хизмати хабар қилди.

Айтилишича, тергов жами олти киши устидан олиб борилмоқда. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётганлар ёши 30 билан 46 ўртасидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларидир.

Швеция прокуратурасига кўра, агар террор ҳужуми амалга ошса, йирик шикаст ва талафотларга сабаб бўлган бўлур эди.

Айблов эълон қилинган уч киши "одамларни ўлдириш ва яралаш мақсадида кўп миқдорда кимёвий моддалар ва бошқа жиҳозларни қўлга киритиш ва сақлаш"да гумон қилинмоқда.

Олти кишининг барига терроризмни молиялаш айби ҳам қўйилган. Прокурорлар уларни ўзини "Исломий Давлат", деб атовчи гуруҳга пул юборишда айблашмоқда.

Маҳкама иши 7 январда очилиши кутилмоқда.

Айбланувчиларнинг барчаси айбловларни рад қилмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистондан экани айтилган олтовлоннинг Швецияда қандай асосда яшаб келаётгани ҳозирча номаълум.

Олти кишидан беш нафари апрель ойида Швециянинг Стромсунд шаҳрида ўтказилган полиция рейди чоғида қўлга олинган. Олтинчи киши ҳибсда эмаслиги айтилади.

Рейдга гувоҳ бўлган қўшнилар Dagens Nyheter газетасига полиция бир уй четидаги омбордан 15 та йирик пластик контейнерларни чиқариб олганини айтган.

Dagens Nyheter газетасига кўра, гумон қилинаётганларнинг камида бир нафари Раҳмат Оқилов билан алоқада бўлган.

Самарқандлик 40 яшар Раҳмат Оқилов 2017 йил апрелида Швеция пойтахти Стокгольмда одамлар устига юк машинасини ҳайдаб беш кишини ўлдирганди. У жорий йил июнида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Путин Интернет мемлари, лайклар ва шарҳлар учун жазони юмшатувчи қонунни имзолади

Президент Владимир Путин Россия Жиноят кодексининг 282- моддасини (Нафрат ва низо уйғотиш) қисман бекор қилиш назарда тутилган қонунни имзолади. Кейинги йилларда Россияда Интернетда турли мемларга лайк босган ёки уларни бошқалар билан улашган шахслар узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилингани катта хавотирга сабаб бўлиб келади.

Путин 28 декабрь куни имзолаган қонун ОАВ ва Интернет орқали этник, диний ва бошқа шаклдаги нафрат ва низо қўзғатишда илк маротаба айбдор деб топилган шахсларни қамоқ жазосига ҳукм қилишни бекор қилади.

Президент Путин янги қонунни Россияда Интернетдаги фаолияти учун айбдор деб топилганларга қарши кўрилаётган чоралар кескин танқид қилиниши ортидан имзолади.

Янги қонунга биноан, илк маротаба қонунни бузганлар жиноий жавобгарликка эмас, балки маъмурий жавобгарликка тортилади. Хусусан, айбдор деб топилганлар жаримага тортилиши ёки 15 кунга қамалиши мумкин.

РУСАЛга АҚШ санкцияларининг бекор қилиниши шартларидан бири сифатида янги раис тайинланди

Россиянинг алюминий ишлаб чиқарувчи йирик “РУСАЛ” ширкати Жан-Пьер Томас директорлар кенгашининг раиси этиб тайинланганини билдирди. Бу ўзгариш АҚШ ширкатга қарши жорий қилган санкциялар бекор қилиниши учун кўрилаётган чораларнинг бири ўлароқ кўрилмоқда.

“РУСАЛ” Гонгконг биржасига юборган билидрувда Томас 1 январдан янги лавозимда ишлай бошлаши айтилган.

Ширкатнинг аввалги раиси Маттиас Уорниг 26 декабрь куни истеъфо берган эди. Унинг ишдан бўшатилиши АҚШ расмийлари талабларидан бири бўлган.

Уорниг сармоя банкири бўлиб, Шарқий Германиянинг махфий агенти ўлароқ фаолият юритган ҳамда 1990 йилдан бери Россия президент Владимир Путин яқиндан танишдир.

61 ёшдаги Томас эса 15 йил давомида Франциядя Lazard Bankда ишлаган, жорий йилнинг июнидан бери “РУСАЛ”да мустақил ноижроий директор лавозимида ишлаб келган.

Альп тоғида 40 дақиқа қор кўчкиси остида қолган бола тирик ҳолатда қутқариб олинди

Альп тоғлари.

Француз Альпларида 40 дақиқа қор кўчкиси остига кўмилиб қолган 12 ёшли бола қор остидан тирик чиқариб олинди. Қутқарувчилар бу ҳолатни “мўъжиза”, деб баҳоладилар.

Полициянинг билдиришича, болакай Ла-План курортида 26 декабрь куни 7 кишидан иборат гуруҳ таркибида тоғ чанғи спорти билан шуғулланаётган пайтда қор кўчкиси остида қолган. Бундан ташқари кўчки болани юз метр масофага судраб борган.

Полиция исковуч ит воситасида боланинг қаерда эканини аниқлаган ва 40 дақиқадан сўнг уни қор остидан қутқариб олган. Кўчки остида бола хушидан кетган ҳолатда бўлган, аммо бахтли тасодиф туфайли кўчки остида пайдо бўлган ҳаво уни ўлимдан сақлаб қолган.

Франциялик 71 яшар Жан-Жак Савен Атлантика океанини бочкада сузиб ўтмоқчи

Иллюстратив сурат.

Франциялик 71 яшар Жан-Жак Савен Атлантика океанини бочкада сузиб ўтмоқчи. У океанни сузиб ўтишга мослаштирилган махсус бочкада саёҳатни 26 декабрь куни бошлади.

Испаниянинг Канар оролидан бошланган саёҳат давомида Жан-Жак Савен океанда 4500 километр масофани сузиб ўтади.

Узунлиги уч метр бўлган бочкага кичик ошхона ва матрас ҳам ўрнаштирилган. Шунингдек, бочка тўлқин пайтида ҳимояланиш учун камарларга ҳам эга.

Бундан ташқари бочка адашиб қолмаслик учун спутник технологиялари ва океанни тадқиқ қилувчи махсус ускуналар билан жиҳозланган.

Жан-Жак Савен саёҳат давомида ўз таасуротларини Facebook саҳифасида ўртоқлашиб бормоқчи.

Жан-Жак Савен бундан олдин Атлантика океанини елканли кемада сузиб ўтган эди.

Қирғиз сиёсатчилари собиқ президент Атамбаевдан "туҳмат учун" 260 минг доллар товон пули талаб қилмоқда

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистонлик уч таниқли сиёсатчи собиқ президент Алмазбек Атамбаевни ва у асос солган “Апрель” телеканалини туҳмат қилганликда айбламоқда.

27 декабрь куни парламентнинг собиқ раиси Акматбек Келдибеков, миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Кенешбек Дуйшебаев ва собиқ бош прокурор Азимбек Бекназаров собиқ президентни “Апрель” телеканалига берган интервьюсида ўзларига нисбатан бўҳтон гапларни айтганликда айбладилар.

Маълум қилинишича, сиёсатчилар Атамбаевдан ва телеканал директори Дмитрий Ложниковдан туҳмат қилингани учун 18 миллион сўм, яъни 260 минг доллар миқдорида товон пули тўлашни талаб этмоқда.

Шунингдек, трио Атамбаевнинг 10 октябрда «Апрель» телеканалига берган интервьюсига раддия берилишини ҳам талаб қилмоқда.

Ҳиндистон парламенти уч талоқни "жиноий ҳаракат" сифатида тан олди

Ҳиндистонлик мусулмон аёллар.

Ҳиндистон парламенти қуйи палатаси уч талоқни яна бир маротаба ноқонуний деб эълон қилди ва "жиноий ҳаракат" сифатида тан олди. Қонун қабул қилиниши учун 245 депутат овоз берди. 11 депутат қарши чиқди.

27 декабрь куни парламентда мазкур қонун лойиҳасини адлия вазири Рави Шанкар Прасад депутатларга тақдим этди.

-Йигирмата мусулмон давлати уч талоқни ноқонуний деб эълон қилган. Лекин Ҳиндистон каби дунёвий давлат ҳалигача бу масалага сиёсий нуқтаи назардан ёндошиб, бу ҳолатни ноқонуний деб эълон қилишдан тийилиб келаётган эди,-деди Рави Шанкар Прасад.

Ҳиндистон парламенти қуйи палатаси 2016 йилнинг июнида ҳам уч талоқни ноқонуний деб қонун чиқарган эди. Бунга Ҳиндистон мусулмон аёллари ҳаракатининг парламентга мурожаати сабаб бўлган. Ўшанда мурожаатни 50 минг мусулмон аёл имзолаган эди.

Бироқ бу қонун парламентнинг юқори палатаси томонидан бекор қилинган. Шундан сўнг 2018 йилда ҳукумат талоқ орқали ажралишни давлат тан олмаслиги тўғрисида қарор чиқарган эди.

Қабул қилинган янги қонунга асосан хотинига уч талоқ берган шахс уч йилгача қамалиши ва катта миқдорда жарима тўлаши назарда тутилади.

Афғонистонда ИД расмий вакили ўлдирилгани хабар қилинди

Афғонистон ҳарбийлари.

Афғонистонда учувчисиз бошқариладиган самолёт томонидан берилган зарба оқибатида "Ислом давлати" гуруҳининг мамлакатдаги расмий вакили Султон Азиз Аъзам ҳалок бўлди.

Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги 27 декабрь куни расмий баёнот тарқатди. Унда айтилишича, Султон Азиз Аъзам Нангарҳор вилоятининг Пачирагам туманидаги жанггарилар манзилларига берилган ҳаво зарбаси пайтида ўлган.

Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Нусрат Раҳимий Аъзам "Ислом давлати" сафларига жанггариларни ёллаш ишига мутасадди бўлганини ҳам маълум қилди.

Ҳозирча бу маълумотга "Ислом давлати" гуруҳи ва АҚШ ҳарбий қўмондонлиги муносабат билдирмади. Нангарҳор вилояти "Ислом давлати" гуруҳининг таянч нуқталаридан бири ҳисобланади.

Россия антидопинг агентлиги раҳбари Путинга мурожаат қилди

РУСАДА раҳбари Юрий Ганус.

Россия антидопинг агентлиги - РУСАДА раҳбари Юрий Ганус президент Владимир Путинни Халқаро антидопинг агентлиги - WADA экспертларига рус спортчиларининг допинг намуналари сақланаётган лабораторияга киришига рухсат беришга чақирди.

Юрий Ганусга кўра, Россия Тергов қўмитаси терговчилари спортчиларнинг допинг намуналарини тергов доирасида мусодара қилган ва уни WADA экспертларига беришдан бош тортмоқда. Ганус бунинг оқибатида Россия спорти катта ҳалокат ёқасида турганини билдирди:

-Агар Россия антидопинг тизимининг асоси ҳисобланган РУСАДА WADAнинг талабларига жавоб бера оладиган мақомдан маҳрум қилинса, у ҳолда Россия спорти ўз қобиғидан ташқарига чиқа олмай ҳалокатга учрайди, -деди Ганус.

Ўтган ҳафтада WADA экспертлари Россия ҳукумати ваъдасига амал қилмагани ва допинг намуналарини тақдим этишдан бош тортганини билдирган эди.

РУСАДА 2015 йилда Россия спортчиларининг жуда кўпчилиги допинг истеъмол қилгани ортидан нохолисликда айбланиб ёпилганди. Россия мазкур қарорни адолатсиз деб баҳолаб келган.

Бир неча йиллик музокаралар ва текширувлардан сўнг WADA антидопинг мандатлари талабига жавоб бера оладиган мақомга етган РУСАДА фаолиятини қайта тиклашга рухсат берган эди.

Иқтисодчилар 2019 йилда Россия иқтисодий муаммоларга дучор бўлишини башорат қилди

Россия. Пенсия ислоҳотига қаршиларнинг норозилик акцияси иштирокчилари қўлларида "Путин турғунликдир", деган ёзув. 2018, 16 сентябрь.

Иқтисодчилар ва молиявий таҳлилчилар орасида 2019 йилда Россия иқтисодини нима кутиши ҳақида Reuters агентлиги ўтказган сўров натижаларига кўра, мутахассислар Ғарбнинг янги санкциялари, кучсиз рубль ҳамда солиқлар ошиши туфайли Россия иқтисоди янги йилда секинлашиб, инфляция даражаси эса кўтарилишини башорат қилган.

27 декабрь куни эълон қилинган ҳисоботга кўра, сўровда қатнашган 17 мутахассис Россия ялпи ички маҳсулоти 2019 йилда 1,4 фоизга ошишини тахмин қилган. Ушбу кўрсаткич жорий йилда 1,7 фоизни ташкил қилди.

Renaissance Capital сармоя банкининг бош иқтисодчиси Олег Кузьмин:

- Келгуси йил Россия учун мушкул бўлади, - деди.

Кейинги йилларда пастлаб кетган нефть нархлари, кучсиз ва беқарор рубль ҳамда АҚШ ва Европа Иттифоқи жорий қилган қатор санкциялар туфайли Россия иқтисодининг ўсиш суръати секинлади. Ушу санкцияларнинг аксари Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиши ортидан жорий қилинди.

Ўтган ойда Керчь бўғозида Россия томонидан уч украин кемасининг қўлга олиниши ортидан Москвага янада кўпроқ санкция жорий қилиш чақириқлари кучайди.

Боснияда талабанинг ўлими юзасидан тергов ўтказиш талаби билан норозилик акциялари давом этмоқда

"Давид учун адолат" ҳаракати норозилик акциясини ўтказмоқда. 2018, 26 декабрь.

Сербия ва Боснияда 21 яшар талаба Давид Драгичевичнинг жумбоқли ўлими юзасидан тергов ўтказиш талаби билан норозилик акциялари давом этмоқда.

Чоршанба куни юзлаб норозилар Сербия пойтахти Белградда ҳамда Босниянинг Сараево ва Баня-Лука шаҳарларида намойишга чиқди.

Айни пайтда Босния ва Герцеговинада ўғли ўлимига нима сабаб бўлганини аниқлаш учун курашиб келаётган ота озодликка чиқарилиши ортидан ўз курашини давом эттиришини билдирди.

26 декабрь куни Босния ва Герцеговина таркибидаги Серб Республикаси ҳудуди пойтахти Баня-Лука шаҳри прокурорлари Давор Драгичевичга қарши қўзғалган иш давом этишини, аммо уни қамоқда ушлаб туришга эҳтиёж йўқлигини билдиришди.

49 ёшдаги Драгичевич 25 декабрь куни полиция чақириғига бўйсунмагани учун қўлга олинган эди Унга ички ишлар вазирига таҳдид қилиш айблови қўйилган.

Драгичевич қўйиб юборилганидан кейин мингга яқин одам иштирокидаги норозилик маршини ўтказди. Аммо полиция уларни шаҳар майдонига киритмади.

- Улар мени бировга таҳдид қилишда айблашяпти. Мен бундай қилганим йўқ. Мен ҳеч қачон бўш келмайман! - деди Драгичевич.

Драгичевичнинг фикрича жорий йилнинг март ойида 21 яшар ўғли Давид Драгичевич ўғирлаб кетилиши ва сўнг ўлдирилишидаа полиция ходимларининг қўли бор. Ота ўғлининг ўлими ортидан "Давид учун адолат" ҳаракатига асос солган.

Ироққа кутилмаган ташрифидан қайтган Трамп Германияга кириб ўтди

Германия. АҚШ президенти Трамп Рамштайн ҳаво базасида. 2018, 27 декабрь.

26 декабрда Ироқдаги Америка ҳарбийлари базасига кутилмаган ташриф билан борган АҚШ президенти Дональд Трамп ортга қайтаётиб Германиядаги АҚШ ҳарбий базасига ҳам кириб ўтди.

27 декабрь куни президент Германиядаги Рамштайн ҳаво базасида аскарлар билан қўл бериб кўришди ҳамда селфига тушди.

Трампнинг Ироққа сафари президент этиб сайланганидан бери мамлакатга қилган илк ташрифи бўлди. Оқ Уйнинг билдиришича, Трамп Бағдод ғарбидаги Ал-Асад ҳарбий базасига рафиқаси Мелания Трамп билган борган. Ташрифдан мақсад Ироқдаги АҚШ ҳарбийларини Исо Масиҳ мавлуди билан табриклаш ва уларга хизматлари учун миннатдорчилик билдириш бўлган. Президент 2017 йил январда президентлик курсисига ўтирганидан бери ҳарбийлардан хабар олмагани учун танқид қилиниб келаётган эди.

Президент ўз ташрифи давомида қўшни Суриядан АҚШнинг 2000 аскарини олиб чиқиш қарорини ҳимоя қилди. Унинг сўзларига кўра, "Исломий давлат" жангари гуруҳи мағлуб бўлиши ортидан Сурияда юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай муаммони Ироқдаги АҚШ кучлари ҳал қилишга қодирдир.

- Биздан, ажойиб ҳарбийларимиздан ўзларини ҳимоя қилишда фойдаланишларига бошқа йўл қўймаймиз, - деди президент.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG