Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 09:53

Халқаро янгиликлар

Эронда Исломий инқилобнинг 40 йиллиги нишонланмоқда

I

Эронда Исломий инқилобнинг 40 йиллиги нишонланмоқда.

Инқилоб натижасида 2500 йил давом этган монархия тизими барҳам топганди.

1970 йилнинг 1 февралида оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хумайний 14 йил давом этган ҳижратдан кейин Франциядан қайтган Эрон Ислом Республикасининг олий раҳбарига айланди.

Эрон бўйлаб 1 февраль куни соат 9:33да сирена овозлари янгади.

40 йил муқаддам айни дақиқада Хумайний ўтирган учоқ Теҳрон аэропортига келиб қўнганди.

Шия диндорларини қудратга келтирган инқилоб расман 10 кун байрам сифатида нишонланади.

Беш тожик аёли Ироқда умрдбод қамоқ жазосига ҳукм этилди

Ироқда ушланган тожик аёллари

Беш нафар тожик аёли Ироқда "Ислом давлати" экстремист гуруҳига алоқадорликда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Тожикистоннинг Ироқ ва Қувайтдаги элчиси Зубайдулло Зубайзоданинг Озодликка айтишича, беш тожикистонлик аёл устидан ҳукм 31 январда ўқилди.

Унинг қўшимча қилишича, Садорат Қурбонова, Мафтуна Мажидова, Гулрухсор Алиева, Гулбаҳор Сайфуллоева ва унинг қизи Маҳфуза Қурбоновалар устидан ўқилган судда Тожикистон элчихонаси вакили иштирок этган.

Зубайзодага кўра, Ироқ расмийлари ўзбек таржимони топа олмагани учун яна бир Тожикистон фуқароси Мақсуда Жакбарова устидан суд кечиктирилган.

Тожикистон фуқаролари устидан Ироқда суд илк бор ўтаётгани йўқ.

Тожикистон расмийлари берган маълумотга кўра, охирги йилларда Ироқда "Ислом давлати" гуруҳига аъзоликда айбдор деб топилиб, ҳаммаси бўлиб, 43 нафар тожик аёли қамоқ жазоларига ҳукм этилган.

Ўтган йилнинг ўзида 13 нафар тожикистонлик аёлга 20 йилдан тортиб умрбод қамоқ жазоларигача тайинланган эди.

Тожикистон расмийларининг маълум қилишича, ўтган йилларда Сурия ва Ироқда "Ислом давлати" сафларида 900 нафарга яқин Тожикистон ватандоши жанг қилган.

Чеченистонда Россиянинг энг кекса аёли вафот этди

Кўка Истамбулова яқинлари билан тушган сурат.

Россиянинг энг кекса аёли бўлган чеченистонлик Кўка Истамбулова 128 ёки 129 ёшида вафот этди. Бу ҳақда 31 январь куни ТАСС аёлнинг набираси Илёс Абубакировга таянган ҳола 31 январь куни хабар берди.

1889 йилда туғилган Кўка Истамбулова, набирасининг айтишича, “қон босимини ҳисобга олмаганда соғлом бўлган”.

“Аммо бирдан унинг авҳоли оғирлашиб қолди. У нафас олиши қийинлашганидан шикоят қилди. Биз шифокорларни чақирдик, улар укол қилишди, лекин ҳаётини сақлаб қола олишмади”, деб айтган Илёс Абубакиров.

Кўка Истамбулованинг паспортида унинг туғилган йили қайд этилган, бироқ қайси куни туғилгани номаълумлиги сабабли паспортда кўрсатилмаган. Шунинг учун у 128 ёшида ёки 129 ёшида вафот этгани номаълум бўлиб қолмоқда. Кўка Истамбулова 27 январда Чеченистонда ўзи яшаган Братск қишлоғида дафн этилган.

Кавказ минтақасида узоқ умр кўрганлар сони бошқа минтақаларга қараганда анча кўп экани айтиб келинади.

ТАССнинг хабар беришича, бундан 10 кун олдин Қабардин-Балқор мухториятида Нану Шаова 128 ёшида вафот этган.

Европа парламенти Хуан Гуайдони Венесуэла президенти сифатида тан олди

Хуан Гуайдо.

Европа парламенти мухолифат лидери Хуан Гуайдони Венесуэланинг “ягона ва қонуний вақтинчалик президенти” сифатида тан олди.

Бундан аввал Европа давлатлари амалдаги президент Николас Мадуро муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказилишини эълон қилмаса, Гуайдони тан олиши ҳақида огоҳлантирган эди. Бироқ Мадуро бу талабни бажармади.

Хуан Гуайдони АҚШ, Канада ва Лотин Америкасининг қатор мамлакатлари президент сифатида тан олган. АҚШ президенти Дональд Трамп ўзини вақтинча президент деб эълон қилган парламент раиси Хуан Гуайдо билан телефон орқали мулоқот ўказиб, уни қўллаб-қувватлади.

Айни пайтда Хуан Гуайдо Николас Мадуро ҳукуматини унинг оиласига босим ўтказаётганликда айблади.

Унинг айтишича, полициянинг махсус бўлинмаси аъзолари унинг уйига келиб, хотини билан суҳбатлашган. Хуан Гуайдо унинг оила аъзоларига бирор нарса бўлса, полицияни айблаши ҳақида огоҳлантирган.

Айни пайтда Россия¸ Хитой ва Туркия эса 2018 йилнинг якунида овозларни сохталаштириш эвазига иккинчи марта президентликда қолгани айтилаëтган Мадурони қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Венесуэлада Мадурога қарши оммавий норозилик намойишлари тўхтамаётгани ортидан 23 январь куни парламент раиси Хуан Гуайдо ўзини вақтинчалик президент, деб эълон қилган.

Мадуро Уго Чавес вафот этганидан сўнг 2013 йилда ҳокимиятга келган эди.

2018 йилда Венесуэлада иқтисодий вазият кескин ёмонлашди, бу ердаги инфляция даражаси йилига бир миллион фоизга етди. Мамлакатнинг кўпчилик шаҳарларида асосий маҳсулотлар етишмовчилиги кузатилмоқда. Милионлаб одамлар иш излаб Венесуэлани тарк этди.

АҚШ умрбод қамалган уйғур олими Илҳом Тўхтийни Нобель Тинчлик мукофотига тавсия қилди

Таниқли уйғур иқтисодчи олими Илҳом Тўхтий.

АҚШ Конгрессининг депутатлар гуруҳи Хитой ҳукумати томонидан қамоққа олинган таниқли уйғур иқтисодчи олими Илҳом Тўхтийни Нобель Тинчлик мукофотига тавсия қилди.

Номзод кўрсатиш бўйича тавсияни республикачи сенатор Марк Рубио ва демократлар қаторида ўтирувчи мустақил депутат Берни Сандерс имзолади.

“Бу таклиф бугун энг долзарб бўлиб турган муаммонинг ҳосиласидир. Негаки, Хитой ҳукумати ва Коммунистик партияси инсон ҳуқуқларини қўпол бузишда, миллионлаб уйғурларни ва этник озчилик вакиллари бўлган бошқа мусулмонларни “қайта тарбиялаш лагерлари”га қамашда давом этмоқда”, дейилади тавсияномада.

49 ёшли Илҳом Тўхтий "сепаратизм"да айбланиб 2014 йилнинг сентябрь ойида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

У талабалар олдида Хитой ҳукуматининг расмий сиёсатини танқид қилгани, уйғурлар ва миллий озчиликлар ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида гапиргани ортидан қамоққа олинган эди.

Трамп Толибон билан музокараларда "олға силжиш"лар бўлаётганини олқишлади

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Оқ уйда 31 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида Толибон билан музокараларда “олға силжишлар” кузатилаётганини маълум қилди.

-Жуда катта яхши ишлар бўлаяпти. Сиз ҳам бу ишларга гувоҳ бўлиб турибсиз. Мана, Афғонистонга кирганимизга ҳам 19 йил бўлди ва улар эндигина, биринчи маротаба, барқарорлик ва битим ҳақида гапира бошладилар. Агар битим имзоланса, биз одамларимизни уйларига қайтарамиз. Кўрайликчи, нима бўларкин. Лекин улар биринчи марта жуда жиддий музокараларни ўтказмоқда,-деди Дональд Трамп.

Бундан аввал Қатарда Толибон ва АҚШ расмийлари олти кун музокара ўтказгани ва Афғонистонда 17 йилдан бери тинчимаётган урушни тўхтатиш йўлида “олға қадам” ташлангани тўғрисида хабар берилганди.

28 январь куни АҚШнинг Афғонистондаги махсус вакили Залмай Халилзод Вашингтон расмийлари ҳамда Толибон вакиллари тинчлик келишувининг “асоси” бўйича келишиб олгани ҳақида билдирган эди.

Халилзод: «Келишув асосининг илк нусхаси тайёр. У тўлиқ келишувга айланишидан олдин унинг тафсилотларини белгилаб олиш керак», деб айтган.

Путин Украинадаги православларнинг диний ҳуқуқини ҳимоя қилишини билдирди

Путин Россия патриархи Кирилл билан.

Президент Владимир Путин Украинадаги православ насронийларнинг диний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Россия “қўлидан келган барча ишларни амалга ошириш ҳуқуқини сақлаб қолади", деб айтди.

-Биз черковнинг мустақиллигини ҳурмат қилганмиз ва ҳурмат қилишда давом этамиз, айниқса қўшни суверен давлатда. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини, жумладан, диний эътиқод эркинлигини ҳимоя қилиш учун муносабат билдириш ва қўлдан келган ишни амалга ошириш ҳукуқини ўзимизда сақлаб қоламиз,-деди Путин 31 январь куни Кремлда православ черковлари руҳонийлари билан ўтган учрашув чоғида.

Путин “қўлдан келган ишни амалга ошириш" дегана нимани назарда тутганини тушунтирмади.

Путин ўз нутқида Украина ҳукуматини "Черков ҳаётига қўпол равишда аралашиш"да айблади ва украин ҳукуматини "ўтган асрдаги даҳрийлар"га ўхшатди.

2018 йилнинг 11 октябрь куни жаҳон православ ҳамжамияти лидери бўлган Константинополь Патриархи Варфоломей раислигида Истанбулда ўтган синод йиғилишида Украин православ черкови Москва тасарруфига ўтгани тўғрисидаги 1686 йилги битим бекор қилинган эди. Бу билан Киев метрополиясига Москвадан мустақиллик берилди.

Украина ҳукумати ва православ руҳонийлари бу қарорни олқишлаган, Москва эса танқид қилган.

Европа суди Россия зиммасига грузияликларга 10 млн евро тўлаш мажбуриятини юклади

Страсбург шаҳри. Европа инсон ҳуқуқлари суди

Европа инсон ҳуқуқлари суди Россия зиммасига грузияликларга 10 миллион евро тўлаш мажбуриятини юклади. Грузия ҳукумати бу пулни 2006 йили Россиядан депортация қилинган фуқароларига товон тариқасида бўлиб беради.

Россия тўлайдиган пуллар камида бир ярим минг грузияликка берилади. Россиядан депортация қилинган ҳар бир грузиялик 2 мингдан 15 минг еврогача олади.

2014 йилда суд Грузия расмийларининг Россия мамлакатда яшаётган Грузия фуқароларини атайин қўлга олиб, бадарға қилган, деган иддаоларини ҳақиқат деб топган эди. Хусусан, суд Россия грузияликларни бадарға қилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси шартларини бузган, деб қарор чиқарган.

Россия эса суд қарорини усидан Катта палатага шикоят қилди. Палатанинг қарорлари эса якунийдир.

Грузия ҳукуматига кўра, Россия 2006 йилнинг сентябридан 2007 йилнинг январигача 4600 дан ошиқ грузияликни бадарға қилиш тўғрисида қарор чиқарган, 2300 грузияликни қўлга олиб, мажбуран мамлакатдан чиқариб юборган.

Россия расмийлари кўрилган чоралар грузияликлар атайин чиқариб юборилмаганини, балки ноқонуний миграцияга қарши саъй-ҳаракатларнинг бир бўлаги бўлганини айтиб келади.

Европа суди 2006 йилда Россиядан грузияликлар оммавий бадарға қилингани бўйича якуний қарорини чиқаради

Россиядан чиқариб юборилган грузияликлар Тбилиси аэропортида самолётдан тушмоқда. 2006 йилнинг октябри.

Европа Инсон ҳуқуқлари судининг Катта палатаси 2006 йилда Грузия фуқароларининг Россиядан оммавий тарзда депортация қилингани бўйича ўз қарорини чиқариши кутилмоқда.

2014 йилда суд Грузия расмийларининг Россия мамлакатда яшаётган Грузия фуқароларини атайин қўлга олиб, бадарға қилган, деган иддаоларини ҳақиқат деб топган эди. Хусусан, суд Россия грузияликларни бадарға қилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси шартларини бузган, деб қарор чиқарган.

Россия эса суд қарорини усидан Катта палатага шикоят қилди. Палатанинг қарорлари эса якунийдир.

Грузия ҳукуматига кўра, Россия 2006 йилнинг сентябридан 2007 йилнинг январигача 4600 дан ошиқ грузияликни бадарға қилиш тўғрисида қарор чиқарган, 2300 грузияликни қўлга олиб, мажбуран мамлакатдан чиқариб юборган.

Россия расмийлари кўрилган чоралар грузияликлар атайин чиқариб юборилмаганини, балки ноқонуний миграцияга қарши саъй-ҳаракатларнинг бир бўлаги бўлганини айтиб келади.

Россия ва АҚШ ядровий қуролларни назорат қилиш келишувини сақлаб қолиш бўйича келиша олмаяпти

Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков АҚШ давлат котибининг қуроллар назорати ва халқаро хавфсизлик бўйича ўринбосари Андреа Томпсон билан.

Россия ва АҚШ ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича Совуқ уруш даврида эришилган муҳим келишувни сақлаб қолиш масаласида келиша олмаяпти. Бу ҳақда Россия ва АҚШ расмийлари билдирди.

Бу ҳолат АҚШ ҳафта охирида 1987 йилда Қўшма Штатлар ва Совет Иттифоқи ўртасида ўрта масофага учувчи ядровий қуролларни чеклаш бўйича имзоланган битимдан расман чиқишига йўл очиб беради.

Россия матбуоти тарқатган хабарларга кўра, АҚШ давлат котибининг қуроллар назорати ва халқаро хавфсизлик бўйича ўринбосари Андреа Томпсон билан ўтказилган музокаралар ортидан Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков:

- Афсуски, ҳеч қандай силжиш йўқ, - деган.

Reuters агентлиги билан суҳбатда Томпсон:

- Россияликлар ҳануз келишув шартларини бузиб келаётганларини тан олганлари йўқ, - деди.

Вашингтон ва НАТО Россияни келишув шартларини бузишда айблаб келади. Россия эса буни кескин рад этмоқда.

Ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш бўйича битимга асосан АҚШ ва Россия ўз зиммасига 500 километрдан 5000 километргача бўлган масофага отиладиган баллистик ракеталарни ишлаб чиқармаслик ва синовдан ўтказмаслик мажбуриятларини олган.

Европа Эрон билан тижорий ҳамкорлик қилишга имкон яратувчи молиявий механизмни йўлга қўяди

Германия, Франция ҳамда Британия АҚШ санкцияларини четлаб ўтиб, Эронга молия юборишга йўл очиб берувчи механизмни йўлга қўяди. Бундан мақсад Эрон билан мамлакатнинг ядровий дастури бўйича 2015 йилда эришилган келишувни сақлаб қолишдир.

31 январь куни кучга кириши кутилаётган механизм Европа ширкатлари Эронда бартер амалиётлари ёрдамида бизнес фаолиятини давом эттиришига замин яратади.

Бундай механизмни йўлга қўйиш режаси бир неча ойдан бери муҳокама қилиниб келаётган эди. 30 январь куни Германиядаги DPA нашри механизм АҚШ санкциялари нишонга олмаган соҳаларда расман ўз ишини бошлашга тайёр эканлигини хабар қилди.

АҚШнинг The Wall Street Journal газетаси эса уч давлат механизмни рўйхатдан ўтказиш устида ишлаётганини хабар қилди.

Ўтган йилнинг май ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Теҳрон ядровий дастури бўйича Эрон ва жаҳоннинг қудратли давлатлари ўртасида 2015 йил имзоланган келишувдан чиқишини эълон қилди ва Теҳронга қарши қайтадан санкция жорий қила бошлади.

АҚШ, Россия, Хитой билан бир қаторда ядровий келишувни имзолаган Германия, Франция ва Британия эса уни сақлаб қолишга курашиб келади.

Россия Давлат думаси депутати камида иккита қотилликда гумонланиб қамоққа олинди

Рауф Арашуков.

Россия ҳукмрон партиясидан давлат думасига депутат бўлган Рауф Арашуков Қорачой-Черкес мухториятида 2010 йилда иккита қотилликни содир этганликда айбланиб ҳибс қилинди.

Дума депутатлари юқори палата бўлган Федерация Кенгаши аъзоси Рауф Арашуковнинг даҳлсизлик мақомини бекор қилиш тўғрисида 30 январда қарор чиқарди. Шу заҳотиёқ Арашуков Думада қўлга олинди ва Москванинг Басманний туман судига олиб кетилди. Суд уни эҳтиёт чораси сифатида 30 мартгача қамоқда қолдирди.

Рауф Арашуков Қорачой-Черкес мухторияти президентлигига номзод Фрал Шебзухов ва "Адиге-Хасэ" ҳаракати лидери Аслан Жуковнинг ўлимида айбланмоқда.

Хабарларда айтилишича, 30 январь куни депутатнинг отаси Рауль Арашуков ҳам Санкт-Петербургда жиноий гуруҳ ташкил этиш ҳамда йирик миқдорда товламачилик қилишда айбланиб қўлга олинди.

Терговчилар Рауль Арашуков “Газпром” ширкатидан 30 миллиард рублдан кўпроқ миқдордаги таббий газни ўғирлаганликда айбланмоқда.

Толибон Афғонистонга яккаҳокимлик қилмаслигини билдирмоқда

Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистоннинг деярли ярмини назорат қилаётган Толибон ҳаракати расмийлари мамлакатни яккаҳокимлик билан бошқаришга интилмаётганларини ҳамда амалда мавжуд сиёсий кучлар билан биргаликда ҳокимиятни шакллантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Бу ҳақда 30 январь куни Толибон расмий вакили Сухил Шахин баёнот берди. Ассошиэйтед Пресс агентлигига берган интервьюсида Шахин “биз ватандошларимиз билан тинч ва осуда яшамоқчимиз”, деб айтди.

Айни пайтда 30 январь куни Кобулда ёшлар анжуманида чиқиш қилган Афғонистон президенти Ашраф Ғани Толибонни террор ҳаракатларини тўхтатишга чақирди:

-Толибон бизнинг легитимлигимиз манбаси – бу шариат қонунларидир, деб айтади. Индонезияда, Афғонистонда, Саудия Арабистонида нуфузли уламоларимиз бор, улар худкуш террорчилик ҳаракатлари исломдан эмас деб фатво берганини эсдан чиқарманглар,- деди Ашраф Ғани.

Сўнгги пайтларда “тинчлик тарафдори” эканини урғулаётган Толибон ҳаракати Афғонистонда кўплаб одамларнинг умрига зомин бўлган террор ҳаракатларини амалга оширди. Бундай террорнинг энг сўнггиси Варзоқ вилояти маркази Майдоншаҳрдаги ҳарбий тайёргарлик комплексида 21 январь куни уюштирилди.

Толибоннинг мазкур ҳужуми пайтида камида 70 одам ҳалок бўлгани айтилади.Толибон эса ҳужум пайтида 190 нафар афғон ҳарбийси ўлдирилганини иддао қилган.

Германияда террорчиликда гумонланган ироқликлар қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Германияда террор ҳаракатларини содир этишни режалаштирганликда гумонланган уч нафар ироқлик қўлга олинди.

Расмийларнинг билдиришича, 30 январда қўлга олинган мазкур шахслар ўзларини гўёки исломий ва жиҳодчи деб атаётган гуруҳларга мансуб бўлган.

-Биз уч нафар ироқликни 30 январь куни эрталаб қўлга олдик. Уларни Федераль полиция ва жиноят ишлари бўйича Федераль агентлик Дитмаршен шаҳрида ушлади. Қўлга олинганлардан икки нафари -Шахин Ф. ва Херш Ф. 2018 йилнинг охирларидан бери террор ҳаракатини режалаштириб келаётганликда, учинчи одам Рауф С., эса уларга кўмак кўрсатганликда гумонланмоқда,-деди Германия Федераль прокурори матбуот котиби Фрауке Келер.

Расмийнинг айтишича, бу уч шахс “Ислом давлати” гуруҳига мансуб бўлгани гумон қилинмоқда, лекин бу борада ҳозирча аниқ далил-исботлар мавжуд эмас. Шунинг учун ҳозирча қўлга олинганларга хориж давлатидаги террор ташкилотига аъзолик бўйича айблов билдирилмаяпти.

Қирғизистонда коррупцияни фош қилганларга ундирилган зарарнинг 30 фоизи бериладиган бўлди

Қирғизистон президенти 29 январь куни имзолаган қонунга биноан, давлат амалдорлари қўл урган коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган оддий фуқаролар ҳамда полиция ходимларига ҳукуматга қайтарилган зарарнинг маълум қисми мукофот сифатида қайтариб берилади.

Қонунга кўра, коррупция ҳақида хабар берган шахслар хавфсизлиги таъминланади.

Қонунда коррупционер амалдорларни фош қилган полиция ходимларига ҳукуматга қайтарилган ҳар қандай сумманинг 30 фоизини мукофот қатори бериш белгилаб қўйилган.

Берган хабар ва маълумотлари суд терговига сабаб бўлган фуқароларга мусодара қилинган сумманинг 30 фоизи берилади. Аммо коррупция ҳақида хабар берган шахслар оладиган мукофот 1 миллион қирғиз сўмидан (14,300 доллардан) ошмаслиги керак.

Ушбу қонун лойиҳаси Қирғизистон парламентида 2016 йилдан бери муҳокама қилиниб келаётган эди. Бошқа собиқ совет давлатларидаги каби Қирғизистонда ҳам коррупция муаммоси кескиндир.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев 2017 йилда ушбу қонун лойиҳаси ўзгартирилиши кераклигини айтиб, уни имзолашдан бош тортган эди.

Пекинда ядровий қуролга эга беш йирик давлат дипломатлари учрашуви бошланди

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Андреа Томпсон билан.

30 январь куни бошланган йиғин икки кун давом этади. Қатнашувчилар ядровий қуроллар тарқалишининг олдини олиш масалаларини муҳокама қилади.

Йиғинда Москва, Пекин, Вашингтон, Лондон ҳамда Париждан келган дипломатлар иштирок этмоқда.

Буюк Британия, Хитой, Франция, Россия ҳамда АҚШ БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси бўлиб, уларнинг ҳар бирида ўз ядровий қуроли бор.

Йиғин 1987 йилда Қўшма Штатлар ва Совет Иттифоқи ўртасида ўрта масофага учувчи ядровий қуроллар ҳақидаги битим тақдири савол остида қолаётган бир пайтда ўтказилмоқда.

Бу орада АҚШ Россия ва Хитойни ўз ядровий дастурлари ҳақида тўлиқроқ маълумот беришга чақирди.

Йиғинда сўзга чиққан АҚШ давлат котибининг қуроллар назорати ва халфаро хавфсизлик бўйича ўринбосари Андреа Томпсон Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома асосида шаффофликка эришиш қийин бўлаётганини таъкидлади.

- Биз аввалроқ мунтазам ҳисобот бериб туриш форматини ишлаб чиқишга келишиб олган эдик. Аммо бир томондан АҚШ ҳисоботлари, иккинчи томондан Хитой ва Россия ҳисоботлари ўртасидаги тафовут жуда катта бўлиб қолмоқда, - деди Томпсон.

Венесуэлада мухолифат етакчиси саёҳат қилишига чеклов қўйилди ва унинг банк ҳисоблари музлатилди

Хуан Гуайдо

Венесуэла Олий суди мухолифат етакчиси Хуан Гуайдога саёҳат қилишни ман этиб, унинг банк ҳисобларини музлатиб қўйди. Мухолифат лидери ва парламент раиси бўлган Хуан Гуайдо 23 январда бир неча кундан бери амалдаги президентга қарши давом этган оммавий норозилик намойишлари ортидан ўзини мамлакатнинг вақтинча президенти деб эълон қилган ва қасамёдга келтирилган эди.

АҚШ ҳамда бошқа давлатлар президент Николас Мадурони тан олмаслигини билдирган.

Бу орада АҚШ Венесуэла иқтисоди учун муҳим бўлган PDVSA нефть ширкатига қарши санкцияларни жорий қилди.

29 январь куни Венесуэла бош прокурори Гуайдони хорижий давлатларга Венесуэланинг ички ишларига аралашишга кўмаклашишида айблаб, Олий судни уни тергов қилишга чорлади.

Мадурога садоқатли судьялардан иборат суд бу илтимосни бажарди ва Гуайдога мамлакатни тарк этишни ман этиб, унинг банк ҳисобларини музлатиб қўйди.

Бунинг ортидан АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон “демократияни ағдаришга ҳамда Гуайдога зарар етказишга уринганлар оғир оқибатларга дучор бўлиши“ ҳақида огоҳлантирди.

Қозоғистон ўз ҳудудига Бишкек-Тошкент транзит автобусларини киритмаяпти

"Транс-Союз-Азия" очиқ акциядорлик жамиятидан олинган бу хабарни Қирғизистон Транспорт ва йўллар вазирлиги мулозими тасдиқлагани тўғрисида Азаттиқ радиоси хабар қилди.

2018 йилнинг декабрида йўловчилар сўрови асосида Бишкек-Тошкент йўналишида автобуслар қатнови жадвалига ўзгартишлар киритилган. Бироқ Қозоғистон томони махсус хат билан ўзгартишлар Қозоғистон билан мувофиқлаштирилиши лозимлигини эслатган. Йўловчи ташувчилар тегишли ҳужжатларни Қозоғистонга жўнатган, бироқ жавоб ҳозирча келган эмас.

Қирғизистон билан Ўзбекистон Бишкек-Тошкент йўналишидаги автобус қатновини 2018 йилнинг майида икки давлат ўртасидаги шартнома асосида йўлга қўйган. Йўловчиларни Ўзбекистондаги "Mironshox Grand Trans" ва Қирғизистондаги «Транс Союз-Азия» ширкатлари ташийди. Бир қисми Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи маршрутнинг масофаси 601 чақирим.

Ҳабиб Конорнинг фанатлари билан муштлашгани учун спортдан вақтинча четлатилди

Хабиб Нурмагомедов.

АҚШнинг Невада штати Атлетика комиссияси аралаш яккакураш бўйича жаҳон чемпиони Ҳабиб Нурмагомедовни Конор Макгрегор билан жангидан сўнг содир этилган муштлашда иштирок этгани учун 9 ойга спортдан четлатди. Бундан ташқари Ҳабиб Нурмагомедов 500 минг доллар миқдорида жаримага тортилди.

Доғистонлик яккакурашчининг менежери Али Абулазиз катта миқдорда жарима солинишини адолатсизлик, деб айтади. Лекин Нурмагомедовнинг командаси комиссия қарори устидан шикоят қилмайди.

2018 йил 6 октябрда Лас-Вегасда ўтган UFC 229 доирасидаги турнирда Ҳабиб Нурмагомедов рақиби ирландиялик Конор Макгрегор устидан тўртинчи раундда ғалаба қозонган эди.

Аммо жанг тугагач, жанжал юз берди ва UFC президенти Дэйна Уайт жанжални суриштириш учун махсус комиссия тузилганини билдирди.

Кейинчалик Нурмагомедов Россия нашларига берган интервьюсида Макгрегор отам ва динимни ҳақорат қилди, деб даъво қилди.

Россиялик курашчи Ҳабиб Нурмагомедов – енгил вазнда амалдаги UFC чемипонидир. У бирор марта ҳам мағлуб бўлмаган.

Ирландиялик Конор Макгрегор эса ярим енгил вазндаги чемпиондир.

Россияда Қирғизистон фуқароси қийноққа солингани тўғрисидаги маълумот текширилмоқда

Қийноққа солингани айтилаётган Ҳусниддин Зайнобиддинов.

Россия Тергов қўмитасининг Челябинск вилоят бошқармаси Магнитогорскдаги кўп қаватли бинода юз берган портлашга алоқадорликда гумонланиб ушланган қирғизистонлик қийноққа солингани тўғрисидаги маълумотни текширмоқда.

Znak.com сайтининг вилоят прокурори Виталий Лопинга таяниб хабар беришича, айни пайтда Қирғизистон фуқароси ва унинг хотини қийноққа солингани тўғрисидаги маълумотларни инкор қилганлар.

Шу билан биргаликда, прокурор 29 ёшли Ҳусниддин Зайнобиддиновнинг танасида жароҳат излари борлиги аниқланганини ҳам таъкидлаган.

Ҳусниддин Зайнобиддиновнинг хотини Ҳалимахон Зайнобиддинова “Новая газета”га қийноқ тўғрисидаги гапларини инкор этмаганини, прокуратура ходимлари у билан суҳбатлашмаганини, турмуш ўртоғи полиция эмас, ФСБ ходимлари томонидан қийноққа солинганини яна бир бор маълум қилди.

Озодлик радиоси 24 январь куни Россиянинг Магнитогорск шаҳрида 31 декабрь куни 10 қаватлик уй ва маршрут таксисида юз берган портлаш ортидан махсус хизмат ва полиция ушбу воқеага алоқадорликда гумонланаëтганларни ҳибсга олишни давом эттираётгани тўғрисида хабар берган эди.

Ўша мақолада Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) томонидан ушланган жалолободлик 29 яшар Ҳусниддин Зайнобиддинов, яқинлари ва ҳимоячилари иддаосича, олти соат давомида қийноқларга солинган ва қилмаган жиноятларни бўйнига олишга мажбурлангани айтилган эди.

Магнитогорск шаҳрида 31 декабрь куни 10 қаватлик уйнинг бир қисми қулаши оқибатида камида 33 одам ҳалок бўлган. Ўшанда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари уйда газ портлагани бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётганини билдирган эдилар.

Тожикистон Афғонистон билан чегарадаги вазият тинч эканини билдирди

Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги назорат-ўтказиш пункти.

Душанбе Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош қисмларига “Ислом давлати” гуруҳи жанггарилари тўпланаётгани тўғрисидаги маълумотларни рад этди.

Чегара хизмати матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев Озодлик ва "Америка овози" радиоси қўшма лойиҳаси бўлган “Настояшчее время” телеканалига 29 январь куни чегарада вазият барқарор эканини, таҳдидли вазият пайдо бўлса, Тожикистон биринчи ўлиб бундан хабар топишини айтди.

Россия ички ишлар вазири ўринбосари Игорь Зубов 28 январда “Ислом давлати” гуруҳининг Покистондаги катибалари жанггарилари Тожикистон чегараси атрофида тўпланаётгани тўғрисида гапирган эди.

Зубовга кўра, бу ҳудуда “йирик фитначилик ҳаракати режалаштирилаётгани” тахмин қилинаётганини ҳам билдирган.

Россия расмийлари тожик-афғон чегарасида “вазият қалтислашиб бораётгани” тўғрисида тез-тез гапириб турадилар. Тожикистонда Россиянинг 201-ҳарбий дивизияси жойлашган. Унда 6 минг ҳарбий хизмат қилади.

ЕИ ижтимоий тармоқларни дезинформацияга қарши курашни кучайтиришга чақирди

Европа Иттифоқининг хавфсизлик масалалари бўйича комиссари Жулиан Кинг.

Европа Иттифоқи ижтимоий тармоқларни баҳорда бўлиб ўтадиган Умумевропа сайловлари олдидан дезинформацияга қарши курашни кучайтиришга чақирди.

-Биз 23-26 майда бўлиб ўтадиган Умумевропа сайловлари арафасида дезинформация масаласига жиддий эътибор қаратишимиз лозим. Шунинг учун интернет ширкатлар ва реклама саноати вакилларига ўтган йилдаёқ бу масалада мурожаат қилганмиз. Бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш лозим,- деди Европа Иттифоқининг хавфсизлик масалалари бўйича комиссари Жулиан Кинг.

АҚШ ва Европа Иттифоқи сайловларга таъсир кўрсатиш мақсадида Россия фейк хабарлар ва дезинформация билан шуғулланишини айтиб келадилар. Бироқ Россия бу маълумотларни асоссиз, деб инкор этган.

Ўтган йилнинг сентябрида Facebook, Google, Mozilla ва Twitter интернетда фейк янгиликларга қарши кураш бўйича Европа аҳлоқ кодексини имзолаган эди.

Facebook ширкати 17 январда Facebook тармоғи ва Instagram’даги камида 300 саҳифани “мувофиқлаштирилган тарзда ишончсиз ҳаракатларни амалга оширганлик”да гумонлаб ўчириб ташлаганини эълон қилган. Бу саҳифаларнинг барчаси Россиядан туриб бошқарилгани қайд этилган.

АҚШ киберхавфсизликка Россия ва Хитой жиддий таҳдид деб ҳисоблайди

АҚШ Миллий разведка бошқармаси раҳбари Дэн Коутс.

АҚШ Миллий разведка бошқармаси раҳбари Дэн Коутс 29 январь куни Сенатнинг разведка қўмитасида қилган чиқишида Россия ва Хитой киберхавфсизлик масаласида Қўшма Штатлар учун жиддий таҳдид эканини айтди.

Коутс сўнгги ўн йилликда Хитой ва Россия алоқаларининг кутилганидан ҳам аъло даражада мустаҳкамланганини янада каттароқ таҳдид сифатида баҳолади.

Разведка раҳбарларидан бири Роберт Кардилло эса:

-Ростини айтганда, сўнгги ўн беш йилда биз мудраб ётганимизда Хитой катта имкониятларни тортиқ қилган тараққиётга эришди. Бу имкониятларнинг асосий қисмига бизнинг ширкатларимиздан ахборотларни ўғирлаш эвазига эришилди, - деб айтди.

АҚШ разведка ҳамжамиятининг маълум қилишича, Россия, Хитой, Эрон ва Жанубий Корея ахборотни ўғирлаш ва муҳим инфраструктураларни барбод этиш учун киберҳужумлардан ҳар томонлама фойдаланмоқда.

Коутснинг айтишича, АҚШ рақиблари 2020 йилда бўладиган президентлик сайловига аралашиш масаласида ҳозирданоқ бош котиришни бошлаган. Рақиблар киберҳужумлар орқали ижтимоий, миллий ва ирқий кескинликни келтириб чиқариши мумкин.

Порошенко Украина президентлигига даъвогарлик қилишини билдирди

2019 йилга белгиланган Украина президент сайловига номзодини қўйганлар карикатура нишонига айланган.

Украина президенти Петро Порошенко жорий йил 31 мартга белгиланган президент сайловларига ўз номзодини қўяжагини эълон қилди.

29 январь кунги чиқишида Порошенко президентликка қайта сайланса¸ Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши учун расман мурожаат қилажагини билдирди.

Ўз сиëсий мухолифлари¸ хусусан¸ президентликка номзодини қўйган собиқ Бош вазир Юлия Тимошенкони популизмда айблаган Порошенко¸ уларни Венесуэла президенти Мадурога қиëслади.

Украина президентлигига ҳозирга қадар 22 номзод рўйхатга олинган. Сўнгги ижтимоий сўров хулосасига кўра¸ номзодлар орасида Тимошенко етакчилик қилмоқда. Таниқли қизиқчи Владимир Зеленский¸ рейтингда иккинчиликни эгаллаган.

Венесуэладаги намойишларда ўлганлар сони ошиб бормоқда

Норозиларнинг полиция билан тўқнашуви.

БМТнинг маълум қилишича¸ Венесуэладаги ҳукумат ва мухолифат тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида бир ҳафта ичида камида 40 одам ўлган¸ 850 дан кўпроғи ҳибсга олинган. Улар орасида 77 та вояга етмаган болалар ҳам борлиги айтилмоқда..

Аввалроқ Ҳьюман Райтс Вотч тўқнашувлар учун Николас Мадуро ҳукуматини айблаган эди.

- Ҳукумат ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун қон тўкишдан ҳам тап тортмаяпти. Бугунги кунда намойишларни тўхтатиш учун ҳукумат одамлар ўлимига сабаб бўладиган даражада куч ишлатгани тўғрисида маълумотлар бор,- деди Ҳьюман Райтс Вотч ташкилотининг ижрочи директори Кеннет Рот.

Венесуэлада Мадурога қарши намойишлар тўлқини 21 январда бошланди. Ўшанда ҳукумат ҳарбий тўнтариш уриниши бостирилгани тўғрисида хабар берган эди.

23 январда парламент раиси ва мухолифат лидери Хуан Гуайдо ўзини Венесуэланинг вақтинча президенти деб эълон қилди. Хуан Гуайдони АҚШ, Канада, Бразилия, Аргентина ва Колумбия вақтинча президент сифатида тан олди.

Президентликдан кетишни истамаëтган Мадурони Россия, Хитой, Эрон, Сурия, Куба ва Туркия қўлламоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG