Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 19:46

Халқаро янгиликлар

Қозоғистоннинг БТА банки Трампнинг кўп йиллик адвокатини ёллаганини тасдиқлади

БТА банк собиқ директори Мухтар Аблязов

Қозоғистоннинг бир пайтлар энг йирик молия ташкилоти бўлган, ҳозирги кунда халқаро юридик тортишув қуршовида қолган БТА банк АҚШга олиб қочиб кетилган мулкларни қайта қўлга киритиш мақсадида президент Дональд Трампнинг кўп йиллик ҳуқуқшуноси Майкл Коэнни ёллаганини тасдиқлади.

Коэн БТА банк уни ёллагани ҳақда 27 февраль куни Трампнинг бизнес ҳаракатларини тергов қилаётган Конгресс қўмитасига кўрсатма бераётиб маълум қилган эди.

Дональд Трампнинг собиқ шахсий адвокати ва асосий “иш бажарувчи”си Коэн май ойида уч йилга қамалиши кутилмоқда.

Қўмита тингловида Коэндан БТА банкдан пул олганми-йўқлиги ҳақида сўралганда:

- Олганман. Собиқ банк директори 4-6 миллиард доллар билан қочиб кетган, ўша пулнинг муайян қисми бу ерда - Қўшма Штатларда бўлгани учун бу маблағни топиб, қайтариб олишларига кўмаклашишимни мендан сўрашган эди, - деб жавоб берди.

Арманистонда 2008 йилги қонли воқеалар хотирланмоқда

Арманистонда 11 йил олдин – 2008 йилнинг мартида содир бўлган воқеалар хотирланмоқда. Ўшанда президент сайлови натижаларидан норози мухолифат тарафдорлари билан полиция ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувларда 10 киши ҳалок бўлган эди.

Норозилик намойишларига муддати тугаётган президент Роберт Кочаряннинг яқин ҳамкори Серж Саргсян ғалаба қозонгани эълон қилиниши сабаб бўлган эди.

1 март куни парламентга мурожаат қилган бош вазир Никол Пашинян ўшанда ҳукумат тинч намойишчиларни ўққа тутганини айтди. Бунинг ортидан вазир ҳалок бўлганларнинг исмларини бирма-бир ўқиди.

Бугун кун давомида Пашинян Ереваннинг марказий кўчалари бўйлаб юришда иштирок этиши кутилмоқда.

Коррупцияга қарши курашган собиқ журналист ҳамда мухолифатчи Пашинян ўтган йили оммавий норозилик намойишлари ортидан ҳукумат тепасига келган эди. Пашинян ғалабаси ортидан Саргсян яратган тузум ўз кучини йўқотиб, парчалана бошлади.

Украинада бир йилда қизамиққа чалинганлар сони етти баробарга кўпайди

Украинада 2018 йилда қизамиқ касалига чалинганлар сони кескин кўтарилди. БМТнинг UNICEF агентлигига кўра, бунга эмлашга қарши ҳаракат қисман сабабчидир.

Агентлик 1 мартда куни эълон қилган ҳисоботда Украинада қизамиққа чалинганлар сони “хавотирли даражада” ошиб бораётгани айтилади. Ташкилотга кўра, болаларни эмлашга “иккиланишлар” туфайли “олдини олиш мумкин бўлган, аммо ўта хавфли касалликни” йўқ қилиш учун қилинган узоқ йиллик меҳнат самараси хавф остида қолмоқда.

Дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш расмийлари эмлашга қарши ҳаракат ҳақида хавотир билдириб келади. Ижтимоий тармоқлар ёрдамида илдиз отаётган ушбу ҳаракат тарафдорлари эмлаш хавфли эканлигини таъкидлаб, фарзандларини ва ўзларини вакцинация қилишдан бош тортмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ўтган йилда Украинада 35120 марта қизамиқ диагнози қўйилган. Қиёслаш учун: 2017 йилда бу кўрсаткич 5000 ни ташкил қилган.

Ташкилот 2017 йилда қизамиқ умуман кузатилмаган давлатларда ҳам касаллик қайта тарқала бошлаганидан хавотир билдирди. 2018 йилда Молдовада 312, Черногорияда 203, Ўзбекистонда эса 17 марта қизамиқ ташхиси қўйилган.

БМТ: Исроил Ғазода ҳарбий жиноятларни содир этган бўлиши мумкин

исроил аскарларига қаршилик кўрсатаётган фаластинлик.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари Исроил 2018 йилда Ғазодаги исёнларни бостириш чоғида ҳарбий жиноятларни ва инсониятга қарши жиноятларни содир этган бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Бу борада БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан таъсис этилган тергов гуруҳи 28 февраль куни ўз ҳисоботини эълон қилди.

“Исроил снайперлари журналистларга, шифокорларга, болаларга ва ногиронларга уларнинг кимлиги аниқ билиниб турган ҳолда ўқ отгани тўғрисида асосли мулоҳазалар бор”, деб таъкидланади ҳисоботда.

Тергов гуруҳи Исроилнинг Ғазо билан чегарасида 2018 йилнинг мартидан декабригача 189 нафар фаластинлик ўлдирилганини аниқлаган. Улардан 183 нафари ўқотар қуролдан ўлдирилган.

Исроил бу ҳисоботга ўз норозилигини билдирди. Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу «Кенгаш Исроилга нисбатан нафрат ортидан иккиюзламачилик ва туҳмат бобида янги рекордларни ўрнатишда давом этмоқда», деб баёнот берди.

АҚШ Усома бин Ладиннинг ўғли Ҳамза ҳақидаги маълумот учун 1 миллион доллар ваъда қилди

Ҳамза бин Ладин

Қўшма Штатлар Ал-Қоида террор гуруҳининг ўлдирилган раҳбари Усома бин Ладиннинг ўғли Ҳамза қаерда экани тўғрисида маълумот берган шахсларга 1 миллион доллар мукофот пули ваъда қилди.

АҚШ Давлат департаментининг 28 февралда билдиришича, Ҳамза бин Ладин Ал-Қоиданинг амалдаги раҳбарларидан биридир.

“У Интернетда видео ва аудиомурожаат тарқатиб, ўз тарафдорларини Қўшма Штатларга ва унинг ғарбдаги иттифоқчиларига қарши ҳужум қилишга чақирмоқда. У АҚШ ҳарбийлари томонидан 2011 йилнинг май ойида ўлдирилган отаси учун қасос олиш мақсадида Қўшма Штатларга ҳужум уюштириш билан таҳдид қилди”, дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Ҳамза бин Ладин Покистонда, Афғонистонда, Сурияда ва Эронда қароргоҳларга эга экани тахмин қилинади.

БМТнинг 2018 йилдаги ҳисоботида Ал-Қоида Ҳамза бин Ладинга ўхшаган янги авлод лидерларини олға сураётгани ва уларнинг ғояларини фаол тарғиб қилаётгани айтилган.

Покистон Кашмирда уриб туширилган самолётнинг учувчисини Ҳиндистонга қайтарадиган бўлди

Кашмир харитаси. Харитада Кашмирнинг Покистон ва Ҳиндистон қисми кўрсатилган.

Покистон Бош вазири Имрон Хон 27 февраль куни Кашмирда уриб туширилган Ҳиндистон ҳарбий самолётининг учувчиси ватанига қайтарилишини билдирди. Имрон Хоннинг айтишича, ҳинд учувчиси “тинчлик муждаси” сифатида 1 март куни озод этилади.

Ҳиндистон ҳарбий ҳаво кучлари вице-маршали Капур Покистоннинг бу қарорини олқишлади.

-Назорат чизиғидан ўтиб кетгани учун Покистонда ҳисбда сақланаётган учувчимиз озод этилаётганидан мамнунмиз. Биз уни интиқлик билан кутамиз. У ватанга қайтганидан сўнг алоҳида баёнот берамиз, - деди вице-маршал.

26 февраль куни Ҳиндистон армияси ўз қирувчи самолётлари Покистон ҳудудидаги "террорчилар базаси"га ҳужум қилганини билдирган.

Бунга жавобан Покистон 27 февралда Кашмир ҳудудида Ҳиндистонга қарашли икки қирувчи самолётни уриб туширган ва учувчиларни ҳибсга олган эди.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери икки ядровий қўшни ўртасида уч марта уруш бўлган ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.

НАТО: Россия қуролларни назорат қилиш шартномасини бузмоқда

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Россия қўшни давлатларга таҳдид солаётганини яна бир бор тилга олди.

-Биз Россия қўшниларига нисбатан куч ишлатаётганини кўриб турибмиз, бунга Украина яққол мисол. Бироқ бугунги кунда энг ташвишланарлиси шундаки, Россия қуролларни назорат қилиш бўйича асосий тамойилларни белгилаб берувчи шартномани бузмоқда,-деди Столтенберг.

НАТО бош котиби бу ҳақда 28 февраль куни Словакиянинг Кошице шаҳрида ўтган Бухарест-9 гуруҳига аъзо давлатлар президентларининг саммити чоғида гапирди. Бу гуруҳга Шарқий Европадаги НАТОга аъзо давлатлар бирлашган.

Йенс Столтенберг ўз нутқида НАТО янги “совуқ уруш”ни ва қуролланиш пойгасини истамаслигини таъкидлаб, Россияни қуролларни назорат қилиш шартномасига қатъий амал қилишга чақирди.

“Биз ҳақиқатан ҳам Россия билан мулоқот қилишни истаймиз, чунки Россия бизнинг қўшнимиз, Россия доим шу ерда бўлади”, деди Столтенберг.

Суд экс-президент Атамбаев уч сиёсатчига 300 минг сўм товон тўлаши лозим деган қарор чиқарди

Экс-президент Алмазбек Атамбаев

Бишкек шаҳар, Октябрь туман суди сиёсатчилар Азимбек Бекназаров, Кенешбек Дуйшебаев ва Ахматбек Келдибековларнинг экс-президент Алмазбек Атамбаев ва «Апрель» телеканали директори Дмитрий Ложников устидан аризаларини қисман қаноатлантирди.

Суд Атамбаев даъвогарларнинг ҳар бирига 100 минг қирғиз сўмдан – жами 300 минг сўм (4,5 минг долларга яқин) тўлаши юзасидан ҳукм чиқарди. Даъвонинг моддий қисмидан Ложниковга нисбатан айблов олиб ташланди.

Парламент собиқ спикери Аҳматбек Келдибеков, Муваққат ҳукуматнинг собиқ аъзолари Азимбек Бекназаров ва Кенешбек Дуйшебаевлар 26 декабрь куни Бишкек шаҳридаги Октябрь туман судига собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва «Апрель» телеканали бош муҳаррири Дмитрий Ложников устидан даъво аризаси берган эди. Улар давлат собиқ раҳбари 10 декабрь куни телеканалга берган интервьюга эътироз билдирган.

Даъвогарларнинг айтишича, собиқ президент “Апрель” телеканалига берган интервьюсидаги фикрлари билан уларнинг қадр-қиммати ва шаънини ҳақоратлаган. Бу уларнинг судга мурожаат қилишига мажбур қилган. Даъвогарлар кўрган маънавий зарари учун Атамбаевдан 18 миллион сўм ($260 минг) товон пули ундириб беришни талаб қилган эди.

Дональд Трамп - Ким Чен Ин учрашувида келишувга эришилмади

Дональд Трамп ва Ким Чен Ин Ханойда бўлиб ўтган учрашувларида келишувга эришмадилар. Бу ҳақда АҚШ ва КХДР етакчиларининг музокаралари якунлари бўйича Оқ уй берган баёнотдан маълум бўлди. Учрашув пайшанба куни аввал белгиланган вақтдан анча олдин якунланди.

"Икки мамлакат вакиллари келажакда музокараларни давом эттирадилар " - дейилади баёнотда.

Қабул қилинган ҳужжатларни имзолаш маросимидан кейин режалаштирилган Трамп ва Кимнинг биргаликдаги тушлиги бекор қилинди. Трамп ва Ким Чен Ин музокаралар ўтказилган жойни тарк этишди.

Саммит якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Трамп баёнот бериб, КХДР етакчиси билан бўлиб ўтган музокараларда асосий муаммо Шимолий Корея томонининг ядро қуролдан воз кечиш эвазига Пхеньянга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бутунлай бекор қилиш тўғрисидаги талаби бўлди, бироқ Қўшма Штатлар бу талабга рози бўлмади.

Шу билан бирга Трамп ҳам, Давлат котиби Майк Помпео ҳам баёнот бериб, ҳамон КХДР билан эришиладиган келишув ютуқларига нисбатан "оптимизм кайфиятлари" сақланиб қолишини таъкидлашди. Помпеонинг сўзларига қараганда, бу галги саммит бу мақсадларга яқинлашишга ёрдам беради, бироқ минг афсуски, мавжуд йўлни тўлалигича босиб ўтишнинг имкони бўлмай турибди. Трамп ҳамиша бўлгани каби, ўзининг Ким билан муносабатлари яхши эканлигини ва бу муносабатлар дўстона эканлигини айтди.

АҚШ президентининг сўзларига қараганда, КХДР етакчиси унга ядро-ракета синовларини ўтказмасликка ваъда берган.

Пайшанба Трамп ва Ким ўртасидаги музокараларнинг иккинчи куни бўлди – унда асосан Пхеньяннинг ядровий қуролсизланиш масаласи муҳокама қилинди. Бугунги учрашув олдидан Трамп “тўғри келишув”га эришишда шошилмаслигини маълум қилди. Агар "алоқалар яхши бўлса, у ҳолда эзгу ишлар ҳам амалга ошади", - дея баёнот берди АҚШ президенти. Ким Чен Иннинг таъкидлашича, уларнинг учрашувини “бутун дунё” кўриб турибди, бу учрашувнинг айрим кўринишлари “фантастик фильм” сюжетларига ўхшайди.

Пайшанба кунги музокаралар учун беш соат ажратилган эди, аммо атиги уч соат давом этди. Бу АҚШ ва КХДР раҳбарларининг иккинчи саммитидир. Биринчи учрашув ўтган йилнинг июнь ойида Сингапурда бўлиб ўтган ва АҚШ томонидан бериладиган кафолат эвазига Шимолий Корея қуролсизланишига бағишланган ҳужжатнинг имзоланиши билан якунланган эди. Бироқ, кейинроқ ОАВ КХДР ядро қуроллари устида фаолиятини давом эттираётгани ҳақида маълум қилди.

Иккинчи Жаҳон урушида мингдан ортиқ яҳудийни қутқарган Оскар Шиндлернинг буюмлари ким ошди савдосига қўйилди

Оскар Шиндлер 1942 йилда тушган сурат.

Иккинчи Жаҳон уруши пайтида минг нафардан кўпроқ яҳудийни ўлимдан қутқариб қолган немис саноатчиси Оскар Шиндлер оиласига мансуб бўлган айрим буюмлар ким ошди савдосида сотиладиган бўлди.

АҚШнинг Бостон шаҳридаги RR Auction ширкатининг 27 февралда билдиришича, ким ошди савдосига Оскар Шиндлернинг 2011 йили вафот этган хотини Эмилига тегишли буюмлар қўйилади. Улар орасида Longines компаси, иккита авторучка ва Германия томонидан 1938 йилда Шиндлерга берилган медаль ҳам бор.

Компасдан Оскар ва Эмили Шиндлер 1945 йилда Германияни эгаллаётган Совет Армиясидан қочаётган пайтда йўл топиш учун фойдаланган. Медаль эса Оскар Шиндлерга Чехияда Германия фойдасига жосуслик қилгани учун берилган.

Оскар Шиндлер Адольф Гитлернинг фашистлар партиясига аъзо бўлган, шунга қарамай у Польша ва Чехияда 1200га яқин яҳудийни ўлимдан қутқариб қолган.

Оскар Шиндлер ҳақида “Шиндлер кемаси” романи ёзилган. 1993 йилда Стивен Спилберг “Шиндлер рўйхати” бадиий фильмини суратга олган.

Чехиянинг Свитави шаҳрида 1908 йилда туғилган Шиндлер Германиянинг Хиильдесхайм шаҳрида 1974 йилда вафот этган.

Қозоғистонда газ портлаши оқибатида 5 қаватли уйдаги 3та хонадон вайрон бўлди, уч одам ўлди

Қозоғистон харитасида Жамбил вилояти.

Қозоғистоннинг Жамбил вилояти маркази Тараз шаҳрида кўп қаватли уйлардаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида камида уч киши ҳалок бўлди.

Тараз расмийларининг билдиришича, портлаш беш қаватли уйнинг иккинчи қаватида 27 феврал куни эрталаб соат 6 дан 20 дақиқа ўтганда юз берган.

Портлаш оқибатида кўп қаватли уйга зарар етган. Рамий маълумотда айтилишича, биринчи қаватдан учинчи қаватгача учта хонадон вайрон бўлган. Уйда яшовчи олти нафар одам яраланган.

Мазкур уйдан 145 одам эвакуация қилинди. Дастлабки текширувларга қараганда, портлаш газ ускунасидан нотўғри фойдаланиш оқибатида юз берган.

Мисрдаги темир йўл вокзалида чиққан ёнғинда 25 одам ҳалок бўлди

Қоҳира вокзалида ҳалокатга учраган поезд.

Миср пойтахти Қоҳиранинг марказий темир йўл вокзалида юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 25 кишига етди.

Расмий маълумотда айтилишича, 27 февралда юз берган ёнғинда яна 50 нафардан кўпроқ одам турли даражадаги куйиш жароҳатларини олганлар.

Қоҳиранинг Рамзес вокзалида тўсиққа урилган йўловчи поезднинг ёнилғи баки ёрилиб кетгани оқибатида ёнғин чиққан.

Бош вазир Мустафо Мадбули поезд нима сабабдан ҳалокатга учрагани аниқ эмаслигини айтди. Бош прокуратура мазкур ҳодиса юзасидан текширув ўтказмоқда.

Ким Трамп билан учрашувда "муваффақиятга эришмоқчи" эканини айтди

27 февраль¸ Ханой. АҚШ ва Шимолий Корея раҳбарларининг иккинчи учрашуви.

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин Вьетнам пойтахи Ханойда АҚШ президенти Дональд Трамп билан ўтаётган учрашувда аниқ натижаларга эришишга ҳаракат қилишини билдирди.

-Бугун биз ёнма-ён ўтирибмиз ва бу сафарги учрашувда муваффақиятга эришамиз, деган умиддамиз. Мен мана шунга ҳаракат қиламан,-деди Ким Чен Ин Дональд Трамп билан учрашув чоғида.

Икки давлат раҳбарларининг учрашуви 27 февраль куни бошланди. Улар матбуот учун суратга тушганларидан сўнг 30 дақиқа юзма-юз суҳбатлашдилар. Шундан сўнг раҳбарлар ёрдамчилари иштирокида зиёфатда қатнашдилар. Трамп ўз Твиттер саҳифасида учрашув самарали ўтаётганидан мамнун эканини ёзди.

28 февраль куни Трамп ва Ким қўшма баёнотни имзолаши кутилмоқда. Оқ Уй мазкур баёнот моҳияти тўғрисида маълумот бермади.

Аввалроқ Трамп мазкур учрашув чоғида Ким билан Шимолий Корея ядровий қурол яратмаслиги ва бу борадаги барча тадқиқотларни тўхтатиши тўғрисида келишувга эришмоқчи эканини айтган эди.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги таранглик дунё ҳамжамиятини ташвишга солди

Покистон 27 февралда Ҳиндистоннинг икки самолётини уриб туширди.

АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Россия ядровий қуролларга эга бўлган Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги зиддият кучайиб бораётганидан ташвиш билдирди.

Пентагон 27 февраль куни мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Патрик Шанахан икки давлат ўртасидаги кескинликни юмшатиш масаласида ишлаётганини билдирди. Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могерини эса икки давлатни "ўта босиқлик"ка чақирди.

Икки давлат ўртасидаги кескинлик 14 февралда Кашмирда худкуш ўзини портлатгани оқибатида 44 нафар ҳинд полициячиси ҳалок бўлгани ортидан бошланди.

26 февраль куни Ҳиндистон армияси ўз қирувчи самолётлари Покистон ҳудудидаги "террорчилар базаси"га ҳужум қилганини билдирган. Бунга жавобан Покистон 27 февралда Кашмир ҳудудида Ҳиндистонга қарашли икки қирувчи самолётни уриб туширган.

-Бугун биз чоралар кўрдик. Бу ҳеч қандай зарар ва қурбонлар бўлмаслиги учун биз томонимиздан ишлаб чиқилган режа эди. Биз Ҳиндистонга, агар сизлар бизнинг мамлакатимизга ҳужум қилсангиз, биз ҳам сизга жавоб қайтаришга тайёрмиз демоқчи бўлдик. Ҳиндистоннинг иккита МиГ самолёти чегарамизни бузиб ўтди, биз уларни уриб туширдик,-деди Покистон Бош вазири Имрон Хон.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери икки ядровий қўшни ўртасида уч марта уруш бўлган ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.

Қозоқ полицияси Назарбоев истеъфосини сўраган намойишчиларни ҳибсга олди (ВИДЕО)

27 февраль куни Остонада Назарбоев истеъфосини талаб қилганлар полиция томонидан олиб кетилди.

Қозоғистондаги ҳукмрон Нур-Отан партиясининг Олмаота ва Остонадаги бош идораси олдида 27 февраль куни норозилик намойишига чиққанлар полиция томонидан қўлга олинди.

Ўндан ошиқ намойишчи Қозоғистоннинг 28 йиллик президенти Нурсултон Назарбоевнинг истеъфосини талаб қилди.

Намойиш иштирокчилари Назарбоев ҳукуматини оддий халқ ва камбағал оилалар эҳтиëжини писанд қилмай қўйганликда айблади.

14 февраль куни Остонада эр ва хотин тунги сменада ишлаëтган камбағал оиланинг беш боласи ëнғинда қолиб нобуд бўлганидан бери Қозоғистон бўйлаб норозилик чиқишлари кузатилмоқда.

27 февраль куни жануб-ғарбий Жанаўзен шаҳрида 9 февралдан бери норозилик тадбири ўтказаëтган маҳаллий аҳоли вакиллари билан гаплашаëтган Озодлик радиосининг икки мухбири полиция бўлинмасига олиб кетилди ва сўроқ-жавоб қилинди.

Қозоқ полицияси Озодлик мухбирларининг нега ушланганига оид саволга ҳозирча расмий жавоб бермади.

Келаси йили яна президентликка сайланиши кутилаëтган 78 яшар Нурсултон Назарбоев Нур-Отан партияси қурултойида кам таъминланган оилаларга ижтимоий ëрдам учун 790 миллион доллар маблағ ажратишни буюрганини билдирди.


У шунингдек ҳукуматга келаси уч йил ичида давлат хизматида ишловчилар турмуш тарзини яхшилаш учун 2.6 миллиард доллар маблағ ажратиш ҳақида топшириқ берди.

АҚШ ва Шимолий Корея президентларининг иккинчи саммити бошланди(ВИДЕО)

27 февраль¸ Ханой. АҚШ ва Шимолий Корея раҳбарларининг иккинчи учрашуви.

27 февраль куни Въетнам пойтахти Ханойда АҚШ президенти Дональд Трамп ва Шимолий Корея президенти Ким Чен Иннинг иккинчи юзма-юз учрашуви бошланди.

Халқаро агентликларнинг хабар қилишича¸ қарийб ярим аср давомида дипломатик муносабатга эга бўлмай келган икки давлат жорий раҳбари учрашувни қўл сиқишиш ва бир-бири шаънига илиқ сўзлар айтиш билан бошлаган.

Кечки овқат устида ўтадиган 27 февраль кунги суҳбат олдидан Трамп ва Ким Чен Ин¸ биринчи учрашувдан кейин ораларида яқин шахсий муносабат ўрнатилганини таъкидлади.

Хусусан¸ Шимолий Корея раҳбари асосан ядровий дастур муҳокамасига бағишланган иккинчи саммитнинг “бу гал муваффақиятли” бўлишига умид билдирди.

Трамп эса:

- Айримлар бу ишларнинг тезроқ қилинишини истайди. Менда қониқиш бор¸ сизда қониқиш бор. Биз қилаëтган ишимиздан бахтиëр бўлишни истаймиз. Гарчи¸ биринчи саммитни жуда катта муваффақият¸ деб билсамда¸ бу галгиси¸ ўйлашимча¸ ундан ҳам муваффақиятлироқ бўлади¸ деди жумладан.

Трамп дунëнинг энг кучли сиëсий изоляцияда яшаëтган авторитар давлати Шимолий Корея раҳбари билан 2018 йилги биринчи саммитга юқори баҳо бераëтган бир пайтда¸ унинг танқидчилар Пхенъян ядровий қурол дастуридан воз кечиш борасида бирор иш қилмаганини айтмоқда.

Майкл Коэннинг Трампга оид янги айбловларни илгари суриши кутилмоқда

Майкл Коэн узоқ муддат Трампнинг асосий "иш бажарувчиси" бўлган.

27 февраль куни АҚШ Конгрессида қасамëд остида кўрсатма бериши кутилаëтган Дональд Трампнинг собиқ шахсий адвокати ва асосий "иш бажарувчи"си Майкл Коэн президентни фош қилувчи янги маълумотларни тақдим этиши мумкин.

Айрим АҚШ нашрларига сиздирилган Коэн кўрсатмасининг ëзма нусхасида¸ айтилишича¸ Трамп Ҳиллари Клинтон обрўсига путур етказиб¸ унинг президентликка сайланиш имконини камайтирувчи электрон ëзишмаларнинг Wikileaks порталида эълон қилинишини олдиндан билган.

Шунингдек¸ конгрессменларга тақдим этилган кўрсатмаларида Коэн¸ Россия билан ҳеч қандай бизнес манфаати йўқлигини таъкидлаб турган бир пайтда¸ президентликка номзод Трампнинг Москвада кўп қаватли иншоот қуриш бўйича Россия билан музокараларни бевосита ўзи бошқарганини айтган.

Узоқ йил Трампнинг энг яқин одами бўлган Коэн¸ The New York Times газетасининг ëзишича¸ ўз ëзма кўрсатмасида АҚШ жорий президентини “ирқчи”¸ “фирибгар” ва “ëлғончи” деб атаган ва бундай иддаоларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этажагини билдирган.

Коэннинг Конгрессда берадиган гувоҳлик кўрсатмалари мазмуни матбуотда чиқиши билан Трамп¸ ўз собиқ адвокатини “қамоқ муддатини қисқартириш учун ëлғон гапираëтганлик”да айблади.

27 февраль кунги Конгресс эшитувларида Трампнинг Россия билан алоқалари бевосита муҳокама қилинмайди. Бу мавзу махсус прокурор Роберт Мюллер бошчилигидаги гуруҳ ниҳоясига етказаëтган икки йиллик текширув марказидаги саволдир.

Трамп ҳозирга қадар на ўзи ва на сайловолди кампанияси вакилларининг Россия билан ҳамкорлик қилганини мутлақ инкор этиб¸ Мюллер текширувини “алвасти ови” деб атаб келмоқда.

Россия бўйлаб мухолифатчи Борис Немцов ўлдирилганининг 4 йиллиги хотирланмоқда

АҚШнинг Россиядаги элчиси "Немцов кўприги"даги мемориал пойига гулчамбар қўймоқда. 2019 йил¸ 27 февраль.

27 февраль куни таниқли сиëсатчи¸ президент Путиннинг кескин танқидчиларидан бўлган мухолифат етакчиси Борис Немцов ўлдирилганига тўрт йил тўлди.

Шу муносабат билан Москвадаги АҚШ¸ Янги Зеландия¸ Австралия¸ Швеция ва Литва элчихоналари вакиллари Немцов отилган жойга халқ номидан ўрнатилган ëдгорлик пойига гулчамбар қўйди.

Немцов ўлими хотирланаëтган кунда АҚШ Давлат департаменти Россия ҳукуматини бу қотилликка алоқадорларнинг барчасини жазолаш ва мухолифат¸ ҳуқуқ фаоллари ҳамда мустақил журналистларнинг эркин ишлашига йўл беришга чақирди.

27 ва 28 февраль кунлари Россиянинг қатор шаҳарларида Немцов хотирасига бағишланган тадбирларнинг ўтказилиши кутилмоқда.

Путин ҳокимиятининг ашаддий танқидчиси бўлган Борис Немцов 2015 йилнинг 27 февраль тунида Кремль девори олдидаги кўприкда отиб ўлдирилган эди. Қотилликда айбланган беш нафар чеченистонлик 20 йилгача бўлган муддатга қамоққа ҳукм этилди. Ҳозирга қадар Россия Тергов қўмитаси қотиллик буюртмачисини аниқлаш жараëнини якунига етказган эмас.

Доғистон муфтияти маданий дастурларни диний цензурадан ўтказишни талаб қилди

Доғистон пойтахти Махачқала жоме масжидида жума намози.

Россиянинг Доғистон республикаси муфтияти маданий¸ хусусан¸ театр томошаларини саҳналаштиришда “диндорлар ҳис-туйғуларини инобатга олиш ва минтақада ўринлашган ахлоқ нормаларидан келиб чиқиб спектаклларга цензура ўрнатиш”ни талаб қилиб чиқди.

Бундай талабни Instragram саҳифасида ëйинлаган муфтият намояндаси Зайнулла Атаев¸ кейинги пайтларда намойиш этилаëтган театр томошалари “тақводорлар қаҳр-ғазабига дучор бўлган”ини таъкидлайди.

Айтилишича¸ муфтиятнинг эътирозига сабаб бўлган спектакль итальян драматурги Алдо Николай (1920-2004) нинг “Эркак ови” постановкасидир. 23 февраль куни Махачқалада қўйилган бу комедия қаҳрамони ўз эри эътиборсизлигидан зерикканидан¸ бошқа эркак билан ишқий муносабат бошлайди.

Муфтият¸ “яланғоч ва ярим яланғоч актëрларни саҳнага олиб чиқиб¸ уларнинг бир- бирига тегинишини кўрсатган” спектакль ижодкорларини «ўз халқи диний туйғулари билан ҳисоблашмаслик»да айблайди ва «тегишли идоралар”дан Доғистонда кўрсатиладиган нафақат театр томошалари¸ балки барча маданий дастурлар устидан диний ақидаларга асосланган цензура ўрнатишни талаб қилади.

Покистон ва Ҳиндистон бир-бирининг ҳарбий учқичини уриб туширганини айтмоқда

Ҳинд ҳарбийлари Кашмирнинг Ҳиндистон томонига қулаган учқич қолдиқларини текширмоқда.

Покистон армияси қўшни Ҳиндистон билан низоли бўлиб келаëтган Кашмир минтақасида Ҳиндистонга қарашли икки қирувчи учқични уриб туширгани ва учувчиларни қўлга олганини билдирди.

Бу баëнот ортидан Ҳиндистон армияси бир учқичининг Покистон томонидан қулатилгани ва бир учувчисининг бедараклигини тасдиқлади. Айни пайтда Деҳли томони ҳам Покистон ҳарбий учқичларидан бирини уриб туширганини қўшимча қилди.

Покистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби генерал Осиф Ғафурга кўра¸ уриб туширилгани айтилган иккала учқич ҳам икки давлат ўртасидаги чегара деб кўриладиган назорат чизиғидан Покистон томонга ўтган.

Исломобод расмийсига кўра¸ учқичлардан бири Покистон¸ иккинчиси эса¸ Ҳиндистон назоратидаги ҳудудга қулаган.

Покистон қўлга туширган ҳинд учувчиларидан бирининг жароҳатлангани ва ҳозирда ҳарбий касалхонада муолажа олаëтгани ҳам хабар қилинди.

Қўшнилар ўртасидаги ҳарбий кескинлик кучайиб кетгани ортидан иккала давлат ўз ҳаво ҳудудининг йўловчи ва тижорий учқичлар парвози учун ëпилганини билдирди.

26 февраль куни Ҳиндистон армияси ўз қирувчи учқичлари Покистон ҳудудидаги "террорчилар базаси"га ҳужум қилганини билдирган ва бунга жавобан Исломобод "ўз тоқатини тоқ қилмаслик"дан огоҳлантирган эди.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери икки ядровий қўшни ўртасида уч марта уруш юзага чиққан ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.

Эрон президенти Tашқи ишлар вазири истеъфосини рад этди

Муҳаммад Жавод Зариф 27 февраль куни президент Ҳасан Руҳоний билан учрашди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний мамлакат Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф истеъфосини "мамлакат манфаатларига қарши" дея қабул қилмади.

27 февраль куни президент расмий сайтида эълон қилинган мактубда президент Руҳоний¸ Жавод Зарифга ўзи¸ бутун исломий бошқарув¸ айниқса¸ олий руҳоний ишонишини таъкидлади.

Эрон президенти Ташқи ишлар вазиридан ўз фаолиятини "куч ва жасорат" билан давом эттиришни сўради.

Зариф истеъфоси тақдири номаълум турган 26 февраль куни Руҳоний Муҳаммад Жавод Зарифнинг вазир сифатидаги фаолиятини мақтади.

-Биласизки, Қўшма Штатлар бизнинг банк тизимимиз, нефт экспорти ва бошқа соҳаларимизга санкцияларни кенгайтириш ҳаракатини кучайтирди. Бугунги кунда бизнинг Америкага қарши асосий фронт чизиғимиз Ташқи ишлар вазирлиги, Марказий банк ва Нефть вазирлигидир,- деди президент Ҳасан Руҳоний 26 февралда сўзлаган нутқида.

Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф 26 февраль куни кутилмаганда Instagram саҳифаси орқали ўзининг истеъфога чиққанини эълон қилган эди.

Зариф¸ "иш давомида йўл қўйган камчиликлари ва бундан сўнг фаолиятини давом эттира олмаслиги" учун Эрон халқи ва раҳбариятидан узр сўради¸ аммо истеъфо сабабини очиқламади.

АҚШда таҳсил олган ва Эрон мўътадил сиëсатчиларидан саналадиган Зариф Ғарб билан 2015 йилда имзоланган ядровий келишув муаллифларидан ва унинг кўпдан аксилғарб руҳидаги ашаддий диндорлар босими остида қолгани айтилади.

Россия суди АҚШга жосусликда айбланганларни узоқ йиллик қамоққа ҳукм этди

Айбланувчилар Москва ҳарбий судида судланди.

Россия ҳарбий суди ватанга хиёнатда айбланаётган Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Сергей Михайлов ва “Касперский лабораторияси”нинг киберхавфсизлик бўйича эксперти Руслан Стояновни хориж махсус хизматларига махфий маълумотларни тақдим этганликда айбдор деб топди.

26 февраль кунги суд ҳукми билан Михайлов 22 йил, Стоянов эса 14 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Россия матбуотининг билдиришича, судланганлар АҚШ Федерал Тергов бюросига Россиядаги Chronopay тўлов тизими собиқ раҳбари Павел Врублевскийга нисбатан ўтказилган тергов ҳужжатларини сотганликда айбланиб қўлга олинган эди. Павел Врублевскийни АҚШ қатор кибержиноятларни содир этганликда гумонламоқда.

Михайлов 2016 йилнинг декабрида, Стоянов 2017 йил январида қўлга олинган. Уларга нисбатан суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтди.

Католик черкови етакчиларидан бири ўсмирларни зўрлаганликда айбдор деб топилди

Кардинал Жорж Пелла Ватиканда.

Австралияда Рим - католик черковининг энг нуфузли раҳбарларидан бири бўлган кардинал Жорж Пелла ўғил болаларни жинсий зўрлаганликда айбдор деб топилди. Жорж Пелла бачабозлик айблови билан судланган католик черковининг энг юқори лавозимли руҳонийси бўлди.

Хабарда айтилишича, Пеллага нисбатан суд ҳукми 2018 йилнинг декабрида чиқарилган. Бироқ юридик сабаблар билан фақат 2019 йилнинг 26 февралида жамоатчиликка эълон қилинди. Унга нисбатан қандай жазо берилиши март ойида маълум бўлади.

Австралия суди Пелла 1996 йилда Мельбурундаги черков хорининг иштирокчиси бўлган балоғатга етмаган икки нафар ўғил болани зўрлаганликда айбдор деб топди. Кардинал бу айбловни тан олмаслигини билдирди.

Ватикан ғазначиси бўлган 77 ёшли кардинал Пелла Ватикан иерархиясидаги учинчи шахсдир. Унга бачабозлик айблови 2018 йилнинг июнида билдирилган эди.

Сўнгги йилларда Рим-католик черкови руҳонийлари орасида жинсий зўравонлик, айниқса, бачабозлик кенг ёйилгани тўғрисидаги айбловлар Ватиканга тез-тез айтилиб турибди.

Рим папаси Франциск раислигида 21 -24 февраль кунлари Ватиканда жаҳондаги католик черковларининг барча лидерлари иштирокида руҳонийлар орасидаги бачабозликка қарши кураш чора-тадбирлари масаласида анжуман бўлиб ўтди.

Сайлов арафасида Украина президентига импичмент эълон қилиш масаласи кўтарилди

Юлия Тимошенко парламентда чиқиш қилмоқда.

Украина президентлигига номзод Юлия Тимошенко президент Петро Порошенкога нисбатан импичмент эълон қилиш ташаббусини кўтарди. Тимошенко амалдаги президентни давлатга хиёнатда айбламоқда.

Бу баёнотдан олдинроқ оммавий ахборот воситаларида Порошенко ва унга яқин одамлар ўз бойлигини ҳарбий техника учун эҳтиёт қисмларни Россиядан контрабанда қилиш йўли билан топгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлган эди.

Украинада навбатдаги президентлик сайлови 31 март куни бўлиб ўтади. Порошенко сайловолди жараёнида энг катта рейтингга эга бўлган уч номзоддан бири ҳисобланади.

Сайлов яқинлашиб қолганига қарамай, Тимошенко ўзининг парламентдаги фракцияси ва бошқалар импичмент жараёнини бошлашларини билдирди.

Туркия Россиядан S-400 мудофаа тизимини сотиб олиш қароридан воз кечмайди

S-400 ракетадан мудофаа тизими.

Туркия Россиядан S-400 ракетадан мудофаа тизимини сотиб олишдан воз кечмаслигини маълум қилди.

- S-400 масаласида баёнот беришнинг ҳожати йўқ. Бу тайёр шартнома. Туркия ҳеч қачон ўз ваъдасидан бош тортмаган. Бу принципиал масала,- деди Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Анқарада 26 февралда журналистларга.

2018 йилнинг июнь ойида Анқара Россия билан умумий қиммати 2,5 миллиард долларлик S-400 русумидаги ракетадан мудофаа тизимини сотиб олишга оид шартномани имзолаган эди.

Шундан сўнг АҚШ Давлат департаменти Туркия ҳукуматини Россиядан S-400 ракета мудофаа тизимини сотиб олиш режаси Америкадан F-35 қирувчи самолётларини харид қилишни савол остида қолдирганидан огоҳлантирди. АҚШ Конгресси эса Туркияга F-35 қирувчи самалётларини сотишни тақиқлади.

Туркия президенти Ражап Тоййип Эрдўған Вашингтонни Қўшма Штатлар пули тўлаб қўйилган F-35 қирувчи учоқларини етказиб бермаса, халқаро арбитражга мурожаат қилиш билан огоҳлантирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG