Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 19:26

Халқаро янгиликлар

Нур-Султонда журналист Светлана Глушкова иши бўйича суд бошланди

Журналист Светлана Глушкова адвокат Бауржан Азанов билан суд залида. Нур-Султон, 2019, 1 апрель.

Қозоғистон пойтахтида «Настояшчее Время» телеканали журналисти Светлана Глушкова иши бўйича маъмурий суд жараёни бошланди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва кенг жамоатчилик бу ишни ҳукумат томонидан журналистнинг ишига тўсқинлик қилиш сифатида баҳоламоқда.

Душанба куни эрталаб ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий суд биноси олдига ўнлаб фаоллар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва пойтахт аҳолиси тўпланди.

Жараён бошланишидан аввал Глушкова ҳамкасбларининг саволларига жавоб берар экан, ўзига нисбатан қўйилаётган айблар ўйлаб топилганини айтди ва полиция томонидан ўзининг ҳуқуқлари бузилгани юзасидан баёнот берди.

22 март куни полиция ходимлари уни ушлаб, полиция идорасига олиб келган эди. Журналист пойтахтдаги “Шапағат” бозоридаги ҳибсга олинишларни ёритаётган эди.

28 март куни “Чегара билмас репортёрлар” (RSF) халқаро ташкилоти Остонада «Настояшчее Время» телеканали журналисти Светлана Глушкованинг ушланишини қоралаб чиқди ва Қозоғистон хукуматига мурожаат қилиб фуқороларнинг чиқишларини ёритаётган журналистларни таъқиб қилишни бас қилишга чақирди.

Озодлик радиоси ва "Настояшчее Время" телеканали ҳам таркибий қисми бўлган “Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси” ташкилоти 22 март куни Остона ва Олмаотада мазкур ОАВ журналистларига нисбатан Қозоғистон расмийларининг ҳатти-ҳаракатларини қоралаб чиқди .

Самолёт қулаши оқибатида Россиянинг энг бой аёлларидан бири ҳалок бўлди

S7 Group авиаширкати ҳаммуассиси Наталья Филева.

Россиянинг энг бой аёлларидан бири, S7 Group авиаширкати ҳаммуассиси ва раиси Наталья Филева Германия жануби-ғарбида юз берган авиаҳалокат оқибатида вафот этди.

Авиаширкат матбуот хизмати 31 март куни тарқатган хабарда айтилишича, 55 ёшли Наталья Филева бир моторли Epic-LT самолёти бортида бўлган. Франциядан учган самолёт Германиянинг Эгельсбах шаҳридаги кичикроқ бир аэропортга қўнаётган пайтда ҳалокатга учраган.

Германия полицияси 6 ўринли самолёт бортида учувчини қўшиб ҳисоблаганда 3 нафар одам бўлганини маълум қилди. Уларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Авиаҳалокат сабаблари ҳозирча маълум эмас. Самолёт ерга урилганидан сўнг ёниб кетган. Самолёт бортида бўлган одамларнинг шахсини аниқлаш учун камида бир ҳафта керак бўлиши айтилмоқда.

Forbes журнали 2018 йилда Филевани Россиянинг энг бой тўртинчи аёли, деб эълон қилган эди. Унинг бойлиги 600 миллион долларга баҳоланган.

Рим папаси Ватиканда бачабозликка қарши қонунни имзолади

Рим папаси Франциск Ватиканда.

Рим папаси Франциск Ватиканда бачабозликка қарши ягона қонунни имзолади. Бунга қадар Ватиканда бундай қонун мавжуд эмас эди. Қонун жорий йилнинг 1 июнидан кучга киради.

12 банддан иборат қонун Ватикан ҳудудида ва унинг хориждаги дипломатик миссияларида амал қилади. Қонунга асосан, Ватикан ҳукумати болаларга тегажоқлик қилганликда ёки жинсий зўравонликда айбланган барча руҳонийларни ва ходимларни лавозимидан бўшатади.

Бундан ташқари руҳонийлар ва ходимлар томонидан жинсий зўравонликка учраганлардан шикоятларни қабул қилиш тартиби ўрнатилади.

Қонунда Ватикан ишга олаётган ҳар бир одамнинг ўтмиши ўта диққат билан ўрганилиши шартлиги ҳам таъкидланган.

Рим папаси Франциск раислигида 21 -24 февраль кунлари Ватиканда жаҳондаги католик черковларининг барча лидерлари иштирокида руҳонийлар орасидаги бачабозликка қарши кураш чора-тадбирлари масаласида анжуман бўлиб ўтди. Папа мазкур йиғилишда бачабозликка қарши қонунни қабул қилишга ваъда берган эди.

Сўнгги йилларда Рим-католик черкови руҳонийлари орасида жинсий зўравонлик, айниқса, бачабозлик кенг ёйилгани тўғрисидаги айбловлар Ватиканга тез-тез айтилиб турибди.

Февраль ойининг охирларида Австралияда Рим - католик черковининг энг нуфузли раҳбарларидан бири бўлган кардинал Жорж Пелла ўғил болаларни жинсий зўрлаганликда айбдор деб топилди.

Март ойида Француз суди Лион католик черкови архиепископи, кардинал Филипп Барбаренни бачабоз руҳонийлардан бири болаларни зўрлагани тўғрисидаги маълумотни полициядан яширгани учун олти ой шартли қамоққа ҳукм қилди.

Аввалроқ сўнгги 30 йил ичида Польшада 400га яқин руҳоний томонидан 600га яқин бола зўрлангани аниқланган. 2018 йил августида АҚШнинг Пенсильвания штати Ҳакамлар коллегияси 1950 йилдан бошлаб то шу кунгача католик черковининг 300 нафар руҳонийси штатнинг 6та епархиясида бир минг нафардан кўпроқ болаларни жинсий алоқа қилиб зўрлагани тўғрисидаги ҳужжатни эълон қилган эди.

АҚШнинг Иллинойс штатида эса ўн йилда 700 нафар католик руҳоний бачабозлик қилгани аниқланди.

Араб давлатлари лигаси Исроил Ғўлон тепаликларини босиб олган деб ҳисоблашда давом этади

Араб давлатлари лигаси Бош котиби Аҳмад Абул Ғайт.

Араб давлатлари лигасининг Тунисда 31 март куни якунланган саммитида АҚШ Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди сифатида тан олганига норозилик билдирилди.

-Халқаро ҳамжамиятга чақириқни кучайтириш ва БМТ Хавфсизлик кенгашидаги Араб давлатлари вакилига Халқаро Суднинг юридик хулосаси билан биргаликда АҚШ қарори ноқонуний экани тўғрисидаги резолюция лойиҳасини тақдим этишга кўрсатма бериш тўғрисида қарор қабул қилинди, - деди Араб давлатлари лигаси Бош котиби Аҳмад Абул Ғайт.

Араб давлатлари лигаси Ғўлон тепаликлари Сурия ҳудуди эканини тан олишда давом этади.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга қарашли 1800 квадрат километрли Ғўлон тепаликларини босиб олган эди. 1981 йилда Исроил Ғўлон тепаликларини аннексия қилганини расман билдирган. Халқаро ҳамжамият бу аннексияни тан олган эмас.

Шунга қарамай, президент Дональд Трамп 25 март куни АҚШ Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди деб тан олиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Эрдўғоннинг партияси Анқара ва Измир мэрлигига ўтказилган сайловда мағлуб бўлди

Туркия. Сайлов участкасида овозларни санаш жараёни.

Туркия президенти Режаб Тоййип Эрдўғон 31 март куни ўтган маҳаллий сайловларда ўзининг исломий АК партияси ғалаба қилганини эълон қилди. Бироқ мазкур партия иккита катта шаҳарда мағлубиятга учради.

-Ҳар бир ғалаба ва ҳар бир мағлубият халқимизнинг хоҳиш иродасидир. Биз бу фактни демократиянинг узвий хосиласи сифатида қабул қилишимиз шарт, - деди Эрдўғон.

Расмий маълумотда айтилишича, овозларнинг 90 фоизи санаб бўлинган ҳолатга қараганда, АК партиясини сайловчиларнинг 45 фоизи қўллаб-қувватлаган.

Республика халқ партияси эса 30 фоиз овоз олиб иккинчи ўринни эгаллади. Бироқ мазкур партия Анқара ва Измир мэрлигига бўлган сайловда ғолиб чиқди.

Истамбул мэрлигига сайловда эса бирорта партия вакили етарли овоз ололган эмас.

Украина президентлигига сайловда қизиқчи Зеленский олдинда бормоқда

Зеленский сайловда овоз бермоқда.

Украинада 31 март куни ўтказилган президентлик сайловида, экзит-пол натижаларига қараганда, қизиқчи Владимир Зеленский олдинда бормоқда. Экзит-полда Зеленский 30,4 фоизга яқин овоз олгани тахмин қилинмоқда.

Марказий сайлов комиссияси овозларнинг 10 фоизи санаб бўлинган пайтда эълон қилган маълумотларга қараганда, Зеленский 28,8 фоиз, амалдаги президент Петро Порошенко 17, 2 фоиз, “Баткившчина” партияси лидери Юлия Тимошенко 14,2 фоиз овоз олган.

Зеленский сайловнинг биринчи босқичида ғалаба қилиши башорат қилинаётгани муносабати билан берган интервьюсида:

-Сайловнинг иккинчи босқичида ким билан рақобатлашишим менга барибир. Худога шукурки, бу масалани мен эмас, Украина халқи ҳал қилади, -деб айтди.

Украинадаги президентлик сайловида 39 киши номзод сифатида иштирок этди.

Сайловнинг расмий натижалари 10 апрелгача эълон қилинади. 21 апрель куни эса сайловнинг иккинчи босқичи ўтказилади. Украинага президентлигига ким сайлангани 1 май куни аниқ бўлади.

Генерал Дўстум навбатдаги суиқасддан омон қолди

Афғонистоннинг мунозарали вице-президенти Абдурашид Дўстум ўз автоколоннасига қилинган ҳужумда омон қолди. Афғонистон полициясининг маълум қилишича, толиблар амалга оширган ҳужумда Дўстумнинг тансоқчиларидан бири ўлган.

Полиция матбуот котиби 30 март куни Мозори-Шарифдан Жўзжон вилоятида элтувчи йўлда генерал Дўстумни олиб кетаётган автоколоннага ҳужум бўлганини айтди.

Twitter тармоғида толиблар матбуот котиби ҳужумни гуруҳ жангарилари амалга оширгани ҳақида ёзар экан, Дўстумнинг тўрт тансоқчиси ҳалок бўлганини иддао қилди.

Бундан саккиз ой аввал Дўстум Кобул аэропортидан чиқиб кетганидан кейин, худкуш ҳужумчи ўзини портлатиб юборган эди. Портлашдан бир неча дақиқа олдин бир йил вақтини қувғинда ўтказган Дўстум Туркиядан ватанига қайтиб келган эди. Ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи ўз бўйнига олди.

Генерал Дўстум 2017 йилнинг май ойида сиёсий рақиби Аҳмад Ишчи ўғирлаб кетилиб, зўрланишига алоқадорликда гумон қилиниб, мамлакатни тарк этганди. Этник ўзбек бўлган Дўстум бу айбловларни рад этиб келади.

ЕИ Россияни Қрим татарларига тазйиқ ўтказишни бас қилишга чорлади

Европа Иттифоқи Россия расмийларини аннексия қилинган Қримда татарларга тазйиқ ўтказишни бас қилишга чорлади.

29 март куни Симферополь шаҳрининг Россия бошқарувидаги суди 27 мартдан бери 23 нафар Қрим татари қўлга олиниб, 15 майгача тергов изоляторига қамалганини маълум қилди. Уларга ман этилган ”Ҳизб ут-Таҳрир” исломий гуруҳига аъзо бўлиш айблови қўйилган.

30 март куни ЕИ матбуот котиби эълон қилган билдирувда иттифоқ “ноқонуний тарзда қўлга олинган украиналикларни зудлик билан озод этилишини” кутиши айтилади.

Россия Қримни 2014 йилда аннексия қилиб олганидан бери Россия расмийлари 31 нафар Қрим татарини “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзо бўлишда айблаб, судлади.

Жорий йилнинг февраль ойида Федерал хавфсизлик хизматининг яриморолдаги бўлими саккиз нафар шахсни Қримда ҳокимиятни эгаллаб олишни режалаштиришда айблаб қўлга олди.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган “Ҳизб ут-Таҳрир” барча мусулмонларни бирлаштириб, халифалик тузишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Гуруҳ Украинада қонуний тарзда фаолият олиб бориши мумкин. Аммо 2003 йил Россия олий суди гуруҳ қўлловчиларини экстремистлар деб атаб, гуруҳ фаолиятини мамлакатда ман этган.

Ғарб давлатлари Россияни Қримда татарлар ҳамда Москва агрессиясини танқид қилган бошқа гуруҳларни тазйиқ остига олаётгани учун кескин қоралаб келади.

Украина президент сайловида 39 минг ҳарбий хавфсизликни сақламоқда

Киевда президентлик сайлови, 31 март, 2019 йил

Украинада президент сайлови учун ҳозирланган 30 мингдан ортиқ участка маҳаллий вақт билан эрталабки соат 8 да очилди.

Аннексия қилиб олинган Қрим ҳамда россияпараст сепаратчилар назорати остидаги Донецк ва Луганскда сайлов бўлмаётир.

Ижтимоий сўровларга кўра, жами 39 номзод ичида 3 киши- амалдаги президент Петро Порошенко, собиқ бош вазир Юлия Тимошенко ҳамда актёр ва қизиқчи Владимир Зеленский олдинда бормоқда.

Эрталабдан очилган сайлов участкаларидаги хавфсизликни мамлакат қуролли кучларининг 39 минг аскари қўриқлаётгани хабар қилинди.

Эрталабки илк соатлар тинч ўтгани, сайловчиларнинг фаоллиги юқори экани айтилмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, маҳаллий вақт билан соат 11га қадар сайловчиларнинг 16 фоизи овоз бериб бўлган.

72 давлатда сайлов участкалари очилган, аммо Россияда йўқ.

Сайловни 19 халқаро ташкилот ва 17 давлатдан борган 2 мингдан ортиқ кузатувчи кузатмоқда. Аммо, булар орасида ҳам Россия вакиллари йўқ.

Amazon: Саудияликлар Жефф Безос телефонидан шахсий маълумот ўғирлаган

Iиркат директори Жефф Безос

Amazon ширкати ёллаган хавфсизлик терговчиси Гэвин де Беккер Саудия Арабистони расмийлари ширкат директори Жефф Безоснинг телефонига ҳакерлик ҳужумини уюштириб, шахсий маълумотларни қўлга киритганини даъво қилди.

Беккернинг 30 март куни The Daily Beast сайтида эълон қилинган мақоласида “терговчиларимиз ҳамда бир неча мутахассис катта ишонч билан саудияликлар Безос телефонига кириб, шахсий маълумотларни қўлга киритганини хулоса қилди”, дейилади.

Безоснинг шахсий суратлари ёйинланишини ўрганиш учун ёлланган Беккер ҳакерлик ҳужуми The Washington Post газетаси саудиялик журналист Жамол Хашоггининг Истанбулда Саудия консулхонасида ўлдирилганини кенг ёритганидан олинган қасос бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Дунёдаги энг бадавлат одам ҳисобланувчи Безос ушбу газетага эгалик қилади.

Жамол Хашоггининг жасади Истанбулдаги консуллик биносида майдаланган тарзда йўқ қилинган ва буни Саудия Арабистони қилгани хабар қилинган.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон (лақаби МБС) қотилликни буюртирганини рад этиб келади.

“Шубҳасиз, МБС The Washington Post нашрини ўзига катта душман, деб билади”, дейилади Беккер мақоласида.

Facebook зўравонлик тарғиботи олдини олиш учун жонли эфирни чеклаши мумкин

Янги Зеландияда масжидларга қилинган қуролли ҳужумдан икки ҳафта ўтиб Facebook ширкати жонли эфирни чеклаш масаласи кўрилаётганини маълум қилди.

Мақсад зўравонлик тарғиб этилиши олдини олиш экани айтилмоқда.

Янги Зеландиянинг Крайсчорч шаҳридаги масжидга ҳудумда 50 одам ҳалок бўлган эди.

Ҳужум видеоси тармоқда тўғридан-тўғри намойиш этилганди.

Facebookда тўғридан-тўғри намойиш этилган видеоси олиб ташланишидан олдин у 4000 марта фойдаланувчилар томонидан кўрилгани аниқланган.

Фожеадан сўнг Facebook танқидлар остида қолганди.

Германияда террорчиликда гумонланиб 10 киши қўлга олинди, бир нафари тожикистонлик

Германия полицияси мамлакат ғарбида террор ҳужумини режалаганликда гумонланиб 10 одам ҳибсга олинганини маълум қилди.

Эссен, Дюсселдорф, Улм ва бошқа шаҳарларда қўлга олинган гумонланувчиларнинг исмлари ва қайси давлат ватандошлари ҳамда миллати ҳақида маълумот йўқ.

DPA агентлиги қўлга олинганлардан бир нафари Тожикистон фуқароси экани ҳақида хабар берди.

Дюсселдорф шаҳри полицияси вакилининг 30 март куни айтишича, гумонланувчиларнинг "Ислом давлати" террор гуруҳига алоқадорлиги ўрганилмоқда.

Британия парламенти ЕИдан чиқиш келишимини учинчи бор рад этди

Британия парламенти Европа Иттифоқи таркибидан чиқиш бўйича келишимни учинчи бор рад этди.

Энди Британия 12 апрел куни ЕИни келишувларсиз тарк этиш хавфи остида қолди. Бу эса мамлакат иқтисоди учун оғриқли бўлиши мумкин.

"Биз Европа Иттифоқидан ташкиллаштирилган холатда чиқиш бўйича бир тўхтамга кела олмадик", деди Британия Бош вазири Тереза Мей.

Парламент вакиллар палатасидаги 344 депутат келишимга қарши овоз берган, 286 депутат қўллаб қувватлаган.

​Агар парламент келишимни ёқласа Британия 22 май куни ЕИни тарк этиши керак эди.

Энди британиялик сиёсатчилар 12 апрел кунигача қачон ва қандай қилиб мамлакатни ЕИдан чиқаришни келиб олишлари керак.

Хитой Қозоғистонга Шинжон-Уйғур мухториятида экстремизмга қарши курашни “қўллаб келаётгани” учун миннатдорчилик билдирди

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Бейбут Атамқулов хитойлик ҳамкасби Ван И билан. Пекин, 2019, 28 март.

Хитой Шинжон-Уйғур мухториятида амалга ошираётган тадбирларини “қўллаб келаётгани” учун Қозоғистонга миннатдорчилик билдирди.

28 март куни Хитой ташқи ишлар вазири Ван И қозоғистонлик ҳамкасби Бейбут Атамқулов билан Пекинда учрашди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баённомага кўра, Атамқулов ўз мамлакати ”Хитойнинг Шинжон-Уйғур ҳудудида терроризм, сепаратизм ҳамда экстремизмга қарши курашиш мақсадида кўрилаётган чораларни қўллашини” айтган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг Атамқулов ташрифи ҳақидаги билдирувида эса Шинжон-Уйғур мухторияти ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Аммо вазирликнинг 28 март куни эълон қилинган билдирувида икки вазир Хитойда яшаётган этник қозоқлар масалаларини муҳокама қилгани айтилади.

Хитойнинг ғарбида жойлашган Шинжон-Уйғур мухториятида мамлакат расмийлари маҳаллий этник гуруҳлар, жумладан, қозоқлар ҳуқуқларини бузиб келаётган айтилади. Хусусан, халқаро ҳамжамият Хитойни уйғур, қозоқ ва бошқа мусулмон гуруҳларни "қайта тарбиялаш лагерлари" аталмиш муассасаларга жойлаштиргани учун кескин қоралаб келади.

Ўтган йилда бир гуруҳ БМТ экспертлари эълон қилган ҳисоботда бир миллионга яқин одам “аксилтерроризм марказлари”да ушлаб турилгани айтилади. Бундан ташқари, ҳисоботда миллионлаб бошқа одам “қайта тарбиялаш лагерлари”га қамалаётгани эътироф этилган.

Хитой расмийлари бу марказлар қамоқ лагерлари эмас, балки аҳолини терроризмдан сақлашни кўзловчи “касб-ҳунар ва таълим марказлари” эканлигини таъкидлаб келади.

Шинжон-Уйғур мухториятида уйғурлар билан бир қаторда қозоқлар, қирғизлар, тожиклар ҳамда дунганлар яшайди.

Россия расмийси бокс Олимпиада дастурида қолдирилиши учун AIBAнинг қарзини тўламоқчи

Бразилия. Ўзбекистонлик Шаҳобиддин Зоировнинг (қизилда) россиялик Миша Алоян билан жанги. Rio 2016 Oлимпиадаси, 2016 йилининг 21 августи.

Россия расмийси бокс спорти 2020 йилги Токио олимпиадаси дастурида қолдириладиган бўлса, Халқаро бокс ассоциациясининг (AIBA) 16 миллион доллар қарзини тўлашни таклиф қилди.

Бу ҳақда AIBA ижроия қўмитаси аъзоси Умар Кремлёв Халқаро Олимпия қўмитасига (ХОҚ) юборган расмий хатдан маълум бўлди.

AIBA ҳаваскор боксни бошқарувчи ташкилот бўлиб, унинг қароргоҳи Швейцарияда жойлашган. AIBA президенти бўлиш нияти борлигини изҳор қилган Кремлёв мактубида “севимли спортимиз олимпиада дастурида қолдириладиган бўлса, AIBAнинг қарзларини тўлашга тайёрман”, дейилади.

AIBA кейинги йилларда қатор муаммоларда дучор бўлди. ХОҚ ассоциацияни ўз молиявий ва бошқарув фаолиятини тартибга келтиришга ва допинг билан боғлиқ хавотирларни бартараф қилишга чорлаб келади.

АҚШ Молия вазирлиги томонидан халқаро наркогуруҳларга алоқадор шахс сифатида қора рўйхатга киритилган ўзбекистонлик Ғафур Раҳимовнинг AIBA президенти этиб сайланишига жавобан ХОҚ 2018 йилнинг 30 ноябрь куни боксни 2020 йилги олимпиада ўйинлари дастурига киритиш-киритмаслик бўйича қарор беришни тўхтатиб қўйган.

Ғафур Раҳимов AIBA президенти лавозимидан истеъфо берди. Раҳимовнинг бу ҳақдаги баёноти ташкилотнинг расмий сайтида 22 март куни эълон қилинди.

AIBAнинг навбатдаги олимпиада ўйинларидаги тақдири бўйича якуний қарор 22 май куни эълон қилиниши кутилмоқда.

АҚШ расмийси Малайзия, Сингапур ва Ҳиндистон расмийларини Эронга қарши босим ўтказишга чорлайди

АҚШ молия вазирининг Терроризм ҳамда молиявий разведка бўйича ўринбосари Сигал Манделькер.

АҚШ молия вазирининг Терроризм ҳамда молиявий разведка бўйича ўринбосари Сигал Манделькер Осиёга хизмат сафари давомида Эронга босимни кучайтиришга чорлашни режалаштирмоқда.

29 март куни Манделькер Сингапурда туриб Малайзия, Сингапур ҳамда Ҳиндистон расмийлари билан учрашувлар давомида Теҳрон билан ҳамкорлик қилиш билан боғлиқ хавфларга урғу беришини таъкидлади.

АҚШ Молия вазирлиги Эроннинг нефть экспортлари кўламини нолга туширишни истайди. Бу мақсадга эришиш учун Эрон нефти импорти кўламини озайтирмаганларга қарши санкциялар жорий қилинади. Бу орада Вашингтон йирик иқтисодий муаммолар олдини олиш учун бир неча давлатга вақтинча имтиёз берди.

Манделькер Эроннинг ядровий дастурига алоқадор олимлар ҳамда агентликларга қарши чоралар кўрилаётганини айтар экан,

- Эронни халқаро ҳамжамият учун радиоактив давлатга айлантиряпмиз, - деди.

26 март куни Вашингтон АҚШ санкцияларига зид равишда Эрон Инқилобий гвардияси ҳамда Эрон Мудофаа вазирлигига бир миллиард доллардан ошиқ маблағ ўтказилишига йўл очиб берган йирик тармоқ барбод қилинганини эълон қилди.

АҚШ Қримда қамоққа олинган қрим татарларни озод қилишга чақирди

АҚШ Давлат Департаменти Россия расмийларининг Россия Федерациясида фаолияти таъқиқланган “Ҳизбут-таҳрир” га алоқадорлик гумони билан босиб олинган Қримда 23 фуқаро қўлга олинганини қоралади.

АҚШ Россияни зудлик билан ҳибсга олинган қрим татарларини, шунингдек, бошқа “адолатсиз равишда қамоққа ташланган украинлар”ни озод қилишга чақиради, деди Давлат Департаменти раҳбари ўринбосари Роберт Палладино.

28 март куни Россия назорати остидаги Симферополнинг Киев туман суди 15 майгача 23 нафар қрим татар фаолини Россия Олий суди томонидан 2003 йилда террорчи ташкилот сифатида тан олинган исломий "Ҳизбут-таҳрир" партиясига алоқадорлик гумони билан қамоққа олди. Украинада унинг фаолияти тақиқланмаган.

Бир кун илгари Россия ФХХ, ИИВ ва Росгвардия ходимлари босиб олинган Қримнинг бир неча аҳоли пунктларида террорчилик гуруҳида иштирок этиш ва фаолиятни ташкиллаштириш тўғрисидаги жиноий иш бўйича қрим татарлар уйларида тинтув ва ҳибсларни ўтказди. Қўлга олинган қрим татарлар — “Қрим бирдамлиги” ҳуқуқ ташкилотининг фаоллари бўлиб, уларнинг кўпчилиги оддий журналистлардир.

2014 йил Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан бери ташкилот ишида иштирок этиш айби билан 55 нафар мусулмон қамоққа олинди. Уларнинг кўпчилиги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ҳаракати томонидан сиёсий маҳбуслар деб тан олинган.

Туркманистон почтаси Россияга посилка қабул қилишни тўхтатди

Ашхобод почта бўлинмалари 27 мартдан бошлаб Россияга юбориладиган жўнатмаларни қабул қилишни вақтинчалик тўхтатган. Бу ҳақда Озодликнинг Туркманистон пойтахтидаги мухбирлари хабар қилади.

“Туркманпочта” бош маъмурий қароргоҳи Туркманистондан Россияга жўнатмалар юборилиши тўхтатилганини тасдиқлади. Телефон орқали жавоб берган ходим бу тартиб бир ой давом этиши кўзда тутилаётганини айтган, бироқ бунинг сабабини тушунтирмаган.

Россия томони ахборотига кўра, Туркманистон томонидан фақат EMSнинг экспресс-жўнатмаларини қабул қилиш тўхтатилган. Бунинг сабаби туркман томони қарздорлигидир. “Албатта, Россия Почтаси томонидан ушбу масалани ҳал этиш бўйича бир қатор уринишлардан сўнг EMS Кооперативи доирасидаги операторлараро ҳисоб-китобларда туркман томонининг қарздорлиги муносабати билан Туркманистондан EMS экспресс-жўнатмаларини қабул қилиш тўхтатилди. Экспресс-жўнатмаларни қабул қилиш қарздорлик узилгандан сўнг қайта тикланади”, дея маълум қилди “Россия Почтаси” матбуот хизмати Озодлик Радиосига.

“Россия Почтаси” матбуот хизмати вакили Екатерина Крудовага кўра, Жаҳон почта алоқаси доирасидаги почта жўнатмаларини (майда пакетлар, хатлар ва посилкалар) юбориш одатий режимда давом этмоқда.

Озодликнинг Туркманистондаги манбаси ҳам Туркманистондан Россияга жўнатмаларнинг тўхтатилиши сабаби қарздорлик эканлигини билдирган.
Туркманистон почта бўлинмалари мижозларга Россияга жўнатмалар нега қабул қилинмаётгани юзасидан изоҳ бераётгани йўқ, айрим пайтларда жўнатмалар учун сарфланган харажатлар ҳам қоплаб берилмаяпти.

Туркманистонда почта хизмати “Туркманпочта”давлат почта алоқаси бўлинмалари ва EMS халқаро экспресс почта хизмати томонидан кўрсатиб келинади.

Тожикистоннинг Сангвор туманида кўчки 10 та уйни вайрон қилди

Тожикистон шарқидаги Сангвор туманида рўй берган қор кўчкиси оқибатида ўнта уй вайрон бўлган. Маҳаллий расмийларга кўра, чорва моллари, асалари уялари ва томорқа ерларига шикаст етган.

28 мартга ўтар кечаси кўчган қор кўчкиси Дараи Ҳайрон қишлоғидаги йўллар ва электр тармоқларига талафот етказган. Қишлоқда яшовчи Али Сафаров оиласини Худо асраганини айтади: кўчки уларнинг молхонасини босиб қолган, холос. “Лекин биз 17 бош сигирдан айрилдик. Тоғ қишлоғида яшовчи биз каби одамлар учун бу катта йўқотиш. Табиий офат оқибатида 100 дан зиёд қорамол нобуд бўлганини аниқладик”, дейди Али Сафаров.

“Афсуски, мамлакат туманларидан бирида ота-оналарнинг хавфсизлик қоидаларига риоя этмагани ва лоқайдлиги боис ёғингарчиликлар туфайли каналларнинг қишлоқлар яқинидаги қирғоқ чизиқлари ювилиши оқибатида икки ёшли қиз чўкиб кетган”, дейилади Фавқулодда вазиятлар қўмитаси ёйинлаган баёнотда.

Сел оқибатида Тожикистоннинг Ховалинг тумани Шуғнов қишлоқ кенгашидаги Даштирубоб ва Сияҳфарк қишлоқлари ўртасидаги кўприк бузилиб кетган. Оқим Ховалингдаги “Гули Мурод” олтин қазиб чиқариш корхонасига ҳам шикаст етказган.

Тўқаевнинг илк хорижий сафари Москвага бўлади

Қосимжўмарт Тўқаев.

Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаев 3 апрель куни расмий ташриф билан Россияга боради.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Оқўрда матбуот хизматига кўра, Тўқаев “сафар дастурининг асосий банди” Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар олиб боришдан иборатдир.

“Икки давлат раҳбарлари учрашуви кун тартибидан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро мавзулар жой олган”, дейилади хабарномада.

Ташриф якунида икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режаланган.

Венесуэла: Гуайдога сайлов йўли билан тайинланадиган вазифаларда ишлаш тақиқланди

Хуан Гуайдо.

Венесуэла Бош назорат бошқармаси мухолифат етакчиси Хуан Гуайдонинг парламент спикери лавозимидан четлатилганини билдирди. Унга 15 йил давомида сайлов йўли билан тайинланадиган вазифаларда ишлаш тақиқланди. Бу ҳақда Венесуэла Бош назорат бошқармаси раҳбари Элвис Аморосо маълум қилди.

Reuters агентлигининг Аморосо сўзларидан иқтибос келтиришича, Гуайдонинг харажатлари сиёсатчининг даромадларига оид декларациясига тўғри келмаяпти.

Гуайдо Бош назорат бошқармаси томонидан ёйинланган декрет “қонуний кучга эга эмас”, деб ҳисоблайди. Сиёсатчи Венесуэла президенти Николас Мадурога қарши курашини “кўчаларда” давом эттириш ниятида эканини билдирди. Гуайдо Twitter микроблогидаги ўз саҳифаси орқали 6 апрелдан Венесуэлада Мадурони ағдаришга қаратилган “Озодлик амалиёти” бошланишини маълум қилди.

Жорий йил бошида парламент спикери Хуан Гуайдо Николас Мадуро ҳокимияти нолегитим эканлигини айтиб, ўзини мамлакатнинг вақтинча президенти деб эълон қилганди. Уни жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, АҚШ, Бразилия, Европа Иттифоқи ва Лотин Америкасидаги кўп мамлакатлар тан олишди. Бироқ президент Мадуро давлат органлари устидаги назоратни сақлаб турибди. Уни Россия, Хитой ва Куба қўллаб-қувватламоқда.

Қозоғистонда ҳарбий вертолëт қулаши оқибатида 13 одам нобуд бўлди

Mi-8 вертолëти.

Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг билдиришича¸ 27 март куни жанубий Қозоғистон области ҳудудида ҳарбий вертолëт ҳалокатга учраган ва унинг бортидаги 13 ҳарбийнинг барчаси нобуд бўлган.

Россияда ишлаб чиқарилган Mi-8 вертолëти Каспий денгизи соҳилидаги Ақтау шаҳридан Ўзбекистонга туташ Чимкент яқинидаги трейнинг базасига учиб келаëтган гуруҳда бўлган.

Қозоғистон президенти Қосимжўмарт Тўқаев ҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича ҳукумат комиссияси тузишга буйруқ берди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра¸ Шавкат Мирзиёев мазкур ҳалокат муносабати билан қозоғистонлик ҳамкасбига таъзия билдирган.

Путиннинг Бишкек сафари давомида Россия ҳарбий базаси ҳудудини кенгайтиришга оид ҳужжат имзоланди

Кант аэропорти 2003 йилдан бери Россия ҳарбийлари ихтиëрига топширилган.

Россия президенти Владимир Путиннинг 28 март куни Бишкекка қилган бир кунлик сафари давомида Кант шаҳридаги Россия ҳарбий базаси ҳудудини 60 гектарга кенгайтиришга оид протокол имзоланди.

Расман эълон қилинган протоколга кўра¸ Кант базаси учун тўланадиган йиллик ижара нархи 4.5 миллион доллардан 4.79 миллион долларга оширилган.

Қирғизистон қуролли кучлари бош штаби раҳбари Раимберди Дуйшенбиев мухбирларга протоколга кўра Кант аэропортининг учиш йўлаклари ҳам модернизация қилинишини билдирди.

Мазкур протокол кучга кириши учун иккала давлат томонидан ратификация қилиниши керак.

Россия Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида 2003 йили Кантда ўз ҳарбий базасини очган.

Айни пайтда¸ Қирғизистонда Россиянинг бошқа ҳарбий муассасалари¸ хусусан¸ Иссиқкўлда ҳарбий-денгиз кучлари базаси¸ Мойлисуда сейсмология маркази ¸ қирғиз-қозоқ чегарасидаги Чалдибар шаҳарчасида эса¸ коммуникация маркази бор.

2012 йили тўртала объект Россия қўшма ҳарбий базаси номи остига бирлаштирилган.

Ўтган ой Бишкекка келган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров¸ Москва Қирғизистонда яна бир ҳарбий база очиш режасида эканини билдирган эди.

Бишкек расмийлари Путин ташрифи давомида жами қиммати 12 миллиард АҚШ долларига тенг 65 та икки томонлама келишув имзоланишини билдирди.

Террорчиликда айбланаëтган ўшлик ака-ука оиласи Путинга мурожаат қилди

Азимовларнинг қўлга олиниши акс этган видео Россия хавфсизлик хизамти томонидан жамоатчиликка эълон қилинган эди.

2017 йилнинг 3 март куни Санкт-Петербург метросидаги террор ҳужумини амалга оширганликда гумонланаётган қирғизистонлик ака-ука Акром ва Аброр Азимовларнинг ота-онаси Россия президенти Владимир Путиндан фарзандлари устидан маҳкаманинг адолатли ўтишига ёрдам беришни сўради.

Ўшлик ота-она Россия элчихонасига 28 март куни Қирғизистонга келган Путинга ëзилган мактубни топширган ва унда ўғиллари тергов давомида қийноққа солинган ва ўзлари ëзмаган иқрорномага мажбуран қўл қўйдирилганини ëзган.

Ўшда журналистлар билан гаплашган Азимовлар ота-онаси¸ ўз фарзандларининг туҳматга учрагани ва бегуноҳлигини иддао қилган.

Санкт-Петербург метросидаги портлаш оқибатида 15 одам ўлган ва 50 нафарга яқини жароҳатланган эди. Ҳозирча бу ҳужум учун масъулиятни бирор гуруҳ зиммасига олмаган.

Россия хавфсизлик хизмати тергов давомида “терактни Қирғизистонда туғилган, Россия фуқароси, 22 ёшли Акбаржон Жалилов уюштиргани”ни билдирган.

Бу хуружни уюштиришда ëрдам берганликда айбланаëтган ўшлик Акбар ва Аброр Азимовлар 2017 йил 19 апрель куни ҳибсга олинган.

Террорчиликда айбланаëтган ака-ука устидан маҳкама жорий йил 25 февралида бошланди. Кейинги суд мажлисининг 2 апрель куни Санкт-Петербургда бўлиши кутилмоқда.

Ўртаер денгизида мигрантлар ўзларини қутқарган денгизчилар кемасини эгаллаб олишди

Иллюстратив сурат.

Италия ички ишлар вазири Матео Сальвини 120 чоғли муҳожир Ливия соҳилидан унча узоқ бўлмаган жойда ўзларини қутқариб қолган Туркия юк кемасини эгаллаб олганини маълум қилди. Кема ҳозирда Италия ёки Мальта қирғоқларини кўзлаб ҳаракатланмоқда. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар қилади.

Мигрантлар ҳаракатини “қароқчилик” деб атаган Сальвини олиб қочилган кема Италия ҳудудий сувларига киритилмаслигини билдирди. Италия нашрларининг хабар қилишича, кема денгиздан қутқарилган муҳожирларни тушириш учун Ливия соҳилига кетаётган бўлган, бироқ қирғоққа 10 километрча қолганида мигрантлар кемани эгаллаб олишган ва танкер экипажини Европага қараб сузишга мажбур қилишган.

Мальта ҳарбий-денгиз флотининг масъулларидан бирига кўра, кема ҳаракати муттасил кузатиб борилмоқда, Мальта танкерни ўз ҳудудига қўймоқчи эмас.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра, Ливия соҳил қўриқчилари томонидан тутилган ёки Ливияда тушириб қолдирилган мигрантлар вақтинча сақлаш марказларига жойлаштирилади ва бу марказларда улар турли зўравонликларга дучор қилинадилар.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG