Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 19:38

Халқаро янгиликлар

Лондон суди WikiLeaks асосичисини 50 ҳафтага қамаш ҳақида ҳукм чиқарди

Лондонда суд WikiLeaks лойиҳаси асосчиси Жулиан Ассанжни 2012 йилда судга келмагани учун 50 ҳафта қамоққа ҳукм этди.

Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Швецияда жинсий зўравонликда айбланган Ассанж 2010 йилда Лондонда ҳибсга олинган ва гаров эвазига қўйиб юборилганди.

2012 йилда у Эквадор элчихонасига кириб олди ва шу тариқа суднинг гаров эвазига очиқда юриш шартини бузди.

2019 йил апрелига қадар айни элчихонада яшаган Жуллиан Ассанжга Эквадор бошпана беришдан бош тортди ва уни Британия полициясига топширди.

Пайшанба куни Лондон суди 47 яшар Ассанжни АҚШга экстрадиция қилиш масаласини кўриб чиқади.

Қўшма Штатларда уни махфий маълумотларни олиш мақсадида Пентагон компютерларини бузган пиёда аскар Челси Мэннингга ёрдам беришда айбланмоқда.

Бу жиноят учун Жулиан Ассанж Қўшма Штатларда беш йилгача қамалиши мумкин.

Ироқда бўлган 84 тожик болакайи Душанбега келтирилди

Тожикистон ҳукумати 84 болакайни Ироқдан махсус учоқда Душанбега олиб келди.

Ёш болаларнинг оналари Ироқ суди томонидан "Ислом давлати" экстремист гуруҳига аъзоликда айбланиб қамалган ёки суд ҳукмини кутмоқда.

Бағрида 84 болакай ва ўспирин бўлган Fly Erbil авиаширкатига тегишли чартер учоғи 30 апрель тунида Душанбе аэропортига келиб қўнди.

Болакайлар тиббий кўрикдан ўтказилади ва сўнгра қариндош-уруғларига топширилади.

Тожикистон ҳукумати болаларни Душанбега қайтаришда ёрдам бергани учун Қувайт ва Ироқ ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Бағдоддаги UNICEF идорасига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Юзлаб тожикистонликлар Сурия ва Ироқдаги "Ислом Давлати" гуруҳи сафларига қўшилган.

Расмий Душанбе мазкур икки ўлкада қолиб кетган ёш болаларнинг барчасини қайтариш ниятида эканини билдирган.

Тожкистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотга кўра, Ироқ қамоқхоналарида 43 аёл ва уларнинг 95 фарзанди қолаётганди.

Эстония ташқи савдо вазири бир кун ишлаганидан сўнг истеъфо беришга мажбур бўлди

Марти Куузик бир кун вазир лавозимида ишлади.

Эстония ташқи савдо ва IT вазири Марти Куузик бир кун вазир лавозимида ишлаганидан сўнг истеъфо беришга мажбур бўлди.

"Делфи" нашрининг билдиришича, душанба куни Eesti Ekspress газетаси янги вазир спиртли ичимликлар истеъмол қилишга муккасидан кетгани, йиллар давомида хотинига зўравонлик қилгани ҳақида мақола чоп этди.

Мақолада айтилишича, Куузик хотини билан икки йил олдин ажрашган, бироқ 2018 йилнинг январида уни яна калтаклаб, қўлини синдирган.

Консерватив ўнгчиларнинг радикал партиясидан ҳукумат аъзолигига тавсия қилинган Марти Куузик мақолада айтилган айбловларни инкор қилди ва буни «сиёсий мухолифларнинг ҳуружи» деб изоҳлади.

Аммо Куузик вазир сифатида қасамёд келтираётган пайтда Эстония президенти Керсти Кальюлайд залдан намойишкорона чиқиб кетди ва Куузик президентга эмас, бўш стулга қасамёд келтиришга мажбур бўлди.

Туркманистонда Истанбулга кетаётган ўнлаб йўловчилар ушлаб қолинди

Туркманистондаги аэропортлардан бири. 2014 йилда олинган сурат.

Туркманистон пойтахти Ашхабод аэропортида шанба, якшанба ва душанба кунлари ўнлаб одамлар Туркияга учирилмасдан ушлаб турилди.

Озодлик радиоси туркман хизматининг маълум қилишича, 30 апрелга ўтар кечаси Миграция хизмати камида 50 одамни Ашхабод-Истанбул рейсига чиқармаган. 27-28 апрель кунлари эса 80га яқин, ундан аввалроқ 150 нафар йўловчи ушлаб қолинган.

Бунинг сабабини суриштирган йўловчилар аэропорт ходимлари томонидан куч қўлланилиб олиб кетилган.

Озодлик радиоси туркман хизмати бу масалада Миграция хизмати ва аэропорт раҳбариятидан изоҳ ололмади.

Туркманистон қонунларида хориж давлатларига чиқиш тақиқланмаган бўлса-да, хорижга кетаётган фуқароларни мамлакатдан чиқармай ушлаб қолиш ҳолатлари тез-тез кузатилади.

Хориж давлатларига чиқиб қайтганлар эса туркман махсус хизматлари томонидан сўроқ қилинишини мустақил нашрлар айтиб келади.

Япония императори тахтни валиаҳд шаҳзода Нарихутога топширди

Император Акихито Японида 30 йил ҳукмронлик қилди.

Валиаҳд шаҳзода Нарухито 30 апрель куни тахтдан воз кечган отаси Акихитонинг ўрнини эгаллади.

59 ёшли Нарухито Япониянинг 126-императори бўлди. 85 ёшли император Акихито 2017 йилда 2019 йилнинг 30 апрелида тахтни ўғлига топширишини билдирган эди. Акихито сўнгги 200 йил ичида тахтдан ўз ихтиёри билан воз кечган биринчи император бўлди.

-Мен 30 йил давомида япон ҳалқига теран эҳтиром ва ишонч билан императорлик бурчимни бажардим. Мени давлат рамзи сифатида қабул қилган ва қўллаб-қувватлаган одамларга бағоят миннатдорчилик билдираман,-деди Акихито тахтни ворисига топширар экан.

Японияда ҳар бир император бошқарган даврга ном бериш анъанаси мавжуд. Акихито ҳукмронлик қилган 30 йиллик давр «Хэйсэй», яъни «Оламда тинчлик ҳукм сурмоқда» деган ном билан тарихга киради.

Нарухитонинг тахтга ўтириши билан эса «Рейва» даври бошланади. Япония бош вазири Синдзо Абэ 1 майдан бошланадиган янги давр «Рей»- «тартиб» ёки «мақбуллик», «Ва» «осойишталик» ёки «уйғунлик» деган маъноларни англатишини 1 апрель куни эълон қилган эди.

Помпео: Мадурони Венесуэлани тарк этишдан Россия тўхтатиб қолди

Николас Мадуро Венесуэла ҳарбийлари билан.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакатни тарк этиб, Кубага қочишга ҳаракат қилганини, бироқ Россия уни тўхтатиб қолганини иддао қилди.

“Уни самолёт кутаётган эди. У бугун эрталаб қочишга тайёр эди, бироқ тушунишимизча, руслар уни қолишга кўндирган”, деб айтди Майк Помпео 30 апрель куни CNN телеканалига.

30 апрель куни АҚШ қўллаб-қувватлаётган мухолифат лидери Хуан Гуайдо тарафдорлари Мадурога қарши навбатдаги кўп минг кишилик намойишга чиқди. Хуан Гуайдо буни “Мадуро режимини ағдаришнинг сўнгги босқичи”, деб атади.

Бироқ Венесуэла мудофаа вазири Владимир Падрино:

-Мен миллионинчи марта қайтараманки, биз қонун устуворлиги, демократик институтлар, конституцияга қарши босқинчиликка йўл қўймаймиз. Қурол республика суверенитети ва мустақиллигини ҳимоя қилиши лозим, - деб айтди.

Жорий йил бошида парламент спикери Хуан Гуайдо Николас Мадуро ҳокимияти нолегитим эканлигини айтиб, ўзини мамлакатнинг вақтинча президенти деб эълон қилганди. Уни жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, жумладан, АҚШ, Бразилия, Европа Иттифоқи ва Лотин Америкасидаги кўп мамлакатлар тан олишди.

Бироқ президент Мадуро давлат органлари устидаги назоратни сақлаб турибди. Уни Россия, Хитой ва Куба қўллаб-қувватламоқда.

Хуан Гуайдо Мадурони ағдариш «якуний босқич»га кирганини билдирди

Венесуэла парламенти раиси ва мухолифат етакчиси Хуан Гуайдо, президент Николас Мадуро режимини ағдариш «сўнгги босқич»га кирганини билдирди.

Гуайдо 30 апрель куни ўзини қўллаб-қувватлаëтган ҳарбийлар ҳамроҳлигида Каракасдаги ҳарбий ҳаво кучлари базасига келди.

Сешанба куни Гуайдо тарқатган видеода унинг ҳарбийлар қуршовида армияни Мадурога қарши намойишларга қўшилишга даъват қилгани кўрилади.

Гуайдо тарафдорларининг 1 май куни оммавий норозилик намойишлари ўтказиши кутилмоқда.

Айни пайтда Венесуэла Ахборот вазири Хорхе Родригес «бир гуруҳ ватан хоинлари»ни мамлакатда давлат тўнтариши қилишга уринаëтганликда айблади.

Венесуэлада Мадуро ва Гуайдо тарафдорлари ўртасидаги кескин зиддият январдан бери давом этмоқда.

Мадурони сўнгги сайловларда ҳокимиятни узурпация қилганликда айблаган Гуайдо¸ ўзини конституцияда кўзда тутилган муваққат президент деб эълон қилди.

Гуайдо АҚШ ва қатор Европа ва Лотин Америкаси ҳукуматлари томонидан Венесуэланинг қонуний президенти сифатида эътироф этилган бўлса¸ Россия¸ Хитой¸ Куба ва Туркия президентлари Мадурони қонуний президент сифатида қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Рамзан Қодировнинг отасини танқид қилган блогердан қариндошлари юз ўгирди

Чечен блогери Тумсо Абдураҳмонов 2015 йилдан бери Польшада яшаб келади.

Чеченистон ҳукумати¸ хусусан¸ унинг 1-президенти Аҳмад Қодировни танқид қилган чечен блогери Тумсо Абдураҳмоновнинг қариндошлари жамоатчиликка тарқатилган видеоролик орқали Абдураҳмоновдан юз ўгирганларини билдирдилар.

Яқинлари видеосини ўз Телеграм саҳифасида эълон қилган блогер¸ 84 яшар амакиси ва икки жиянини камерага қараб Тумсо Абдураҳмоновни оқ қилиш ва у ўлдирилган тақдирда хун талаб қилмасликка мажбурланганини билдирди.

Абдураҳмонов чиқишларини танқид қилган унинг яқинлари¸ қариндошлардан юз ўгиришга ўзларини ҳеч ким мажбурламаганини айтадилар.

- Агар истасалар¸ уни ўлдирсинлар¸ хоҳлаганларини қилсинлар¸ дейди видеороликда чечен блогери қариндошлари.

2015 йилдан бери Польшада яшаб келаëтган Тумсо Абдураҳмонов Чеченистон жорий президенти Рамзан Қодировнинг отаси Аҳмад Қодировни “чечен халқи хоини” деб атаган.

Чеченистон парламенти раиси Магомед Даудов март ойида блогердан “қонли ўч олиш” чақириғи билан чиққан ва халқаро ҳуқуқ гуруҳлари Польша ҳукуматидан Россия экстрадиция қилишни сўраëтган Абдураҳмоновга сиëсий қочқин мақоми беришни сўрамоқда.

Украина МСК Зеленский президент сайловида ғолиб бўлганини расман эълон қилди

41 яшар комик актëр Владимир Зеленский президент ролини ўйнаш орқали танилган.

Украина Марказий сайлов комиссияси 41 яшар Владимир Зеленскийнинг иккинчи давра президент сайловларида ғолиб чиққанини расман тасдиқлади.

МСКнинг Киевда ўтказилган йиғинида Зеленский президент деб эълон қилинди ва бу ҳақдаги протоколни иккала номзод вакиллари имзолади¸ овоз бериш натижаларини шубҳа остига олувчи шикоятлар бўлмагани айтилди.

Расмий баëнотга кўра¸ иккинчи босқич сайловларда комик актëр Зеленский 73 фоиз ¸ унинг рақиби¸ амалдаги президент Петро Порошенко эса¸ 24 фоиз овоз олган.
Янги президентни қасамëдга келтириш расмий натижа эълон қилинганидан сўнг 30 кун ичида ўтказилади – унинг аниқ кунини Украина Олий Радаси депутатлари белгилайди.


БМТ Бош котиби Хитойдаги уйғурлар масаласида "сукут сақламаётгани" маълум қилинди

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш.

БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш Хитой раҳбари Си Цзинпин билан яқинда ўтган учрашуви чоғида уйғурларнинг ҳуқуқлари масаласини муҳокама қилди.

БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррикнинг 29 апрелда билдиришича, Гутерриш Си Цзинпинни Хитойдаги уйғурларнинг ҳуқуқларини таъминлашга ва ҳурмат қилишга чақирган. Гутерриш террорчиликка, экстремистликка ва зўравонликка қарши кураш каби баҳоналар уйғурлар ҳуқуқларининг бузилишига асос бўла олмаслигини таъкидлади.

БМТ Хьюман Райтс Вотч халқаро ташкилоти Гутерришни The Washington Post газетасида “уйғурлар масаласида сукут сақлаётгани учун” кескин танқид қилгани ортидан мана шундай баёнотни тарқатди.

Хитойдаги мусулмонлар ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётгани масаласи 2017 йилдан бери халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказида қолмоқда.

БМТ экспертлари эълон қилган ҳисоботда Хитойда бир миллионга яқин мусулмон “аксилтерроризм марказлари”да ушлаб турилгани айтилади. Бундан ташқари, ҳисоботда миллионлаб мусулмонлар “қайта тарбиялаш лагерлари”га қамалаётгани эътироф этилган.

Эрон ҳукумати икки нафар 17 ёшли ўсмирни махфий равишда қатл қилди

Amnesty International аввалроқ 2018 йилда қатллар сони 2017 йилга нисбатан озайганини билдирган эди.

Amnesty International халқаро ташкилоти Эронда жинсий зўравонликда айбланган 17 ёшли икки ўсмир махфий равишда қатл қилинганини билдирди.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Меҳди Суҳробифор ва Амин Садоқат 25 апрель куни Ширознинг Одилобод қамоқхонасида қатл қилинган. Фаоллар 15 ёшда жинсий зўравонлик қилганликда айбланиб қамалган бу икки ўсмирга нисбатан суд жараёни адолатсиз бўлганини айтмоқдалар.

Amnesty International ўз манбалирига таянган ҳолда, қатл қилинишидан олдин ўсмирларга аёвсиз равишда дарра урилганини, улар қамоқда сақланган икки йил ичида мунтазам равишда калтакланганларини ҳам маълум қилди.

Ҳуқуқ ташкилотлари 1998 йилдан 2018 йилгача Эронда 18 ёшгача бўлган 97 нафар ўсмир қатл қилинганини қайд этганлар.

Фаолларга кўра, сўнгги пайтларда Эронда ўсмир маҳбусларни уларнинг оилаларини ҳам огоҳлантирмай туриб, махфий равишда қатл қилиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Шри-Ланка ҳукумати террор ортидан ҳижоб ва паранжини тақиқлади

Шри-Ланкадаги ҳижобли мусулмон аёллар.

Шри-Ланка ҳукумати аёлларга жамоат жойларида юз қисмини тўсиб турувчи ҳижоб кийишни тақиқлади.

Ҳукуматнинг билдиришича, бундай қарор 21 апрель куни 250 кишининг умрига зомин бўлган террор ҳаракатлари ортидан қабул қилинди. Мазкур фавқулодда қонун 29 апрелдан кучга кирди. Хьюман Райтс Вотч халқаро ташкилоти бу тақиқни қоралаб чиқди.

Шри-Ланка католик черков кардинали Малкольм Ранджит 29 апрелда ҳукуматни хавфсизликни таъминлаш мақсадида кескинроқ чораларни амалга оширишга чақирди.

-Барча хавфсизлик кучлари ҳудди уруш ҳолатида бўлгани каби фаолият юритиши лозим, - деб талаб қилди кардинал.

Шри-Ланкада 21 апрель - Пасха Якшанбаси вақтида черковлар ва меҳмонхоналарга уюштирилган худкуш ҳужумлар пайти 250 киши ҳалок бўлганди. Ҳужум учун масъулиятни “Ислом давлати” гуруҳи ўз зиммасига олган.

Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласини муҳокама қилувчи Лоя Жирға иш бошлади

Лоя жирға делегатлари.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 29 апрель куни Лоя Жирғанинг тўрт кунлик йиғилишини очиб берди.

Афғонистоннинг энг асосий маслаҳат органи бўлган Лоя Жирға йиғилишида 3200 делегат иштирок этмоқда. Улар Толибон билан тинчлик битимига эришиш масаласини муҳокама қиладилар.

-Лоя Жирға делегатларининг вазифаларидан бири Толибон тинчликка тайёрми ёки тайёр эмасми, деган саволга жавоб топишдир. Сизлар одамларнинг тинчлик борасидаги орзу интилишларидан келиб чиқиб фаолият юритмоқдасиз. Одамлар сизлардан тинчлик ва барқарорлик масаласини муҳокама қилишингизни кутмоқда,-деди Ашраф Ғани.

Лоя Жирға сиёсатчилар, қабилалар оқсоқоллари ҳамда бошқа йирик арбоблардан таркиб топган тузилмадир. Бироқ унинг 29 апрелдаги очилиш маросимига Бош вазир Абдулла Абдулла келмади.

ИДнинг раҳбари беш йил ичида биринчи марта кўриниш берди

"Ислом давлати" гуруҳи лидери Бағдодий.

"Ислом давлати" гуруҳи лидери сўнгги беш йил ичида биринчи марта видеода пайдо бўлди.

29 апрель куни "Ислом давлати"га мансуб экани айтиладиган "Ал Фурқон" агентлиги тарқатган видеода ўсиб кетган сарғиш соқолли Абу Бакр ал Бағдодий ерда деворга суяниб ўтирганини кўриш мумкин. У қора кўйлак устидан енгил камзул кийган ва ўнг қўли томонда автомат турибди. Ниқоб кийган уч киши эса Бағдодийнинг гапларини эшитиб ўтирибди.

Видеода Бағдодий тез -тез сукут сақлаган ҳолда салмоқлаб гапирди.У "Ислом давлати" гуруҳи ҳалок бўлган ва қамоқларга ташланган жангарилар учун ўч олишини айтди.

18 минутли мазкур видеонинг қаерда тасвирга олингани маълум эмас. Ироқ ва АҚШ Бағдодийни қўлга олишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Россияда 12 кишини пичоқлаган мактаб ўқувчиси 7 йилга қамалди

Ўзи ўқиган мактабида 12 кишини пичоқлаган россиялик ўспирин йигит 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.

29 апрель куни Пермь вилоятининг Мотовилиха туман суди 17- яшар йигит 30 кишини ўлдиришга уринганликда айбдор деб топди.

Расмийларга кўра, ўспирин йигит ва айни мактабни битирган бошқа бир йигит пичоқ билан мактаб биносига бостириб кириб, 15 кишига тан жароҳати етказганлар.

Бу ҳодиса 2018 йилнинг 15 январида юз берганди.

Иккинчи судланувчи 9 йил 7 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Қозоғистонда президентликка номзод бўлиш учун 8 киши ариза топширди

Қозоғистон Марказий сайлов коммиссияси 29 апрель куни хабар беришича, президентликка номзод бўлиш учун саккиз киши ариза топширди.

Улар орасида президент сайловида ғалаба қилиши кутилаётган муваққат президент Қосимжўмарт Тўқаев ҳам бор

Тўққизинчи номзод - Қурувчилар касаба иттифоқидан номзоди илгари сурилган Талгат Эргалиев 29 апрель куни ўз аризасини қайтариб олди.

Аризаларни топшириш муддати 28 апрель куни ниҳоя топди.

Ҳокимиятдаги “Нур Отан” партияси томонидан номзоди илгари сурилган Қосимжўмарт Тўқаев жиддий рақобатга учрамаслиги кутилмоқда, чунки қолган номзодлар Қозоғистонда халққа унчалик таниш эмас.

Ўзини ҳукуматга мухолиф партия дея эълон қилган Социал демакратик партия 26 апрель куни сайловни бойкот қилишини билдирди.

Собиқ дипломат, Қозоғистон Сенатининг спикери бўлган Қосимжўмарт Тўқаев 20 март куни мамлакатни деярли 30 йил бошқарган Нурсултон Назарбоев ўрнига муваққат президент бўлганди.

У президент сайлови 9 июнда бўлиб ўтишини эълон қилган.

ХВФ: Санкцияларга учраган Эронда инфляция даражаси 40 фозига етиши мумкин

Теҳрондаги саррофлик дўкони

Халқаро Валюта Фонди (ХВФ) прогнозига кўра, АҚШ санкцияларига учраган Эрон иқтисодиёти 2019 йилда олти фоизга кичрайиши ва инфляция даражаси 40 фоизга етиши мумкин.

Қўшма Штатлар 2015 йилдан имзоланган ядровий битимдан чиқиши ортидан Вашингтон ўтган йил ноябрида Эрон нефть экспортига қарши жазо чораларини жорий этганди.

ХВФнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича директори Жиҳод Азур 29 апрелда Эрон иқтисодий вазияти янада ёмонлашуви мумкинлигини айтди.

Апрель ойи бошида АҚШ мулозими Америка санкциялари туфайли Эроннинг нефтдан оладиган даромади 10 миллиард долларга озайганини билдирган эди.

Франциялик 72 ёшли Жан Жак Савен Атлантика океанини бочкада сузиб ўтишга муваффақ бўлди

Савен океанни сузиб ўтган бочканинг ички кўриниши.

Франциялик 72 ёшли сайёҳ Жан Жак Савен 122 куну 9 соат давом этган сафардан сўнг 27 апрель куни Атлантика океанини бочкада сузиб ўтишга муваффақ бўлди.

"Франс Пресс" агентлигининг хабар беришича, У Кариб денгизи акваториясига кириб келганидан сўнг “Саёҳат якунланди. Ҳаммага рахмат”, деб айтган.

Савен ҳозир қуруқликка чиқиш учун порт изламоқда. У қуруқликка чиқиш йўлини топгунига қадар Флорида томонга қараб оқим билан биргаликда сузиб кетмоқда.

Собиқ ҳарбий бўлган Жан Жак Савен бочкада Атлантика океани бўйлаб саёҳатини ўтган йилнинг 26 декабрида бошлаган эди.

Испаниянинг Канар оролидан бошланган саёҳат давомида Жан Жак Савен океанда 4500 километр масофани сузиб ўтди.

Узунлиги уч метр бўлган бочкага кичик ошхона ва матрас ўрнаштирилган. Шунингдек, бочка тўлқин пайтида ҳимояланиш учун камарларга ҳам эга.

Жан Жак Савен бундан олдин Атлантика океанини елканли кемада сузиб ўтган эди.

Президент Трамп синагогага қилинган ҳужумни қоралади

Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Калифорния штатида синагога қилинган ҳужумни миллий нафрат асосида содир этилган жиноят деб атади.

-Айни пайтда бу миллий нафрат асосида содир этилган жиноятга ўхшаб турибди. Мен барча жабрланганларга теран ҳамдардлик билдираман, - деди Трамп.

27 апрель куни Жанубий Калифорнияда синагога қилинган ҳужум оқибатида бир аёл ҳалок бўлган ва уч киши яраланган эди.

Полиция ҳужумда гумонланиб 19 ёшли маҳаллий йигит Жон Эрнест қўлга олинганини билдирган. У ҳужумдан бир соат олдин ижтимоий тармоқларда яҳудийларга қарши нафрат нутқи видеосини жойлаштирган.

Бундан 6 ой муқаддам Питтсбург шаҳридаги синагогада ҳужумчи 11 одамни отиб ўлдирган эди.

Эрон Ўрмуздан ўз нефти ўтказилмаса, бошқа давлатларнинг нефтини ҳам ўтказишга йўл қўймаслигини билдирди

Ўрмуз қўлтиғи.

Эрон армияси штаби бошлиғи Муҳаммад Бакерий 28 апрель куни Теҳрон муҳим халқаро транзит йўлаги бўлган Ўрмуз қўлтиғини ёпишни истамаслигини, лекин бу ердан “Эрон нефти ўтказилмаса, бошқа давлатларнинг нефти ҳам ўтказилмаслиги”ни билдирди.

Штаб бошлиғига кўра, айни пайтда Ўрмуздан ўтаётган барча савдо ва ҳарбий кемалар Эрон ҳарбий денгиз флоти томонидан назорат қилинади.

Бакерий бундай баёнотни АҚШ марказий қўмондонлиги қўмондони Кеннет Маккензининг бир кун олдин Ўрмуз бўғози ҳақида айтган гапларидан сўнг билдирди. Маккензи:

-АҚШ ҳарбий кучлари АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳамда ҳамкорлари манфаатларини ҳимоя қилишга қодирдир. Биз ҳар доим мазкур минтақада иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан ҳаракат қилишга интиламиз, Ўрмуз қўлтиғида амалиёт ўтказишга тўғри келиб қолса ҳам, мана шундай ҳамкорликда ҳаракат қиламиз, - деб баёнот берган эди.

Украинанинг сайланган президенти Зеленский Путин баёнотига муносабат билдирди

Украинанинг сайланган президенти Владимир Зеленский Россия президенти Путиннинг фуқаролик масаласи бўйича баёнотига муносабат билдирди.

Президент Путин Россия фуқаролигини олмоқчи бўлган украиналиклар учун енгилликлар беришини билдирган эди.

Унинг бу баёнотига жавобан Facebook саҳифасида пост қолдирган Зеленский Россия раҳбарига "вақтини беҳуда сарфламаслик"ни тавсия қилди.

Унинг ёзишича, Россия фуқаролигини олиш "тинч намойишлар учун қамалиш, эркин ва соғлом рақобат муҳитидаги сайловдан мосуво бўлиш ҳаққини олиш демакдир".

27 апрель кунги постида Зеленский Россия билан мулоқотлар учун очиқ эканини яна бир карра таъкидларкан, ўртадаги муносабатлар "Донбас ва Қрим оккупацияси тугаганидан сўнгина нормаллашиши мумкин", деб ҳисоблашини ҳам қўшимча қилди.

24 апрель куни президент Путин Украина шарқида яшаётган фуқаролар учун Россия фуқаролигини олиш жараёнини соддалаштириш ҳақидаги фармонни имзолаган эди.

28 апрель куни Православ насронийлари Пасхани нишонламоқда

Православ насронийлари 28 апрель куни ўз эътиқодидаги асосий байрам бўлган Пасхани нишонламоқда.

Православлар эътиқодига кўра, бу кун Исо Масихнинг қайта тирилган кунидир ва бу кун гуноҳлар ҳамда ўлим устидан ғалаба рамзи сифатида қутланади.

Москвада байрам арафасида Исо Масих ибодатхонасида оммавий ибодат маросими бўлди. Унда президент Путин, ҳукумат раҳбари Медведев ва Москва мэри Собянинлар қатнашди.

Украина президенти Петро Порошенко ҳам диндорларни Пасха байрами билан қутлади ва бу маросимнинг Москвадан мустақил бўлган черков бошчилигида ўтаётганини олқишлади.

Daimler ширкати Ким Чен Ин Mercedes машинасини қаердан олганига ҳайрон

Германиянинг Daimler ширкати Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин зирҳланган Mercedes машинасини қаердан олгани ҳақидаги саволга жавоб беролмаган.

Ширкат Associated Press агентлигига БМТ санкциялари боис Шимолий Кореяга ўз маҳсулотларини сотмаслигини билдирган.

Ким Чен Ин эса Россия президенти Владимир Путин билан шу ҳафта Владивостокда, ундан олдин эса АҚШ президенти Доналд Трамп билан Ветнамдаги учрашувда Daimler ширкати ишлаб чиқарган Mercedes лимузинида кўринган эди.

Хабарларга кўра, Ким Чен Ин минган Mercedes Maybach S600 Pullman Guard ва Mercedes Maybach S62 машиналари олий даражадаги учрашувларга Шимолий Кореядан махсус учоқларда олиб келинган.

Daimler ширкати 15 йилдан буён ўз маҳсулотини Шимолий Кореяга сотмаётганини билдирди.

Ўз навбатида ширкат машиналар учинчи шахслар тарафидан Шимолий Кореяга сотилаётганини истисно қилмади ва учинчи шахсларнинг ҳатти-харакати учун ширкат жавобгар эмаслигини ҳам эслатди.

Горбачев касалхонага ётқизилганини унинг вакили рад этди

Михаил Горбачёвнинг матбуот вакили собиқ Совет Иттифоқи раҳбарининг касалхонага тушгани ҳақидаги хабарларни рад қилди.

Павел Палажченконинг ТАСС агентлигига билдиришича, "Горбачевнинг соғлиги жойида".

Бир кун аввал 88 ёшли сиёсатчи 41-Москва кинофестивалини якунловчи Вернер Ҳерцог ва Андре Сингернинг "Горбачёв билан учрашув" фильми намойишига келмаган.

Сингер ўшанда касалхонага ётқизилиши сабаб Горбачев келмаганини маълум қилганди.

Горбачев 1984-1991 йилларда Совет Иттифоқига раҳбарлик қилган. Унинг рафиқаси Раиса Горбачева 1999 йилда 67 ёшида вафот этганди.

2006 йилда Горбачевнинг бўйин қисмидан ўтувчи қизил қон томири Мюнхен шаҳридаги касалхонада операция қилинган эди.

500 евролик банкнотларни босиш тўхтатилди

26 апрелдан 500 евролик банкнот чиқариш тўхтатилди.

Ушбу чора пул ювишга қарши кураш доирасида қабул қилинган. Бу банкноталар кўпинча жиноятчилар томонидан, пул ювиш ва террорчиликни молиялаштиришда қўлланади.

Шу йилнинг 27 январидан евро ҳудудидаги 19 та миллий марказий банкдан 17 таси 500 евролик купюрани босишни тўхтатган эди.

Германия ва Австрия банклари эса ушбу банкнотани 26 апрелгача босишни давом эттиришини билдиришганди.

Эндиликда Европада энг катта купюра 200 евролик ҳисобланади

Лекин 500 евролик банкноталар ишлатилишда давом этади. Уларни евро ҳудудидаги банкларда эркин тарзда алмаштириш мумкин бўлади.

500 евролик банкнота 2002 йилда муомалага киритилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG