Линклар

Шошилинч хабар
18 август 2019, Тошкент вақти: 22:58

Халқаро янгиликлар

Зеленский партияси янги етакчисини эълон қилди

Володимир Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” сиёсий партияси логотипи.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг янги тузилган “Халқ хизматкори” сиёсий партияси президент сайлов кампанияси маслаҳатчиси Дмитро Разумковни партия етакчиси деб эълон қилди.

Июль ойига белгиланган навбатдан ташқари парламент сайловида иштирок этишни режалаштираётган партия аъзо тўплаш учун интервью ўтказади. Бу ҳақда 27 май куни Разумковнинг ўзи матбуот анжумани давомида маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Зеленский парламентни тарқатиб юбориб, мамлакатда икки ой ичида муддатидан аввал сайлов ўтказилиши ҳақидаги қарорга қўл қўйди.

Сиёсий консалтинг ширкати директори лавозимида ишлаб келаётган Разумков ўз сиёсий карьерасини собиқ президент Виктор Януковичнинг “Регионлар партияси” аъзоси ўлароқ бошлаган. Москва билан яқин алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган Янукович 2014 йилда “Евромайдон” намойишлари ортидан ҳукуматдан ағдарилиб, Россияга қочиб борган.

Руминия суди ҳукмрон партия етакчисига чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди

Руминия олий суди ҳукмрон Социал демократлар партияси (PSD) етакчиси Ливиу Драгня.

Руминия олий суди ҳукмрон Социал демократлар партияси (PSD) етакчиси Ливиу Драгнянинг унга 2016 йилда коррупция бўйича чиқарилган ҳукмни бекор қилиш бўйича арзини қондирмади.

27 май куни Кассация ва Адлия олий суди судьялари Драгняга полицияга ўзини таслим бўлиш учун 24 соат муҳлат берди.

Айни дамда Руминия парламентининг қуйи палатасига етакчилик қилаётган Драгня 2016 йилда 3,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У ўша пайтда партияга ишлаётган икки аёлга сохта давлат ишларини яратишдаги роли учун судланган эди.

2012 йилда Драгня сайлов қонунчилигини бузгани учун кейинга қолдирилган қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Куни кеча ўз якунига етган Европа Парламенти сайловларида PSD ҳамда унинг шериги ALDE партияси катта йўқотишга учради. PSD 23 фоиз овоз тўплади, Миллий либерал партия ҳамда USR-PLUS партиялари альянси эса 47 фоиздан кўпроқ овоз олди.

Трамп: Эрон режимини алмаштиришга уринаётганимиз йўқ

АҚШ президенти Дональд Трамп Япония бош вазир Синдзо Абэ билан. Токио, 2019, 27 май.

Японияга хизмат сафари билан борган АҚШ президенти Дональд Трамп Теҳрон-Вашингтон муносабатлари танглигича қолар экан, Америка Эрондаги тузум ўзгаришини истамаслигини айтди.

- Биз тузум ўзгаришини хоҳлаётганимиз йўқ. Биз [Эронда] ядровий қурол бўлмаслигини хоҳлаймиз, - деди президент.

Япония бош вазир Синдзо Абэ билан ўтказган учрашуви ортидан сўзлаган АҚШ президенти Вашингтон Теҳрон билан бир келишувга келишини қўшимча қилди.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Дональд Трамп ўтган йили Вашингтон Теҳрон билан 2015 йилда имзоланган ядровий шартномадан бир томонлама чиқишини эълон қилганидан сўнг мураккаблаша бошлаган эди.

Эрон бунга жавобан ядровий дастурини қайта тиклаши мумкинлигини билдирган. Вашингтон эса жавоб тариқасида Эронга иқтисодий санкциялар жорий этган.

Абэ билан учрашуви олдидан Трамп:

- Ҳеч ким даҳшатли нарсаларни хоҳламайди, айниқса мен. Эрон музокара олиб боришни истайди, деб ишонаман. Агар шундай бўладиган бўлса, биз ҳам тайёрмиз, - деди.

Финляндия тарихда учинчи марта хоккей бўйича жаҳон чемпиони бўлди

Россиялик хоккей ишқибозлари.

Словакияда хоккей бўйича жаҳон чемпионати якунланди. 26 май куни тунда ўтган финал беллашувида Канада Финляндияга 3:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Финляндия бу билан тарихда учинчи марта хоккей бўйича жаҳон чемпиони бўлди.

Учинчи ўрин учун Россия ва Чехия терма жамоалари муз устига чиқди. Ўйиннинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланди.

Шундан сўнг ўтказилган буллитда Россия жамоаси чехлар дарвозасига битта шайба киритишга муваффақ бўлди ва 3:2 ҳисобида учинчи ўринни эгаллади.

Навбатдаги хоккей бўйича жаҳон чемпионати Швейцарияда ўтказилади.

Исроил президенти Германия расмийси яҳудийларни миллий бош кийим киймасликка чақирганидан норози

Исроил президенти Реувен Ривлин.

Исроил президенти Реувен Ривлин немис ҳукумати расмийси яҳудийларни Германияда миллий бош кийим-кипаларни киймасликка чақирганига норозилик билдирди.

Германия ҳукуматининг антисемитизмга қарши кураш бўйича махсус вакили Феликс Кляйн аввалроқ “жамиятда босиқликни сақлаш механизмлари заифлашгани” ва “диндор яҳудийларга нисбатан шафқатсиз муносабат” кўпайиб бораётгани ортидан яҳудийлар хавфсизлик нуқтаи назаридан миллий бош кийимни кийишдан бош тортиши кераклиги ҳақида гапирган эди.

Исроил президенти ўз норозилик баёнотида “Германия ҳукуматининг яҳудийлар олдида мажбуриятлари бор”лигини унутмасликка чақирди.

“Германияда яҳудийлар хавфсизлиги масаласида қўрқувнинг юзага келгани, бу антисемитизм ғалаба қилганини ва яҳудийлар яна немис заминида ўзларини хавфсиз сеза олмаслигини тан олишдир. Биз ҳеч қачон антисемитизмга бўсунмаймиз, кўзимизни олиб қочмаймиз ва мағлуб бўлмаймиз”, деди Ривлин.

Германия ҳукуматининг антисмеитизмга қарши кураш бўйича махсус вакили Феликс Кляйн фикрни Германия яҳудийлар марказий кенгаши раҳбари Йозеф Шустер ҳам қўллаб- қувватлаган эди. Унга кўра, яҳудийларнинг диний мансублигини англатувчи кийимларни кийишлари уларга нисбатан потенциал таҳдидларни кўпайтириши мумкин.

Дональд Трамп Япониянинг янги императори билан учрашган жаҳондаги илк давлат раҳбари бўлди

Президент Дональд Трамп Япония императори Нарухито билан.

АҚШ президенти Дональд Трамп Япониянинг янги императори Нарухито ва малика Масако билан учрашган жаҳондаги илк давлат раҳбари бўлди. Нарухито 1 май куни тахтга ўтирган эди.

59 ёшли Нарухито Япониянинг 126-императори. 85 ёшли император Акихито 2017 йилда 2019 йилнинг 30 апрелида тахтни ўғлига топширишини билдирган эди. Акихито сўнгги 200 йил ичида тахтдан ўз ихтиёри билан воз кечган биринчи император бўлди.

Император ва малика Трампни 27 май куни Токио император саройида кутиб олдилар. Бу маросим Трампнинг Японияга 4 кунлик давлат ташрифини расман бошлаб берди.

АҚШ президенти Доналд Трамп 25 май куни рафиқаси Мелания билан Япония пойтахти Токиога келди.

Ташриф давомида Трамп император Нарухито ва бош вазир Синдзо Абэ билан учрашади.

Ўзининг тўрт кунлик сафари давомида Оқ уй раҳбари Япониядаги америка ҳарбий базасига ҳам боради.

Европарламентга сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинди

Европарламентдан ўрин олиши кутилаётган партиялар.

Европа парламентига ўтказилган сайловнинг 27 май куни эълон қилинган дастлабки расмий натижаларига қараганда, миллатчи ва ўта ўнгчи партиялар Европа Иттифоқини дастакловчи марказчи партиялардан устун келди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда Страсбургдаги 751 ўринли Европарламентдаги ўринларнинг 321тага яқинини, яъни ярмидан озроғини Европапараст партиялар эгаллайди.

Италияда ўтказилган сайловларда эса ўнгчи “Лига” партияси экзит полл натижаларига кўра кўп овоз олгани айтилмоқда. Италия бош вазири ўринбосари, "Лига" партияси лидери Маттео Сальвини

-Мен Европа парламентига сайлов тарихида биринчи марта Италиядаги овоз бериш жараёни Европа тарихини ўзгартириши мумкинлигидан бахтлиман,-деб айтди.

Мазкур сайловда экологлар 2014 йилдаги сайловга қараганда кўпроқ овоз олгани маълум бўлди.

Яшиллар 2014 йилдаги сайловда 52 ўринга эга бўлган бўлсалар, жорий сайловда 69та ўринга эгалик қилмоқдалар.

Ироқ АҚШнинг Эронга нисбатан сиёсатига қарши эканини билдирди

Ироқ президенти Барҳам Солиҳ Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифни Бағдодда қабул қилди. 25 май, 2019 йил.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Теҳрон араб давлатлари билан мувозанатли муносабатлар ўрнатиш тарафдори эканини таъкидлади ва қўшни давлатларни Эрон билан ўзаро уруш очмаслик тўғрисидаги пактни имзолашга чақирди.

Зариф бу ҳақда 26 май куни Бағдодда Ироқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Али ал Ҳаким билан учрашувдан сўнг ўтган матбуот анжуманида гапирди.

Икки давлат ташқи ишлар вазирлари АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар кескинлашган ҳамда Вашингтон Бағдоддаги элчихонаси ходимларини хавфсизлик нуқтаи назаридан олиб чиқиб кетган бир пайтда ўтказилди.

Ироқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Али ал Ҳаким ўз баёнотида АҚШнинг Эронга қарши бир томонлама ҳаракатларини қўлламаслигини билдирди:

-Биз аниқ-тиниқ қилиб айтмоқчимизки, Қўшма Штатлар томонидан қўлланилаётган бир томонлама чораларга қаршимиз. Қўшнимиз Эронни бўйсундириш ва васийликка олиш ҳаракати бизга ёқмайди. Биз Эрон позициясини қўллаймиз, - деди ал Ҳаким.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Дональд Трамп ўтган йили Вашингтон Теҳрон билан 2015 йилда имзоланган ядровий шартномадан бир томонлама чиқишини эълон қилганидан сўнг мураккаблаша бошлаган эди.

Эрон бунга жавобан ядровий дастурини қайта тиклаши мумкинлигини билдирган. Вашингтон эса жавоб тариқасида Эронга иқтисодий санкциялар жорий этган.

БМТ трибунали: Россия украиналик денгизчиларни зудлик билан озод қилиши шарт

Украиналик денгизчи Юрий Будзило

Россия ўтган йилнинг ноябрида Керч бўғозида қўлга олган Украинанинг кемаларини ва денгизчиларини Украинага қайтариши шарт. Бу ҳақда БМТ қошидаги Халқаро трибунал ҳукм чиқарди.

Гамбургда жойлашган Денгиз қонунлари бўйича халқаро трибунал ўз ҳукмини 25 май куни эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 25 ноябрида Керч бўғозида Россия кучлари Украина ҳарбий-денгиз кучларига қарашли учта кема ва улардаги 24 нафар денгизчини қўлга олиб, қамаб қўйган эди.

Трибунал президенти Жим-Ҳюн-Пайк судьялар Россия уч кемани Украинага зудлик билан қайтариши ҳамда денгизчиларни озод қилиши шарт, дея ҳукм чиқарганини айтди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса “Керч бўғозидаги инцидентга” БМТнинг денгиз қонунчилиги бўйича конвенциясини татбиқ қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

HRW: Россиянинг НТВ телеканали фаолларни нишонга олмоқда

Human Rrights Watch (HRW) ташкилотига кўра, рус фаолининг қўлга олингани Россия расмийлари “НТВ” телеканалининг “зўравон тактикаларига” барҳам беришни хоҳламаслигидан дарак беради.

20 май куни Москвада “Голос” сайловларни кузатиш мустақил гуруҳи аъзоси Роман Удот сўроқ қилиниб, уй қамоғига ҳукм қилинди.

Ташкилот 24 май куни эълон қилган баённомада “Газпром” ширкатига тегишли “НТВ” телеканали инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳамда сиёсий мухолифат аъзоларига тазйиқ ўтказиб, уларни ёмон отлиқ қилиш билан шуғулланиб келаётганини айтилади.

2018 йилнинг мартида “НТВ” мухбирлари Москва аэропортида Удотга агрессив оҳангда қатор савол билан мурожаат қилиб, суҳбатни камерага ёзиб олган эди.

“Қизғин суҳбат давомида Удот станция онаси орқали унга тазйиқ ўтказишга уринганига тўхталиб, мухбирга агрессив оҳангда сўзлаган эди”, дейилади HRW билдирувида.

Ҳодиса ортидан полиция Удотни мухбир ҳаётига таҳдид солишда айблаб, унга қарши жиноий иш қўзғади. Аммо Удот хорижда сафарда бўлгани учун бу иш кейинга қолдирилган эди.

Удот жорий ой бошида Россияга қайтганидан кейин, нима содир бўлганини ўзи сўзлаб беришни истагани учун жиноий ишни қайта очишни сўради. Агар у айбдор деб топилса, икки йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Бугун Европа Парламентига сайловларнинг сўнгги куни

26 май куни Германия, Франция, Италия, Болгария, Руминия, Хорватия ва Венгрия каби мамлакатлар Страсбургдаги Европа Парламентига ўз аъзоларини сайламоқда.

23 майдан бери Европа Иттифоқига аъзо етти мамлакатда парламент сайлови ўтказилди. Сайловнинг дастлабки натижалари 26 май куни оқшом эълон қилиниши айтилган.

Сайловолди сўровлар ўнг-қанот ва популист номзодлар 751 аъзога эга парламентда ўттиз фоизга яқин ўрин эгаллаши мумкинлигини кўрсатган эди. Аммо сайловдан чиқиш сўровлари ўнг-қанот номзодлар башорат қилингандан озроқ овоз олаётганини кўрсатди.

400 миллиондан ошиқ сайловчи иштирок этаётган сайловлар жаҳондаги энг йирик миллатлараро сайлов ўлароқ баҳоланмоқда.

Доналд Трамп рафиқаси Мелания билан Токиога келди

АҚШ президенти Доналд Трамп 25 май куни рафиқаси Мелания билан Япония пойтахти Токиога келди.

Ташриф давомида Трамп император Нарухито ва бош вазир Синдзо Абэ билан учрашади.

Ўзининг тўрт кунлик сафари давомида Оқ уй раҳбари Япониядаги америка ҳарбий базасига ҳам боради.

Трамп шунингдек японларнинг анъанавий Сумо мусобақасини ҳам томоша қилади.

Трамп Японияда тахтни император Нарухито эгаллаганидан буён ушбу давлатга сафар қилаётган илк хорижий давлат раҳбари бўлди.

Нарухито 1 май куни тахтга чиқарилган эди.

Доналд Трамп Японияга охирги марта 2017 йилда борганди.



Афғонистонда сув тошқинидан камида 24 одам ҳалок бўлди

Афғонистонда 24-25 май кунлари узлуксиз ёғингарчиликлар оқибатида юзага келган сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 24 кишига етгани хабар қилинди.

Ўндан зиёд одам жароҳатланган.

Мамлакат расмийлари ўлганлар сони бундан-да кўп бўлишини айтишмоқда.

Афғонистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, табиий офат Афғонистоннинг 34 вилояти ва пойтахт Кобулга жиддий зиён келтирган.

Сўнгги икки кун давомида 220дан ортиқ уй сув тошқинидан вайрон бўлган.

Мамлакатнинг марказий Бомиён минтақасида сув сатхи кўтарилган ва 500 одам қутқариб олинган.

Сел автомобилларни ва чорва молларини ҳам оқизиб кетган.

Путинга ишонч сўнгги 13 йилдаги энг паст даражага тушди

Россияда президент Владимир Путинга ишонч рейтинги навбатдаги рекордни янгилади.

Бутунроссия жамоатчилик фикри маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, Путинга ишонч 31,7 фоизга тушган.

​Январ ойида Путинга ишонч билдирувчилар 32,8 фоизни ташкил қилганди.

Бир йил аввал эса Россия аҳолисининг 47,4 фоизи Путинга ишонишини билдирганди.

Пенсия ёши Россияда оширилганидан сўнг Путинга ишонч туша бошлади.

Таъкидланишича, Путиннинг ишонч рейтинги пасайиши унинг Федерал йиғинга 20 февралдаги мурожаатидан кейин ҳам давом этган.

Бироқ паст кўрсаткичларга қарамай, Путин россияликлар ишонч билдирадиган сиёсатчилар рўйхатида етакчилик қилмоқда.

2- ва 3-ўринларни мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари Сергей Шойгу ва Сергей Лавров эгалламоқда.

Уларга аҳолининг 14,8 ва 13 фоизи ишонч билдирган.

SpaceX глобал Интернет учун Ер орбитасига 60 та сунъий йўлдош чиқарди

Falcon 9 ракетаси парвози.

Жума куни эрталаб SpaceX ширкати Falcon 9 ракетаси бортида Starlink лойиҳасининг 60 та мини сунъий йўлдошини Ер орбитасига чиқарди. Ушбу спутниклар ёрдамида глобал Интернет трафиги тармоғини тузиш режалаштирилган. 60 ракетанинг барчаси Интернетга уланиб бўлди. Бу ҳақда SpaceX компанияси асосчиси Илона Маск маълум қилди.

Икки поғонали Falcon 9 ракетаси Флорида штатининг Канаверал бурнидан учирилди.

Ракетанинг биринчи поғонаси Атлантика океанида сузиб юрувчи платформага қайта қўнди. Иккинчи поғона ҳам ракетадан муваффақиятли равишда ажралиб чиқди. Ракетанинг учирилиши YouTubeда жонли эфирга узатилиб турилди.

Ракета парвози шу пайтгача икки марта кечиктирилди. Бошида уни 16 май куни учириш режалаштирилган эди. Аммо бир марта об-ҳаво ёмонлиги, иккинчи марта қайта текширувлар туфайли уни учириш кейинга қолдирилди.

2015 йилда асос солинган Starlink лойиҳаси дунёнинг исталган нуқтасида ишончли ва юқори тезликка эга Интернет алоқасини таъминлашни кўзлайди. Лойиҳа доирасида 2018 йилда икки синов йўлдоши учирилди. Бир неча йил ичида Маск Ер орбитасига бир неча минг йўлдош чиқаришни режалаштирмоқда. Маълум бўлишича, лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллиард долларни ташкил қилади.

Россия фуқароси Чеченистонда гейларга қарши амалиёт юзасидан Европа судига мурожаат қилди

Максим Лапунов 

Чеченистонда ўзини полиция ўғирлаб кетиб, қийноққа тутганини иддао қилаётган россиялик гомосексуал шахс Россия терговчилари ушбу масалани кўриб чиқишдан бош тортиши ортидан Европа инсон ҳуқуқлари судига шикоят қилди.

Максим Лапунов Россияда гейларга қарши кампаниянинг ўз исмини ошкор қилган ягона қурбонидир. Қароргоҳи Россияда бўлган Қийноқлар олдини олиш қўмитасининг маълум қилишича, Лапунов ўз арзини Страсбург судига 24 май куни йўллаган.

Лапунов Чеченистон расмийларининг гейларга қарши аёвсиз кампанияси қурбони бўлганини айтиб келади. Унинг айтишича, 2017 йилининг мартида Грозний шаҳрида уни ўғирлаб кетишган ва полиция биносига олиб бориб, икки ҳафта давомида ушлаб туришган ва қийноққа тутишган.

Теҳрон-Вашингтон муносабатлари танглиги фонида Эрон ташқи ишлари Покистонга борди

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф

24 май куни Исломободда Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф покистонлик ҳамкасби Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан учрашади. Икки вазир учрашуви Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги танглик авж олаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

Покистон пойтахтига 23 май куни етиб борган Зариф халқаро ҳамжамиятни АҚШнинг Эронга бўлган “агрессив“ муносабатига қарши курашишга чорлади

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалада эълон қилган баёнотда “минтақадаги вазият жиддий бўлиб қолмоқда, барча тарафлар мулоқот орқали ечим топиши керак“, дейилади.

“Биз барча тарафлар шошмай чора кўришига умид қиламиз, чунки ҳар қандай хато йирик можарога олиб келиши мумкин“, дейилади вазирлик билдирувида.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Дональд Трамп ўтган йили Вашингтон Теҳрон билан 2015 йилда имзоланган ядровий шартномадан бир томонлама чиқишини эълон қилганидан сўнг мураккаблаша бошлаган эди.

Эрон бунга жавобан ядровий дастурини қайта тиклаши мумкинлигини билдирган. Вашингтон эса жавоб тариқасида Эронга иқтисодий санкциялар жорий этган.

АҚШ миллиардери Морхаус коллежининг бу йилги битирувчилари қарзини тўлаб беришни ваъда қилди

Иллюстратив сурат.

Америкалик миллиардер Роберт Смит асосан қоратанлилар таҳсил олиб келаётган Атлантадаги Морхаус коллежининг 2019 йилги барча битирувчиси қарзини тўлаб беришини айтди.

Миллиардер бу ҳақда битирув кечасида сўзлаган нутқи давомида маълум қилди.

- Ушбу мамлакатда яшаб келаётган саккиз авлодим номидан сизнинг автобусингизга озгина ёқилғи қуямиз. Бу менинг битирувчиларим, 2019 йил синфи. Оилам уларнинг талаба қарзларини бартараф қилиш учун грант ажратади, - деди Смит.

Миллиардернинг бу гапи 400 га яқин битирувчини лол қолдирди.

Якшанба куни фахрий доктор даражаси билан тақдирланган Смит Vista Equity Partners сармоя ширкатининг асосчиларидан бири бўлиб, бунгача Морхаус коллежига 1,5 миллион доллар совға қилган эди. Хабарларга кўра, миллиардер талабалар қарзи кўламини билмасдан туриб уни тўлаб беришга қарор қилган.

Ўз нутқи давомида Смит Мартин Лютер Кингни ёдга олди ҳамда технологиялар иқтисодни ўзгартираётгани ҳақида сўзлади.

Битирувчиларнинг бири онаси ўғлининг талаба қарзи 70 минг доллар атрофида эканлигини айтди.

Бошқа бир талаба 200 минг доллар қарзини тўлаш учун 25 йил ишлаши керак бўлишини ҳисоблаб чиққанини айтди.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилар миллиардернинг бу қарори тарихий эканлигини айтиб, уни олқишлади.

Намояндалар палатаси аъзоси Александрия Окасио-Кортес Twitterда Смитнинг бу ҳаракати “янги экспериментнинг бошланиши” бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

“Ушбу талабаларни кузатиб боринг ҳамда кейинги 10-15 йил давомида уларнинг ҳаётий қарорларини бошқаларникига солиштириб боринг,” деб ёзди Окасио-Кортес.

Интерпол Интернетдаги педофиллар тармоғини фош этди. Педофиллардан бири 11 нафар чақалоқни зўрлаганини тан олди

Интерпол Интернетнинг махфий сегменти ҳисобланадиган даркнетда фаолият юритган педофиллар тармоғини фош этди.

Тергов доирасида Таиланд, АҚШ ва Австралияда 9 одам қўлга олинди. Мазкур иш бўйича тергов 60 давлатда икки йилдан бери олиб борилаётган эди.

Хабарда айтилишича, педофиллардан 50 нафар бола қутқариб олинди. Уларнинг энг кичкинаси 15 ойлик чақалоқ бўлган. Педофиллар томонидан жами юздан ориқ бола зўрланган, уларнинг шахси аниқланмоқда.

Педофиллар ёш болаларни зўрлаётганлари тўғрисидаги видеоларни даркнетда 63 минг обуначиси бўлган сайтда эълон қилиб борганлар. Сайтнинг бош администратори Таиландда ўтган йилнинг бошларида қўлга олинди. У 11 болани зўрлаганликда айбдор деб топилиб, 146 йиллик қамоққа ҳукм қилинди.

Австралияда 15 ойлик чақалоқни жинсий зўрлаган педофил қўлга олинди ва у 40 йилга қамалди. У 11 нафар чақалоқ билан 50 марта жинсий алоқа қилганини тан олган.

Даркнет – Интернетнинг назорат қилинмайдиган ва оддий қидирув тизимларига кўринмайдиган махфий қисмидир. Даркнет сайтларига кириш шифрланган ахборотни бир нечта серверлар орқали ўтказиб, фойдаланувчининг манзилини беркитадиган махсус браузерлар орқали амалга оширилади.

Фаластинда иқтисодий вазият ёмонлашмоқда, Ғазода гуманитар инқироз юзага келди

БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича махсус вакили Николай Младенов.

БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича махсус вакили Николай Младенов Фаластин мухториятида вазият ёмонлашаётгани тўғрисидаги ҳисоботини эълон қилди.

БМТда Фаластин масаласи муҳокама қилиниши муносабати билан ёзилган ҳисоботда, Фаластинда ярим йил ичида иқтисодий вазият салбий томонга ўзгаргани қайд этилади. Ҳисоботда таъкидланишича, бу АҚШ Фаластинга кўрсатиладиган ёрдамни тўхтатгани ҳамда Фаластин ҳукумати Исроил берадиган кўмакни олишдан бош тортгани билан изоҳланади.

-Кенг қамровли зиддиятни бартараф этиш учун сиёсий майдоннинг узоқ вақт бўлмагани ортидан фаластинликларнинг турмуш даражаси ҳам ёмонлашмоқда. Зўравонликлар, яҳудий қишлоқларининг кенгайиб бораётгани, фаластинликларнинг уйлари бузилаётгани, мунтазам равишдаги иқтисодий таназзул таҳдиди хавфсизликка ўта жиддий таъсир кўрсатадиган ижтимоий портлашга замин ҳозирламоқда,-деди Младенов.

Унга кўра, олти ой ичида Ғазо минтақасида ўтказилган намойишлар пайтида Исроил ҳарбийлари томонидан 70 нафар фаластинлик ўлдирилган.

Ҳисоботда Ғазо минтақасида гуманитар инқироз юзага келгани, электр энергияси, озиқ-овқат ва сув етишмовчилиги кузатилаётгани ҳам таъкидланган.

Москва метроси тоннелида яна бир неча минг йўловчи поездлар билан бирга қамалиб қолди

Москва метроси.

Москва метроси тоннелида бир ҳафта ичида иккинчи марта йўловчилар бўлган поездлар қамалиб қолди.

23 май куни метронинг "Алтуфьево" ва "Бибирево" станциялари оралиғида бир поезд техник носозлик оқибатида тўхтаб қолган. Натижада мазкур поезд ортида бўлган яна иккита поезд тоннелда қамалиб қолган.

21 май куни ҳам Москва метросининг Солнцевск тармоғида техник носозлик оқибатида учта метро поезди тоннелда тўхтаган ва мингга яқин йўловчи қамалиб қолган эди.

Ўшанда йўловчиларни бир неча соат ўтгачгина эвакуация қилиш бошланган, йўловчилар ер остида икки соатдан кўп вақт ёрдамсиз қолиб кетганди.

Американинг энг машҳур жангариси қамоқдан чиқарилди

Жон Уокер Линд.

Американинг энг машҳур жангариси, Толибон сафларида жанг қилган Жон Уокер Линд 17 йил қамоқда ўтирганидан сўнг 23 май куни муддатидан олдин озодликка чиқарилди.

Reuters агентлигининг билдиришича, АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Линднинг озод этилишини “тушунарсиз ва виждонсиз ҳаракат” деб баҳолади.

Линд қамоқдан бўшатилганига қарамай, унга экстремистик материалларни ўқиш, Интернетда инглиз тилидан бошқа тилда мулоқот қилиш, паспортга эга бўлиш ва АҚШни тарк этиш тақиқланади. Бундан ташқари Линд психологик кўрикдан ўтиши лозим.

АҚШда туғилган Линд ўсмирлигида ислом билан қизиқиб қолган ва олдин Яманда, кейин Покистонда араб тилини ўрганган. Линд 2001 йилда Афғонистонга келиб, Толибонга қўшилган.

АҚШ ҳарбийлари Линдин 2001 йилнинг охирида Марказий Разведка бошқармаси ходими Майкл Спанни ўлдирган толиблар билан бирга қўлга олган эди. У 20 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

Руҳоний: Теҳрон Вашингтон олдида тиз чўкмайди

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний 23 май куни сўзлаган нутқида “хатто бомбардимон қилинган тақдирда ҳам Теҳрон Вашингтон олдида тиз чўкмайди”, деб билдирди.

Аввалроқ Эрон бош қўмондони “душманнинг ҳар қандай авантюрасига муносиб жавоб қайтарилади” деб эълон қилган эди.

Мазкур баёнотлар АҚШ Эрон билан муносабатлар кескинлашиб бораётгани муносабати билан Яқин Шарққа 5 минг нафар қўшимча аскар киритиш режасини муҳокама қилаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлиш ортидан янгради.

-Бизнинг бундан кўзлаган мақсадимиз Яқин Шарқда АҚШ манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришдир. Бу вазиятда Яқин Шарққа қўшимча аскарлар киритилиши мумкин,- деган эди АҚШ мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Патрик Шэнахэн.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Дональд Трамп ўтган йили Вашингтон Теҳрон билан 2015 йилда имзоланган ядровий шартномадан бир томонлама чиқишини эълон қилганидан сўнг мураккаблаша бошлаган эди.

Эрон бунга жавобан ядровий дастурини қайта тиклаши мумкинлигини билдирган. Вашингтон эса жавоб тариқасида Эронга иқтисодий санкциялар жорий этган.

Зеленский партияси иқтисодга давлат аралашувини кескин камайтириш мафкурасини танлади

Владимир Зеленский

Украина янги президенти Владимир Зеленский партияси либертарианликни ўз асосий мафкураси қилиб танлади. Бу ҳақда Зеленскийнинг Олий Рададаги вакили Руслан Стефанчук маълум қилди.

"Иқтисоднинг либерал (эркин) модели¸ муносабатларнинг либерал моделини танладик. Иқтисод эркин¸ давлатнинг бизнесни тартибга солишдаги роли минимал бўлади – шу ғоялар янги партия принципларининг пойдеворидир»¸ деди Зеленский вакили.

Зеленскийнинг «Халқ хизматкори» партияси сайловолди рейтингида олдинда бормоқда. Ижтимоий сўров натижаларига кўра¸ агар парламент сайловлари келаси якшанба куни ўтказилса¸ бу партия номзодлари сайловчиларнинг қарийб 30 фоиз овозини олган бўларди.

22 май куни Зеленский парламентни тарқатиб юбориб¸ мамлакатда икки ой ичида муддатидан аввал сайлов ўтказилиши ҳақидаги қарорга қўл қўйди.

Ҳозирча постсовет ҳудудида давлатнинг иқтисодга кучли аралашув принципидан воз кечишини тарғиб қилувчи бирорта партия ҳокимиятга келган эмас.

Саакашвили Зеленскийдан Украина ватандошлигини тиклашни сўради

Михаил Саакашвили

Грузия собиқ президенти¸ Украинанинг Одесса минтақаси собиқ губернатори Михаил Саакашвили президент Владимир Зеленскийдан Украина ватандошлигини қайта тиклашни сўради.

Саакашвили адвокатига кўра¸ бу сўров ëзилган расмий мактуб 22 май куни Зеленский маъмуриятига топширилган.

Саакашвилини 2015 йили Одесса губернатори лавозимига тайинлаган аввалги президент Петро Порошенко унга Украина ватандошлигини берган эди.

Грузия икки фуқароликни тан олмаслиги асосида Тбилиси ҳукумати Саакашвилини 2015 йил декабрида Грузия ватандошлигидан чиқарган эди.

Порошенко ва унинг ҳукуматини коррупцияда айблаши ортидан Саакашвилининг Киев ҳокимияти билан муносабатлари бузилган ва 2016 йил ноябрида Порошенко уни губернаторликдан бўшатган эди.

2017 йил июлида Саакашвили Янги кучлар ҳаракати деб номланган мухолифат гуруҳи тузиши ортидан Порошенко уни Украина ватандошлигидан маҳрум қилди.

Ватандошликни тиклаш сўровида Саакашвили Порошенко қарорининг ноқонуний ва ҳам Украина¸ ҳам халқаро қонунларга зид экани ва ўзини фуқаролиги йўқ шахсга айлантирганини таъкидлаган.

20 май кунги қасамëд нутқида президент Зеленский¸ ким Украина келажаги учун ишлашга тайëр бўлса¸ унга ватандошлик беришга ҳозирлигини билдирган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG