Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 15:38

Халқаро янгиликлар

Путинни мазах қилган рус блогери расмийларни ҳақорат қилишда айбланди

Смоленск шаҳрида яшовчи блогер Сергей Командиров Интернетда Путин сурати остида “Ҳар бир фуқаро биринчи ўриндаги ***** ким эканлигини билади”, деб ёзилган мемни бўлишган.

Россия президенти Владимир Путинни мазах қилувчи мемни Интернетда бўлишган рус блогерига мунозарали “расмийларга ҳурматсизлик” бўйича янги қонун асосида расмий айблов қўйилди.

Смоленск шаҳрида яшовчи блогер Сергей Командиров Интернетда Путин сурати остида “Ҳар бир фуқаро биринчи ўриндаги ***** ким эканлигини билади”, деб ёзилган мемни бўлишган.

Командиров янги қонун 29 март куни кучга кирганидан кейин икки кун ўтиб, Новгород шаҳрида Юрий Картижевга айблов қўйилиши ортидан юқорида тилга олинган мемни бўлишган.

Янги қонунда расмийларни ёки давлат рамзларини ҳақорат қилганларни 15 кунгача қамаш ҳамда 100 минг рублгача жаримага тортиш белгиланган. Қонунни такрор бузганларга эса 200 минг рубль жарима солиниши мумкин.

27 май куни мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийнинг ёрдамчиларидан бири Леонид Волков Twitterда Картижевга чиқарилган ҳукмни қоралагани учун расмийларга ҳурматсизлик кўрсатишда айбланди.

HRW: Қирғизистонда хотин-қизларга зўравонликка қарши етарлича курашаямаяпти

Ўтган йилнинг 27 майида Марс Бўдўшев Бурулай Турдиали қизини олиб қочган ва пичоқлаб ўлдирган эди.

Human Rights Watch (HRW) ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини хотин-қизларга зўравонликка қарши чораларни кучайтиришга чақирди.

Ташкилот 28 май куни эълон қилган баёнотда зўравонларни жазолаш қонунларига амал қилиш тўлиқ таъминланмаётгани учун мамлакат аҳолисининг ярми хавф остида яшаётган айтилади.

Ўтган йилнинг 27 майида Чуй вилоятининг Жайил туманида Марс Бўдўшев Бурулай Турдиали қизини ўзига турмушга чиқишга мажбурлаш мақсадида олиб қочган, сўнгра милиция томонидан қўлга олиниб, Жайил туман Ички ишлар бўлимига олиб борилган ва ўша ерда Бурулайни пичоқлаб ўлдирган эди.

“Қотилликдан бир йил ўтиб, ҳукумат аёллар ва қизлар ҳаётини сақлаб қолиш учун барча чораларни кўрмаётгани ачинарли ҳолатдир. Қонунларни қабул қилиш илк қадам ўлароқ яхши, аммо бу ҳақиқий ҳимояни таъминлаш учун умуман етарли эмас”, - дейилади ташкилот ҳисоботида.

АҚШ вакили Россиянинг Украина шарқидаги фаолиятини “оккупация” деб атади

АҚШнинг Украина бўйича махсус вакили Курт Волкер

АҚШнинг Украина бўйича махсус вакили Курт Волкер Россиянинг Украина шарқидаги фаолиятини “оккупация” деб атади ва Москвани Минск битимлари доирасида ўз бўйнига олган мажбуриятларига амал қилишга чақирди.

- Россия Минск битимларини амалга ошириш учун жуда кўп иш қилиши керак, - деди махсус вакил.

- Украинанинг ҳам ўз мажбуриятлари бор, - дея қўшимча қилди Волкер 28 май куни журналистларга.

Волкер Володимир Зеленский президент этиб сайланиши ортидан АҚШ Россия билан музокараларни қайта кўриб чиқиши кераклигини айтди.

- Йил бошида Россия билан мулоқот қилганимизда руслар президент сайлови давомида самарали музокаралар олиб бориш учун имкон йўқ, деб айтишган эди, - деди Волкер.

АҚШнинг Украина бўйича махсус вакили июль ойига белгиланган парламент сайловларига тўхталиб ўтар экан, Россия билан музокараларда бирор натижага эришиш имкони бор-йўқлиги ҳозирча қоронғи эканлигини таъкидлади.

Қозоғистон автоаварияда яраланган 9 фуқаросини Италиядан олиб келиш учун самолёт жўнатади

Сиена – Флоренция магистралида кетаётган икки қаватли туристик автобус йўлдан четга чиқиб, жарлика тушиб кетган. 2019, 22 май.

Қозоғистон соғлиқни вазирлиги Италияда юз берган ЙТҲда жабрланган икки қозоғистонликни ватанга олиб келиш учун санавиациянинг махсус самолётини тайёрлаб қўйди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига таянган ҳолда маҳаллий нашрлар маълум қилди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги мижозларни транспортировка қилишга тайёрлигини билдиради. Санавиациянинг махсус самолёти ҳозирлаб қўйилди, авиапарвоз юқори малакали тиббиёт ходимлари кузатувида амалга оширилади», - дейилади хабарда.

Тўққиз нафар қозоғистонлик жароҳат олган ЙТҲ 22 май куни эрталаб Италиянинг Тоскана вилоятида юз берди. Италия ОАВнинг маълум қилишича, Сиена – Флоренция магистралида кетаётган икки қаватли туристик автобус йўлдан четга чиқиб, жарликка тушиб кетган. Ҳодиса оқибатида Россия фуқароси бўлмиш аёл вафот этган.

Назарбоев Россия, Беларусь ва Қирғизистон президентларини Назарбоев ордени билан тақдирлади

Нурсултон Назарбоев қирғиз президенти Сўўрўнбай Жээнбековга орден топширмоқда.

Қозоғистон муваққат президенти Қосимжўмарт Тўқаев 28 май куни Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков, Россия президенти Владимир Путин ва Беларусь президенти Александр Лукашенкага Нурсултон Назарбоев орденини топшириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонда айтилишича, президентлар “Евросиё иқтисодий интеграцияси ғоясининг 25 йиллиги, Евросиё иқтисодий иттифоқи ташкил этилганининг 5 йиллиги муносабати билан ҳамда Қозоғистон билан муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссалари учун” тақдирланди.

Назарбоев орденини Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев шахсан ўзи топширди.

Россия, Беларусь ва Қирғизистон президентлари Нурсултонга 28-29 май кунлари ўтадиган Евросиё иқтисодий иттифоқи Олий кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун борган эди.

19 мартда мамлакатни қарийб 30 йил бошқарган президент Нурсултон Назарбоев истеъфо бергани ортидан 20 март куни Қосимжўмарт Тўқаев Қозоғистон муваққат президенти сифатида қасамёдга келтирилган.

79 яшар Назарбоев президентликдан истеъфо берганига қарамай, Қозоғистон Хавфсизлик Кенгаши ва иқтидордаги "Нур-Отан" партияси раиси бўлиб қолмоқда.

Бишкекнинг "Манас" аэропортида фуқаролиги йўқ шахс беш ойдан бери ташқарига чиқарилмаяпти

"Манас" аэропорти.

Қирғизистон пойтахтидаги “Манас” халқаро аэропортининг бетараф ҳудудида Арлен Хадаа исмли шахс беш ойдан бери ташқарига чиқа олмаяпти. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати 28 май куни маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, Арлен Хадаанинг хотини ва икки ўғли Норвегияда яшайди. У 2016 йилда Қирғизистонга депортация қилинган.

Хадаа Қирғизистонда вақтинча яшаб, бу ерда керакли ҳужжатларни расмийлаштирганидан сўнг Норвегияга учган. Бироқ Москва аэропортида у Россия Миграция хизмати томонидан қўлга олиниб, жорий йилинг 19 январида қайта Қирғизистонга депортация қилинган.

Чегара хизмати Хадаанинг ҳужжатларида камчиликлар борлиги учун у Қирғизистон ҳудудига киритилмаётганини билдирди.

Расмий маълумотда айтилишича, Хадаанинг отаси Монголия фуқароси. Онаси Ўзбекистон ССР паспортига эга бўлган этник қирғиздир. Хадаа Қирғизистонда туғилиб, ўсганига қарамай туғилганлиги тўғрисида гувохнома ва паспортга эга эмас.

Элчи Хитойда мусулмонлар таъқиб этилаётганини рад этди

Хитойнинг Қозоғистондаги элчиси Чжан Сяо Нурсултон Назарбоев билан учрашув пайтида.

Хитойнинг Қозоғистондаги элчиси Чжан Сяо Шинжон-Уйғур мухториятида мусулмонлар, жумладан, қозоқларга нисбатан босимлар бўлаётгани тўғрисидаги хабарларни ёлғон ва тухмат сифатида баҳолади.

28 май куни Нурсултонда Хитой-Қозоқ муносабатларига бағишланган тадбирда қатнашган элчи журналистларга: “Бу маълумотлар ёлғон. Бу гапларни қаердан олдингиз? Шинжонда вазият барқарор. У ерда қўлланилаётган чоралар террорчилик ва экстремистликка қарши кураш доирасидаги ҳаракатлардир”, деб айтди.

Бундан бир кун олдин Олматида Хитойдан Қозоғистонга кўчиб келган бир неча қозоқ матбуот анжумани ўтказиб, Шинжон-Уйғур мухториятида “қайта тарбиялаш” лагеридан озод этилган қариндошларига Қозоғистонга кўчиб келишга рухсат берилмаётгани ҳақида гапирган эдилар.

Шинжон-Уйғур мухтор районида 13 миллион уйғур ва бошқа миллат вакиллари яшайди. Хитой расмийлари 1 миллионга яқин мусулмонни “қайта тарбиялаш лагерларига” жойлаштиргани учун БМТ, АҚШ, Европа Иттифоқи ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан кескин танқид қилиниб келинади.

Бироқ Хитой ҳукумати мусулмонларга қарши таъқиблар бўлмаётганини, балки барча чора-тадбирлар террорчилик ва экстремистликка қарши кураш доирасида олиб борилаётганини иддао қилмоқда.

Кремль лойиҳаси бўлган Sputnik нашрининг бош муҳаррири Литвадан депортация қилинди

Sputnik вебсайти.

Кремлнинг лойиҳаси экани айтиладиган Sputnik нашрининг Литвадаги шўъбаси бош муҳаррири Марат Касем мамлакатга киритилмади.

28 май куни билдирилишича, Литва пойтахти Вильнюсга навбатдаги сафардан қайтган Марат Касем аэропортдан ташқарига чиқарилмаган ва ўша куниёқ Латвияга депортация қилинган.

Бу ҳақда хабар берган Sputnik нашри Марат Касем Латвия фуқароси эканини ҳам билдирди. Хабарда айтилишича, Марат Касемга Литвага кириш 5 йилга тақиқланди.

Литва чегара хизмати расмий сайтида маълум қилинишича, Марат Касем “Литва миллий хавфсизлигига таҳдид” сифатида кўрилади.

Марат Касем Латвия пойтахти Ригага қайтганидан сўнг тарқатган видеосида Вильнюс аэропортида 6 соат ушлаб турилгани ва сўроқ қилинганини айтди. Унга кўра, сўроқ пайтида унга Россия махсус хизматлари билан қандай алоқада экани тўғрисидаги саволлар берилган.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси БААга борди

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон “минтақавий хавфсизлик масласини муҳокама қилиш мақсадида” Бирлашган Араб Амирликларига келганини маълум қилди.

Жон Болтон 28 май куни Твиттер саҳифасида бу ҳақда ёзар экан: “Эртага минтақавий хавфсизликнинг муҳим ва кечиктириб бўлмас масалаларини муҳокама қилиш учун Амирликлардаги иттифоқчиларимиз билан учрашишни интиқлик билан кутаяпман”, деб билдирди.

Болтон Бирлашган Араб Амирликларига АҚШнинг Эрон билан муносабатлари ўта кескинлашган бир пайтда ташриф буюрди. АҚШ минтақада Эроннинг асосий рақиблари бўлган давлатларнинг яқин иттифоқчиси саналади.

Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари май ойининг бошларида Теҳронни Форс кўрфазидаги нефть танкерларига ҳужум қилганликда айблаган эди.

Бундан ташқари Саудия Эронни Ямандаги хутий шиа исёнчиларига учувчисиз бошқариладиган учоқларни етказиб бераётганликда, шиа исёнчиларини эса бу учоқлардан фойдаланган ҳолда Саудия нефть конларига зарба бераётганликда айблаган эди. Бироқ Теҳрон бу айловларни рад этган.

НАТО АҚШ ортидан коинотга оид сиёсатини ишлаб чиқмоқда

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг.

НАТО ташкилотнинг коинотга оид сиёсат стартегиясини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг 28 май куни Брюсселда ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

-Биз ҳозирда НАТОнинг яна бир лойиҳаси –коинот бўйича кенг қамровли сиёсат дастури устида ишламоқдамиз. Кейинги ойда НАТОга аъзо давлатларнинг мудофаа вазирлари бизнинг янги коинотга оид сиёсатимизни қабул қиладилар, деб умид қиламан,-деди Столтенберг.

Жорий йилнинг 17 январида НАТОнинг энг асосий молиячиси ва аъзоси бўлган АҚШ коинот кучларини яратиш йўналишида иш бошлагани хабар қилинган эди

АҚШ президенти Дональд Трамп коинот жанговар ҳаракатларнинг янги сфераси бўлишини ва келажакда коинот кучлари асосий ҳал қилувчи воситага айланишини айтган.

Ўшанда Трамп АҚШ жаҳонда тенги йўқ ракетадан мудофаа тизимини, жумладан, коинотда ҳам барпо қилиш учун янги технологияларни кашф этиш устида ишлайди, деб билдирган.

Саакашвили ўзига украин ватандошлиги қайтарилганини олқишлади

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили.

Грузиянинг собиқ президенти ва 2015-2016 йилларда Украинанинг Одесса вилоятига ҳоким бўлган Михаил Саакашвили янги президент Владимир Зеленский унга украин фуқаролигини қайтарганини олқишлади.

-Менимча, Зеленский бошқалар ўйлаётганидан кўра муваффақиятлироқ президент бўлади. Мен бунга ишонаман, - деди Саакашвили 28 май куни Озод Европа-Озодлик радиосига Польшадан туриб берган интервьюсида.

Саакашвили 22 май куни Зеленский маъмуриятига Украина ватандошлигини тиклаш илтимоси билан мурожаат қилган эди.

Саакашвилини 2015 йили Одесса губернатори лавозимига тайинлаган аввалги президент Петро Порошенко унга Украина ватандошлигини берган эди.

Порошенко ва унинг ҳукуматини коррупцияда айблаши ортидан Саакашвилининг Киев ҳокимияти билан муносабатлари бузилган ва 2016 йил ноябрида Порошенко уни губернаторликдан бўшатган эди.

2017 йил июлида Саакашвили Янги кучлар ҳаракати деб номланган мухолифат гуруҳи тузиши ортидан Порошенко уни Украина ватандошлигидан маҳрум қилди.

Зеленский Саакашвилининг Украина ватандошлигини қайта тиклади

Президент ролини ўйнаб танилган комик актëр Владимир Зеленский 20 май куни Украина президенти сифатида қасамëд қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский Грузия собиқ президенти¸ Украинанинг Одесса минтақаси собиқ губернатори Михаил Саакашвилининг Украина ватандошлигини қайта тиклади.

Бу ҳақда Украина президенти матбуот хизмати маълум қилди.

Саакашвилининг бу сўрови 22 май куни унинг адвокати томонидан Зеленский маъмуриятига топширилган эди.

Саакашвилини 2015 йили Одесса губернатори лавозимига тайинлаган аввалги президент Петро Порошенко унга Украина ватандошлигини берган эди.

Грузия икки фуқароликни тан олмаслиги асосида Тбилиси ҳукумати Саакашвилини 2015 йил декабрида Грузия ватандошлигидан чиқарган эди.

Порошенко ва унинг ҳукуматини коррупцияда айблаши ортидан Саакашвилининг Киев ҳокимияти билан муносабатлари бузилган ва 2016 йил ноябрида Порошенко уни губернаторликдан бўшатган эди.

2017 йил июлида Саакашвили Янги кучлар ҳаракати деб номланган мухолифат гуруҳи тузиши ортидан Порошенко уни Украина ватандошлигидан маҳрум қилди.

Ватандошликни тиклаш сўровида Саакашвили Порошенко қарорининг ноқонуний ва ҳам Украина¸ ҳам халқаро қонунларга зид экани ва ўзини фуқаролиги йўқ шахсга айлантирганини таъкидлаган.

20 май кунги қасамëд нутқида президент Зеленский¸ ким Украина келажаги учун ишлашга тайëр бўлса¸ унга ватандошлик беришга ҳозирлигини билдирган эди.

Human Rights Watch асосчиси Роберт Бернштейн 97 ëшида вафот этди

Роберт Бернштейн

Халқаро майдонда инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланиб келаëтган нуфузли Human Rights Watch ташкилоти асосчиси Роберт Бернштейн 97 ëшида оламдан ўтди. Бу ҳақда The New York Times Бернштейн ўғлига таяниб хабар берди.

1944 йили Ҳарвард университетини тамомлаган Бернштейн 2-жаҳон урушидан сўнг Simon & Schuster нашриëтида иш бошлаган. 1966 йилда у Random House нашриëтига асос солди ва уни дунëнинг энг йирик матбаа ширкатига айлантири.

Random House ўз замонида рус ва совет ëзувчилари асарларини нашр қилган саноқли Ғарб ширкатларидан бўлган. 1973 йили Бернштейн совет диссидент ëзувчиси Андрей Амальрикнинг «Совет иттифоқи 1984 йилгача сақланиб қоладими?" деган эссесини ҳимоя қилиш билан инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланишни бошлади.

Америка ноширлари делегациясида СССРга келган
Бернштейн академик Андрей Сахаров ва рафиқаси Елено Боннер билан учрашган эди.

Дастлаб СССРнинг инсон ҳақларига риоя қилиш бўйича Ҳелсинки келишувини қай даражада бажараëтганини кузатиш учун Helsinki Watch ташкилоти тузган Бернштейн¸ кўп ўтмай уни бутун дунëдаги инсон ҳақлари вазиятини мониторинг қилувчи Human Rights Watchга айлантирди.

Сахаровлар оиласи билан яқин дўст бўлган ношир¸ 1975 йили совет олимига Нобель мукофоти топширилиши маросимида қатнашган эди.

Бернштейн Сахаров¸ шунингдек¸ Вацлав Ҳавел каби коммунистик блок диссидентлари китоб ва мақолаларининг Ғарбда чоп қилинишини таъминлаб келган.

Россия Мудофаа вазири Раҳмон билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш ҳақида гаплашди

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу тожик президенти Раҳмон билан.

Душанбега келган Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу 28 май куни Тожикистон президенти билан учрашди.

Ëпиқ эшиклар ортида ўтган бир соатлик суҳбатда¸ тожик президенти матбуот хизматига кўра¸ ”стратегик ҳамкорлик масаласи муҳокама қилинган.

Расмий Душанбе¸ Россия билан ҳарбий ҳамкорлик мамлакат ташқи сиëатининг устувор вазифаси эканини таъкидлаб келади.

Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Мирзо билан учрашувда Шойгу тожик ҳарбийларининг Россияда ўтадиган Центр машғулотларида қатнашиши¸ шунингдек йил давомида Тожикистонда КХШТ ҳарбий машқлари ўтказилишини билдирди.

28 май куни Шойгу Душанбедаги Россия ҳарбий базасини ҳам бориб кўрди.

Тожикистон ҳудудидаги уч ҳарбий иншоотда Россиянинг 201-мотоўқчи дивизиясининг 7000 га яқин аскари жойлашган.

2012 йили Москва ва Душанбе Тожикистон ҳудудидаги Россия ҳарбий базасининг 2042 йилгача қолишига изн берувчи келишув имзолаган.

Бундан бир ҳафта олдин Душанбега борган Россия Федерал хавфсизлик хизмати раиси Александр Бортников¸ шимолий Афғонистон ҳудудида “Ислом давлати” террор гуруҳи жангариларининг тўпланаëтганини таъкидлаган эди.

Толиблар ва Лавров АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетишини талаб қилди

Сергей Лавров Толибон вакиллари билан сўзлашувда.

28 май куни Москвада Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган музокараларнинг навбатдаги босқичи ўтказилди. Сўзлашувларда афғон оқсоқоллари ва Россия томонидан террорчи ташкилот деб эълон қилинган Толибон гуруҳи вакиллари иштирок этди.

Толибларнинг 14 кишилик делегациясига мулла Бародар Охунд раҳбарлик қилди. Музокараларда¸ Толибон қаршилик кўрсатгани боис¸ Кобул ҳукумати расмийлари қатнашмади.

Музокараларда қатнашган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Афғонистондаги хориж қўшинларининг бутунлай чиқиб кетиши лозимлигини таъкидлади.

Толибон вакиллари ҳам айни талабни ўртага қўйди ва Қатарда АҚШ расмийлари билан ўтказиладиган сўзлашувларда Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш муҳлати ҳақида сўз боришини маълум қилди.

Толибон делегацияси ўтган йил ноябри ва жорий йил февралида ҳам Москвага келган ва Кремль расмийлари билан музокара қилган эди

Косоводаги тартибсизлик пайтида Россия дипломати ушланди

28 май куни Косово полицияси этник сербларни ҳибсга олиши ортидан тартибсизлик ва дипломатик жанжал бошланиб кетди.

Россия томонидан расман тан олинмаган Косово республикаси полицияси БМТ миссиясида ишлаëтган россияликни қўлга олди.

Бу ҳақда баëнот берган Сербия президенти Александр Вучич “тегишли Россия идораларининг воқеадан хабардор қилингани”ни билдирди.

Бундан аввал Косово шимолидаги тартибсизликлар пайтида ўнлаб одамнинг ушлангани хабар қилинган эди.

28 май куни Косово полицияси 2011 йили полиция ходимини ўлдириш ва уюшган жиноий гуруҳга алоқадорликда гумонланаëтган 13 нафар этник сербни ҳибсга олиши ортидан тартибсизликлар бошланиб кетди.

Косово президенти рейд давомида “дипломатик мақомидан фойдаланиб¸ полиция амалиëтига тўсқинлик қилишга уринган россиялик”нинг қўлга олинганини билдирди.

Косово ҳукуматининг бу ҳаракатига тегишли жавоб қайтарилишини билдирган Сербия президенти мамлакат қуролли кучларини жанговор шайлик ҳолатига келтирди.

Бу воқеаларга муносабат билдирган Россия Ташқи ишлар вазирлиги¸ “Москва вазиятга Сербия манфаатлари ва қонунчилигидан келиб чиқиб ечим топилишини қўллаб-қувватлаши”ни билдирди.

Медведев давлат ташкилотларига хориждан вино олишини тақиқлади

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев давлат ва маҳаллий ҳокимият идораларининг 1 июлдан бошлаб хориждан вино сотиб олишини тақиқловчи қарорга қўл қўйди.

Сешанба куни Бош вазир расмий сайтида эълон қилинган бу қарор¸ маҳаллий узумчилик ва виночиликни қўллаб-қувватлаш иддаоси билан қабул қилинган.

Бу тақиқ дўконларда сотиладиган импорт виноларга тегишли эмас.

2016 йили Медведев давлат идоараларининг хориждан балиқ ва гўшт маҳсулотлари¸ сут¸ гуруч¸ шакар¸ сариëғ ва туз сотиб олишини тақиқлаган эди. Бу қарор ҳам ички ишлаб чиқарувчини ҳимоялаш иддаосида қабул қилинган эди.

Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ўтказган суриштирув давомида Медведевнинг ҳар хил нотижорий тизимлар ва ўзига яқин шахслар орқали Краснодарск ўлкаси ва Италиядаги катта узумзорларга эгалик қилиши аниқланган эди.

Навальний жамғармаси январь ойида Путинга яқин бизнесменлар Геннадий Тимченко ва Владимир Колбиннинг Кранодаскдаги “Путин саройи”га туташ 47 гектарлик узумзор ва вино заводини сотиб олганини хабар қилган эди.

Бразилия қамоқхоналарида бир кунда камида 40 маҳбус бўғиб ўлдирилди

Бразилия полицияси.

Бразилиянинг Амазонка жунглиларида жойлашган Манаус шаҳридаги тўртта қамоқхонада 27 май куни камида 40 маҳбус бўғиб ўлдирилган ҳолда топилди.

Бундан бир кун аввал мазкур қамоқхоналардаги жиноий гуруҳлар ўртасида содир этилган муштлашувда 15 маҳбус ҳалок бўлган эди.

Бразилия ҳукумати Манаус шаҳрига қамоқхоналардаги зўравонликни тўхтатиш учун махсус гуруҳни жўнатди.

Сўнгги хабарларга қараганда, полиция 27 май куни қамоқхоналардаги назоратни қўлдан чиқарган ва бундан фойдаланган жиноий гуруҳлар аъзолари бир-бирларини бўғиб ўлдирганлар.

Полиция 27 май кечга яқин мазкур тўртта қамоқхонадаги назоратни қайта тиклаган.

Қозоғистоннинг энг машҳур журналисти Розлана Таукина вафот этди

Розлана Таукина

Матбуот қаттиқ назорат қилинадиган Қозоғистонда таниқли журналист ва сўз эркинлиги ҳимоячиси Розлана Таукина 60 ёшида вафот этди.

Унинг яқинлари Қозоғистоннинг энг машҳур журналисти бўлган Розлана Таукина 26 май куни номаълум касаллик оқибатида вафот этганини Озодлик радиосига билдирди.

“Ўз фаолияти давомида Таукина репрессия қилинган кўплаб журналистларга кўмаклашиб келди ва жаҳонга Қозоғистондаги сўз эркинлигига бўлаётган босимлар ҳақида хабар берди. У ҳақиқий чемпион эди ва унинг ўлими оғир жудоликдир”, деб ёзди ўзининг Twitter саҳифасида Стокҳолмдаги “Фуқаровий ҳуқуқ ҳимоячилари” ташкилотининг вакили Музаффар Сулаймонов.

Таукина 1959 йилнинг 30 январида Қозоғистоннинг Ўрол шаҳрида таваллуд топган. У дастлаб она шаҳридаги педагогика олийгоҳини якунлаган, шундан сўнг Москва Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

У “Чегарасиз мухбирлар” халқаро ташкилотининг мухбири, “Трибуна. Коммунист Казахстана” газетасининг бош муҳаррири, Қозоғистондаги энг биринчи мустақил “Радио Максимум”нинг раҳбари сифатида фаолият юритган.

Москва БМТ Халқаро трибуналининг қарорини бажаришдан бош тортди

Россия қамоққа олган украин денгизчилари Москва судида.

Москва суди 27 май куни ўтган йилнинг ноябрида қўлга олинган 24 нафар украин денгизчисини қамоқда сақлаш муддатини узайтирди ва бу билан БМТ қошидаги Халқаро трибунал қарорини бажаришдан бош тортди.

БМТнинг Гамбургда жойлашган Денгиз қонунлари бўйича халқаро трибунали 25 май куни Россия Украинанинг кемаларини ва денгизчиларини Украинага қайтариши шарт, деган қарорни чиқарган эди.

2018 йилнинг 25 ноябрида Керч бўғозида Россия кучлари чегара бузилганини иддао қилган ҳолда Украина ҳарбий-денгиз кучларига қарашли учта кема ва улардаги 24 нафар денгизчини қўлга олиб, қамаб қўйган эди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги “Керч бўғозидаги инцидентга” БМТнинг денгиз қонунчилиги бўйича конвенциясини татбиқ қилиб бўлмайди, деб ҳисобламоқда.

Покистонда шифокор айби билан ОИТВга чалинганлар сони 700 кишига яқинлади

Иллюстратив сурат.

Покистон жанубидаги Ларкона туманидаги Ратодеро шаҳарчасида маҳаллий шифокорнинг айби билан Одам иммун тақчиллиги вируси - ОИТВга чалинган одамлар сони 700 кишига яқинлади.

Покистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вирусга чалинганларнинг кўпчилиги ёш болалар эканини маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, шифокор Музаффар Гангаро битта игнани барча беморларга қўллагани ортидан вирус тарқалган.

Мазкур шаҳарчада ОИТВ оммавий равишда тарқалгани ортидан шифокор қўлга олинган эди. Полиция Гангаро вирусни қасддан одамларга юқтирганми, деган саволга жавоб изламоқда.

Покистонда жами 23 минг киши ОИТВга чалингани аниқланган.

Европарламент: Иттифоқни қўллаган партиялар аввалгидан оз овоз олди

Европарламентга ўтказилган сайлов Европа Иттифоқида сиёсий вазият ўзгараётганини кўрсатди.

27 майда эълон қилинган сайлов натижаларига кўра, бунга қадар битта коалицияга бирлашган Европа халқ партияси ва социалистлар ҳамда демократларнинг прогрессив альянси Европа парламентида аввалгидай кўпчилик ўринларга эга бўла олмайди.

Лекин шунга қарамай, Европа Иттифоқини кучайтириш ва сақлаб қолиш тарафдори бўлган партиялар Европарламентдаги 751 ўриндан 505тасига эгалик қилди.

Мазкур сайловда ўта миллатчи ва ўта ўнгчи партиялар ҳам муваффақиятга эришиб, аввалги йилларга нисбатан кўпроқ овозларни олишга муваффақ бўлди.Бунинг оқибатида Европа бирлигини қўлловчи партиялар бошқа йилларга нисбатан озроқ овоз олди.

Масалан, Францияда миллатчи сиёсатчи Марин Ле Пеннинг партиясига 24 фоиз, президент Эммануэл Макроннинг “Олға, Франция” партиясига 22,5 фоиз овоз берилди.

Италияда ўта ўнгчи “Ла Лига” партияси овозларнинг асосий қисмига эга бўлди.

Европа Комиссияси матбуот котиби Маргаритис Скинас бу ҳақда маълум қилар экан:

-Миллатчилар башоратларга қарамай бу сайловда ғалабага эриша олмади. Европа Иттифоқини қўллаган кучлар ғалаба қилди. Ғолиблар Европани йўқ қилишни истаганлар эмас, балки Европа учун ишлашни хоҳлаганлардир,- деб айтди.

Австрия парламенти ҳукуматга ишончсизлик билдирди

Австрия канцлери Себастьян Курц.

Австрия парламенти канцлер Себастьян Курц ва унинг ҳукуматига коррупция жанжали ортидан ишончсизлик билдирди. Бунинг ортидан канцлер истеъфога чиққанини эълон қилди ва ўз ҳукуматидаги вазирларга миннатдорчилик билдирди:

-Жуда яхши фаолият кўрсатдик ва мен бунинг учун федерал ҳукуматнинг барча аъзоларига миннатдорчилик билдираман, - деди Себастьян Курц.

Коррупция жанжали 18 май куни Озодлик партияси раиси, биринчи вице – канцлер Хайнц-Кристиан Штрахе россиялик тадбиркор билан парламент сайловини молиялаш масаласини мухокама қилаётгани акс этган видео эълон этилиши оқибатида бошланиб кетган эди.

Видеода вице-канцлер рус тадбиркори сайловда ўз партиясини молияласа, унга Австрияда бизнес имтиёзлар берилишини ваъда қилган.

Штрахе бу видео тарқалиши ортидан бошланган коррупция жанжали оқибатида истеъфо берган.

Зеленский партияси янги етакчисини эълон қилди

Володимир Зеленскийнинг “Халқ хизматкори” сиёсий партияси логотипи.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг янги тузилган “Халқ хизматкори” сиёсий партияси президент сайлов кампанияси маслаҳатчиси Дмитро Разумковни партия етакчиси деб эълон қилди.

Июль ойига белгиланган навбатдан ташқари парламент сайловида иштирок этишни режалаштираётган партия аъзо тўплаш учун интервью ўтказади. Бу ҳақда 27 май куни Разумковнинг ўзи матбуот анжумани давомида маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Зеленский парламентни тарқатиб юбориб, мамлакатда икки ой ичида муддатидан аввал сайлов ўтказилиши ҳақидаги қарорга қўл қўйди.

Сиёсий консалтинг ширкати директори лавозимида ишлаб келаётган Разумков ўз сиёсий карьерасини собиқ президент Виктор Януковичнинг “Регионлар партияси” аъзоси ўлароқ бошлаган. Москва билан яқин алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган Янукович 2014 йилда “Евромайдон” намойишлари ортидан ҳукуматдан ағдарилиб, Россияга қочиб борган.

Руминия суди ҳукмрон партия етакчисига чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди

Руминия олий суди ҳукмрон Социал демократлар партияси (PSD) етакчиси Ливиу Драгня.

Руминия олий суди ҳукмрон Социал демократлар партияси (PSD) етакчиси Ливиу Драгнянинг унга 2016 йилда коррупция бўйича чиқарилган ҳукмни бекор қилиш бўйича арзини қондирмади.

27 май куни Кассация ва Адлия олий суди судьялари Драгняга полицияга ўзини таслим бўлиш учун 24 соат муҳлат берди.

Айни дамда Руминия парламентининг қуйи палатасига етакчилик қилаётган Драгня 2016 йилда 3,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У ўша пайтда партияга ишлаётган икки аёлга сохта давлат ишларини яратишдаги роли учун судланган эди.

2012 йилда Драгня сайлов қонунчилигини бузгани учун кейинга қолдирилган қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Куни кеча ўз якунига етган Европа Парламенти сайловларида PSD ҳамда унинг шериги ALDE партияси катта йўқотишга учради. PSD 23 фоиз овоз тўплади, Миллий либерал партия ҳамда USR-PLUS партиялари альянси эса 47 фоиздан кўпроқ овоз олди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG