Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2019, Тошкент вақти: 15:38

Халқаро янгиликлар

ЕХҲТ: Қозоғистондаги сайловда фундаментал эркинликларга ҳурматсизлик кўрсатилди

10 июнь куни Олмаотанинг Эски майдонида намойишга чиққанларни полиция ушлаб олиб кетди.

Олмаотада полиция президент сайловининг дастлабки натижалари эълон қилиниши ортидан норозилик намойишига чиққан 30 га яқин шахсни қўлга олди.

Халқаро кузатувчилар сайлов давомида фундаментал эркинликлар бузилганини айтмоқда.

10 июнь куни сайлов расмийлари дастлабки натижалар собиқ президент Нурсултон Назарбоев кўрсатган номзод – Қасим-Жомарт Тоқаевга сайловчиларнинг 70 фоиздан ортиғи овоз берганини маълум қилди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кузатувчилари сайлов давомида “фундаментал ҳуқуқларга кўрсатилган ҳурматсизлик, жумладан, тинч намойишчилар қўлга олингани ҳамда сайлов куни кўплаб қонунбузарликлар кузатилгани демократик стандартларга бўлган ҳурмат озлигидан дарак беришини” билдирди.

Сайлов куни (9 июнь) Олмаота, Нурсултон ҳамда Шимкент шаҳарларида юзлаб ҳукуматдан норози намойишчи қўлга олинди.

10 июнь куни Олмаотанинг Эски майдонида ўнлаб одам иккинчи кун намойишга чиқди. Пойтахт Нурсултонда эса намойишчилар Эски майдонда тўпланди. Ҳар икки шаҳарда полиция намойишчилар тўпланган ҳудудни қуршаб олди.

Хаага арбитраж суди Украинанинг Россия устидан шикоятини кўриб чиқади

Хаагадаги Доимий арбитраж суди

Қароргоҳи Нидерландияда жойлашган Доимий арбитраж суди Киевнинг Москва устидан шикоятини кўриб чиқади. Россия вакиллари 10 июнь куни Украина айбловларига эътирозларини тақдим этади. Украина вакиллари эса Россия Украинанинг денгиздаги ҳуқуқларини бузганини кўрсатувчи далилларни 11 июнь куни тақдим этади.

13-14 июнь кунлари суднинг иккинчи босқичи бўлади.

Украина 2016 йилда Россияни Қора денгиз, Азов денгизи ҳамда Керчь бўғозида Денгиз қонунчилиги бўйича БМТ конвенциясини бузишда айблаб, Хаагадаги судга мурожаат қилган.

Россия 2014 йилнинг мартида Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб олиб, Украина шарқида россияпараст айирмачиларни қўллай бошлаган. Украина шарқидаги уруш бугунга қадар 13 мингдан ортиқ одам умрига зомин бўлди.

Украина ва Ғарб давлатлари Россияни Қора денгизни Азов денгизига боғлаб турувчи Керчь бўғозида Украина кемалари ҳаракатини ноқонуний чеклашда айблаб келади.

2018 йилнинг 25 ноябрида Керчь бўғозида Россия кучлари чегара бузилганини иддао қилган ҳолда Украина ҳарбий-денгиз кучларига қарашли учта кема ва улардаги 24 нафар денгизчини қўлга олиб, қамаб қўйган.

ТИВ: Суриядан қирғизистонликларни қайтариш ҳаракатлари тўсиқларга учрамоқда

Қирғизистон фуқароларининг Сурия расмий ҳокимияти назоратидан ташқаридаги ҳудудларда ушлаб турилгани уларни ватанга қайтариш ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда.

Бу ҳақда Суриядагиларни олиб келиш масаласи юзасидан Азаттиқ радиоси сўровига Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги билдирганини тилга олинган радио хабар қилди.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, бу йўналишда мамлакатдаги дипломатик ваколатхоналар, ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Шу пайтгача Суриядан Қозоғистон 357, Ўзбекистон 156 фуқаросини, Тожикистон Ироқдан 84 болани олиб келган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига қараганда, Суриянинг уруш ҳаракатлари давом этаётган ҳудудларига тақрибан 800 нафар (шу жумладан 140 нафарга яқини аёл) қирғизистонлик кетган. Уларнинг 200 дан ортиғи ўлган.

Германия Эрон билан ядровий дастур келишувини сақлаб қолишни муҳокама қилади

Германия ташқи ишлар вазири Ҳейко Маас Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф билан. Теҳрон, 2019, 10 июнь.

10 июнь куни Германия ташқи ишлар вазири Ҳейко Маас Эрон расмийлари билан учрашиб, 2015 йилда Эрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувни сақлаб қолиш масаласини муҳокама қилди. Хусусан, вазир Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф ҳамда президент Ҳасан Руҳоний билан учрашди.

Ташрифи арафасида Маас музокаралар давомида тарафлар ядровий келишувни сақлаб қолишнинг “конструктив йўлларини” топишга кўмаклашишига умид қилишини айтди.

Зариф эса келишувни имзолаган давлатлар уни сақлаб қолиш учун нималарга эришганини билишни исташини айтди. 2018 йилнинг майида АҚШ келишувдан чиқиб, Теҳронга қарши санкция жорий қила бошлаган. Келишувни имзолаган Франция, Британия ҳамда Германия эса уни сақлаб қолиш учун курашиб келади.

АҚШ президенти Дональд Трамп келишув шартлари Эроннинг ракета дастурини етарлича чекламаганини айтиб келади. Европа давлатлари ҳам Вашингтон каби Эроннинг ракета дастуридан ҳамда минтақадаги фаолиятидан хавотирда. Шундай бўлса-да, улар ядровий келишувни сақлаб қолишни истайди.

Сурияда икки кун ичида 167 одам ҳалок бўлди

Суриядаги отишмалардан бири.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг хабар беришича, сўнгги икки кун ичида Ҳама вилоятида юз берган жангларда камида 167 одам ҳалок бўлди.

Хабарда айтилишича, исломчи жангарилар ва қуролланган мухолифат гуруҳлари 8 июндан бошлаб Ҳама вилоятида президент Башар Ассадга содиқ ҳукумат кучларига қарши ўнлаб ракеталарни отган. Бундан ташқари ҳукумат ҳарбийлари тўпланган жойда автомобил портлатилган.

Шундан сўнг ҳукумат кучлари ҳужумга ўтган. Отишмалар пайтида ҳукумат кучларининг 37 нафар, ҳукуматга қарши кучларнинг 28 нафар жангчиси ҳалок бўлди.

Ҳонконгда бир миллионга яқин одам Хитой сиёсатига қарши намойишга чиқди

Ҳонконгдаги намойиш.

Ҳонконгда 9 июнь куни бир миллионга яқин одам норозилик намойишига чиқди. Намойишчилар Бейжин мухториятда олиб борилаётган сиёсатга таъсирини кучайтираётганига нисбатан норозилик билдирган ҳонконгликларни Хитойга топшириш тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши чиқмоқда.

Ҳонгконг ҳукумати қонун лойиҳасида гап Хитой қонунларини бузаётган жиноятчилар ҳақида кетаётганини айтмоқда. Бироқ ҳуқуқ фаоллари мазкур қонун амалиётда Хитой сиёсатига қарши бўлган мухолифатчилар ва диссидентларга нисбатан қўлланилади, деб ҳисобламоқдалар.

Ҳонконг марказида бир неча километрга чўзилган намойиш катта тўқнашувларсиз якунланди. Полиция билан кичик тўқнашувлар оқибатида бир неча одам қўлга олинди.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Бейжиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.

Қозоғистонда сайловни бойкот қилишга чақирган 500га яқин одам ҳибс қилинди

Олмаотада намойишга чиққанларни полиция тарқатмоқда.

Қозоғистоннинг Нурсултон ва Олмаота шаҳарларида президентлик сайловини бойкот қилиш чақириғи билан юзлаб одам кўчага чиқди.

-500 га яқин намойишчи Нурсултон ва Оламота шаҳарларида ноқонуний тарзда норозилик акциялари ўтказгани учун полиция участкаларига олиб келинди, - деди ички ишлар вазири ўринбосари Марат Кожаев.

Бундан ташқари полиция Озодлик радиоси мухбири ва бошқа хориж журналистларини, ҳуқуқ фаолларини қисқа муддатга ҳибс қилди.

Марказий сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки натижаларга қараганда, 9 июнь куни бўлиб ўтган муддатидан олдин президентлик сайловида Қосимжўмарт Тўқаев 70 фоиздан ортиқ овоз олган. Расмий маълумотга кўра, 9 июнь соат 18 га қадар сайловчиларнинг қарийб 73 фоизи овоз бериб бўлган.

Президентлик учун 7 номзод курашаётган эди. Тўқаев номзодини Назарбоев раҳбари бўлган "Нур Отан" партияси илгари сурди. Сайловда айнан унинг ғалаба қозониши башорат қилинган.

Назарбоев шу йилнинг март ойида истеъфо бергач, унинг ўрнига президент вазифасини бажаришга киришган Қосимжўмарт Тўқаев муддатидан аввал сайлов эълон қилди.

Россияда "Медуза" нашри журналисти И. Голунов уй қамоғига ҳукм қилинди (ВИДЕО)

Латвияда жойлаган нашрнинг суриштирув журналисти бўлган Иван Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинган эди.

Журналист ноқонуний дориларни кенг кўламда сотишда айбдор деб топилса, 10-20 йилга қамалиши мумкин.

Голуновнинг адвокати, журналистнинг чўнтаги ва у яшаган квартирага қасддан наркотик моддалар ташлаб қўйилганини айтмоқда.

Голуновнинг ҳамкасблари журналист ҳибсга олинишини унинг профессионал фаолияти билан боғламоқда ва кейинги пайтларда унга турли таҳдидлар кўпайганини айтмоқда.

Голунов 7 августда суд бўлгунича уй қамоғида ушлаб турилади.

Меркел партияси етакчиси Россияга қарши санкцияларни юмшатишдан бош тортди

Германия канцлери Ангела Меркелнинг Христиан демократлар партияси ўз аъзоларидан бирининг Россияга қарши санкцияларни юмшатиш таклифини рад этди.

Партия етакчиси Аннегрет Крамп-Карренбауэр Россиянинг Қрим ва Украинадаги фаолияти ўзгармас экан, иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаслигини таъкидлади.

Партиянинг Саксония штатидан аъзо бўлган Майкл Кретшмер эса 7 июнь куни Санкт-Петербургда иқтисодий форум давомида Россия президенти Владимир Путин билан учрашган, бунинг ортидан Россия билан муносабатларни яхшилаш учун санкцияларни тугатиш кераклигини айтганди.

Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим минтақасини аннексия қилиб, мамлакат шарқида россияпараст айримачиларни қўллай бошлаганидан кейин Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ Москвага қарши қатор санкцияларни жорий қилган.

Қозоғистон президент сайловини ёритмоқчи бўлган 7 журналистга аккредитация берилмади

Қозоғистонда бўлиб ўтаётган муддатидан аввалги президент сайловини кузатишни хоҳлаган Чехия, Россия ва қирғизистонлик етти нафар журналистга аккредитация берилмади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Айбек Смадияров Озодлик радиоси журналистларига рухсат берилмаганини маълум қилди, аммо бунинг сабабини очиқламади.

Смадияров аккредитация ололмаган журналистлар сайлов куни журналистик фаолиятини тўхтатиши кераклигини айтди. Озодликнинг Қозоғистондаги журналистлари эса сайлов куни фаолиятларини давом эттира олдилар.

23 апрель куни Озодлик радиоси қирғиз ва қозоқ хизмат ҳамда Current Time TV лойиҳасининг етти журналистига аккредитация сўраган эди.

Вазирлик, шунингдек, Прага, Москва ва Киевда ишловчи яна олти нафар журналистга рухсат бермади. Улар айтиб ўтилган шаҳарлардаги қозоқ элчихоналаридаги сайловни ёритишни режалаштирган эди.

Эртага қозоғистонликлар президент сайлайди

Қозоғистонлик йигит президентликка номзодларнинг сайловолди тарғибот қоғозлари илинган тахта олдидан ўтиб кетмоқда. Олмаота шаҳри.

9 июнь куни Қозоғистон Республикасида Президент сайлови бўлиб ўтади. Шу муносабат 8 июнь "сукунат куни" бўлди - сайловолди ташвиқотлари ўтказилмади.

Қозоғистон президенти лавозимга етти номзод даъвогарлик қилмоқда. Булар амалдаги президент, “Нур-Отан” партиясидан Қосим-Жомарт Тоқаев, “Буюк дашт бургутлари” республика жамоат бирлашмасидан Садибек Тугел, касаба уюшмалари Федерациясидан Амангелди Таспихов, “Ақ жол” партиясидан Дания Еспаева, “Ауил” партиясидан Толеутай Раҳимбеков, Қозоғистон Коммунистик халқ партиясидан Жамбил Ахметбеков ва “Миллат тақдири” бирлашган миллий-ватанпарвар ҳаракатидан Амиржан Косановдир.

Номзодлар орасида хотин-қизлардан ҳам бор. У “Ақ жол” партиясидан номзод Дания Еспаевадир.

Қозоғистон президенти сайловини кузатиш учун ўнлаб халқаро ташкилотлардан мингдан зиёд халқаро кузатувчи келгани хабар қилинди.

ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича, ўзбекистонлик давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари хам Қозоғистонда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларини кузатиш учун ушбу мамлакатга етиб борган.

Келаси ҳафтада Бишкекда ШҲТ саммити бўлиб ўтади

Давлат раҳбарларининг саммитида иштирок этиш учун Россия, Қозоғистон, Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистон раҳбарлари келади.

Тадбирда кузатувчи сифатида Афғонистон, Беларус, Эрон ва Мўғилистон президентлари қатнашади. Бу ҳақда матбуот анжуманида Қирғизистон президенти аппаратининг ташқи сиёсат бўлими мудири Данияр Сидиқов маълум қилди.

Саммит якуни бўйича 20га яқин ҳужжат имзоланиши кутилмоқда.

ШҲТ Давлат раҳбарлари Кенгашининг мажлиси аввалига 14−15 июнга белгиланган эди. Кейинроқ саммит ўтадиган сана 13-14 июнга ўзгартирилди.

2018 йилда саммит Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтказилди, ўшанда раислик Қирғизистонга ўтган эди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтадиган навбатдаги саммитида Шинжон -Уйғур мухториятидаги уйғурлар, этник қозоқ ва қирғизларга Хитой ҳукумати томонидан босим кўрсатилаётгани масаласи муҳокама қилинмайди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Данияр Сидиков жорий йил январида баёнот берган эди.

NASA космосга саёҳат уюштирмоқчи. Станцияда 1 кун туриш - $35 000

Халқаро космик станция

АҚШ космик агентлиги (NASA) космонавтикага алоқаси йўқ ҳар қандай кишининг Халқаро космик станцияга тижорий парвозига рухсат бериш режасини жума куни эълон қилди.

Сайёҳнинг Халқаро космик станцияда бир кеча-кундуз бўлиши, станцияда коммунал хизматлардан фойдаланиши учун олинадиган ҳақни қўшиб ҳисоблаганда 35 минг долларга тушиши айтилди.

Космик станцияга етиб олиш ва ерга қайтиб келиш учун алоҳида ҳақ тўланади.

Сайёҳларни Халқаро космик станцияга ташиш билан шуғулланувчи дастлабки компаниялардан бири Илон Маскнинг SpaceX компанияси бўлиши кутилмоқда.

Қирғизистон экс-президенти президентга қарши “Сўўрўнбай, кет!” деган шиор билан чиқмоқчи

Қирғизистон экс-президенти Алмазбек Атамбаев митингда. Бишкек, 2019, 8 июнь.

Қирғизистон экс-президенти Алмазбек Атамбаев “Қирғизистонда ҳокимият ўзбошимчалигини тўхтатмаса,Сўўрўнбай, кет! деган шиор билан чиқамиз”, деди. Бу ҳақда хабар қилган Азаттиқ радиосига кўра, экс-президент бундай баёнот билан 8 июнь куни Қирғизистон социал-демократик партияси Бишкекда ўтказган митингда нутқ сўзлаётиб айтган.

Сўўрўнбай - Қирғизистон президенти Жээнбековнинг исми.

Президент маъмурияти бу баёнотга ҳозирча муносабат билдирмагани хабар қилинди.

Экс-президент Алмазбек Атамбаев асос солган Қирғизистон социал-демократик партияси уюштирган митинг “Сукут сақлама! Гапир!” деган шиор остида ўтди.

Митингчилар фикрича, мамлакатнинг ҳозирги ҳокимияти олиб бораётган коррупцияга қарши кураш экс-президентнинг сафдошларигагина қаратилган.

Расмий Бишкек бундай айбловларни инкор этиб келади.

Россия таниқли фаоллари ҳибсга олинган журналист Иван Голунов ҳимоясига пикет ўтказмоқда

Москвадаги пикет иштирокчилари.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги бош бошқармаси биноси олдида¸ шунингдек Пермь ва Ярославль шаҳарларида «Медуза» нашри журналисти Иван Голунов ҳимоясига пикет ўтказилмоқда.

Латвияда жойлаган нашрнинг суриштирув журналисти бўлган Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинди.

Москвадаги пикетда Россия фуқаролик жамиятининг таниқли вакиллари¸ жумладан ëзувчи Виктор Шендерович ¸ "Новая газета" журналистлари Павел Канигин, Илья Азар и Алиса Кустиковалар чиқди.

Пикет иштирокчиларидан айримларининг полиция бўлимига олиб кетилгани айтилмоқда.

Голунов адвокати¸ журналистнинг чўнтаги ва у яшаган квартирага қасддан наркотик моддалар ташлаб қўйилганини айтмоқда.

Голунов ҳамкасблари унинг ҳибсга олинишини журналистнинг профессионал фаолияти билан боғламоқда ва кейинги пайтларда унга турли таҳдидлар кўпайганини айтмоқда.

Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари¸ Голуновнинг ҳибсга олиниши Россияда мустақил журналистларга қарши кучайиб бораëтган босимнинг давоми эканини айтмоқда ва Москвадан уни озод қилишни сўрамоқда.

Россия мухолифати етакчиларидан бири Алексей Навальний Голуновнинг ҳибсга олинишини сентябрь ойига белгиланган минтақавий сайловлар олдидан "журналистлар овозини ўчириш" уриниши деб баҳолади.

Тереза Мэй Консерваторлар партияси раҳбари лавозимидан кетди

Тереза Мэй партия раҳбарлигидан кетишини 24 май куни эълон қилган эди.

7 июнь куни Тереза Мэй Британия Консерваторлар партияси раҳбари лавозимини расман тарк этди. Мэй¸ партия мамлакат Бош вазири лавозимига янги номзодни сайлагунга қадар Лондон ҳукумати раҳбари бўлиб қолади.

Мэй Британиядаги ҳукмрон партия раҳбари лавозимидан 7 июнь куни истеъфога чиқишини 24 май куни эълон қилган эди. Ўз баëнотида Мэй¸ мамлакат манфаатлари учун шундай қарорга келгани ва бу ҳаракати Британияни Европа Иттифоқи аъзолигидан чиқариш жараëнини боши берк кўчадан олиб чиқишига умид қилаëтганини айтган эди.

Консерваторлар партиясининг Бош вазирликка даъвогарлик қилаëтган аъзолари 10 июнь куни ўз дастурини тақдим этади. Номзодларни овозга қўйиш жараëни парламентнинг 13 июнь кунги мажлисига белгиланган.

Британия матбуотига кўра¸ ҳозирга қадар партиянинг 11 аъзоси Бош вазирликка даъвогарлик қилишини билдирган.

Улар орасида мамлакатни ЕИдан чиқариш¸ айни пайтда¸ иттифоқда қолиш тарафдорлари ҳам бор.

Россияда 550 нафар учувчи ишдан ҳайдалди

Ан-148 йўловчи учқичи 2018 йил февралида Москванинг Домодедово аэропортидан ҳавога кўтарилиши билан қулаб тушган ва бортдаги 65 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси нобуд бўлган эди.

"Саратовские авиалинии" ширкатига қарашли Ан-148 йўловчи учқичи ҳалокати ортидан ўтказилган текширувлар натижасида Россия фуқаролик авиациясининг 550 нафар учувчиси ишдан бўшатилган.

Россия Бош прокурори Юрий Чайка Давлат думасига қилган ҳисоботида шуни маълум қилди.

Ан-148 йўловчи учқичи 2018 йил февралида Москванинг Домодедово аэропортидан ҳавога кўтарилиши билан қулаб тушган ва бортдаги 65 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси нобуд бўлган эди.

Бу ҳалокатни тафтиш қилган махсус қўмита унга учувчиларнинг нотўғри ҳаракатлари сабаб бўлди¸ деган хулосага келган. Айтилишича¸ учувчилардан бирининг Росавиация томонидан тан олинмаган ўқув юртини битиргани аниқлангани ортидан давлат авиация агентлиги бундай ўқув юртлари битирувчилари дипломларини бекор қилган.

Boeing компанияси маълумотига кўра¸ Россия ва МДҲга аъзо бошқа давлатларга келаси 20 йил ичида 27 минг нафар учувчи керак бўлади.

АҚШ ва Европада учувчилар асосан хусусий муассасаларда ўқиса¸ Россияда йўловчи учқични бошқариш ваколатини берувчи махсус фуқаролик авиацияси институти Челябинскда жойлашган.

Исëн чиққан Хўжанд қамоқхонасининг собиқ бошлиғи 4 йилга қамалди

Хўжанд қамоқхонаси

Хўжанддаги №3/3 рақамли қаттиқ қўриқланадиган колониянинг собиқ бошлиғи Файзулло Сафарзод суд ҳукми билан 4 йил озодликдан маҳрум этилди.

Тожикистон Адлия вазирлиги расмийсининг Озодлик тожик хизматига билдиришича¸ Сафарзод хизмат ваколатини суистеъмол қилиш ва иш фаолиятида лоқайдликка йўл қўйганликда айбдор деб топилган.

Колония собиқ раҳбари билан унинг 7 нафар собиқ хизматчиси ҳам суд қилинган ва лоқайдликда айбланган собиқ қўриқчиларга 2¸5 йиллик шартли қамоқ жазоси тайинланган. Ҳозирда Хўжанддаги вақтинчалик сақлаш изоляторида қолаëтган Сафарзоднинг Душанбедаги махсус режимдаги колонияга жўнатилиши айтилмоқда.

Файзулло Сафарзод 2018 йилнинг 15 ноябрида ўзи бошқараëтган колонияда исëн чиқиши ортидан ҳибсга олинган.

8 ноябрга ўтар кечаси бошланган маҳбуслар исëни оқибатида¸ расмий маълумотга кўра¸ 21 нафар маҳбус¸ икки нафар қўриқчи ўлган.

Туркманистонда банк орқали ички пул жўнатмалари хизмати тўхтатилди

Туркманистон, Halkbank биноси.

Туркманистонда жорий йилнинг апрелидан бошлаб мамлакат ичида банк орқали пул жўнатмаларини юбориш хизмати кўрсатилмаяпти. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати маълум қилди.

Хабарда айтилишича, мазкур хизмат Туркманистонда фақат «Halkbank»да мавжуд эди. Бу хизмат бекор қилингани ортидан мамлакат ичида банк орқали пул жўнатмаларини амалга ошириш мумкин бўлмай қолди.

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбирининг билдиришича, амалда мавжуд бўлган почта орқали пул жўнатиш тизими қиммат ва ноқулайдир.

“Почта орқали пул жўнатсангиз 10 фоиз комиссия тўлайсиз. Бу жуда қиммат ва ноқулай, бироқ бошқа имконият йўқ”, дейди мухбир.

Бундан ташқари почта орқали жўнатилган пул эгасига етиб боргунига қадар бир неча ҳафта кутишга тўғри келади. Банк орқали пул жўнатмасини эса эртаси куни олиш мумкин эди.

Қирғизистон оммавий муштлашув бўлган қишлоққа борган Туркия элчисига норозилик нотаси топширди

Туркия элчиси Денгиз Комил Фирот.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 6 июнь куни Туркия элчиси Денгиз Комил Фиротга ички ишларга аралашмаслик тўғрисидаги нотани топширди. Туркия элчиси оммавий муштлашув содир бўлган Бишкек яқинидаги Ўрўқ қишлоғига боргани ортидан норозиликка сабабчи бўлди.

Ўрўқ қишлоғида Рамазон ҳайити намози ўқилганидан сўнг икки-уч ўсмир ўртасида муштлашув бўлган. Кейин бу муштлашувга каттароқ ёшдагилар қўшилган.Айрим одамларнинг провокацион ҳаракатлари туфайли қишлоқдаги уйлардан бирида қишга ғамланган ем-ҳашакка ўт қўйилган, 12та уйнинг ва автомашиналарнинг деразалари тошбўрон қилиниб синдирилган.

Воқеа жойига Туркия элчиси Денгиз Комил Фирот ҳам бориб, аҳоли билан суҳбатлашган эди.

Фирот қишлоққа шу ерда яшайдиган элчихона ходимини олиб кетиш учун келганини айтган. Бироқ ижтимоий тармоқларда элчининг ҳаракати ички ишга аралашув сифатида баҳоланиб, норозиликларга сабаб бўлган эди.

Литва қрим татарларнинг депортация қилинишини геноцид сифатида тан олди

1944 йилги депортация қурбонларини хотирлаш тадбирида иштирок этаётоган қрим татар ёшлари.

Литва парламенти 6 июнь куни 1944 йилда Сталин раҳбарлигидаги Совет ҳукумати Қримдан қрим татарларини депортация қилганини геноцид сифатида тан олди.

1944 йилнинг 18 майида қрим татарлари ўз ватанларидан мажбурий тарзда ҳайдаб чиқарилган эди. Совет ҳукумати “депортацияга иккинчи жаҳон уруши пайтида қрим татарлари фашистлар Германиясини қўллагани сабаб бўлди”, деб изоҳлаган эди.

Қайта қуриш йилларида Совет ҳукумати, кейинроқ эса Россия ва Украина бу депортацияни ноқонуний деб тан олганди.

Расмий маълумотларга қараганда, 191 минг қрим татар ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Уларнинг асосий қисми Ўзбекистонга, Қозоғистонга ва Тожикистонга, озроқ қисми Марий АССР, Урал, Кострома ва Тула вилоятларига кўчирилган.

Маълумотларда билдирилишича, мажбурий депортация оқибатида қрим татарларининг 46 фоизи ҳалок бўлган.

Нью-Йорк полицияси 50 йил олдин гей-барда ўткизган рейди учун узр сўради

Stonewall гей-барига кириш жойи.

Нью-Йорк полицияси 1969 йилда Stonewall гей-барига рейд уюштиргани учун узр сўради. Мазкур воқеа гейларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатига асос солган эди.

6 июнь куни полиция бошлиғи Жеймс О'Нил: “Мен бўлиб ўтган воқеа бўлмаслиги керак эди, деб ҳисоблашимни биламан. Нью-Йорк полициясининг ҳаракати нотўғри бўлган. Бу ҳаракатлар дискриминация ва репрессия бўлган. Бунинг учун мен узр сўрайман”, деб айтди.

Гей фаоллар Нью-Йорк полицияси бошлиғининг бу нутқини олқишладилар. Улар узоқ йиллардан бери полициядан 1969 йилги ҳаракат учун узр сўрашни талаб қилиб келаётгандилар.

1969 йилнинг июнида полиция Нью-Йоркнинг Гринвич-Виллиж мавзесидаги Stonewall гей-барида ноқонуний рейдлар ўтказгани ортидан тартибсизликлар бошланиб кетган эди.

Мавзега қўшимча полиция кучлари чақирилиб, ўнлаб одамлар ҳибсга олинганди. Бир ҳафта давом этган тартибсизликлар гейлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатига асос солган.

Германияда 85 беморни укол қилиб ўлдирган медбрат умрбод қамалди

Германиянинг Олденбург шаҳар суди собиқ тиббиёт ходими Нилс Хёгелни 2000-2005 йиллар давомида 85 одамни ўлдирганликда айбдор деб топди ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Хёгел судда ўзи ўлдирган беморларнинг қариндошларидан ва дўстларидан узр сўради.

42 ёшли Хёгел Ольденбург ва Демменхорст шаҳарларидаги касалхоналарда ишлаётганида, ўзи танлаб олган беморларни укол қилиш орқали ўлдирган.

У беморларни махсус ўлдираётгани тўғрисида ишончли маълумотлар 2005 йилда пайдо бўлган. Ўшанда касалхона ходимларидан бири Хёгел беморларга белгиланган меъёрдан кўра кўпроқ дори бераётганини кўриб қолган.

2008 йилда Хёгел “одамни ўлдиришга уриниш”да айбланиб 7,5 йилга қамалганди. 2015 йилда эса у яна бир неча одамни ўлдирганликда айбланган. Айни ўша пайтда унинг юзга яқин бемор ўлимига алоқадар экани аниқланган.

Терговчиларнинг билдиришича, Хёгел “шунчаки зериккани ортидан мана шундай тажрибалар”ни амалга оширганини айтган.

Психиатрларнинг билдиришларича, Хёгел одам ўлдириш орқали “наркотик модда қўлланилганида пайдо бўладиган таъсир”ни олишга интилган.

Россия полициядан жабрланган икки кишига 10 минг евро тўлайдиган бўлди

Европа Суди

Россия ҳукумати милиция ходими томонидан калтакланган икки нафар чувашияликка 10 минг евро тўлайди.

Пайшанба куни инсон ҳақлари бўйича Европа суди Россия ҳукумати ва жабрланувчилар ўртасидаги сулҳ келишувини тасдиқлаган эди, дея хабар берди "Зона права" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти.

2016 йилнинг 8 сентябрида Новочебоксар шаҳри нозири Александр Семенов АЁҚШ станциясида ҳеч қандай сабабсиз икки эркакни дўппослаган эди.

Бу қилмиши учун милиция зобити ишдан бўшатилди.

Айни йилнинг ноябрида эса ўз айбига иқрор бўлган Александр Семенов уч йиллик шартли жазога ҳукм этилган эди.

Папа Ватиканда президент Владимир Путин билан учрашади

Папа Франциск 2015 йилда Путин билан учрашган эди

Ватиканнинг эълон қилишича, Папа Франциск келгуси ой Россия президенти Владимир Путинни қабул қилади.

"Муқаддас Ота 4 июлда Россия Федерацияси президенти Владимир Путинни қабул қилади," - деди Ватикан сўзчиси Алессандро Гисотти 6 июнь куни чиқарилган баёнотда.

Москвада эса Кремль сўзчиси Дмитрий Песков режалаштирилган ташрифга тайёргарликлар аллақачон бошланганини айтди.

"Путин сафарига тайёргарликлар давом этаяпти, мазкур сафар ҳошиясида Папа билан учрашув режалаштирилган," - деди Песков.

Франциск ҳозиргача Путин билан икки марта - 2013 ва 2015 йилларда учрашган.

2015 йилда бўлиб ўтган учрашувда Франциск Украина можаросига қўшилган барча тарафларни тинчликни ўрнатиш учун "самимона ҳаракат" қилишга чақирган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG