Линклар

Шошилинч хабар
19 август 2019, Тошкент вақти: 07:21

Халқаро янгиликлар

Польша шарқий чегараларида АҚШ қўшинларини жойлаштиради

Варшава АҚШ қўшинларини Польшадаги олтита ҳарбий базага жойлаштиради.

Америка ҳарбийлари Польша хавфсизлигини таъминлашлари керак.

Бу ҳақда "Польша радио"си орқали мамлакат мудофаа вазири Мариуш Блашчак эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, НАТО қўшинлари зиммасига энг аввало Россия томонидан ҳарбий таҳдидлар эҳтимолини бартараф этиш юклатилади.

Блашчакнинг билдиришича, Америка қўшинларининг айнан қаерда жойлашиши ҳақида Варшава ва Вашингтон ўртасида алоҳида битим имзоланади.

Ўтган ҳафта икки мамлакат президентлари минг нафар америкалик аскарни Германидан Шарқий Европага ташлашга келишиб олган эдилар.


Ҳонконгда 2 миллион норози ҳукумат истеъфосини талаб қилмоқда

Ҳонконгда норозилик намойишлари 9 июнда бошланган.

Ҳонконгда 16 июнь куни 2 миллионга яқин одам маҳаллий ҳукумат истеъфосини талаб қилиб, намойишга чиқди.

Ҳонконгда қонунни бузган ҳонконгликларни Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши ўтказилаётган намойишлар 9 июнда бошланган эди. Ўшанда 1 миллионга яқин одам намойишга чиққан.

Бир ҳафта тўхтамаган намойишлар ортидан Ҳонконг ҳукумати мазкур қонун устида ишлашни тўхтатди.

Ҳонконг ҳукумати бошлиғи Кэрри Лам 16 июнда баҳсли қонун лойиҳасини кўриб чиқиш ўз вақтида тўхтатилмагани учун аҳолидан узр сўради.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Бейжиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.

Аргентина, Уругвай ва бошқа давлатларда 48 миллион одам электрсиз қолди

Аргентина пойтахти Буэнос Айрэсда метро ва светофорлар ишламай қолди.

Аргентина, Уругвай, Бразилия, Паргавай ва Чилининг айрим ҳудудларида 16 июнь куни электр таъминотидаги узилиш оқибатида 48 миллион одам электрсиз қолди.

Аргентинанинг "Edesur" энергетика ширкатининг билдиришича, таъминот узилиб қолишига жиҳозларнинг ишдан чиққани сабаб бўлган. Электр узатувчи жиҳозлар ишдан чиқишига эса кучли жала ёққани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Аргентина энергетика вазири Густаво Лопетеги таъминот узилишига нима сабаб бўлганини фақат 10-15 кундан сўнг аниқ айтиш мумкинлигини билдирди.

Ҳукумат эрталаб соат 7ларда узилган таъминотни кечга яқин қайта тиклашга муваффақ бўлганини ва айни пайтда электрсиз қолган ҳудудларнинг 90 фоизига электр энергияси етказиб берилаётганини маълум қилди.

Исроилда Дональд Трамп номидаги қишлоқнинг тамал тоши қўйилди

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу тамал тоши қўйиш маросмида.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу 16 июнь куни «Трамп тепалиги» деб номланган қишлоқ қуриладиган жойнинг рамзий тамал тошини қўйди.

Мазкур қишлоқ Исроил томонидан босиб олинган Ғўлон тепалигида барпо этилади. Президент Трамп жаҳон ҳамжамияти қаршилигига қарамай, 2019 йилнинг мартида Ғўлон тепалигини Исроил ҳудуди сифатида тан олган эди. Ўшанда Исроил ҳукумати бу ҳудудга қуриладиган қишлоққа Трамп номи берилишини билдирган.

Исроил 1967 йилда олти кунлик уруш натижасида Сурияга қарашли 1800 квадрат километрли Ғўлон тепаликларини босиб олган эди. 1981 йилда Исроил Ғўлон тепаликларини аннексия қилганини расман билдирган. Халқаро ҳамжамият бу аннексияни тан олган эмас.

Шунга қарамай, президент Дональд Трамп 25 март куни АҚШ Ғўлон тепаликларини Исроил ҳудуди деб тан олиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Помпео: Эронни босиб туриш ҳаракатини давом эттирамиз

АҚШ давлат котиби Майк Помпео.

Қўшма Штатлар ва Саудия Арабистони Эронга қарши уруш очиш ниятида эмасликларини, лекин бу мамлакатнинг таҳдидларига ҳам йўл қўймасликларини маълум қилдилар.

АҚШ давлат котиби Майк Помпео 16 июнда Fox News телеканалига берган интервьюсида ўтган ҳафтада Уммон бўғозида нефть танкерларига қилинган ҳужумда Эрон қўли борлигига шубҳа қилинмаслигини таъкидлади.

-Президент Трамп Эрон билан урушнинг олдини олиш учун қўлидан келган ишларни қилмоқда. Биз урушни хоҳламаймиз. Биз Эронни босиб туриш учун барча имкониятларни ишга солмоқдамиз. Эрон биз бу ҳаракатларни давом эттиришимизни тушуниб турган бўлса керак. Кеча мен жаҳондаги ҳамкасбларим билан телефонда гаплашдим. Ишонаманки, бу масалада биз билан ҳамкорлик қиладиган давлатлар топилади,-деди Помпео.

Аввалроқ Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ҳам Уммон кўрфазида нефть танкерларига қилинган ҳужумда Эронни айблаган эди.

Форс кўрфази ҳудудида кейинги ойларда нефть танкерларига икки марта ҳужум қилинди. Саудия Арабистони ҳамда АҚШ ҳужумлар ортида Эрон турганини айтиб келади.

Москвада Иван Голунов билан боғлиқ ҳодиса ортидан яна бир митинг ўтказилди

Москвада ўтган митинг.

Москва марказида 16 июнь куни ҳукумат рухсат берган “Барчага адолат ва қонунийлик учун” деб номланган митинг бўлиб ўтди. Дастлаб митинг “Медуза” нашри журналисти Иван Голуновни қўллаш мақсадида ўтказилиши айтилган эди, бироқ кейинроқ унинг шиори ўзгартирилди.

Россия журналистлар иттифоқи томонидан ташкил этилган митингда “Медуза” нашрига кўра 600га яқин, Ички ишлар вазирлигининг билдиришича 1600 одам иштирок этди. Ташкилотчилар митингга 20 минг одам келишидан умид қилаётган эдилар.

-Доимо адолат ғалаба қилишини истар эдим ва одамлар мана шу каби митингларга келишлари шарт. Фақат митинглар орқалигина биз Голуновни қутқариб қолдик. Агар биз жим ўтирганимизда у ҳозир қамоқда қолган бўлар эди, - деди митингга чиққанлардан бири Елена Ваулина.

Латвияда жойлашган "Медуза" нашрининг суриштирув журналисти бўлган Иван Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинган ва 11 июнда жамоатчиликнинг жуда қаттиқ босим остида озод этилган эди.

Россия ички ишлар вазири Голуновнинг жиноятга алоқаси борлиги исботланмаганини тан олишга мажбур бўлган.

Голунов тарафдорлари Москвада 12 июнда ўтказган намойиш пайтида камида 400 одам қўлга олинди. Голуновни озод қилиш талаби билан мурожаатларни 6 минг журналист ва юз мингдан ортиқ фуқаро имзолади.

Эрон президенти: Теҳрон 2015 йилги ядровий келишувга тўлиқ амал қилишни тўхтатади

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний Теҳрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувни имзолаган давлатлар “ижобий ишорат” бермаса, Эрон ўз мажбуриятларини бажаришни тўхтатишини таъкидлади.

15 июнь куни Душанбеда бўлиб ўтган Осиё етакчилари саммитида сўзлаган Руҳоний Эрон 2015 йилда имзоланган келишув асосида ўз бўйнига олган айрим мажбуриятларни бажаришни тўхтатишга қарор қилганини маълум қилди.

Президент Эрон айнан қайси мажбуриятларини бажаришни тўхтатишини ёки Теҳрон имзолаган давлатлардан айнан қандай сигнал кутаётганини очиқламади.

Май ойида АҚШнинг келишувдан чиқиб, Теҳронга қарши санкцияларни қайта жорий қилганига жавобан Эрон келишув шартларига тўлиқ амал қилишни тўхтатган эди.

- Табиийки, Эрон келишувга бир тарафлама амал қилишда давом эта олмайди, - деди Руҳоний.

Президент Эрон келишувнинг айрим шартларини бажаришда давом этаётгани, Теҳрон қарорига АҚШ президент Дональд Трамп келишувдан чиқиб, “ноқонуний ва асоссиз” санкцияларни жорий қилгани сабаб бўлганини таъкидлади.

Зеленский “озод қилинганининг” 5 йиллигини нишонлаётган Мариуполга борди

Украина президенти Владимир Зеленский 15 июнь куни Мариуполь шаҳрининг россияпараст айирмачилардан озод этилгани беш йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этди.

Азов денгизи соҳилидаги Мариуполь шаҳри айирмачилар ва Киев кучлари билан тўқнашув бораётган уруш зонасидан атиги 20 км нарида жойлашган.

Украина шарқидаги тўқнашувларда 2014 йилнинг апрелидан бери 13 мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди.

Зеленский Мариуполда қўшма ҳарбий машқларни кузатди ҳамда миналарни зарарсизлантириш маркази очилишида қатнашди.

Президент айирмачилар бошқарувидаги Луганск ва Донецк вилоятларини ўз ичига олувчи Донбасс ҳудуди ҳақида:

- Энди бор эътиборимизни Донбассга қаратишимиз керак. Бу бизнинг еримиз, бизнинг ҳудудимиз ва нариги тарафда вақтинча оккупациядаги ҳудудлардаги одамлар бу тарафда Украина гуллаб-яшнаётганини кўришларини истаймиз, - деди.

БМТ Бош котиби Уммон бўғозида танкерларга қилинган ҳужум юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирди

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Уммон бўғозида 13 июн куни иккита танкерга қилинган ҳужумни қоралади.

Гутерриш жума куни журналистлар саволларига жавоб берар экан, ҳужум юзасидан мустақил тергов ўтказишни таклиф қилди.

Араб лигаси давлатлари раҳбари Аҳмад Абул Гейт Эронни ўз сиёсий йўналишини ўзгартиришга чақирди.

Абул Гейтнинг баёноти АҚШ ҳужумда Эронни айблаб чиқиши ортидан янгради.

АҚШ президенти Доналд Трамп жума куни бўғозда иккита танкерга қилинган ҳужумда Эронни айблаган эди.

Ўз навбатида Теҳрон ҳужумга алоқаси йўқлигини билдирган.

Уммон бўғозидан дунёда истеъмол қилинадиган нефтнинг 20 фоизи олиб ўтилади.


Россияда Украина ва Қўшма Штатларни душман деб билувчилар сони озайди

АҚШ ва Украина байроқлари

Янги сўровга кўра, Украина ва Қўшма Штатларни душман деб билувчи россияликлар сони озайган, чунки улар ўз эътиборларини кўпроқ тобора ортиб бораётган ички муаммоларга қаратаётган экан.

Мустақил "Левада" ташкилоти ўтказган сўровга кўра, Қўшма Штатларни душман деб билувчи россияликлар сони ўтган йили 78 фоиз бўлса, бу йил 67 фоизга тушиб кетган.

Украинани ғаним давлат деб билувчилар сони эса 49 фоиздан 40 фоизга озайган.

Москва 2014 йилда Қримни аннексия қилиб олиши ва сўнгра Украина шарқидаги бўлгинчиларни дастаклай бошлаши ортидан Россиянинг Украина ва Қўшма Штатлар билан бўлган муносабатлари ёмонлашди.

Сўнгра Қўшма Штатлар Россияга қарши санкциялар киритди.

Ушбу молиявий ва иқтисодий санкциялар беш йилдан буён Россия иқтисодиётининг ўсишига тўсиқ бўлиб келмоқда.

Ўтган ойларда Россиянинг турли минтақаларида ойликлар ва пенсиялар масаласида бир неча бор намойишлар бўлиб ўтди.

"Ислом давлати" Душанбе қамоқхонасидаги қуролли исён учун масъулиятни ўзи зиммасига олди

Душанбедаги қамоқхона

"Ислом давлати" (ИД) экстремист гуруҳи Душанбе шаҳридаги қамоқхонада содир этилган қуролли исён учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

20 май куни қаттиқ тартибдаги қамоқхонада исёнда 32 одам ҳалок бўлганди.

14 июнь куни ИД ўзининг "Ал-Набаа" номли веб саҳифасида Душанбе шарқидаги қамоқхонага ҳужумни "халифалик аскарлари" амалга оширганини билдирди.

Аммо ИД веб сайти ўз баёнотига исбот тақдим этгани йўқ.

Ўтган ой Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ўлдирилган 32 нафардан 17 нафари ИД экстремист гуруҳи аъзолари бўлганини айтган эди.

Янги Зеландияда мусулмонларни отиб ўлдирганликда гумонланаётган шахс айбловни тан олмади

Австралия фуқароси Брентон Таррант.

Янги Зеландиянинг Крайстчёрч шаҳридаги масжидга ҳужум қилгани айтилаётган Австралия фуқароси Брентон Таррант ўзига билдирилган айбловни тан олишдан бош тортди.

New Zealand Herald газетасининг хабар беришича, судда бу ҳақда Таррантнинг адвокатлари маълум қилганлар.

Таррантнинг ўзи эса қаттиқ режимли қамоқхонадан туриб суд билан видеомулоқотда бўлган. Газетанинг ёзишича, Таррант судда бўлаётган воқеаларни кинояли тиржайиш билан кузатган.

Таррантга нисбатан тўлақонли суд жараёни 2020 йилнинг май ойида бошланади.

28 ёшли Брентон Таррант террорчиликда, 51 одамни ўлдирганликда ва 40 одамни ўлдиришга қасд қилганликда айбланмоқда.

15 март куни Крайстчерч шаҳрида оқ танли ирқчи иккита масжидга қилган ҳужум оқибатида 50 киши қурбон бўлган ва 40 дан ошиқ одам жароҳат олган эди.

Ҳужумни амалга оширишда айбланиб 28 ёшли австралиялик Брентон Таррант қўлга олинган. У жума намоз вақтида “Ал-Нур” масжидига бостириб кириб, намозга келган мусулмонларни ўққа тутган. Кейин ҳужумчи Линвуд масжидига бориб, у ердаги мусулмонларни ҳам отган.

Озарбайжонда журналист давлатга хиёнатда айбланиб қамоққа олинди

Озарбайжондаги қамоқхоналардан бири.

Озарбайжонда журналист Полад Асланов давлатга хиёнатда айбланиб қамоққа олинди. Бу ҳақда 13 июнь куни Давлат хафсизлик хизмати маълум қилди.

Асланов xeberman.com ва press-az.com ахборот сайтларининг таъсисчиси ва бош муҳаррири ҳисобланади.

Расмий маълумотга қараганда, тергов Асланов хориж сафарларида чет эл махсус хизматлари вакиллари билан махфий равишда учрашганини ва улардан хизмати учун ҳақ олганини иддао қилмоқда.

Озарбайжон махсус хизматига кўра, Асланов хориж давлатлари махсус хизматлари вакиллари билан бошқа журналистларни ҳам таништирган.

Ҳуқуқ фаоллари Озарбайжонда ҳукумат журналистларни турли баҳоналар билан таъқиб қилиб келаётганини айтадилар.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг 2019 йил учун эълон қилинган рейтингида Озарбайжон сўз эркинлиги бўйича жаҳондаги 180 давлат орасида 166-ўринда туради. 2018 йилда Озарбайжон мазкур рейтингда 163-ўринда эди.

Бишкекда ШҲТ саммити бошланмоқда

ШҲТга аъзо давлатлар байроқлари.

Бугун -14 юнь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг XIX саммити бўлиб ўтади.

Унда иштирок этиш учун ташкилотга аъзо бўлган Хитой, Қозоғистон, Россия, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Покистон ва Тожикистон президентлари Бишкекка келдилар.

Бундан ташқари саммитда ШҲТда кузатувчи мақомига эга бўлган Афғонистон, Беларус, Эрон ва Монголия раҳбарлари ҳам қатнашади.

13 июнда Бишкекка келган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Сўўрўнбай Жээнбеков билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев Афғонистон Президенти Ашраф Ғани билан музокара ўтказди.

Мирзиёев БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло хоним билан ҳам учрашди.

Саммитда ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида сиёсат, иқтисодиёт, транспорт-коммуникация, хавфсизлик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади, халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Журналист Иван Голунов иши бўйича икки генерал ишдан олинди

Журналист Иван Голунов 11 июнь куни озод қилинган.

Россия президенти Владимир Путин “Медуза” нашрининг журналисти Иван Голунов билан боғлиқ воқеа ортидан Ички ишлар вазирлигининг икки генералини ишдан бўшатди.

Москва Ички ишлар вазирлигининг Ғарбий маъмурий округи бошқармаси бошлиғи генерал Андрей Пучков ва Ички ишлар Бош бошқармаси наркотикларни назорат қилиш бўлими бошлиғи генерал Юрий Девяткинни лавозимидан озод қилиш таклифини Путинга Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев киритган.

Латвияда жойлашган "Медуза" нашрининг суриштирув журналисти бўлган Иван Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинган ва 11 июнда жамоатчиликнинг жуда қаттиқ босими остида озод этилган эди.

Россия ички ишлар вазири Голуновнинг жиноятга алоқаси борлиги исботланмаганини тан олишга мажбур бўлган.

Голунов тарафдорлари Москвада 12 июнда ўтказган намойиш пайтида камида 400 одам қўлга олинди. Голуновни озод қилиш талаби билан мурожаатларни 6 минг журналист ва юз мингдан ортиқ фуқаро имзолади.

Путин Молдованинг Россияга хайрихоҳ президентини қўллашда давом этади

Игорь Додон Владимир Путин билан.

Россия президенти Владимир Путин Мир телеканалига берган интевьюси давомида Молдованинг Россияга хайрихоҳ президенти Игор Додонни қўллашда давом этишини билдирди. Молдовада икки рақиб ҳукумат легитимлик иддао қилиб, ҳокимият талашмоқда.

8 июнь куни Додоннинг Социалистик партияси кутилмаганда Европа билан яқиндан алоқа ўрнатиш тарафдори бўлган ACUM блоги билан куч бириктирди. Парламентдаги 101 ўриннинг 61 тасини эгаллаган альянс ACUM етакчиси Майя Сандуни ҳокимият етакчиси этиб тайинлади.

9 июнь куни Молдованинг Конституциявий суди Санду ҳукуматини ноқонуний деб қарор чиқарди ҳамда Социалистик партиянинг собиқ етакчиси Додонни хизматидан четлаштирди.

Натижада ҳукмрон Демократик партия номзоди ва бош вазир Павел Филип муваққат президент вазифасини бажаришга киришди ва парламентни тарқатиб юборди.

Демократик партияга мунозаралари тадбиркор Владимир Плахотнюк етакчилик қилмоқда. Социалистлар ҳамда ACUM Конституциявий судни Плахотнюк буйруқларини бажаришда айблаб келади.

Британия ички ишлар вазири WikiLeaks асосчисини экстрадиция қилиш тўғрисидаги буйруқни имзолади

Жулиан Ассанж

Британия ички ишлар вазири Сажид Жавид (Sajid Javid) BBC билан суҳбатда WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанжни АҚШга экстрадиция қилиш тўғрисидаги буйруқни имзолаганини маълум қилди. Жавид Ассанжни экстрадиция қилиш бўйича якуний қарорни 14 июнь куни Британия суди чиқаришини айтди.

АҚШ терговчилари Ассанжга 18 айблов қўйган бўлиб, улар орасида махфий ҳужжатларни тўплаш ва нашр қилиш ҳамда АҚШ ҳарбий хизматчиси Челси Мэннинг билан биргаликда АҚШ Мудофаа вазирлиги компьютери паролини бузиш айбловлари бор.

47 ёшга тўлган Ассанж 11 апрель куни Лондондаги Эквадор элчихонасидан чиқариб юборилди. Фаол 2012 йилда Эквадор унга сиёсий бошпана берганидан бери ўша ерда яшаб келаётган эди.

Уни Британия полицияси дарҳол қўлга олди ва ҳозир у суднинг гаров эвазига очиқда юриш шартини бузгани учун 50 ҳафталик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Швецияда жинсий зўравонликда айбланган Ассанж 2010 йилда Лондонда ҳибсга олинган ва гаров эвазига қўйиб юборилганди.

Нур-Султон ва Олмаотадаги митинглар иштирокчиларидан мингга яқини жазоланди

Полиция Олмаота шаҳри марказида митингда қатнашган йигитни ушлаб олиб кетмоқда. 2019, 12 июнь

Олмаота ва Нур-Султондаги ноқонуний митингларда иштирок этгани учун суд 957 кишига маъмурий жазо тайинлади, шундан 670 нафари 6 кундан 15 кунгача қамалди, 115 киши жаримага тортилди.

Бу хақда пайшанба куни Қозоғистон республикаси Бош прокуратураси мулозими Сапарбек Нурпеисов маълум қилди.

Қозоғистонда рухсат берилмаган митинглар ва уларнинг иширокчиларини ушлашлар 9 июнда ўтказилган президент сайлови куни ва 10 июнь ҳамда 11 июнга ўтар кечаси— овоз бериш натижаларининг расман эълон қилинишга қарши ва аввал қўлга олинганларнинг озод қилиниши талаби билан ўтказилди. 12 июн куни Олмаотада аввал митинг бўлиб ўтган Остона майдони атрофида бугун эрталабдан кучайтирилган полиция ходимларининг иштироки кузатилди.

10 июнь куни сайлов ғолиби дея эълон қилинган ва 12 июнь куни президент сифатида қасамёд қабул қилган Тоқаев ҳибсга олишларни “зарурат” дея атаган эди. Қозоғистон ички ишлар вазирлиги норозилик намойишлари иштирокчиларини “иғвогарлар” ва “радикал кайфиятдаги элементлар” дея атади. Бош прокуратура “бу каби қонун бузилишларга қарши туришга” ваъда берди.

Бундан аввалроқ Ички ишлар вазирлиги 9 ва 10 июнь кунлари камида 700 киши ушланганини маълум қилди. Қозоғистон хуқуқ химоячилари бу рақамлапр камайтириб кўрсатилганини айтишмоқда, ҳамда полициянинг ҳатти ҳаракатлари юзасидан мустақил тергов ўтказилишини талаб қилмоқда, уларнинг баёнотига қараганда хуқуқ тартибот идораларининг ходимлари “юзага келган вазиятга нисбатан шафқатсизларча ҳаракат қилишган”.

АҚШ ҳарбий-денгиз флоти Уммон кўрфазида ҳужумга учраган икки кемага ёрдам кўрсатди

Уммон кўрфазида икки нефть танкери ҳужумга учрагани ҳақидаги хабар ортидан АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари кемаларга ёрдам кўрсатди.

АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Баҳрайнда жойлашган Бешинчи флоти ушбу ҳодиса юзасидан эълон қилган баёнотда “Уммон кўрфазида танкерларга қилинган ҳужум ҳақидаги хабарлар бизга маълум. Минтақадаги АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари эрталабки соат 6:12 да ва иккинчи марта соат 7:00 да иккита ёрдам чақириғига жавоб берди. Ҳарбий денгиз кучлари ҳозир ўша ерда ёрдам кўрсатмоқда” дейилади.

Кемаларнинг бирини бошқараётган Front Altair ширкати кема бортида содир бўлган портлаш ортидан ёнғин бошланганини маълум қилди. Ҳужумга учраган иккинчи танкер Kokuka Courageous кемаси эканлиги айтилди.

Ҳар икки кема экипажи эсон-омон эвакуация қилинган.

Бундан бир ой олдин Бирлашган Араб Амирликлари соҳиллари яқинида тўрт нефть танкерига ҳужум уюштирилган, АҚШ ва унинг ҳамкорлари ҳужумларда Эронни айблаган эди. Эрон эса бу айбловларни кескин рад этиб келади.

АҚШ Польшага минг нафар аскарини киритишга рози бўлди

АҚШ аскарлари.

Қўшма Штатлар Польшанинг эҳтимолий Россия агрессияси юзасидан ҳавотирларига жавобан бу мамлакатда минг нафарга яқин ҳарбийсини жойлаштиришга рози бўлди.

12 июнь куни АҚШ ва Польша ўртасида имзоланган мазкур шартномани президент Дональд Трамп тасдиқлади. Бироқ шартномада АҚШ ҳарбийларининг Польшага жойлаштирилиши «доимий ёки вақтинчалик» экани қайд этилмаган.

Бу эса Россиянинг Шарқий Европада АҚШ ҳозирлиги кучайиб бораётгани тўғрисидаги ташвишларига сабаб бўлмоқда.

Трампнинг айтишича, Германиядаги 52 минг АҚШ ҳарбийсининг минг нафари Польшага кўчирилади.

«Биз уларни Германиядан олиб чиқиб Польшага жойлаштирамиз. Европага қўшимча ҳарбийлар киритилмайди», деди Трамп.

Россия Қримни босиб олган ва Украина шарқидаги россияпараст исёнчиларни қўллай бошлаган 2014 йилдан бери АҚШ ротация асосида Польшага 4500 ҳарбийсини жойлаштирган эди.

Журналист Иван Голунов тарафдорлари ўтказган митингда камида 400 одам қўлга олинди

Москвада 12 июнда қўлга олинганлардан бири.

Журналист Иван Голунов тарафдорлари 12 июнь куни Москвада ўтказган намойишни куч билан тарқатиш пайтида полиция камида 400 одамни ҳибсга олди.

ОВД-Инфо ташкилотининг билдиришича, қўлга олинганлар орасида мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальний ҳам бўлган. Кейинроқ Навальний Твиттер саҳифасида ўзининг қўйиб юборилганини айтди ва қолганлар ҳам озод этилишига умид билдирди.

Москва полицияси 12 июндаги намойишда 1200 одам иштирок этганини ҳамда улардан 200 нафари қўлга олинганини айтмоқда.

Латвияда жойлашган "Медуза" нашрининг суриштирув журналисти бўлган Иван Голунов 6 июнь куни Москвада наркотиклар савдосида гумонланиб ҳибсга олинган ва 11 июнда жамоатчиликнинг жуда қаттиқ босими остида озод этилган эди.

Россия ички ишлар вазири Голуновнинг жиноятга алоқаси борлиги исботланмаганини тан олишга мажбур бўлган. Аммо шунга қарамай, норозилар митинг ўтказиш фикридан воз кечган эмас.

-Ҳар куни кўчаларда одамларни ҳеч қандай айбловсиз ноқонуний равишда қўлга олишмоқда. Бу бизнинг фуқаролик ҳуқуқларимиз ва эркинлигимизнинг бузилишидир, деб ҳисоблайман. Мен бундай воқеаларга барҳам беришимиз шарт, деб ўйлайман,-деди митингга чиққанлардан бири.

Ҳонконгда полиция ёш норозиларга нисбатан куч қўллади

Полиция тарқатган намойишчилар.

Ҳонконг полицияси 9 июндан бери норозилик намойиши ўтказаётган минглаб одамларни куч қўллаб тарқатишга ҳаракат қилди.

Хабарда айтилишича, 12 минг нафарга яқин ёш намойишчи ҳукумат биноси олдида тўпланиб, полициячиларга ҳужум қила бошлаган.

-Жиддий муаммога дуч келганимиз сабабли, бизда полицияга ҳужум қилаётган норозиларга нисбатан куч қўллашдан бошқа имконият қолмади,-деди Ҳонконг полицияси бошлиғи Стивен Ло Вай-чунг.

Ҳонконгда ҳонконгликларни Хитойга экстрадиция қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасига қарши ўтказилаётган намойишлар 9 июнда бошланган ва якшанба куни унда бир миллионга яқин одам иштирок этган эди.

Норозиликларга қарамай, Ҳонконг маъмурияти қонунни қабул қилиш режасидан воз кечмаслигини билдирмоқда. Шаҳар раҳбарларига кўра, мазкур қонун Ҳонконг жиноятчилар учун бошпана берувчи маконга айланиб қолмаслигини кафолатлайди.

Бироқ ҳуқуқ фаоллари мазкур қонун амалиётда Хитой сиёсатига қарши бўлган мухолифатчилар ва диссидентларга нисбатан қўлланилади, деб ҳисобламоқдалар.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.

Ҳонконгда сўнгги марта бу каби йирик намойиш 2014 йилда бўлиб ўтганди. Ўшанда шаҳар аҳолиси Бейжиннинг Ҳонконг маҳаллий ҳокимиятига ўтказилган сайловни ўз назоратига олиш уринишига қарши норозилик билдирган. 2014 йилнинг 28 сентябрида бошланган бу намойиш 79 кун давом этганди.

Швеция суди 7 йилга кесилган ўзбекистонликка нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилди

Девид Идриссон (Фарҳод Тошмуҳаммедов) суд залида.

Швециядаги аппеляция суди чоршанба куни “Исломий давлати” террор ташкилоти номидан Швецияда портлашлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда айбдор, деб топилиб 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган ўзбекистонлик 46 яшар Фарҳод Тошмуҳаммедовга (Швецияга келиб олган исми Девид Идриссон) белгиланган жазони бекор қилди. Бу ҳақда Швеция матбуоти хабар қилди.

Ройтерс агентлигининг хабар қилишича,суд Идриссонга қўйилган террор ҳужумини тайёрлаш айбловини бекор қилган, лекин тероризмни молиялаш айблови ўз кучида қолган. Судья Раднар Палм Квистгнинг баёнотига кўра, апелляция суди уни террор ҳужумига тайёргарлик кўрганликда айблаш учун етарли далиллар йўқ, деб ҳисоблайди.

Швеция пойтахти яқинидаги Солна округ суди жорий йилнинг мартида Девид Идриссонни терактга тайёргарлик кўрганликда айбдор, деб топиб етти йилга озодликдан маҳрум этган эди. Девид Идриссон, аввалги исми эса Фарҳод Тошмуҳаммедов бўлган ўзбекистонлик қамоқ муддатини ўтаб бўлганидан сўнг Швециядан бадарға қилинадиган, мамлакатга қайтиб киритилмайдиган бўлган.

Россия июль ойида Туркияга С-400 тизимларини етказиб беради

Россиянинг С-400 мудофаа тизимлари

11 июнь куни Россия Туркияга С-400 мудофаа тизимларини июль ойида етказиб беришини маълум қилди. Бундан бир неча кун олдин эса Вашингтон Анқарага рус тизимларини харид қилиш режасидан қайтиш учун 31 июлгача муҳлат берган эди. Вашингтон Анқара бу талабни бажармаса, F-35 қирувчи учоғи дастуридан чиқарилиши ҳақида огоҳлантирди.

НАТО аъзолари АҚШ ва Туркия бир неча ойдан бери Анқаранинг Россиядан альянс тизимлари билан ишлай олмайдиган С-400 тизимларини харид қилиш режаси юзасидан келиша олмай келади.

Кремлнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков 11 июнь куни Россия ва Туркия ўртасидаги келишувлар ўз вақтида амалга оширилаётганини, икки давлат ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқлигини айтди. Ушаков, шунингдек, тизимлар июль ойида Туркияга етказилишини қўшимча қилди.

Туркия тизимларни чиндан қабул қилиб олса, Вашингтон Анқарага қарши санкция жорий қилиши ҳамда мамлакатдаги иқтисодий таназзул янада кескинлашиши мумкин.

10 июнь куни АҚШ Намоёндалар палатаси Туркияни С-400 тизимларини сотиб олишдан воз кечишга ва Анқара бунга амал қилмаса, мамлакатга қарши санкция жорий қилишга чорловчи резолюцияни қабул қилди.

Япония бош вазири Теҳронга хизмат сафарини бошлади

Япония бош вазир Синдзо Абэ Эрон президенти Ҳасан Руҳоний билан Давосдаги учрашувда, 2014, 22 январь.

Япония бош вазири Синдзо Абэ 12 июнь куни Эронга хизмат сафари билан боради. Вазир ташрифи давомида Эрон ва АҚШ ўртасидаги танглик даражасини пасайтиришга умид қилмоқда.

Синдзо ўз ташрифи давомида Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳамда олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий билан учрашади.

АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар Дональд Трамп ўтган йили Вашингтон Теҳрон билан 2015 йилда имзоланган ядровий шартномадан бир томонлама чиқишини эълон қилганидан сўнг мураккаблаша бошлаган. Кейинги икки йил ичида Вашингтон Теҳронга қарши янги санкция жорий қилди ва минтақага ҳарбий ва ҳарбий техника юборди. Бу ҳолат Вашингтон ва Теҳрон ўртасида ҳарбий тўқнашув юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирди.

Ташрифи арафасида Абэ Япония “Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлида қўлидан келганини қилишни исташини” таъкидлади.

АҚШнинг Осиёдаги энг яқин ҳамкорларидан бири бўлган Япония Эрон билан ҳам яхши муносабатда. Аммо кузатувчилар бош вазир ташрифи давомида бирор муайян натижага эришиши мушкул эканлигини айтмоқда. Қолаверса, Абэнинг ташрифи июль ойига белгиланган сайловлар арафасида унинг имижини яхшилашга қаратилган бўлиши мумкин.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG